Ичак-чавоғингни чиқариб, қўлингга тутқазаман! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 8)
* * *
ҲУҚУҚЛАРИНГИЗ АНАВИ ПАНЖАРА ОРТИДА ҚОЛИБ КЕТДИ!
Ўшанда мени сумкамни кўрикдан ўтказганлари ҳали ҳам кўз ўнгимда: ундаги тўп-тўп ҳужжатлар, бир талай қонун китобларини кўриб қамоқхона ходимлари анграйиб қолишганди:
– Ҳужжат ва китобларингиз намунча кўп бўлмаса, маҳкума Тожибоева? – ҳайратланиб сўради Наргиза.
– Ҳужжатлар менинг айбсизлигимни исботловчи далиллар, – жавоб қайтардим.
– Сиз қандай жиноят содир қилгансиз ўзи?
– Ҳеч қандай жиноят содир қилмаганман!
– Ҳеч қандай жиноятга қўл урмаганингиз учун ҳам шунча нарсани кўтариб юрган экансиз-да-а? Моддаларингизни ўзи бир бетдан ортиқ экан-ку! – қоғозлардан бирини олиб тумшуғим тагига ниқтади Наргиза, – Қаранг! Ҳеч нарса қилмаганингизми шу?
– Агар одам жиноятга қўл урган бўлса, тақдирга тан бериб, белгиланган қисматига кўнишдан бошқа иложи йўқ. Аммо айбсиз айбдорлик тамғаси тақалган бўлса, айбсизлигини исботловчи далиллару ҳужжатларни ҳали бир сумка экан-ку, ҳатто бир тонна бўлса ҳам то умрининг охиригача, ё оқлангунига қадар кўтариб юришга қодир инсон зоти! Мана шу ҳужжатларга, қонун китобларига таяниб айбсизлигим ҳақида юқори идораларга, Олий судга шикоятлар ёзишим керак. Шунинг учун булар менга жуда ҳам зарур, – дедим унга қараб.
– Маҳкума Тожибоева, ҳаммаси тугади, – у гўё ёш болага уқтираётгандек кейинги сўзларини бўғинлаб таъкидлади, – Та-мом. Бу ерда энди китобу ҳужжатларингиз керак бўлмайди сизга. Арзу дод қилишнинг ҳам нафи йўқ. Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ. Бундан буён сизнинг энг асосий юмушингиз жазо муддатини ўташ. Тушунарлими? – уқтирмоқчи бўлди Пшёнка.
– Ўзингни ҳимоя қилишга ҳаққинг йўқ, демоқчимисиз?
– Ҳаққингиз бор эди. Аммо энди ана ўша ҳуқуқингиз анави темир панжаралар ортида қолиб кетди, – деди Наргиза бош бармоғи билан елкаси оша ишора қиларкан, – Бу ерда тинчгина жазо муддатини ўташни истасангиз, энг аввало, ҳуқуқ деган сўзни эсингиздан чиқаринг. Ходимларимизнинг ана шу сўзга аллергияси бор, нима билмасмидингиз? Мана, энди билиб олдингиз.
Мана бу қимматбаҳо “мулкингиз” эса “центральная каптёрка”да сақланади, тушунарлими? Қачонлардир, агар озодликка чиқсангиз ўшанда олиб кетасиз буларни, – деди у ҳужжатларим тўла сумкага ишора қиларкан.
– Лоақал айблов ҳукми билан аппеляция ажримини беринглар, – дедим ўтиниб.
– Бу гулзорга эндигина кириб келдингиз. Бир икки кун яшаб кўринг-чи, ана шундан кейин ҳам «қоғозларимни беринглар, менинг ҳуқуқим бор» деб хархаша қилармикинсиз? Бўлди, гапни калта қилинг, – деди Наргиза буйруқ оҳангида.
Назоратчиларнинг айтишича, аёллар қамоқхонаси тарихида илк бор сал кам бир қоп қонун китоблари-ю, ҳужжатлар билан кириб келган ягона маҳкума эканман…
… Ҳужжату китобларимни рўйхат қилишмади-да, сумкага қайта жойлаб, олиб кетишди. Шу сабабли мен бу қамоқхонага илк қадам қўйган кунимдан то озодликка чиққунимга қадар гўё игна устида ўтиргандек ҳис қилгандим ўзимни. Ҳаётим қил устида бўлганлиги сабабли ҳам аёллар қамоқхонасида мендан олиб қўйилган – айбсизлигимни исботловчи бу ҳужжатларни йўқ қилиб юборишларидан жуда ҳам хавотирда эдим…
Ҳукмда берилган жазо муддатини ўташ, ҳақиқий ЖАЗОга маҳкум қилинарканман бир ўй менга тинчлик бермасди. Қўлимда сақланаётган мен учун ўта қимматли бўлган бу ҳужжатларни йўқ қилиш учун нималар қилишмаган эди дейсиз, эҳ-ҳе…
Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида ҳам, Фарғонадаги ўнинчи сонли тергов ҳибсхонасида ҳам, кейинчалик Қуйи Чирчиқ туман Ички Ишлар бўлимининг вақтинчалик сақлаш бўлими – ертўласида ҳам, ҳатто Тоштурманинг қабул қилиш камерасида ҳам тинтув қилиш каби турли баҳоналар билан ҳаётимни ўзгартириб юборишга қодир бўлган бу ҳужжатларни ўғирлишга кўп уринишган. Айримларини ўмаришга ҳам улгуришган. Буларнинг тафсилоти ҳақида ўша пайтларда интернет нашрларида ҳам эълон қилинганди…
Хўш, бугун-чи? Мана мен азоблар, қийноқлар оролининг асирасига айландим. Қани ўша қимматли қоғозларим? Улар энди йўқ. Ҳа, қўлимда эмас, олиб қўйишган. Мен иложсиз бир асира бўла туриб… шу ҳолатимда ҳужжатларимни қандай қилиб асраб қолишим мумкин? Ахир исташса, шу бугуноқ уйимдан олиб чиқиб кетилган ва суд ҳукми билан йўқ қилинган ҳужжатларим сингари буларни ҳам йўқ қилиб, ўтга ташлаб, кулини кўкка совурмайдиларми? Қилишади. Қўлларидан келади, албатта. Аммо шундай фалокатнинг олдини олиш учун нима қилишим керак энди? Нима? Ҳужжатларимга ҳуруж қилмасликлари ва сақлаб қолиш учун ёвузликка қарши маккорлик қилишга, ҳийла ишлатишимга тўғри келади.
Жиноят содир этганимни тан олиб, Президент Ислом Каримов номига кечирим хати ёзиб беришимни талаб қилиб тез-тез ўтказиб туриладиган “тарбиявий суҳбат”ларда қамоқхона раҳбарларини ва юқоридан келган “меҳмонлар”ни чалғитишга уринар ва уларга руҳий таъсир кўрсатишга тиришардим.
Улар билан бўлган суҳбатларда: “Центральная каптёрка”да менинг бир сумка ҳужжатларим ётибди. Марҳамат килиб, кўринглар. Мен ўша ҳужжатлар асосида сизларга айбсизлигимни исботлаб бераман. Бу ҳужжатларнинг нусхалари бир нечта халқаро ташкилотларга жўнатилган. Уларнинг назоратида турибди, яъни улар мени мутлоқ айбсизлигимни билишади.
Мен ўша ҳужжатларнинг бир нусхасини атайин олиб келганман бу ерга. Олиб қўйишларингизни ва йўқ қилиб юборишларингизни ҳам билардим. Мана, ўйлаганимдек, олиб қўйдинглар ҳам. Ана энди кузатамиз: қани, бу қоғозларнинг қай бирини гумдон қиларкансизлар? Халқаро ташкилотлар худди ана шундай ноқонуний ҳаракатларингизни кутиб, кузатиб турибдилар.
