Зўравонлар исканжасида! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 6)

* * *

ЗЎРАВОНЛАР ИСКАНЖАСИДА

Мен ўтирган машина Қўйлиқ бозори ҳудудидаги Тоштемир туман Ички Ишлар бўлими биноси ичкарисига кириб тўхтади. Ички Ишлар бўлими биноси ташқарисида ўн–ўн икки нафар кўринишидан гиёҳванд, жиноятчи кимсалар эканлиги яққол кўриниб турган бадбашара кимсалар тўпланиб турган экан. Улар ман ўтирган машинадан тушган барзанги билан чапаниларча қўл беришиб кўришдилар.

Мени машинадан тушириб, иккита ходим икки қўлимдан маҳкам тутиб, бинога олиб киришди ва катта бир кабинетга олиб киришди. Кабинетда йўлда мени сўроқ қилиб, ҳақоратлаб, зуғум ўтказган “ўғрибоши” мансабдор савлат тўкиб ўтирир, оғзидан паға-паға тутун чиқариб, сигарет чекарди. Унинг ёнида эса сочлари қўнғироқ, кўзлари шиша каби ям-яшил, юзлари япалоқдан келган қирқ-қирқ беш ёшлардаги мешқорин подполковник тик туриб, хиёл эгилган тарзда пахтакор чинни пиёлага чой қуйиб, савлатдорга  узатаётганди. 

Мен бундан уч кун аввал, яъни 12 апрель куни Тошкентга келаётганимизда Қўйлиқ бозорига яқин жойда вилоятлардан Тошкентга иш қидириб келган йигитларни ҳақоратлаб, калтаклаб автобусларга тиқишда бош-қош бўлган подполковникни дарҳол танидим.

Чунки бу подполковник билан биз ўша калтаклаб, ҳақоратлаб автобусга тиқилаётган вилоятлик йигитлар орасида юпун кийим-бошдаги, ўта ночор аҳволдаги, ёши олтмишлардан ўтиб қолган бир кекса отахонни ҳимоя қилиш жараёнида тўқнашгандик.

Мансабдор подполковникни қўлидан пиёлани оларкан, “Шумиди?” дея, қошларини чимириб, имо қилиб мени кўрсатди унга. Подполковник “Мана кўрдингми, яна учрашдик” дегандек виқор билан ёнимга келди ва “Ҳа, худди шу! Кеча Қўйлиқ бозори ичида бозорчиларни тўплаб, Ўзбекистонда ҳам Қирғизистонлаги каби давлат тўнтариши қилиш кераклиги ҳақида ваъзхонлик қилаётган пайтида бизни ходимлар назоратига тушган лаънати шу!” деди.

У важоҳат билан ёнимга келди, икки тирсагимдан қаттиқ ушлаб, нафрат тўла нигоҳларини менга қадаб силтай бошлади ва “Кимдан, қанча пул олиб, халқни давлатга қарши қўяётгандинг? Кимга хизмат қиласан, айт?!” дея ҳақоратлай бошлади.

Мен давлатга қарши ҳеч қандай иш қилмаганимни айтгандим, у жаҳл билан мени итариб юборди. Мен апил-тапил сумкамни очдим ва доимо ёнимда олиб юрадиган кичкинагина Қурьонни сумкамдан олиб, стол устига қўйдим ва мана шу Қурьон ҳаққи-ҳурмати ёлғон гапирмаганимни айтдим. У эса Қурьонни ерга улоқтириб ташлаб: «Қурьонингга палоним», – деб ҳақорат қилди.

Мен унга: «Мени ҳақорат қилсангиз ҳам, Қурьонни хўрламанг. Ҳаммамиз мусулмонмиз. Қурьонни беҳурмат қилганни Худо уради, ўзингизга бўлмаса, яқинларингизга зиён етади», –  деганимни биламан: «Қанжиқ, сани ўзингни худо уриб қўйди, ишонмасанг мана кўр!!!» деди-да, мени қўшни хона ёнига судраб олиб бориб, ичкарига итариб киритди.

Ортимдан ҳалиги кўчада учратганим бадбашара кимсалардан учтаси кириб келди. Улар кириб келишлари билан хонани чидаб бўлмас даражадаги қўланса ҳид эгаллади. Кириб келганларнинг иккитасини қўлларида турли татуировкалар эгаллаганлигига кўзим тушди. Улардан бири, узун бўйли, ориқдан келган ва тишлари тўкилиб кетган рус миллатига мансуб бўлгани менга ташланди.

Кўзлари қисиқ, юзининг ўнг томонида каттагина тиртиғи бори мен томонга қараб юрганида бироз оқсоқланишига кўзим тушди. Учинчиси эса кўзлари ичига кириб кетган, лаби дўрдоқ, кийиб олган қоп-қора комбинзонини қора мой доғлари эгаллаган.

Улар менга ташланарканлар, бор овозим билан дод солиб, бақириб, ёрдамга чақира бошладим. Шунда улардан биттаси бор кучи билан юзимга шапалоқ тортиб юборди. Мен мувозанатимни йўқотиб, йиқилиб тушдим. Мен олиб кирилган хонанинг ойнаси қора эди, ташқари кўринмасди. Лекин мен билан бўлаётган воқеани ташқаридагилар кузатиб турганларини сездим. Чунки шу ойнани таққиллаб, зўравонларга овозимни ўчиришларини ва танамда из қолдирмасликларини топширишди.

Бу топшириқни олгандан кейин ҳалиги барзангилардан бири икки қўлимни тепага кўтарди, бошқа бири эса қўлларимни скоч билан боғлади. Яна бири оғзимга ҳам скоч ёпиштириб, маҳкамлаб, бири қўйиб, бири бошлаб, унисининг ўрнига буниси алмашиб, ваҳшийларча, ҳайвонларча мени зўрлашди…

Мен бу хўрликларга чидай олмасдан, додлаб ёрдамга чақиришга ҳаракат қиларканман, скочланган оғзим қуриб, нафасим тиқилиб қолганди. Қачон ўзимдан кетиб қолганимни билмадим ҳам. Ўзимга келганимда эса кимдир тепамда туриб, юзимга муздек сув сепар, «ўғрибоши» тезлик билан оғзимдаги скочни юлиб ташлаб, менга сув беришни топширарди.

«Кўзинг очилдими?! Энди қисиб юрасанми, давлатга қарши фитналарга аралашмасдан?!» – деди у мени ўзимга келганимни кўриб. Мен аранг оғзимни очиб, баклажкада узатилган сувни ичдим ва ютоқиб, давлатга қарши ҳеч қандай ҳаракат қилмаганимни такрорладим.

Подполковник эса елкасини кериб менга қаради-да, «Сенинг кўзинг очилмас экан, сени у-з-о-қ саёҳатга жўнатишдан бошқа чорамиз йўқ экан. Саёҳатга кетишингдан олдин мана бу братанларни ҳам хурсанд қилиб қўй, кейин юборамиз сени саёҳатга», – деди у саёҳат сўзига алоҳида урғу бериб. Шундан сўнг у ташқарига қараб: «Кир ҳамманг!» – деб бақирди. Энди ўша ташқарида дуч келганим бадбашараларнинг беш нафари бирин-кетин хонага кириб келишди. Улар ҳиринглашиб, бир-бирларини елкаларига уриб, ҳазиллашишар, уларни жим бўлишларига берилган буйруққа умуман қулоқ солишмасди. 

Мен жон ҳолатда бир кун аввал, яъни 13 апрель куни ўта муҳим кассетани Буюк Британия элчихонасига топшириб чиққанимни, улар ўша кассетани эшитиб кўрсалар мени ўғирлаб, зўрлаганликлари сирлигича қолиши мумкин бўлсада, мени йўқ бўлиб қолишим, ўлимим сабаблари ва айбдорлари кимлар эканлигини билишларини айтиб, йиғладим.

Менинг бу гапларим қандай таъсир қилди билмадим, лекин бирор минутлар ўтгандан кейин “ўғрибоши” мансабдор ҳалиги барзангиларни хонадан чиқиб кетишларини топширди. Улар чиқиб кетганларидан кейин кимгадир қўнғироқ қилиб: «13 апрель куни қаерга борган, қаерда ким билан учрашган, қанча вақт, қаерда бўлган? Дарҳол маълумот беринглар!» – деди. Кейин эса менинг қўлимни ечишларини топширди. Бир ходим қўлларимни ечиб улгурмасидан туриб, “ўғрибоши”ни ёнида турган подполковникнинг рацияси ишлаб, амалдорни сўрашди.

Рациянинг нариги томонидагилар мени ҳақиқатан ҳам 13 апрель куни кундузи соат ўн бир яримда Буюк Британия элчихонасига кириб, у ердан соат бирда чиққанимни айтишди. «Ўғрибоши» менга қараб: «Элчихонага-ку кирибсан, балким ҳеч қанақа кассета қолдирмагандирсан? Бизни алдамаётганингни қаердан биламиз?» – деди.

Мен бирорта ходимини қўшиб беришса, ўша кассетани элчихонадан олиб келиб, уларга кўрсатишимни айтдим. 

У: «Ҳозир сени элчихонага кассета учун жўнатайми? Тоза аҳмоғингни топибсан-да!» – деб қорнини силаб кулди. Унинг ёнида турган мешқорин эса икки кун аввал милиция ходимлари билан бўлган тўқнашувни видеотасвирга ёзиб олганлигимни эслатганди, “ўғрибоши” сўкинди-да, ғазаб билан хонадан чиқиб кетди. Унинг ортидан бошқалари ҳам бирин-кетин чиқиб кетишди.

Орадан балким ўн, балким йигирма минутлар ўтди аниқ билмайман. Мен турган хонага ўрта ёшлардаги, рус миллатига мансуб бир аёл кириб келди. У бирор сўз демасдан мени етаклаб, бошқа бир хонадаги ваннага олиб кириб, чўмилишимга ёрдам берди.

Мени ўзимга келишим учун ширин чой ва озиқ овқатлар берди. Мен атига чой ича олдим холос, ҳеч нима ея олмадим. Кўнглим айниб, бошим айланар, аъзойи баданларим қақшаб оғрирди. Баданимдан жирканардим, содир бўлган воқеа кўз ўнгимда гавдаланиб, дод солиб йиғлардим. Уйда ёлғиз қолган қизимни аҳволи нима кечганини ўйлаб яна баттарроқ ташвишда эдим. Чунки мени ўғирлаб кетганларига бир неча соат бўлганди.

Бироз ўзимга келганимдан кейин мени биринчи келганимдаги катта кабинетга олиб кирганларида «Ўғрибоши” амалдор  уч нафар шериги билан ўтирган эди. Уларнинг бири ўша подполковник эди, бошқа бири сочлари тўкилиб кетган, ориқдан келган, эгнидаги қимматбаҳо костюм-шими қоматига ёпишиб турган  ўттиз беш-қирқ ёшлардаги йигит эди. У мени стулга ўтирғизиб, бу ерда бўлиб ўтган воқеани ҳам, гап-сўзларни ҳам унутишимни, ҳеч кимга оғиз очмаслигимни таъкидлади. Улар ягона қизимнинг тақдирини ўйлаб, раҳм қилганларини, бугундан бошлаб бирор-бир ортиқча ҳаракат қилишим нафақат ўзимга, балким қизимга ҳам зиён етказишини, она сифатида бугунги ҳолимга қизим тушиб қолишини хоҳламасам, тилимни тишим билан тишлаб юришимни тайинлади.

Менга қўй кўзларини тикиб, сукутда ўтирган нотаниш кимса Матбуот анжумани пайтида тарқатиш учун тайёрлаб, бир неча нусхада чиқариб олганим Мурожаатимни беришни сўради. Подполковник менинг сумкамдан олган Мурожаатномамни нусхаларини уни қўлига тутқазди. У эса Мурожаатномамни кўздан кечираркан, жуда совуқ овоз билан “Андижон сўзини буткул унутишингизни, яқин муддатларда у томонларга умуман бормаслигингизни, Андижонликлар билан бирор-бир мавзуда мулоқот қилмаслигингизни маслахат бераман” деди буйруқ оҳангида.

Ундан кейин бошқалари ҳам менга тарбиявий дарс ўтдилар. Қисқача қилиб айтганда мени Андижонда содир бўлаётган хунрезликларга қарши бонг ураётганим, МХХ қўлида азоб чекаётган жабрдийдаларни ҳимоя қилишга интилганим учун мени ҳақоратлашди, таҳқирлашди ва тинч юрмасам ўзимни ҳам, оила аъзоларимнни ҳам ҳаёти ҳавф остида қолишини “яхшилаб” тушунтиришди.

Улар катта кучга қарши чиранишим ягона қизимни бошига ҳам бугунги мени бошимга тушган кун тушиши,  ҳаттоки унинг ўлими билан тугаши, ўзимни ҳаётим эса дўзоҳга айланишини айтиб, қўрқитмоқчи бўлдилар.

Шундан сўнг “ўғрибоши” подполковникка қараб керишаркан, кимнидир кабинетга чақиришини айтди. Бироздан сўнг узун бўйли, қирғийбурун, спорт билан шуғулланиши яққол сезилиб турган, тахминан қирқ ёшлар атрофидаги ҳарбий кийимли эркак кириб келди кабинетга. Ундан “ўғрибоши” йўлга тайёрлигини сўраганида, ҳарбий унга честь бериб, тайёрлигини айтди. Шундан сўнг “ўғрибоши” ва кабинетдаги яна бир кимса Андижоннинг ишига аралашмаслигимни, бунингдек сиёсатнинг катта ўйинларига ўралашиш аёл кишини иши эмаслигини, маслаҳатларга қулоқ солиб юрсам,  ўзимга ҳам, қизимга ҳам яхши бўлишини айтиб, бугунги бу ерда бўлган воқеа ҳақида интернетда ўқимасликларини умид қилишларини, бунга ақлим етишини уқтириб, уйга кетишимга рухсат беришди.

Кабинетга чақиртирилган ҳарбий мени Ички Ишлар бўлими биноси ичида турган Андижон номерли қизил «Нексия» машина томон мени етаклади. Биз йўлга тушдик.

Йўлда кетарканмиз ҳайдовчининг кўзи машина ойнасидан узилмас, кетимиздан қувиб келаётган ойналари қорайтирилган, номери йўқ иккита шубҳали машиналарни яқинлаштирмаслик учун тезликни оширар, постдаги текширувчиларга ҳам ҳужжатини кўрсатиш ўрнига жуда сокин овозда нимадир дер, улар бизни тезликда қўйиб юборишарди.

Ҳатто йўлда овқатланишга тўхтай олмаслигини, буни жиддий сабаблари борлигини айтиб, машинанинг орқа ўриндиғидаги клёнка халта ичидан баклажкада сув, узум ва бошқа егуликларни олиб, шулардан тамадди қилишимни айтди.

Халтанинг ичидан олинган қоғозга ўралган иккита патир ўртасидаги кабобнинг ҳиди машина ичини эгаллаганди. Мен заҳарлаши мумкин деган ҳадикда у узатган нарсаларни қарамадим ҳам.

– “Заҳарланмаган! Қаранг ман ўзим ейяпман, ичяпманку”, -деди менга кўрсатиб патир нонни оғзига тиқаркан – “Ахир оч қолиб кетгандирсиз, эрталабдан бери туз тотмагансиз-ку, олинг тамадди қилинг” дерди менга ҳомуш тикилиб.

Унинг ўзи ичиб берган баклажкадаги сувдан ичдим холос. Бошқа бирор нима тамадди қилишни истамадим. Биринчидан хавотирланганишим бор, иккинчидан томоғимдан қил ўтмайдиган кайфиятда эдим.

Телефонимни қайтариб берган бўлишларига қарамасдан мени ўз ёнига ўтказган ҳайдовчи умуман ҳеч кимга қўнғироқ қилмаслигимни илтимос қилди. Телефонни ёққанимдан кейин тинимсиз бўлаётган қўнғироқларга ҳам жавоб бермаслигим кераклигини айтиб, мобил телефонимни қайтиб қўлимдан тортиб олиб қўйди.

Биз Фарғона вилоятига кирганимизда ҳайдовчи кимгадир қўнғироқ қилди ва мени қаерга олиб боришни сўради. Уларнинг телефондаги гапларидан билдимки нариги томондаги суҳбатдош бизни Фарғона ҳалқа йўлида кутиб олишларини айтди.

Ҳалқага етиб борганимизда у ерда фуқаро кийимидаги бир қориндор кимса ва Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармасининг Жиноят Қидирув ва Терроризмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳошим Азизов гаплашиб туришган экан. «Нексия» эгаси машинадан тушиб, улар олдига борди. Улар узоқ гаплашишди.

Мен билан хайрлашиш учун ёнимга келган ҳайдовчи машинасидан иккита катта патирни олди-да мени қўлимга тутқазди.

– Опа, катталар Сизни олиб келиб қўйишни нима учун айнан менга топширганларини йўлда ҳис қилдим. Афғонистонда хизмат қилганман, лекин бугун болаларим кўзимга кўринди, уларни етим қолишларини тасаввур қилиб чўчидим. Чунки давлат ишида бир полковникни қурбонликка берилиши кўп нарсани йўқотишга кирмаслигини биламан. Соғ бўлинг. Фақат сиздан илтимосим, ўз ҳаётингизни ўйланг. Бугунгидек ҳолатга тушмасликка ҳаракат қилинг, – дедида шоша-пиша мендан узоқлашди.

Ҳошим Азизов ёнимга келиб, мен билан сўрашди ва: «Юринг, уйингизга ташлаб қўяман», – деди. Мен унинг машинасига чиқдим.

Йўлда келарканмиз, иккимиз ҳам сукутда эдик. Ваниҳоят у тилга кириб: «Нима бўлди ўзи?» – деб сўради.

Мен худди унинг саволин интиқлик билан кутиб турган одамдек, матбуот анжуманига кетаётганимда мени ўғирлаб кетганларини йиғлаб-йиғлаб айта бошладим.

Ҳаттоки, иккита номери йўқ, ойнаклари қорайтирилган енгил автомашинада кетимиздан қувиб келишганини, дарада (перевалда) ўлдириб юборишса керак деб ўйлаганимни айтиб, йиғидан ўзимни тута олмадим.

«Ҳозир ҳам ортимиздан қувиб келишяпти», – деди Ҳошим Азизов машинанинг ойнасидан кўзини узмай.

Мен қарасам, ҳақиқатан ҳам Тошкентдан Фарғонагача ортимиздан қувиб келган машиналар ҳамон катта тезликда келаётган эканлар.

Ҳошим Азизовдан мени ўғирлаб кетиб, таҳқирлашни ташкиллаштирганлар кимлар эканлигини айтишини сўрадим. Чунки у ерда бўлган икки нафар фуқаро кийимидаги амалдорлар милицияга алоқадорга ўхшашмаганди. Улар имкон даражасида мулойимлик билан муносабатда бўлгандилар мен билан.

– «Буни ташкиллаганлар Ички Ишлар Вазирлигидан эмас, бу аниқ», – деди у.

– «Агар бу одамлар вазирликдан бўлмаса, нима учун сиз мени кутиб олдингиз? Ҳалиги ёнингиздаги амалдор ким эди? Уни танимадим» – дедим.

Ҳошим Азизов менга қараб: «Мўътабархон, биздан катта идоралар бор, улар нима топшириқ берса, бажарамиз-да. Сизни уйингизга олиб бориб қўйишни нима учун айнан менга юклашди, ўзим ҳам ҳайронман», – деди.

Уйимга етиб келганимиздан кейин Ҳошим Азизов бугунги воқеа ҳақида ҳеч кимга индамаслигимни бугун мен билан учрашган раҳбарлар яна бир марта эслатиб қўйишини тайинлаганликларини, улар билан ўйнашиш яхши оқибатларга олиб келмаслигини уқтирди менга.

Индаган тақдиримда ҳам ҳеч нарсага эриша олмаслигимни, қайтангга биттагина қизимнинг ҳаётини барбод қилишимни, суд тиббий экспертизасидан ўтган тақдиримда ҳам ҳеч нимага эриша олмаслигимни айтиш уни бурчи эканлигини айтди.

Бошқа идоралар ҳам мени ўғирлашни, зўрлашни ташкиллаганларга хизмат қилишини айтиб, эшик тагидан мени Маҳлиёга топшириб, қайтиб кетди.

Мен Маҳлиё билан олдинма кетин уйга киргач, ўзимни тута олмасдан, дод солиб йиғлай бошладим. Мени Ҳошим Азизовни машинасидан тушган пайтимдаёқ аҳволимни кўриб қўрқиб кетган қизим ҳам мени қучоқлаб, йиғлар, “Нима бўлди Сизга? Нима қилишди Сизга?” деб додларди.

Эрталаб соат тўққизларда Инера Сафаргалиеванинг уйидан ундан бир мунча олдин чиқиб кетганимча йўқолиб қолганимча, матбуот анжуманига бормаганим, қўнғироқларга жавоб бермаётганим, мобил телефонимга қилинган қўнғироқларига телефоним ўчирилганлиги ҳақида автоответчик жавоб бераётгани сабабли ҳаммаслакларим – журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари оёққа қалқигандилар.

Мендан ҳамон хабар йўқлиги учун Маҳлиёга қўнғироқ қилган дўстларим матбуот конференциясига бора олмаганимни, эрталаб катта трасса йўлда ўғирлаб кетганларича, кечқурун соат саккиздан ўтганда уйга олиб келиб ташлаганларини билишди.

Ўғирлаб кетганларидан кейин нима воқеалар содир бўлганини, эрталаб ўғирлаб кетишганидан шу пайтгача қаерда бўлганлигимни сўрашганди, мен дўстларимга ҳеч нима деёлмадим. Бўлган ўтган ҳодисани эслашга, кимгадир айтишга ўзимда умуман куч топа олмадим. «Агар бўлган ишларни айтгудек бўлсам қизимни бошига мени бугунги ҳолатимни солишади» деб қўрқдим.

Журналистларнинг тинимсиз бераётган саволларига «Улар олдида биз ҳеч ким эмас эканмиз, чумоличалик қадримиз йўқ экан» деб ҳўнграб йиғлашдан бошқасига ярамадим.

Бу орада аҳволим оғирлашгани сабабли қизим тез тиббий ёрдам чақирди. Тез-тиббий ёрдам чақирганимиздан беш дақиқа ўтар-ўтмас, телефон қўнғироғи жиринглади.

Қўнғироқ қилаётган Ҳошим Азизов экан. У «Бугун-эрта қуда-андалик бўладиган одам, қизингизни ўйланг. Ахир ҳамма ҳам фарзанди учун яшайди. Бўлажак қудаларингиз олдида ким деган одам бўласиз? Эртага бирорта одамга сал баланд овоз билан гапирсангиз, юзингизга солади. Сизни калтаклаб, жароҳат етказган милиция ходимларига қўзғатилган жиноят иши ёпилдими? Ёпилди! Кечаси билан ҳибсда ушлаб турганликлари жиноят эмас деб топилдими? Ҳа, худди шундай бўлди!

Уст-бошингизни йиртиб, қонга бўяб, арқон билан бўққан қўшмачи, фоҳишаларга қўзғатилган жиноят иши ёпилдими? Ёпилди! Охирида фоҳишалар жабрланувчи сиз ва шеригингиз жиноятчи деб топилдилармингми? Топилдиларинг!

Автоҳалокатга учраганингизда очилган жиноят иши нима бўлганини ҳам билмайсиз, тўғрими? Ҳаммасида суд тиббий экспертизаси хулосаси ҳам бор эди-а? Докторлар қоғозига ёзгани билан ҳеч бир натижага эриша олмаслигингизни ўзингиз яхши биласизку», – деди.

Бўлган воқеа ҳодисаларни Ҳошим Азизов тайинламаса ҳам чақирувга биноан етиб келган тез-тиббий ёрдам шифокорларига айтолмасдим. Чунки қизимни ҳаётини хавф остига қўя олмасдим.

Чақирув билан келган шифокорлар мени текшириб: «Асабингиз ниҳоятда таранглашган, қон босимингиз кўтарилиб кетибди, асабларингиз таранглашгани эвазига юрагингиз бежо ураяпти», – деб тинчлантирувчи, қон босимини туширувчи, ухлатадиган уколлар қилиб кетишди.

Ухлатадиган, тинчлантирадиган дорилар умуман таъсир қилмади. Кечаси билан киприк қоқмадим.

Мен шу тунда икки йўлдан бирини танлашим шарт эди. Биринчиси, бундан буён улар айтганидек кўзимни юмиб, оғзимни очмасдан, қўйдек яшаш бўлса, иккинчиси, курашни давом эттириш.

Эртаси куни, индини куни ҳам дўстларим, сафдошларим, бошқа журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари қўнғироқлар қилиб, мен билан содир бўлган ҳодиса ҳақида сўрашар, лекин мен ҳеч нима дея олмас, гўёки киши билмас, инсон оёғи етмаган маконга бош олиб кетишни истардим.

Бир томондан, бор овозим билан дод солиб бўлиб ўтган воқеалар ҳақида гапириб беришни истардим. Иккинчи томондан баданимдаги оғриқлар тарқамаган, кўз ўнгимда ўша барзангилар кетмас, уларнинг қўланса ҳиди бурнимдан кетмасди ҳануз. Улар менга бирорта юқумли касаллик юқтирган бўлишлари мумкин деган ўй ҳам менга азоб берарди.

Шундай азоблар уммонида ғам-аламга кўмилиб турган бир пайтимда «Озодлик» радиосининг Намангандаги мухбири Носир Зокир телефон қилиб: «Сизни ўғирлаб кетилганингизни эшитган турли жойларда яшовчи мухлисларингиз тўхтовсиз қўнғироқ қилиб соғлигиздан хавотирланишяпти. Энди қандай йўл тутишингиз билан қизиқишяпти. Сизни овозингизни эшитишмоқчи. Сиз уларнинг саволларига жавоб бера оласизми?», – деб қолди.

Ана шундагина танлаган йўлимдан чекинишга ҳаққим йўқлигини, агар кураш майдонидан мағлуб бўлиб чиқиб кетсам, барибир йўқ қилишларини тушуниб етдим. Шунинг учун ҳам кураш майдонида қолишга, курашимни давом эттиришга қарор қилдим.

2005 йил 15 апрель куни радио тингловчилар: «Улар олдида биз ҳеч ким эмас эканмиз, чумоличалик қадримиз йўқ экан», – деб йиғлаганимни эшитган бўлсалар, орадан бир неча кун ўтгач, аниқроғи 20 апрель куни курашни давом эттиришим ҳақидаги қатъий қароримни эшитишди.

Мени жасурлик, мардлик тимсоли деб қаровчи инсонлар, фикрдошларим, мени таниган, билган инсонлар: «Бу жиноятчилар тўдаси қўрқмас Мўътабарни ҳам синдиришди», – деб ўйлашларини хоҳламадим.

Лекин: «Бугунги воқеа умрингнинг охиригача дарс бўлсин. Энди фақат ўзингни, қизингни ҳаётини ўйла. Бу таклиф. Қулоқ солиш, солмаслигинг ўз ихтиёрингда. Ҳар не бўлса-да, фақатгина битта фарзандинг бор, у ҳам бўлса қиз бола, яна кўзга яқин дейишади», – деган қўрқитишларига қулоқ солмай, фаолиятимни давом эттирдим.

* * *

ПСИХИОТРОП МУОЛАЖА БАШОРАТИ

Сафар Абдуллаев номи билан интернетда тарқатилган яна бир мақолада мени алдов йўли билан олиб кетилиб, психотроп усул қўллашларини режалаштирилганлиги ҳақида хабар берилганди.

2006 йилда бўлиб ўтган суд жараёни пайтида мени қонунга зид равишда ҳибсга олган кунлари, яъни 7 октябрь куни мени ҳибсга олиш ташаббускорлари – Республика бош прокуратураси мансабдорлари буйруғига асосан Фарғона вилоят ички ишлар бошқармасига тез тиббий ёрдам чақиртиргандилар.

Кечаси соат бирдан қирқ беш минут ўтганда етиб келган “Фарғона шаҳар тез тиббий ёрдам маркази” шифокори Йўлчиев Отабек бошчилигидаги шифокорлар ёрдамида менга қарши психотроп усул қўлламоқчи бўлгандилар. Улар менга психотроп муолажа қилиб, содир қилмаган жиноятларни зиммамга олиб, улар истаган ҳужжатларга ҳеч бир қаршиликсиз имзо чекиб берадиган ҳолатга солмоқчи бўлдилар мени. 

Судга ўша ходисани исботловчи Тез тиббий ёрдам Марказининг сигнал вароғини (сигналний лист) жиноят ишига қўшиш, бу ҳужжатни ашёвий далил деб эътироф этиш, алдов йўли билан менга психотроп муолажа қилмоқчи бўлган шифокор Отабек Йўлчиев ва Фарғона вилоят прокуратураси терговчиси Бахтиёр Маматовнинг ғайриқонуний қилмишлари сабабли уларга жиноят иши қўзғатишни сўрагандим.

Лекин биринчи инстанция судида ҳам, аппеляция суди жараёнида ҳам судлар “Буни жиноят ишига алоқаси йўқ” дея мени талабларимни рад қилиб, ғайриқонуний ажримлар чиқардилар.

Фарғона тергов ҳибсхонасига мен билан суҳбатлашиш учун 2005 йил 8 ноябрь куни кирган Ҳошим Азизов прокуратура амалдорлари ундан менга қарши сохта айбловлар билан жиноят иши қўзғатишга далиллар тўплашни талаб қилаётганликлари ҳақида ҳасрат қилиб қолди.

Андижонда тинч намойишчиларни ҳукумат томонидан қирғини содир бўлаётган 13 май куни мени ҳибсга олишни ҳам прокуратура мансабдорлари буюрганлигини, уларни топшириғини бажаргани сабабли Вазирликка тушунтириш хати ёзишга мажбур бўлганини айтиб берди.

Шунингдек унинг айтишича менга қарши қўзғатилган жиноят  иши материаллари ичида унинг биттагина имзоси бор экан. Бошқа ҳужжатлардаги имзолар уники эмаслигини, атайлаб менинг олдимда уни қора қилиб қўйишаётганини учун, кечирим сўраганди.

Унга «15 апрель куни мени ўғирлаб кетишни ташкиллаганлар кимлигини айтмасдан сир сақлагандингиз. «Ўзингиз билиб оласиз, айтолмайман», – дегандингиз. Энди айтинг, ўша кунги жиноятларни уюштирганлар кимлар эди? Прокуратураданмиди, МХХданми?» – десам: «Сиз ўзингиз қайси бири деб ўйлаяпсиз?» – деди.

Мен: «Ўша куни Тошкентдан мени олиб келган одам билан сизни телефондаги гапларингиздан фитнани  МХХчилар ёки прокуратура мансабдорлари уюштирган бўлса керак деб тахмин қилганман. Лекин “ўғрибоши” Ички Ишлар Вазирлигидан эдику.

Мени ўғирлаганларидан кейин Тоштемир туман ИИБга олиб боргандиларку», – десам, Ҳошим Азизов кулиб: «Мен бу ҳақда сиз билан гаплашганим йўқ», – деб чиқиб кетди.

* * *

АНДИЖОН ҚАТЛИОМИ ГУВОҲИ

Мен 7 октябрь куни сохта айбловлар билан ҳибсга олинганим ҳамда узлуксиз қийноқларга солинаётганимда 4 апрель кунги Президентга юборган телеграммам ҳамда Республика бошқарув органларига юборганим буюртма хатлар сабаби ортидан ўғирланиб, таҳқирланганим ва айнан мана шу сабабга кўра сохта айбловлар билан ҳибсга олинганимни тўлиғича тушиниб етдим.

Андижонлик корхоналар, кичик корхоналар ва фирмалар эгалари ва рахбарлари бўлмиш тадбиркорлар, ишбилармонлардан “террорчилар” ясаган Ўзбекистон хукумати амалдорлари ўзлари томонидан уюштирилган фитнанинг очилиб қолишидан қўрқаётганликлари аниқ эди.

Андижон фожиалари содир бўлган кун – 13 майдан 17 май кунигача тўрт кун давомида ҳеч қандай хужжат расмийлаштирмай, Фарғона вилоят ИИБда ҳибсда ушлаб турилдим. Айни шу пайтда маъмурий органлар амалдорлари мени Андижон фожиаларига алоқадорликда айблаш учун тинимсиз интилдилар. Чунки мен асосий гувоҳлардан эдим.

2004 йилда ҳибсга олинган Андижонлик тадбиркорлар иши бўйича шуғулланиб, журналистик суриштирувлар ва мониторинг ўтказган, далиллар ва фактларни йиққан мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли эдим ва УЛАР мени йўқ қилишдан манфаатдор эдилар. Чунки менинг қўлимдаги ҳужжатлар Андижонликларни террористлар эканлигини рад қиларди.

Чунки аввал таъкидлаганимдек ҳеч қайси замонда ва ҳеч бир маконда террористлар аввало тинимсиз равишда ҳукуматларни бирор-бир муаммо билан огоҳлантирмайдилар! Ҳукуматдан уларни қийнаётган жиддий муаммолардан халос қилиши учун, илтижо ила ёрдам сўрамайдилар!

Ўзбекистон хукуматининг мана шундай  важлари ёлғонлиги ҳақида баралла гапираётган ва қўлида исбот далиллари борлигини баралла айтаётган саноқли фаоллардан бири мен – Мўътабар Тожибоева эдим. Шунинг учун ҳам қай бир йўл бўлмасин мени овозимни ўчиришлари шарт эди.

* * *

13 МАЙ КУНГИ УЙ ҚАМОҒИ ВА ҲИБС

Бутун дунёни ларзага солган 13 май фожиасининг содир бўлишини олдини олиш ўрнига, бу яқинлашиб келаётган хавфдан огоҳ этган инсон – инсон хуқуқлари ҳимоячи бўлмиш аёл кишини ўғирлаб кетиб, таҳқирладилар ва Андижоннинг ишига тумшуғимни тиқмасликни қайта-қайта уқтирдилар.

13 май куни эрталаб Андижондан қўнғироқ қилган судланган икки нафар ишбилармон-тадбиркорнлар Шавкатжон ва Шокиржонларнинг укаси Шарифжон Шокиров Андижонда норозилик намойишлари бошлангани ҳақида хабар бериб, мени ҳам намойишни кузатишга чақирди.

Шарифжон Шокиров ўттиз ёшлардаги жуда билимли ва тарбияли йигит эди. Мен у билан бир неча марта учрашгандим. Бир марта мени уйимга келганди ҳам, акаларининг айбсизлигини исботловчи далилларни менга тақдим қилиш учун. У ҳибсдаги бошқа ишбилармон-тадбиркорларнинг ҳам давлатга қарши бирор-бир жиноят содир қилмаганликларини исботлайдиган далилларни ҳам менга тақдим қилганди.

Мен Шарифжонга ўзим ҳам Андижон вилоятининг Хўжаобод туманига, судга боришим керак эди. Суддан бўшагач, Андижон шаҳрига боришимни айтиб трубкани қўйдим. Лекин орадан бирозгина вақт ўтиб яна телефоним жиринглади.

Энди Республика Ички Ишлар Вазирлигининг Терроризмга қарши курашиш бошқармасидан Турсунбой Раҳматуллаев қўнғироқ қилиб уйимдан чиқмасдан ўтириб туришимни айтди. Сабабини сўрасам, хозир Фарғона вилоят Ички Ишлар бошқармаси вакиллари мени олдимга келаётганларини, мухим масалада суҳбатлашишларини айтди.

Орадан ҳеч қанча муддат ўтмасдан, Фарғона вилоят Ички Ишлар бошқармасининг жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи, милиция полковниги Рустам Абдуллаев хонадонимга кириб келди ва Андижонга бормаслигимни илтимос қилди.

Мен унга нима учун мени Андижонга боришимга тўсқинлик қилишини сўрасам “Бугун у ерда бўладиган воқеалар сиз томоша қиладиган манзара эмас” деди. Ундан қанақа манзара ҳақида гапираётганини сўрасам, “Бизни давлат демократик давлат бўлишига анча бор. Дайди ўқ билан қурбон бўлишингизни олдини олишимиз керак” деди Абдуллаев.  

Рустам Абдуллаев менга бу гапларни гапирганида 13 май куни эрталаб соат ўн ҳам бўлмаганди. Бундан билинадики, намойишга чиқувчиларни отиб, ўлдириш олдиндан ҳал қилинган.

Мен мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида намойиш ўтказилаётган жойда бўлишим кераклигини айтсам, Абдуллаев “Сиз ҳеч қаерга бора олмайсиз, чунки уй қамоғига олиндингиз” деди. У чиқиб кетаётганида “Уй қамоғи ҳазил эмасди. Мана иккита қуролланган ботирларимиз сизни қўриқлашади” деди.

Не кўз билан кўрайки, икки нафар бошдан оёқ қуролланган спецназ вакиллари ғоздек бўлиб керилиб туришибди. Мен ҳатто кўчага ҳам чиқа олмай қолдим. Бу пайтда эса Андижондаги вазият борган сари оғирлашиб борарди. Турли жойлардан Андижондаги вазият ҳақида хабар беришимни сўраб қўнғироқ қилаётган журналистлар, халқаро ташкилотлар вакилларига Шарифжон Шокировни телефон рақамини берардим. Ўзим ҳам Шарифжон билан гаплашиб, воқеалар жараёни ҳақида янги маълумотлар олар ва қўнғироқ қилаётганларга етказардим.

Андижондаги вазият ҳақида тинимсиз маълумотлар бериб турганимни тинглаб турган бўлишлари аниқ эди. Чунки қилинган қўнғироққа жавоб бериш учун телефон гўшагини кўтарсам Ҳошим Азизов жазавага тушиб бақира кетди менга.

Нима эмиш мени огоҳлантиришни, ўтган ойда мен билан бўлиб ўтган воқеани унутган бўлсам эслатиб қўйишлари қийин эмаслигини айтиб жазавага тушар ва унинг рухсатисиз журналистларга маълумот бермаслигимни уқтирарди. Агар ўзбошимчалигимни тўхтатмасам Андижондаги террорчиларнинг жиноий шериги сифатида узоқ йилларга қамоқ жазосига ҳукм қилинишимга кафолат беришини айтарди.

Мен унга “Мен сендан ойлик маош олиб ишлайдиган қўл остингдаги ходиминг эмасман. Сенга хизмат қиладиган агентинг ҳам эмасман. Агар кимда-ким ким биландир келишиши керак бўлса ўша одам сенсан, мен эмас, сен мен билан келишишинг керак!” деб жеркиб жавоб бердим ва трубкани қўйдим.

Уй қамоғига олинганимдан тортиб, Ҳошим Азизовнинг мени террористлар жиноий шериги сифатида қамаш ҳақидаги дағдағасин ҳақида журналистларга интервьюлар бердим.

Вазият жуда оғир бўлсада ҳали Андижонда отишмалар бошланмаганди. Лекин отишмалар ҳақида эрталабда Рустам Абдуллаев, тушлик вақти бўлмасдан туриб Ҳошим Азизов сайрай бошлаганди отишмалар ва Андижондаги террористлар ҳақида.

Кечки соат тўртлар арафасида мени уйимга Ҳошим Азизов кириб келди ва менга нисбатан қилган қўполлиги учун узр сўради. Кейин Ички Ишлар Бошқармаси раҳбарлари ўн беш минутга уларни олдига боришим кераклигини айтиб юборганликларини айтиб, мени олиб бориш учун ўзини жўнатганликларини айтди.

Ташқарига чиққанимизда яқиндагина Тошкентдан Фарғонага ишга жўнатилган Баҳтиёр Назиров деган Ҳошим Азизовнинг раҳбари машинада ўтирганини кўрдим.

Шу куни мени ўн беш минутда қайтишимни айтиб олиб чиқиб кетганларича 17 май кунига қадар қўйиб юбормадилар, ҳаттоки қизим, оиламдаги бошқа яқинларим билан умуман гаплашишга, уларга хабар беришга имконсиз ҳолатда қамалда ушлаб ўтирилдим.

Мени 13 май куни олиб кетганларича, ҳеч бир ҳужжат расмийлаштирмасдан Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармасида ушлаб ўтирдилар. Қачонки очлик эълон қилганимдан кейин ИИВ ходими Турсунбой Раҳматуллаев билан боғлаб беришди. Шундан кейингина – 17 май куни уйимга қайтдим. Уйга қайтгач Андижонда тинч намойишчиларга қарата ҳукумат томонидан ўққа тутилиб, юзлаб инсонлар  – ёш гўдаклардан тортиб, аёллару, қариялар вафот этганини эшитдим.

Намойишлар бошланган пайтидан бошлаб тинимсиз равишда журналистлар ва ҳуқуқ фаолларига хабарлар бериб турган, менинг ўзим билан ўша куни бир неча маротаба гаплашган Шарифжонни снайпердан пешонасига отиб ўлдирилгани ҳақида хабар топдим матбуотлардан. 

* * *

АНДИЖОН ВА НАМАНГАН ЙЎЛЛАРИ МЕН УЧУН ТЎСИЛДИ…

Андижон фожиасидан кейин мени ортимдан кузатувлар кучайтирилган режимга ўтказилди. Мени кеча-ю, кундуз қўриқлай  бошладилар. Мени нафақат Андижонга, балким Наманган вилоятига ҳам киритмай қўйдилар.

20 сентябрь кунги Республика Олий судида Андижонда террористик жиноятлар содир этганликда айблаётган ўн беш нафар Андижонликларнинг суди бошланди.

Олий судда Республика бош прокурори ўринбосари Анвар Набиев томонидан ўқиб эшиттирилган “Айблов хулосаси”да баён қилинган ҳолатлар ғирт ёлғон, туҳматдан иборатлигини ва мени судда гувоҳ тариқасида сўроқ қилишларини талаб қилдим.

Судда гувоҳлик бериб, 2004 йилда Андижонда ҳибсга олиниб, қийноқлар қурбони бўлган корхоналар, кичик корхоналар ҳамда фирмаларнинг раҳбарлари бўлмиш йигирма уч нафар ишбилармон-тадбиркорларнинг айбсиз айбдор бўлганликларини исботловчи барча далиллар – ҳужжатлар тўпламлари мени қўлимда мавжуд эканлигини айтиш, ўша ҳужжатларни судга тақдим қилиш мақсадида уйимни пойлайдиган айғоқчиларга чап бериб, 27 сентябрь куни Тошкентга бордим. Лекин мени Олий суд биносининг яқинига ҳам яқинлаштирмадилар.

Ушбу туҳмат кампанияга қарши расман очлик эълон қилганим ҳақида баёнот бериб, «Озодлик», «Америка овози» радиолари мухбирларига интервьюлар бериб, изимга қайтишга мажбур бўлдим. Орадан ўн кун ўтгач, яъни 7 октябрь куни ҳибсга олиндим.

Иштирок этишим режалаштирилган Ирландиядаги Дублин Конференциясида Андижон фожиасининг асл айбдори Ўзбекистон Ҳукуматига қарашли куч ишлатар тизимлар мансабдорлари ва вакиллари эканлигини исботловчи қўлимдаги мавжуд ҳужжатларни дунё жамоатчилиги тақдим этишга қарор қилгандим.

Андижон шаҳар прокурори, судьяси, милиция ходимлари, аскарларни ҳам ўлимида, қўлига қурол олишга мажбур бўлган инсонларни ўлимида, юзлаб Андижонликларни ўз ватанларини, яқинлари, оила аъзоларини ташлаб, бошқа юртларда сарсон-саргардон бўлишларига асосий айбдор бўлган мамлакатдаги куч ишлатар тизимлар мансабдорлари ўз жиноий қилмишларини қўлимда мавжуд бўлган ҳужжатларни ошкор қилишим ва шу  орқали уларни фош қилишимдан қўрқдилар.

Айнан шунинг учун ҳам йўлга чиқишим арафасида қонунга зид равишда ҳибсга олдилар. Андижон фожеасининг асосий гувоҳларидан бири бўлганим учун ҳам мени жамиятдан ажратиб қўйиш мақсадида Жиноят Кодексининг ўн саккизта моддалари билан айбладилар. Сохталаштирилган айбловлар билан саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этдилар.

Лекин мен ташқарида қолаётган ёлғизгина қизим Маҳлиёни тақдирини бутун дунёдаги фикрдошларим кузатиб туришибди. Қизим ва туғилажак набирам тақдиридан барча яқинларим ташвишда. Мен уларни ёлғизлатиб қўймасликларига ишонаман.

Мен яна такроран айтаманки мени уйимдан ғайриқонуний тарзда олиб кетилган барча ҳужжатлар ичида Андижон фожиалари содир этилишига сабаб бўлган ҳолатларни исботловчи икки юз вароқдан иборат ҳужжатларни мана шу айбдор идоралар амалдорлари ўз манфаатларини кўзлаб йўқ қилганлар.

Чунки менинг уйимдан олиниб, йўқ қилинган бу ҳужжатлар 2005 йил 13 май куни ва ундан кейинги воқеалар ҳақида эмас, фожиа юз бергунча бўлган ҳодисалар, мансабдорларнинг жиноятлари, ваҳшиёна қийноқлар ҳақида, яъни Андижон фожеаси содир бўлишига сабаб бўлган омиллар ҳақида ҳикоя қиларди.

Мени 2005 йил 15 апрель куни ўғирлаб кетганлари, олиб борган жойларида нима фожеалар содир бўлгани, айнан ўғирлаб кетиб, таҳқирлаганлари айнан Андижонга алоқадор эканлиги ҳақида шу бугунги кунгача ҳеч кимга айта олмадим.

Бугун, 2006 йил 22 май кунги аппеляция судлов жараёнигача, яъни орадан ўн уч ой вақт ўтганидан кейингина мени ўғирлаб кетганларидан кейин содир қилган жиноятларидан жамоатчилик хабардор бўлиши керак деб ҳисобладим ва бор ҳақиқатни айнан бугун ошкора қилишга қарор қилдим.

Нима учун бўлиб ўтган бу даҳшатли жиноят ҳақида орадан  ўн уч ой ўтиб, суд жараёнидагина ошкор қиляпман?

Чунки мен энди қамоқдан тирик чиқмаслигимни аниқ биламан ва бу сир менинг ўзим билан кетишини, сирлигича қолишини истамайман.

Қонунбузар амалдорлар суд олдида жавоб бериш вақти етиб келганида, ўша пайтда мен сафларингда бўлмасам, айбдорларни жазога тортиш пайтида  адолатсизликка, разолатга қарши курашда бошимга тушган бошқа кулфатлар қатори 15 апрель кунги фожеа учун ҳам жавоб беришларига эришишларингизни сизлардан илтимос қиламан.

Аппеляция судлов маҳкамаси менинг охирги гапириш имкониятим экан, суд мажлисида иштирок этаётган кузатувчилар, инсон хуқуқлари ҳимоячиларидан 2005 йил 15 апрель кунги хунрезликни шунча муддат ичида яшириб келганим сабабини тушунишларини сўрайман.

Мени ўша пайтдаги аҳволим ҳақиқий ҳолатни яққол кўрган бўлса ҳам оилам, ўзимнинг шаъним, ягона қизимни келажагини ўйлаб, бундан ташқари, адолатсизликка қарши курашувчи издошларим қўрқиб қолмасликлари учун ҳам мен билан содир бўлган жирканчликларни сиз яқинларимдан сир сақлаганим учун узр сўрайман. Шунинг учун ҳам 2005 йилнинг 15 апрель куни мени Тошкентнинг катта трасса йўлида таксида кетаётган палламда ўғирлаб кетиб, таҳдид қилганлари ҳамда таҳқирлаганлари, яъни зўравонлик жинояти содир этганлари ҳақида хабар бермоқдаман.

Аппеляция судлов хайъатидан ушбу ўта оғир жиноятларни –одам ўғирлаш, таҳқирлаш жиноятлари содир этган, яъни мени ўғирлаб кетиб, таҳқирлашни ташкил этган мамлакатнинг куч ишлатар тизимлари мансабдорларини ва ушбу жиноятни амалга оширишда иштирок этган кимсаларни – барча-барчасига нисбатан жиноят иши қўзғатиш ва жиноий жавобгарликка тортиш бўйича ажрим чиқаришингизни талаб қиламан.

Судланувчи Мўътабар Тожибоева.

* * *

ЗУДЛИК БИЛАН МИЛИЦИЯ ҲАҚИДАГИ ҚОНУННИ ИМЗОЛАНГ!

Ушбу асар чоп қилиниш пайтига келганида ҳаётдан кўз юмганига бир йилдан ошиб қолган Мамлакатнинг собиқ Президенти Ислом Каримовни ўз умрини охирги йилларини Амир Нажмиддинни фитнаси қурбони бўлиб, ўз набираси Мўминмирзони ўлимга ҳукм қилган Хусайн Бойқоро аҳволига тушган, ночор аҳволда ўтказганига ишонаман.

Ислом Каримов давлатни, Ҳукуматни емириб, халқни давлатга, Президентга қарши қўйиб, уни ўзбек халқи ва бутун дунё олдида обрўсизлантириб келган Ўзбекистонда илдиз отиб кетган коррупция ботқоғиға ботган жиноятчи унсурларнинг қўлида қўғирчоққа айланиб қолган эди деб ўйлайман.

Чунки қаердаги қонун устивор бўлмас экан ўша ерда маҳаллийчилик, таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик, қариндош-уруғчилик илдиз отади. Ушбу иллатлар мамлакатни таназзулга юз тутишига сабабчи бўлади.

Буни исботи тариқасида Фарғона Вилоят Ички Ишлар Бошқармаси собиқ терговчиси – маҳкум Пирмуҳаммад Ҳайдаровни 2005 йил июль ойида Президентга юборган шикоят хатини мисол келтириш мумкин.

Пирмуҳаммад Ҳайдаровнинг ушбу шикояти асосида 2005 йил 18 август куни «Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга юборганимиз «Зудлик билан милиция ҳақидаги Қонунни тасдиқланг! Ҳукуматнинг содиқ хизматчисини ўз ҳимоянгизга олинг!» деб номланган баёнотимиз ушбу фикримизга яққол  мисол бўла олади.

* * *

Милиция ходими Президентга қуйидагиларни ёзганди:

«Муҳтарам Президент!

Мен ўз ҳаётимни, умримни асосий қисмини жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва жиноятчиликни олдини олишга бахшида этган, ҳозирда ички ишлар идораларининг ходими, терговчи, милиция капитаниман.

Мен Фарғона вилоят Миллий хавфсизлик хизмати ва прокуратураси томонидан ИИБ тизимига нисбатан ўзаро ички низо-нифоқларнинг қурбони (результати) бўлиб қолдим.

Менга қарши «пора олиш»да айблаб, жиноят иши қўзғаб, ҳибсга олдилар. Мен ўзимга қарши уюштирилган бўҳтонлар, ноҳақликлардан норозилик билдириб, ўнлаб, ҳатто юзлаб шикоят аризалар билан турли инстанцияларга мурожаат қилиб келмоқдаман. Аммо менинг важларимни текширилмасдан, тергов ва суд бўлаётган Фарғона вилоятига қайтариб юборилмоқда.

Мана, оқибатда фақат Сизга, инсонларнинг дардини чин дилдан тинглайдиган Президентимизга мурожаат қилмоқдаман.

Нима учун айнан Сизга мурожаат қилмоқдаман?

Шунинг учунки, Фарғона вилоятида МХХ ва прокуратура – бир томон, иккинчи томонда эса асосан Ички ишлар идоралари ва бошқалар. Улар тарафма-тараф бўлиб, ўзаро ички низоларни келтириб чиқариш, ходимларни қурбон қилиш, ноҳақдан айблаш, қамаш билан машғул бўлиб келишмоқда.

Ваколат МХХ ва прокуратурада юқорироқ бўлгани учун, асосан, Ички Ишлар идораларининг ходимлари бадном бўлишмоқда. Сўнг маданий ва қонуний бўлиши учун суд орқали, уларга тазйиқ ўтказишиб, ҳукм чиқаришга эришишмоқда.

Суд қонунан даҳлсиз бўлса-да, бироқ МХХ ва прокуратура тазйиқи остида номига халқ кўз ўнгида суд муҳокамаси ўтказиб, жуда кўп қонун бузилишларни хаспўшлаб, суд жараёни акс этиши лозим бўлган баённомаларни МХХ ва прокуратура манфаатларига мослаб, ўзгартириб, лозим бўлса, қайта ёзиб, бирон-бир асосли далилларсиз ҳукм чиқармоқда…

Нима учун?

Чунки МХХ ва прокуратура деган қудратли идораларда ўтирган айрим шахсларнинг манфаатига путур етади. Бу эса, албатта, ушбу иш кўраётган судьяни менинг аҳволимга тушиб қолишига олиб келади.

Шундан кейин мен дардимни кимга айтай? Қози шундай бўлса, бошни қаерга уриш керак? Қамалиб кетавериш керак экан-да?! Гўдак фарзандларим қандай кун кечиришади?! Улар ким бўлиб етишишади?! Уларни,  яқинларимнинг кўз ёшларини уволи кимни тутади?! Наҳотки, демократик давлатда, қонунлар устивор деб эътироф этилган жамиятда қонунлар фақат китоб жилдларида қолиб кетаверса?!

МХХ тергов ҳибсхонасидаги қийноқлар, руҳий ва жисмоний тазйиқларни сўз билан ифодалашга нафақат тил, балким, қалам ва қоғоз ҳам ожизлик қилади. Мен булар ҳақда фақат адабиётлардан ўқиб, фильмларда кўрганман, холос.

Менинг ҳолатим М.Шолоховнинг «Инсон тақдири» асаридаги Соколовни асирга тушиб қолганда бошидан кечирган азоблардан-да аянчли эди.

Бунингдек қонунбузарликлар оқибатида нафақат менда, балким оддий фуқароларда давлат органларига нисбатан ишончсизлик, норозилик туйғулари жунбушга келмоқда.

Муҳтарам Президент!

Мени айнан Сизга мурожаат қилиб, қимматли вақтингизни олишга шу ҳолатлар мажбур қилди. Балким мени мазкур аризам Сизга етиб бормас.

Балким виждони нафсидан юқори турувчи иймонли, виждонли мутасадди шахснинг қўлига бориб тушар.

Ўзингиз ўйланг, агар айбим бўлса, мен Сизга мурожаат қилган бўлармидим? Йўқ, ҳаддим сиғмас эди.

… Мен Халқаро Оммавий ахборот воситаларига, кенг халқ оммасига мурожаат қилмоқчи эдим.

Лекин шахсан Сизни ўта ҳурмат қилганим учун, чунки Сиз Ўзбекистонни кўзгусисиз – Сизга мурожаат қилмоқдаман

Менинг ҳолатим Сизни қизиқтирмаслиги ҳам мумкиндир? Ҳозирги аянчли аҳволимни мен билан суҳбат ўтказган шахсгина чуқур ҳис қилади.

Аллақандай ғаламис кимсаларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида, бутун Ўзбекистонимизни хуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари қора отлиқ бўлишга арзимайди ва мумкин эмас.

Сиз кўп нарсани билмайсиз-да, Сизга аниқ маълумотлар кириб бормайди-да, олиб киришмайди, етказишмайди ёки мослаштириб олиб киришади.

Акс ҳолда Тошкент, Бухоро, Андижон воқеалари содир бўлмаган бўлар эди. Чунки айрим муассасаларнинг мутасадди шахсларини шахсий манфаатлари умумманфаатлардан юқори қўйиб келинмоқда.

Мана мен ариза ёзаяпману, ичимда эртанги кунни ўйлаяпман. Чунки бу аризам айнан Сизнинг ўзингизга ёки виждонли, иймонли шахснинг қўлига бориб тегмай, манфаатдор шахсларнинг қўлига тушиб қолса, мен учун, менинг оилам учун яна бундан-да баттар қора кунлар кўланка сола бошлайди.

Балким мен соғ ёки тирик қолмасман ёҳуд умуман овозим чиқмайдиган жойларга бориб қоларман, буниси менга ҳали қоронғу…

Сизга умид ила Пирмуҳаммад Ҳайдаров

Собиқ терговчининг оҳу-зорларидан ҳам кўриниб турибдики, Тошкент, Бухоро, Андижон фожеалари айбдорлари «террористлар» эмас.

Республика маъмурий органлари мансабдорларнинг жиноий кирдикорлари туфайли бу фожеалар содир бўлган.

Буни нафақат жаҳон ҳамжамияти, оддий халқ, балким Ўзбекистонлик зиёлилар, маъмурий органлар вакиллари ҳам жуда яхши биладилар. Лекин овоз чиқаришга қўрқадилар!

* * *

МЎЪТАБАР ТОЖИБОЕВАНИ “ФОШ ҚИЛИШ УЧУН” АЛОҲИДА ТОПШИРИҚ!

Ҳибсга олинган кунимдан бошлаб менинг яқинларимга, сафдошларимга нисбатан босимлар ортгандан ортиб борди. Босимлар ҳажмининг қанчалик даражада чуқурлигини билиш учун Сиз китобхонларимга тақдим қилаётганим “Алоҳида топшириқ” билан танишиб чиқсангиз кифоя деб ўйлайман. 

Тергов ҳаракатларини ғайриқонуний равишда олиб бораётган Фарғона вилоят прокуратураси иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Бахтиёр Маматов Фарғона вилоят МХХ бошқармаси бошлиғи А.Қурбонов ҳамда Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи Ш.Иноғомов номига “Алоҳида топшириқ” берган.

АЛОҲИДА ТОПШИРИҚ

… Шунга кўра  тажрибали тезкор ходимларни жалб қилиш орқали  қуйидаги тезкор-суриштирув ишларини амалга ошириш лозим.

1. Марғилон шаҳрида 2000 йилда “Ўтюраклар Клуби”нинг таъсис этилиши ва уни ташкил этганда ташаббускор бўлган шахслар, ташкилотнинг бошқа аъзоларини доираси, ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари, молиявий таъминоти манбаини аниқлаш лозим;

2. Мўътабар Тожибоевани ушбу ташкилот раҳбари сифатида фаолияти, қайси даромад манбаи эвазига тирикчилик қилиб келаётгани, унинг Республика худудидаги ва хорижий давлатлардаги нодавлат ташкилотлар билан алоқаси аниқланиши лозим;

3. Мўътабар Тожибоевага ҳайрихоҳлик билдириб, у билан мунтазам равишда алоқада бўлиб турадиган шахслар, уларнинг Мўътабар Тожибоева жиноий фаолиятига алоқаси қай даражадалигига баҳо бериш лозим;

4. Фуқаро Мўътабар Тожибоева “Ўтюраклар Клуби” рахбари сифатида ташкилот номи билан ниқобланиб, фуқароларни қўрқитиши, алдаш, уларни ишончига кириб, моддий маблағларини қўлга киритиш билан шуғулланиб келганини инобатга олган ҳолда, уни Тоҳир Мамадаминов ва Аҳмадулло Абдуллаевлардан ташқари яна кимларга нисбатан тайзиқ ўтказиб, уларни манфаатларига моддий ёки маънавий зарарлар етказганлиги, туҳмат ва ҳақоратлар уюштирганлигини аниқлаб, уларни терговга жабрланувчи сифатида жалб қилиш лозим;

5. Мўътабар Тожибоеванинг жиноий фаолиятига ҳар томонлама моддий ва маънавий кўмак берувчи, унга маълумотлар йиғиб берувчи ва шундай ҳаракатлар қилишга даъват қилувчи шахслар доирасини ҳамда улар тўғрисида тўлиқ маълумотларни аниқлаш лозим;

6. Мўътабар Тожибоевани ноқонуний равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, солиқ идоралари томонидан назорат қилинмайдиган даромад олиши тўғрисидаги маълумотномаларни атрофлича текшириб, унинг атроф туман-шахар ва вилоятларда тадбиркорликнинг қайси тури билан, ким билан ҳамкорликда ёки кимни номи билан даромад олиб келишини аниқлаш лозим;

7. Мўътабар Тожибоева номида қўшимча турар-жой, автоулов, банкларда ҳисоб рақамлари очилганлигини аниқлаб, уларни кейинчалик сотилишини тўхтатиб туриш ва хатлаш мақсадида тергов органига тўлиқ маълумот бериш лозим;

8. Унинг Республикамизда ва Республикамиздан ташқарида фаолият кўрсатиб келаётган ҳар хил диний ақидапарастлик оқимларига алоқаси, уларнинг давлат тузумига қарши олиб бораётган харакатларига моддий ва маънавий кўмаклашувини аниқлаш лозим;

9. Ўзи томонидан мунтазам равишда митинглар, пикетлар уюштиришининг мақсади, сабаблари, уни орқасида турган кимсалар ва уларнинг бу ҳаракатларидан манфаатдорлик даражасини аниқлаш лозим;

10. Мўътабар Тожибоеванинг қизи Маҳлиё Акрамова, куёви Мурод Акрамов ҳамда опаси Маҳаррам Тожибоевалар билан ўзаро муносабатлари, уларнинг Мўътабар Тожибоева жиноий фаолиятига қай даражада алоқадорлигини аниқлаб, уларни ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш лозим;

11. Улуғнор туманидаги Андижонбалиқ Акционерлик Жамиятига Мўътабар Тожибоева билан бирга дам олиш учун келиб юрган шахсларни доирасини аниқлаб, терговга жалб қилиш лозим;

12. Ушбу балиқчилик хўжалигида Мўътабар Тожибоева тадбиркорлик фаолияти билан қачондан буён шуғулланиши, олган даромадлари тўғрисида маълумот тўплаш лозим бўлади.

Мазкур топшириқ юзасидан сифатли ва ҳар томонлама тезкор суриштирув ҳаракатини амалга ошириб унинг натижалари ҳақида 25 октябрь кунга қадар ёзма равишда вилоят прокуратурасига маълум қилишингизни сўрайман”.

Ушбу “Алоҳида топшириқ”қа асосан адвокат опам Маҳаррам Тожибоевага, қизим Маҳлиё Акрамовага ва унинг турмуш ўртоғи Мурод Акрамовга, “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаоли Маъмиржон Мисиралиевга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

Маъмиржон Мисиралиевни 20 октябрь куни сўроқ қилишга чақириб, тунги учгача унга нисбатан қийноқлар қўлланилган ва менга қарши ёлғон кўргазма беришга мажбур қилинган.

Қийноқлар натижасида аҳволи оғирлашган Маъмиржон Мисиралиев Олтиариқ туманидаги Марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган ва оғир аҳволда бўлишига қарамасдан менинг ҳимоям учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов номига телеграмма жўнатган.

Дунё жамоатчилигининг таъсири остидагина Маҳлиёга Муроджонга, Маҳаррам опамга ва Маъмиржонга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари бекор қилинган.

Давоми бор.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.