Конституция ва қонунларга зид бўлган Қамоқхона ички режими! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 15)
* * *
МАҲКУМАЛАРНИНГ ҚОНУНДАГИ ВА АМАЛДАГИ МАҚОМИ
Жиноят-ижроия қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосланади, дейилган бўлса-да, Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида на Ўзбекистон Республикаси Конституциясини, на ўзга қонунларни тан олинмайди. Бу ерда Конституция ва қонун моддаларига умуман итоат қилинмайди.
Қамоқхоналарда маҳкумларнинг ҳуқуқий мақоми ҳақида гапиришнинг ўзи кулгули.
Жиноят-ижроия кодексининг 2-моддасида «Жиноят-ижроия қонун ҳужжатларининг вазифаси жазо ижросини таъминлаш, маҳкумларни аҳлоқан тузатиш, жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат»лиги ҳақида ёзилган.
Лекин Ўзбекистондаги қамоқхоналарни ҳеч қандай қонунларга итоат этмайдиган, инсон оёғи етмайдиган оролга ўхшатгим келади. Бирон инсон зоти бу оролга адашиб тушиб қолган яқинини қутқариш, унга кўмак бериш учун яқинлаша олмайди, оролга қадам босолмайди.
Оролнинг қоқ ўртасидаги қоя чўққисида эса, «ОЗОДЛИК» дея аталмиш ҳақиқат ловиллаб, нур таратиб турибди. Оролга тушиб қолган инсон ўз жонини сақлаш, ҳақиқатга эришиш учун ўша улкан қоя чўққисини забт этиши керак. Афсуски, қайси томондан бормасин, уни хавф-хатар, таъқиб-у тазйиқлар кутади.
Чакалакзордан йўл қидирай деса, инсон қонига ташна шоқоллару-чиябўрилар пайт пойлаб, ўз ўлжаларини кутишяпти.
Сувлик орқали озодликка эришай деса, ўткир тишли тимсоҳлар оғзини катта-катта очиб, ўлжасини кутиб ётибди. Тоғу тошлар орқали ҳақиқатга интилай деса, қоя тошлари орасига яширинган заҳарли илонлар, осмону фалакда чарх уриб ўлжа қидираётган калхатларга ем бўлиши ҳеч гап эмас.
Жиноят ижроия кодексининг 4-моддасида «Жиноят-ижроия қонун ҳужжатлари халқаро ҳуқуқнинг жазони ижро этиш ва маҳкумлар билан муомалада бўлишга тааллуқли принциплари ва нормаларини инобатга олади.
Жиноят-ижроия қонун ҳужжатларининг нормалари маҳкумларни қийноққа солиш ва бошқа ғайриинсоний ёки камситувчи муомала турларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро ҳужжатларга зид бўлиши мумкин эмас.
Агар Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасида жиноят-ижроия қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартноманинг қоидалари қўлланилади», – дейилган.
Бу қонунга нечоғлик амал қилинишига «Қийноқлар ороли асираси» билан яқиндан танишиб чиққан китобхоннинг ўзи баҳо беради, деган умиддаман.
Гарчи: «Жиноят-ижроия қонун ҳужжатлари қонунийлик, адолат, инсонпарварлик, демократизм, жазони ижро этишда дифференциация ва индивидуаллаштиришга риоя этиш, мажбурлов воситаларини оқилона қўллаш ва маҳкумларнинг қонунга итоаткорлик хулқ-атворини рағбатлантириш принципларига асосланади», – дейилган бўлса-да, жиноят ижроия қонун ҳужжатлари, аслида, жуда чиройли ишланган ва катта трасса йўлларга ўрнатилган, лекин, ишламаслиги сабабли, йўловчилар ва автомобил ҳайдовчиларининг ҳаётини хавф остига қолишига сабаб бўлган светофорларга ўхшайди.
Катта йўл бўйидаги светофорлар бирор техник сабаб билан вақтинча ишламай қолса, йўллар тирбанд бўлиб, йўловчиларнинг ҳам, ҳайдовчиларнинг ҳам нафақат асабларига эговлайди, балки ҳатто ҳаётларига ҳам раҳна солади.
Бизнинг Ўзбекистон Республикаси Қонунларини ишлаб чиқилиши билан, токчага териб қўйилган ва умуман ишлатилмасдан, чанг босиб ётадиган чинни идишларга ҳам қиёслаш мумкин.
Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларни “аҳлоқан тузатиш”нинг асосий воситалари руҳий ва жисмоний қийноқлардир.
Мисол тариқасида шуни айтишим мумкинки, “аҳлоқан тузалган” дея озодликка чиқарилган ва озодликка чиққанига икки-уч ой вақт ўтиб, ўтмасдан яна жиноят содир этиб, қамоқхонага қайтариб юборилган маҳкумларни маълум муддатдан кейин яна “аҳлоқан тузалган” дея расмийлаштириб, қамоқхонадан озод қилишлари мумкин.
Лекин сиёсий ва диний маҳкумлар бундай имтиёзлардан истисно, хоҳ у маҳкум ўта интизомли бўлсин, хоҳ олаётган нафасини ҳам тартиб-қоидага риоя этган ҳолда олаётган бўлсин, хоҳ яқинларини ўта соғинган, хоҳ у ўта оғир касал ёки ёши бир жойга бориб қолган бўлсин, ҳассага таяниб зўрға юрган маҳкум бўлсин, фарқи йўқ.
Сиёсий ва диний маҳкумларнинг тақдирига заррача ижобий ўзгартириш киритишга «муҳтарам» Президентимиздан бўлак, ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди.
* * *
ҚАМОҚХОНА ИЧКИ РЕЖИМИ (ИЧКИ ТАРТИБ ҚОИДА)
Қамоқхона ички тартиб-қоидаси муассаса вакиллари томонидан маҳкумаларга тушунтирилмайди. Маҳкумалар нима мумкину, нима мумкин эмаслиги ҳақида бир-бирларидан ўрганадилар.
Мана шу маҳкумалардан эшитганим бўйича қамоқхонанинг ички тартиб қоидаси ҳақида бироз тушунча бериб ўтсам: Қамоқхона ички тартиб қоидасига асосан маҳкумаларнинг тирноқ олишлари учун фойдаланиладиган қайчи ва пичоқ ҳар бир отряддаги икки юз-икки юз эллик нафар маҳкумага биттагина ажратилган холос. Бу қайчидан юқумли касаллик билан оғриган беморлар ҳам, соғлом маҳкумалар ҳам бирдек фойдаланишга мажбур.
Бу ҳолат гигиенага тўғри келмаслигини билган маҳкумалар оила аъзолари томонидан келтириладиган йўқловлар билан бирга тирноқ оладиган мослама ҳам киритишларига рухсат беришларини сўраб, қамоқхона маъмуриятига кўп бор мурожаатлар қилишган. Бироқ, бу борадаги барча талаблар қаноатлантирилмаган. Чунки тирноқ олиш учун мўлжалланган кичкина ва ингичка мослама хавфсизлик нуқтаи назаридан таъқиқланган нарсалар рўйхатига кираркан.
Ҳар куни тонгги соат олтида уйқудан туришга гудок чалинади. “Подьём”га гудок овози янграши билан маҳкумалар тезда ўрниларидан туриб, чаққонлик билан жойларини тартибга солиб улгуришлари шарт.
Ёзги мавсумларда, апрель ойидан то сентябргача ҳар куни тонгги соат олтидан бадантарбия машқлари бошланади.
Бадантарбия машқлари бошланадиган пайтларда маҳкумалар уйқудан туришга гудок бўлишидан йигирма-ўттиз дақиқа аввал ўрниларидан туриб, жойларини тартибга солиб, ҳожатхонага бориб келадилар.
Чунки тонгги соат олтида уйқудан турилгандан сўнг бадантарбия машқлари бошланган пайтда ҳожатхоналар қулфлаб қўйилади. Маҳкумаларни у ерга машқлар тугамагунча қўйилмайди. Машқлар тугаганидан кейин эса ҳожатхонага кирувчилар турнақатор бўлиб навбат кутишади. Бундай вазиятда қийналмаслик учун кўпчилик маҳкумалар “подьём” бўлмасдан илгарироқ ўрниларидан туришга мажбур бўладилар.
Бадантарбия машқларига бирор сабаб билан кечиккан ёки отряддан чиқиб улгурмаган маҳкумалар интизомий жавобгарликка тортилади.
Бадантарбия машқларига фақатгина докторнинг справкаси асосидагина қатнашмасликка рухсат берилади. Лекин баъзи бир маҳкумаларнинг аҳволи ниҳоятда оғир бўлишига қарамай, докторлар уларга бадантарбия машқларидан озод қилишга справкани умуман бермайдилар.
Зона бўйича нонушта эрталаб соат саккиз яримда тугайди. Нонуштадан кейин соат тўққизгача отрядларда “санрейд”лар ўтказилиб, тозалик текширилади.
Соат тўққиздан қирқ минут ўтгандан чалинган иккинчи гудок садоси биринчи текширувга тайёргарликка чорлайди. Соат ўнда бошланадиган текширувга (қамоқхона тилида “проверка”) маҳкумалар қамоқхонанинг ташқи худудига отряд-отряди билан, текширув бошланишидан йигирма дақиқа олдин саф тортиб, гаплашмасдан туришлари керак.
* * *
Эрталабки соат ўндан бошлаб ярим соат ичида эрталабки “проверка” бўлиб ўтади. Ўн дақиқалик танаффусдан сўнг, ўндан қирқ минут ўтганида биринчи “политинформатика” бошланади. Қайсидир отряд жазога тортилиб, йигирма-ўттиз дақиқа ҳудудни айланаётган чоғида бирорта маҳкума зона ҳудудидан чиқиши мумкин эмас.
Бундай кунларда маҳкумалар танаффус қила олмасдан, ҳаттоки ҳожатхонага кира олмасдан, соат ўн бир яримгача отрядлардан чиқмасдан, ҳар бир бригаданинг олдинги сафига тўпланиб, умуман, бир-бири билан гаплашмасдан, газета ўқиб бераётган маҳкумани тинглаб ўтириши шарт.
«Передный (олдинги) план» деб номланувчи бу ҳолатда шуни айтиб ўтиш жоизки, бир юз ўн-бир юз йигирма нафар маҳкумалар сақланадиган бригадаларда атиги олти, кўпи билан саккиз дона табуретка (стулча) бор, холос.
Шунинг учун ҳам биринчи қатордан бошлаб токи тўртинчи қатор ётоқ жойлари «передный план” (олдинги қатор) ҳисобланади. “Политинформатика” пайтида тўртинчи қаторгача яшайдиган маҳкумаларнинг ётоқ жойларига саккиз-ўн нафардан ортиқ маҳкумалар тиқилишиб ўтиришади.
“Политинформатика” вақтида тадбир ўтаётганлигини текшириш ва отрядлардаги тозаликни кўздан кечириш учун АКТИВЛАР “санрейдчи”лар билан бирин-кетин текширишга киришади. Улар бу жараённи журналларига ёзиб борадилар.
Агар бирорта отрядда тадбир талаб даражасида ўтказилмаса ёки “отряд тоза эмас” деб топилса, ўша отрядни жазолашга қарор қилганликларини эълон қилиб, чиқиб кетадилар.
Маҳкумалардан ташқари қамоқхона вакиллари, офицерлар ва “дубачка”лар ҳам “политинформатика” пайтида бир неча мартадан отрядларда “рейд” ўтказадилар.
Соат ўн бир-у ўттиз минут ўтгандан бошлаб, бир соат мобайнида маҳкумалар худудда эркин ҳаракатланишлари мумкин.
Соат ўн иккидан ўттиз минут ўтгандан бошлаб икки соат мобайдида, баъзан уч соат мобайнида зонада тушлик бўлади.
Кундуз соат ўн бешдан қирқ минут ўтганда иккинчи “проверка”га гудок чалинади. “Проверка” кечки тўртда бошланади. Бу пайтни маҳкумалар орзиқиб кутишади. Боиси мана шу иккинчи “проверка” пайтида уларга хатлар тарқатилади. Соат ўн олтидан қирқ минут ўтгандан бошлаб, жами эттик минут мобайнида яна “политинформатика” ўтказилади.
Иккинчи “политинформатика” пайтида баъзан муассаса раҳбарларининг рухсати билан маҳкумалар телевизор томоша қилишлари мумкин.
Кечки соат бешдан бошлаб, бир соат ичида маҳкумаларга зона худудида эркин ҳаракатланишлари учун рухсат этилади.
Кечки олти яримдан бошлаб, икки соат мобайнида “ужин”. “Ужин” якунланиши билан чалинган гудок учинчи “проверка”га чорлайди.
Соат тўққизда бошланган «проверка” ярим соат давом этади.
Тунги ўнда “отбой”. “Отбой”га чалинган гудокдан кейин барча маҳкумалар уйқуга ётишлари шарт. Кечаси ўндан кейин жойига ётмаган, бир-бири билан гаплашган, ёки хира чироқ нурида китоб, газета мутоала қилган маҳкумаларни эртасига эрталаб соат олтида ДПНКга тушунтириш хати ёзишга чақиртириладилар.
Ҳар куни кечаси ўндан тонгги олтигача ҳар бир ёки икки соатда маҳкумалар шконкалар бўйлаб навбатчиликда туришади.
Ташқарига чиқиб кетаётган маҳкуманинг исм-шарифи ва чиқиб кетиш соати, дақиқаси махсус журналга ёзиб борилади. Уларнинг навбатчилиги пайтида ташқарига чиққан маҳкума навбатчилик тугагунча ташқаридан қайтмаса, навбатчиликни бошқа маҳкумага топширгандан сўнг ётоқ жойига қайтмаган ўша маҳкумани қидириб топиши керак.
Бунинг учун маҳкума кечаси ҳожатхона ва “медсанчасть”ни қидириши керак. Агар маҳкумани у ерлардан тополмаса, дарҳол навбатчиларга маълум қилиши лозим.
* * *
ТОЗАЛИК ВА НАВБАТЧИЛИК
Бригадалардаги тозалик, тартиб-интизомга ҳар бир бригада алоҳида-алоҳида жавоб беради. Отрядларни тозалиги билан шуғулланадиган ва бунинг учун ойлик маош олиб ишлайдиган отряд фарроши бўлади. У кунига икки-уч мартадан отрядни тозалаб, полларини ювиб чиқиши керак.
Дам олиш кунлари эса навбат билан “санрейд”га тушган ёки “проверка”лар пайтида бир-бири билан гаплашгани учун “нарушитель» деб топилган, лекин интизомий жавобгарликка тортилмаган маҳкумалар навбатчи сифатида отрядларни тозалайдилар.
Юқорида айтиб ўтганимдек, отрядларни кунига бир марта отряд “санрейд”чилари, бир маҳал зона “санрейд”чилари кўздан кечиришади. Агар отряд зона “санрейдчи”лари томонидан ўтказилган текширувда “тозаликка риоя қилмаган отряд” деб топилса, унда отряд жазога тортилади, яъни навбатдан ташқари навбатчиликка қўйиш билан жазоланади.
Мана шундай текширувлар пайтида, агар бирор маҳкуманинг ўрни тоза бўлмаса, ҳатто бирор нарсаси ёстиғининг тагида қолган бўлса, масалан: дейлик кўзойнаги ва тумбочкасида ейдиган нарсаси турган бўлса, кружкаси бўш бўлмаса, сув турадиган кичик челакчаси ётоқ жойига яқин турса, хуллас, шу каби турли сабаблар билан отряд “санрейд”чиларининг тозаликка риоя қилмаганлар қора рўйхатига тушади.
Зона “санрейд”чилари қўлига тушмаслик учун улардан аввал отрядларнинг “санрейд”чилари отрядни тозалигини синчиклаб, текшириб чиқадилар.
Текширув пайтида тозаликка риоя қилмаган маҳкумалар топилса, уларни турли усуллар билан жазога тортадилар. Асосан бундай текширувларда қўлга тушган маҳкумалар қўшимча равишда зона худудини, отрядни тозалаш, навбатчиликда туриш каби ишларга жалб қилинадилар.
Жазоланган отряд навбатчиликка қўйилган кунлари ўша маҳкумалар энг оғир жисмоний ишларга жалб қилинадилар. Шунинг учун отрядлар ниҳоятда тоза, покиза сақланади.
Маҳкумалар ҳар икки ҳолатда ҳам қора рўйхатга тушмаслик учун энг биринчи навбатда ҳар куни эрталаб иккита шконканинг ўртасини ялаб-юлқайдилар. Яъни маҳкумалар навбат билан ўзлари яшайдиган проходининг полларини ювиб тозалашлари керак. Тумбочкаларни тоза-озода сақлашлари зарур.
Тозаликка риоя қилмайдиган маҳкумаларнинг ўзлари жабрланадилар. Қишнинг қировли кунларида бунингдек маҳкумаларга жуда қийин бўлади. Чунки қамоқхона худудида қор уюмлари ёки ёмғир суви тўпланиб турмаслиги керак.
Айниқса, буралаб тинимсиз қор ёққан паллаларда маҳкумалар тўхтамасдан қорларни кураб, супуриб туришлари керак. Эрталабгача қор ёғиб, асфальтни муз қоплаб қолган бўлса ҳам, музларни кўчириш, кўчирилган муз бўлакларини челакларга солиб “вешалак”нинг чеккасига олиб бориб ташлаш учун отрядлар маҳкумалари ёппасига жалб килинадилар.
Бундай ишларга асосан тартиббузар маҳкумалар жалб этилганлиги боис, жазоланиб, қаҳратон совуқда ташқарида қор курамаслик ва шунга ўхшаш оғир ишларга қилишга мажбур бўлмаслик учун маҳкумалар имкон қадар ҳамма жойларини тоза сақлашга ва тартиб бузмасликка ҳаракат қиладилар.
Баъзида айнан текширув олдидан сиёсий ва диний маҳкумаларнинг турар жойларига – матрацлари тагига, ёстиқлари остига, тумпочкаларига «қулоқ»лар бир донагина соч қили ёки узун сочнинг тароқда таралганда тўпланган ўрамларини маъмурият топшириғига кўра ташлаб қўйишади.
Бундай ҳолатларда бошқа маҳкумаларни навбатдан ташқари бирор жисмоний ишга жалб қилиш билан чегараланишса, сиёсий ва диний маҳкумаларга қарши, албатта, уларни интизомий жазолаш учун махсус қарорлар чиқарилади.
* * *
Иккинчи (точкаларда ишловчилар) ва еттинчи (ногиронлар) отрядларидан ташқари барча отрядлар навбатма-навбат зонада навбатчилик қиладилар. Зонадаги навбатчилик бўйича маъсулият тўлиғича АКТИВЛАР зиммасида бўлади.
Қайси отряд навбатчиликда бўлса, ўша отряддаги қайси маҳкума қанча муддат қайси точкада навбатчиликда туради, ундан навбатчиликни қайси маҳкума қабул қилиб олади, барча-барчасини махсус рўйхатини тузиб, навбатчиликдан бир аввал, уйқуга ётишдан олдин ўқиб, эълон қилинади. Ушбу рўйхатнинг иккинчи нусхасини назорат олиб боришлари учун ДПКНга ҳавола қилинади. ДПНК, “режимный отдель”, “цензор”, “менсанчасть” муассасанинг назорати кучли бўлган точкалар бўлгани сабабли бундай точкаларга “тартиббузар” деб топилган сиёсий, диний маҳкумалар навбатчиликка қўйиладилар.
Бошқа тартиббузарларга бундай точкаларда икки соатдан навбатчиликда туришларига топшириқ берилса, ҳеч қандай тартибни бузмаган сиёсий ва диний маҳкумалар бу точкаларда олти соатдан туришга мажбур қилинадилар.
Отрядлар зонада навбатчилик кунида тонгги соат олтидан бошлаб, тунги ўн бирга қадар бутун худуддаги тозалик ва тинчликка жавоб беради. Масалан, “политинформатика” пайтида, овқатланиш соатларида, уйқуга ётиш пайтида. Шу каби бошқа ҳолатларда маҳкумаларни, “курилька”да тўпланган маҳкумаларни тарқатиш, ошхонага овқатланишга кирганларни қувиб чиқаришда муассаса вакилларига кўмаклашиш каби барча-барча ишларга масъул ҳисобланади.
Тунги ўн бирда бугунги навбатчиликда бўлган отряд фаоллари эртага навбатчиликда турадиган отряд фаолларига зона ҳудудини тозалигини кўрсатиб, шундан сўнггина навбатчиликни топширадилар. Бутун бошли зона маҳкумалари отрядми-отряд ошхонага кириб овқатланиб чиққунларига қадар навбатчиликда турган отряднинг маҳкумалари йўлнинг икки томонида узун бўлиб терилиб туриши, жонли девор ва йўлак ҳосил қилиб туришлири талаб этилади. Бундай пайтларда сафда турган маҳкумалар очликдан, мадорсизликдан беҳуш бўлишлари, йиқилиб тушиш ҳолатлари такрорланиб туради.
* * *
“КОМНАТА ГИГИЕНА”
Тонгда подъём бўлиши билан ўрнимдан туриб Зуҳра билан бирга ювиниш учун “комната гигиена”га (орасталик хонаси) кириб бордим.
“Комната гигиена” белгиланган график бўйича тонгги соат олтидан бошлаб, бир соат давомида очиқ бўлади. Ундан сўнг кундузги ўн бир яримдан бошлаб бир соат, соат учдан бошлаб ярим соат, кечки соат бешдан бошлаб бир ярим соат, кечқурун саккиздан бошлаб ярим соат мобайнида очиқ бўлади.
Хонада элликтача кран мавжуд бўлиб, бу кранлардан жилдираб, баъзан эса томчилаб сув оқади. Шунинг учун айниқса, эрталабки ювиниш пайтида маҳкумалар кран талашиб, бир-бирлари билан юмдалашиб кетишади. Бақир-чақир бутун зонани тутиб кетади.
Тонгги олтида ошхонага отряди биринчи бўлиб кирадиган маҳкумалар апил-тапил юз қўлини ювиб, кран бўшамагани учун юз қўлини ювишга улгурмаганлари эса ювуқсиз бет-қўл билан овқатланиш учун ошхонага югуришади. Жилдираб ёки томчилаб оқаётган сувда албатта, бутун бошли зона маҳкумалари ювиниб улгуролмайдилар. Соат етти яримда сув тақа-тақ тўхтатилади.
«Комната гигиена»да кранлар ўртасида икки қарич келадиган узун бетон девор ўрнатилган бўлиб, асосан, бу ерга сув тўхтаб қолиши хавфини олдини олиш мақсадида сув тўлдирилган челак, совун, тиш паста ва тиш чёткаси, шунга ўхшаш зарурий нарсалар икки томонда жойлашган маҳкумалар томонидан қўйилади.
Гоҳида бақир-чақир, ур-йиқит, тўполон бўлиб кетади. Чунки баъзан маҳкумалар жилдираб оқаётган сувда юзига сурилган совун кўпигини кетгизиб олгунича ўша бетон девор устида турган янгигина тиш пастаси, ёки совундони билан бирга ичидаги қиммат совуни ҳам ғойиб бўлади.
* * *
ОШХОНА
Қамоқхонадаги ошхонада бир нечта маҳкумалар смена билан ишлайдилар. Улар тонгги соат олтигача барча маҳкумаларга етадиган овқатларни тайёрлаб улгуришлари керак.
Бундан ташқари ҳар куни ейилмасдан қолган қолдиқ овқатларни идишларга жойлаб, муассаса раҳбарларининг таниши бўлган бир чўчқабоқар фермернинг олиб кетиши учун тайёрлаб қўйишлари ҳам керак.
Маҳкумалар ошхонага навбат билан беш нафардан сафга тизилиб, отрядма-отряд киритиладилар. Ошхонага киришга навбати келган отрядлар маҳкумалари отрядларнинг ташқи саҳнида тўпланадилар ва ошхонага қараб юриш қиладилар. Ошхона яқинига борганларида эса ичкарига киришга рупор орқали рухсат берилишини кутиб турадилар.
Ошхонада, ичкари хоналарда бир пайтнинг ўзида, тахминан, икки юз нафарга яқин одам сиғадиган ўн олтита катта столлар жойлаштирилган. Ташқарида худди шундай столлардан яна ўн бешта бор. Агар бир вақтнинг ўзида иккита катта отрядни овқатланиш учун чақиришса, айрим маҳкумаларга жой етмай қолади. Биринчи бўлиб ошхонага кирган отрядлар ичкаридаги жойларнинг ҳаммасини эгаллаб олишади, кейинги кирган отряд маҳкумаларига жой етмайди. Бу ҳолат уларнинг бир-бири билан жой талашиб, жанжаллашишларига сабаб бўлади. Айрим ҳолларда бундай жанжаллар муштлашишгача бориб етади. Жой етмаган маҳкумалар овқатларини кўтариб олиб, у ёқ-бу ёққа аланглаб, ўтириш учун бўш жой қидирадилар.
Қишнинг қаҳратон совуқ кунларида ҳам, овқатланиш учун бир вақтга чақирилган отрядлар маҳкумалари ярми ичкарида, ярми ташқарида усти ёпилгану, лекин тўрт тарафи очиқ бўлган ошхона ташқарисида овқатланишга мажбур. Суяк-суякни қақшатадиган изғирин совуқ палласида ташқарида овқатланишни истамаган маҳкумалар имкон қадар ичкаридан жой эгаллаш пайида бўлишади.
Ошхонанинг овқатини ейдими-йўқми, маҳкумалар ошхонага киришга, бошқалар овқатланиб бўлишини кутишга, барча овқатланиб бўлгандан кейингина, отряди билан бирга сафга тизилиб, қайтиб чиқиб кетишга мажбур. Тахминан бир ярим соат ичида ўнта отряднинг овқатланиб бўлиши шартлиги инобатга олинса, бу жуда қисқа муддат ҳисобланади. Маҳкумалар стулларга жойлашиб, уларга нон тарқатилиб бўлиши биланоқ “дубачкалар” қўлидаги дубинкасини столга тарақлатиб урганча, тезроқ овқатланиб, жойни бошқа отрядларга бўшатиб беришни талаб қилиб, бақира бошлайдилар. Уларга қўшилиб, навбатчиликда бўлган отряднинг навбатчилари ҳам бақир-чақир қилиб, маҳкумаларни ҳайдай бошлайдилар.
Масалан, ҳар бир бригадада фақатгина икки нафардан овқат тарқатувчилари бор. Улар юз нафардан ортиқ маҳкумаларга овқат тарқатиб улгурмасларидан, ошхонадан чиқиб кетишни талаб қилишади. Бақир-чақирлар авжига чиқади. Овқатланиб бўлган маҳкумалар энди ошхона худудининг ташқи саҳнига ўрнатилган олтитагина кранлар олдида тўс-тўполонни давом эттирадилар. Идишини ювиш учун навбатда турган маҳкумалар бир-бирларини туртган, бир-бирини ҳақоратлаган…
Идишларини ювиб бўлганлари яна беш нафардан бўлиб сафга тизиладилар ва отрядга қараб равона бўладилар.
Ҳар сафар маҳкумалар ошхонадан чиқиб кетаётган пайтларида дарвоза олдида беш-олти нафар “дубачкалар”, “опер.отдел” вакилалари ва НВН бошлиқлари туришади. Улар ҳар бир маҳкумани бирма-бир ҳамма жойларини – кийим-кечакларини, қўлтиқларини, орқаларини, қўлларидаги идишларини обдон тинтиб, текшириб, кейин ошхонадан чиқаришади.
Ошхона овқатини очликдан ўлмаслик учун мажбуран ейилишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу назоратчилар қисқа муддатда овқатланиб улгурмаган маҳкумаларни ўзларига берилган бир пайка ноннинг қолдиқ – еб тугатилмаган бўлакларини ўзлари билан олиб чиқиб кетишларига ҳам қаршилик қиладилар.
Бирор-бир маҳкума яширин тарзда ноннинг каттароқ ушоғини олиб чиқиб кетаётган бўлса, ундан нон бўлагини тортиб олишади-да унинг кўзи ўнгида тортиб олинган нонни чўчқабоқар олиб кетадиган ахлат бетон идишга ташлашади.
Баъзида назорат кучайтирилади ва шу пайтларда ўз улуши бўлган бир пайка нонни ошхонадан олиб чиқмоқчи бўлган маҳкумаларни жазо изоляторига қамашгача боришади.
Лекин ошхонадан нон ўғирлаб чиқиб сотадиган маҳкумаларни назоратчилар умуман текширмайдилар ва ўтказиб юборадилар. Бундай маҳкумалар сотиш учун олган нонларини кўпинча клёнкаларга солиб, оёқларига боғлаб, олиб чиқадилар.
Овқатланиш пайтида тартиб-интизомга риоя этилишини қаттиқ талаб қиладиган муассаса ходимлари маҳкумаларни текширувдан ўтказишга бош бўлсалар, шу куни ўғирлаб чиқилган пайка ноннинг нархи сотувда кескин ошиб кетади.
Ноннинг нархини нима учун ошириб юборганлиги хусусида сўрайдиган бўлсангиз, нон “ўғри”лари: “Ўзимни балога қўйиб, беш – олти пайка нон ўғирлаб чиқдим. Агар қўлга тушиб қолганимда, камида ўн беш суткага изоляторга қамашарди. Мана шундай хавфли ҳолатда ҳам нон олиб чиқишга эришганим учун нонимни нархи ошган. Биргина менда эмас, бутун зона бўйича мана шундай нархга топасиз нон керак бўлса», – деб жавоб қилишади.
* * *
АРТЕЗАН
Аёллар қамоқхонасидаги ҳаммом, ювиниш хонаси, сартарошхона, кир ювиш хонаси, ҳожатхона, поликлиника, иссиқ сув, совуқ сув бериладиган трубалар ва бошқа точкалар қамоқхона раҳбарлари томонидан тасдиқланган график асосида ишлайди. Қамоқхонада сув доимо оқиб турадиган бирорта точка йўқ. Маҳкумалар орасида сув тақчиллиги орқасидан доимо жанжал-тўполон, ур-йиқитлар бўлиб туради. “Артезан” деб аталадиган йўғон трубалардан белгиланган муддатларда иссиқ-совуқ сув берилади. Бу ер бир кунда олти маротаба бор-йўғи ярим соатдан очилади, холос.
“Артезан” бир кун ичида олти марта ярим соатдан очилади – тонгги олтида, саккиз яримда, ўн бир яримда, икки яримда, кечки беш яримда, кечки соат саккизда. Шу уч соат орасида маҳкумалар ўзларининг плассмасса идишларига сув тўлдириб олишади. Маҳкумалар челаклар, тоғоралар билан навбатга туриб, сув очилишини баъзан ярим соат, баъзан ундан кўпроқ ҳам кутишади.
Сув очилиши биланоқ тала-тўп, ур-йиқит, ҳақорат ва камситиш бошланади. Чунки «блатной»ларга хизмат қиладиган маҳкумалар навбатда туришни исташмайди. Улар навбатда турганларни суриб ташлаб, куч ишлатиб, бир эмас, бир нечта челак ва тоғораларини тўлдира бошлайдилар. “Блатной”ларни имтиёзидан фойдаланган яқинлари уларнинг «қизлар»и қўлларига ўз челаклари ва тоғораларини тутиб қўйишади.
Бир-икки конфет эвазига фақатгина «блатной»ларнинг эмас, балки бошқаларнинг ҳам челак-тоғораларини йиғиштириб олиб, сувга тўлдираётган маҳкумага сув очилишини узоқ кутган, лекин навбат тегмаётганлардан кимдир «чёрт» деб сўкиб қолади. «Чёрт» деб ҳақоратланган маҳкума дарров жанжал кўтаради, «блатной» маҳкума билан “дўстлиги”ни «чёрт»ликка йўйишгани учун жазавага тушади.
Қамоқхонада бирор бир воқеа сир бўлиб қолмаганидек, хизматкорига қилинаётган қўпол муомалага чидай олмаган «блатной» воқеа жойига етиб келади.
Ҳамма томоша ана шундан кейин бошланади.
Ҳозиргина «чёрт»га ҳужум қилиб, сув олиш учун навбатда туриши лозимлигини талаб қилаётган маҳкумаларнинг аксарияти писиб кетадилар. “Блатной» ўз хизматкорини сўккан маҳкума билан тикма-тик жанг бошлайди.
Баъзи бир маҳкумаларгина бу жанжалга аралашадилар. Кўпинча бундай жанжаллар сувнинг муддатидан олдин ўчирилишига сабаб бўлади. Кейин маҳкумалар ҳар қанча илтимос қилишмасин, сув ўша муддат учун умуман очилмайди.
Мана шундай ҳолат юз беришидан чўчиган маҳкумалар имкон қадар овозларини баландлатмасликка ҳаракат қилишади.
Агар жанжал бўлгани учун сув муддатидан илгари тўхтатиб қўйилса, навбатда узоқ туриб сувсиз қолган маҳкумалар ҳам, ҳатто «чёрт»нинг ҳаракатларидан норози бўлганлар ҳам «блатной» билан юзма-юз бўлган маҳкумани ҳақорат қила бошлайдилар. Гўёки сувнинг муддатидан олдин беркитилишига ягона у айбдордек.
Челакларига сув олишга улгуриб қолган “бахтлилар” сувини отрядларнинг “каптёрка”ларида сақлаб, авайлаб ишлатадилар. Баъзан сув ўғрилари ҳамманинг кўзи ўнгида турган бировнинг челагидаги сувни ўз идишига ағдариб олишганини ҳеч ким сезмай ҳам қолади.
* * *
«КУРИЛЬКА»
“Курилька”да маҳкумалар тўп-тўп бўлиб ўтириб, сигарет чекишади. Бу ерга нафақат сигарет чекувчилар, балким бирор янгилик эшитишдан умидвор бўлган маҳкумалар ҳам тўпланишади. Тепаси тўсилган бир-бирига қаратиб қўйилган тўртта скамейкалар ўрнатилган бу жойни “парашахона” деб ҳам аташади.
Чунки кунда, кун ора мана шу ерда тўпланиб турган маҳкумалар ўзларича турли янгиликларни ўйлаб топадилар. Эмишки, Президентимиз “Аёлларнинг жойи қамоқхонада эмас, фарзандларининг ёнида бўлиши керак”, деганмишлар. Шунинг учун бир ой ичида қамоқхона бўшатилармиш. Қамоқхонада ҳеч ким қолмасмиш. “Парашачи”лар худди шундай усул билан ўзларини ва ўзгаларни алдаб, умрларини ўтказишади.
* * *
ҲОЖАТХОНА
Қамоқхонанинг иккита ҳожатхонаси бор. Биринчи ҳожатхонага кўпинча бузуқ бўладиган битта кран ўрнатилган. Бу биринчи ҳожатхона тахминан йигирма ўринли. Иккинчиси ўн беш ўринли ҳожатхона бўлиб, иккинчи ҳожатхонада умуман кран ўрнатилмаган. Ҳожатхоналар кўпинча қулфлаб қўйилади. Графикда белгиланган вақтлардагина очилади.
Ҳожатхоналар маҳкумалар сонига нисбатан кичиклиги сабабли жуда ҳам ифлос ва гигиена талабларига умуман жавоб бермайди. Бир минг икки юз-бир минг тўрт юз нафар маҳкумалар учун бу ҳожатхона етарли эмаслиги сабабли, улар доимо ҳожатхона ичида навбат кутадилар.
«Комната гигиена» маълум вақтлардагина очилиши, ҳожатхонада қўл ювиш учун краннинг ишламаслиги ва йўқлиги боис, ҳожатхонага кириб чиққан маҳкумалар қўлларини ювиш имкониятидан мутлақо маҳрум.
Маҳкумаларнинг юқумли ичбуруғ касаллиги ва бошқа юқумли касалликларга чалинишларида ҳожатхонадаги шароитнинг ёмонлиги биринчи сабабдир.
Санитария талабига жавоб бермайдиган ҳожатхонадан фойдаланилганлиги, ҳожатдан кейин қўл ювишга умуман имконият яратилмаганлиги, ҳамда ошхонанинг сифатсиз таомларини истеъмол қилиш натижасида бир йилда камида беш-олти марта зонада карантин эълон қилинади. Яъни бирданига ўттиз-қирқ фоиз маҳкумалар ичбуруғ касали билан оғрийдилар.
Артезандан сув келган пайтда маҳкумалар челакларига олиб қўйганлари заҳира сувдан фойдаланиб бўлса ҳам, қўл ювиш имкониятлари йўқ ҳисоби. Чунки зонанинг ҳеч бир ерига сув тўкиш мумкин эмас.
Ҳожатхона билан отрядлар ораси узоқлиги боис маҳкумалар ҳожатхонадан чиққанларидан сўнг қўлларини ювиш учун кружкаларда, бўшаган шампун идишларда сув олиб келиб, ҳожатхона ёнидаги майдон четида қўлларини ювиб кетадилар.
Лекин кўпинча «таҳорат идиши» деб аталувчи шампун идиши ва кичкина баклажкаларни маҳкумаларнинг қўлида кўрган муассаса вакиллари уларнинг қўлларидан баклажкалари ва бошқа идишларини тортиб олишади. Маҳкумаларнинг кўзи ўнгида идишларини пичоқ билан кесиб ташлашади. Бундай пайтлари «баклажка ови» бошланибди дейишади маҳкумалар.
* * *
ҲАММОМ
Қамоқхона ҳаммоми жуда ҳам эски бўлиб, у ерда маҳкумаларни бемалол чўмилишлари учун ҳеч бир имконият йўқ. Отрядлар навбатма-навбат ҳаммомга олиб кирилади.
Душанба ва жума кунлари “психотделение”, “медсанчасть” ва “венотделение”да даволанаётган беморлар ҳаммомга кирадилар.
Шунингдек душанба куни ҳаммомга еттинчи отряддаги қари, ногирон, ҳомиладор маҳкумалар ва тўртинчи отряддаги юздан ортиқ мақкумалар ҳам киришади. Жума куни эса беморлардан ташқари саккизинчи отряддаги юз нафардан ортиқ маҳкумаларга навбат тегади.
Ҳафтанинг бошқа тўрт кунида, масалан: сешанба куни биринчи-олтинчи отрядлар, чоршанба куни учинчи отряднинг иккала бригадаси, пайшанба куни тўққизинчи отряднинг иккала бригадаси, шанба куни бешинчи ва ўнинчи отряд маҳкумаларининг ҳаммомга киришлари белгилаб қўйилган.
Иккинчи отрядда асосан турли жойларда “дневальный” вазифасида ишлайдиган қирқ-қирқ беш нафар маҳкумалар ДПНКнинг махсус рухсати билан ҳафтанинг истаган пайтида ҳаммомга кириш ҳуқуқига эга. Якшанба куни эса ҳаммомда “санитарный день” ҳисобланади. Шу сабабли бу куни ҳаммом умуман ишламайди.
Маҳкумаларнинг чўмилиш муддатлари эрталабки текширув тугагандан кейин соат ўн бирдан бошлаб икки соат, иккинчи текширувдан кеч соат олтидан бошлаб, икки соат, жами тўрт соат белгиланган. Отрядлардаги маҳкумалар шу белгиланган муддатда чўмилиб улгуришлари шарт. Чунки белгиланган соатлардан кейин ҳаммомга иссиқ сув жўнатиш тўхтатилади.
Ҳаммом очилишидан тахминан йигирма-йигирма беш дақиқа аввал бугун чўмилиш навбати бўлган отрядларнинг маҳкумалари тоғораларини кўтариб, ҳаммомнинг эшиги тагида навбат кутиб турадилар.
Ҳаммомнинг эшиги очилиши билан уяси бузилган арилардек, ҳамма ўзини бирданига эшикка уради. Чунки биринчилардан бўлиб ҳаммомга кирган маҳкумаларгина ечиниш жойларидаги илгакларни эгаллашлари мумкин. Сувга яқин жойларга жойлашиб олиш имкониятига ҳам эга бўладилар.
Ҳаммомнинг ечиниш хонаси жуда ҳам тор бўлиб, эни беш метр, узунлиги олти метрни ташкил қилади. У ерда фақатгина эллик-эллик иккита кийим илгич бор. Шундан 30дан ортиғи оддий михлар. Михлар ва илгичларнинг ораси йигирма-йигирма беш сантиметрни ташкил қилади. Бир вақтнинг ўзида чўмилиш учун кирган олтмиш-етмишта маҳкумага кийим илгич ҳам, михлар ҳам етмай қолади.
Қолаверса, қамоқхона ички тартиб қоидасига амал қилиб, маҳкумалар барча кийимларини кийиб юришга мажбур эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳатто битта маҳкуманинг ечган кийимлари учун битта илгич ёки битта мих камлик қилади. Шунинг учун маҳкумалар ечган кийимларини ерларга тахлаб қўйиб, ҳаммомга кириб кетишади. Улардан олдинроқ ҳаммомга кирган маҳкумалар ҳаммомдан чиққач, ўз кийимларини қидириб, бошқа маҳкумаларнинг ерда ётган кийим-кечакларини тепкилаб ташлашади.
Кафтдеккина келадиган ечиниш хонасида шунақанги тиқилинч, ур-тўполон бўладики: бир-бирларини итарган, туртиб силтагани ким, бошига тоғора билан тушириб қолгани, муштлашгани қайси бири, кийим-кечакларни тортқилаётганлар кимлар, бундай тўс-тўполонда илғаб қолиш қийин.
Ҳаммом деганлари – эни беш метр, узунлиги эса йигирма беш метр келадиган жой бўлиб, ичкарисига айлантириб супа қилинган. Ҳаммомнинг ўртасида ҳам эни бир метр, узунлиги тахминан беш метрлик супа ўрнатилган.
Ҳаммомда фақатгина тўртта кран бор. Улардан биттаси умуман ишламайди, синиқ. Учтагина крандан оқаётган сувдан фойдаланиб, беш соат ичида икки юз – уч юз нафар маҳкумалар чўмилишга улгуришлари шарт. Чунки белгиланган муддатда ҳаммомдаги иссиқ сув ўчирилади.
Биринчилардан бўлиб ҳаммомни чўмилиш хонасига кириб олган маҳкумалар бир эмас, бирданига бир нечта тоғораларни бетон токча устига ёйиб қўйиб, “однохлебка”лари, «оила»лари вакиллари учун жойларни эгаллаб олишади.
(Однохлебка – Оила – маҳкумаларнинг уч-беш кишилик (гоҳида ундан-да кўп) гуруҳи бўлиб, улар бир-бирларига ишонадилар, кундалик ҳаётда бир-бирларига ёрдам берадилар ва бир-бирлари учун масъулдилар – муаллиф)
Ҳаммомга киришдан аввал отряддаги «блатной» маҳкумалар биринчи, иккинчи ва учинчи кранларни бўлишиб олиб, қайси кран уларга қарашли бўлиши ҳақида баланд овозда эълон қиладилар. Улардан кейин беш-олти нафар шериклари ҳам бақириб, “блатной”лардан кейин кранга ўзлари эгалик қилишлари хусусида ҳаммани хабардор қиладилар.
Улар кран тагини банд қилиб қўйганликлари сабабли ҳам, ур-тўполондан кейин ҳаммомга кириб боришса-да, улар айтган жойларини эгаллашга ҳеч бир маҳкума журъат этмайди.
Кранларни тагини эгаллаб олган «блатной»лар бошқа маҳкумалар сув олиш учун келсалар, сув бермасдан бақир-чақир қиладилар. Сув талашиш орқасидан қўлидаги чўмич ёки тоғора билан уриб, бир-бирига тан жароҳати етказиш ҳолатлари доим такрорланиб туради.
Ҳаммомга кириб чўмилиб чиқишда, асосан, қамоқхонага янги келган маҳкумаларга жуда ҳам қийин бўлади.
Чунки кичкинагина ҳаммомда тоғора қўйиш учун ҳам жой камлиги боис янги келган ва асосан «бедолага» маҳкумаларни ҳақорат қилиш, калтаклаш, зўравонлик-ла уларга жароҳат етказишлар узлуксиз давом этади.
Белгиланган муддатда чўмилишга улгурмаган маҳкумалар иссиқ сув ўчирилганидан кейин совуқ сув билан бўлсада чўмилишни давом эттиришга мажбур бўладилар.
Баъзан маҳкумалар ўртасида низо келиб чиқиб, тўполонга айланиб кетган ҳолларда иккинчи текширувдан кейинги чўмилиш муддатини кечки соат саккиз яримгача узайтиришлари мумкин.
Кечки соат олти яримда кечки овқатланиш бошланишини ҳисобга олинса, кўпчилик маҳкумалар ёки ҳаммомга кириб, оч қолишларига тўғри келади, ёки ошхонага кириб, овқатланиб, яна бир ҳафтагача чўмилиш имкониятидан маҳрум бўлишлари керак.
Баъзан муассаса раҳбарлари буйруғи билан махсус қора рўйхатдаги маҳкумаларни овқатланиш ўрнига, отряддаги бошқа маҳкумалар билан биргаликда ҳаммомга кириб, чўмилаётган жойидан олиб чиқиб, кечки овқатланишга кирмасдан, қамоқхона ички тартиб-қоидасини бузганликда айблаб, жазо изоляторига қамаш ёки бошқа жазо чораларини кўриш ҳолатлари тез-тез такрорланиб туради. Ваҳолонки, айнан ўша пайтда жавобгарликка тортилган маҳкума билан бир отрядда бўлган ва у билан бирга ҳаммомда чўмилаётган эллик-етмиш нафар маҳкумаларга ҳеч бир эътироз билдирилмайди.
Ҳаттоки, баъзан овқатланиш пайтида ҳаммомда чўмилаётган бошқа маҳкумаларнинг баъзиларидан муассаса вакиллари тили билан айтганда қамоқхона ички тартиб қоидасини бузганликда қораланаётган маҳкумага қарши: “Ҳақиқатан ҳам мана шу маҳкума кечки овқатланиш пайтида отряддаги маҳкумалар билан бирга ошхонага кирмасдан, ҳаммомда чўмилаётганлигига гувоҳ бўлдим”, – деган мазмунда тушунтириш хатлари ҳам олишдан тойишмайди.
Ҳаммомдаги ҳангомалар, албатта, кимнидир нимасидир йўқолиши билан ҳотима топади. Ҳар куни ҳаммомда кимнидир оила-аъзолари томонидан юборилган свитерими, ички кийимими, нимадир ўғирланади.
Агар тарозиси оғир маҳкумаларнинг нарсалари йўқолса ўғриларни қидириб топиш учун кўплаб маҳкумалар жалб этилади. Чунки кийимни ўғирлаган маҳкума уни очиқ-ошкора кия олмайди, қўлга тушиб қолишдан қўрқади.
Биргина йўли – зонадаги “бозорком” маҳкумалардан ўғирланган буюмни арзон нархга бўлса-да, сотиб беришларини илтимос қилиши мумкин. Лекин бу усул ҳам ўғриларни фош бўлишларидан ва жазоланишларидан сақлаб қололмайди.
Чунки қайси отряддаги маҳкумалар ҳаммомга кирганда нарса йўқолган бўлса, ўғирланган нарса ва унинг алоҳида белгилари ҳақида “бозорком” маҳкумалар дарҳол огоҳлантириб қўйилади. Шубҳали товарни қўлга киритган “бозорком” сотувга берилган молни тўғри буюмини ўғирлатган маҳкумага олиб бориши керак.
Лекин маҳкумаларнинг чўмилаётган жойидан ўғирланадиган шампунлар, совунлар ва мочалкалар умуман топилмайди. Чунки ичида камгина қолган шампун идиши билан ҳаммомга кирган “крыса”лар бошқа маҳкумаларнинг шампунларини ўғирлаб оладилар-да, ўзларининг озгина қолган шампун идишларига ўғирланган шампунни қуйиб, идиш ичидаги шампунларни аралаштириб юборадилар.
Шундан сўнг шампун эгаси минг дод-вой қилсин, унинг идиши сингари шампун идиш чўмилаётганлар ичидан топилмайди. Ҳаммомнинг бир бурчидан шампунининг бўш идиши топилади, холос. Совун ва бошқа нарсаларни эса қидиришнинг ҳам ҳожати йўқ.
Кўз ўнгингизда қилинадиган бундай ўғриликларни битта маҳкуманинг ўзи амалга ошира олмайди. Ўғрилар камида икки нафар бўлиб, шерикликда ишлайдилар. Шампун топилмагани билан жабрдийдалар айнан мана шу чўмилаётганлар орасидаги «крыса»ларга ҳужум қилишади.
«Крыса»лар ҳам аҳмоқ эмас, бўшатилган шампун идишни сув олишга кранни олдига боргандами ёки бошқа бирор баҳона биланми ҳаммомни ўзлари турган жойидан бошқа тарафига ташлаб қўйишади.
Ҳаммомда бир куннинг ўзида икки юз – икки юз эллик нафар маҳкумаларни чўмилишга киришларини ҳисобга олинса, йўқолган шампун идишнинг бўш идиши қай бир маҳкумага тегишли эканлигини ҳам аниқлашнинг имкони бўлмайди.
Шампун ўғирлаганликда айбланган маҳкумаларни шампун идишлари кўздан кечирилганда, икки хил шампуннинг аралашмасидан бутунлай бошқа рангдаги шампун ҳосил бўлганлиги сабабли ҳам жабрдийдалар шампунни айнан шулар ўғирлаганини исбот қила олмайдилар.
Қайси куни қайси отряд ҳаммомга кирган бўлса, ўша отряд қамоқхона маъмурлари томонидан қаттиқ назоратга олинади. Чунки ҳаммомга кирилган кун маҳкумалар албатта, ўзларининг ички кийимлари ва бошқа зарурий нарсаларини ҳам ювадилар.
Маҳкумалар ювилган кирларини қуритишга имконият етарли эмаслиги сабабли отрядларга, шконкаларнинг бош ва оёқ томонларига ёйиб, кирларини қуритишга ҳаракат қиладилар.
Мана шундай пайтларда агар текширувчилар кириб, тутиб олишса, нафақат ювилган буюмини қуритиш илинжида отряд ичкарисига ёйган маҳкумага чора кўрилади, балки ундан тортиб олинган ўша нарсалари ҳам йўқ қилинади.
Маҳкумаларнинг ювилган кирларини бино ичида қуритишларига қаршилик қилмаганликлари учун туркум фаолларига ҳам қаттиқ гапириб, отрядни навбатдан ташқари зона худудида навбатчилик қилишга мажбур қиладилар.
* * *
“ПРАЧКА” – КИР ЮВИШ ХОНАСИ
Маҳкумалар учун энг керакли бўлган жой-кир ювиш хонасидир. Бу ерни маҳкумалар «прачка» дейишади.
“Прачка” «Комната гигиена» билан битта бинода жойлашган бўлиб, бу ер кунига тўрт маҳал – эрталаб саккиз яримда, кундузги соат ўн иккида, кундузги икки яримда, ҳамда кечки олтида бир соатданга, жами бир кунда тўрт соатга очилади.
“Прачка”нинг катталиги – эни беш метр, узунлиги эса ўн метрлар чамасида бор. “Прачка” биносининг икки томонига бир метрдан супа қилинган ва икки томонда иккитадан совуқ ва иссиқ сув келадиган кранлар ўрнатилган. Бинонинг тўрида яна бир кран бўлиб, шу краннинг тўғрисига кир сувлар оқиб тушиши учун мўлжалланган “ариқча” кавланган.
Артезан трубадан оқадиган қайноқ ва совуқ сувдан челаклаб, тоғоралаб ташиб олган маҳкумалар мана шу «прачка”да кир ювадилар, чўмиладилар. Бу ерда ҳам кранлардан, худди ҳаммомдагидек, «блатной»лардан ортса, кейин бошқа маҳкумалар фойдаланиши мумкин.
Бу тор бинода бир вақтнинг ўзида қирқ – эллик нафар маҳкумалар ҳам чўмилишади, ҳам кир ювишади. Яъни бир маҳкума пастда ўтириб, кир юваётган бир пайтида, супага тоғорасини қўйиб чўмилаётган бошқа бир маҳкума, кир юваётган маҳкуманинг усти боши шалаббо бўлишини ҳисобга олмасдан, устидан тоғоралаб сув қуйиши табиий ҳол ҳисобланади. Ёки кир юваётган маҳкума мағзаваларни шалоплатиб тўкиб, чўмилаётган маҳкуманинг тоғораларда турган тоза сувини булғаши ҳеч гап эмас.
Ҳар иккала ҳолатда ҳам вазият кескинлашиб, воқеа маҳкумаларнинг бир-бирига тан жароҳати етказишлари билан якун топиши мумкин.
«Прачка»даги шароит ўта аянчли эканлиги, артезандан сув олиш мушкуллиги боис қўпчилик маҳкумалар кирларини ўзлари ювишмайди, «кир ювувчи»ларга беришади.
* * *
“ВЕШАЛАК”
Кир ювувчилар бирданига бир нечта маҳкумаларнинг кирларини ювишади.
Зонада ҳалол ва кирларни покиза ювиши билан танилган бу маҳкумалар кунига камида икки мартадан кир ювадилар. Аниқроғи, уларни умри “прачка”да, “вешалак”да ўтади.
Бундай маҳкумалар қисматдошларининг кирларини ювиш ва қуритиб бериш эвазига оладиган ҳақлари ҳисобига кун кўрадилар. Чунки кир ювиб бўлингандан сўнг, уларни қуритиб олиш ҳам катта муаммо. Улар олинадиган ҳақлари эвазига кирлар қуригунча “вешалак”дан бир қадам жилмай, кирларни қўриқлайдилар. Чунки кирингизни ювиб, ёйгандан кейин, у қуригунча қўриқлашингиз керак.
Агар бирозгина бепарво бўлсангиз, қуритиш учун ёйиб қўйган нарсангиз қанот чиқариб “учиб” кетади, яъни ўғирлаб кетишади. Кирингизни ювиб, қуритиб бериш учун ҳақ оладиган маҳкума эса ювилган нарсаларни йўқотмай қуритиб бериш мажбуриятини ҳам ўз зиммасига олади.
“Вешалак”да ойлик маош олиб ишлайдиган «дневальный» маҳкума бор. Бундан ташқари, ҳар куни қайси отряд навбатчиликда бўлса, ўша отрядлар бошқа точкалар сингари «вешалак»ни ҳам доимий равишда навбатчи билан таъминлайдилар.
Навбатчилар «вешалак»нинг тозалигини назорат қиладилар ва ювиб, қуритиш учун ёйиб қўйилган кирларни ўғрилардан қўриқлашади ҳам.
Лекин «вешалак»ка ёйилган кирларнинг қўриқчилари қанчалик кўп бўлмасин, ҳар куни кимларнингдир кийим-боши, кимнингдир “тўшакпўш”лари йўқолиб туради. «Вешалак»дан кир йўқолган куни у ерда қайси отряднинг маҳкумаларини кўришган бўлса, ўша маҳкумаларни “кишер”лари “қўриқчи”лар томонидан “шмон” қилинади.
“Вешалак” маҳкумаларнинг дард хасратларига шерик бўладиган макон ҳамдир. Бу ерда бурчак-бурчакка биқиниб олиб хўнг-хўнг йиғлаётган маҳкумаларга кўзингиз тутиши мумкин.
Улардан бири ташқарида қолиб кетган гўдак фарзандларини эслаб йиғласалар, бошқа бирлари турмуш ўртоғининг қамалганидан фойдаланиб, бошқа бир аёлга илакишган турмуш ўртоқларининг хиёнатлари ҳақида эшитган янгиликни хазм қила олмай фарёд урадилар…
Давоми бор.
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish