Фарғона тергов ҳибсхонасидаги қийноқлар ҳақида БМТга билдирги (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 13)

* * *

АДВОКАТ БИЛАН ҚАМОҚХОНДАГИ УЧРАШУВ – «МЎЪТАБАРНИ ҚУТҚАРИНГ!»

Менинг ўша сирдошим, жонини ҳам аямайдиган дўстим, шогирдим, ҳимоячим Дилафрўз шундоққина яқинимда, Штабла турибди. Юрагим ҳапқиририб,  қинидан чиққудек урарди.

Тезкор бўлим ходими ҳамроҳлигида Дилафрўзнинг ёнига яқинлашдим. У эса менга беэътиборгина бир назар ташлаб қўйди. Билдимки, у мени танимади. Қаердан ҳам танисин? Ахир қамоқхонага келтирилганига бир ҳафтагина бўлган Мўътабар билан у билган Мўътабар орасида ер билан осмонча фарқ бор эди. У билган Мўътабардан асар ҳам қолмаган эди.

Шу тобда ўз ҳолатимга ўзим ачиниб кетдим… Изтиробдан ичим идраб кетди: “Дилафрўз!” – дедим титраб. Овозимни таниди. Таниди-ю, атрофга аланглаб овоз эгасини – мени  қидира кетди… Ва… Ва.. шундоққина қаршисида турган пол латтага ҳам ярамайдиган жулдур халатдаги бир бечорага кўзи тушди.

Рўпарасида овозини эшитгани – Мўътабар опаси эмас, бошида оқ рўмолчаси, шишиб кетган боғлоғлиқ қўлларини бўйнига осганча, оёғида зўрға турган афтодаҳол бир ғариб маҳкума турарди. Наҳотки?! Наҳотки ҳимоячи сифатида ҳам, айбланувчи ва судланувчи сифатида ҳам терговлар ва суди жараёнларида жасурлиги билан  прокурору судьяларни талвасага солган Мўътабар опаси шу бўлса?

Ҳайрат ва изтиробли нигоҳлари термулди, тикилди. Ниҳоят таниди. Ўша, устози, дўсти, қадрдони қаршисида эканлигини англади. Ўзи таниган, билган, адолатпарварлиги билан нафақат водийга, балки Республикага танилган Мўътабар Тожибоеванинг ночор аҳволини кўриб, вужудини титроқ босди. Гапирмоқчи, нималардир демоқчи бўлди, уринди, аммо овози чиқмади. Бир зум ҳайкалдек  қотиб қолди…

Йиғлаб, бир-биримизни бағримизга босиб кўришдик.  Тезкор ходим бизни  кабинетга бошлаб кирди ва ўзи хона  тўридаги стулни эгаллади.

Қонунда талаб қилганидек, холи учрашиш учун имкониятимиз бор экан, деб ҳомтама бўлган эканмиз. Қамоқхона ходими учрашув тугагунча, бизни тарк этмаслигини, унинг ёнида гаплашишимизни талаб қилди.

– Ие, Конституцияга, қонунларига бўйсунмайсизми?  Қизиқ-ку! – қамоқхона ходимига гап қотди Дилафрўз.

– Шунақа. Бу ерни қамоқхона деб қўйибдилар. Маҳкума билан ёлғиз учрашишга хаққингиз йўқ. Мени иштирокимдагина гаплашасиз, – қўполлик билан жавоб қайтарди тезкор ходим.

– Буни қаранг-а! Унда қайси мамлакатнинг қонунига бўйсунасизлар сизлар? Ёки бу қонунларга бўйсунилмайдиган оролми? – тўнкадек тўнғиллаган ходимга хитоб қилди у.

– Буни раҳбарлардан сўраб биласиз. Мени билганим шу: маҳкума билан ёлғиз учрашиш мумкин эмас. Тамом-вассалом.

– Яхши, яхши, – асабийлашаётган адвокатим беш бармоғи билан стулни чертарди, – унда раҳбарларингиздан сўраб биламиз, начора.  Бир вароқ оқ қоғоз беринг, илтимос сиздан.

Тезкор вакил узатган оқ қоғозни олган Дилафрўз унга: “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Жиноят-ижроия Кодексининг маълум моддаларига асосан ҳимоямдаги маҳкума Тожибоева билан қонуний тарзда холи учрашув ташкил қилиб беришларингизни сўрайман” – деган мазмунда қамоқхона маъмуриятига талабнома ёзди.

Талабномасига: “Агар ҳоли учрашувга рухсат берилмаса, қайси қонун ҳужжатларига асосан рад этаётганларингизни изоҳлаб беришингизни талаб қиламан”, – деб қўшиб қўйишни ҳам унутмади.

Тезкор вакил Дилафрўзни хонада қолдириб, мени каридорга етаклаб чиқди-да: “Шу ерда қимирламай туринг” – деб буюрди.

Ўзи эса талабномани олиб бошлиқ қабули томон ошиқди… Орадан анча вақт ўтгачгина, маъмурият адвокатим билан холи учрашув учун рухсат беришга мажбур бўлди.

– Қани, энди б-и-и-р бошидан гапиринг-чи! Қўлингизга нима қилди? Нега боғлаб бўйинга осиб олгансиз? – сўради Дилафрўз холи учрашув чоғида.

– Эй, сиз сўраманг, мен айтмай, Дилафрўз, – дедим надомат ила уҳ тортиб, – бу дунёнинг жаҳаннамига тушиб қолгандайман… Мени атай “психушка”да сақлашмоқда, Дилафрўз, мен тезроқ у лаънати жойдан – “психиатрик” бўлимдан чиқиб кетишим керак. Ҳаракатларингизни қилмасанглар бўлмайди. Бундан ортиғини айтолмайман. Шусиз ҳам вазият кескин. Бу ёғини ўзингиз тушуниб олаверинг, – сўзимни тугатдим бир нуқтага ҳорғин тикилганча.

Мен айни дамда Дилафрўзга қўлимга нима қилганини ҳам, ўша кунги Гавҳар билан бўлган воқеалар тафсилоти-ю, менга қарата тинимсиз уюштирилаётган фитналар кўламини, ҳамма-ҳаммасини гапириб бергим, кўнглимни бўшатгим, у орқали барча-барчани бу “оролча”нинг жамики кирдикорларидан огоҳ этишни жуда-жуда истардим…

Аммо, минг афсуски, унга айтганимдек, бундан ортиғини айтишга менда куч-қудрат йўқ эди, оғиз очишим мумкин эмас эди… Бир соатлар ўтар-ўтмас хонани бўшатишимизни талаб қилишди. Ноилож учрашувимизга якун ясашга мажбур бўлдик… Йиғлаб хайрлашдик.

Адвокат Дилафрўз Нурматовани менинг Аёллар қамоқҳонасидаги руҳий касалликлар бўлимига жойлаштирилишим сабабини айтиш ҳақидаги 2006 йил 14 июль кунги сўровномасига қамоқхона бошлиғи Светлана Сбродованинг 2006 йил 24 июль кунги жавоби

* * *

УЮШТИРИЛГАН ЎҒРИЛИК

Учрашувдан кейин назоратчи кузатувида яна “психиатрик” бўлимга қайтдим. Палатага  кирганимда томоқларим қақраб кетган эди. Уни ҳўллаб олиш учун ошхонага бориб, электр чойнакни токка қўйиб келдим.

Сув қайнагач, қуруқ чой олиш учун сумкамни очганимни биламан, ундаги нарсалар сочилиб ётганини, ейдиган нарсаларимни чўғи камайиб қолганлигини кўрдим: сариёғ, турфа конфету шоколадлар, тамакилар, майизу ёнғоқлар… Ўмариб кетишибди.

Йўқолганлар орасида маҳкумалар учун энг қадрли бўлган нарса: ўн пачка PINE сигаретимни ҳам шилиб кетишибди. Дарҳол “суриштирув” ишларини бошлаб юбордим. Аммо ҳамма мум тишлагандек сукутда эди, индамасди. Бирор бир зот: “Ўғрини мен кўрдим”, – демасди.

Мен адвокатим билан учрашувга чиқиб кетган паллада, “дневальный” Таня икки юз граммлик пласмасса идишдаги маргарин ёғни яшаш зонасига олиб чиқиб, сотмоқчи бўлганида, тезкор бўлим ходимлари қўлига тушиб қолибди.

Тезкор ходимлар ундан ёғни қаердан олганини сўраб-суриштиришса, ўзига ва менга берилган овқатларнинг юзидаги ёғларини йиққанлигини, бу ёғни қуруқ чойга алмаштирмоқчи бўлганлигини айтиб, шу мазмунда тушунтириш хати ҳам ёзиб берибди.

– Мўътабар, сендан илтимос, агар сени сўроқ қилишга чақиришса, мени гапларимни такрорлагин. Мен ҳам сенга қўлимдан келган ҳамма ёрдамни қиламан, – деди ночор аҳволга тушиб қолган Таня ялиниб.

– Майли, хавотирланманг, сизга ёрдам қиламан, – дедим  уни тинчлантириб.

Таня айтганидек, орадан ҳеч қанча ўтмасдан, мени Штабга чақиртиришди. Бордим.

– Сенлар маҳкумаларга берилиши керак бўлган овқатнинг устидаги ёғларини териб олиб, сотмоқчи бўлгансанлар! – кабинетига киришим билан, бақира кетди Гули Аҳмаджоновна деган ориқдан келган, ёши ўттизларга бориб-бормаган, маҳкумаларга бехурмат муносабатда бўлишидан роҳатланадиган “опер.отдел” ходимаси.

– Мен маҳкумаларнинг овқатидаги ёғини йиғиштириб олиб, сотишга қараб қолганим йўқ, – дедим жаҳлим чиқиб.

– Оҳ-ҳо, шунақа “состоятельный”ман денг-а?! Намунча мақтанмасангиз?! Ҳали,  ғамлаб кўтариб олиб келган нарсалариз тугаса, ё ўмариб кетишса, ўшанда кўрамиз аҳволингизни! – чираниб деди Гули Аҳмаджоновна, – Ҳа ўшанда кўрамиз аҳволингизни!

– Мен сизга “состоятельный”ман, деяётганим йўқ. Чираниб, катта кетаётганим ҳам йўқ. Нарсаларим тугаши масаласига келсак, тез кунда сиз айтган кун келса керак. Чунки, айнан бугун адвокатимнинг олдига чиқиб кетганимда, анчагина нарсаларимни ўғирлаб қўйишибди, – дедим унга “сен уюштиргандирсан ўғриликни” дегандек синчковлик билан қараб.

Шундай қилиб, Танянинг сотмоқчи бўлган ёғи билан қўлга тушгани бўйича ҳужжатлар расмийлаштиришмади. Гули Аҳмаджоновнанинг нарсаларим йўқолиши ва қийналишим ҳақидаги башорати билан, нарсаларимнинг йўқолиши бир пайтга тўғри келгани учун, мен бунинг тасодиф эмаслигини гапиргандим. Шу билан биргаликда, нарсаларимнинг ўғирлангани ҳақида Гули Аҳмаджоновнага айтган гапим бўйича, ҳатто номига бўлса-да,  суриштириб ҳам кўришмади.

Овқат олишга чиққан Таня билан Гуллола Рустамга бугун адвокатим билан кўришганимни, мени “псих.отделение”дан тезроқ чиқаришга ҳаракат қилишларини сўраганимни айтишибди. Адвокатимни олдида эканлигимда егуликларимни, айниқса анчагина тамакимни ўмариб кетишганини ҳам етказишган экан, мендан хавотир олган Рустам кўп ўтмай назоратчи билан “психиатрик” бўлимга кириб келди. 

У маҳкумалардан  йўқолган нарсаларимни тезда жойига қўйиб қўйишларини талаб қиларкан: «Менинг холамни хизматида бўласанлар баринг. Агар улар палатадан чиққудек бўлса, нарсаларини итдек қўриқлайсанлар! Тушунарлими? Талабимни яна такрорлаш учун келмоқчи эмасман!” – дея дағдаға қилди. “Хўп, хўп” деб итоаткорона эгилиб турган маҳкумалар Рустам чиқиб  кетганидан кейин можаро бошлашди.

«Булар бизни лаққиллатаяпти!”, “Ҳеч қанақа қариндош-париндош эмас булар!”, “Биттаси – лўли,  бири  ўзбек бўлса!”, “Алдашмоқда!”, “Барчаси ёлғон!” деган хитоблар эшитиларди тўрт томондан.  

Маҳкумалардан бири ёнимга келиб, чақчайди: – Нега ёлғон гапирасан?! Рустам қанақанги қариндош бўлиши мумкин сенга? Айт?!

– Бор, Рустамни ўзидан сўра, менга кекирдагингни чўзмасдан! Нимага ҳозир ўзидан сўраб қўя қолмадинг-а?  Мен ҳозир унга хат чиқараман, ўзи келиб тушунтириб қўяди сенга! – жавоб қилдим жазавага тушаётган маҳкумага.

– Не надо меня пугать! – ўшқирди у ва нари кетди.

Бақир-чақирлар авжга чиқса, чиқдики, бироқ барибир йўқолган нарсаларим топилмади.  Бу пайтда нафақат маҳкумалар, ҳатто қамоқхона маъмурияти ҳам “Рустам билан Тожибоева қанақасига қариндош бўлиши мумкин?” деган савол устида бош қотирар, аммо масаланинг моҳиятига ета олмай гаранг эдилар…

* * *

МЎЪТАБАР! СЕН ҚОРА РЎЙХАТДА ЭКАНСАН!

2006 йил 14 июль куни эрталаб яна Штабга чақиртирилган Гончар руҳий касалликлар бўлимига қайтиши билан  маҳкумалар унга савол назари билан қарашди. Бироқ у ғинг демай жойига бориб ўтирди.

– Ҳой пакар, нималар деб чақимчилик қилиб чиқдинг? Кимларга қарши гувоҳлик бериб келдинг, айт яхшиликча? – хитоб қилди кимдир.

– Йўқ,  ҳеч кимга қарши кўргазма берганим йўқ, ўзимни ушлаб олишгани бўйича сўроқ килишди, – дея жавоб қайтарган Таня опа менга ғалати қараш қилди. Кўз қарашидан менга нимадир демоқчи эканлигини  сезиб,  унинг биқинига бориб  ўтирдим.

– Мўътабар, мен бугун яширинча бир нарсаларни аниқлаб чиқдим. Сен қора рўйхатда экансан. Гавҳар билан бўлган воқеа атайлабдан сенга қарши уюштирилган экан.

Режаларига кўра, Гавҳар  ҳамширага ташланганида кимдир сени ўртага итариб юбориши, чўмич сенинг қўлингга эмас,  бошинга тушиши  керак экан.

Бошингдан олган жароҳат баҳонасида улар сенга истаган муолажаларини қилишлари мумкин эди. Худонинг ўзи бир асрабди сени ўшанда. Биласанми, агар мени рози қилиб турсанг, сен ҳақингда қандай ишлар қилинаётганини билиб бериб тураман, – деди Таня опа шивирлаб.

– Яхши,  нима сўрасангиз, бераман, – дедим унинг кўнглини тўқ қилиш учун, – икки баробар қилиб бераман. Фақат уларнинг бугунгидек бирор бир фитна уюштириш ҳаракатида эканлигини эшитиб қолсангиз, илтимос, мени олдиндан хабардор қилиб қўйинг, хўпми?

– Сен яхшигина эриб турсанг, бўлгани, – деди у оғзининг таноби қочиб, – қолганини менга қўйиб беравер! Ҳозирги топиб келган хабарим учун ҳам хизмат ҳақимни беришни унутмасанг бас, – деди Таня айёрона кўз қисиб.

* * *

ЧАҚАЛОҚ ЎҒРИСИ ГУЛЛОЛА

Шу куни Гуллолага руҳий касалликлар бўлимидан яшаш зонасига чиқишига рухсат берилди. Унинг қўлига Рустамга деб саккиз пачка PINE сигарет тутарканман: “Бориб, Рустамга илтимосимни етказ: зонага керакли нарсаларни сотиб олиб қўйишсин” – дедим, тайинлаб.

Хизмати эвазига Гуллолани ўзини ҳам қуруқ қўйганим йўқ. Ўзимда бор барча егуликлардан оз-оз олиб, ҳадя қилдим унга ҳам. Гуллола айтганларимни  бажаришга сўз бериб, зонага чиқиб кетди.

Уни кузатиб қўярканман, шу тобда бир нарсани: “Бу аёлга ишониш мумкинми ўзи?” – деган саволни ўзимга беришни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим ҳатто…

Назаримда Гуллола ишончимга кириб улгургандек эди. Бундай дейишга асосларим ҳам бордек.

… Фарғонада тергов изоляторида бир пайтлар Гуллола билан битта камерада ўтирганимни эслатиб ўтган эдим. Гуллола ҳам бошқа маҳкумалар қатори Фарғона тергов ҳибсхонасида менга қарши маъмурият томонидан қўлланилган кўп фитналарда фаол иштирок этганлардан аслида… Кўплаб азият чекишимнинг сабабчиларидан бири эди у.

Бироқ ўша пайтларда Қува тумани ИИБ терговчилари томонидан унга нисбатан беаёв қийноқ қўлланилганди. Ўшанда Гуллола ўзини ҳимоя қилишни, ҳимоячи ёллашни  жуда-жуда истарди, бироқ, иқтисодий аҳволи йўл қўймасди бунга. Гарчи мени оёғимдан чалишда маъмуриятга кўмак берган бўлса-да, унинг оғир аҳволини кўриб-билиб туриб жим туришим мумкинмиди? Албатта, йўқ.

Азбаройи унга ёрдам қилиш умидида  вазиятни адвокатим Ҳусан Маҳбубовга  тушунтиргандим, у хизмат ҳаққини тўлашга қурби етмаслигини билса-да, Гуллолани ҳеч бир маблағсиз ҳимоя қилишга рози бўлганди ўшанда.

Бироқ иш судга оширилган паллада Гуллолани мажбурлаб адвокати Ҳусан Маҳбубовдан воз кечиш ҳақида ариза ёздириб олишга муваффақ бўлишди. Бу аризани кечиктирмай адвокатига жўнатишни ҳам унутишмади. Натижада Ҳусан Маҳбубов уни ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолди. Мана шу кўнгилсиз ҳолат бизни қайсидир маънода яқинлаштиргандек бўлганди.

Гуллола Фарғона тергов ҳибсхонасида раҳбарларнинг кўрсатмаси билан  менга туҳматлар қилиб, қийноқлар қўлланишига сабабчи бўлгани учун виждони азобланаётганини тез-тез такрорларди. Қийналаётган виждонини тинчлантириш мақсадида ҳатто у Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига мени ҳимоям учун мактуб битиш истагини билдирди.

Ёзган билдиргисида у Фарғона тергов ҳибсхонасида раҳбарият томонидан менга қарши уюштирилган фитналар ҳақида баён қилиб, бундай туҳмат тошини отиш “ўйин”ларда ўзининг ҳам фаол иштирок этганлигини алоҳида уқтириб ўтди.

Иши судда кўрилиш жараёнида ўзини ҳам адвокатдан воз кечишга мажбур қилганликлари сабабини айтиб, Ҳусан Маҳбубовни ўзи билан учрашувга келишини сўраб, ариза ёзишини, агар у Гуллола билан учрашиш учун уни ёнига келганида мени оғир вазиятда эканлигимдан огоҳлантирмоқчи эканлигини айтди. Мен Гуллолага ишониб, Ҳусан Маҳбубовнинг адвокатлик идорасининг манзилини бердим.

Хиёнатларидан надомат чеккан, менга ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлган бу маҳкума юрагининг туб-тубида аслида қай мақсад, қандай муддао борлигини билмасдим …

Аммо хиёнат-сотқинлик каби иллатлар уя қурган бу масканда ўзингдан ўзгага ишониш ихтиёринг билан ўз-ўзингга чоҳ қазиш эканлигини ҳали тушуниб етмаган эдим.

Гуллоланинг менга нисбатан қилган навбатдаги хиёнатидан хабар топишим учун эса анча фурсат керак бўлди менга.

Токи руҳий касалликлар бўлимидан “жилзона”га (яшаш зонасига) чиқиб, токи 20 август куни Маҳаррам опам ва Расулжонлар билан узоқ муддатли учрашувда кўришмагунимга  қадар хиёнатнинг қўланса ҳидини сезмаган эдим…

Учрашувгача ҳали анча бор. Мен эса бу вақтда Гуллолага ишондим, ишонган эдим.

Бир танишим шундай деган эди бир пайтлар: “Хиёнат қилишдан эмас, хиёнат қилиш ҳақида ўйлашдан қўрқиш керак аввало. Кўнгилга, каллага хиёнатга қўл уриш ҳақидаги ўй келдими, ўрнашиб олдими, у ёғи бир қадам… хиёнат қилиш ҳақида ўйлашнинг ўзи ана шу қабоҳат сари бир қадам босди, дегани аслида…

Бир марта хиёнат кўчасига кирган одам иккинчи бор ҳам бош суқишдан тап тортмаслиги ҳақида билмасмидим? Билардим-ку. Шуни била туриб Гуллолага ишонардим, ишонаётган эдим.

Ахир у эмасмиди менга қарши Фарғона тергов ҳибсхонасида бўлиб ўтган фитналар хусусида БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига билдирги ёзган? Ахир у эмасмиди ўша фитналардаги иштирокини тан олган, қўрқмай  баён қилган?

Мен унинг ана шу иқрорномасини айнан келтиришни истардим.

* * *

ФАРҒОНА ТЕРГОВ ИЗОЛЯТОРИДАГИ ҚИЙНОҚЛАР ҲАҚИДА БМТга БИЛДИРГИ

Муҳтарам китобхон! Ёдингизда бўлса, мен ушбу асар аввалида ҳеч бир воқеа ва ҳолатни бўрттирмасдан, ўз ҳолича баён қилишга, ҳақиқатни, фақат ҳақиқатни ёзишга сўз берган эдим.

Ана шу ваъдамга  вафо сифатида  Гуллола Деҳқонованинг БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарлари номига 2005 йилнинг декабрь ойида муддатини кўрсатмасдан ёзган ва менга кейинчалик адвокатларим орқали белгиланган манзилга юборишни сўраб топширган билдиргисини, ҳеч бир ўзгаришсиз, қандай бўлса шундайича ҳукмингизга ҳавола қилишни лозим деб топдим…

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига

«Фарғона шаҳридаги 10-сон тергов ҳибсхонаси маҳбусаси Деҳқонова Гуллоладан

Б И Л Д И Р Г И

2005 йил 16 ноябрь куни эрталабки прогулкадан кейин, яъни, тахминан, соат тахминан ўндан ўттиз минутлар ўтганда корпус каттаси Ёқубжон Қосимов ва тергов изолятори ходими Жўраев Шуҳрат акалар эллик учинчи камерага киришиб, камера маҳбусалари Мирзаева Ҳикматхон, Олтиной Юлдашева, Роза Раҳмонова ва менга зудлик билан нарсаларимизни йиғиштиришимизни, бошқа камерага кўчишимизни буюришди.

16 ноябрь куни дежур бўлган Ёқубжон Қосимовдан бизни қайси камерага чиқармоқчи эканликларини сўрадик.

Ёқуб Қосимов Ҳикмат холага қараб: «Камераларинг совуқлиги сабабли мана касал бўлиб қолдингиз, ҳозир сизларни олиб кирадиган олтинчи камера иссиқ, печкаси бор» – деди.

Биз олтинчи камерага нарсаларимизни олиб тушаётган пайтимизда камерадаги аёл терговга чиқиб кетаётган экан. Биринчи бўлиб мен ва Ҳикмат хола Мирзаева тушдик. Аёл иккимиз билан саломлашиб, ташқарига чиқиб кетди. Манимча ўшанда соат ўн бирлар эди. Тахминан соат иккиларда ўша аёл камерага обед қилиш учун қайтиб келди. Биз танишдик, бу аёл исми Мўътабар эканлигини айтди ва бизлардан ҳам қаерлик эканлигимизни, кимлигимизни сўради. Шошилиб обед килган бу аёлни бирор соатдан кейин яна терговга олиб чиқиб кетишди.

У аёл кечки пайтгача камерага қайтмади. Соат еттиларда терговдан қайтиб келди. Биз биргаликда  овқатландик. Орадан бирор соатлар ўтиб мени ҳар доимги дардим тутиб қолди.

Эрталабдан буён сиёлмаётганлигим учун юрагим ушлаб қолди. Шерикларим дарҳол навбатчи шифокорни чақиришди. Ужин қилиб бўлганимиздан кейин ўзининг кирларини юваётган Мўътабар опа мени ҳушимдан кетиб, эпилепсия бўлиб қолганимдан хавотирга тушиб, бир неча марта доктор чақирибди.

Ўша кунги навбатчи фелдьшер Исмоил ака манга уколлар қилиб, ўзимга келтирди. Шундан кейин ҳам қийналаётганимда Мўътабар опа уколни кутмасдан шланга билан сийдиришни Исмоил акадан сўради. Кейин мен ухлаб қолдим. Шунда шерикларим Мўътабар опага мени тутаётган дардим ҳомилам катталашган сари кучаяётганини, манга туғиш мумкин эмаслигини, оғир операция бўлганимни айтишибди.

17 ноябрь куни эрталаб уйқудан турганимиздан кейин чой ичиб ўтирганимизда шерикларим олдинги камерамизда бўлсам манга қарашни уларга топширишлари ва «Агар бунга бирор нима бўлса, сизларга икки йилдан қўшиб берамиз» – дейишлари сабабли аҳволим оғирлашганда, кечаси билан ухламай  менга қараб чиқишларини Мўътабар опага айтишди. Ҳатто бир марта юрагим тўхтаб қолганини ҳам айтишди.

Мўътабар опа: – «Гуллолани аҳволи бунақа оғир бўлса, ҳаммамиз турма бошлиғи бизни қабул қилишини сўраб, турма бошлиғи билан Гуллола масаласида гаплашишимиз керак» – деб айтиб, ҳаммамиз номимиздан тергов ҳибсхонаси бошлиғи Адҳам Узақовни номига ариза ёзди ва барчамиз имзо чекдик.

(Ушбу ариза нусхаси Мўътабар опада бор).

Бундан ташқари кечқурунги мени аҳволимдан қўрққан Мўътабар опа ўзини ҳам юраги безовта бўлаётганини айтиб,  тиббиёт санитария қисмига олиб чиқишларини сўраб ариза ёзди.

Эрталабки текширувга Азиз Мирзабеков бошчилигида кирган назоратчиларга аризаларни топширди. Азиз Мирзабеков ҳаммамизни Узоқов қабулига кирмоқчи бўлганлигимизни сабабини сўраганди, Ҳикмат хола: – «Гуллолани касали юзасидан» – деди.

Шунда Мўътабар опа Узоқовни ўзи билан гаплашишни айтди. Ҳаммамиз имзо чеккан аризани Мирзабеков олиб чиқиб кетди. Кейин биз нонушта килдик. Тахминан соат ўн бирларда Мўътабар опа терговга чиқиб кетди. Биз тўрт нафар аёллар эса – ҳаммамиз прогулкага чиқиб, ярим соатдан ортиқ юрдик.

Прогулкага чиқиб кетаётганимизда Мирзабеков: – «Сизларни олтинчи камерага ким олиб тушди? Бу ёзувчи кимни устидан бўлса ёзаверади, бунга касаллик бўлиб қолган. Бу аслида ҳеч ким эмас. Буни Андижондаги урушда ҳам қўли бор» – деб уни ёмонлади.

“Бу аёл шунчалик ёмон экан, нима учун бизни бу камерага олиб тушдиларинг? Бу аёл қаерлик?” – деб шерикларимдан бири сўраганда, Азиз ака: – «Олтиариқни Ҳамзасида туради» – деди.

Мен: – «Мўътабар опа бизни марғилонлик» – десам: «Олтиариқнинг Ҳамзасидан» – деб мени енгди.

Кейин у: – «Бу аёл билан ҳеч ким муроса қила олмаяпти, эллик олтинчи камерадан икки нафар маҳбуса, эллик иккинчи камерадан икки нафар рус аёллар ва Тошкентлик икки нафар рус қизлар билан ҳам уришганлиги учун, уларни ҳаммаси буни устидан тушунтириш хати ёзиб, бошқа камераларга чиқиб кетиб, қутилишди. Сизлар қўрқманглар, қўлидан ҳеч нарса келмайди. Шуни босиб, овозини чиқармай ўтиринглар» – деди.

Биз прогулкадан кундузги ўн икки яримларда қайтдик. Орадан бирор соат ўтиб Мўътабар опа терговдан қайтиб келди. Биз ҳаммамиз биргаликда тушлик қилдик. Кундуз соат учларда Мўътабар опани яна терговга олиб чиқиб кетишди.

Орадан беш-ўн минут ўтмасдан Мўътабар опа камерага қайтиб кирди. У билан биргаликда тиббиёт санитария қисми бошлиғи Дилшод Дадажонов, фельдшер Исоқ Лобаров ва яна кўпчилик муассаса ходимлари камерага кириб келишди.

Шунда мен Азиз Мирзабековни прогулка пайтида гапирган гапларига ишониб: – «Дилшод ака, нимага мени тепадан бу ёққа олиб тушиб қўйишди? Мени соғлигим ўзи яхши эмасди, бу аёл ҳеч ким билан муроса қилмас экан-ку», – деб Дилшод акага пичирлаб гапирсам,  Дилшод ака  Мўътабар опага: «Камерадошларингиз ҳаммаси сиздан шикоят қилишяпти, қўлларига Кодекс бериб, ўқишга мажбур қиляпсиз экан» – деди.

Шунда Мўътабар опа: – «Булар камерага чиқишгандан буён мен терговда юрган бўлсам, қайси пайтда буларга китоб бериб, қайси пайтда ўқишга мажбур қилибман? Менга туҳмат қилганлари учун ҳаммасини камерадан чиқаришингизни сўрайман» – деди.

Кейин Дилшод акага: – «Сиз мени терговга чиқиб кетаётган жойимда ярим йўлдан нима учун қайтариб келдингиз?»  – деганди, у: «Тиббиёт санитария қисмига ариза берганингиз учун» – деди. «Мени соғлигим бузилгани учун ариза берган бўлсам, нима учун сиз мени соғлигим билан умуман қизиқмасдан, камерага кириб жанжал қўзғаяпсиз?” – деди Мўътабар опа жахли чиқиб.

– Нима учун мени соғлигим ёмонлашгани ҳақидаги тиббиёт санитария қисмига ёзган аризам бўйича бирданига махсус бўлимдан ҳам, режим бошлиғи ҳам, ҳаттоки диний эътиқоди учун қамалганлар билан ишловчи Адҳам  Умурзақов ҳам – саккиз-ўн киши баробар камерага келдиларинг?

Терговга чиқиб кетаётган жойимда, ташқаридан қайтариб олиб келиб, тиббиёт санитария қисмига эмас, камерага олиб кирганингизда менга қарши навбатдаги фитнани уюштираётганликларингизни сезгандим» – деб ҳужжатларини олиб, терговга чиқиб кетди.

Мўътабар опа терговга чиқиб кетгандан кейин камерамизга назоратчи Азиз Мирзабеков, режим бўлими бошлиғи Шерқўзи Сотволдиев, Акбаров Абдуазим ва бошқалар киришиб «Бўлиб ўтган жанжал бўйича тушунтириш хати ёзинглар» – дейишди. 

Азиз Мирзабеков айтиб турди, биз унинг айтганларини ёздик. Тушунтириш хатини тугатиб, имзолаб бўлганимиздан кейин, бизни  бирма-бир Узоқовни олдига олиб киришди.

Узоқов биздан эрталабки аризани нима учун ёзганлигимизни сўрамади ҳам.

У бизга: – «Бу аёлдан қўрқмасдан муроса қилиб ўтирсаларинг бўлди. Бу аёл ҳеч ким билан муроса қилолмаяпти» – деди.

Кечқурун соат тўққизларда терговдан қайтган Мўътабар опа бизга ҳеч нарса демади, биз билан гаплашмади ҳам. Бизга ёмонлик қилмаган бу аёлга туҳмат қилганимиз учун виждонимиз қийналди.

19 ноябрь куни мени Қува туман Ички Ишлар бўлимига терговга олиб кетиб, кечасиги ўн иккиларгача калтаклашган. Оёқларим, елкаларим кўкариб кетган, ҳомилам устидан қон тўхтамасдан келаётган аҳволда камерага қайтариб олиб келишди. Мени аҳволимни кўрган Мўътабар опа навбатчиликда бўлган турма раҳбарларига менга зудлик билан аёллар шифокори кераклиги айтди. Тез-тиббий ёрдам чақириб, ҳомиламни қутқариб қолиш учун керакли ёрдамни кўрсатишни талаб қилди.

Менга тез-тиббий ёрдам чақириб, Фарғона шаҳар Марказий шифохонасининг гинекология бўлимига олиб бориб, ҳомиламни сақлаб қолиш учун тиббий ёрдам кўрсатишди.

Тергов ҳибсхонасига қайтгач, Мўътабар опани маслаҳати билан менга қийноқлар қўллаган Қува туман ИИБ тергов бўлими бошлиғи Фарҳодга жиноят иши қўзғатишни, мени суд тиббий экспертизадан ўтказишни сўраб, прокуратурага аризалар ёздим.

Мўътабар опани мен учун жон куйдирганини кўриб виждонимиз қийналиб, шерикларимиз билан биргаликда бўлган воқеани унга айтиб бериб, Мўътабар опадан кечирим сўрадик.

Шунда Роза опа: «Агар бизни номимизни айтсангиз бизларни узоқ йилларга қамаб юборишади. Бизни айтмасдан, биз ёзиб берган тушунтириш хатларини ўзимизни олдимизда муҳокама қилишни талаб қилинг. Чунки тушунтириш хати ёздираётган пайтда: «Қўрқмай ёзаверинглар. Юқоридан бу аёлга турмадан ҳам ҳужжатлар қилишга топшириқ бўлгани учун қиляпмиз бу ҳужжатларни» – дейишганини ҳам айтиб бердик.

Мўътабар опа тинимсиз аризалар ёзиб, биз ёзган тушунтириш хатлари билан таништиришни талаб қила бошлади.

28 ноябрь куни шу масалада тергов ҳибсхонасининг тарбиявий масалалар буйича бошлиқ ўринбосари Элмурод Боқибоевни қабулига кириб чиққандан кейин, 29 ноябрь куни камерамизга кирган Азиз Мирзабеков Мўътабар опага уни ҳурмат қилишини, ҳеч қандай хусумати йўқлигини, унга қарши ҳужжат расмийлаштиришда умуман қатнашмаганини, кимлар қанақа ҳужжат расмийлаштирган бўлса, ўшаларнинг ўзи жавоб беришлари кераклигини айтиб, камерамиздан чиқиб кетди.

Унинг ва тергов ҳибсхонаси раҳбарларини Мўътабар опага қарши ҳамма сирларини биз маҳбуса аёллар сотиб қўйганимизни тўлиқ сезиб қолишгандан кейин, ҳеч бир сабабсиз, баҳонасиз Мўътабар опа билан яхши бўлиб ўтирган биз тўрт нафар аёлларни 29 ноябрь куниёқ яна эллик учинчи камерага олиб чиқиб кетишди. Унгача: «Бу тўрт нафар аёлда мени алоҳида гапим бор» – деб бизни Акбаров Абдуазим ташқарига олиб чиқиб кетаётганида, Мўътабар опа: «Яна қанақа фитна уюштиряпсизлар? Булар мени шерикларим, мени олдимда гапираверинг гапингизни», – деди.

Лекин Акбаров унинг гапларига қулоқ солмай, бизни ташқарига олиб чиқиб, дарҳол нарсаларимизни йиғиштириб, аввалги камерамизга кўчишимизни айтди. Улар бизни камерага ҳам плита олиб келиб беришди. Бизни олиб чиқиб кетишганидан кейин, Мўътабар опани қаттиқ касал бўлиб қолганини эшитдик.

Деҳқонова Гуллола (имзо)».

2005 йил декабрь.

10-сонли тергов ҳибсхонаси

(ИЗОҲ: Бу Фарғона шаҳридаги ўнинчи тергов ҳибсхонасида икки ҳафта давомида менга қарши расмийлаштирилган учта сохта интизомий жавобгарликка тортиш қарорларини китобхонлар ҳукмига ҳавола қиламан.

Шулардан бири 2005 йил 18 ноябрь кунги № 14сонлиси Гуллола билдиргисида баён қилинган ҳолат бўйича расмийлаштирилган.)

* * *

* * *

* * *

Давоми бор.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.