«Хизмат сафари»га жўнатилган «ЛОХМАЧ»лар! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 14)
* * *
ТАҲҚИРЛАНГАН – ХЎРЛАНГАН ШЕРҚУЛОВА САБОҲАТ!
Гуллола зонага чиқиб кетган куни унинг ўрнига янги бир маҳкума келтирилди.
У Навоий вилоятининг Навбахор туманилик, диний экстремизмда айбланиб, қамалган тахминан эллик ёшлардаги Шерқулова Сабоҳат опа эди.
У биринчи марта Жиноят Кодексининг 159-моддаси билан айбланиб, Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти судининг ҳукми билан олти йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган экан.
У аёллар қамоқхонасига келтирилганидан кейин, бир кун кечаси «Каримовнинг итларига» деб номланган очиқ хатни қўлда бир неча нусхада ёзиб, тунда қамоқхонанинг деворларига ёпиштириб, қаҳрамонлик кўрсатгани учун раскрутка қилинган, жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказиш учун Тоштурмага “ташланган” …
Мен Тоштурмада эканлигимда мен билан битта камерада ўтирган “қулоқ”, сочлари калта қирқилган ва бўйни узун Шаипова Гуля бир қараганда ғулуғулуни эслатарди.
Истаган пайтида бизнинг камерага кириб кела оладиган унинг жуфти лесбиянка Максимова Елена эса кўринишидан гиёҳванд эканлиги яққол кўзга кўринарди. Деярли барча сиёсий айблар билан ҳибсга олинган аёллар Максимова ва Шаиповалар билан тўқнаш келишган.
Масалан Нодира Хидоятова ҳам Максимова Елена билан битта камерада ўтирган. Шаипова Гуля эса ўша пайтда мен билан бир камерада ўтирарди. «Қулоқ»ларга қамоқхоналарда, тергов ҳибсхоналарида алоҳида имтиёзлар борки, бошқа маҳкумалар бундай имтиёзлардан ҳеч қачон фойдалана олмайдилар.
Шаипова ва Максимова истаган пайтларида камераларидан чиқиб, хоҳлаган камераларига киришлари мумкин эди. Максимова тез-тез бизнинг камерага кириб, барча айбларни зиммамга олиб, кечирим сўрасамгина, озодликка чиқишим мумкинлиги ҳақида менга ваъз ўқирди.
Максимова Елена ва Шаипова Гулялар асосан ГУИН ва МХХ вакилларига «қулоқ»лик қиладилар. Кейинчалик билишимча уларга Шерқулова Сабоҳат опани қийнаш, хўрлаш ва камситишга юқоридан тўлиқ изн берилган экан.
Шаипова Гуля ва Максимова Еленалар биргаликда аёллар монастрининг бир чеккадаги камерасига қамалган Сабоҳат Шерқулованинг олдига истаган пайтларида кирарканлар. У ерда иккала жуфтлик бир бўлиб, Шерқуловани қийнаш ва турли усуллар орқали камситиш билан банд бўлишар экан. Улар Шерқуловага энг ваҳший қийноқларни қўллар эканлар.
Лесбиянкалар жуфтлиги Шерқулованинг ёнига «меҳмон»га кирган кунларида унга қўшни камерада сақланаётган маҳбусалар Сабоҳат опани тарафини олиб, бу жуфтликка қарши исён кўтаришганди ўшанда.
Ғалаёнчилар ўзларига яқин бўлган “постовой”лар орқали Максимова ва Шаиповалар Шерқуловани яланғоч қилиб, қийнаб, камеранинг олдидаги ҳожатхона олдида тик туришга мажбур қилганликлари, уни ўз усуллари билан зўрлаганликларидан огоҳ бўлганларидан кейин Тоштурмани бошларига кўтариб исён кўтаргандилар…
Мен сақланаётган камера буткул тескари томонга қараганлиги ва менинг қайсидир бир маҳкума билан мулоқотга киришишимга йўл бермасликлари сабабли бу воқеаларни ўша пайтда эмас, кейинчалик эшитгандим.
Бошқа камералардаги махкумаларни жунбушга келтирган нарса, бу икки – бири қотил, бири – наркоман маҳкумалар Шерқуловани «тарбиялаш»га шунчалар берилиб кетишарканки, уларнинг қийноқларига дош беролмай, Шерқулова бор овози билан дод соларкан.
Бошқа камерадаги маҳкумалар “постовой”ларни чақириб, Шерқуловага ёрдам беришни сўрашса, улар бу ишга аралаша олмасликларини айтишдан нарига ўтишмас экан.
Ўша пайтда ғалаёнчиларнинг етакчиси бизнинг камера кармушкасини очтириб, Шаипова Гуляга зонага борганида бу қилмишлари учун тўлиқ жавоб беришини таъминлашини ваъда қилиб ўдағайлаганди. Шундан кейин Шаипова ваҳимага тушиб Максимова Еленага арзи ҳол қилганди.
“Сенга уни “тарбиялаш”ни топширганлар бизга қарши тишини қайраган анави ҳайвонлардан бизларни ҳимоя қилишадими ишқилиб зонада?” дея тинимсиз саволлар ёғдирарди шеригига.
Озғингина Шерқулова Сабоҳат опа даставвал ЖКнинг 159-моддаси билан айбланган бўлса, энди унга қўйилган моддалар сони кўпайганди. ЖКнинг 244-моддаси, 139-моддаси, 140-моддаси кабилар билан айбланиб, уч маротаба ўтказилган такрорий судловлардан кейин олти йиллик қамоқ жазоси, адашмасам, ўн бир йилга узайтирилганди.
Қайта судланиб, муддатига яна бир неча йил қўшилиб, қамоқхонага қайтариб олиб келинган Cабоҳат опани руҳий касалликлар бўлимига ётқизиб, унга психотроп муолажаларни жадаллик билан бошлаб юборгандилар.
Мен Шерқулова билан биринчи бор шу психиатрик бўлимда учрашиб, танишдим. Руҳий касалликлар бўлимига келтирилган куни назоратчи Ҳулкар Анорбоева ҳамшира Зилоланинг ҳамроҳлигида бўлимга кириб келди.
Зилола маҳкумаларга муолажалар қилишни бошлади. Ўзига қандай муолажалар белгиланганлигидан бехабар Шерқуловага психотроп муолажалар қилинди. Қора рўйхатдагиларга психотроп муолажалар қилинишини назорат қилувчи, ёшгина, қилиқларидан тарбиясизлиги яққол сезилиб турган Ҳулкар Шерқуловага қилинаётган муолажани жонсараклик билан кузатди.
Шерқуловага олган муолажаси таъсир қилди шекилли, бир неча дақиқалардан кейин у ўликдек қотиб, уйқуга кетди. Шу пайт ҳамшираларга ёзиш-чизиш ишларига кўмаклашадиган маҳкума Шерқулованинг касаллик тарихига кўз югуртираркан, бир сапчиб тушди: – Вой, буни қаранглар, Сабоҳат опага психотроп ёзишибди-ку! – деди кўзларини катта-катта очиб касаллик тарихини кўрсатаркан.
– Эй, сен, оғзингни ёп. Тўғри келган гапни гапираверасанми? – Ҳулкар бечоранинг бошига “тарс” этиб бир солди, – Тур ўрнингдан! Бундан кейин оғзингга эҳтиёт бўлиб юр, шунда бошингга тош тушмайди, уқдингми?
Барча маҳкумалар муолажаларини қарийб тўлиқ қабул қилиб бўлишган ҳам эдики, Ҳулкар тепамга келди: – Қани, Тожибоева, туринг-чи ўрнингиздан! Нега ойдай бўлиб ўтирибсиз?! Тезда сиз ҳам муолажангизни олингчи кўз ўнгимда! – деди буйруқ қилиб.
Ўқиб ўтирган китобим саҳифасини белгилаб, ёпарканман: – Мен муолажа олмайман – дедим. Шундай деганимни биламан, у шартта қўлимдан тортиб, турғазди-да, мени куч билан ҳамширанинг олдига етаклади.
Бу ҳолатга ажабланиб қараган ҳамширанинг олдига мени итариб юборди-да: Бунга кўзимни ўнгида уколларини қилиб, дориларини ичиринг! – деб буюрди.
Бир унга, бир менга қараган ҳамшира: – Тожибоеванинг муолажалардан аллергияси бор. Шунинг учун унга укол-дори қилолмайман, – дея жавоб қилди.
Бу гап Ҳулкарга ёқмади: – Бундан раҳбарларнинг хабари борми? Психиатрик бўлим врачини-чи? – сўради важоҳат билан.
Тенгдоши бўлган назоратчини ўзига нисбатан бундай беҳурматлик қилиши ҳамширанинг ғашига тегди шекилли, у жаҳл билан ўрнидан турди: – Албатта, бу ҳақда бўлим шифокорини хабардор қилиш менинг бурчим. Бу вазифамни қойилмақом қилиб бажариб қўйганман. Руҳий касалликлар бўлими врачи Тошхўжаев номига билдирги ҳам ёзиб топширганман, – деди ва “Шу фикрда қатъий туришимиз керак” дегандек қараш қилиб қўйди менга.
Сабоҳат опанинг уйғоқдалик пайтидаги шуғулланадиган иши бошини кўтармай аризалар, мурожаатномалар ёзар, ёзаётганлари муассаса вакиллари қўлига тушиши ва ўзига қарши ишлатишини умуман ўйлаб кўрмасди. У Каримовни қўли қонга ботган қонхўр, қамоқхона вакилларини эса унинг кўппаклари дейишдан асло тўхтамасди. “Псих.отделение”ни текширишга кирган муассаса вакилари уни алдаб, гап олиш учун сўроқ-савол қилсалар: «Палончи муассаса вакилини юрагига инсоф уруғини қададим. Мен гапирганимда кулди, айтганларимни қувватлади, ён босди» – дерди у хурсандчилигини яшира олмасдан.
Оқибатда ўша “ён босган” ходим кўп ўтмай Шерқуловани интизомий жавобгарликка тортиш ва жазо изоляторига қамаш учун қарор чиқаришга асос бўладиган ҳужжатларни расмийлаштирарди.
Шерқулова ўз ёзаётганлари нафақат қамоқхонадан ташқарига чиқаётганига, балки барча ёзганлари Англияда инглиз тилига таржима қилинаётганига, яқинда китоб шаклида чоп қилинишига ҳам ишонарди.
У қамалишидан олдин радиоларда кўп интервьюларини эшитгани Мўътабар Тожибоева эканлигимни билгач, мен билан мунтазам ҳаёт, дин ва диёнат ҳақида бахслашадиган бўлиб қолганди. Психотроп уколларни таъсири тарқаганидан кейин ўрнидан тура солиб, тўрт томонга аланглаб, мени қидириб топарди-да, яна ўша эски “ғазал”ларини бошлаб юборарди.
У менинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўлида олиб борган ишларим таҳсинга лойиқлигини эътироф этаркан: “Бундан-да кўпроқ натижага эришмоқ учун бизларнинг сафимизда бўлишингиз керак”, – дея таъкидларди.
Мен Сабоҳат опага жавоб берарканман, унинг фикрига қўшилмаслигимни асослаб берардим. У мени ўзларининг сафига қўшишга даъват этганида, қўлга қурол олиш, ёки жиҳод қилиш ҳақида эмас, Ўзбекистонда исломий давлат қуриш йўлидаги ғоявий курашни, яъни тарғибот-ташвиқотни назарда тутарди, албатта. Лекин мен демократик ғоялар тарғиботчиси сифатида унинг фикрларига қўшилмаслигимни баён қилардим.
Атроф тўла айғоқчи, бундай вазиятда оғизга эҳтиёт бўлиб гапириш кераклигини қанчалик уқтирмай, ўзини тинглайдиган қулоқ топганидан хурсанд, у ўз фикрларини минг бир марта такрорлашдан чарчамасди.
Сабоҳат опанинг айтишича: Тошкентни «Ислом Маркази» деб эълон қилиндими, демак, энди Ўзбекистондаги барча сиёсий партиялар Ислом давлатини қуриш учун ҳаракат бошлашармиш… Бу тизимдаги мавжуд сиёсий партияларнинг шунчаки оғочдан ясалган жонсиз қўғирчоқ эканлигини исботлашга қанчалик харакат қилмай, сўзларимни эшитишни ҳам истамасди.
Улар кунига уч марталаб “шмон” ўтказиш учун келишар, Сабоҳат опани менинг ёнимдаги кроватга ётқизганлари сабабли ҳам “Шмон”чилар ҳар келганларида иккимизни нарсаларимизни тинтиб-текшириб, тўкиб-сочар, тўрт томонга отардилар. Чунки энди уларда тинтувни кучайтиришга асос бор эди.
Сабаби, Шерқулова Сабоҳат опанинг мусулмонларга қийноқлар қўллаётган қамоқхона маъмурларини дўзах оловида ёнишларини башорат қилувчи мурожаатномаларини ўқиган раҳбарлар уни овозини ўчириш учун бор кучларини ишга солиб, унга нисбатан тазйиқни, босимни янада кучайтиргандилар.
Сабоҳат опани руҳий касалликлар бўлимида айнан мен билан ёнма-ён ётқизиб, бизни ўртамиздаги суҳбатларимизни ёзиб олаётганларига ишонардим. Текширувга кирган назоратчилар ҳам, офицерлар ҳам Шерқулова билан мени аллақачон шериклардек қабул қилишар, шунга очиқ-ойдин шаъма ҳам қилишарди. Лекин мен бунга қарши курашишга имконсиз эдим, бунингдек фитналарни олдини олишга қодир эмасдим.
Кейинчалик хабардор бўлишимча, ҳақиқатан ҳам менга нисбатан жиноят иши қўзғатиш ва диний экстремизмда айблаш учун Шерқулованинг ёзган қўлёзмаларидан мени сумкамга солиб қўйишни, кейинроқ эса ўша номаларни сумкамдан «топиб», менга нисбатан жиноят иши қўзғатишни режалаштиришган экан.
Лекин муассаса вакиллари ўртасидаги ўзаро келишмовчилик, бир-бирларига нисбатан бўлган нафрат сабабли, уларнинг ўйлаган режалари амалга ошмасдан қолган экан.