Озодликка чиққандан кейин, Халқаро ташкилотларда сақланаётган ҳужжатлар билан сизларнинг менинг қўлимдан олиб қўйган ва марказий омборда сақланаётган ҳужжатларни олиб албатта, таққослаб кўрамиз.
Ана шунда муҳим ҳужжатларнинг қай бири йўқолиб қолганлигига дарҳол ойдинлик киритилади” – деб такрорлайдиган ёлғонларимнинг ҳақиқатлигига гоҳо ўзим ҳам ишониб қолардим… Бу каби уринишларим бесамар кетмаган. Ишончли тарздаги чўпчакларимга чув тушган ҳукумат вакиллари қимматли қоғозларимга тегишмади, аниқроғи, журъатлари етмади.
Ҳа, айбсизлигимни исботловчи барча ҳужжатлар йигирма уч ой давомида аёллар қамоқхонасида – ҳукумат вакилларининг қўлида турган. Мабодо уларни йўқ қилиб юборганларида эди, икки дунёда ўзимни оқлашга имкон топмаган бўлардим.
Баъзан мана шундай ҳукумат ҳоқонларининг ҳуқуқий саводсизлиги, савияси пастлиги учун Яратганга шукроналар айтаман. Баъзан ахборот қамалида яшаётган бундай чаласавод кимсаларни осонгина чалғитиш, руҳий таъсир ўтказиш қанчалар оддий ва осонлиги ҳақида ўйлаб қоламан гоҳо…
Қачонки қамоқдан озод бўлиб қамоқхонанинг тез тиббий ёрдам машинасида муассаса вакили кузатувида уйга кетаётганимда ҳужжатларимни бирма-бир кўздан кечириб, айбсизлигим акс этган бу ҳужжатларни жойида эканлигини кўргандан кейингина кўнглим хотиржам бўлганди.
* * *
Қамоқхонага келишимиз биланоқ тамакиларимни асраб қолишда ўзининг “беминнат” кўмагини таклиф қилган маҳкумани биринчи бўлиб чақиришди ва уни шу қароргоҳ шифохонасининг ўпка касалликлар бўлимига олиб кетишди.
«Опажон, агар у афиристнинг гапига кўнганингизда, сигаретларингизни қайтиб кўрмасдингиз. Энди у касалхонадан ярим йилсиз чиқмайди. Аҳволини билганлиги учун ҳам тамакингизга кўз олайтирган эди-да» деди Наргиза.
Орадан ярим соат ўтар-ўтмас, қолган маҳкумаларни барчасини бирма-бир чақириб карантинга, яъни мослашув хонасига жўнатишди. Қамоқхонага келтирилган маҳкумалар мослашув хонасида ўн–ўн беш сутка давомида сақланадилар.
Марказий юк омборида ёлғиз ўзим қолдим. Мен ўтирган хонага оқ-сариқдан келган бир рус аёли кириб келди. Унинг чўкиб кетган кўзлари ойнаклари катта-катта кўзойнак ортидан билиниб турган, эгнида эса милиция формаси. Бош кийимининг остидан ўрмалаб чиқиб, пешонасини қоплаган бир тутам сариқ сочлари ҳам ўзига ярашиб турган бу милиция офицери аёллар қамоқхонаси бош шифокори Юлья Юрьевна Кумарина экан.
– Маҳкума Тожибоева, ҳужжатларингиздан маълум бўлишича, суд жараёнларида Сизга бир неча маротаба тиббий ёрдам кўрсатилган экан, шундайми? – мақсадга кўчди шифокор.
– Ҳа, шундай бўлганди, тобим қочиб қолганда икки-уч бор тез ёрдам чақиришганди, – дедим қисқа қилиб.
У ортиқ саволга тутмади. Мени яна ёлғиз қолдирганча, омборхонадан чиқиб кетди. Шу пайт худди фабрикалардагидек узундан-узун гудок овози эшитилди. Кейинчалик билсам худди ана шу гудокни номи «тревога» сигнали деб аталаркан.
Қамоқхонада фавқулодда ҳолатлар содир бўлган пайтларида ана шу гудок чалиниб, «тревога» эълон қилинар экан. «Тревога» эълон қилинган пайтда бирорта маҳкуманинг зона худудида юриши таъқиқланар экан.
“Тервога” пайтида берилган буйруққа қараб, баъзан ётоқ жойида, баъзан полда, баъзан эса битта шконканинг тагига иккитадан маҳкумалар тиқилиб кириб, қўлларини бошларига қўйиб, ерга юзтубан ётганича то «отбой» сигнали чалинмагунча қимирламай ётишга мажбур бўларканлар…
«Тревога» гудоги чалинганидан кейин бир назоратчи олдимга келди-да, нарсаларимни олиб ортидан юришимни талаб қилди. Бир қўлим билан матрац ва зонадан берилган буюмларни опичларканман, иккинчи қўлимдаги иккита оғир сумкани зўрға кўтариб, назоратчининг ортидан эргашдим.
Биз энг биринчи ДПНК (ДПНК – дежурный помощник начальника колонии) текширувидан ўтиб, яшаш худудига ўтдик. Кенг майдондан кетарканмиз, олазарак бўлиб атрофни кузатардим. Бироқ катта-катта биноларда гўёки ҳеч бир зоғ йўқдек, чор-атрофда сокинлик ва сукунат ҳукмрон. Ҳовлидаги осмонга бўй чўзган баҳайбат кекса чинорлар маҳобати кўнгилда ғашлик уйғотарди…
* * *
ҚАМОҚХОНА ПСИХИАТРИЯ БЎЛИМИДА
Биз кирган бино бир нечта хоналардан иборат бўлиб, бу жойлар яқин ўртада таъмирланмаганлиги шундоққина кўриниб турарди. Биз ўнг томонига иккита шкаф қўйилган кичик бир хонага кирдик. Шкафларда ошхона анжомлари – идиш товоқлар ҳафсала билан териб қўйилган. Иккита стол ва саккиз-ўнта стул хона ўртасидан жой олган. Бу манзара маҳкумаларнинг ошхонаси эканлигидан далолат берарди.
Бу ерда рўпарама-рўпара ўтирган икки маҳкума оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан бир-бирларини ҳақоратлар, қўлларини пахса қилиб ўшқиришарди. Назоратчи уларни тартибга солиш учун оғиз очган эди, бўлмади. Тунги кўйлак каби тўрт томони очиқ алламбалони эгнига илиб олган калта иштонли маҳкума назоратчига қараб чақчайди.
Тўқ жигар рангга бўялган сочлари узун, ранг берилган қошлари туташ, беаёв бўялган кўзлари катта-катта эди унинг. Киприклари ҳам уста рассом чизгандек: қайрилма… Фақат шу қирра бурнигина, ойдаги доғ каби ҳусну-жамолини кўз-кўз қилишга тўсқинлик қилиб тургандек…
Қорачадан келган бу маҳкума қопағонликда олапарни ҳам уялтирадиганлар тоифасидан экан шекилли: «Тошингни терсанг-чи қанжиқ, бизни разборкага бурнингни тиқмасдан!» – деб ўшқирди-да, худди эркаклардек четга қараб тупуриб қўйди.
Уларнинг бири эса шеригининг мутлақо акси: одам анотамияси дарсида ундан бемалол кўргазмали қурол сифатида, аниқроғи, скелет сифатида фойдаланиш мумкин. Эт деган нарсанинг ўзи йўқ унда. Гўё ўттиз икки тишини қоқиб олишгандек, оғзи ўпирилган ўрага ўхшайди-я!
Эҳтимол шу бадфеъли, урушқоқлиги сабабдир, бечоранинг бошида туки ҳам қолмаган экан… олишувлар чоғида сочини ҳам битта қўймай юлиб олишгандек… У ўзидаги бор нуқсонларига гўё назоратчи гуноҳқордек унга ёвқараш қилди-да, тарсаки тортишга шайлангандек ингичка арқонни эслатувчи бўйнини чўзиб, у томон икки қадам босди. Бундай ҳамлаларни кўравериб кўзи пишиб кетган чамаси, назоратчи гап талашиб ўтирмади, лом-мим демай, улардан узоқлашди. Ёнимга келгач: «Бу исқиртларга тенг бўлиб, обрў топармидим» – деди хижолатдан ғудраниб.
Мен эса ҳамон қаерга олиб келганларини англолмай, лол эдим. Хонани бирма-бир кўздан кечирарканман, у ердаги шкафнинг пастида турган темир челакларга кўзим тушди. Не кўз билан кўрайки, уларда «ПСИХ.ОТД» деган ёзув бор эди. Юрагим шувуллаб кетди. “Наҳотки мени ақли заифга чиқаришган бўлса?”, деган ўй қалбимни ўйиб юборди.
Шундагина мени қамоқхонанинг руҳий касалликлар бўлимига келтирганларини англаб етдим.
Бир зумда атрофимни озғин ва ранглари зафарон маҳкумалар ўраб олишди. Уларга ҳайратланиб разм солдим: барчасининг эгнида касалхонаникига ўхшаш, аммо азбаройи эскилигидан ранги ўчиб, идраб кетган йиртиқ-ямоқ халатлар…
Гўё маҳкумаларнинг афтодаҳол рангу рўйи эгни-бошига уриб кетгандек, ёки аксинчамикин, эҳтимол, минг йиллик халатларнинг кўримсиз ранги маҳкума аёлларнинг юзига соя солаётгандир… Бу ҳолатдан бошим айланиб, кўзларим тиниб кетди.
Улар эса бири олиб, бири қўйиб мени саволга тутишарди… Кимлигим, қандай жиноятни содир этишда айбланиб, қамалганим, олган муддатим… Ҳаммаси ҳақида билиш қизиқ эди уларга.
Шунда кимдир: «Манимча бу “қулоқ”лардан бўлса керак, ҳушёр бўлинглар» – дея луқма ташлади.
Бунга жавобан: «Ҳа, эҳтиёт бўлинг, “қулоқ”дирман, эҳтимол» – дея мийиғимда кулиб қўйдим..
Мени олиб келган назоратчи маҳкумалардан орасидан кўм – кўк халатли аёлни имлаб чақирди-да, мени қабул қилиб олишни тайинлади. Унинг қулоғига нимадир деб шивирлаб ҳам қўйди. Кўк халатли менга бош-оёқ ошкора назар ташлади-да, назоратчига боши билан “бўлди” дегандек тасдиқ ишорасини қилди.
Кўринишидан эллик беш ёшларга бориб қолган паст бўйли бу маҳкумага қирқилган сочлари ўзига умуман ярашмасди. Назоратчи бизни тарк этгач, у ёнимга яқинлашди: – Исмим Таня, мен “псих.отдел”ни “дневальный”иман. Сиз менинг ёнимдаги кровотда ётасиз, – деди рус тилида.
(“Дневальный» – бу ойлик маош олиб ишлайдиган маҳкума).
– Нима учун мени бу ерга қамашди? Ахир мен руҳий касал эмасман-ку! – дедим беихтиёр.
– Мен ҳам ҳайронман, – елка қисди у, – Аслида қайси маҳкумани психиатрик бўлимга ётқизишлари керак бўлса, бир кун олдин ҳал қилинарди. Эртаси куни эса уни кечки текширувдан ўтказишгандан кейин бу ерга қабул қилинарди.
Янги келтирилган маҳкумалар ҳеч қачон тўғридан-тўғри психиатрик бўлимга ётқизилмасди. Аввал карантинга ётқизиларди. У ерда керакли ҳужжатлар расмийлаштирилгач, агар бизни бўлимга қарашли касали бўлса, бўлимимиз шифокори ўша маҳкума билан суҳбат ўтказарди. Қизиқ, нега сизни ана шу усулда қабул қилишмади экан?…
Энди иш пайти тугади. Бўлим шифокори Бахтиёр Тошхўжаев эса фақат душанба кунигина ишга келади. Душанбагача касаллар рўйхати аллақачон тасдиқланиб, ошхонага бериб қўйилган. Энди сизга душанбагача на овқат берилади, на нон… – у “эссиз” дегандек бошини чайқаб қўйди.
Шу пайт ҳали мени олиб келганларида бир-бирларига ўшқириб турган маҳкумалар муштлашиб кетишди. Лекин уларни ажратиб қўйишга ҳеч ким шошилмади.
– Сиз қўрқманг. Булар ҳам сизга ўхшаган аёллар, – олазарак бўлаётганимни кўриб, менга далда берган бўлди Таня, – Матрасингизни олиб кириб, ётоғингизга жойлайверинг. Мен ҳозир сизга халат олиб келаман. Бу ерда халат кийиб юришга мажбурсиз. Тўғри, халатлар эски, йиртиқ, ювилавериб идраб кетган, лекин на илож. Тўрт–беш йиллик халатларни ҳали ҳам кийиб юрилади…
Таня халатга кетгач, мени “қулоқ” бўлса керак” деган маҳкума ёнидаги шеригига қараб:
– Гончарга дубачка «Сенга топширилди» деди. Демак, Таня уни кузатиши ва хатти-ҳаракатлари ҳақида Штабга хабар бериб туриши керак. Эркин яшашимизга кўз тегибди, қизлар. Бу “қулоқ” эмас, контролда турганлардан экан, энди буни касрига текширувчилар бу ерга тинимсиз киравериб, қонимизга ташна қилишади энди, – деди зарда билан.
– Йўғ-э, қанақа контроль? Қара, ўзимизга ўхшаган оддий аёл-ку. Ваҳҳобийларга ҳам ўхшамаяпти-ку, – суҳбатдошининг сўзини инкор қилди иккинчиси.
– Кел, гаров боғлашамиз.
Эшитишим учун атайлабдан баланд овозда тортишаётганлардан бири қорачадан келган паст бўйли лўли, иккинчиси рус миллатига мансуб эди. Улар ёнимга келиб, менинг қаердан эканлигим, қамалиш тарихим, статьяларим ва муддатим билан қизиқишди.
– Саккиз йил срок беришган. Марғилонликман. Лекин тарихимни айтаман десам жуда ҳам узун тарих, – жавоб бердим қисқа қилиб.
– Ие-я, бу ҳалиги Фарғоналик журналист дейишаётгани сиз эмасми? – дея бақирди орқамда турган маҳкумалардан бири.
– Ҳа, мен ўша, – дедим «Ўтган кунлар»дагидек ва ҳазин кулиб қўйдим.
Аслида кулишим эмас, бу ҳолимга дод солишим керак эди. Лекин йиғимдан нима фойда? Ваҳшийлашиб кетган бундай кимсалар ичида кўз ёш тўккудек бўлсам, ожизлигимни сездириб қўяман-ку. Бу ҳолатим уларга қўл келиши мумкин. Йўқ, аксинча, бу оломон орасидан омон чиқишим учун ҳам иродали бўлишим, чидашим, хўрлик ва аламларни енгишим керак. Шарт бу.
– Заварка борми? – деди сочлари чиройли турмакланган маҳкумалардан бири кеширимга имо қиларкан. Маҳкума жавобимни кутмасдан, каттагина бўш идишини узатди менга. Мен уни оларканман, чап қўлининг тепа қисмидаги даҳшатли илон акс этган татуировкасига кўзим тушди. Идишига тўлдириб қуруқ чой солиб, қайтардим. Учта-тўртта маҳкума бирин-кетин ошхонага кириб, сув қайнаётган чойнак атрофида куймалана бошлашди.
Мен билан суҳбатлашаётган маҳкумалардан бири у ёқ, бу ёққа олазарак бўлди-да, «Гончардан эҳтиёт бўлинг. У қулоқ, қулоқ бўлганда ҳам қулоқларни энаси» дея шипшитди. Сўзларини англай олмаганимни фаҳмлагач, «Гончар бу – Таня, Таняни фамилияси Гончарова, шунинг учун унинг кличкаси Гончар» деганча мендан узоқлашди.
Палата деб аталувчи хонага кирдим. Бу ерда ўндан ортиқ кроватлар иккитадан қилиб жуфт-жуфт қилиб, қатор қўйилган.
Улар ўртасида бир одим келадиган очиқ йўлакчаларга худди шифохоналардагидек ёғоч шкафчалар қўйиб чиқишни ҳам унутишмаган. Тўрда ичкари хонага эшик бўлиб, у ерда ҳам айнан мана шу манзара намоён эди…
Мен кирган палатада иккита маҳкума бошини адёлга буркаганича ухлаб ётар, уч-тўртта маҳкумалар эса ўз кроватларида ўтирганча суҳбатлашарди.
– Сумкангизни мана, менинг кроватимни тагига қўйинг, – деди шунда суҳбатлашиб ўтирган маҳкумалардан бири ва розилигимни олмасданоқ, қўлимдаги юкимни олди-да, бориб, ўз кроватининг тагига тиқди. Кейин хатти-ҳаракатларига изоҳ бергандек қўшиб қўйди, – Опажон, хавотирланманг, сизни нарсаларингизга тегмайман. Лекин ҳозир мана бу ерга беркитиб қўймасангиз, бир зумда ҳеч нарсангиз қолмайди, талон-тарож қилиб юборишади. Ҳеч вақонгиз қолмаса, қандай кун кечирасиз бу ерда, ахир? Сизга раҳмим келиб, сумкаларингизни олиб беркитдим. Ҳалироқ нарсаларингизни жойлашга ўзим ёрдам бераман, хўпми?
Шу орада палатага кирган Таня қўлидаги идраб, азбаройи униқиб кетганлигидан асл ранги қанақа эканлигини ҳам англаб бўлмайдиган йиртиқ халатни кроватим устига ташлади ва сумкамни кровати тагига тиқаётган маҳкумага хўмрайиб қаради.
Кейин менга қараб: “Сумкангни уни кроватининг тагидан дарҳол қайтариб ол”, – дегандек ҳеч кимга сездирмасдан имо қила бошлади. Мен гарчи имони тушунган бўлсам-да, шошилмадим. Аввал жойлашиб олишга қарор қилдим. Таня кўрсатган бўш жойга матрацни ташлаб, жойимни тўғрилай бошладим.
Шу пайт меники билан ёнма-ён кроватда ухлаётган маҳкума уйғонди. У билан саломлашарканман, тезроқ жойимни тўғрилаб, тамадди қилиш ҳақида ўйлардим. Азбаройи очлигимдан бошим айланиб, кўзларим тиниб, силлам қуриб борарди.
Уйқудан турган маҳкума менга бир муддат тикилиб турди-да: «Мўътабар опа» – деб қичқириб юборди. Мен эса уни таний олмасдан, ҳам ҳайрон, ҳам хижолат бўлиб турардим.
– Мани танимаяпсизми, опа? Ман Гуллоламан.
Исмини эшитгачгина, озиб-тўзиб кетган бу аёлни эсладим. У Фарғонадаги тергов ҳибсхонасида мен билан бир камерада ўтирган Деҳқонова Гуллола эди.
Гуллола билан январь ойида мени Тоштурмага жўнатган пайтларида хайрлашгандик. «Наҳотки олти ой ичида одам шунчалар озиб-тўзиб кетиши мумкин бўлса?» – деган ўйда кўзларимга ишона олмай қараб қолдим. Гуллола югургилаб ёнимга келиб, мен билан қучоқлаб кўришди-да, чаққонлик билан жойларимни тўғрилашга ёрдам бера бошлади.
– Нарсаларингиз қани?
– Анави наркоман Муқаддас ўзини кровати тагига жойлаб қўйди. Буни огоҳлантиришга ҳам улгурмай қолдим. Энди бермаса ҳам керак нарсаларини, – секингина пичирлади Таня.
– Нимага бермас экан? Кўрсатиб қўяман унга, қани, бермай кўрсин-чи, – важоҳат билан қичқирди Гуллола, – Вой, опажон, бу ерда нарсаларингизга жудаям ҳушёр бўлинг. Бир зумда шип-шийдам бўлишингиз ҳеч гап эмас! Ҳеч вақосиз қолиш эса, очлик ва яна очлик дегани!
У шундай деганча шахт билан ўрнидан туриб нарсаларимни кровати тагига беркитган маҳкумага лом-мим демасдан, кроват тагидан сумкаларимни суғуриб ола бошлади. Шу дамда сумкамни ётоғи тагига қўйган маҳкума хонага югуриб кириб келди-да сумкаларни жойига қўйишни талаб қилди. Амрига бўйсунмаган Гуллолани сочларига ёпишиб, ёввойи мушукдек юз-кўзини тимдалай бошлади.
– Бу менинг опам. Нимага опамни нарсаларига хўжайинчилик қиласан? – томоғи йиртилгудек бақириб, ўзини ҳимоя қила бошлади Гуллола.
– Алдама! Қанақасига сени опанг бўларкан? Қани, сумкаларни яхшиликча жойига қўй. Бўлмаса кунингни кўрсатаман сени!
– Вой-вой-ей, қўрқиб кетдим-ку, – аввалига мазах оҳангида гапирган Гуллола, бирдан хужумга ўтди, – Мана сенга, мана сенга. Бировни нарсасига кўз олайтириш мана шунақа бўлади, – Муқаддаснинг дуч келган жойига беаёв тепаётган Гуллола ҳар тепганда “Мана сенга! Мана сенга!” деб қўярди.
– Қани, сумкаларни жойига қайтариб қўй. Билиб қўй, мен ўлжамни бировга бериб қўядиган аҳмоқ эмасман, – овозининг борича ўкирарди Муқаддас.
– Ҳали мени опам сенга ўлжа бўп қолдими? Мана бўлмаса сенга ўлжа, мана, – Гуллола бу сафар Муқаддасни юзига чанг солди.
– Тварь, яхшиликча қўйиб қўй жойига сумкаларни, бўлмаса ўлдираман сени, – таҳдид қилди яна Муқаддас.
– Сен ўлжа деяётганинг мени опам бўлади, бу бир. Иккинчидан, бу опа Рустам акага қарашли. Қўлингни торт яхшиликча, – чирилларди Гуллола.
Шунда Фарғонадаги тергов ҳибсхонасида экан пайтимизда Гуллола ва бошқа маҳбусалар билан аёллар қамоқхонаси ҳақида қилган суҳбатларимиз эсимга тушди.
Олдин қамалиб чиққан маҳбусалар Рустамни яхши танишлари ҳақида гапириб бергандилар. Мен ҳам уларга ўз ўрнида Рустамни мени қариндошим дея таништиргандим.
– Рустамга қарашли бўлса, нимага ўзининг одамларини кутиб олганидек қарши олмади буни? – овозининг борича ўшқирарди Муқаддас.
– Буни Рустам акани ўзидан сўрайсан, билдингми?
Рустамнинг “одами” эканлигимни эшитган Муқаддас сўкина-сўкина нари кетди.
Муштлашувлардан толиққан Гуллола ғолибона тарзда сумкамни келтириб ёнимга қўяркан: “Оч қолгандирсиз-а, опа?” – деди гўё ҳеч нарса бўлмагандек ва югургилаб бориб, чой қўйиб келди. Кейин сумкамдан ул-бул егулик олди-да, ёғоч шкафчанинг устига “дастурхон” тузай бошлади.
– Қуруқ чойингиз борми?
– Ҳа, бор. Ҳозиргина анави аёл сўраганди катта идишини тўлдириб бергандим. Ўша идишдан олиб, дамлай қолинг. Жудаям оч қолиб кетдим, – дедим.
Сўзларим ёқмаган Гуллола менга норози тикилди:
– Опажон, бу ер биз ўтирган тергов ҳибсхонаси эмас. Бу ерда ким нимаки сўрамасин, ҳеч кимга ҳеч нарса бера кўрманг. Агар бир марта бергудек бўлсангиз, кейин талаб қиладиганлар яна кўпаяверади. Агар бермасангиз, қўл кўтаришгача боришади. Сиз берган қуруқ чойнинг ҳаммасини чефир қилиб ичиб ўтиришибди, – деди у ошхона томон имо қиларкан.
(ИЗОҲ: Чефир деган сўз айрим китобхонларга нотанишдир, эҳтимол. Чефир – бу бир пачка қуруқ чойга бор йўғи бир-икки пиёла қайноқ сув солиб, ниҳоятда аччиқ, қоп-қора, айтиш мумкин бўлса, заҳар-заққум қилиб тайёрланган чой. Одатда, қамоқдаги гиёҳвандлар ана шу тайёрланмани ичиб, нафсларини қондиришади.)
Биз Фарғонадаги тергов ҳибсхонасида эканлик пайтимизда Гуллола ҳомиладор эди. Шунинг учун шоша-пиша унинг қорнига қараганимни сезди-да: “Тушиб қолди, опа”- деди хўрсиниб.
– Вой нега? Қандай қилиб? – дегандим, ёнимизда ўтирганларга имо қилиб “Гаплашмайлик бу ҳақда” деди оҳиста. Мен бу унинг учун оғир мавзу бўлганлигини ҳис қилиб қайтиб оғиз очмадим.
Таня, Гуллола, мен ва эти суяк-суягига ёпишиб, кўзлари ичига чўкиб кетган ўзини Муҳаббат деб таништирган маҳкума аёл – тўртталамиз биргаликда сумкамдан олинган егуликларни баҳам кўриб, чой ичдик.
Гап орасида Таня Гуллолага: – Опангга бу ердаги тартиб қоидаларни ўргатиб қўй, жудаям содда экан. Агар ҳушёрроқ бўлмаса, шу феъли билан қийналиб қолади бу ерда. Ўзига пишиқ бўлсин.
Кўрмайсанми, қуруқ чой сўрашса, идишини тўлдириб солиб берди. Анави наркоман эса дарров қўлидан сумкасини олиб, кравати тагига тиқиб олди. Бир нарса деёлмай тургандим, «Энди ҳеч нарсасини қайтиб кўрмайди, ололмайди» – деб, хавотирдайдим. Яхшиям вақтида сен уйғониб қолдинг ва таниш чиқиб қолдиларинг.
Анави Самарани Гулшан билан гаплашаётгани қулоғимга чалинди: “Янгилигида алдаб, бирор нарса оволмасак бир-икки кунда ҳеч вақосиз қолади” – деб пичирлашаётганди улар. Ҳозир улар опангдан сигарет сўрамоқчи. Унга шипшитиб қўй, бермасин, – деди.
– Ким, анави ВИЧ, казёл-а? Кўрсатиб қўяман унга сигарет сўрашни, – Танянинг гапига жавобан асабийлашиб ўшқирди Гуллола.
Яна муштлашув бошланишидан чўчиб: “Гуллола, қўйинг, бақирманг, бу ерга кирганимга бир соат ҳам бўлмади-ю, лекин ғала-ғовур, ур-йиқитни кўравериб чарчаб кетдим”, – дедим бошимни чангаллаб.
– Эҳ опажоним, бу ерни қамоқхона, деб қўйибдилар. Бу ердаги ҳаёт мана шунақанги ур-йиқитлардан, кучлилар кучсизларнинг нарсасига кўз олайтириш, тортиб олиш билан ўтади. Бу ердагиларнинг ҳаммаси оч қолган бўрига ўхшайди. Шунинг учун нарсаларингизга эҳтиёт бўлинг, дейман-да, – яна шанғиллай кетди у, – Айниқса, сигаретларингизни эҳтиёт қилинг. Ҳали кўрасиз, бу ерда турли хил оғир ишларни бажаришга мажбур қилишади. Агар қўлингизда сигаретингиз бўлса, қийналиб ўтирмайсиз, обмень қилиб, ўрнингизга бирортасини ишлатасиз. Эҳ-ҳе, ҳаттоки ҳожатхоналарни тозалашга ҳам мажбур қилишади. Сигаретларингиз ана шундай пайтларда асқотади. Сигарет деганига бу ерда ҳатто анқонинг уруғини ҳам топса, сотиб олса бўлади, билиб қўйинг! Бу ерда сигарет соққа ролини бажаради, билдингизми?..
* * *
ИЧАК-ЧАВОҒИНГНИ ЧИҚАРИБ, ҚЎЛИНГГА ТУТҚАЗАМАН!
Гуллоланинг тамаки тўғрисидаги тафсилотлари тугар-тугамас, эти суягига ёпишган, мурда ранг, Самара исмли эркак башара маҳкума рўпарамда пайдо бўлди:
– Сигаретдан чиқар! – буюрди у важоҳат билан.
– Сизни тушунмадим… мендан нима керак сизга? – дедим унинг бақаникидек бўртиб чиққан кўзларига тикилиб.
– Сендан-ми? – тумшуғини хиёл мен томон чўзди у, – менга ўн пачка PINE керак. Сумкангни оч-да, сигаретдан чиқар!
Ҳалигина шер бўлаётган Гуллола лом-мим демай, ер шохлаб ўтирарди. Таня эса қўрқа-писа нарига кетди.
– Менда сигарет йўқ десам ёлғон бўлади. Бор. Лекин ўзимга ҳам зарур у. Узр, беролмайман, – дедим оҳиста, аммо қатъий оҳангда.
Янгигина қамоқхонага, яна “псих.отделение”га кириб келган биринчи ходка маҳкумадан бундай жавобни кутмаган Самара тутақиб кетди. Мен ўтирган кроватнинг бир томонини куч билан кўтарди-да, ерга ташлади ва жангари хўроздек мен томон ташланди; – Мен сенга кеккайиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман! Яхшиликча бер деяпман сенга!
Бу пайтда мен саломга яраша алик қайтарсамгина қамоқхона қаъридан омон чиқишим мумкинлигини аллақачонлар англаб етгандим.
– Нима, мени сендан қарзим борми? Нега менга ўшқирасан? Бор, бор сигаретим! Аммо кўп чиранма, барибир сенга бермайман! Билдинг? Сен ўзи кимсанки, мендан талаб қиласан? Ёки эртага зонага чиққанимда оғиримни енгил қиласанми? – овозим борича бақирдим мен ҳам.
– Зонага чиққанингда сигаретинг билан тирикчилик қилмоқчимисан? Кўрсатиб қўяман сенга. Агар менга сигарет бермасанг, билиб қўй, ҳолингга вой бўлади! Ичак-чавоғингни чиқариб, қўлингга тутқазаман, мана кўрасан! – чиранишда давом этди Самара.
– Қўрқитиб оламан десанг, овора бўласан! Бунақа номерларинг менга ўтмайди! Яхшиси, чиранма! Қилмишларинг ўзингга қимматга тушмасин яна! Тушундингми?! – ундан-да устунроқ келишга уринардим мен.
Шу пайт бизни ёнимизда сумкамга эгалик қилмоқчи бўлган Муқаддас пайдо бўлди. У Самарага яқинлашиб, қулоғига: “Бу Рустамга тегишли экан, шунинг учун мен ҳам сумкаларини қайтариб беришга мажбур бўлдим” – дея шипшиди.
Кутилмаган янгилик Самарани шошириб қўйди шекилли: “Мен сендан сигарет сўраган бўлсам қарзга сўрадим. Дачкамни олишим билан қайтариб берардим. Шунга шунча шанғилламасдан, беролмаслигингни айт-да, қўй, етади, гап талашиб-тортишмасдан, – дея ғўнғиллаганча ошхонага қайтиб кетди.
Шу алфозда қамоқхонадаги ва психиатрик бўлимдаги биринчи куним ниҳоясига етди. Таня айтганидек, душанба кунига қадар психиатор Бахтиёр Тошхўжаевдан ҳам дарак бўлмади. У мени бўлимга қабул қилиб олганлигим ҳақидаги қоғозга имзо чекиб, то ошхонага топширмагунича менга овқат ҳам, нон ҳам берилмади.
Яхшиямки, сумкамда бир неча кунга етгулик озиқ-овқатим ва анчагина сигаретларим бор. Нон ва овқат олиш учун менга рухсат теккунга қадар, ўзимда бор егулик билан кун кечириб турдим.
Биргина менинг сумкамдаги озиқ-овқатларни тўрт киши баҳам кўряпмиз. Таня, Гуллола ва Муҳаббат ҳам негадир менинг доимий шеригимга, яъни “однохлебкам”га айланишди.
* * *
ЗИНДОНДАГИ ИККИНЧИ КУН
Бугун 8 июль – Қамоқхонадаги иккинчи куним ҳам тўс-тўполон, бақир-чақир билан бошланди. Қаттиқ тарақ-туруқ, қий-чувдан уйғониб кетдим.
Эндигина тонг отган бўлишига қарамай ташқи ҳовличада аллақачон икки маҳкума бир-бирини қора қонга бўяб улгурган, қўлларига тушган нарсалар билан “қуролланган” хонимлар бир-бирига қутирган шердай ҳамла қиларди.
“Томошабин” вазифасини уддалаётган Таня менга “жўжа-хўрозлар”ни таништира кетди: “Анави узун супирги билан рақибига қақшатгич зарба бераётгани Гуля, ҳўл сочиғини хивчин қилиб, “душмани”ни аёвсиз савалаётгани эса Хадича. Оғзи-бурни қонга тўлиб муштлашаётганларни ҳузур қилиб кузатаётган эса Катя”.
Танянинг айтишича, бу икки жангари айнан ана шу Катяни талашиб ташлашаётган эмиш. Кимнинг қўли баланд келса, Катя шунга тегишли бўларкан. Уни қўлга киритиш орзусидаги маҳкумалар жондан кечса кечадики, ундан воз кечишмасмиш. Шунинг учун бўлса керак маҳкумалар жанги барҳам топай демасди…
– Айтадилар-ку эр бермоқ, жон бермоқ деб, – деди шу пайт “томошабинлар”дан кимдир. Мавжуд вазиятга тўғри келмайдиган иборанинг ўринсиз қўлланиши ғалати туюлди менга. “Мақолнинг мағзини билса гапирса-да” – дедим ўз кўнглимда икки қошларимнинг ўртаси норози тугилиб.
– Буларнинг разборкасига аҳмоқ одамгина аралашади, Мўътабар, – дея қўшиб қўйди Таня “доно”лигини кўз-кўз қилгандек.
– Аралашиш ниятим йўқ ҳалиям, – дедим ювиниш учун сумкамдан сочиқ-совунимни оларканман…
* * *
ОЧЛИКДАН СИЛЛАСИ ҚУРИГАН МАҲКУМАЛАР!
Мен қамоқхонага келтирилишимдан икки кун олдин узоқ муддатли учрашувга чиққан Мадина бугун каттагина озиқ-овқатга тўла сумкани кўтариб, учрашувдан қайтди. У палатага кириб келиши билан дарҳол беш-олтита маҳкумалар атрофида парвона бўлиб, унга ялтоқлана бошлашди.
Сумкасидаги егуликларни кичик идишлар, пиёлаларга солиб, беш-олтита маҳкумага тарқатган Мадина яна тўрт-беш нафар маҳкумага мулозамат кўрсатиб уларни бирга овқатланишга чақирди. Унинг ёнгинасидаги кроватда эса бир маҳкума ҳолсиз ётарди. Унинг шундоққина биқинида эса бошқа маҳкумалар тўп бўлиб, овқатланишмоқда.
Кўз қирим билан палатани кузатарканман, егулик улашилмаган маҳкумаларнинг мунғайиб қолганларига гувоҳ бўлдим. Улар палатага ҳукмронлик қилган овқат ҳиди димоқларини қитиқлаб, иштаҳаларини очиб юборишларидан чўчиётгандек устма-уст тамаки тутатишарди.
Йўқ, аслида паловхонтўранинг хушбуй ҳиди шундайин ҳам оч бўлган бу маҳкумаларнинг аллақачон иштаҳасини карнай қилиб улгурган, улар ана шу бемаврид очилган иштаҳасини бўғиш учун ҳам сигаретни бир–бирига улаб чекардилар.
Уларни кузатарканман, вужудим титраб кетди: Бечоралар… наҳотки мен ҳам ҳали шундай ҳолатга тушиб қолсам, деган қўрқувдан этим увишди. Бир неча кундан кейин егуликларим тугаса, нима қиламан – билмайман. Керакли нарсаларни юборишларини тайинлаб тезроқ уйдагиларга хат ёзиб жўнатишим кераклигини англагандим ўшанда…
Ёнингда очликдан мўлтираб турган маҳкумаларнинг кўзи ўнгида томоғидан овқат ўтадими кишининг?
“Зонада очликдан силласи қуриб кетган маҳкумани ёнида бошқа бир маҳкума шериги бемалол овқатланиб ўтираверади. Қамоқда бир дона қандни ёки бир бурда нонни маҳкумалар бир-бирига шунчаки мурувват қилиб бермайдилар, беролмайдилар. Чунки маҳкумалар доимо очликдан, йўқчиликдан қийналадилар” деганларида ишонмагандим. Мана ўзим гувоҳи бўлиб ўтирибман.
Шу пайт ичкаридаги палатадан озғинлигидан букчайиб қолган ўрта ёшлардаги бир рус аёл қўлида кичкинагина идиши билан чиқиб келди-да, ошхўрлик қилиб ўтирганлар яқинига бориб, нимадир деб шивирлаб, қалтироқ қўллари билан идишини овқатланиб ўтирганлар томонга узатди.
Назаримда, озгина ошдан беришларини сўраб, очлигини айтди чамаси. Унинг сўрови маъқул келмади, шекилли, узун бўйли маҳкума (кейин билишимча Жайнак лақабли Нилуфар деган лўли қиз экан) шартта ўрнидан туриб, ҳалиги рус аёлни ёқасидан олди-да, силтаб-силтаб: “Йўқол, иштаҳани белига тепмасдан!” – деб ўкирганча, итариб юборди.
Бундай ноҳуш ҳолатни кузатарканман, сумкамдан битта идишга қуритилган нон, битта “«Галина Бланка»”, бир пачка KARVON сигарет ва бир сиқим конфет олиб, қўшни палатага ўтдим. Очликданми, хўрликданми, эзилиб йиғлаётган аёлнинг ёнига бориб, уни ўзимга қаратдим. “Мана бу “Галина Бланка”дан суп қилиб, сухари билан ичиб олинг” дедим.
Аёл мен келтирган нарсаларга бир зум қараб турди-да, баттар ҳўрлиги келиб, яна йиғлаб юборди. Мен уни нима деб юпатишни билмай, нарсаларни қолдириб, секингина ундан узоқлашдим. Мен нари кетгач, аёл емаклар солинган идишни маҳкам бағрига босди.
Палатадаги меҳмондорчиликдан баҳраманд бўлмай қолган бечоралардан яна бири Муҳаббат келиб, мени ёнимга чўкди.
– Мўътабар опа, сиздан бир нарса сўрамоқчи эдим. Рустам ака сизга ким бўлади? Ростдан ҳам қариндошингизми? – сирли шивирлади у.
– Нега сўраб қолдингиз?
– Биласизми, қариндошингизми десам, уни миллати лўли, қариндошингиз эмас десам, иккалангизнинг юз тузилишингиз жуда ўхшаб кетади, сочларингиз ҳам бир хил кесилган… бир бирингизга ўхшаш жойларингиз кўп… Ҳаттоки фамилияларингиз ҳам бир хил, – деди Муҳаббат чўкиб кетган кўзларини пирпиратиб, – Биласизми, Рустам акамни хотини бор. Янгамизнинг исмлари Саидахон. Хоразмлик.
Айтмоқчи, биласизми, бу ерда кобелларгина сизникидақа калта қирқилган соч билан юришади. Сизнинг бошингизни ҳам иккита қилиб қўяйликми? Кейин сизга исм ҳам қўямиз. Мана, масалан Баҳодир ака. Рустам ва Баҳодир. Қалай?! Зўр-а!? Бўладими?
– Йиғиштиринг унақа майнавозчиликни! Азалдан сочим шунақа қирқилган бўлса, энди бу ерда кобелларнигина сочи шунақа бўларкан, деб энди кобел бўлайми?
– Нима бўпти?! – дея кулди Муҳаббат, – Биттасига уйланиб оласиз, қарабсизки, ҳамма хизматингизни қилиб юради “хотинингиз”. Кирларингизни ювади, дазмоллаш, массаж дегандек…
– Бас қилинг!; – дея амр қилдим хиринглаётган Муҳаббатга.
– Ҳазиллашдим, опажон, ҳазиллашдим. Сиздан бир нарса сўрамоқчи эдим. Шунга келдим олдингизга.
– Сўранг? Бундан кейин бугунгидек беъмани гапларингизни менга қайтариб гапирманг. Мен бунақа гапларингизни эшитадиган одам эмасман; – дедим гапни қисқа қилиб.
* * *
КАСАЛИМ ОХИРГИ СТАДИЯСИДА! БУЁҒИ ҲАМ ОЗ ҚОЛГАН!
Ёнимга ўтириб олиб мўлтонилик қилаётган Муҳаббат рўпарамизда тўпланиб ўтириб, қошиқларини чарақ-чуруқ қилиб паловни ошалаётганларга ўғринча ютиниб қараб қўйиб, мақсадга ўтди:
– Биласизми опа, мен асли Сурхандарёликман. Оилада икки фарзандмиз. Мен ва синглим. Мана олти йилдирки қамоқдаман. Оиламдагилар на хат ёзишади, на кўргани келишади. Шу олти йил ичида ҳатто бир мартагина ҳам “передача” жўнатишгани йўқ. Яхшиямки ВИЧни орттириб олган эканман. Касаллигим учун бериладиган тухум, қанд ва творогларни сотиб кун кўраман. Бир кун носим бўлмаса, жинни бўлиб қолай дейман. “Бычок”териб кун кўраман, – деди Муҳаббат аянчли аҳволини ошкор қилиб, – Гуллола айтди, қариндошларингиз сизни жуда яхши кўришар экан. Изоляторга киритмаган нарсалари бўлмаган экан. Фарғонадаги тергов изоляторида сиз билан маза қилиб ўтирганини гапириб берди. Шундай одам бу ерга запаслар билан келган бўлсангиз керак?
Илтимос, менга биттагина тиш пастаси билан кир совун беринг. Тиш пастам қолмаганига бир ойдан ошди. Сотиб олай десам қиммат. Кир совун берсангиз, ҳозироқ кирларимни ювиб олардим.
Хлор топиб берсангиз, сизнинг тўшакпўшингизни ҳам оқартириб берардим, хоҳлайсизми? Айтмоқчи, тухумми, нонми керак бўлса, менга айтинг, ўзимникини сотаман сизга. Ўзимда бўлмаса, топиб бераман, – Муҳаббат тинимсиз сўзлар, гапларини тугатай демасди, – Ҳа, яна, опажоним, хафа бўлмасангиз, яна бир нарса сўрасам…
Сизда иккита қора майка бор экан, нарсаларингизни жойлаётганингизда кўзим тушган эди. Менинг биттагина мана шу эски майкам бор, холос, – у азбаройи эскилигидан ранглари ўчиб, титилиб кетган эгнидаги майкасига ишора қилиб, оғир хўрсинди, – Опажон, биттагина майкангизни берсангиз, умримнинг охиригача дуо қилиб ўтардим. Умрим охиригача деганимга, эллик ёшга кирса, шунча йил эсидан чиқармасдан дуо қиларканми мени? Алдаяпти, деб ўйламанг яна. Касалим охирги стадиясида. Буёғи ҳам оз қолган, – ич-ичига кириб кетган нурсиз кўзларига ёш тўлди унинг…
Бир пайтлар рисоладагидек қиз бўлган экан у ҳам. Аммо “яхшининг шарофати, ёмоннинг касофати” деганларидек, ёмон одамларга илакишиб, гиёҳвандлик дардига мубтало бўлган экан. У савилнинг бир грамми фалон пул турса, ўз вақтида таъмини тотиб турмаса бўлмайди, олай деса, ҳалигидек, нархи осмонда…
Нима қилсин, охири бўлмади, ҳатто ўз уйига ҳам ўғриликка тушиш даражасига бориб етди шунинг дардида. Ярим тунда ухлаб ётган синглисининг қулоғидан тилло зирагини ечиб олмоқчи бўлиб уринган, бўлавермагач, юлқиб қочган. Зиракни шунчалар куч билан тортганки, оқибатда синглиси бечоранинг қулоғи йиртилиб кетган. Бундай бедодликдан дарғазаб бўлган ота-онаси Муҳаббатни қайтиб кечиришмаган, ундан бутунлай воз кечишган…
Муҳаббат аччиқ ўтмишини эслаб ҳикоя қиларкан, аламдан эзилиб йиғлар, кўз ёшини тўхтата олмасди. Шу тобда унга раҳмим келди. Йиғлашни, кўз ёш тўкишни унутмабдими, демак ҳали одамийлик қиёфасини батамом унутмаган…
Шу ўйлар оғушида унга битта кир совун ва каттагина тиш пастасини узатдим. “Майка ҳам беринг, опажон”, дея мўлтираган эди, яп-янги қора майкамнинг биттасини ҳам беришга қарор қилдим. У майкани оларкан, фикрим ўзгариб қолишидан қўрққандек, дарҳол эгнидаги жулдурвоқи майкасини шаррилатиб йиртиб, ечиб, янгисини илиб олди.
У дуо қила-қила мендан узоқлашганди ҳамки, палатага Гуллола кириб келди: – Опажон, бу нима қилганингиз? Нега нарсаларингизни тарқатиииб ўтирибсиз? – хитоб қилди у ташқарига чиқиб маҳкумаларни майкани кўрсатиб мақтанаётган Муҳаббатдан кўз узмасдан.
– Бечора олти йилдан бери қамоқда экан. Ортидан ҳеч ким йўқлаб ҳам келмасакан-ку. Йиғлади шўрлик, раҳмим келди, – дедим ачиниш билан.
– Эҳ, опа-ей, ҳали зонага чиқсангиз сон мингта очни кўрасиз. Уларнинг барчасини ҳам таъминлайман, дерсиз ҳали? Шунча одамга қаердан топиб берасиз нарсаларни? Ҳаммаси ҳам бер дейди, мошенниклик қилиб кўз ёши тўкади, раҳмингизни келтириш учун. Сизни қаранг-у, содда бўлманг-да. Нима учун оила-аъзолари Муҳаббатдан юз ўгирган, биласизми ўзи? – ғазаб билан пишқирди Гуллола ва жавобимни кутмасдан яна ўзи жаврай кетди, – гера домига тушиб қолиб, ўз уйига ўғриликка тушган у. Ухлаб ётган синглисининг қулоғидаги болдоғини ечиб олмоқчи бўлган. Уддасидан чиқолмагач, биласизми, нима қилган?
Эй! Ўз синглисининг битта қулоғини балдоғ-палдоғи билан кесиб олган. Оғриқдан уйғониб кетиб, дод солган синглисини бўғаётганида у опасини таниб қолган.
Шунда Муҳаббат: “Айтсанг, ўлдираман!” – деб қўлидаги пичоқни унинг бўғзига тираб қўрқитган-да, оғриқнинг зўрига чирриллаб йиғлаётган синглисини тагига босиб туриб, иккинчи пой зиракни ҳам унинг қулоғидан ечиб, олиб қочган.
Мана сизга, раҳмингиз келган одамнинг аҳволи! – у кўрсатгич бармоғини ҳавода ўйнатаркан кейинги сўзларига алоҳида урғу берди, – Шуни билиб олинг, опагинам, бу ерда бир-бирини шилишнинг уч хил усули бор: биринчиси – дўқ-пўписа билан тортиб олиш; иккинчиси – мулойим гаплар-у, йиғи-сиғи билан кўнглингизни юмшатиш орқали шилиш.
Учинчи тоифадагилар эса на дўқ қилади ва на ялинади. Жимгина ўмаришади. Сиз эндигина икки ҳил усулига дуч келдингиз. Агар Самара ҳам сиздан сигаретни ялиниб сўраганида эди, берардингиз. Қўрқитиш йўли билан сиздан нарса ундириб бўлмаслигини билган Муха (Муҳаббатнинг лақаби шундай эди) раҳмингизни келтириб, Самара сўрагандан ҳам кўпроқ нарсаларингизни тортиб олди сиздан. Бу ерда деярли ҳамма маҳкумалар бир-бирини мана шундай алдаб-авраб кун кўради, агар билсангиз.
Менинг бир сўз демай, сукут сақлаб турганимни кўрган Гуллола яна ўз гапларини асослаш мақсадида уқтира кетди, – Ана, Муханинг ВИЧ касалларига бериладиган нарсаларидан б-и-и-р сўраб кўринг-чи? Беришга кўзи қиярмикин? Сиз келганингиздан буён бизга шерик бўлиб олган. Сизнинг нарсаларингиз ҳисобига кун кўрмоқда. Лекин ўзига бериладиган тухум, қанд ёки творогидан бирор маротаба ҳам ўртага ташлаганини кўрдингизми? Йўқ. Ўзининг нарсасидан дастурхонга қўймайди, қизғанади, тўғрими? Шунақа, ўзига берилаётган нарсаларини сотади-да, яна уялмай-нетмай сизни нарсангизга шерик бўлади.
– Қайдам… – дедим бирор–бир аниқ фикр билдиришга иккиланиб.
– Эсингиздан чиқмасин, албатта, атай сўраб кўринг. Ўшанда биласиз бу раҳмингизни келтириш учун сохта йиғи-сиғи қилган Муханинг ҳақиқий қиёфасини. Сизда тамаки кўплигини билгани учунам кўпроқ сигарет ундиришга ҳаракат қилади сиздан. Ишонмасангиз, б-и-и-р синаб кўринг-а, кейин ўзингиз биласиз…
Айни шу куни тушлик маҳалида палатага кириб келган Муха қўлидаги кичик бир помидорни боши узра кўтариб: “Ким помидор олади? Кимга керак?” – деб кўз-кўз қила бошлади. Гуллола мени туртди-да, “сўранг” дегандек имо қилди.
– Муха, менга бера қолинг шу помидорингизни? – сўрадим синаш учун.
– Қиммат-да, – деди у бошини раққосалар сингари ликкиллатиб.
– Хўп, қанча?
– Сизга уч пачка Карвон, – деди у кўрсатгич, ўрта ва номсиз бармоқларини кўрсатаркан.
– Йўғ-е? Қиммат эмасми? Келинг, икки пачка Карвонга бера қолинг, – дедим молининг нархини тушириб, – шу ерда ўзимиз бўлишиб еймиз-ку.
– Қўйсангиз-чи, онажон, помидорсиз овқатлансам ҳам тешиб чиқмайди мени. Ундан кўра пуллаганим афзал. Агар сотиб олмоқчи бўлсангиз, айтилган миқдордаги Карвонни чўзинг-да, кейин бемалол дастурхонга қўяверинг, – деди у эшилиб.
Мен у қадар гўл ва содда эмас эдим. Ҳалигина саккиз–тўққиз пачка PINEнинг нархини қоплайдиган нарсаларимни олган ва бу ерга келганимдан буён нарсаларимни ўртада еяётган Мухани шунчаки, синаб кўргим келганди, холос.
– Майли, розиман, олиб келинг, – дедим.
– Эээ, йўқ, олдин сигаретларни чўзинг, онажон, кейин оласиз помидорни, – деди Муҳаббат.
Сумкамдан уч пачка Карвон сигаретни олиб унга узатдим. Муҳаббат менга чумчуқнинг тухумидек помидорини берганидан кейин, уни тўртга бўлиб, дастурхонга қўйдим.
Не ажабки, Муха помидор бўлагига биринчилардан бўлиб қўл чўзди ва уни апил-тапил оғзига тақди. Ўзига тегишли сарёғни ҳам нон бўлагига ҳафсала билан суртиб еб тугатгач, яна бир бурда нонга ўзини улуши бўлмаган сарёғни олиб, қалин қилиб суркаб, танаввул қилишга тушди. Мен уч пачка Карвонга яхшигина сабоқ сотиб олган эдим ўзимга…
Давоми бор.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish