Бўғзимга тиралган пичоқ! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 9)
* * *
ПСИХИАТРИК БЎЛИМДА “ДАВОЛАНИШ”ИНГИЗ ШАРТ!
Ҳайриятки, мен кутган душанба – 10 июль ҳам келди. Бу – психиатор Бахтиёр Тошхўжаев ишга ташриф буюрди, деган сўз.
Мен дарҳол унинг қабулига кирдим:
– Мумкинми, дўхтир? – дедим эшикни қия очиб, киришга изн сўрарканман, – Ассалому алайкум.
– Ва алайкум, – қоғоз қоралаётган хомсемиз, ўрта ёшлардаги шифокор бошини кўтарди-да, бурнининг устига қўндирилган кўзойнаги устидан менга разм солди, – Албатта мумкин. Қани, келинг, ўтиринг-чи бундоқ.
Унинг мулозаматидан бироз дадиллашдим:
– Биласизми, мен руҳий хаста эмасман. Психиатрик бўлимда даволанишга умуман муҳтожлигим йўқ. Шунинг учун мени имкон қадар тезроқ жавоб бериб, бу ердан зудлик билан чиқариб юборсангиз, – дедим-да, мени мутлоқ соғлом эканлигим, психиатрик муолажага мухтож эмаслигим баён қилинган аризамни унга узатдим.
Сўзларимни диққат билан тинглаган Тошхўжаев менга бироз термулиб турди-да: “Сиз қамалишдан олдин руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда турармидингиз? Руҳий касалликлар шифохонасида даволанганмисиз?” – деб сўради.
– Йўқ, мен ҳеч қачон психиатр шифокорларига мурожаат ҳам қилмаганман, бундай шифохонада ётмаганман ҳам, – дедим мен қатъият билан.
– Бу бўлимга ётқизилишингиз сабаби менга ҳам номаълум. Англашилмовчилик бўлгандир. Юля Юрьевна билан гаплашай, сизни бугундан қолдирмай чиқарамиз бу ердан. Албатта чиқариб юборамиз, – деди ишонч билан, – Шусиз ҳам бўлимимизда жой етишмайди. Даволанишга муҳтож маҳкумаларимиз эса бисёр. Шундай экан, ҳеч бир сабабсиз бир маҳкуманинг битта кроватни банд қилиб ётиши инсофдан эмас. Сиз бораверинг, кўнглингиз тўқ бўлсин.
Унинг жавобидан кўнглим анча таскин топди. Тушликка қадар уни интиқлик билан кутиб ўтирдим. Келиб, хонасини очиш учун чўнтагидан калит қидираётганида секингина олдига бордим.
– Мени қабул қиласизми? – сўрадим умидвор.
– Ҳозир обед-ку, – деди у “Шуни ҳам билмайсизми?” дегандек норози қараб, – олдин тушлик қилиб олай. Кейин ўзим чақиртираман сизни.
– Ишқилиб бугун чиқиб кетаманми бу ердан?
– Тушликдан кейин гаплашамиз дедим-ку бу ҳақда, – у шундай деди-да, шаҳд билан кабинетига кириб кетди.
Тушликдан кейинги суҳбатимиз эса мени ниҳоятда таажжублантирди:
– Хўш, Тожибоева, келинг, қани, ўтирингчи, сизни нималар безовта қилади?
– Меними? Ҳеч нарса безовта қилмайди мени.
– Наҳотки ҳеч нарса безовта қилмаса? Шу замонда-я?
– Ҳа, ҳеч нарса безовта қилмайди; – дедим хотиржамлик билан.
– Наҳотки шунчалик оғир терговлардан, суд жараёнларидан кейин ҳам ҳеч қаерингиз оғримаса? Оғир ўй-ҳаёллар қийнамаётган бўлса? Сизни бундай оғир ҳолатдан чиқиб кетишингиз учун ёрдам қўлини чўзишимиз керак биз.
– Йўқ, ҳеч қаерим оғримайди. Эрталаб сиз билан гаплашганимда айтдим-ку, мени бу ердан чиқариб юборинг, мен мутлақо соғломман, деб. Ана, мендан ташқари ҳам терговда-ю, судларда асаблари қақшаган маҳкумалар истаганча топилади. Менга кўрсатилаётган илтифот нега уларга кўрсатилмайди? Бундай меҳрибончилик нега айнан менга қилинмоқда? Сабаби не? – саволлар ёмғирини ёғдирдим унга.
– Эрталаб сиз билан нималарни гаплашдик, эсимда йўғу, аммо сизга шуни айтишим мумкинки, назаримда асабларингиз ёмонлашиб кетган. Бундан ташқари, ана, қаранг, пешонангизда шиш ҳам бор экан, – деди у руҳиятга ёмон таъсир қилар даражада беўхшов илжайиб.
– Кечириб қўясиз, – дедим кесатиқ оҳангида, – аслида ўзлари даволанишга муҳтож кўринади. Эрталабки суҳбатимиз ёдингиздан кўтарилган бўлса, сиздай паришонхотир одам қандай қилиб айнан асаб касаллигига чалинган беморларни даволаши мумкин?
– Мени тушунмадингиз, – деди шифокор бошимга ишора қилиб, – пешонангизнинг мана бу чап томонидаги шиш ҳам сизнинг асабингиз чатоқлигидан далолат беради. Сиз айнан бизнинг беморсиз. Билдингизми?
– Пешонамдаги сиз ишора қилаётган мана шу шиш сизга мени руҳий касалликлар бўлимига ётқизиб, турли психотроп уколлар қилишга кўрсатма берган ана ўша амалдорлар томонидан уюштирилган автоҳалокатда пайдо бўлган, агар билсангиз, – дедим жаҳлимни босишга уриниб.
– Ҳа-а-а, ана! – деди Тошхўжаев хазина топган тентакдек қувониб, – Ана шу аварияда сиз бошингиздан қаттиқ жароҳат олиб, асаб толаларингиз дарз кетган бўлса керак?!
– Ташвишланманг, гарчи қўлим синиб, оёғим ва бошим қаттиқ жароҳатланган бўлса-да, автоҳалокатни ўзлари уюштирганликлари учун ҳам “Тожибоева енгил жароҳат олган” дея суд тиббий экспертизаси хулосасини тайёрлаб беришган.
– Ҳа, яна, мана, сизнинг ўнг кўзингиз чапдагисига қараганда кичикроқ кўриняпти кўзимга. Бу ҳам асаб касаллигидан белги беради.
– Ахборотингиз учун бу ҳолат бизга ота мерос. Аслида бобомнинг – онамни отасининг бир кўзи иккинчисига қараганда қисиқроқ бўлган. Агар эринмасангиз, ака-укаларимни чақиртиринг-да, синчиклаб текшириб кўринг. Уларда ҳам айнан мана шу ҳолатни, бир кўзи иккинчисидан қисиқлигини гувоҳи бўласиз. Биз – ака-ука, опа-сингиллар – барчамизнинг бир кўзимизни ҳажми иккинчисиникидан фарқ қилади, – дедим ўзимни босишга уриниб.
Бу ерда, айнан шу шифокор қаршисида жаҳлни жиловлай олмаслик дегани бу – асаб касали деган ташҳисга ўз ихтиёри билан имзо қўйиш демакдир. Шу сабаб ҳам жаҳлимни яширишга тиришардим.
– Мана, мана, – деди шифокор қулочини ёзиб, – мана, сизга?! Асаб касали билан оғримаганман, деяпсиз-у, асабийлашиб кетаяпсиз. Шунинг учун ҳам албатта бизнинг бўлимда даволанишингиз шарт, – деди у “гап тамом” дегандек қатъий оҳангда.
– Қанча вақт ётишим керак психиатрик бўлимда? Билиб турибман, соғлом одамни хастага чиқаришдан ҳам тоймайсиз. Оқ халат кияётган чоғингизда ичган қасамингизни ҳам унутгансиз. Қасам уради, деб қўрқмайсиз ҳам. Азоб чекадиган виждоннинг ўзи йўқ, адашмасам, сизда. Сиз фақат бир нарсани, тепадан: “Соғломми, йўқми, фарқи йўқ, руҳий хаста деб бўлимингга жойланган бу маҳкумани ҳақиқий беморингга айлантир!” – дейилган ғанимларимнинг кўрсатмасини бекаму кўст адо этишни ўйлаяпсиз, холос…
– Ана, энди ўзингизга келдингиз, – гўё мен “виждон, қасам” ҳақида ҳеч бир кесатиқли гап гапирмадиму, гўёки у ҳеч нарсани эшитмагандек ўта бамайлихотирлик билан, – Бўларкан-ку. Яхши, яхши… Ҳозирча бир ой шу ерда даволанасиз. Ундан кейин раҳбарият нима деса, шу бўлади. Агар улар исташса, бўлимимизда уч ойгача қолиб кетишингиз ҳам мумкин.
– Лекин ҳозирданоқ айтиб қўяй, мен ҳеч қандай муолажа олмайман. Укол ҳам, дори-дармон ҳам қабул қилмайман. Мени мажбурлаб даволашга ҳаракат қилмасликка сўз беришингизни талаб қиламан, – дедим шартта.
– Тожибоева, ўзингиз айтиб ўтирибсиз, душманларим кўп, деб. Нима, отрядга чиқсангиз, ўйнаб юрасизми? Бундан ҳам баттар вазиятга дуч келасиз. Ундан кўра мана шу ерда истаганингизча дам олиб, хоҳлаганингизча китоб ўқиб ётмайсизми? Ҳали отрядга ҳам чиқарсиз, у ердаги томошаларни ҳам кўрарсиз, безиб ҳам кетарсиз, шошилманг, – деди шифокор ҳам муддаога ўтиб қўя қолди мулозамат қилиб ўтирмасдан.
– Талабимни жавобсиз қолдирдингиз. Қайтараман, мен ҳеч қанақанги муолажа қабул қилмайман бу ерда, ётишим мумкин холос, – дедим қайта таъкидлаб.
– Оласиз. Қайсарлик қилманг, – деди у босиқлик билан, – Мана, асабларингизни тинчлантирувчи иккита укол ва иккита таблетка ёздим, холос. Булар асабларингизни тинчлантирибгина қолмай, мустаҳкамлайди ҳам.
– Барибир олмайман ёзган муолажаларингизни, – дедим яна такрорлаб.
– Олмасангиз, назоратчилар ёрдамида мажбурлаб укол қиламиз, ўз аҳволингизни ўзингиз оғирлаштирмасликни маслаҳат берардим. Агар айтилган дори-дармонларни вақтида олиб турсангиз, олам гулистон. Бир ой кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Такрорлайман, хавотирланишингизга ҳожат йўқ, сизга ёзган муолажаларим фақат организмингизни қувватлантирувчи дори-дармонлар, тушундингизми?
– Асабларимни тинчлантирувчими ёки организмимни қувватлантирувчими? Қайси бири? – илмоқли савол ташладим.
– Организмни қувватлантирувчи витаминлар ҳам асабларни тинчлантиришга кўмак беради, билмайсизми шуни ҳам? – кесатиқ билан жавоб қилди “шифокор”.
– Қандай дорилар ёздингиз, номини билсам бўладими?
– Айтдим-ку витаминлар деб, – бетоқат бўлди у. Энди шифокорнинг ўзи асабийлашаётганлигини сездириб қўяётган эди…
* * *
Ҳафсалам пир бўлиб палатага қайтарканман, Таняни излаб топдим:
– Таня опа, мен сиздан бир нарсада ёрдам сўрамоқчи эдим. Ёрдамингизга жудаям муҳтожман, – дедим унга умидвор термулиб.
– Нима гап, тинчликми?
– Йўқ, тинчлик эмас. Бугун эрталаб Бахтиёр акани олдига кириб, мени отрядга чиқариб юборишини сўрагандим.
Эрталаб “Мен ҳам сизни бу ерга ётқизилишингиздан таажжубдаман. Ҳақиқий хасталарга жой етишмаётган бир пайтда, психиатрик ёрдамга муҳтож бўлмасангиз, олдин руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда турмаган бўлсангиз, сизни бу ерда ушлаб туришнинг нима кераги бор? Бу ерда битта кроватни сизга банд қилиб, ушлаб ўтирмайман”, – деган одам тушликдан кейин бирдан фикридан қайтиб, айниб қолибди. “Сиз билан эрталаб бу ҳақда гаплашганимни ҳеч эслолмайман” деяпти. Унинг айтишича, шу ерда бир ой даволанишга, белгиланган укол-дориларни олишга мажбур эканман. Бир ойдан кейин ҳам бу ердан чиқаманми, йўқми, раҳбарлар ҳал қилишармиш, – дедим ҳасрат қилиб.
– Йўғ-е? Эрталаб менга ҳам “Беморларга жой етишмаётган бир пайтда нега соғлом одамни бу ерга ётқизишади-а? Руҳий касалликлар бўлимида даволаниши керак бўлган маҳкумалар сон мингта бўлса!” – деб роса жавраганди дўхтир.
Ҳа, эрталаб у: “Бу ҳам камлик қилгандек дам олиш кунлари ётқизишганига куясанми? Сал кам уч кун касалхонани ҳисобида бўлмаган бу маҳкумага ошхонадан бирор бир егулик ҳам, нон ҳам берилмаган! Яхшиямки запас озиқ-овқати бор экан, ҳеч вақоси бўлмаганида нима бўларди? Очидан ўлдирмоқчими булар?!” – деганди жаҳл билан, – деди сўзларини биров эшитиб қолишидан ҳадиксираган Таня атрофга олазарак бўлиб.
– Кўрмайсизми? Энди эса бир ой ётасиз шу ерда, деяпти. Устига-устак яна қанақадир дорилар, уколлар ёздими-ей… “Олишга мажбурсиз. Бош тортсангиз, назоратчилар ёрдамида муолажа қилишга тўғри келади” – дейди.
– Қизиқ-ку. Хўш, мендан нима истайсан? Бахтиёр ака билан гаплашиб берайми? – деди у сирли қараш қилиб.
– Йўқ. Ҳолат сиз гаплашиб, кўмак берадиган даражада эмас.
– Унда нима қил дейсан?
– Сиз Бахтиёр аканинг “дневальный”исиз, тўғрими? – дедим “дневальный” сўзига урғу бериб.
– Ҳа, шундай.
– Уни хонасини тозалашга ва ҳужжат ишларига ёрдам беришга ҳуқуқингиз ҳам бор-а? Беморларнинг касаллик тарихини Бахтиёр ака сиздан сир сақламаса керак? – сўрадим шивирлаб.
– Ҳа, тўғри.
– Унда сиздан илтимос, касаллик тарихимни кўздан кечириб, менга қанақа таҳшис қўйилганлигини ва қанақа дорилар, укол дориларга ёзганлигини аниқлаб берсангиз, илтимос, – Таняга ялинчоқ нигоҳларимни қадаб.
– Эвазига нима бўлади? – деди айёрона қараш қиларкан Таня.
– Агар шуни билиб берсангиз, икки пачка плиточный шоколадим бор. Шуларни сизга бераман, – дедим шошилиб.
– Бўлмайди, – деди у бепарво қўл силтаб, – Агарда ёнига яна тўрт пачка PINE ҳам қўшсанг, касаллик тарихингни қўлингга ҳам беришим мумкин. Ўзинг ўқиб, бемалол танишиб чиқасан шунда, – “маъқулми?” дегандек қош қоқди Танья.
“Келишдик” ишорасини қилдим кўзларимни оҳиста юмиб очарканман.
– Унда бундай қиламиз, – Таня шошилинч тузган режаси билан таништиришга киришди, – Бахтиёр ака ташқарига чиқиб кетганида, хонасини тозалашга кираман. Шунда “сув олиб келиб бер”, деб сени чақираман. Сен эса челакни кўтариб тезда хонага кирасан. Қалай? – деди у ўзининг “билағонлиги”дан терисига сиғмай севиниб.
– Зўр! – дедим мен ҳам унинг ақлига қойил қолган кишидек. Аслида ҳақиқатдан ҳам ниҳоятда хурсанд эдим.
– Унда атаганларингни ҳозироқ келтириб бер, – деди Таня, – Кўнглим хотиржам бўлиши учун.
– Майли, юринг, – деганча Таньяни палатага бошладим.
– Ҳа, айтмоқчи, шу нарсаларнинг ёнига тўртта маркали конверт ҳам қўшиб берасан, – деди Таня ғолибона оҳангда. Орқасидан қўшиб қўйди, – Уйимдагиларга хат ёзишга конвертим ҳам, маркам ҳам қолмаганди.
– Майли, албатта бераман. Фақат сиз ҳам сўзингизда туриб, ваъдангизни бажарсангиз бўлгани, – дедим, – Дарвоқе, уколларни қилишга ҳамшира қачон келади?
– Албатта бажараман-да ваъда берганимдан кейин, – норози тўнғиллади у, – Нима, гумонинг борми? Ҳамшира уч соатлардан кейин келади. Қўрқма, унгача улгурамиз.
* * *
ҲАММАДАН СИР ТУТИЛГАН КАСАЛЛИК ВАРАҚАМ
– Мўътабар, ужас! – ваҳимали хитоб қилди Таня.
– Нима гап, тинчликми? – сўрадим хавотирланиб.
– Докторнинг хонасида барча беморларни касаллик тарихи турибди, фақат сеники йўқ, – деди ҳайратдан кўзлари катта-катта очилган Таня, – Бахтиёр акага психиатрик бўлимдаги беморларни касаллик тарихлари ичида битта камлик қилаётганлигини, сенинг касаллик варақанг бошқаларники орасида йўқлигини айтсам, у “Тожибоевани касаллик тарихи очиқликда турмайди, сейфда сақланади” деди. “Ҳамшира нимага қараб укол қилади?”, десам, “Ҳамширага ўзим айтаман”, деб жавоб берди. Менга шубҳали туюляпти бу ишлар.
– Ҳа-а-а, шунақа денг, кўнглим ниманидир сезгандек бўлувди, – дедим ўйчан, – Энди қандай билсак бўларкин? Менга қанақа таҳшис қўйишган? Қанақа муолажалар ёзишган?
– Хавотирланма, амаллаймиз. Сенинг ҳужжатларинг сир сақланиши кераклигини ҳали ҳамширалар билишмайди-ку. Бугунги келадиган ҳамширадан аниқлаб оламиз.
– Унга ҳам “тилингни тий” деб тайинлашгандир, – дедим умидсизланиб.
– Умидсизланма, бугун иш тугаб, ҳамма шифокорлар уйларига кетганидан кейин келади Зилола. Бирор бир муҳим гап айтишга имкони ҳам бўлмайди Бахтиёр аканинг унга. Чунки кўрмайди. Ҳарқалай, секрет бўлса, уни ёзиб кетмаса керак? – далда берди Таня.
– У ҳолда касаллик варақамни қўлга киритишни шу бугундан кечиктирмаслигимиз керак. Тезроқ ҳаракат қилишимиз керак, – дедим жонланиб.
* * *
МЕН РУҲИЙ КАСАЛ ЭМАСМАН, МУОЛАЖА ОЛМАЙМАН!
– Тожибоева, уколга! – деди оппоқ халати қоматини кўз-кўз қилиб, ҳомиладорлигини кўрсатиб турган, шаҳло кўзли ҳамшира тантанавор оҳангда, – тайёрланинг.
– Мен ҳеч қандай дори ҳам, укол ҳам олмайман, – дедим ҳамширага қараб.
– Иеее, бу қанақаси? Мен ҳар битта таблеткани, дори-ю, шприцларни ишлатиб, кейин ҳужжатлаштириб боришим керак. Сизга белгиланган дориларни нима қиламан мен? – таажжубланди у.
– Майли, укол қилдим, дориларни ичирдим, деб расмийлаштираверинг, розиман. Дориларни эса ахлатга ташлаб юборинг, илтимос. Қанақа ҳужжатга қўл қўйиш керак бўлса, айтинг, имзо қўйиб бераман.
– Нима, мени заҳарлаб қўяди деб, қўрқяпсизми? Сизга нима учун ёмонлик килишим мумкин деб ўйлаяпсиз?
– Сиз мени тушунмадингиз. Нега энди мен сиздан шубҳаланишим керак? Ахир сиз билан эндигина учрашиб турган бўлсак. Аммо тўғри тушининг, менга зиён етказиш мақсадида бўлган амалдорлар кўп. Улар жуда ҳам катта лавозимларда ишлашади. Уларнинг оғзаки кўрсатмаларини, гарчи ғайриқонуний бўлса-да бажаришга Бахтиёр Тошхўжаев ҳам, сиз ҳам мажбурсиз.
Шунинг учун “сих ҳам куймасин, кабоб ҳам” деганларидек, келинг, муолажаларни қилдим деб, расмийлаштириб қўяқолинг, илтимос сиздан, – дедим ялинчоқ овозда.
– Ҳукмингизда мажбурий даволаниш ёзилганми? Мабодо ёзилган бўлса, мажбурий тарзда ёзилган таблеткаларни ичишингиз, укол олишингиз шарт. Мажбурсиз, тушундингизми?
– Тушунмадим сизни, қанақа мажбурий даволаниш? – дедим ҳайратланганимни яширмасдан.
– Наркоманларга мажбурий даволаниш ёзади-ку ҳукмида. Шуни сўраяпман, – норозилик билан қошларини чимирди у.
– Мен наркоман эмасман.
– Йўғ-е? Нима жиноят қилгансиз ўзи? Қанақа статьялар билан судлангансиз?
– Мен сиёсий маҳкумаман. Мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси.
– Унда сизга нима учун бундай муолажаларни ёзишди экан? Тушунмадим, – елкасини қисди ҳамшира.
– Илтимос, муолажаларни қилдим деб расмийлаштиринг. Мени руҳий касалга айлантиришмоқчи.
– Майли, унда сизга ҳеч нарса бермайман. Тушундим сизни. Лекин «Дориларни бердим» деб расмийлаштирмайман ҳам. Бирор йўлини қилармиз. Хавотирланманг, – ҳамшира шундай деди-да, далда бергандек елкамга қоқиб қўйди.
– Раҳмат сизга, – дедим қувончимни яшира олмай, – Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳақиқий инсонлар топилади дунёда.
– Мени-ку, кўндирдингиз. Лекин бошқа кунлари навбатчиликка келадиган ҳамширалар-чи, улар сизни илтимосингизга қараб ўтиришармикин? – деди лабларини қимтиб Зилола.
– Нима қилсак бўлади унда?
– Яхши. Ўзи менга сизни ҳужжатларингизни ташлаб кетмабди Баҳтиёр ака. Фақатгина битта қоғозга сизга қилиниши керак бўлган муолажаларни ёзиб қўйибди холос. Мен ўша қилиниши керак бўлган лечениялар ёзилган қоғозни беркитиб кетаман. Ўзингиз “менга муолажа қилинглар” демагунингизча, билишмайди. Қўлларида докторни назначениеси бўлмаганидан кейин билишмайди-да, – хаёлига келган фикрдан хурсанд бўлиб, жилмайди у.
Шундай қилиб, 10 июль – душанба куни ҳеч қандай муолажа олмадим.
Кейинчалик билсам, мени келтиришган бу психиатрик бўлимда асосан ўта хавфли, серияли қотилликлар содир этган маҳкумалар ва ҳеч нарса билан ҳисоблашмайдиган, реал ҳаёт билан алоқасини узган, асосан, СПИД ва ВИЧ касаллигининг охирги стадиясини бошидан кечираётган гиёҳвандлар сақланаркан.
Маҳкумалар доимо дориларни ичишдан бош тортишар, тўс-тўполон кўтариб, ҳамширалар билан жанжаллашишарди. Лекин уларнинг дод-войига қулоқ соладиган кимсанинг ўзи йўқ. Уларнинг оғзига ҳамшираларни ўзлари дорини мажбурлаб тиқишар, устидан сув тутиб, ютиб юборишларигача назорат қилиб туришарди. Уколларни қабул қилиш жараёни ҳам худди шундай ваҳималар билан ўтарди.
Ҳамширанинг ёрдами билан менга қандай муолажалар ёзилганлигига ҳам аниқлик киритдим.
Аксарият бемор маҳкумаларни айнан менга ёзилган дори-дармонлар билан даволашар экан. Шунинг учун ҳам айнан ўша дори-дармонларни қабул қилган маҳкумаларнинг муолажани олганларидан кейинги ҳолатларини зимдан кузатардим…
… Муолажаларини қабул қилгач, ҳаял ўтмай уйқуга кетган маҳкумалар эртаси куни то тушликкача бошларини кўтаришга мажоли етмай, ланж бўлиб ётишарди. Гоҳида эса муолажани олган заҳотиёқ дориларни таъсиридан маҳкумаларни тили карахт бўлиб, оғизлари қийшайиб қоларди.
Айримларида ҳатто тутқаноқ аломатлари пайдо бўларди. Бундай ҳолат бир-икки нафар маҳкумадагина эмас, муолажаларни қабул қилган кўпчиликда кузатиларди. Баъзи маҳкумаларга ҳар куни ана шундай муолажалар қилинса, айримларига икки кунда бир маротаба қилишарди…
Муолажа ишларини тугатган ҳамширалар ҳали “психотделение”дан чиқиб кетишга улгурмаслариданоқ оғзи-бурни қийшайиб, ўзини эплай олмай қолган маҳкумаларга ҳеч қандай тиббий ёрдам кўрсатишмасди. Улар ёрдамга шошилмас, аксинча: “Ўткинчи ҳолат бу, тезда ўтиб кетади”, – дея бепарво қўл силтаб, беморлардан узоқлашишарди…
* * *
АМАЛДОРНИНГ ҚИЗИ ГАВҲАР ФОЖИАСИ
“Блатной кобел”лар ўзларининг жуфтлари билан бир пайтда психиатрик ва венерологик бўлимларига ётишар экан. Чунки текширувчилар ҳар ўн дақиқада бу ерга киравериб, безовта қилишмас экан. Айниқса, текширувчилар келаётганини англатувчи ташқари панжараларнинг шарақлаган шовқини бошқа пайтлари ичкаридаги маҳкумаларни ўзларини тартибга келтириб олишларига имкон яратарди. Лекин ярим тунлар уйқуни бузиб, безовта қиларди.
Аёллар қамоқхонасининг руҳий касалликлар бўлимида энг жанжалкаш, шарм-ҳаёсиз жуфтликдардан бири Андижонлик собиқ милиция амалдорининг қизи Гавҳар Бекчонова, иккинчиси эса асли Самарқандлик Жайнак лақабли Нилуфар экан.
Жайнак узун бўйли, қотмадан келган, кўзлари чўккан. У қамоқхонани ўзининг уйидан, озодликдан афзал кўрадиганлардан. Бу ҳақда ўзи ҳам фахр билан оғиз кўпиртиришни яхши кўради. Агар адашиб кетиб озод қилишса ҳам, барибир, яна тезда қайтиб келишини бот-бот таъкидлаб юрадиган лўли қиз.
Буларнинг ҳар иккиси ҳам умри қамоқхонада ўтадиган ашаддий ўғри, чўнтаккесарлар. Уларнинг ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан чўчимасликларини биринчи кунлардаёқ билгандим… Ёнимдаги кроватда ётадиган Гуллола Гавҳарни тарихини ҳикоя қилиб берганди.
* * *
Тадбиркорлик ниқоби остида наркобаронлик қиладиган Комилбой деган бойвачча бор экан. Унинг мана шу Гавҳар билан тенгдош ёлғиз ўғли гиёҳванд бўлиб қолибди-да, ўқишини ҳам ташлабди. Бир нача марта яширинча даволашибди ҳам, аммо фойдаси бўлмабди.
Фарзандларининг ҳали гўдаклигидаёқ қуда бўлишга аҳдлашган милиция амалдори билан наркобароннинг йўллари шу сабаб айро тушибди. Бу ҳам камлик қилганидек, наркобароннинг ўғли уюшган жиноятга – қотилликка аралашиб қолибди. Ягона фарзандини жазодан омон сақлаб қолиш учун отасининг бош уриб бормаган остонаси қолмабди.
– Қудажон, катталарга сизнинг гапингиз ўтади. Илтимос, шу сафар куёвингизни қутқариб қолинг. Кейин нима бўлган тақдирда ҳам ўртага тушмайсиз, – тавалло қилибди, ялинибди Комилбой милиция амалдорининг уйига келиб.
– Қуда деманг-е мени, садқаи қуда кетинг. Ҳали уйлаб-жойламаган фарзандларимизни қовуштирамиз деб бир-биримизга ваъда берганимиз учун ҳам қуда- қуда деб юрардик давраларда, – зарда қилди милиция амалдори, – Биласизми, кечаги катта бир йиғинда «Мана Бекчоновнинг куёви ҳам оғир жиноят содир қилган экан, тергов изолторида ўтирибди». «Мен амалдорман, куёвим қамалмаслиги керак» – демаяпти-ку акахонимиз. Қолаверса, қудалари ҳам анойи одамлардан эмас. Шунга қарамасдан адолат қарор топиши учун мансабни суисътемол қилмаяптилар акамиз» – деб ўринбосарим жар солиб ўтирибди-ку. Қани энди ўша пайтда ер ёрилса-ю, ерга кириб кетсам. У мени мақтаб гапирмади. Аксинча, шарманда қилди. Вазиятни кузатиб, туринглар-а, барибир бўлажак куёвини қутқариб олишга уринади, деган фикрни шакллантириб бўлди кўпчилик онгида, одамларни ҳушёрликка чақириб қўйди.
– Ҳа, энди унақанги шакалларнинг ҳар бир гап-сўзини ҳам кўнглингизга яқин олаверманг-да. Мен ҳам якка-ю ёлғиз ўғлим наркоман бўлсин дебман-ми? – кўксининг чап томонини сийпалаб, оғир уф тортди Комилбой.
– Ўзингиз сотаётган оғуни орқасидан қанчадан қанча ёшлар ўғлингизни аҳволига тушган. Шу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаганмисиз? Аслида, ўзим аҳмоқ сизга “криша” бўлган. Наркотик савдоси билан шуғулланмаганингизда, ўғлингизни бошига бу кунлар тушмасмиди балки… – заҳрини сочди “қуда”.
– Мабодо мен бу иш билан шуғулланмаганимда, ёки сиз менга “криша” бўлмаганингизда бу данғиллама иморатлару, маишатлар қаерда эди? Сизнинг поғонама-поғона амалга кўтарган-чи, нима сизнингча? Шу сиз айтган “қора иш”нинг соққаси эмасми? Шу савилнинг орқасидан жарақ-жарақ бойлик орттирмаганимизда, керакли акахонларга салмоқли “совға”лар узатиб турмаганимизда на сиз амалга эришардингиз, на мен “Палончи бой” бўлиб юрмаган бўлардим… Юрардик итнинг кейинги оёғи бўл-и-и-б, – наркобарон яқин ўтмишини ўртоғига эслатиб қўяркан, яна ялинишга тушди, – Илтимос қудажон, Тошкент билан ўзингиз гаплашинг, қанча десалар, нима десалар муҳайё қиламан. Етса молим, етмаса жоним. Бир йўлини қилмасангиз бўлмайди энди.
– Ўтники-ўтга, сувники-сувга, қолди қатиқнинг пули, денг. Лекин мен илтимосингизни бажара олмайман. Шусиз ҳам курсимга кўз олайтирганлар дўпписини осмонга отиб, хурсанд бўлиб юришибди. Ҳозир ўғлингизни қутқаришга кўмаклашсам, эртага ўзим хонавайрон бўламан, – бош чайқади амалдор.
– Ахир, қуда…
– Йўқ, биз энди қуда эмасмиз. Орамиз очиқ. Бола тарбиялашни билмагансиз, жўра, ўзингиздан ўпкаланг бу ёғига, узр…, – қўлларини кўксига қўйди милиция амалдори.
– Қани, унда Аллоҳу Акбар, менга рухсат, оғайни, – ғазаб отига минган Комилбой юзига фотиҳа тортаркан, шу дамда дастурхонга фотиҳа ўқидими, ё юз йиллик қадрдонликни дарз кетганига фатво ўқидими, ё қасос олиш илинжида Аллоҳга илтижо қилдими, билиб бўлмас, номаълум эди…
Кўп йиллик дўстлик дарз кетди. Бекчонов бўлмай қолган қудасини дарвозага кузатиб қўяркан, ҳамтовоғининг кўзида чақнаган нафрат ва қасос ўтини кўрмади, кўролмади. Эҳтимол, кўп йиллик қадрдон дўсти ягона қизи Гавҳарнинг ҳаётини изидан чиқаришдек бад ниятда “Аллоҳу акбар” дея юзига фотиҳа тортганини эртароқ фаҳмлаганида эди, амал курсисидан ўша дамнинг ўзидаёқ воз кечган бўлармиди, яна ким билади, дейсиз…
Гиёҳванд моддалар савдосидан тушган даромадларни арра қилиш пайтларида “Ҳа, энди бунақа эмас-да, қуда, чўғи камроқ-ку, яна озроқ қўшинг-да энди! Қудачиликда бунақаси кетмайди-да, уят бўлади-я. Қани, ташланг яна камгина кўкидан”, дея ҳазул-ҳузул қилиб қуда бўлишини эслатиш баҳонасида улушини ошиғи билан ундириб олувчи Бекчонов бугун “қуда” деган сўздан ижирғаниб ўтирса-я?! Нима дегани бу? “Сенинг гиёҳванд ўғлинг менинг гулдек қизимга арзимайди”, деганими бу?!
Бошига кулфат тушганда дўсти кўмак қўлини чўзиш ўрнига, юз ўгирди-я Комилбойдан.
Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Айниқса, “ҚУДА” сўзини оғзига олишга ор қилган Бекчоновнинг илк маротаба “ЖЎРА” дейиши жуда алам қилди, ҳанжардай бағрини тилди-я бу сўз! Ҳа-а-а, шу билан ҳамкорлик ҳам барҳам топди ҳисоби… Ҳап, сеними, аблаҳ! Ўғлимга тенг кўрмаган қизингни шундай куйларга солайки, дўппинг тор келиб, сичқонни ини минг танга бўлиб қолсин сенга!
Комилбой Бекчоновнинг остонасини худди ана шундай қасоскор ўйлар оғушида тарк этган эди…
Қаҳрнинг кўзлари кўр бўлади, дейишади… Қасос олиш алангасида ёнган Комилбой шундай режани амалга оширдики, унинг сценарийсига асосан бир йил ўтар-ўтмас Бекчоновнинг ёлғизгина қизи гиёҳвандлик дардига чалинди. Кўп ўтмай “Андижонда яқингинада тузилган “Гавҳарой” деб номланган ўғрилар гуруҳига Бекчоновнинг арзандаси бош-қош экан”, деган миш-мишлар тарқалди.
Андижондаги машина бозорида айнан мана шу гуруҳ аъзолари қинғир ишларни амалга ошираётган эканлар деган гаплар овоза бўлди.
Устига-устак ашаддий гиёҳвандлардан бири қўлга олинган пайтида “Бекчоновнинг эркатой гиёҳванд қизи бошлиқ жиноий гуруҳга қўшилиб, адашиб қолганимни тан оламан. Амалдорларнинг фарзандлари бошқаларни болаларига ўрнак бўлиш ўрнига, оталарининг соясида жазодан қутилиб қолишларини билганликлари учун ҳам жиноятлар кўчасида эркин кезадилар, улар қонундан кўрқмайдилар, қонунни назар писанд ҳам қилмайдилар” – дея Ички Ишлар Вазири номига ариза ҳам ёзиб юборибди.
Ушбу гиёҳванд ўз аризасида барча қилмишларидан пушаймон эканлигини айтиб, «Гавҳарой» деб аталувчи уюшган жиноий гуруҳининг кирдикорлари ҳақида батафсил баён қилган экан. Ушбу ариза юзасидан текширувлар натижаси аниқланмасдан туриб, Бекчонов нафақат хизмат вазифасидан четлатилди, балким бу шармандаликларга дош бера олмай, оғир инфарктни бошидан ўтказиб, фалаж бўлиб касалхонага тушди…
Гавҳар илк бор ўшанда қамалган эди… Аммо кўп ўтирмаган. Тез кунда амнистия қарорига биноан жазодан озод қилинганди.
Кейинчалик қизини тўғри йўлга солиш учун қилган барча саъйи-ҳаракатлари зое кетган ота-онаси Гавҳарни уйдан ҳайдаб чиқаришган. Чунки энди бу пайтда қамоқнинг тузини тотиб кўрган Гавҳар у ерда энг учарлардан ўғриликнинг сир-асрорларини обдон ўрганган, тўла сабоқ олиб чиққан эди.
Бирор-бир амалдорнинг соясида бўлса, доимо пичоғи ёғ устида бўлишини яхши билгани учун ҳам у арбоблардан бирининг жазманига айланди. Қачонки у овга чиқадиган бўлса, ўша жазманининг одамлари кўз-қулоқ бўлиб туришган.
Бироқ, “Кўза кунда эмас, кунида синади” деганлари рост экан. Бир куни Гавҳар ўғрилик қилиш илинжида бир аёлнинг чўнтагига қўл солади. Бахтга қарши у аёл спорт устаси экан. Шу тақлид Гавҳар такрор жиноят устида қўлга олинган ва яна қисқа муддатга озодликдан маҳрум этилган. Уни қўллаб турган жазмани эса ишдан ҳайдалган.
Икки маротаба қамалиб чиққан ва гиёҳвандликка муккасидан кетган Гавҳар отаси ва жазманиниг бошини егач, ёлғизланиб қолган. Гиёҳванд модда сотиб олишга пул топа олмай, дуч келган дўконга кириб, сотувчидан кўрқитиш йўли билан пул талаб қилган Гавҳар учинчи бор қўлга олинган. Бу сафар уни узоқ муддатга кесиб юборишган.
Ҳозир Гавҳарни ташқарида кутадиган ҳеч бир кимсаси йўқ. Қизи иккинчи бор қамалгандан кейин шармандаликдан осон йўлини қидирган отаси эса бир ҳовуч юрак доридан биратўла истеъмол қилиб, бу дунё ташвишларидан осонгина қутилиб қўя қолди.
Гавҳарга марҳум отасининг амали шу ерда ҳам кўмакдош. У собиқ ментнинг қизи бўлганлиги учун ҳам “кобел”лар ўртасида талаш. Тўкила бошлаган тишлари ҳуснига соя солиб турганини айтмаса, сарвқомат Гавҳарнинг елкасини кўмиб турган қўнғироқ сочлари ширмой юзига янада кўрк бағишларди… Афсус…
Аччиқ ва аянчли тақдир соҳибаси бўлган ана шу соҳибжамол бугун хуштори Жайнак билан “психиатрик” бўлимда ҳам даволаняпти, ҳам ишрат қиляпти.
* * *
СЕНЛАР ЯҚИНДА ЎЛАСАНЛАР, СЕН ҲАМ, ЖАЗМАНИНГ ҲАМ!
Бугун – 11 июль куни кундузи “психиатрик” бўлимга кутилмаганда бир нечта муассаса вакиллари кириб келишди. Улар мени буюмларимни текширишларини билдириб, маҳкумалар кўзи ўнгида сумкамдаги нарсаларимни кроватим устига ағдариб, тинта бошлашди. Улар текшириш баҳона ҳамма нарсаларимни, ҳатто озиқ-овқатларимни ҳам у ёқдан-бу ёққа сочиб ташладилар. Сигаретларимни эса доналаб сочиб ташлашди. Бу менинг аёллар қамоқхонасидаги дуч келганим биринчи “ШМОН” эди.
Текширувчилар буюмларим орасидан ҳеч нарса тополмай, чиқиб кетганларидан кейин уч-тўрт маҳкумалар нарсаларимни йиғиштиришга кўмак беришди. Улардан бири “Назоратчиларнинг бунақанги важоҳат билан “шмон” қилиши Тожибоеванинг қаттиқ назоратда эканлигидан далолат беради” – дея ғудранди.
Унинг фикрини маъқуллаган иккинчи маҳкума эса доимо эҳтиёт бўлиб юришимни тайинлади.
Шу куни кечки овқатдан олдин турқи бир-биридан совуқ икки ҳамшира “психиатрик” бўлимдаги бемор маҳкумаларга муолажа қилиш учун кириб келишди. Улардан бири ўрта ёшларда, иккинчиси эса мункиллаб қолган, “бир оёғи тўрда бўлса, бир оёғи гўрда”.
Улар билан бирга кирган назоратчилар эса негадир тезда ортларига қайтиб чиқиб кетишди. Аслида улар ҳамшираларни маҳкумалар билан ёлғиз қолдиришлари мумкин эмасди.
Бу вақтда мен рус тилидаги “Америка фожеалари” китобини ўқиб ўтирган эдим. Кутубхонага тегишли бу китобни менга маҳкумалардан суриштира-суриштира Муҳаббат топиб берганди.
Шу маҳал “Барча маҳкумалар бир ерга тўпланишсин” деб фармон бериб қолди ҳамширалардан бири. Мен ҳеч қандай муолажа олмаслигим боис жойимда ўтиравердим. Ҳамширалар ҳамма маҳкумаларни уларни ёнига келиб, тўпланишларини қайтадан талаб қилишди. “Псих.отдел”нинг учта палатасида ётувчи ўттиздан ортиқ маҳкумалар бир жойга ғуж бўлишди. Мен ҳам ноилож бориб, бошқа маҳкумалар қаторга қўшилдим.
Ҳамширалар ҳар битта маҳкумага биттадан муолажа қилганларидан кейингина кетишига рухсат беришарди.
“Демак, улар менинг муолажа қабул қилмаётганим ҳақида бугун хабар топишади, ёки аллақачон билиб қолганлари учун ҳам атай мана шундай усулни қўллашяпти”, – деган ўй ўтди кўнглимдан.
Учинчи бўлиб навбати келган Жайнак “Фақат таблетка ичаман, укол олмайман” деб, роса хархаша қилди. Лекин ҳамширалар: “Белгиланган уколни олишга қаршилик қилганларга ҳозироқ наряд чақирамиз” – деб дўқ-пўписа қилишди.
Уколни олган Жайнак зум ўтмай ғалати ҳолатга тушди. Тили айланмай, тушунарсиз ғулдираркан, оғзи бир томонга қийшайиб қолди. Ойдек юзли Жайнакнинг бир зумда башараси буришиб кетганини кўрган бир-икки маҳкумалар қаҳ-қаҳа отиб, унинг устидан кулдилар.
Жазаваси тутган Жайнак уларга ҳамла қилиш учун интилди. Бироқ мувозанатини йўқотиб, гурсиллаганча юзтубан йиқилди. У ерда ғужанак бўлиб ётиб, тушунарсиз ғудраниб, у ёқдан бу ёққа юмалаб, додлай бошлади.
“Жуфти”нинг анячли ҳолга тушганини кўрган Гавҳар ҳамшираларга: «Тузат, тузатиб бер Жайнакни» – дея бақира бошлади.
– Ўчир овозингни, – Гавҳарга қараб ўшқирди ҳамшира ҳам паст келмасдан.
– Жайнакни тузатиб бер, – бор овози билан йиртқич ҳайвонлардек ўкирар, жон-жаҳди билан ер тепинарди Гавҳар.
– Шанғиллама. Ҳадемай ўтиб кетади. Бироздан кейин ҳеч нарса бўлмагандек, уйқуга кетади, – деди Жайнакка қиё ҳам боқмаган бошқа ҳамшира жеркиб.
– Қара деяпман сенга! Тузатиб бер Жайнакни! Нимага ўзи рози бўлмаса ҳам укол қилаверасанлар?! Ўлдирмоқчимисанлар уни?! – тинимсиз дод солаётган Гавҳар ўлжасига ташланган бургутдек ҳамширалар томон отилган эди, маҳкумалар уни ушлаб қолишди.
– Эрта-индин ўладиган мурдаларсан-ку, яна дағдағанг оламни тутади-я, – пичинг қилди ҳамшира.
– Нима дединг? Яна бир қайтар! Ким ўларкан эрта-индин?! Ким ўлади? Ким мурда? деб сўраяпман сендан, айт, фоҳиша?! – ҳамширани тилка-пора қилиш истагида маҳкумаларнинг қўлидан чиқишга уринаётган Гавҳарнинг ҳайқириғи оламни бузарди.
– Оғзингга қараб гапир! Ҳақорат қилма мени. Ғашимга тегсанг, ҳозир наряд чақиртириб, изоляторга қаматаман, – ўдағайлади ҳамшира.
– Ким эрта-индин ўлади? Қани, айт, кимни эрта-индин ўлади дединг?! Ким мурда, айт?! Бўл, гапир! – важоҳат билан бақираётган Гавҳар ҳеч тинчланай демасди. Ўз кўнглида у тутиб турган маҳкумалар қўлидан ситилиб чиқса-ю, мана бу безбет ҳамширанинг башарасини бежаб қўйса.
– Сен ўласан эрта-индин! Анави жазманинг ҳам ўлади ҳадемай! Эртага бўлмаса, индин, индинга ўлмаса, бир ой, бир йилга қолмай, барибир ўласан, ўлиб кетасанлар! – жазавага тушиб овози борича бақирди ҳамшира ҳам.
Бу гаплардан қони қайнаб кетган Гавҳар овқат олиб келиш учун тайёрлаб қўйилган челак ичидаги катта чўян половник (чўмич)ни олиб, ҳамширани бошини мўлжалга олди.
Шу пайт орқадан кимдир «Правозащитниклик вазифангизни бажармайсизми? Ҳимоя қилинг!» дея мени жанжаллашаётганлар ўртасига итариб юборди. Кутилмаганда жўжахўрозларнинг орасига тушиб қолдим.
Ҳамширанинг бошига аталган чўмич менинг пешонамни ёришидан чўчиб, дарров ўзимни ҳимоялашга ҳаракат қилдим. “Ҳужумчи”нинг қўлидаги “қурол”ини бошимга тегишидан сақланиш ва чўмични ушлаб қолиш истагида у томонга ўгирилган ҳам эдимки, нишондан адашган Гавҳар чўян чўмичи билан чап қўлимга чунонам зарб билан солдики… Кўзимдан ўт-олов чиқиб кетди.
“Қурол” чап қўлимнинг суягига теккан эди. Оғриқ азобига дош беролмасдан, вой-войлаганча ўтириб қолдим. Суягим лат еган экан, лўққилаб оғриётган қўлим бир зумда шардек шишиб кетди. Шунда ҳам Гавҳар деганлари тинчий демайди. У бир ҳамла билан ҳамшираларни дорилар турадиган идишини ирғитиб юборди. Шу пайт кимдир, балким Танядир, қўнғироқ қилиб, наряд чақиртирди. Югургилаб келган назоратчилар маҳкумаларни дубинкалар билан дуч келган жойларига уриб-савалаб юриб тарқатишди. Гавҳар эса изоляторга бадарға қилинди.
Гавҳарни олиб кетганларидан кейин, менинг шишиб кетган қўлимга намакоб боғлашни тайинлаган ҳамширалар ҳам пахта бергач, “псих.отделение”ни тарк этишди. Қўлимга намакобга ботирилган пахтани боғлаётган маҳкумалар ўртага мени ким итариб юборганлигини аниқлашга киришиб кетишди.
“Псих.отделение”даги ўттиздан ортиқ маҳкумалар бир жойга тўпланишган эди ўшанда. Шунинг учун мени темир чўмич тиғига уларнинг қай бири тўғрилаб қўйганлигини аниқлашнинг имкони бўлмади.
Асос бўладиган ҳолат шунда эдики, кесатиқ билан айтилган “правозащитник” сўзи айнан мени “уруш олови”га отган маҳкума томонидан талаффуз қилинган эди.
Шунда маҳкумалардан бири: – Тожибоевани итарган одам буйруқни бажарган. Бугун биринчи бўлиб Тожибоевага “шмон” келди. Уни “психотделение”да узоқроқ қолиб кетиши учун, албатта, калласида проблема бўлиши керак. Гавҳар қасддан Тожибоевани урмасди, тасодифан бошига зарб берилган дейишлари учун ҳам Тожибоевани атай жанжалнинг инига итаришган, – деди.
– Ҳаммани бир жойга мажбурий тўплашларининг ҳам сабаби шунда бўлган, – дея гап қўшди яна кимдир, – Жанжал чиққанида ҳамма бир жойда тўп бўлгани учун ҳам кимнинг нима қилганини биров билмай қолади. Ҳамшира ҳам атайлаб тўполонни кучайтириш учун Гавҳарни тинимсиз ҳақорат қилди, “Эртага ўласан!, Мурдасан!” деб, уни жазавага туширди. Вазиятни қўл кўтариш даражасига бориб етиши учун атай замин яратишди.
Бир чеккада ўй суриб ўтирган Шоҳида: – Нима учун бугун ҳамширалар билан кирган назоратчилар тездагина қайтиб чиқиб кетишди? Бу ҳақда ҳам ўйлаб кўриш керак эмасми? – дея луқма ташлади.
– Мана шу хотин келди-ю тинчлигимиз бузилди, – кутилмаганда Лоланинг чийиллаган овози эшитилди, – Нима иш қилгансиз ўзи?! Бир сизнинг ортингиздан намунча шунча ғалва?! – дея манга қараб ўшқирди у.
– Ҳеч бир гуноҳим йўқ. Мени айбдор қилиш учун ҳам турли ўйинлар уюштириб юришибди. Ҳатто тергов ҳибсхонасида ҳам учта “нарушение” расмийлаштиришган экан. Бехабар эдим. Кейин, жиноят иши материаллари билан танишаётган пайтимдагина кўрганман ҳужжатларини, – дедим Лоланинг иддаоли саволига жавобан..
– Тушунарли, сизни деб бизга ҳам «нарушение» расмийлаштиришларини истамайман. Шундай экан улар нима талаб қилса, шуни қиласиз, айтганларига сўзсиз итоат этасиз, тамом-вассалом. Улар худди ана шуни истаганлари учун ҳам сигнал қилишаяпти сизга, “айтганларимизга итоат қил” – дея, шуни англамаяпсизми? – амирона оҳангда деди Венера.
– Мен ҳеч қачон уларнинг айтганига кўнмайман, – дедим ишонч билан, – Сизлар хавотирланманглар, бу ердан тез кунда чиқиб кетаман.
– Ўчир, овозингни! – ўшқирди Лола, – Улар сени шу ерга қамашибдими, демак, ё уларнинг айтганларини қиласан, ёки бу ерда ҳақиқий жиннига айланасан! “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан” дейишган, эшитмаганмисан?!
Лоланинг тилига эрк бериб, беҳурматлик билан менга ҳурпаяётганидан сездимки, демак, нима қилиб бўлса-да, яна жанжал чиқаришмоқчи. Аммо мен бунга йўл қўймаслигим, менга қарши уюштирилаётган навбатдаги фитнанинг амалга ошишига имкон яратиб бермаслигим керак. Шуни яхши билардим. Шунинг учун бир сўз демасдан ўрнимдан турдим-да “псих.отделение”ни ташқи кичиккина ҳовлисига чиқиб кетдим.
Скамейкага ҳорғин чўкарканман, чуқур ўйга толдим. Мен бир нарсани, бу ерда дуч келганларим ҳали кўришим керак бўлган кўнгилсизликларнинг шунчаки бошланиши эканлигини ҳис қилиб турардим…
Ёнимга келиб ўтирган Гуллола гўё нажот фариштасидек туйилиб кетди менга.
– Гуллола, маҳкумалар бу ерда оила аъзоларига қандай йўл билан хат жўнатишади? Қандай қилиб уйдагиларга хат жўнатишим мумкин? – сўрадим ўйчан.
– Хатларними? ДПНК олдида бир нечта катта-кичик почта қутилари бор. Қутиларнинг энг каттасига маҳкумаларнинг қариндошларига ёзилган хатлар ташланади. Бошқаларини эса билмадим. Тўғриси, қизиқиб кўрмаганман. Биласиз-ку, ҳеч кимга хат ёзмайман, менга ҳам ёзишмайди. Кейин… ўша катта почта қутисига ташланган хатларни муассаса вакиллари очиб ўқишади. Мабодо бирор ёмон нарса ёзилган бўлса, у хатларни йўқ қилишади, – билганлари ҳақида мени хабардор қилди Гуллола.
– Уйдагиларга хат ёзсам дегандим… Лекин бу ердан чиқолмайман-ку, тўғрими? Нима қилсам бўларкин? Уйга тезроқ хат жўнатишим керак.
Аёллар қамоқхонасига ўтказишганини айтишим, тезроқ передача юборишларини тайинлашим керак. Адвокатларимни ҳам чақиртиришим керак, – дедим унга маҳзун тикилиб, – Ҳа, яна бу ерга нима олиб кириш мумкину, нималар киритиш маън этилганлигини ҳам айтсангиз, мен шунга қараб хат ёзардим. Қамоқхонага киритиш мумкин бўлган нарсаларни тезроқ жўнатишларини сўрардим. Учрашувга келганлар олиб кириши таъқиқланган нарсаларни билмасдан, шунча йўлдан кўтариб, овора бўлишмасин дейман-да, – уф тортдим аста.
– Вой, Мўътабар опа, почта қутисига хат ташлашнинг ҳечам қийин жойи йўқ. Сиз менга хат ёзиб беринг, столовойга овқат олиш учун Гончар билан чиққанимда ўзим қутига ташлаб қўяман, – деди кайфиятимни кўтаришга уринган Гуллола меҳрибонлик билан.
– Яхши, унда шу бугуноқ ёзиб бераман, – дедим кўнглим бироз бўлса-да ёришиб.
– Мўътабар опа, муассаса вакиллари ҳам, тергов ҳибсхонасидагилар сингари бирон-бир фитна уюштириш учун, одатда, ҳар доим маҳкумаларни ишга солишади. Шунинг учун сизни келганингизни ва бўлиб ўтган воқеаларни тезда Рустам акага етказиб қўяй дегандим, нима дедингиз? Эртага эрталаб Гончар билан “завтрак” олиб келиш учун чиқаман. Шунда Рустам акани хабардор қилиб келайми? У киши сизни ўзига қарашли эканлигингизга имо қилиб қўйса бўлди, маҳкумаларнинг бари пусиб қолишади. Йўқса, худо кўрсатмасин, агар буюргудек бўлишса, бир пачка сигарет учун керак бўлса сизнинг суякларингизни талқон қилиб туюшдан ҳам тоймайди булар, – деди у Лола ва унинг атрофида тўп бўлиб олиб, чефир ичаётган маҳкумалар томон ишора қиларкан.
– Рустамга айтдингиз ҳам дейлик, лекин у барибир бу ерга кира олмайди-ку?! – савол назари билан тикилдим Гуллолага.
– Киради, кира олади у бу ерга, мана кўрасиз! Сизни шу ердалигингизни билса, албатта киради. У келгудек бўлса, айтдим-ку сизга, буларнинг ҳаммаси пилдир-пис бўлиб қолишади, думини қисиб, – мени ишонтиришга уринди у.
– Майли, унда айтиб қўяверинг-чи, – бундан бирор бир наф чиқишига кўзим етмаса-да, розилик билдирдим.
Шу куни ўтириб, оиламдагиларга хат ёздим, қамоқхонага келтириш, қабул қилишлари мумкин бўлган нарсалар рўйхатини ҳам тузиб чиқдим.
Конвертнинг тепасига қизим Маҳлиё билан яқин масофада яшайдиган Насибахон синглимни адресини ёздим. Чунки менга керакли нарсаларни сотиб олишга Насибахон бош-қош бўлади деб ўйлагандим. Чунки Маҳлиёнинг қўлида гўдаги бор, набирам Зебо билан керакли нарсаларни сотиб олиш учун бозорга бориши амри-маҳол.
Насибанинг мендан хат борганида уйда бўлмай қолиши мумкинлигини назарга тутган ҳолда конвертнинг бетига синглимни катта қизи ўн уч ёшли Назокатни исми-шарифини ёздим. Ёзиб якунлаган хатимни Гуллоланинг қўлига тутдим. У навбатдаги овқат олиш зонага чиққанида хатимни почта қутига ташлаб келганини айтди, кўнглим бироз хотиржам бўлди. Бу менинг оиламдагиларга ёзган биринчи хатим эди.
* * *
БЎҒЗИМГА ТИРАЛГАН ПИЧОҚ!
2005 йил, 24 октябрь. Мен Фарғонадаги УЯ/64-10 тергов ҳибсхонасидаман. Бугун ҳам ҳар доимгидек эрталабки назоратга ҳибсхонанинг беш нафар маъмурлари навбатчиликни қабул қилаётган шериклари билан биргаликда камерага кириб келишди.
Мен бу ернинг қоидаларга анча ўрганиб, кўникиб қолгандим. Мунтазам равишда бир кунда икки маҳал – эрталаб соат тўққизда ва кечги соат ўн саккизда одатий текширув ўтказилади.
Бундай пайтларда маҳбусалар ҳарбий аскарлар каби ғоз туришлари керак. Бош ва қомат ҳам тик бўлиши шарт. Навбатчи маҳбуса эса камерадагилар сони ҳақида ахборот бериши лозим.
Шундан кейингина ҳар бир маҳбусадан ўзи ҳақида қуйидагича маълумот бериши талаб этилади: исми-шарифи, қайси моддаларга асосан айблангани… Айнан мана шу жараёнда маҳбусалар савол бериш, мурожаат ва ариза топшириш, ўзларини қизиқтирган масалаларни кўтариш имкониятлари бор.
Мен куни кеча “очлик” эълон қилган эдим. Бугунги текширув давомида “очлик” эълон қилишимнинг сабабини сўраб-суриштиришди. Бироқ мен бу масалани фақатгина тергов ҳибсхонаси раҳбари билангина муҳокама этишимни маълум қилдим. Улар ортларига қайтишди.
Камерадошим Минзулина Зулфия текширувчилар ташриф буюрганларида кир юваётган эди. Улар чиқиб кетишгач, яна ўз ишини давом эттирди.
Бандаренко Марина эса менга важоҳат билан юзланди: – Бу “мусор”лар нима учун киришди бу ерга? Нима ёзгандинг? – Унинг овозида сўроқдан кўра, таҳдид оҳанги устунроқ эди.
– Мен кеча “очлик” эълон қилганим ҳақида расмий билдириш бергандим. Гапларига эътибор қилмадингми? “Нега “очлик” эълон қилдингиз?” деб сўрашди, ё эшитмадингми? – унинг таҳдидга йўғрилган саволига савол билан жавоб қайтардим.
– Демак, уларнинг бу ерга киришига сен сабабчисан! Ёзган ёзувларинг сабабчи! Бугундан бошлаб ҳеч қаерга ҳеч қандай ариза ёзмайсан! Камерада қўлингга ручка билан қоғоз ушламайсан. Агар яна бир марта бу ерда қўлингга ручка билан қоғоз олсанг, ё бирор нарсадан шикоят қилсанг, билиб қўй, башарангни ёриб ташлайман, – ўдағайлади у.
– Ўзингни бос, – дедим унинг чиранишларига парво қилмай, – Агар сен кабилардан қўрққанимда эди бу ергача етиб келмаган бўлардим, тушунарлими?
Кир ювиб ўтирган Зуля гапга қўшилди: – Мўътабар опа, Маринанинг қанақалигини сиз билмайсиз. Илтимос у билан тортишманг. Ўчакишмай, айтганини қилинг!
– Бу ҳам ҳали мени қанақалигимни билмайди! – дедим Зулянинг насиҳатига зарда билан жавоб бериб.
Марина асов отдек депсинаркан, мени оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан сўка кетди.
– Оғзингга қараб гапир! Мени ҳақоратлашга нима ҳаққинг бор?! Менинг ёшим онангнинг ёшидан ҳам улуғроқ эканлигини унутма! – дедим онасини эслатарканман, инсофга келар деган илинжда.
– Сендай онам бўлишидан Аллоҳнинг ўзи сақласин! – деди Марина қўлини осмонга қўтариб, гўёки аллоҳга сажда қилгандек.
– Мен ҳам қизимни сенга ўхшамаслигидан Яратганга беҳисоб шукур қиламан, – деганимни биламан, яшин тезлигида томоғимга теккан совуқ тиғдан этим жунжикиб кетди.
Марина қачон ортимда пайдо бўлди, қандай қилиб бўйнимга пичоқ тиради, билолмай қолдим. Орқа томонимдан ҳужумга ўтган Марина бир қўли билан сочимни куч билан тортганда бошим оғриқнинг зўридан ортга қайрилиб кетди.
Унинг юзлари қизариб, бурун катаклари керилиб кетган, қонга тўлган кўзларидаги алам шундоққина кўриниб турарди. “Мени бўйсундира олмаганидан бу” – деган фикр ўтди кўнглимдан.
У эса иккинчи қўли билан пишиллаганча бўғзимга пичоқ тираб турарди: – Мен сенга жиддий айтаяпман! Башарангни ёриб, ичагингни суғуриб ташлайман! – дея ўкирди у қулоғим остида.
– Мен ҳам қулоғингга танбур чертаётганим йўқ! – бўйним ортга чўзилиб, эгилиб қолганлиги учун ҳам овозим хириллаб чиқди, – Мен фаолиятим давомида сендақаларнинг кўпини кўрганман. Дўқ-пўписаларниям зўрини эшитганман! Мени ҳибсга олганларида сендақаларнинг таъқибига тайёр бўлганман. Қани, сен аввал башаримни биир ёриб кўр-чи, оқибати нима бўларкан, кўрамиз! – дедим гарчи кўнглимни қўрқув ҳисси эгаллаб турган бўлса-да, овозимга ишонч тусини бериб.
Кутганимдек бўлди. Овозимдаги қатъият Маринани эсанкиратиб қўйди. У бир қадам ортига чекинди. Пайтдан фойдаланиб, унинг қўлидан ситилиб чиқдим-да, бориб койкамга ўтирдим. Бошим тик эди. Бироқ, ич-этимни алам кемирарди.
Бугунги бузуқ бу тизимда Марина деганлари бор-йўғи мисоли бир синган михча, холос. Лекин ҳеч бир корга ярамайдиган, шу занг босган мажруҳ михча ҳам дилимни ҳанжар каби тиғлади, жароҳатлади. Қўлидаги пичоқни бўғзимни эмас, гўё юрагимни мўлжаллаб ургандек, оғриқ бор эди.
Нега, яхшилик, эзгулик, адолат учун курашган инсонларнинг бошига шундай қаро кунларни солишар экан-а бу муттаҳамлар? Ўзи ростдан ҳам одаммикан булар, ё инсон қиёфасидаги маҳлуқми? Наҳот менга таъсир ўтказиш илинжида шундай пасткашликка боришса? Камерада ўтирадиган маҳкуманинг қўлига қаердан тушиши мумкин пичоқ? Ахир ҳар куни бу ердагиларни минг бир чиғириқдан ўтказишадику?
Бўлиши мумкин эмас!.. Кўнглимга келган шубҳали ўйдан титраб кетдим. Бу каби саволларга жавоб қидиришнинг ўзи даҳшат. Топилган жавоблар эса ундан-да даҳшатли!
Мени тутқунликда сақлашдан манфаатдор бўлган амалдорларнинг менга қарши ҳар битта қилмиши, ҳар битта ҳаракатининг ғайриқонуний эканлигини қонун моддалари билан “тақ-тақ” этиб пешонасига тушургандек, исботлаб турган бўлсам нега улар қўрқмаяптилар?
Бу ерда содир бўлаётган ҳар қандай ноҳақлик ҳақида ҳеч бир ҳайиқмай адвокатларимга маълумот етказсам, барча ёвузлиг-у бедодликларнинг матбуот юзини кўриши, кенг оммага ошкор бўлиши учун жонимни хатарга қўйиб бўлса-да жонбозлик кўрсатаётганимни билиб турибдиларку!
Наҳотки бутун жаҳон ҳамжамияти менинг ҳимоям учун оёққа қалқиган бир пайтида мени синдириш учун жиноятчининг қўлига совуқ қурол тутиб, менга рўбарў қилишга ҳаддилари сиғса-я, буларнинг? Мени руҳан ва жисмонан эгмоқ учун яна қандай усулларни ўйлаб топишаркин ҳали?
Ана шундай аламли изтироблар оғушида яна очлигимни давом эттирарканман, маъмуриятдан мени қонунга биноан зудлик билан бошқа камерага ўтказишларини талаб қилдим. Чунки мен ўз фаолиятим давомда гиёҳвандликка қарши кескин курашиб келганман, мен билан камерадош бу кимсалар эса ўзлари ҳам гиёҳвандлар, содир этган қилмишлари ҳам гиёҳванд моддалар савдоси. Бундан ташқари биринчи ходка маҳбусаларни аввал қамалиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар билан бир камерада сақлаш қонунга зиддир.
“Очлик” эълон қилганимнинг учинчи куниси – Марина билан бўлган тўқнашувдан икки кун ўтгач, менга адвокатим келгани ҳақида хабар беришди.
Ёнимга кирган адвокат опам Маҳаррамхонга Марина билан ўртамизда содир бўлган кўнгилсизликлар ҳақида гапириб бердим. Гарчи биз алоҳида махсус хонада кузатувчиларсиз, ёлғиз учрашган бўлсак-да, суҳбатимиз махсус хизмат вакиллари томонидан ёзиб борилаётганини яхши билардим.
Шунинг учун ҳам опамга қараб: “Мени бошқа камерага ўтказиш ҳақидаги талабимни инобатга олишмади, опа. Шундай экан, токи Бандаренко Маринага пичоқ киритиб берган тергов ҳибсхонаси вакили топилмас экан, токи Марина ва уни совуқ қурол билан таъминлаган кимсага қонуний чора кўрилмас экан “очлик”ни давом эттиравераман. Мени бошқа камерага ўтказиб, барча қонуний талабларимни адо этмагунларича, тўхтатмайман “очлик” акциямни. Мана шулар ҳақида барча матбуотларига интервьюлар беринг”, – дея такрор-такрор таъкидладим.
Маҳаррам опам шу кунни ўзидаёқ халқаро матбуотларга интервьюлар бериб, менинг ҳаётим хавфда эканлиги, Бандаренко Марина деган камерадошимга менга босим ўтказиш учун пичоқ берилганлиги ва у менга пичоқ билан таҳдид қилганлиги ҳақида гапириб, мени ҳимоя қилишни сўраган.
Ҳ-а-а-а, матбуот ва қаламнинг куч-қудратидан чўчишмас эканми улар?! Жуда қўрқишади-да. Шунинг учун ҳам адвокатимга айтганларимдан хабар топган раҳбарият дарҳол ўз хатоларини тўғрилаш учун ҳаракатни бошлаб юборишди… Учрашувдан камерага қайтгач, икки соат ўтар-ўтмас Маринани терговчиси келди, деган баҳона билан уни ташқарига олиб чиқиб кетишди.
Опам учрашув куни менга турли-туман озиқ-овқатлар, барча зарурий нарсаларни ҳам келтирган эди. Йўқловда топширилган нарсаларни бирма-бир кўздан кечириб, қабул қилиб оларканман, камерага қайтган Марина билан Зуля бу нарсаларни кўриб кўзлари косасидан чиққудек бўлиб, бақрайиб қараб турардилар.
Тергов ҳибсхонасига келибманки, камерадошларим менга уйимдагилар киритадиган озиқ-овқатларга шериклик қилишарди. Чунки уларнинг ҳеч нарсалари йўқ эди ва ортларидан бирор-бир кимса йўқлаб ҳам келмасди. Баъзида Маринани кимдир йўқлаб келганини рўкач қилиб ташқарига олиб чиқиб кетишар, камерага қайтгач гоҳида онаси, гоҳида адвокати келгани ҳақида афсона тўқир, лекин уни йўқлаб келган яқинлари атига икки дона нон киритишмасди Марина учун.
Марина билан бўлиб ўтган ўша тўқнашувдан кейин ўзимда бор нарсаларни энди улар билан баҳам кўрмаслигимни ҳам яхши билишарди. Чунки мен уларнинг иккаласи билан ҳам гаплашмай қўйгандим… Улар овқатланишга ўтиришди дегунча, ўзимни ухлаганга солиб ётардим.
Бугун ҳам шундай қилдим, ҳозиргина қабул қилиб олганим бор мулкимни каттагина сумкамга жойлаб кроватимнинг бош томонига қўйдиму, одатдагидек, ёнбошлаганча кўзларимни юмиб, ўзимни уйқуга солдим. Марина билан Зулфия ғулдирлаша-ғулдирлаша тинчиб қолишди. Кўп ўтмай кимдир мен томонга қараб юриб келиб, ёнимда тўхтаганини, тепамда тик турганини ҳис қилиб юмилган кўзларимни хиёл очдим. Марина билан Зулфия бош томонимда нимадир дейишга қимтиниб турардилар.
Ўрнимдан қўзғалиб ўтирарканман “нима гап?” дегандек тикилдим уларга.
– Мўътабар опа, нима, мени гапларимдан хафа бўлдингизми? – ўсмоқчилаб сўради Марина.
– Сен ўзингни менинг ўрнингга қўйиб кўр-чи. Ёши ўзингдан икки баробар кичик бўлган одам сенга ҳам шундай ҳурматсизлик қилса, нима қилардинг? Хафа бўлмасмидинг? Томоғингга пичоқ тирасачи? – саволга савол билан жавоб бердим.
– Мен нима деган бўлсам, сизни фойдангизни кўзлаб айтдим, аслида. Тан оламан, қизишиб кетдим, айбдорман. Аммо сиз ҳали буларнинг кирдикорларини билмайсиз. Арзимаган баҳона билан камерага киришади-ю, бирор нарса ташлаб қўйишдан ҳам тойишмайди. Агар хоҳлашса, ваҳҳобийларнинг варақасини ҳам ташлаб қўйишлари ҳеч гап эмас, – Марина бош бармоғи билан камера эшигини кўрсатаркан, яна қўшиб қўйди, – Ҳали билмайсиз-да буларни.
– Шунинг учун пичоқ ўқталдингми менга?
– Уларнинг кирганини кўриб, жаҳлим чиқиб кетди-да, – деди у ялингансимон.
– Пичоқ-чи? Менинг бўғзимга қадаган пичоғинг-чи? Камерада пичоқ сақлаш мумкинми ўзи? Айт, сенга ким берганди пичоқни? – дедим саволимга жавоб олиш илинжида.
– Мўътабар опа, кечиринг. Жаҳлим чиқиб кетди-да, – Маринанинг нигоҳлари ер чизди.
– Ўзингиз айтгандингиз-ку Маринага “Қизим тенгисан” деб. Ҳали ёш-да, кечира қолинг, – даллоллик қилди Зулфия.
– Нима, ўша тушунмовчиликни деб бошқа камерага ўтишни талаб қилиб очлигингизни давом эттираверасизми, опа? – ялиниш оҳангида сўради Марина, – Овқатланишни бошланг опажон, илтимос. Агар овқатланмасангиз, мени айбдор қилиб, бўйнимга “нарушение” илиб қўйишади. Айтганимга кўна қолинг, опа, йўқ, деманг.
Агар хўп десангиз, сизни то қамоқхонага олиб кетгунларича, у ердаги вазиятлар ҳақида сизни хабардор қиламан, йўл-йўриқларини ўргатиб тураман. Ҳали зонага борганингизда ўзингиз тан берасиз тўғри гапирганимга. У ерларни билмайсиз-да ҳали! Биз қамоқдан чиққанимизга бир йил бўлмасдан, яна қайтиб борамиз, уйимиздек бўлиб қолган. Тузини к-ў-ў-п татиб кўрганмиз, – дея чуқур хўрсинди Марина.
Қамоқдан чиққач, ҳеч қанча вақт ўтмасдан яна жиноят содир этиб, жиноят устида қўлга олинганликлари ҳақида улар менга афсона айтаётганларини ҳис қилиб турардим.
Бироқ бу пайтда бир нарсани: уларнинг айнан аёллар қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган махсус рўйхатда турувчи “лохмач, қулоқ”, қийноқ қўлловчи маҳкумалар эканлигини билмасдим. Улар айнан менга жисмонан ва руҳан таъсир ўтказиш мақсадида тергов ҳибсхонасига атай сафарбар қилинганлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим…
… Кечирдим дейишимни кутмасдан, сумкадаги нарсаларимни олиб жойлаштириш тараддусига тушган камерадошларим уларни саралай бошлашди.
– Зуля, бор, сен чой қўй. Мен мана бу кийим-кечакларни алоҳида тахлаб тураман, – дея Марина шеригига буюраркан, – Ия, қара, ҳинд чойи ҳам бор экан. Оҳ-ҳоо, ёнғоғу-майизларга нима дейсан! Мўътабар опа, чой қайнагунча сиз дамингизни олиб, ётиб тураверинг. Ҳаммаси тайёр бўлгач, чақирамиз. Овқатланамиз, маза қилиб чой ичамиз, – оғзининг таноби қочганча қўшиб қўйди у.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан учовлон ўтириб “сингилларим” тайёрлаган чойни ичиб, овқатланиб ўтирардик. Бу маҳкумаларнинг ўзлари ҳам, кўзлари ҳам ниҳоятда оч эди. Кўп йиллардан буён қамоқхона шароитида яшаётган бу ожизалар бир марта мазза қилиб тўйиб овқатланиш учун керак бўлса ўзини жўнатган эгаларини ҳам сотадиганлардан эканлигини ҳис қилиб тургандим.
Мана шундай “хизмат сафар”ига юборилган пайтларидагина улар истаганларича тансиқ таомлар танаввул қиладилар. Яна кимга тегишли тансиқ таом денг, мен сингари ҳукуматнинг қора рўйхатларидаги ҳибсга олинган инсонларники. “Ҳам ошингни ейман, ҳам бошингни” мақоли мана шундайларга аталган бўлса керак.
Арзимаган нарсага осонгина сотилишлари мумкин бўлган бу маҳкумаларга тикилиб ўтирарканман, “Пес-песни қоронғида топибди” деганларидек, уларни ёллаган ҳукумат вакиллари ҳам пасткашликда улардан ортда қолмасликларини ўйлаб дилим хуфтон бўларди…
Давоми бор.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish