Ғанихон Маматхонов: Қачон халқ бўласан, эй Сен Ўзбегим! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 7)

* * *

 ҲУҚУҚ ФАОЛИ ҒАНИХОН МАМАТХОНОВ: ЎЗБЕКИСТОНЛИК АНЖЕЛА ДЕВИСНИ ҚУТҚАРИНГ!

Президент Ислом Каримовга; Халқаро, маҳаллий матбуотларга, ўзбек ҳалқига мурожаатнома телеграмма

Қачон халқ бўласан, эй сен ўзбегим?! Ўзбек халқининг ҳимоя қалқони – Мўътабар Тожибоевани ҳимояси учун кўмакка қалқи ўзбегим!

27 октябрь 2005 йил                                   

Бугунги кунда Фарғона водийсидаги маъмурий органлар, маҳаллий ҳокимият амалдорлари томонидан қонуний ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган камбағал, мазлумларнинг ҳимоя қалқони бўлиб келган Мўътабар Тожибоева бошига кулфат тушган.

Камбағал бечораларни ҳимоя қилиш жараёнида жуда катта идораларнинг амалдорлари тинчини бузгани учун ўзига душманлар орттирган инсон ҳуқуқи ҳимоячиси – ўзбек қизи Мўътабар Тожибоева бугун ўша қонунбузар амалдорлар қўлида тутқунда. Куни кеча бирор-бир амалдор ҳуқуқингизни бузганда дарҳол Мўътабар Тожибоева хонадонига бош уриб боргансиз. Тонг саҳар ҳам, ярим кечаси ҳам хонадони бечора мазлумлар учун очиқ бўлган Мўътабар Тожибоева бугун қамоқда.

У 2005 йил 7 октябрь куни тунда Ирландияда ўтказиладиган Ҳалқаро симпозиумда иштирок этиш учун самолётда Москвага учиб кетиш учун Тошкентга кетиши арафасида ҳибсга олинди.

Биз сизлардан Мўътабар Тожибоевани ҳимояси учун кўмак беришларингизни сўрашдан олдин уни қамоққа олинишига асос бўлган сабаб ҳақида бироз тўхталайлик.

Тоҳир, Отабек исмларига доғ туширган бир кимса «Мўътабар Тожибоева мени ўлдириб юбориш, қаматиш билан қўрқитиб, бир миллион сўм талаб қилаяпти» деб Фарғона вилоят прокуратурасига 2005 йил 6 октябрь куни шикоят ариза билан борганмиш.

Уни шикоят аризасини кўтариб, прокуратурага боришини  “кутиб ўтирган” Фарғона вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Ориф Аҳмаджонов уни дарҳол қабул қилиб, вилоят прокуратурасига олиб борган уч юз эллик минг сўмини дорилаб Мўътабар Тожибоевага беришни тайинлаб, Тоҳирни қўлига қайтариб берганмиш.

Вилоят прокуратурасидан дориланган пулни олган Тоҳир Мамадаминов 2005 йил 6 октябрь куни кечқурунгина Мўътабар Тожибоевани хонадонига ундан 2004 йилда қарзга олган пулини бир қисми – уч юз эллик минг сўмни қайтариб бериш учун борган.

Шу ўринда жумбоққа дуч келасан киши:

Тоҳир Мамадаминов Мўътабар Тожибоева билан 2005 йил 6 октябрь куни кеч соат йигирма бирларда унинг хонадонида учрашган, холос. Унгача, яъни 2004 йил кеч кузидан буён, яъни бир йил муддат ичида Мўътабар Тожибоева ва Тоҳир Мамадаминовлар умуман учрашмаган, гаплашишмаган.

Тоҳир Мамадаминов Мўътабар Тожибоева билан бир йилдан буён учрашмаганлар, биринчи учрашиб гаплашган куниёқ вилоят прокуратураси амалдорлари томонидан дорилаб берилган пулни Тожибоевага берган.

– Нимага Фарғона вилоят прокуратураси амалдорлари Мамадаминовдан «Мўътабар Тожибоева сизни қачон, қаерда учратиб қўрқитди?» деб сўрамасдан, дарҳол Тожибоевага бериш учун Мамадаминов олиб келган пулни дорилаб беришяпти?

– Тоҳир Мамадаминов Фарғона вилоят прокуратурасига биринчи марта шикоят қилиш учун келаётганидаёқ дорилаш ва Тожибоевага тақдим этиш учун пул олиб бориши кераклигини олдиндан билганми?

– Нимага товламачилик жиноятини содир этганликда гумонланаётган биргина аёл – Мўътабар Тожибоевани “жиноят устида ушлаш” учун у яшаган Зуҳро кўчаси ўттиз биринчи уйни ўта хавфли жиноятчини ушлайдигандек бутун бошли қуролланган армия, маскали шахслар қуршаб олишди?

– Мўътабар Тожибоева жиноят устида қўлга олинган экан, нима учун унинг қонуний ҳуқуқлари оёқ ости қилиниб, битта қўнғироқ қилиб, адвокат чақиришга рухсат беришларини сўраса, унинг бу қонуний талабини рад қилишди?

– Нима учун Мўътабар Тожибоева ёлғиз ўзи яшаган хонадонни ўзининг иштирокида тинтув қилишмади?

– Нимага Тожибоевага умуман алоқаси бўлмаган қизи ва куёвининг хонадони ғайриқонуний тарзда тинтув қилинди?

– Нима учун Мўътабар Тожибоевани ва уни қизи яшайдиган хонадонларни тинтув қилиш учун асос бўладиган прокурор қарорини талаб қилсаларда, таништирилмади?

– Тожибоева қўлга олинган пайтдаёқ адвокат талаб қилган бўлишига қарамай, нега унинг ҳимоя ҳуқуқи бузилди?

– Вилоят ИИБга олиб борилганда нима учун у талаб қилган адвокатлар Маҳаррам Тожибоева, Дилафрўз Нурматова… ларни эмас, ўзлари хоҳлаган адвокат Бахтиёр Абдуллаевни Тожибоева ҳимояси учун жалб қилишди?

– Мўътабар Тожибоева 2005 йил 6 октябрь куни дориланган пулни олган пайтида нима учун прокуратурадагилар уни жиноят устида қўлга олишмади?

– Нимага Тоҳир Мамадаминов Мўътабар Тожибоевага бериш керак бўлган дориланган икки юз эллик минг сўм пулни унга 2005 йил 7 октябрь кунигина берди?

– Тоҳир Мамадаминов 2005 йил 6-октябрь куни «Мўътабар Тожибоева бир миллион cўм беришни талаб қилиб, ўлдириш билан қўрқитяпти» деб шикоят ариза берган бўлса ва айнан шу куни тергов ҳаракати ўтказилган бўлса нима учун уни 2005 йил 6 октябрь куни бир миллион сўм дориланган пул билан жиноят устида ушлай қолишмади?

– Вилоят прокуратурасидагилар 2005 йил 6 октябрь куни тадбир ўтказиш учун атиги бир миллион сўм пул топа олишмадими? Ёки 2005 йил 6 октябрь куни Тожибоевани жиноят устида қўлга олсалар, кейин фош бўлиб қолишдан чўчидиларми?

– Улар Тоҳир Мамадаминов Мўътабар Тожибоева билан учрашмасдан туриб вилоят прокуратурасига Тожибоева ўлдириш билан қўрқитганлиги ҳақида ариза бергани, яъни прокуратура амалдорларининг Мўътабар Тожибоевага қарши режалаштирган фитнаси фош бўлиб қолишидан чўчишдими?

– Андижон вилоятининг Улуғнор туманида яшовчи фуқаро Тоҳир Мамадаминов Мўътабар Тожибоевани йўқ қилиш учун прокуратура тизимидагилар жон-жаҳдлари билан чиранаётганлари, йўл қидираётганларини қаердан билди?

Бундан бир ой аввал вилоят прокуратураси амалдорларини қабул қилишларини талаб қилиб, Тожибоева бошчилигида пикет ўтказган ҳиссадорларни прокуратурадан зоғ ҳам қабул қилмаганди.

Вилоят прокуратураси муассислигидаги «Адолат йўли» газетаси журналистларининг жиноий кирдикорларига қарши ўтказилган пикет қатнашчилари ҳақ эканликларини билганлари учун ҳам ўша пикет ўтказилган куни вилоят прокуратурасидагилар ёппасига пахта теримига кетганликларини, ҳеч ким йўқлигини баҳона қилиб, уларни ҳеч бир раҳбар қабул қилмаганди.

Ёвуз ниятли кимсалар тез топишишлари ҳақида турлича ҳалқ мақоллари мавжуд. Ҳалқ мақолларини тинч қўяйликда, Фарғона вилоят прокуратураси амалдорлари қачондан буён ҳуқуқи бузилган фуқароларни додини дарҳол эшитадиган бўлиб қолганликлари билан қизиқайлик.

Балким охирги пайтларда Мўътабар Тожибоева прокуратура амалдорларининг айбсиз фуқароларга нисбатан қийноқлар қўллаб, уларни ўта оғир жиноятларни содир этганликда айблаб, жиноий жавобгарликка тортаётганлик ҳолатларини фош этгани учун қасос олмоқчидирлар?

Унинг Мамлакат Президенти Ислом Каримов номига юборган телеграммалари ҳукумат назоратига олиниб, қонунни бузаётган прокуратура амалдорлари фош бўлганликлари учун қасос олмоқчи бўлгандирлар?!

Балким Мўътабар Тожибоева маҳкум Аваз Юнусовни ҳимоячиси сифатида уни судда ҳимоя қилаётган пайтида Аваз Юнусовнинг жиноят ишига тикилган бир юз олтмиш етти–бир юз саксон тўққизинчи вароқлардаги “Стенографик суҳбат” орқали Фарғона вилояти амалдорларининг Халқаро Терроризм ва Халқаро наркобизнесга алоқадорликларини фош қилганлиги учун уни йўқ қилишга қарор қилгандирлар?

Қирғизистон чегарасидан қурол–яроқ ва катта партияларда гиёҳванд моддаларни Ўзбекистонга олиб келишни маъмурий органлар амалдорлари ҳомийлик қилаётганликлари ҳақида билиб қолганидан чўчигандирлар Мўътабар Тожибоевадан?

Унинг бу ҳақда мамлакат Президентига телеграмма юбориб, халқаро терроризм ва наркобизнес ҳомийлари хисобланмиш, яъни жиноят ишидаги ўта муҳим хужжатга ҳуқуқий баҳо бермаётган прокуратура амалдорларига қарши бошлаган кураши сабаб қўрққандирлар ундан?

Чегарадан гиёҳванд моддалар ва қурол олиб келиб сотиш ишлари билан шуғулланиб келган чегара ходими Джайсанов Ғофур, божхона ходими Қодиров Қурбоналиларга жиноят иши қўзғамаган вилоят прокуратураси амалдорларига чора кўришни сўраб қилган мурожаати сабаб бўлгандир уни ҳибсга олишга?!

Балким Фарғона вилояти прокуратураси ходимлари Муҳаммад Абдуллажонов, Раҳмат Абдураҳимов, «Адолат йўли» газетаси таҳририяти ҳақиқатга тўғри келмайдиган, бўҳтонларни матбуотда «Дамас даъвоси» номли мақола орқали чоп этиб, Фурқат туманилик оддий ҳамшира Хуршида Мелиевани шаъни, қадр қимматини булғаганларини Мўътабар Тожибоева фош қилганидан ғазаблангандирлар?

Ўзларининг ғайриқонуний хатти–ҳаракатлари билан Хуршида Мелиевага етказган ўн миллион сўм маънавий зарарни тўлашларини талаб қилиб, унинг ишончли вакили сифатида вилоят прокуратураси амалдорлари Муҳаммад Абдуллажонов, Раҳмат Абдурахимов ва «Адолат йўли» газетасини фуқаролик судига берганлиги учун Мўътабар Тожибоевадан қасос олишга сабаб бўлгандир?!

Балким Фарғона вилоят ИИБ терговчиси Пирмуҳаммад Ҳайдаровни қонунга зид равишда ҳибсга олингани сабабли вилоят прокуратурасининг коррупция, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимларининг жиноий кирдикорларини фош этгани учун қасдлашгандирлар Мўътабар Тожибоевага қарши?

2005 йилнинг 18 август куни Мамлакат Президенти Ислом Каримов номига «Зудлик билан милиция ҳақидаги қонунни қабул қилинг – Ўзбек хукуматининг содиқ хизматчиси милиция терговчисини ҳимоя қилинг!» деб номланган баёнот телеграммаси юбориб, унда Пирмуҳаммад Ҳайдаровга нисбатан қилинган ваҳшийликлар ҳақида ёзганлиги учун ўч олмоқчи бўлгандирлар?!

Ҳаммага маълумки, Мўътабар Тожибоева бирор одамга «Сизни ҳуқуқингизни мен ҳимоя қилиб берай» деган таклиф билан чиқмаган. Аксинча ҳуқуқи поймол бўлганлар Мўътабар Тожибоева ортидан қувиб юрардилар.

Мўътабар ўзи бошқараётган “Ўтюраклар Клуби”га шикоят ариза билан мурожаат қилувчиларни муаммолари билан шуғулланишга вақти етмаётганлигидан нолирди.

Мўътабар Тожибоева ўзига мурожаат қилувчилар оқими кўплигидан қийналарди. У умуман бирор кун дам олмасди, ололмасди. Мурожаат қилган одамлардан ҳеч қачон умидвор бўлмасди. Аксинча ундан асосан камбағал, адвокатларга жарақ-жарақ пуллар тўлашга имконияти умуман йўқ бўлган бечоралар нажот топишарди.

Тоҳир Мамадаминов прокуратурадагиларга қилган аризасида бир миллион сўм талаб қилганликда айблаган бўлсада, кейинчалик Тожибоеванинг “талаб қилган” суммаси беш миллион сўмга ўзгартирилибди, яъни Тожибоева Тоҳир Мамадаминовдан аслида беш миллион сўм талаб қилганмиш. Тожибоева бу беш миллион сўмни Тохир Мамадаминовни ўзини ҳуқуқини ҳимоя қилишни ўргатгани учун талаб қилганмиш!

Мўътабар Тожибоева камбағал бечораларни ҳимоячиси бўлганлигини жуда яхши билган вилоят прокуратурасидагилар уни хонадонидаги компьютер ва «Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ташкил топган кундан буён, яъни 2000 йилнинг январ ойидан бошлаб 2005 йил октябрь ойигача бўлган муддатдаги архив хужжатларини ғайриқонуний тарзда ўтказилган тинтув пайтида қонунга зид равишда олиб кетганлар.

Худди шунингдек Мўътабар Тожибоевага ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишини сўраб шикоят ариза билан мурожаат қилган фуқароларни шикоятлари ва уларнинг шикоятлари устидан олиб борилган мониторинглар, ҳимоя қилинганлигига алоқадор хужжатларини ҳам олиб кетганлар.

Ушбу олиб кетилган хужжатлардан шикоятчиларнинг яшаш жойларини аниқлаб, уларни барчасини вилоят прокуратурасига ва вилоят ИИБга олиб бориб, қўрқитиб, Мўътабар Тожибоевага қарши шикоят аризаси ёзиб беришга мажбур қилинмоқдалар.

Улардан Мўътабар Тожибоевани қандай, ким орқали  топганликларини, Тожибоеова уларни ҳимоя қилиши учун қанча миқдорда пул берганликларини айтишни талаб қилмоқдалар.

Уларга Тожибоевадан унга берган пулларни ундириб беришларини айтиб, Тожибоевага қарши шикоят аризалар беришни талаб қилмоқдалар.

Мўътабар Тожибоевадан ёрдам олган инсонлар унга ҳеч қандай пул бермаганликларини айтганларида уларни сўкиб, ҳақоратлаб, ҳаттоки уриб, қийноқ қўллаб, унга қарши кўргазма беришга мажбур қилинмоқда.

Чунки Тоҳир Мамадаминовнинг шикоят аризасига асосан қўзғатилган жиноят иши оқ ип билан тикилгандек жуда нимжон.

Бунингдек сохта кўргазмаларни расмийлаштиришда ки жонбозлик кўрсатаётгани билан қизиқаётгандирсиз балким:

2005 йил 13 май – Андижонда оммавий норозилик акцияси ўтказилаётган куни Мўътабар Тожибоевани алдаб, уйидан олиб кетиб, 17 май кунигача Фарғона вилоят ИИБда ғайриқонуний тарзда ҳибсда ушлаб туришни ташкиллаган Фарғона вилоят ИИБ терроризмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Ҳошим Азизов яна Тожибоевага қарши ҳаракатларини бошлаб юборган.

Ҳошим Азизов 2005 йил 20 октябрь куни “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаоли Маъмиржон Мисиралиевни кечаси соат учгача вилоят ИИБда ушлаб туриб, уриб, қийноқларга тутиб, Мўътабар Тожибоевага қарши кўрсатма беришга мажбур қилган.

Ўзбек ҳалқи вакиллари! Азизларим! Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпонлар қурбон қилинганда сукут сақладик!

Машраб фожеасига сукут сақлаш ила муносабат билдирдик.

Бугун адолат учун курашган, сизу бизни ҳимоячимиз, ҳалқнинг севимли қизи – Нобель мукофоти номинанти, “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти асосчиси ва рахбари, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро Жамияти аъзоси, «Огоҳ бўлайлик» рисоласи муаллифи, Мустақил журналист Мўътабар Тожибоевани ҳимояси учун бирлашайлик!

Ўзбекистонда қонун устиворлигига эришиш мақсадида «Фуқаролик Жамияти» Халқ Ҳаракатига асос солган, бу ҳаракат фаолияти орқали фақатгина ҳукумат томонидан қабул қилинган Фармонлар, қарорлар, қонунларни маҳаллий амалдорлар томонидан ижро этилишига мажбур қилиш йўлида курашган Мўътабар Тожибоева бугун сизларнинг қўлловингизга муҳтож!

Халқ орасида қонунлар устиворлигига ишонч туйғуси кучайишига ўзини бахшида қилган Мўътабар Тожибоева ҳимояси учун оёққа қалқийлик.

Ёшлик пайтимизда Америка ҳалқи озодлиги учун курашгани туфайли қамоққа олинган Анжела Девисни озод қилиниши учун пуллар йиққанмиз. Копток ёки қўғирчоқ сотиб олиш учун тўплаган пулимизни унинг озодлиги учун жон-дилимиз билан берганмиз.

Нима учун ўзбек ҳалқининг Анжела Девиси – Мўътабар Тожибоева озодлиги учун ўз ҳиссамизни қўшмаслигимиз керак?!

Ахир Мўътабар Тожибоевани умрини қамоқда чиритиш учун бутун бошли прокуратура, МХХ, милиция кечаю кундуз тиним билмай ҳаракат қиляпти. Тожибоевани ҳар бир босиб ўтган қадамидан кир қидиряптику!

Сизу бизни ҳимоямиз учун тиним билмай курашган, ҳуқуқий билимимизни оширишимизга кўмак берган, ўзимизни қандай усул билан қонуний ҳимоя қилишимиз мумкинлигини ўргатиб, кўзимизни очган Мўътабар 25 август куни қизи Маҳлиёни турмушга чиқарганда тўйхона – Ҳумо ресторанида маъмурий идоралар вакиллари официант сифатида тўйда овқат ташиб юриб, айғоқчилик қилганларига барчамиз гувоҳмиз.

“Мўътабар Тожибоева қизи Маҳлиёни никоҳ тўйини қайси пулга ўтказган?” деб, шундан ҳам кир қидирмоқдалар.

Ўзини уйини сотиб, шу пулга Фарғона вилоятида фаолият юритувчи ҳуқуқшунос фирибгарлардан икки миллион беш юз минг сўмга уй сотиб олиб, кейин бу уйдан хайдалган бир муштипар етмиш тўрт ёшли онахон Тожихон Абдураҳимова Мўътабардан нажот кутаётганди.

Чунки у сотиб олган уйи пулини қайтариб ололмаган, прокуратура-ю бошқа идоралар мансабдорларига бу фирибгарларга нисбатан жиноят иши қўзғатишларини ва улардан ўзлаштириб юборилган уйини пулини ундириб беришларини сўраб қилган барча илтижолари оқибатсиз қолганди.

Биргина Мўътабар ёрдам сўраб мурожаат қилган уйсиз, пулсиз қолиб, сарсон–саргардон кезаётган бу онахонга ёрдам қўлини чўзганди.

Мўътабарни қамалганини эшитган она «Камбағалларни ҳимоячиси бўлган Мўътабархонни нима учун қамашади?» дея дод солган ва ўша заҳоти тил тортмай жон берган.

Агар Тожибоева прокуратура талқин қилаётганидек бойлик кетидан қувиб, ўзи бошқараётган “Ўтюраклар Клуби”ни бойлик орттириш манбаига айлантирганда эди, оддий халқ вакили унинг қамалганидан изтироб чекиб, жон бермаган бўлар эди.

Абдулҳамид Чўлпон «Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир – халқ кучдир» деб бекорга айтмаган. Келажакда Абдулла Қодирий–у, Фитрат, Машрабларни ўлимини сукут билан томоша қилган ўтмиш авлод вакиллари қораланган эдилар.

Бугунги кунда «Қачон халқ бўласан, эй сен оломон?» дея хушёрликка чорлаган Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов ёзганидек, биз ҳам келажак авлод олдида юзимиз шувут бўлиб қолмасин! Бизни ҳимоямиз учун жонини фидо қилган кичик жуссали аёлни, ҳамюртимизни ҳимоя қила олмаганимиз учун лаънат билан тарих китобларига киритилмайлик.

Биз улуғ айём кунларида савоб иш қилишга, Мўътабар Тожибоева ҳимояси учун бирлашишга чақирамиз барчангизни!

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро Қўмитаси Фарғона вилоят бўлими аъзолари номидан Мўътабар Тожибоеванинг ҳимоячиси

Ғанихон Маматхонов: имзо  

* * *

МЕНДАН ҚИЗИМ ОРҚАЛИ ҚАСД ОЛИБ, УНИ ВА НАБИРАМНИ ЎЛДИРДИЛАР!

2006 йилнинг 30 май куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди аппеляцияажрими ўқилди ва мени саккиз йилга озодликдан маҳрум қилиш  адолатсиз ҳукми ўз кучида қолдирилди.

Мен суд жараёни пайтида Ўзбекистондаги суд тизимини “Қўғирчоқ ва трагедия театри” деб атаганимда нақадар ҳақ бўлганлигимга аппеляция суди жараёнида янада амин бўлдим.

Ҳукмни ўз кучида қолдириш ҳақидаги  аппеляция ажрими ўқилиши биланоқ, атрофимни қуршаб олган милиционерлар жигарларим, дўстларим, адвокатларим билан хайр-хўшлашиб олишимга ҳам имкон бермай, қўлимга кишан солдилар-да, махсус машина томон судрадилар.

Шифокорлар қизимнинг кўз ёриш муддатини 1 июнга  деб белгилаган эдилар. Шу сабабли ҳам суднинг то ўша кунга қадар чўзилишини жуда-жуда истагандим, аммо на чора….

Йўл-йўлакай адвокатларим – Маҳаррам опам ва  Ҳусан Маҳбубовга: “Эртадан қолмасдан олдимга киринглар” – дедим.

Улардан: “Эртагаёқ Тоштурмага бориб, сиз билан учрашиш ҳаракатини бошлаймиз” – деган жавобни эшитгач, тинчланишга уриндим. Шу ондан эътиборан нафақат қамоққа, балки кутишга ҳам маҳкум бўлган эдим… 

Тоштурманинг торгина камерасида ўтирарканман, ҳар бир товуш мени ларзага соларди, ташқаридаги каридордан оёқ товушлари эшитилди дегунча “Ҳозир мени учрашувга олиб чиқадилар, адвокатларим эса мени набирам билан қутлашади” деган умид ва ҳаяжондан вужудимга титроқ  кирарди.

Афсуски, на 1 июнь, на 12 июнь кунлари ҳам мени йўқлаб ҳеч ким келмади… Икки жон қизимнинг тақдирида ёлғиз қолганидан хавотирга тушган юрагим оғриқдан увишар, дарду дунёим  зулмат каби зим-зиё эди… Бироқ,  ҳасратларимни бўлашай десам, тушунгувчи ҳеч бир зот йўқ  ёнимда…  

Ташқаридан хабар келавермагач, якка-ю ёлғиз дилпорам соғ-омонмикин деган ҳадик ич-этимни кемира бошлади. Улар ўз ваъдаларида туришди, ягонам, ёлғиз болам орқали мендан ўч олишга маваффақ бўлишди, деган ҳадикли  ўй қалбимни аёвсиз ўяр, хавотирларим кун сайин кучайиб борарди.

Бу пайтда ғайриқонуний аппеляция ажрими устидан шикоят қилиш, суд мажлиси баённомаси билан танишиб чиқишни қатъий талаб қилиш ҳам кўнглимга сиғмас эди…

Дастлабки суд мажлиси баённомаси билан танишиб чиқишимга шароит яратиб беришларини  талаб қилганимда, улар турли важлар кўрсатишганди. Бироқ, талабимда қатъий туриб олганимдан кейингина суд мажлиси баённомаси билан таништиришга мажбур бўлишганди.

Натижада бўлиб ўтган суд жараёни билан суд мажлиси баённомаси орасидаги жуда катта фарқларни, гувоҳларни ва жабрланувчилар кўргазмаларини сохталаштириш ҳолатларини аниқлаб, суд мажлиси баённомасини қалбакилаштирилганлиги сабаб бекор қилишни талаб қилгандим. Ушбу қонуний талабим асослантириб ёзилган бўлсада, қаноатлантирилмади.

Лекин бу сохталаштирилган суд мажлиси баённомаси мамлакатдаги судлов тизимининг қанчалик даражада абгор ҳолатда бўлганлигини келажак авлодларга баён қиладиган муҳим ҳужжатлиги билан қадрли эди.

Бу сафар аппеляция суди суд мажлиси баённомасини тўғри расмийлаштирилганми йўқмилигини аниқлашга қурбим етмасди… Улар билан курашишга энди ўзимда куч топа олмасдим… Аксинча, ўзимни ўзим саволга тутар ва жавобни ўзимдан кутар, ўзимдан эшитишни талаб қилардим…

– Хўш?! Ўзингга қўшиб ёлғизгина қизингнинг ҳам ҳаётини хавфга солаётганингни билмасмидинг? Билардинг! Билиб туриб ҳам  йўлингдан қайтмадинг!  Энди нима қиласан? Ёлғизингни ҳаётига зомин бўлишган бўлса,  бу айрилиққа қандай чидайсан? Дош бера оласанми? – дейди бир овоз ич-этимни тирнаб.

– Йўқ, йўқ, якка-ю ёлғизим Маҳлиёмга ҳеч нарса қилмаган. У соппа-соғ! – хавотирларимни рад этишга уринади ич-ичимдан яна бир овоз.

– Бунга ўзинг ишонасанми? Ишонсанг нега бунча ғамгинсан? Нега бунча паришонхотирсан?

– Шусиз ҳам қийма-қийма бўлган қалбимга туз сепишга уринма!

– Нима топдинг, нимага  эришдинг шу  қайсарлигинг, қатъиятинг билан? Нима топдинг ўзи танлаган йўлингда? Нималар топдинг ўзи?

– Қайдам… Нима топдим-у, нималарни йўқотдим… Билмайман…

– Биласан! Топганингдан йўқотганларинг кўплигини жуда яхши биласан, биласану тан олгинг келмайди, холос. Турмага тиқишлари – бир йўқотишинг бўлса, қизингнинг…. яна бир жудолигинг бўлади, агар билсанг!!!…

Ўзим билан ўзим баҳслашар, тортишарканман, кейинги ўйларимдан ўзим ҳам сесканиб кетдим… Ҳар куни “ББС” ва “Озодлик” радиоларининг эшиттиришлари бўладиган cоатларни интиқлик билан кутаман. Қўлимдан кичкинагина қора радиоприёмник тушмайди. Кунларимни радиодан “Қамоққа олинган ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева набиралик бўлди” деган хушхабар янграб қолармикин деган илинжда  ўтказардим.

Радиога умид билан қулоқ тутарканман, бир нарсадан, “Тожибоеванинг ёлғизгина фарзанди туғруқ пайтида нобуд бўлди. Ҳуқуқ фаолини руҳан синдириш илинжида ҳомиладор қизини жонига тажовуз қилдилар, бегуноҳ фарзандининг ҳаётига зомин бўлдилар! Натижада янги туғилган гўдак боқувчисиз қолди. Чунки Тожибоеванинг қизи билан турмуш қурганлиги боис ишидан ҳайдалиб, таъқиблар остида қолган куёви тирикчилик илинжида Россияга иш қидириб кетишга мажбур бўлганди” – деган мазмундаги шум хабар эшитиб қолишдан жуда-жуда қўрқардим…

Бундай руҳий азобларга қўшимча ўлганни устидан тепгандек – озиқ-овқатларим ҳам тугаган. Танам очликдан азобланар, нима қилишимни, очликдан қандай холос бўлишни билмасдим.

Бу Тоштурмада фақатгина тушлик пайтида берадиган овқатининг ичидаги гўшти ва картошкасини ейиш мумкин, холос. Бошқа егуликларини танаввул қилишнинг умуман иложи йўқ…

* * *

БИР КЕЧАДА ОҚАРГАН СОЧЛАР!…

… 12 июнь ҳам ўтган кунлардек сокин ва рутубатли бўлди… Радиода ҳам менга оид бирор хабар йўқ. Аксига олиб, аппеляция судининг тугашини кутиб тургандек, кун ора менинг тақдиримга оид хабарлар бериб турган матбуотлар ҳам сукут сақлаётганди… 

 “Улар Маҳлиёмни ўлдиришган. Бундай  қайғули хабарни менга етказишдан чўчиган адвокатим Ҳусан Маҳбубов ҳам, Маҳаррам опам ҳам олдимга келишга журъат қилмаётирлар” – деган тўхтамга келиб бўлгандим…

Кун кеч бўлди. Тун борлиқни эгаллаганини камерадаги кичиккина кармушкадан кўриш мумкин холос. Оз бўлса-да ором олиш илинжида ётдим, аммо қани энди уйқу келса кўзимга… Туни  билан тўлғоқ тутган аёлдек тўлғониб чиқдим. Қизим тирикмикин? Ёлғизим эсон-омон қутилиб олдимикин? 

Нега бунча тўлғоқ тутгандек қорнимда оғриқ турмаса? Тинчликмикин ишқилиб? Хотиржамлик бўлсин-да, Аллоҳим!

Ана шундай ўйлар ва илтижолар  исканжасида  хавотирларим тобора ортиб борар, оғриқнинг зўридан ўзимни қўярга жой тополмай, тинимсиз тўлғонар, ожизгина ингрардим. 

Пастдаги Гуля  бошини кўтариб: “Тинчликми?” – деди.

“Қорнимда тўлғоқ тутгандек оғриқ бор, дарднинг зўридан чидай олмаяпман” – дедим кўз ёш қилиб.

 “Дод-вой”имни эшитган навбатчи постовойлар шифокор чақиришди. Лекин шифокор келмади. Навбатчилар орқали оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи дорилардан бериб юборган экан, уларни ичганимдан сўнг, дард бир оз бўлса-да чекингандек бўлди. Аммо бари бир кўзга уйқу инмади.

Камераларда чироқ ўчирилмайди. Айниқса, бизнинг камерамиздаги чироқ айнан менинг рўпарамда бўлганлиги боис, бемалол хат ёзиш мумкин эди. Соат тунги уч. Жойимдан секин сирғалиб чиқдим-да, адвокатларим Маҳаррам опамга, Дилафрўз Нурматовага, Ҳусан Маҳбубовга, улар ишлайдиган адвокатлик идоралари манзилларига бирма-бир хат ёзишга киришдим.

Бироқ туғишганларимга, дийдорини соғинганим – суюкли қизимга ҳам нома битишни нечоғлик истамайин, имконият йўқ эди, афсус… Чунки тергов изоляторида сақланаётган маҳкумаларда фақат адвокатлари билангина хат ёзишиш ҳуқуқи бор экан холос тушунтиришларича.

* * *

“Фарғона вилояти Охунбобоев туман ҳуқуқий маслаҳатхонаси адвокати Маҳаррам Тожибоевага.

Тошкент шаҳридаги биринчи сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган, Жиноят Кодексининг 216, 244-чи ва бошқа ўн битта моддаси билан судланган маҳкума Мўътабар Тожибоевадан

А Р И З А

Мухтарама ҳимоячим! Танингиз сиҳат, уй-ичилар тинчми? Опа, нега бунчалар ҳаяллаб кетдингизлар? Маҳлиёнинг ҳам аллақачонлар кўз ёриши керак эди. Докторлар белгиланган муддат ҳам ўтиб кетди-ку. Нима гап?  Ягонам – жигарпорамдан жуда ҳам қаттиқ хавотирдаман.  У эсон-омон қутилиб олдими?

Хабар келмаётганлиги учун ҳам  кўнглимни турфа хавотирли ўйлар емоқда… Ташвишдаман. Нима бўлганда ҳам, қизимнинг аҳволи ҳақида бор ҳақиқатни ёзишингизни илтимос қиламан. Агарда сиз етказмоқчи бўлган хабар машъум бўлса ҳам, эшитишим шарт. Мени тўғри тушунинг, опа…”.

Айтмоқчи бўлганларимни қоғозга туширарканман, ҳам айрилиқ, ҳам оғриқ, ҳам хавотир азобидан ўзимни тутолмас, ўксиб-ўксиб йиғлардим. Ҳеч нарсадан бехабар хуррак отиб ухлаётган Гуляни уйғотиб юбормаслик учун, оғзимни чап қўлим билан беркитиб, овозимни чиқармасликка тиришганим сайин, елкам йиғининг зўридан силкиниб-силкиниб кетардим. Бўлмади.

Тинимсиз оқаётган кўз ёшларим  ёзаётган қоғоз устига томди-да, доғ ҳосил қилди. Уни кўрган одам аччиқ ёш эканлигини билиши қийин эмас. Нима бўлган тақдирда ҳам яқинларим кўз-ёшимни кўришларини, азобланишларини истамасдим. Шунинг учун намланиб, доғ-дуғ бўлиб қолган хатимни ғижимлаб ташладим-да, қайтадан қоғоз қоралашга киришдим… 

 Хатда имкон топиб, мен билан тезроқ учрашишга рухсат олишларини тайинларканман, озиқ-овқатларим ҳам аллақачон адоғига етганлигини маълум қилиш билан бирга, кўпроқ турли егуликлар ҳам олиб келишларини сўраб ёзишни унутмадим. Мен хатимни ёзиб тугатганимда  умримнинг яна бир куни ҳам ортда қолганди. Тонг ёришиб келяпти… Не  ажабки, тонгги бешдан ўтганида қорнимдаги тўлғоқли дард ҳам танамни тарк этган эди… Ниҳоят тинчланиб, уйқуга кетдим… 

Атига бир неча соат ухлаб, Тоштурмада ҳаёт қайнай бошлаганида руҳан эзилган ҳолда ўрнимдан турдим. Бет-қўлимни ювиб ортга қайрилганимда рўпарамда ўтирган Гуля менга ҳайратланиб тикиларкан, калта қилиб қирқилган сочларимни ушлаб: “Вой, нима бу?” – деди ваҳима билан. “Тинчликми?” – дедиму, жавобни кутмасданоқ деворга осилган тошойнага қарадим.

Не кўз билан кўрайки,  сочимнинг бир қисми оқариб кетган эди… Ҳайратини яшира олмаган Гуля эрталабки текширувга келган тезкор бўлим офицерларига ҳам, бошқа камерадаги маҳбусаларга ҳам сочларимга бир кечада қиров қўнганини эринмасдан ҳикоя қиларди. Каридорда бемалол юриш имкониятига эга бўлган маҳбусалар эса Гулянинг олдига келиш баҳонаси билан  сочимга зимдан разм солиб кетишарди.

Бир кечада сочларимга оқ оралаб қолганлиги камерага текшириш учун кирган муассаса ходимларини ҳам таажжубга солганди. Шунинг учун бўлса керак, улар адвокатларим – Маҳаррам опам, Дилафрўз ва Ҳусанжонларнинг номига ёзган аризаларимни керакли манзилларга жўнатиб, рўйхатдан ўтказиб, юборилганини тасдиқловчи қоғозни менга дарҳол келтириб беришди…

 … Орадан яна бир қанча азобли кунлар ўтган бўлса ҳам ҳануз ҳеч кимдан ҳеч қандай хабар йўқ… Бу вақт ичида мен аллақачонлар қизимни ўлдириб юборганларига ўзимни ишонтириб бўлган эдим.

“Якка-ю-ягонам қизимни менинг курашларим эвазига кун жувонмарг қилдилар. Менинг овозимни ўчириш учун Маҳлиёни қурбон қилдилар. Мен қандай она бўлдимки, ғанимларимдан фарзандимни ҳимоя қила олмаган бўлсам?… Лекин мен таслим бўлмаслигим, ғанимларим олдида кўз ёш тўкмаслигим керак.

Тўмарис момомизнинг ёлғизгина ўғлини ҳийла билан тузоққа тушириб, қатл қилганларида  у йиғламаган, аксинча, янада матонат билан ғуссани енгган, янада қатъият билан курашга киришган. Қаердан олган экан момомиз ўзида кучни? Мен чидай олмаяпман…

“Ожизлигимни билмасин, иродасизлигимдан ёғий бирор-бир наф кўрмасин” дея кўз ёшларимни ҳеч ҳам кўрсатмаслигим керак” – деб ўзимни-ўзим овутишга интилар, аммо ич-ичимдан отилиб келаётган йиғини тўхтата олмасдан, ҳўнг-ҳўнг йиғлар эдим…

Аҳволим шу тақлид кун сайин оғирлашиб борарди. Буни кўрган Тоштурманинг аёллар бўлими вакили назорат қилувчи прокурорга ариза ёзишим мумкинлигини айтди. Шундай қилдим. Ёзган аризамда прокурордан қизимнинг ҳаётидан қаттиқ ташвишланаётганимни ва унинг қандай аҳволда эканлигини адвокатларимга қўнғироқ қилиб,  билиб беришларини сўрадим…

Мени қабул қилган прокурор: “Ташвишланманг, қизингиз ҳақида албатта бирор-бир маълумот аниқлаб беришга харакат қиламиз”, – деди бепарво оҳангда ва яна қўшиб қўйди, – Бироқ, сиз тергов ҳибсхонасидасиз. Тергов ҳибсхонасидаги маҳкумларнинг оила-аъзолари билан хат ёзишишлари мумкин эмас. Шунингдек, қариндошларингиздан озиқ-овқат ҳам қабул қилиш таъқиқланган. Чунки сиз аллақачон аёллар қамоқхонаси ихтиёрига ўтказилгансиз.

– Қачон хат ёза олишим мумкин у ҳолда? – сўрадим.

– Қачонки аёллар қамоқхонасига ўтказилганингиздан кейин бемалол ёзишаверасиз, – деди у ҳозиржавоблик билан.

– У ҳолда мени тезроқ Аёллар қамоқхонасига жўнатинглар, – дедим шошиб, – бунингчун нима қилишим керак?

Мендан бундай талабни кутмаган суҳбатдошим кўзларини катта-катта очганича ҳайратдан қотиб қолди.

Чунки маҳкумалар имкон даражасида аёллар қамоқхонасига жўнатишларидан чўчир ва иложи борича Тоштурмада қолишни ихтиёр қилар эдилар…

* * *

ҚИЗИМ ВА НАБИРАМ ТИРИК ЭКАНЛАР, АЛЛОҲИМГА ШУКР!

… Ниҳоят, 28 июнь кунигина менга учрашувга чиқишим ҳақида хушхабар келтирдилар.

Менга яқинларим билан дийдорлашиш насиб этди. “Ким билан учрашаман?” – сўрадим сабрсизлик билан мани учрашувга олиб чиқиш учун келган назоратчидан. “Чиққанда биласиз” дея жавоб қайтарди совуққонлик билан…

Тоштурманинг узун йўлагидан ўтиб борарканман, югургим, йўқ, қанот қоққудек учгим, қизимнинг соғ-омонлигини тезроқ суриштириб билгим келарди… Аксига олиб оёқ-қўлларим  титрар, тобора ҳолсизланиб борардим…

Камерага кирганимда Маҳаррам опамга кўзим тушди-ю, югургилаб бориб, уни қучоқлаганча дод солиб, йиғлаб юбордим.

Ҳолсиз танамни қучган опам елкамга қоққанича, мени юпатишга тушди: – Нимага йиғлайсан?! Қувонишинг керак. Мана, қарагин, мен сенга кимнинг суратини олиб келдим, кўргин, мана, набиралик бўлдинг. Қизалоқ. Табриклайман, бувиси, – опам нечоғлик хушчақчақ оҳангда гапиришга уринмасин, овозлари титраб кетди, – Исмини Зебохон қўйдик, Мўътабар…

Опам сумкасидан бешта-олтита расмларни оларкан, ҳаяжондан титраётган  қўллари билан менга узатди. Унинг қўлларидан юлқиб олган суратларга тикилдим ва уни бағримга босганимча уввос солиб йиғлай бошладим.

 “Она бўлиб ёлғизгина қизимнинг қувончига шерик бўлолмадим, икки дунё оралиғида тўлғанаётган қизимнинг  ёнида туролмадим, яхши кунларни кўриш насиб этмади. Шукур, ўзингга шукур, Яратганим! Қизим ва набирам тирик эканлар!” – дея пичирлардим ҳиққиллаб. 

Аянчли фарёдимни эшитган постовойлар югургилаб келишди: – Нима гап? Тинчликми? – ўдағайлади улардан бири.

– Ҳеч гап йўқ. синглим набиралик бўлганди. Шу хабарни эшитиб қизини ёнида бўлмаганига ўкинмоқда… Хавотирланманг, бораверинг, – деди опам уларни тинчлантириб. Улар изларига қайтишди. Мен эса  янги туғилган чақалоғини опичлаб турган қизим акс этган суратдан кўзимни узолмасдим. Набирам кўзчаларини юмиб ётарди… Уларни кўриб, тинчланиш ўрнига яна эзилиб-эзилиб йиғлай бошладим…

– Хайрият, болагинам тирик экан, нега олдинроқ хабар бермадинглар? Бугун кўзи ёриганига йигирма саккиз кун бўлди-ку! Наҳотки шунча кун хабардор қилишнинг имкони бўлмаган бўлса? – сўрадим алам билан.

– Йўқ, Маҳлиё дўхтирлар айтган санада туғмади. 13 июнь куни тонгги бешларда кўзи ёриди. 12 июнь куни кечга яқин элтгандик туғруқхонага. То тонггача тўлғоқ тутиб чиқди. Заҳро опам билан  Насибахон сенинг йўқлигингни билдирмаслик учун туни билан Маҳлиёни ёнида бўлишди. Тўлғоғи ёмон кечди. Тинмасдан: “Аяжон, қанисиз?” – деб додлаб чиқди ўзиям. Тонгга бориб “аяжон” деб додлаганча кўзи ёриди.

Кейин сендан айнан шу кунги число билан ёзилган хат олдик. Опаларим: “Она-да, қаранг, кўнгли сезган экан”, – дейишди. Ҳозир қизинг ҳам, набиранг ҳам соғ-саломат. Кўп хавотирланаверма, биз бормиз-ку, ёлғизлатиб қўймаймиз қизингни, – деди опам кўзлари ёшланиб.

– Қайси куни туғди, дедингиз?

– 12 июнь куни кечга яқин туғруқхонага  олиб боришган эди… Лекин эрталабгача дарднинг зўридан  тўлғониб чиққан… Тонгги соат бешда кўзи ёриган…

– Наҳотки?! – дедим ҳайратланиб, – наҳотки сиз айтгандек бўлган бўлса?!

– Тинчликми, намунча ҳайратландинг? – сўради опам ажабланиб.

– Айнан шу куни мен ҳам туни билан ухлай олмай, дард тутгандек тонггача тўлғониб чиққандим. Қорнимдаги оғриқнинг зўридан кўзимга уйқу келмаганлиги учун ҳам вақтни ўтказиш илинжида саҳарга қадар сизларга ўша хатларни ёзиб ўтиргандим.

Саҳардагина оғриқлар босилиб, бошимни ёстиққа қўйдиму, ухлаб қолдим. Ўшанда, адашмасам, соат бешлар эди. Қаранг, ўшанда Маҳлиёнинг тўлғоқ дардини вужудим сезган экану, аммо унинг айнан шу куни кўзи ёриши хаёлимга ҳам келмаган экан. 13 июнь куни эрталаб қарасам… – дедим опамга пешонамдаги оқариб кетган сочимни кўрсатиб, – Кўряпсизми?  Мана шу савил пайдо бўлибди.

– Вой, ўлмасам, – деди опам таажжубланиб, –  ўзинг атай шу бир ҳовуч сочингни оққа бўяб олгансан деб ўйлабман.  Сочларинг Маҳлиёни тўлғоқ тутган кун оқариб кетганмиди ҳали?!

– Ҳа-да. Қизим агар 13 июнь куни саҳарда  туққан бўлса, демак, тўппа-тўғри, айнан ўша куни сочимга оқ оралаганди. Оралаганда ҳам…, – сўзимни тугата олмадим. Бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди. Йўқ, нимадир эмас, алам аралаш йиғи тиқилиб келди бўғзимга. Ортиқ гапира олмай, опамга мунгли термулдим.

– Мен сенга барча керакли нарсаларни олиб келдим. Озиқ-овқатларни ҳам, – фикримни чалғитиш мақсадида опам гапни бошқа ёққа бурди, –  Ҳа, айтганча,  сендаги ҳужжатларингни ҳам олиб кетишим керак эди-а? Уларни ҳам хозир олиб чиқавермабсанда?  Мен кираётганимда уларга кийим-кечаклар ва ҳужжатларни олиб олиб кетишим кераклигини айтгандим. Улар рози бўлишди. Лекин “Бугун кийим-кечакларини олиб кетаверинг, эртага эрталаб келсангиз, яна учрашувга рухсат берамиз, ана шунда ҳужжатларни ҳам олиб кетасиз”, дейишди.

– Ҳа, сизга бериб юборишим керак бўлган кийимларимни улар аллақачон мендан қабул қилиб олишган, лекин ҳужжатларни уларнинг қўлига топширишдан чўчидим. Эссиз, бугун айнан сизнинг келишингизни билмагандим-да. Айтишмади. Бошқа адвокатларим бўлганида ҳам олиб чиқардиму, аммо адвокат билан учрашувга чиқасиз, деб ҳам огоҳлантиришмаганди мени. Шунинг учун ҳужжатларимни олиб чиқишга иккиланган эдим… Аттанг…, дедим афсусланиб, – Ҳа, майли, эртага келганингизда олиб чиқаман.

Опам билан узоқ гаплашиб ўтирдик. Аммо бир-биримизнинг дийдоримизга тўймаган эдик. Бироқ, энди мен жуда хотиржам, ҳатто хурсанд ҳам эдим.  Қизим соғ-омон, унга зиён етмабди. Боласи бағрида. Менинг ишларимни давомчиси – набирам бор энди. Ғоятда бахтиёрман. Энди менга деса, жаҳаннамга юборишмайдими, барчасига тайёр эдим.  Фақат… Фақат шу ҳужжатларим… Уларни ишончли қўлларга топширишим шарт… Ана шу истакда эртаси куни  опамни у-з-о-қ кутдим. Жуда узоқ…

Бироқ, афсуски, эртаси куни мен билан учрашиб, ҳужжатларни олиб кетиш учун Тоштурмага келган опамга: “Синглингиз билан учрашишга рухсат бермаслик ҳақида юқоридан топшириқ олдик” – дея гапнинг пўсткалласини айтишган – қўйишган.   Буларнинг барчасидан бехабар бўлган мен эса  эртаси куни опамнинг келишини  узоқ  кутган эдим…

– Мен маҳкума Тожибоевани ўзида сақланаётган ҳужжатларини олиб кетишим керак. Кеча келганимда эртага албатта рухсат берамиз, дегандингиз-ку? Айниб қолишингизни билганимда кечанинг ўзида олиб кетишга ҳаракат қилган бўлардим… Афсуски, ҳужжатларни синглим сақланаётган камерадан олиб чиқишига рухсат беришмаганди кеча, – деди ялинчоқ овозда опам.

– Опажон, мен топшириқни бажарадиган одамман. Кеча учрашувга ҳеч қандай таъқиқ йўқ эди, бугун эса бор, – “кўрмайсизми буни, қаердан билибман шундай бўлишини?” дегандек қўлларини ёзган бўлим бошлиғи елкасини қисди.

– Сиз қонунга эмас, юқоридан бўлган қўнғироққа итоат қиласизми? – сўради опам. Аммо унинг  овозида сўроқдан кўра норозиликка йўғрилган зарда устивор эди.

– Опажон, сиз қайси планетадан тушгансиз ўзи? Ерлик эмассиз шекилли? – киноя қилди бўлим бошлиғи.

– Ҳеч нарсани билмайман, билишни ҳам истамайман. Сиз ҳам тушунинг, мен синглим билан учрашиб, уни қўлидаги ҳужжатларни олиб кетишимни айтганман унга. У мени кутяпти.

– Нима учун? – айёрона қараш қилди бошлиқ.

– Нима, нима учун? Қамоқхонада у ҳужжатлари йўқ бўлиб кетиши мумкин. Синглимни ҳимоя қилиш учун юқорига шикоят аризалар ёзишим учун ҳам жуда зарур у ҳужжатлар, нега тушунмайсиз? – йиғлагудек бўлиб тушунтиришга тиришди опам.

 – Нима, ўзингизда нусхалари йўқми? Сизни хавотирга солаётган нарса нима ўзи? – тешиб юборгудек тикилди у.

– Менда бу ҳужжатларнинг нусхаси йўқ эмас, бор. Ҳатто халқаро ташкилотларга ҳам синглимни айбсизлигини исботловчи бу муҳим ҳужжатларни тақдим қилганмиз. Лекин бизни қўлимизда мавжуд бўлмаганлари бор синглимда. Гап унда эмас.

– УНда эмас, дейсизми? Гап нимада? БУҒДОЙдами бўлмаса? – ҳазил қилган бўлди бўлим бошлиғи. Ўринсиз мутойибаси ўзига ёқиб тушди чамаси, селитра еган тарвуздек шишган қорнини селкиллатиб кулди. Бирам беўхшов кулдики…

– Синглим бу ҳужжатларни кўтариб юришга қийналмасин дейман-да, – деди опам жиддий оҳангда, гўё суҳбатдошининг бачкана мутойибаси-ю,  беўхшов кулгусини эшитмагандек, – У қамоқхонага кетса, оғир сумкаларни кўтаришга кучи етмайди…

– Бир марта қийналса, осмон узилиб ерга тушармиди? Ўлмайди! – мутойибасининг беэътибор қолганидан мулзам бўлган бўлим бошлиғининг овози дағал тус олди, – Кечириб қўясиз, сизга ажратилган вақтим тугади!

Бундан ярим йил аввал Фарғонадан Тоштурмага этап қилиниш чоғдаги  азобларим ҳали-ҳали  эсимда… Шунинг учун ҳам аёллар қамоқхонасига олиб кетишларидан олдин мени кўришга келган Маҳаррам опамга катта сумкада  кузги ва қишки қалин кийим кечакларимни бериб юборгандим.

Тоштурманинг маҳкумлар учрашувлари масаласи билан шуғулланадиган бўлим бошлиғи: «Бугун кийим кечакларни олиб кетаверинг. Қолган нарсаларини, ҳужжатларни ҳам эртага келганингизда олиб кетарсиз, учрашувга рухсат бераман» – деб ваъда берганлигини айтганди опам.

Қишки кийимларимни бериб юборганимга қарамасдан ҳужжатлар жойланган энг оғир сумка барибир ўзимга колганди.

Қонунлар мажмуаси ва бошқа ҳуқуқий китоблар, шунингдек, менга қарши расмийлаштирилган ўн олти жилддан иборат жиноят ишини инкор қилувчи – яъни менга қўйилган барча айбловларни рад этувчи ва мутлоқ айбсизлигимни тасдиқловчи, бир сўз билан айтганда, жиноятчи эмаслигимни исботловчи ягона  нусхада бўлган  ўта муҳим ҳужжатларниг ҳаммаси мана шу сумкада эди.

Мен бир нарсадан, айбсиз айбдорлигимни исботловчи бу далилларни йўқ қилиб юборишларидан ниҳоятда чўчирдим…

Фарғона тергов ҳибсхонасидан Тоштурмага жўнатилган чоғимда қўлимда юкларим кўп эди. Бироқ уларни кўтариб манзилга етказишга биров ёрдам қилай демаганди. Оғир юкларимни ортмоқлаб, Тоштурманинг қабул бўлимидан аёллар корпусига етгунимга қадар ўпкам ўпирилиб, юрагим товонимга тушиб бўлганди…

Тўғри, юким жуда зил-замбил эди, аммо айтишади-ку, керакли тошнинг оғирлиги йўқ, деб… Савил шу нарсаларсиз ҳам бўлмас эди-да бу ерда… Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув керак, деганларидек, кунлик ҳаёт кечириш учун керак бўлмайдиган нарсанинг ўзи йўқ, ахир. Барчаси асқотади. Олмасангиз, ўзингизга қийин, олсангиз… олсангиз ҳам ўзингизга қийин, мана шундай ортмоқлаш азоблари бор, ахир…

Эҳ, Тошкентнинг Отчопар бозорида тонгги соат тўртдан турволиб, зилу-замбил  мол тўла қопларини  Намангану Фарғонага, Самарқанду Бухорога ва яна то Хоразмнинг Хонқасигача ортмоқлаб борадиган аёлларнинг, бозордаги савдонинг орқасидан болаларини боқаётган  муштипар аёлларнинг жонига тўзим берсин экан-ей, деб юбораркансан киши мана шундай пайтларда… 

Энди ўйлаб қарасам, эрининг ишсизлиги боис бола–чақасини боқиш учун туну кун бозорда оғир-оғир юкларни елкасига юклашга мажбур бўлаётган шу жонлар ҳам менинг қисматдошларим, уларнинг тақдири  ҳам, аслида, қай бир жиҳатлари билан  меникига ўхшаб кетади, агар билсангиз.

Мен қамоққа маҳкум этилган бўлсам, улар  машаққатли турмуш тарзига, адолатсиз мансабдорларнинг айби билан юзага келган залворли юмушларини уддалашга маҳкум этилган озодлик асираси эди улар…

* * *

АЁЛЛАР ҚАМОҚХОНАСИГА ЭТАП

2006 йилнинг 7 июль – жума куни Тоштурмадан аёллар қамоқхонасига этап қилишди. Қамоқхонага беш нафар маҳкума этап қилингандик. Бу менинг биринчи маротаба бошқа маҳкумалар билан бирга  қўйилишим эди.

Тоштурмага этап қилинаётган маҳкумалардан бири: “Биринчи марта қамалишингизми?” – дея гап қотди менга.

Тоштурмадалик пайтимда рўпарамдаги камерада ўтирган тошкентлик Наргиза суҳбатга қўшилди:               

– Ҳеч кимга кўрсатмасдан “ваҳҳобий” деб сақланган ҳалиги журналист опамиз шу киши бўладилар, – деди қайрилма қошларини учириб.

– Ростданми? – қамоқхонанинг “обезянка” машинасида рўпарамдаги темир скамейкада ўтириб кетаётган маҳкумалардан бири ҳайратини яшира олмасдан ёнимга ўтиб ўтирди.

У шунчалар озғин эдики, рангу-рўйидан хасталиги шундоққина “мана-ман” деб турарди. У қопдек  сумкаларимга разм соларкан, ўзини таништиришни ҳам унутиб, қулоғим остида шивирлади: “Тамакидан борми? Кўпми?”.

“Ҳа, бор, – дедим унга секингина, – “ саксон пачка PINE ва  саксон пачка KARVON бор, нимайди?”. «Эҳ, аттанг, сизда ваҳҳобийлар статьяси бор экан. Шунча сигарет билан сизни зонага қўйишмайди-ку?” – деди у ташвишлангандек бўлиб.

Унинг шундоқ ҳам йирик кўзлари янада катталашди. Унинг бу  хавотирида жон бор эди, албатта. Ростдан ҳам қамоқхонанинг ўз ёзилмаган қонунлари мавжуд. Унга кўра бу ерда диний эътиқоди учун қамалган маҳкумаларга қариндош уруғлари топширадиган йўқловда сигарет олишлари қатъий таъқиқланган.

“Ваҳҳобий” маҳкумалар қамоқхонада қанча муддат бўлмасин, ҳеч қачон қўллари “пул” кўрмайди, яъни сигарет ололмайди, сақлай ҳам олмайди, улар учун барча имкониятлар эшиги ёпиқ, деган гап бу. 

Мен унинг ваҳимали гапига жавоб қилмадим. Шусиз ҳам қамоқхона деганларида сигаретнинг қадр-қиммати катта эканлиги, тамакиси бор маҳкума қийинчилик кўрмаслигини ҳали тергов ҳибсхонасида ўтирганимдаёқ билиб олгандим.

Зулфия Минзулина  ва Марина Бандаренко  каби менга қарши ишлашга қамоқхонадан Фарғона турмасига “хизмат сафари”га жўнатилган “лохмач” маҳкумалар бу борада менга етарлича маълумот бериб бўлишган эди… 

– Опа, келинг, сизга бир яхшилик қилай, сигаретларингизни ярмини менинг кишеримга солиб қўйинг. Қамоқхонадаги контролкадан ўтгандан сўнг сигаретларингизни ўзингизга қайтариб бераман. Агар ҳозир ярмини менга бериб қўймасангиз, ҳамма сигаретингиздан айрилиб қолишингиз мумкин, – деди у “меҳрибончилик” қилиб.

Кишер дегани бу бозорчиларникидек мисоли катта бир қоп – сумка. Уни қамоқдагилар тилида “кишер” дейилади.

Шу пайт қаршимда ўтирган Наргизанинг менга маъноли тикилиб турганига кўзим тушди. У мени ўзига қараганимни кўриб, “берманг” дегандек оҳистагина бош чайқади.

Мен ёнимдаги “ҳожатбарор” маҳкумага ўгирилдим: – Эссиз, олдинроқ билганимда биратўла Тоштурмадаёқ сигаретларимни иккига бўлиб чиқардим-а, – дедим афсус оҳангида суҳбатдошимнинг раъйини қайтарарканман, – Энди уларни  ажрата олмайман. Битта қилиб ўраб ташлаганман. Майли, Аллоҳ хоҳласа, сигаретларимга тегишмас. Олиб қўйишса, қодир эгамнинг ўзи бир йўлга бошлар. 

– Ҳали йўлимиз узоқ, келинг, кишерингизни очинг мени ўзим қарашиб юбораман сизга сигаретларингизни ажратишга; – деди умидворлик билан мени кўндиришга ҳаракат қилаётган маҳкума сумкаларимга қўл чўзиб.

Мен унга рад жавоби бериб улгурмасимдан “Ўзи машинани ичи тор бўлса, зўрға нафас олиб кетаётган бўлсак. Энди бир ками сумкаларни очиб, нарса титкилашларингиз етмай турганди, – жеркиб берди Наргиза.

Аёллар қамоқхонасига етиб борганимизда вақт алламаҳал бўлган, тушлик  ҳам қила олмаганлигимиз сабабли очлик қийнарди.

Бирма-бир махсус машинадан тушарканмиз, темир панжаралар билан ўралган ва тепасига токли симлар ўрнатилган бино манзараси кўз олдимда намоён бўлди.

Худди кинолардагидек қуролланган ва бўйнига дурбинлар осиб олиб, чегарачилардек тепадан туриб, атрофни синчковлик билан кузатаётган ҳарбийлар маҳкумалар руҳиятига янада салбий таъсир кўрсатар, кўнгилга ваҳима соларди…

* * *

АЁЛЛАР ҚАМОҚХОНАСИДА

Бул на гумбаздир эшиги, туйнугидан йўқ нишон,
Неча гулгун, пок қизлар манзил айлабдир макон.
Туйнугин очиб алар ҳолидан олсам хабар,
Юзларига парда тортиғлиқ, турарлар бағри қон.

Биз Тошкент шаҳар Миробод тумани (Индекс № 100005) Фарғона йўли кўчаси 222-уйда жойлашган УЯ 64/7-Жазони ижро этиш муассасасига етиб келгандик. Бизни бир нечта темир тўсиқлардан олиб ўтиб, охири бир хонага олиб киришди. Унинг биқинида эса дўкон омборхонасини эслатувчи ниҳоятда катта ва кенг яна бир хона бор экан.

Бу ерда  минглаб катта-катта клёнка сумкалар тахтадан ясалган кўпқаватли расталарга тахлаб ташланганди. Хонанинг исми жисмига монанд “марказий юк омбори” экан ва маҳкумалар бу жойни рус тилидаги номи билан «центральная каптёрка» деб атарканлар.

Маҳкумаларнинг ўзлари билан олиб келган, лекин қамоқхонада кийиши мумкин бўлмаган кийим-кечаклари ва бошқа нарсалари, шунингдек қамоқхонада кийиш мумкин бўлган, лекин мавсумга мос келмайдиган пойафзаллари… – бир сўз билан айтганда,  кераксиз деб ҳисобланган барча буюмлари айнан мана шу “марказий юк омбори”да олиб қолинар ва сақланаркан…

Айримларнинг айтишича, аёллар қамоқхонаси “оқ пошшо” – Николай замонида қурилган бўлиб, армиянинг гарнизони бўлган экан. Баъзилар эса бошқача тахминларни гапиришади.

Октябрь инқилобидан олдин қурилган ўша эски бинонинг баъзи бирларигина сақланиб қолган. Булар – кутубхона, иккинчи туркум (Туркум бу қамоқххона жаргонида отряд дейилади. Ўзаро мулоқотларида отряд сўзи ишлатилгани боис асарда ҳам шундай номланди) ва биринчи-олтинчи, тўртинчи-саккизинчи, бешинчи-ўнинчи отрядлар бинолари, еттинчи-қариялар ва ногиронлар отряди, клуб, поликлиника, “психотделение”, “венерология” ҳаммом, ошхона, “медсанчасть”, бўлимлардир.

Бундан ташқари, “прачка” деб аталувчи кир ювиш ва “комната гигиены” деб аталувчи ювиниш хоналари ҳам ўша эски замонда қурилган бинолар эди.

Ишлаб чиқариш зонаси ва Штаб эса янги  барпо этилган биноларга жойлаштирилганди. Икки қаватли учинчи ва тўққизинчи отрядлар замонавий усулда, янги қурилган бинолар эди.

Мен қамоқдалик пайтимда аёллар қамоқхонасида тахминан бир минг икки юз – бир минг тўрт юз нафар  маҳкумалар сақланарди. Уларнинг ўн–ўн беш фоизини диний эътиқоди учун қамалган аёллар ташкил этарди. Ўттиз-қирқ фоизи эса гиёҳванд моддалар савдоси ва истеъмол қилиш билан шуғулланганликда айбланган маҳкумалардир.

Иқтисодий жиноятларда айбланиб, озодликдан маҳрум қилинган маҳкумалар миқдори йигирма беш-ўттиз фоиз  атрофида бўлса, қолганлари ўғрилик, қотиллик, босқинчилик каби жиноятларда айбланган маҳкумалардир.

* * *

Бу янги маконда биз – этап қилинган маҳкумаларни сариқ сочлари калта қирқилган эллик-эллик беш ёшлардаги рус аёли қабул қилиб олди. Эгнида милиция формаси. Елкасига қўндирилган белгилардан билдимки, у подполковник. Юзининг ярмини чандиқ қоплаган ҳарбий кийимдаги тахминан ўттиз ёшлардаги аёл эса подполковникка ҳамроҳлик қиларди.

  Бу даргоҳнинг илгари ҳам тузини тотиб кўрган ёнимдаги шерикларимдан бири биз – янги маҳкумаларга формадаги бу аёлларни пичирлаганча тиништира кетди: Милиция подполковниги – Жазони Ижро Этиш Муассасаси навбатчилик қисми бошлиғининг ўринбосари Ольга Пшеничникова (ДПНК) экан.

Айтишларича, бошқа ҳамкасбларига қараганда у анча инсофлироқ эмиш…  Лақаби ПШЁНКА.

Иккинчи аёл эса ҳарбий наряд назоратчиси Наргиза. Аммо унинг исмини айтсангиз, кўпчилик маҳкумалар танимас эканлар. “ШРАМ” дейишсагина дарҳол билишаркан.

Бу ернинг тартиб-қоидаларига асосан улар бизни битта-биттадан синчиклаб қабул қилишар, шунинг учун навбат кутиб ўтирганларга буларга боғлиқ бўлган ҳикояларни сўзлаб бериш, бошқаларга бу ҳикояларни тинглаш, уларнинг тақдирини “тафтиш” қилиш учун вақт бемалол эди…  

* * *

… Айтишларича қайсидир вилоятдан ўқишга кириш илинжида пойтахтга келган Наргиза авваллари жуда ҳам гўзал бўлган. Бундай соҳибжамолга Жазони Ижро Этиш Муассасалари Бош Бошқармасида ишлайдиган бир амалдорнинг ишқи тушиб қолади-да, унга Тошкентнинг қоқ марказидан квартира ҳам олиб беради. Шаҳарнинг қоқ киндигида квартираси, қўйнида шундоққина навқирон жазмани бўлган амалдор оиласидан узоқлашиб кетади.

Эрининг оёқ олишидан шубҳаланиб юрган хотинига кутилмаганда нотаниш аёл қўнғироқ қилади-да: «Эрингизни қаерда, ким билан эканлигини билмоқчи бўлсангиз мен айтган манзилга боринг. У ерда тўй бўляпти. Эрингиз кундошингиздан кўрган фарзандига бешик тўйи қилиб беряпти. Бундай хурсандчиликни сиздан беркитишган бўлса керак?! Ҳа айтганча тўйга тўёна билан бориш эсингиздан чиқмасин» – дейди ва гўшакни қўяди.

Ғазаб отини эгаллаган амалдорнинг хотини қўлга киритилган манзилни қидириб топиш учун остона ҳатларкан, ошхонада турган уксуснинг шишасини ҳам олишни унутмайди ва: “Албатта совғасиз бормайман” – деб ғўлдирайди.

Айтилган манзилга етиб борганида  эшик очган аёлни кўриб қотиб қолади. Кундош бўлмиши гўзалликда танҳо, ақлдан оздирадиган даражада хушбичим…

Унинг ҳусну-жамоли қаршисида бир оз каловланиб қолган аёлнинг кўнглидан: “Бу нозанин эримнинг қизи қатори-ку. Бундан ташқари ортидан сон мингта алпомишдек йигитлар ўлдим-куйдим қиладиган даражада гўзал экан. Адашдим, шекилли, ёки хасадгўй душманларни алдовига учдим” – деган таскин берувчи ўй ўтади хаёлидан…

Ичкаридан эса қийқир-қийқир қилиб кулаётган аёлларнинг овози эшитилади. Узр сўраб остонадан ортига қайтмоқчи бўлиб турганида ичкаридан чақалоқ кўтарган башанг кийинган эри  чиқиб қолади.

“Эр бермоқ-жон бермоқ” деганлари рост экан-да. Шунда азбаройи рашк ўтида ёниб, кўкси қоврулиб кетган аёл алам ўтида қўлидаги уксусни қаршисида турган ҳурлиқонинг юзига сепиб юборади… Хиёнаткор эр эса юраги ёрилганидан жазманига кўмак беришни ҳам унутиб, қўлидаги бола билан ўзини ичкарига уради…

Наргизани қўрқинчли кимсадек қилиб кўрсатувчи чап юзидаги чандиқ ана шу тахлит пайдо бўлган дейишади. Кейинчалик бундай фожеали воқеанинг оқибатидан ҳайиққан амалдор жазманининг оғзини ёпиш, барчасини бости-бости қилиш илинжида  Наргизани катта ойлик маошли жойга – мана шу аёллар қамоқхонасига ишга жойлаб қўйган экан…

Қамоқхонада илк эшитганим  бу ҳикоя жуда ҳам таъсир қилди менга. Ахир бу ердаги ҳар бир муассаса ҳодимлари маҳкумаларнинг тарбиясига масъул. Наҳотки ана шундай масъулиятли юмуш ўзи тарбияга муҳтож бўлган кимсаларнинг қўлига қолган бўлса?.. 

* * *

Маҳкумалар бири олиб – бири қўйиб қамоқхона ходимларига алоқадор воқеаларни ҳикоя қилаётган бир пайтларида, “Пшёнка” ва “Шрам” уларни  бирма-бир чорлашар, бунга жавобан маҳкумалар ғоз туриб, судланган Жиноят Кодексининг моддалари ва суд ҳукмига асосан берилган жазо муддати ҳақида маълум қилишарди.

Қамоқхона маъмурлари маҳкумаларни сумкаларидаги барча нарсаларни бирма-бир рўйхатга олишар,  мумкин эмас деб ҳисобланган озиқ-овқатлари ва бошқа нарсаларини бепарволик билан  ахлат челакка ташлашарди.

Маҳкумаларни қабул қилиб олиш пайтида текширувдан ўтаётган маҳкумаларнинг кийим-бошларини ечтириб олиб, унинг ўрнига қизил гулли чит куйлак ва кичкинагина оқ учбурчак рўмолча бера бошлашди. 

Бир зумда барчамиз инкубатордан чиққан жўжалардек бир ҳил кўриниш олдик. Бизга биттадан алюмин коса ва кружка, биттадан қошиқ ҳам беришди.

Улар берган коса шунчалик сирлари кўчган ва қинғир қийшиқки, бу идишда хонадонингиз қўриқчиси бўлган итингизга ҳам овқат бергингиз келмайди кишини. Кружка ҳам сирлари кўчган, қоп-қорайиб кетган эски кружка. Қошиқнинг аҳволи ҳам бир аҳвол.

Менга берилган идишларни қўлга олишга ҳам ижирғаниб: “Раҳмат менга булар керак эмас, ўзимнинг идишларим бор” – дедим қўлим учида нарсаларни нарига сурарканман.

– Тожибоева, жон деб бу нарсаларни олиб қўйинг, кун ўтмасдан чиройли идишларингизни ўғирлатиб қўйганингизда корингизга ярайди, – деди Наргиза маъноли қараб.

Давоми бор.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.