* * *
НЕГА МЕНИ ЖИНОЯТ “СОДИР ЭТГАН” ЖОЙИМДА СУД ҚИЛИШМАДИ?!
16 июль куни милиция лейтенанти унвонидаги йигит “психиатрик” бўлимга кириб келди. Маҳкумаларни турли сабабларга кўра сўкиб, ҳақоратлаб, кейин мендан ўзи билан бирга юришимни талаб қилди.
Тўсатдан “психиатрик” бўлимга ташриф буюрган ва маҳкумаларни тинчини бузган “меҳмон” менга қарашли эканлиги маълум бўлгач, айримлар менга хўмрайиб қараб қўйишди.
Мени алоҳида кабинетга етаклаб кирган бу ходим бармоқ изларимни ола бошлади.
“Бармоқ изларимни янги келганимда олишганди-ку?” деган изоҳли саволимга: “Керак бўлса, ҳар куни оламиз, бармоқ изини” – дея жеркиб жавоб берди.
Бирма-бир қора краскаларни суркаб, секинлик билан бармоқ изларимни махсус мосламага оларкан, жиноят ишим бўйича сўроқ-савол қила бошлади. Унинг айрим саволларига жавоб бердим. У эса, қачонки, қилган жиноятларимни тан олсам, бу ерда бир кун ҳам қолмаслигимни, дарҳол озодликка чиқишимни айтди. Озодликка чиқиш ёки бу ердаги азобларга дош бериш ўзимнинг ихтиёримда эканлигини таъкидлади.
– Мен қилмаган жиноятларни зиммамга қўйишган бўлса, ҳатто судларда ҳам жиноят содир этганлигимни исботлаб бера олмаган бўлсалар, қанақасига мен қонун йўли билан исботланмаган жиноятларни қилдим деб, тан оламан? – дедим энсам қотиб.
– Жиноят содир этгандирсиз–ки, шунча муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилингандирсиз? – деди милиция лейтенанти.
– Майли, сиз ва бошқалар учун жиноятчи ҳам бўла қолай. Лекин биргина саволимга жавоб беринг, агар мен жиноят содир этган бўлсам, унда нима учун ўша “жиноят содир этган жойим”да ўтказишмади суд жараёнини? Ахир мен барча жиноятларни Фарғонада “содир” этганман-ку суд ҳукмига кўра. Судни Фарғонада эмас, Тошкент вилоятининг бир чекка жойига олиб бориб, йўлларни тўсиб, одамларни судга қўймасдан, суд жараёнини ўтказишгани сабаби нимада деб ўйлайсиз? Айтинг, нима учун жиноят содир этган жойимда бўлмади, судим, агар ҳақиқатан ҳам шу жиноятларни содир этган бўлсам? Нимага қонун талабларига умуман риоя этишмади, қонунни бузишди? – саволларга кўмиб ташладим йигитчани.
– Қонун бўйича, терговни жиноят содир этилган жойда ўтказилиши шарт, лекин судни қаерда ўтказилиши қонун билан белгилаб қўйилмаган, – деди милиция лейтенанти, – Мен бакалаврда ўқиганман. Буни аниқ биламан!
– Мен ўрта махсус маълумотлиман, лекин аниқ биламанки, Жиноят процессуал Кодексининг 391–моддасига биноан бирор-бир жиноят иши бўйича судлов айнан жиноят содир этилган жойдаги судда кўрилади, – дедим ҳар бир сўзимга урғу бериб.
– Сиз, ўз ҳаётингизни хавф остига қўйиб, нимага эришмоқчисиз? Нимага? – деди милиция лейтенанти “аттанг!” дегандек, бош тебратаркан, – Унинг ўрнига, айтилган нарсаларга имзо чекиб, озодликка чиқиб, қандингизни урмайсизми?
– Қанақа қоғозга қўл қўйишим керак? – ўсмоқчилаб сўрадим.
– Сизга олдин бир неча марта тақдим қилинган ҳужжатга. Ўшанга имзо чекасиз, тамом-вассалом, – деди у.
– Йўқ, ҳеч қачон ундай ҳужжатга имзо чекмайман, – дедим кескин.
– Че-ка-сиз! – деди у бўғинлаб, – Шу қайсарлигингиз билан ҳали шундай вазиятларга тушасизки, ҳар қандай ҳужжатга ҳам қарамасдан, ўқимасдан тури имзо чекишга рози бўладиган ҳолатга тушасиз, ҳали.
– Кечирасиз, сиз менга ақл ўргатиш ўрнига, бармоқ изларимни олинг-да, мени тинч қўйинг. Жиноят ишим бўйича мени сўроқ-савол қилишга ҳаққингиз йўқ, – дедим ундан ҳафсалам пир бўлиб.
– Мен, Баходир Қудратовичман. Тезкор бўлимда ишлайман. Сизга алоқадор ҳамма нарсага қизиқишга, бу ҳақда сиз билан суҳбатлашишга, сизни сўроқ-савол қилишга ҳақлиман.
Қачон бурнингизга сув кириб: “Укажон, ўша ҳужжатни олиб келинг, қўл қўйиб бераман” – деганингизда, анча кеч бўлмаса эди деб, қўрқаман – деди-да, нарсаларини йиғиштириб, шаҳдам қадамлар билан чиқиб кетди.
* * *
УЮШТИРИЛГАН “НАРУШЕНИЕ”ЛАР!
… Адвокатим Дилафрўз билан бўлган учрашувимдан кейин хориж радиоларида ва интернет нашрлари орқали мени қамоқхонанинг руҳий касалликлар бўлимида мажбурий даволаш учун ётқизилганим ва психиатрик муолажалар билан “даволаш”лари хавфи борлиги ҳақидаги хабарлар яшин тезлигида тарқалиб кетди.
Ана шу сабаб Шерқулова руҳий касалликлар бўлимига олиб келинган кундан бир неча кун ўтиб – 17 июлда куни зонага чиқиб кетишга маваффақ бўлгандим…
Тўғри, гарчи улар мени Шерқулова билан “маслакдош қилиб қўйиш”га имкон топишолмаган бўлса-да, улгура олмай қолган бўлсаларда, мени жазо изоляторга бадарға қилиш учун истаганларича “айбдор” қилишга қурблари етишини 17 июль куни тушлик пайтида ҳис қилдим.
Шу куни эрталаб ишга келган Бахтиёр Тошхўжаев мени қабулига чақиртирди, хонасига кирдим.
– Нима учун шу пайтгача белгиланган муолажаларнинг бирортасини қабул қилмагансиз, Тожибоева? – сўради у.
– Бу дорилардан аллергиям бор экан, дўхтир, шунинг учун…
– Аллергиянгиз бор экан?! – сўзимни бўлиб, сўради у, – Бу гап яна қаердан чиқди? Нега менинг хабарим йўқ бундан? Нимага мен бу ҳақда “Штаб”дан эшитишим керак эди?
– Ҳамширадан сўранг буни, мен билмайман. Лекин менга проба учун укол қилганида баданларим қичишиб, шишиб кетди, шундан кейин менга белгилнган уколларни қилмади. Ўзи олдиндан билардим укол, дориларга аллергиям борлигини.
– Бўлди! Бас қилинг! – амр қилди у, – Боринг, ҳамширани топиб келинг бу ёққа!
Қўшни хонада хужжат ишлари билан банд бўлиб ўтирган ҳамширани чақириб келдим.
У билан орқа-олдин бўлиб Тошхўжаевнинг ҳузурига кирдик.
– Ассалому алайкум, Бахтиёр ака! Мен… – ҳамширанинг ҳам кейинги сўзлари бўғзида қолди.
– Тожибоева муолажалардан аллергиям бор, деб бирор марта буюрилган муолажаларни қабул қилмаган экан, мен бундан нега бехабарман?! – тутоқди у.
– Бахтиёр ака, мен аллақачонлар бу ҳақда сизга билдирги ёзиб киритиб бергандим-ку, – ўзини оқлашга уринди ҳамшира.
– Кимга бергандингиз? – пичинг аралаш сўради шифокор.
– Сизга. Қўлингизга бергандим…
Шифокор ҳамширага ишонқирамай тикилди: – Шунақа денг… Билдирги берганмидингиз? Унда нега менинг эсимда йўқ? – у бу саволларни ўзига бердими ё ҳамширага, билиш қийин эди.
Бахтиёр Тошхўжаев шундай деб ғудранганча столининг устида бетартиб ётган қоғозларини бир-бир кўздан кечира бошлади: – Билиб қўйинг, агар шу ердан, – у столининг устидаги қоғозларга имо қилди, – сиз бердим деган билдирги топилмаса, тамом деяверинг. “Ҳайфсан” оласиз ё ишдан ҳайдаласиз! Шунақа! Кетишингиз мумкин, – у жаҳл билан жавоб берди ҳамширага.
Ҳамшира кетай демасди. Билдиргининг топилиб қолишидан умид қилиб, шифокор титкилаётган қоғозлардан кўзини узмасди.
– Боринг дедим сизга, кармисиз нима бало?! – шифокорнинг иддаоли овозидан бир чўчиб тушган ҳамшира эшик томон йўналган эди, унинг орқасидан эргашдим.
– Сиз қолинг! – деган хитобдан жойимда қотдим. Ортга ўгрилдим.
– Йўқ, мен сизни тушунмайман, – деди Бахтиёр Тошхўжаев жиғибийрон бўлиб, – Сиз бу ердан қутилмоқчи бўлаяпсиз. Бошқа маҳкумалар эса отрядлардаги қийинчиликлардан қочиб, бу ерга келиб ётишни, дам олишни орзу қилишади аслида, – кейин у бироз ўйланиб турди-да: – Сиз истагандек бўлди. Эртага кечки пайт отрядга чиқасиз, – дея хабар берди пешонасини қашлаб.
* * *
Шу куни тушлик пайтида бизларга ҳар доимгидек бир пайкадан нон билан иккитадан қайнатилган лавлаги беришди. Пўсти тозаланмасдан туриб, сувда қайнатилган лавлагининг кўриниши иштаҳасини бўғади кишининг. Кўп қайнаганидан маза-матраси ҳам қолмаган. Бор таъми сувга чиқиб кетган. Оғзингизга олсангиз, бемазалигидан кўнглингиз айнийди. Бироқ ейишга мажбурсиз.
Чунки танаввул қилиш учун бошқа нарсанинг ўзи йўқ. Қайнатилган лавлагиларни пўстини арчиб, тозалаб, дастурхонга эндигина қўйганимизда “шмон”чилар кириб келишди ва менга “кишерим”ни очишимни талаб қилишди. Айни тушлик пайтида овқатланиш ўрнига “шмон”чиларнинг саволларига жавоб бериш ва улар сочиб ташлаётган нарсаларимни йиғиштириш билан банд бўлдим. Улар сумкаларимдан ғайриқонуний сақланаётган бирор нарса тополмай, чиқиб кетишди.
Афсуски бу пайтда тушлик вақти ҳам тугаб, дастурхон ҳам йиғиштириб бўлинганди. Шерикларимиз менга кичик қилиб кесилган икки бўлакча лавлаги билан бир пайка нонимни қолдиришибди…
Кечки овқатни олиш учун чиққан Таня Рустамга бугун мени туркумга чиқишим ҳақида маълумот берганида, у аллақачон бундан хабардор эканлигини айтибди. Рустам мени асосан чет эллик маҳкумалар сақланадиган тўққизинчи отрядга қўйилишим ҳақида хабар топган экан.
Унинг айтишича, у ердаги ўзига қарашли маҳкумаларга мендан кўз-қулоқ бўлиб туришларини тайинлаб қўйган. “Холамни “психушка”дан чиқишларини кутиб тураман. Шу гапимни ҳам етказиб қўйинг”, – деган экан Рустам.
* * *
ҚАТТИҚ НОН ОРАСИДАГИ ҚАЙЧИ!
Кечки овқатга сувда қайнатилган балиқнинг бошини беришди. Улушимни олиш учун навбатда турганимда ўзига эътибор қаратмасдан пала партиш юраверадиган бешинчи туркум бошлиғи Хуршида Тошбобоевна, назоратчилар Ҳулкар Анорбоева, Лола Бозорова, тартибот бўлимидаги доимо қошларини кериб юрадиган Муҳайё Усановна, тезкор бўлим инспектори Гули Аҳмаджоновналардан иборат текширувчилар гуруҳи кириб келишди ва менинг нарсаларимни “шмон” қилишларини маълум қилишди.
Яна “шмон!”. Э, Аллоҳ, ниҳояси борми бунинг? Улар сумкамни бирини палатанинг бу бурчагига, иккинчисини у бурчагига олиб бориб, тинтий бошлашди.
Шунда мен: – Тушлик пайтида ҳам бутун бир группа назоратчилар келиб сумкаларимни ҳўп тинтиб кўришган эди. Аммо ҳеч нарса топишолмаганди, – дедим уларни беш соат олдин ҳам тинтув ўтказилганлиги ҳақида хабардор қилиш учун.
Улар “Кимга гапираяпсан?” деб менга бир қараб ҳам қўйишмади ҳатто. Гўё мен умуман йўқдек, эътибор ҳам қилмасдан ўз ишларини давом эттиришарди.
Иккита сумкам палатанинг иккита бурчагида, текширувчилар ҳам иккига ажралиб сумкаларимни атрофини ўраб олганлар…
– Мен тинтув жараёнини кузатиб туришим, сумкаларимдан нима олинаяпти, нима қўйилаяпти, ўз кўзим билан кузатиб туришим керак, – дедим ёнимда турган офицерларнинг бирига.
– Нима, кўзингизни боғлаб қўйганмизми? – киноя билан жавоб қилди у, – ана кўз пешонангизда, очиқ турибди. Кўринг, кузатаверинг истаганингизча!
– Сумкаларимни палатанинг бири-бирига қарама-қарши икки томонига олиб бориб, титкилаганингиздан кейин, уларнинг қай бирига қарайман, қай бирини кузатаман? Менинг фақат олд томонимда кўзим бор, орқамда эмас. Шунинг учун илтимос, сумкаларимни бир жойга қўйиб, текширсангизлар, – дедим зорланиб.
– Яна қандай топшириқлари бор? – масхараомуз гап қотди кийим-кечакларимни тинтиётган Муҳайё Усановна.
Индамадим. Нима ҳам дердим бу қутирган кўппакларга! Барибир қидира-қидира ҳеч нарса топишолмади.
Шундан сўнг Гули Аҳмаджоновна озиқ-овқатларимни тўрт томонга сочиб, аралаштириб ташлаган Ҳулкарга қараб: – Ҳулкар. Бунақаси кетмайди! Ҳаммасини яхшилаб бирма-бир кўздан кечиринг. Бирорта нарса ҳам эътибордан четда қолмасин, – деди.
Гарчи қайнатилган балиқ бошини олиб, дастурхонларига қўйган бўлсалар-да, маҳкумалар овқатланиш ўрнига: “Бирор нарса ташлаб қўйишмасмикин?” – деган ҳадикда тинтувчиларнинг атрофини ўраб олиб, кузатишарди.
Жайнак менга қараб: – Онажон, сумкаларингизни хушёр бўлиб, кузатиб туринг – деди мени огоҳликка чақириб.
Унинг гапидан жаҳли чиқиб кетган Гули Аҳмаджоновна: – Бу гапинг билан нима демоқчисан? – дея хўмрайди Жайнакка.
– Бу гапим билан бизни аёллар қамоқхонамиз ходимлари мўъжизаларга қодир. Кўзбоғлоғич. Улар аслида циркда ишлашлари керак, чунки йўқ нарсаларни бор қилишга устаси фаранг, демоқчиман.
– Ҳаддингдан ошма! – ўшқирди узун бўйли ва гапирганда бошини орқага ташлаб турадиган Лола.
– Нима, гапим ёлғонми? Ёлғонми-а? Ёлғон денг, айтинг, айтинг-чи! Ҳа, нимага жим..? – Жайнак гапини тугатмаган эди ҳамки, халтачадаги қуритилган нонларимни ўрин устига сочиб ташлаётган Ҳулкар қўлини бир силкитган эди, бир маҳал енгининг ичидан қаттиқ нонлар орасига чирқ этиб, кичкинагина қайчича тушди.
Шоша-пиша қайчичани қўлига олган Ҳулкар Анорбоева: – Айтмадимми бир балоси бор бунинг деб! Қаранглар, бунга! – деди илондек вишиллаб, – Айтинг-чи Тожибоева, мана бу нима қилаяпти қаттиқ нонларингиз орасида?
Шунча маҳкумаларнинг кўзи ўнгида ўзи ташлаб қўйган қайчичани заррача ҳижолат чекмасдан мендан сўраётган назоратчига қараб: – Буни мен эмас, сиз биласиз! – дедим.
Қий-чув, ғала-ғовур бошланиб кетди: «Эй, Тожибоева, буларнинг ўйинини сиз энди кўра бошладингиз”, “Буларни ҳийлалари хиндча кинодек ажабтовур, ҳали бу ерда кўп кўрасиз бунақанги томошаларни!”, “Кўз бойлоғич булар дегандимку, тўппа-тўғри шу гапим!”, “Инсофини ит еган буларнинг!” – деган хитоблар эшитиларди ҳар ёндан.
Назоратчилар бу каби луқмаларга жавоб қайтаришни исташмади, шошилмасдан олдинма-кетин бўлиб чиқиб кетишди “психиатрик” бўлимдан. Орадан хиёл вақт ўтгач, туркумга чиқиб кетиш учун тайёр бўлишимни тайинлашди менга. Кечки овқатни ҳам заҳар қилишди.
Мен яна тамадди қилиш ўрнига, нарсаларимни йиғиштириб, зонага кетиш учун ҳозирлик кўра бошладим. Ҳали нарсаларимни йиғиштириб, жойлаб улгурмай “психотделение”га кириб келган назоратчи тезлик билан олдига тушишимни талаб қилди.
* * *
“ПУЛЯ”: ТОЖИБОЕВА ТУФАЙЛИ ОТРЯДЛАРИНГ ЖАЗОЛАНАДИ!
Мен назоратчи кузатувида матрас, ёстиқ, сумкаларимни кўчини ортмоқлаган кўчманчи қабила вакилидек елкаларимга осганча қамоқхонанинг руҳий касалликлар бўлимининг энг сўнгги темир эшигидан ташқарига қадам қўйдим.
Ташқарида икки-уч қадам юриб улгурмасимдан, нотаниш маҳкумалар уясидан чиққан арилардек “ғув” этиб келишди-ю, инқиллаб, кўтариб келаётган нарсаларимни шартта қўлимдан тортиб олишди.
Аввалига бу “қароқчи” маҳкумалар мени батамом тунаб кетишди, деб юрагим “шув” этиб кетганди, аммо қаршимда Рустамни кўриб, кўнглим жойига тушди.
“Холамнинг “кишер”ларини тўққизинчи отрядга олиб бориб жойлаларинг” – буюрди Рустам “талончи”ларга имо қиларкан.
Шундан англадимки, бу “йўлтўсар” маҳкумалар Рустамга қарашли экан. Итоаткор маҳкумалар тўққизинчи отряд томон пилдираб кетишди. Рустам билан ёлғиз қолдик.
Скамейкага бориб ўтирар-ўтирмасимиздан, унга ҳасратимни тўкиб солдим: – “Психушка”дан чиқишимдан салгина олдин қаттиқ нонларим орасига қайчи ташлаб, “нарушение” расмийлаштиришди. Омон қўйишмайди шекилли булар мени…
– Сиқилманг, Мўътабар опа. Бу ишни кимнинг буйруғи билан қилганларини аниқлайман, – деди Рустам мени юпатиб.
– Йўқ, у қадар сиқилаётганим ҳам йўқ, чунки шундай қилишларини билардим. Шунинг учун ҳам эҳтиётимни қилиб юргандим. Қаранг, қанчалик хушёр бўлмай, барибир улар фитналарини амалга оширишди-я, – дедим надомат билан.
Суҳбатимиз эндигина қўр олаётган эди ҳамки, навбатчи маҳкума келиб, мени “режимник” чақираётганини хабар қилди.
Кўп куттирмай, айтилган ерга етиб борганимда қош-кўзлари худди эгнидаги халатидек қоп-қора маҳкума эшикни олдида турган экан. Сочлари елкасига тушиб турган бу аёлнинг қиёфаси арманиларни эслатарди.
– Навбатчи маҳкума менга шу ерга келишимни айтганди. Маҳкума Тожибоева келибди денг, – дедим унга қараб.
– Сенга ўхшаган тартиббузарлардан умуман тинчлик йўқ! – деди у ўз-ўзидан менга ўшқириб.
– Сизга ким айтди мени тартиббузар деб? Менга нега бақирасиз? – дедим таажжубланиб.
– Тартиббузар бўлганингдан кейин тартиббузар дейманда?! Нимага бир ўзинг келдинг?! – янада овозини баландлатди у, – Қани отряд активлари?! Бор, уларни айтиб кел.
Ўзи бор йўғи мен каби оддий маҳкума. Аслида озодликда юрганда бирор-бир ишни дабдала қилиб, жиноятга қўл ўриб келиб қолган бу “мамлакат”га. Яна худди бир шаҳарни сўраб турган ҳокимдек керилганига, ўшқирганига ўласизми буни! Ҳовурига бир тўйнинг оши пишгудек-а! Ким эдики ўзи бу, менга кекирдагини чўзса? Кўнглимга шу каби саволлар келгани сайин, сиқилардим, нафсониятим қўзғаб, ғазабдан титрардим.
– Кечирасиз, аввало мен “палончини айтиб кел!” десангиз, “хўп бўлади” деб, думини ликкилатганча югуриб кетадиган югурдак лайчангиз эмасман. Кимсизки, ўзингиздан катта одамни сенлайсиз, менга ўзингизча топшириқлар берасиз? Ўзингиз қатори маҳкумаларга бундай беҳурматлик қилишга сизга ким ҳуқуқ берган? Авзойингизга қараганда, муассаса вакилига ўхшайсиз! – дедим унинг эгнидаги “бирка” тикилган қоп-қора халатга кўз қиримни ташларканман, – Рости, агар мана бу халатда бўлмаганингизда, қамоқхона ходимларидан бири деб ўйларди одам. Ёки маҳкумалар халатини шунчаки кийиб олганмисиз? Билишимча, маҳкума бошқа бир маҳкумага пўписа қилишга, уни сўроқка тутишга, буйруқ беришга ҳаққи йўқ, шундайми ёки адашдимми?
– Мени сўроқ-савол қилишга сизнинг ҳам ҳаққингиз йўқ? – жавоб қилди бироз ҳовуридан тушган маҳкума.
– Сизни ҳам менга буйруқ беришга хаққингиз йўқ. Отрядни активлари келгач, чақиртирарсиз. Мен анави ерда ўтириб тураман, – дедим-да, шартта ортга бурилиб кетдим.
Айтишларича, менга дағдаға қилган бу маҳкума Земфира исмли киллер аёл экан. Буюртма бўйича одам ўлдириш билан шуғулланган экан. Зарби шунақанги кучли эканки, ўлжасининг жон ерини мўлжаллаб, битта тушурганининг ўзидаёқ одамнинг жони узиларкан. Ҳатто у умрига зомин бўлган марҳумнинг нимадан ўлганлигини аниқлаш ҳам жуда мушкул бўларкан. Тўққизинчи буюртмасини бажараётган пайтида қўлга олинган экан.
Скамейкада қанча ўтирдим, билмайман, навбатчи маҳкума яна қошимда пайдо бўлди.
У мени “Режимный отдел”га чақираётганликларини айтди. Борсам, тўққизинчи отряднинг олти нафар активлари бўлим бошлиғи Шуҳрат Субановнинг хонасида эканлар.
Киришим билан, Шуҳрат Абдурафиқович мени сўроққа тута бошлади: – Маҳкума Тожибоева, қаранг, жуда тез учрашдик-а, нима дейсиз?
– Худодан беамр тикан кирмайди, дейишади-ку. Демак пешонага ёзилган эканки, шунақа тез учрашибмиз-да, – жавоб қилдим сафга тизилган қалдирғочлардек саф тортган маҳкумаларга бир-бир назар соларканман.
– Тўғри айтасиз. Қани айтинг-чи, нима учун қамоқхона ички тартиб қоидасига зид бўлган нарсани сақладингиз ўзингизда? – сўради у ўнг қўлини иягига тираганча.
– Тушунмадим сизни? – елкамни қисдим.
– Нима учун қайчи сақладингиз ўзингизда деяпман сизга? – саволини такрорлади Шуҳрат Абдурафиқович.
– Мен аёллар қамоқхонасига келтирилган пайтимда тинтув қилишган. Шу тинтувдан кейин деярли кунда-кунора тинтув қилиб туришди. Ҳаттоки бир кун ичида икки мартадан тинтув қилган кунлари ҳам бўлди. Кеча тушлик пайтида ўтказган тинтувлари пайтида ҳеч нима топа олмадилар.
Орадан тўрт-беш соат ўтгандан кейинги ўтказилган тинтувда эса мени нарсаларим орасидан қайчи чиқиб турибди. Демак мен эмас, мени биринчи марта тинтув қилган ходимлар айбдор! Ўшалардан сўранг, – дедим сўзларимни чертиб-чертиб, – Эътибор беринг-а, кечки пайтда мендан қайчи чиқаяпти, нега унда тушлик вақтида ўтказилган тинтувда топишмаган қайчини? Нимага тушлик пайтида тинтув ўтказган ходимлар ўз вазифасига бунчалик совуққонлик билан қарашади? Аввал ўша ходимлардан сўраш керак, кейин мени саволга тутиш керак.
Дангал жавобимдан ғаши келганини яширмаган Субанов, нима қиларини билмай, тўққизинчи отряд фаолларига заҳрини соча кетди: – Мана шунақа отрядларингдаги маҳкуманинг аҳволи! Тарбияламагансизлар! Бунинг учун отрядни жазолаймиз! Уч сутка навбатчилик қиласанлар!
– Нимага биз? – эътироз билдирди фаоллардан бири.
– Нима учун улар? – норозилик билдирдим мен ҳам.
– Нима учун, деганингиз нимаси? Нега бўларди, мана бу маҳкумадан топилган қайчи учун! – ўшқирди “Пуля” маҳкумаларга бирма-бир разм соларкан.
Мазкур вазиятдан шуни англаб етдимки, ҳали ўзим кириб улгурмаганим отряддаги маҳкумаларни менга қарши қилиб қўйишнинг жуда осон усулини қўллашмоқчи. Агар отряддагилар мен сабаб бўлиб, уч сутка навбатчиликда турадиган бўлишса, менга отдрядда умуман тинчлик бўлмайди, ҳаловат йўқолади.
Жазо тариқасида берилган навбатчиликка сабабчи бўлган маҳкумани отряддагиларнинг кўрарга кўзи, отишга ўқи бўлмайди деб эшитганман. Демак, ҳали отрядга кириб улгурмасимданоқ у ердаги маҳкумаларни менга қарши қайрашмоқчи! Бу ҳолатнинг олдини олмасам бўлмайди!
– Нега бу отряддагилар жазоланиши керак? – сўрадим “Пуля”дан такроран.
– Нарсаларингиз орасидан таъқиқланган қайчи чиқди. Шунга. Билмасмидингиз, бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун! – жавоб қилди қўлларини елка кенглигида ёйиб Субанов.
– Қайчини тўққизинчи отрядда бўлган пайтимда эмас, “психиатрик” бўлимдалик пайтимда “топишди”, – дедим охирги сўзга алоҳида урғу бериб, – Мен сизни тушунолмай қолдим. Нима учун буюмлари орасидан қайчи топилган маҳкумани, яъни ўзимни, ёки ўша қайчи чиққан жойдаги маҳкумаларни ҳам менга қўшиб жазоламасдан, айнан ҳали кириб улгурмаган отрядимдаги маҳкумаларни жазолашга аҳд қилдингиз? Қани бу ерда мантиқ?
Бундай нозик масалада сиздек зукко одамнинг адашиб қолиши мумкинми? Мумкин эмасгина эмас, кулгули бу. Қолаверса, қайчи менинг қаттиқ нонларим орасидан чиқдими, ёки назоратчининг енги орасидан тушдими, бу масалага аниқлик киритиш учун “психиатрик” бўлимда ётган маҳкумалардан сўрасангиз, уларнинг барчаси гувоҳлик беришлари мумкин.
– Мана бу тушунтириш хатлари ҳақида гапираяпсизми? – Шуҳрат Абдурафиқович қўлидаги бир тутам қоғозларни силкитди, – Сизга айтаяпман, мана булар ҳақидами? Мана, аллақачон олиб бўлганман уларни. Сиз айтган маҳкумалар аллақачон қотган нон орасидан қайчи чиққанини кўрганларини ёзиб беришган.
– Шуҳрат Абдурафиқович, – дедим унинг қўлидаги қоғозлардан кўзимни узмай, – Мен сиз сўраганингиздек ёзиб берган маҳкумаларни жуда яхши тушунаман. Чунки улар бу ерда шунақанги оғир вазиятга тушган эканларки, оқибатда икки дона сигарет, ёки бир бўлак қанд учун исталган нарсани қилишга қодир.
– Нимага шаъма қилаяпсиз? – “ўқ узгандек” ўшқирди “Пуля”.
– Мен Фарғонадаги тергов ҳибсхонасида эканлигимда шу қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган маҳкумалар Бандаренко Марина билан Минзулина Зульфиялар атай менинг олдимга “командировка”га юборилгандилар. Менинг ҳисобимга яшаб, эвазига ўзимга қарши ишлаб, камига зонага қайтиб келишларида нарсаларимни ўмариб келишган. Шундан хулоса чиқариб айтяпман, – дедим.
– Менга каранг! Бу гапингиз уларнинг қулоғига етгудек бўлса, ўзингизга ёмон бўлади-я, шуни биласизми? – бошини сарак-сарак қилди “режимник”, – Яхшиямки, Бандаренко озодликка чиқиб кетган. Агар шу ерда бўлганида борми, шу гапларингиз учун тилингизни суғуриб оларди.
– Уларнинг қулоғига етишидан қўрққанимда айтиб ўтирмасдим бу гапларимни. Улар бундан бехабар деб ўйлайсизми? Ўша пайтнинг ўзидаёқ халқаро матбуотлар орқали бутун дунёга танилиб бўлган Бандаренко билан Минзулинангиз, – истеҳзоли жилмайдим, – Сиз Бандаренко озодликка чиққан деяпсиз-у, лекин маҳкумаларнинг фикрича, у яна хизмат сафарига кетган эмиш-ку! Агар менга ишонмасангиз, юринг, ҳозир бориб Минзулинани сумкасини тинтувдан ўтказамиз. Бир комплект идишим бор эди. Ўшанинг иккитаси ўзимда, иккитасини эса улар ўмариб кетишган, идишларимни унинг сумкасидан чиқишига ишончим комил. Ўғирлаганлар мендан.
– Ничего себе! Буларни нега менга валдираяпсиз? – деди энсаси қотган “Пуля” бепарво, – Агар у қачондир нарсаларингизни шилиб кетган бўлса, мен айбдор эмасман. Бу валақлашингизни бугунги ишимизга, сиздан қайчи топилишига нима алоқаси бор?
– Нега алоқаси бўлмас экан? Жуд-а-а, алоқаси бор-да!! – дедим унинг қўлларидаги бир тахлам тушунтириш хатларига ишора қилиб, – Сиз “психотделение”даги беморлар сенга қарши ёзиб беришди, дедингиз. Мен эса азбаройи очлигидан, маҳкумалар нафақат ўғирлик қилишга, ҳатто онасини ҳам сотишга тайёр эканлигини исботлаб бермоқчи бўлдим, холос.
Шу алфоздаги суҳбат бир соатдан ортиқ давом этди. Мен келтирган исбот ва далиллар қаршисида Шуҳрат Абдурафиқович нима деярини билмай, каловланиб қолди.
“Режим” бошлиғи ўзини йўқотиб қўйганидан руҳланган отряд фаоллари ҳам назоратчилар томонидан уюштирилаётган фитналар, “нарушение” расмийлаштириш мақсадида ташлаб қўйилаётган нарсалар ҳақида айта бошладилар.
Маҳкумаларнинг бири олиб, бири қўйиб қамоқхона ходимларининг ҳеч бир қуюшқонга сиғмайдиган ғайриқонуний қилмишларини ошкор гапиришлари “Пуля”нинг жаҳлини чиқарди.
– Кўзимдан йўқолларинг баринг! Тожибоева бугундан эътиборан сиз “отрисаловка” рўйхатидасиз, – дея жазаваси тутганча, барчамизни хонасидан қувиб солди.
Ташқарига чиқишимиз билан, Шуҳрат Абдурафиқович билан бўлган суҳбатимизга гувоҳ бўлган Земфира олдимга келди-да, менга қилган қўполлиги учун кечирим сўради.
– Қойил! Ҳа, биз қойил қолдик! – дейишди тўққизинчи отряд фаоллари чуғурлашиб, – Шуҳрат Абдурафиқович биринчи марта маҳкума билан унинг ҳурматини жойига қўйиб, одам ўрнида кўриб муомала қилди. Бизларнинг ҳеч қайсимиз билан бунақа оҳангда гаплашмаган. Ҳозир сиз билан ҳисоблашиб гаплашганига, тан бердик. Бизга сиздақа одам жуда керак! Қаранглар, навбатчиликка турасизлар деб талаб ҳам қилолмай қолди! Қойил қолиш керак!
* * *
“ХИЗМАТ САФАРИ”ГА ЖЎНАТИЛГАН “ЛОХМАЧ”ЛАР
– Мўътабар опа, сиз қўлга олинганингизда Минзулина Зуля билан Бандаренко Мариналар сизга қарши ишлашга боришганмиди “командировка”га? Отрядингиздагилар айтиб беришди Шуҳрат билан бўлган воқеани, – сўради Рустам учрашганимизда.
– Ҳа, 2005 йилнинг 17 октябрь куни Фарғонадаги тергов ҳибсхонасига олиб ўтказилганимда, улар мен олиб кирилган камерада эди, – жавоб қилдим унга.
– Улар сизга қарши ишлаш учун олиб кетилган экан-да, ўшанда. Тўғри, уларни октябрнинг ўрталарида олиб кетиб, бир ойдан кейин қайтариб олиб келишганди.
– Ҳа, тўғри, – дедим Рустамнинг гапларини тасдиқлаб, – Айнан ўша пайтда улар мен билан бирга бўлишган.
– Ишқилиб, уларга у-бу гапларни гапирмаганмисиз? – хавотирланиб сўради у.
– Йўқ, гапирмаганман. Лекин Марина менга пичоқ ўқталиб, қўрқитмоқчи бўлганди. Кейин Зуля менга Маринани кучли фолбин деб таништирганди, – дедим ўша пайтларни хотирлаб, – Марина «Фолимда у кўриняпти, бу кўриняпти» деб роса гап олмоқчи бўлганди. Зонага қайтиб келишларида эса, менинг озиқ-овқатларим, идишларимни ўғирлаб келишган.
– Бандаренко фолбин эканми? Фол кўрарканми? – ажабланди Рустам, – Қизиқ. У сизга қарши яхши ишлаган шекилли, келганидан кейин сроги қисқариб, озодликка чиқиб кетди. Минзулина Зулфия эса шу ерда. У 6-бригаданинг бригадири. Ҳозир ишда. Икки соатдан кейин ишдан қайтишади. Кечки “политинформатика” тугаганидан кейин, олдимга келинг. Зуляни чақириб, гаплашамиз. Қани, нималар қилишган экан.
“Политинформатика” тугамасданоқ бизнинг отрядга Саида келди. “Тезда Рустамнинг олдига бораркансиз. У Зуляни ҳам чақиртириб қўйибди. Мўътабар опа, унинг олдига борганингизда, Зуляни қамоқхонада эканлигини тасодифан билган одамдек қилиб кўрсатаркансиз ўзингизни. Рустам шундай деб тайинлади” – дея хабар келтирди у.
Бироздан кейин Рустамнинг олдига бордим. У Зуля билан чой ичиб ўтирарди.
– Э, холажоним, келинг. Чойга чақириш учун кимнидир юборсамми, деб тургандим ўзим ҳам, – дея қарши олди мени Рустам қучоқ очиб кўришаркан, ўзини гўё мени чақиртирмаган кишидек тутиб, – Танишинг, менинг энг ишонган шогирларимдан Зуля, – кейин қўли билан у томон ишора қилиб, кўрсатди.
– Танишишимизнинг ҳожати йўқ, биз олдиндан таниймиз бир-биримизни, тўғрими Зуля? – дедим у билан кўришарканман.
– Ие, қанақасига танийсизлар бир-бирларингизни? – сўради Рустам бу гапни эндигина эшитаётган одамдек.
– Таниймиз-да, сўрамай қўя қолинг, – деди Зуля гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлиб.
– Ҳибсга олинган пайтимда, Зуля билан Бандаренко Мариналар Фарғона тергов ҳибсхонасида мен билан бир ой ўтиришган. Лекин, у пайтда, нимагадир, гиёҳванд модда сотиб олиб кетаётиб, Марғилон темир йўл вокзалида қўлга олиндик, деб алдашганди. Кейин билдим, буларнинг қамоқхонадан менга қарши ишлаш учун юборилганликларини, – дедим Зулядан кўзимни узмай.
– Ростданми, Зуля? – ёлғондакам ҳайратланиб хитоб қилди Рустам, – Биласанми, бу киши менинг холам бўладилар?! Мен ҳақимда сизларга айтмаганмидилар? Наҳот, менинг холамга қарши ишлаб келган бўлсанглар? – кейин қони қайнаган одамдек, кровати четини муштлади у.
– Сиз ҳақингизда айтган эди, Рустам ака. Биз Мўътабар опага қарши ишлаш учун олиб кетилмаган эдик. Бизга Мўътабар опани қўриқлашимизни топширишган, холос. Ишонмасангиз, Маринадан сўранг дей десам, у аллақачон озодликка чиқиб кетган, – деди Зуля ёлғонни ямламай ютаркан.
– Майли, у ҳозир озодликда. Лекин бир кун, албатта, қайтади-ку бу ерга, – деди Рустам Зуляга, кейин менга қарата гапирди. – Биласизми, холажон, Марина қамоқхонада туғилган. Маринани туққанида, онаси қамоқда бўлган. Малолеткалигидан Марина ҳам қамоқда. Чиқиб кетаверади, орадан ярим йил ўтиб-ўтмасдан, яна қайтпб келаверади. Келиб қолганида суриштирамиз, – атай томоғини маънодор қириб қўйди у.
Ташқарига чиққанимизда, Зуля: “Мўътабар опажон, ишонинг, биз ростдан ҳам сизни қўриқлаш учун олиб борилгандик у ерга. Чунки сизга бирор нарса бўлса, сочингизнинг бир толаси тўкилса, раҳбарларнинг калласи кетишини айтишганди бизга.
Қамоқда кўп ўтирганимиз учун ҳам, биринчи марта қамалган одамнинг оғир вазиятга тушиб, довдираб қолиши, стресс ҳолатида ўзини-ўзини бирор нарса қилиб қўйиши мумкинлигини ҳисобга олиб, сизни қўриқлаш, сизга кўмак бериш учунгина бизни олиб боришганди у ерга” – дея менга қайта-қайта уқтира кетди.
* * *
Шундай қилиб зонадаги дастлабки кунларим маҳкумалар ва қамоқхона шароити билан танишишдан иборат бўлди. Энди зона ҳаётига мослашишга мажбурлигимни билардим.
Аёллар қамоқхонасида ўнта отряд бўлиб, биринчи, тўртинчи ва саккизинчи отрядларда асосан қайта жиноят содир этган ўта хавфли рецедивист маҳкумалар сақланарди.
Биринчи ва олтинчи, тўртинчи ва саккизинчи, бешинчи ва ўнинчи отрядлар учта икки қаватли биноларнинг биттадан қаватига жойлаштирилган.
Биринчи – олтинчи ва бешинчи – ўнинчи отрядларда икки юз қирқ нафардан то икки юз саксон нафаргача, тўртинчи ва саккизинчи отрядларда эса икки юз нафардан ортиқ маҳкумалар сақланарди.
Учинчи ва тўққизинчи отрядлар бинолари янги замонавий усулда қурилган, бу икки қаватли биноларда биттадан отрядлар, бинонинг ҳар бир қаватида эса шу отрядга қарашли биттадан бригадалар жойлаштирилган.
Ҳар бир бригадада бир юз ўн – бир юз йигирма нафардан, отрядларда эса жаъми икки юз йигирма – икки юз қирқ нафар атрофида маҳкумалар сақланади. Отрядларга икки ярусли шконкалар қўйилган.
Мен бир нечта отрядларга кириш имкониятим бўлган холос. Ўзим яшаган тўққизинчи ва учинчи отрядлар мисолида маҳкумаларнинг ётоқ шароитлари ҳақида тушунтириш беришга ҳаракат қиламан.
Отрядлар катта-катта бинолар бўлиб, уларнинг ҳар икки бригадасидаги мавжуд тўрттадан қаторнинг ҳар бирида ўн уч-ўн тўрттадан, жаъми эллик икки – эллик олтита икки ярусли шконка ўрнатилган.
Биринчи ва иккинчи қатор оралиғи биринчи проход, учинчи ва тўртинчи қаторлар оралиғи иккинчи проход деб номланади. Иккинчи ва учинчи қаторларнинг ўртасига узунасига қилиб тўртта икки ярусли шконкалар жойланган. Бу ўрнатилган шконкаларни усулини «паровоз» деб номланади.
Шконкаларнинг тепа қисмида ётадиган маҳкумалар тепадаги шконканинг панжараси остига оқ тўшакпўшдан шип тикадилар ва ҳоҳ пастда, ҳоҳ тепада ётган маҳкума бўлсин осмонга қараб ётганида оқ матодан бунёд этилган “шифт”га тикилиб ётишга мажбур.
Ҳар иккита шконканинг оралиғига биттадан тумбочка сиғадиган жой бор. У ерга жойлаштирилган тумбочкаларнинг ҳар бири уч ёки тўрт нафар маҳкумаларнинг буюмларини қўйиш учун мўлжалланган.
Тумбочкаларда туриши мумкин бўлган нарсаларнинг рўйхати ҳам қатъий белгиланган.
Давоми бор.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish