Инсон ҳуқуқи билан шуғулланишга сен ҳақли эмассан! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 16)

* * *

ҚАМОҚХОНА БОЗОРЛАРИ

Қамоқхонада савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланувчи маҳкумаларни “бозорком” деб аташади. “Бозорком”лар асосан маҳкумаларнинг сотиш учун берган маҳсулотларини сотишади ва сотилган маҳсулотнинг ўн фоизини ўзларига олиб қоладилар.

Маҳкумалар оила аъзолари томонидан қамоқхонага киритиладиган уч турдаги сигаретлар асосий савдо манбаи ҳисобланади, яъни пул ўрнида юради. Сигаретлар турига қараб номланади ва нархланади.

Зонадаги энг қиммат сигарет PINE ҳисобланади. Унга бу ерда Евро деб ном беришган. PALLMAL сигарети эса доллар ҳисобида юради. KARVON сигарети ўзбек сўми дейилади.

Бир пачка PALLMALга ўн олти дона PINE ёки икки пачка KARVON сигарети алмаштириш мумкин. Ўн дона PINEга, ўн икки дона PALLMALга ва бир пачка KARVONга, вазиятга қараб, тўрт пайка нон сотиб олиш мумкин. Бошқа нарсаларнинг нархи ҳам мана шу усулда белгиланади.

Қамоқхона савдосида пул ўрнида  совунлар, тиш пасталари, нос, конверт, қора чой, шампун ва бошқа нарсалар ҳам ишлатилади. Чет эл совунлари турига қараб икки, икки ярим пачка PINEга баҳоланади. Битта шампунни олти пачка PINEга айирбошлаш мумкин. Катта тиш пасталарининг нархи икки ярим пачка пачка PINE билан ўлчанади. Конфетлар сифатига қараб олти-саккиз донасига бир пачка PINE тўлашади. Банкаларда кирадиган тушёнка, қуюқ сутлар ҳам қиммат юради.

Агар зонадаги бирорта маҳкумага яхши нос кирган бўлса, шу куннинг ўзида талаш бўлиб сотилади. Ярим ош қошиқдан носни клёнкаларга ўрашади-да, ўша бир ўрамни ўн дона KARVONга сотишади. Тошкент чой ҳам зонада энг “ходовой товар” ҳисобланади. У чефир ичувчи маҳкумаларнинг жони дилидир.

Мен аёллар қамоқхонасига янги келган  пайтларимда қамоқхонадаги маҳкумаларга берилиши керак бўлган пишган гўштлар, пишган картошка ва балиқлар, оғир касалларга берилиши керак бўлган сариёғлар, қайнатилган тухум, творог каби бошқа озиқ-оқват маҳсулотлари муассаса раҳбарларининг ҳомийлигида махсус савдо билан шуғулланадиган маҳкумалар икки юз – икки юз эллик граммли пласмасса идишларга солиниб, отрядма-отряд сотиб юрилади.

Муассаса раҳбарлари бу озиқ-овқатларни ошхонага алоқаси бўлмаган маҳкумаларга ошхонада ишловчи маҳкумалар орқали олиб бериш йўли билан сотиб, пуллашади.

Савдодан топилган даромад ўша ошхона маҳсулотини олиб чиқиб берган ошхонадаги маҳкума, бу маҳсулотни отрядма-отряд юриб сотган “сотувчи” ва уларнинг «криша»си бўлмиш муассаса мансабдорлари ўртасида тақсимланади.

Озиқ-овқатлар  аксарият ҳолларда шампун, қимматбаҳо атир совун каби  нарсаларга улгуржи сотиларди.

Муассаса мансабдорлари “долья”си сифатида ўша шампун, ёки қимматбаҳо хушбўй совунлардан беришади. Отрядма-отряд бемалол бу маҳсулотларни сотиб юрганликлари учун “бозорком” дея аталадиган маҳкумалар ДПНК ва тартибот бўлими вакилларини ҳам ёғлаб туришларига тўғри келади.

Қамоқхона маъсул раҳбарлари ГУИН мансабдорлари бошчилигида қамоқхонадаги маҳкумларни сақлаш учун давлат бюджетидан ажратилган пулларни талон-тарож қилиш учун қамоқхонага келтириладиган масаллиқларни ўзларига қарашли бўлган фирмалардан сотиб олишни йўлга қўйганлар. Бу фирмалардан истеъмолга яроқсиз, эскириб кетган макарон, картошка, пиёз, лавлаги каби  маҳсулотларни қиммат нархларга сотиб оладилар.

Бундан ташқари ёғ, ун, шакар, макарон, гўшт сингари қамоқхонага келтирилаётган асосий масаллиқларнинг муассаса мансабдорлари томонидан ўзлаштирилиши сабабли маҳкумалар учун тайёрланадиган таомларга етарлича масаллиқлар солинмаслиги оқибатида ошхона овқатлари оғизга олиб бўлмас даражада бемаза. Бироқ, ортидан сўраб келувчи инсонлари йўқлиги боис, зонадаги ўттиз-қирқ фоиз маҳкумалар ўз-ўзидан бундай бетаъм таомларни танаввул қилишга маҳкумлар.

Қолаверса, белгиланган тартиб-қоидага мувофиқ суд ҳукмига кўра жазони умумий тартибли колонналарда ўташи белгиланган маҳкумаларнинг оила аъзоларидан икки ойда бир марта, қаттиқ тартибли режимда сақланиши белгиланган маҳкумаларга уч ой муддат ичида бир мартадан фақатгина саккиз килограмм озиқ-овқат, кийим-кечаклар топшириш ҳуқуқи бор, холос.

Буни инобатга оладиган бўлсак, олинадиган олти килограмм озиқ-овқат билан ўн-йигирма кунгина яхши овқатланиш имконига эга бўлган маҳкумалар, қолган пайтларда яна қамоқхонанинг бемазадан-бемаза овқатларини ейишга мажбур бўларди.

Шу сабаб ҳам қамоқхонада оммавий равишда ичбуруғ касаллиги билан оғриш ҳолатлари тез-тез такрорланиб турарди. Кўпинча овқатланиш пайтида маҳкумаларга тарқатилган нонлар ҳам азбаройи эскилигидан моғорлаб, ачиб кетган бўларди…

* * *

ОТОВАРКА

Отоварка бир йилда атиги уч марта бўлади – Янги йил, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари арафасида зонага кўчма магазин келади. Бу кўчма магазинни маҳкумалар тилида отоварка (русча “отоваривание” – маҳсулот олиш” сўзидан келиб чиққан) дейилади.

“Отоварка” қилиш учун маҳкумалар соатлаб навбатда турадилар. Эркин савдода килограмми икки минг сўм бўлган конфетлар, печеньеларни нархини зонада ўн беш-йигирма минг сўмдан қилиб белгиланади. Истеъмолга яроқсиз, муддати ўтиб, қуртлаб кетган, эски қанд-қурслар ва печеньелар каби озиқ-овқатларни ҳам маҳкумаларга юз-икки юз граммдан сотишади.

Маҳкумалар томонидан тикилган, умуман кийишга яроқсиз кийим-кечаклар, ҳатто улар тиккан пайпоқлардан жаъми бўлиб ўттиз минг сўмлик маҳсулотни кимда-ким сотиб олса, ана шундан кейингина, ўша шахс қуртлаган печеньедан ярим килограммгина сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Олма ва бананларни ҳар донасини икки минг сўмдан доналаб сотишади. Қамоқхонада тўйиб овқатланмайдиган маҳкумалар мана шу усул билан сотиладиган маҳсулотлардан сотиб олиб, бир-икки марта яйраб тамадди киладилар. Сотиб олган нарсалари билан яқинларини меҳмон қиладилар.   

* * *

МАҲКУМАЛАРНИНГ БАЪЗИ ТОИФАЛАРИ

Зонадаги тартиб-интизомни назорат қилиш вазифаси юклатилган маҳкумаларни АКТИВЛАР дейилади.

Улар муассаса вакиллари билан ҳамкорликда ишлайдиган, катта ойлик маош оладиган “дневальный”лар, фаррошлар, бригадирлар ва колонна фаолларидир.

Бундай маҳкумалар муассаса раҳбарларининг топшириғи билан сиёсий ва диний маҳкумаларга нисбатан қийноқлар қўллашлари кенг тарқалган.

Оила-аъзоларининг молиявий аҳволи танглиги туфайли умуман хабар ололмайдиган, хабар олишни истамайдиган ёки умуман ҳеч кими бўлмаган – ортидан йўқлаб келадиган одами йўқ маҳкумалар бир неча турга бўлинади:

Биринчи тоифа – “ЛЕСБИЯНКАЛАР” (КОБЕЛЛАР):

Аёллар қамоқхонасида маҳкумаларнинг жуфтлик сифатида бирга яшашлари айнан рус миллатига мансуб раҳбарлар даврида авжига чиққан. Қамоқхонада ўз жинсига уйланиб олган аёл маҳкумаларни “кобел” деб аталади.

Лесбиянкалар турмуш қураётган пайтларида очиқ-ошкора «Мен палончига эрга тегаяпман” ёки “Мен палончига уйланяпман» деб гапиришади.

Баъзида эса жуфтликлар алмашиб ҳам туришади, яъни эр  хотинга, хотин эрга айланиб қолади. Лесбинякалар бир-бирларини рашк қилиб, муштлашишлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бир-бирини қора қонга бўяб қўйишади.

Қамоқхонадаги «блатной»ларни кўпчилиги ортидан хабар олувчиси бўлмаган лесбиянкалар бўлиб, улар албатта, бой-бадавлат ёки ўзига тўқ хонадон вакиласи ҳисобланмиш маҳкумага «уйланадилар». Шу кундан эътиборан бадавлат оила вакиллари қизини ва «куёви»ни ҳам керакли буюмлар билан таъминлайдилар.

Лесбиянкаларнинг «аёли» оила аъзолари орқали ўз «жуфти ҳалоли»ни ҳам керакли нарсалар билан таъминлайди.

Шунингдек, аёллар яқинларига бирга ўтирган «дугонаси» номига йўқловлар жўнатишларини, бу жўнатган йўқловларни биргалашиб баҳам кўришларини айтади.

Лесбиянка жуфтликларни айнан диний эътиқоди учун қамалган маҳкумалар билан битта шконкага ёки ёнма-ён қўйишади. Жуфтликлар диний эътиқоди учун қамалган маҳкумаларни ёнида ва отряддаги юздан ортиқ маҳкумаларнинг кўзи ўнгида ярим яланғоч бўлиб, бир-бирларига суйкалишиб, шармсиз қилиқлар қилиб ётишади.

Ҳар қандай мусулмоннинг ғазабини қўзғайдиган бундай ҳолатларда диний эътиқоди учун қамалган маҳкумалар “ошиқ-мошиқлар”ни тартибга чақирадилар. Ҳамма томоша ана шундан кейин бошланади. Бу “ошиқ-мошиқ”лар уларни тартибга чақирган маҳкумани юмдалаб, уриб ташлайдилар.

Лекин муассаса вакиллари бундай ҳолатларни кўриб, кўрмаганга олишади. Қайтанга «отряддаги маҳкумаларга диний экстремизмни тарғиб қилди» дея жуфтликларни тартибга чақирган ўша маҳкумани изоляторга қамашади.

Отрядлардаги ётоқ жойида матрас, адёл ва ёстиқдан ташқари ортиқча нарса туриши мумкин бўлмаса-да, қамоқнинг “блатной”лари ҳисобланмиш “қулоқлар” ва лесбиянкалар ўз яшаш жойларини уч томонини оқ тўшакпўшлар ёки катта сочиқлар билан ўраб олишади.

Улар ўша ўраб олинган “уйча”ларида истаганларини қилишади. Лекин бу “уйча”нинг бир томони очиқлиги боис, ошиқ-мошиқларнинг қилаётган беҳаёликларига, истаса-истамаса, барча  маҳкумалар гувоҳ бўлишга мажбурлар.

Тунлари бир отряддаги ошиқ бошқа отряддаги маъшуқасини олдига бемалол кириб, қилғиликларини қилиб юрадилар. Айниқса, ярим кечалари қўшни отрядлардаги маҳкумалар бошқа бир отрядларга кириб, кечаси маҳкумаларни уйқусини бузганликлари учун жанжал-тўполонлар бўлиб турарди.

Иккинчи тоифа  

“ЛОХМАЧЛАР”, “ҚУЛОҚЛАР” (КОЗАЛАР):

Бундай маҳкумалар муассасанинг қора рўйхатида турувчи сиёсий ва диний маҳкумалар устидан назорат олиб борадилар, бу маҳкумаларнинг ҳар бир хатти–ҳаракати, босган қадамлари ҳақида раҳбариятга маълумотлар бериб борадилар. Уларга нисбатан қўлланиладиган ҳар қандай қийноқларда бевосита ёки билвосита иштирок этадилар. Шунинг эвазига маъмурият томонидан турли усулларда рағбатлантириладилар.

Бундай тоифадаги маҳкумалар қамоқхона ички тартиб қоидасига умуман риоя этмаслик ҳуқуқига эгалар. Бундай маҳкумаларнинг кўпчилиги “лесбиянкалар”дир.

Яна айнан мана шундай маҳкумалар муассаса учун, махсус хизматлар, ГУИН, прокуратура учун, хуллас, керакли органлар учун ишлайдиган «қулоқлар», яъни жосуслар ҳисобланади. Улар маҳкумалар тилида «коза» деб аталади.

Учинчи тоифа – “БЛАТНОЙЛАР”:

“Блатной”лар қамоқхонадаги бошқа маҳкумалар ҳисобига яшайдилар. “Блатной”лар учун муассаса раҳбарияти талабларига бўйсуниш, ходимлар ва активлар топшириқларини бажариш ор саналади. “Блатной”ларнинг кўпчилиги “лесбиянкалар”дир.

Тўртинчи тоифа – «КРЫСАЛАР”:

Улар зонада ўғрилиги билан танилган маҳкумалар бўлиб, имкон бўлган ҳолатда ўғрилик қилиб кун кўрадилар. Кўзинг ўнгида турган нарсангни қачон, қандай қилиб ўғирлаб кетганларини билмай қоласан киши.

Бунга мисол: қамоқхонадаги ҳар бир отрядида, учинчи ва тўққизинчи отрядларнинг ҳар бир қаватидаги бригадаларда биттадан музлатгич бор.

Маҳкумалар ўзларининг йўқловдан олган озиқ-овқатларини иқтисод қилиб ейишади ва нарсаларини мана шу музлаткичларда сақлашади.

Бу музлатгичларга нарсасини қўйиб, сақловчи маҳкумалар озчиликни ташкил этади. Музлатгич ҳамманинг кўзи ўнгида туради ва отрядда ҳар доим одам бўлади. Текширувга чиқиб кетилганда эса  бино ичида ҳеч ким қолмайди.

Музлатгичдан тез-тез маҳкумаларнинг ширинликлари, сарёғлари ва бошқа егуликлари ғойиб бўлиб қолади.

Ваҳоланки, «крыса»лар ва музлатгичда озиқ-овқатларини сақламайдиган, қўймайдиган маҳкумалар музлатгичга  яқин боролмайдилар. Ана шундай ҳолатда ҳам нарсалар йўқолиб туриши оддий ҳолат.

Бешинчи тоифа – «БЕДОЛАГАЛАР»:

Бундай тоифа маҳкумалар бошқалардан ажралиб туришади. Туркум навбатчиликка қўйилса ёки “нарушение” қилган маҳкумаларни ифлос ва оғир ишларга (масалан ҳожатхонани тозалаш каби) жалб қилинганларида мана шу маҳкумалар бошқалар ўрнига ишлаб бериб, ҳақларини ҳалоллаб олишади.

Олтинчи тоифа – “ЧЁРТЛАР”:

Чёртлар деб маҳкумларнинг норасмий иерархиясидаги энг паст поғонадаги кимсаларга айтилади.

Бундай маҳкумалар «блатной» маҳкумаларга “қиз” бўлиб олишади ва уларга қулдек хизмат қилишади. Уларнинг ўз фикри бўлиши мумкин эмас. Улар ўзлари хизмат қиладиган маҳкумаларга ниҳоятда сиғинишади.

Еттинчи тоифа – “ҚИЗЛАР”:

“Қизлар” ўз вақтида йўқлов олиб турадиган, бой–бадавлат, ўзига тўқ оилалар вакиллари бўлган маҳкумаларнинг хизматларини қилиб, кун кўрувчи маҳкумалардир. Бундай маҳкумаларни “чёртлар”дан фарқи шундаки, улар қилаётган хизматлари учун албатта рағбатлантириладилар. Бундай маҳкумалар озчиликни ташкил қилади.

Чунки бундай маҳкумалар унга ишонган маҳкуманинг “кишери”ни очиши ва нарсаларидан олиши мумкин, лекин рухсатсиз совуқ қўл урмайдилар, яъни ўғрилик қилмайдилар. Бундайлар қаторига кир ювувчи маҳкумалар ҳам киради.

Саккизинчи тоифа – “КИР ЮВУВЧИЛАР”:

Кир ювувчилар бирданига бир нечта маҳкумаларнинг кирларини ювишади. Зонада ҳалол ва кирларни покиза ювиши билан танилган бу маҳкумалар кунига камида икки мартадан кир ювадилар. Аниқроғи, уларни умри “прачка”да, “вешалак”да ўтади.

Бундай маҳкумалар қисматдошларининг кирларини ювиш ва қуритиб бериш эвазига оладиган ҳақлари ҳисобига кун кўрадилар.   

* * *

ЗОНАДАГИ ИЛК КУН

Шундай қилиб зонадаги дастлабки кунларим маҳкумалар ва қамоқхона шароити билан танишишдан иборат бўлди. Энди зона ҳаётига мослашишга мажбурлигимни билардим.

Аёллар қамоқхонасида ўнта отряд  бўлиб, биринчи, тўртинчи ва саккизинчи отрядларда асосан қайта жиноят содир этган ўта хавфли рецедивист маҳкумалар сақланарди.

Биринчи ва олтинчи, тўртинчи ва саккизинчи, бешинчи ва ўнинчи отрядлар учта икки қаватли биноларнинг биттадан қаватига жойлаштирилган.

Биринчи – олтинчи ва бешинчи – ўнинчи отрядларда икки юз қирқ нафардан то икки юз саксон нафаргача, тўртинчи ва саккизинчи отрядларда эса икки юз нафардан ортиқ маҳкумалар сақланарди. 

Учинчи ва тўққизинчи отрядлар бинолари янги замонавий усулда қурилган, бу икки қаватли биноларда биттадан отрядлар, бинонинг ҳар бир қаватида эса шу отрядга қарашли биттадан бригадалар жойлаштирилган.

Ҳар бир бригадада бир юз ўн – бир юз йигирма нафардан, отрядларда эса жаъми икки юз йигирма – икки юз қирқ нафар атрофида маҳкумалар сақланади. Отрядларга икки ярусли шконкалар қўйилган.

Мен бир нечта отрядларга кириш имкониятим бўлган холос. Ўзим яшаган тўққизинчи ва учинчи отрядлар мисолида маҳкумаларнинг ётоқ шароитлари ҳақида тушунтириш беришга ҳаракат қиламан.

Отрядлар катта-катта бинолар бўлиб, уларнинг ҳар икки бригадасидаги мавжуд  тўрттадан қаторнинг ҳар бирида ўн уч-ўн тўрттадан, жаъми эллик икки – эллик олтита икки ярусли шконка ўрнатилган.

Биринчи ва иккинчи қатор оралиғи биринчи проход, учинчи ва тўртинчи қаторлар оралиғи иккинчи проход деб номланади. Иккинчи ва учинчи қаторларнинг ўртасига узунасига қилиб тўртта икки ярусли шконкалар жойланган. Бу ўрнатилган шконкаларни усулини «паровоз» деб номланади.

Шконкаларнинг тепа қисмида ётадиган маҳкумалар тепадаги шконканинг панжараси остига оқ тўшакпўшдан шип тикадилар ва ҳоҳ пастда, ҳоҳ тепада ётган маҳкума бўлсин осмонга қараб ётганида оқ матодан бунёд этилган “шифт”га тикилиб ётишга мажбур.

Ҳар иккита шконканинг оралиғига биттадан тумбочка сиғадиган жой бор. У ерга жойлаштирилган тумбочкаларнинг ҳар бири уч ёки тўрт нафар маҳкумаларнинг буюмларини қўйиш учун мўлжалланган.

Тумбочкаларда туриши мумкин бўлган нарсаларнинг рўйхати ҳам қатъий белгиланган.

Тўққизинчи отрядни иккинчи қаватда жойлашган тўқсон иккинчи бригаданинг энг охиридаги шконкани тепасидан жой ажратишди менга. Энг четки ётоқнинг тепасида ётадиган бўлдим. Тагимда, яъни шконканинг биринчи қаватида эса қотиллик қилгани учун қамалган Фарғоналик Ойгул ётаркан.

Ойгулнинг: “Опа, сизнинг ёшингиз улуғ, онам тенги экансиз. Тепага чиқиб юрсангиз, менга ноқулай. Менинг жойимга туша қолинг, пастга, мен розиман жойимни алмаштиришга”, – деган таклифини: “Ҳечам ҳижолат бўлмай ўз ўрнингизда ётаверинг. Менга кўпроқ тепа маъқулроқ. Чунки у ер Аллоҳга яқинроқ-да”, – дея ҳазил аралаш рад этиб қўя қолдим.

Қизим тенги бу қиз билан жойимизни алмаштириш мумкин эмас. Чунки туни билан назоратчилар текшириб чиқишади. Бирортаси кўриб қолса, менга қўшиб, уни ҳам жазолашлари аниқ. Отряд фаоллари ва Ойгул билан шунга келишдикки: ҳар куни эрталаб уйғонганимдан кейин, ўрнимни йиғиштирмайман, шундоқ ташлаб пастга – тўқсон биринчи бригадага Рустам жияним деб таништирган Ўшлик Зуҳранинг олдига тушиб кетаман. Ўша ерда ўтираман, овқатланаман, нарсаларим ҳам пастги қаватда туради. Жойимни эса Ойгул тўғрилаб қўядиган бўлди. Биз хавф-хатарни бартараф этиш мақсадида шундай қарорга келдик.

 “Ойгул, мени деб сиз ҳам азият чекиб қолишингизни истамайман” – десам, у: «Э, мени ўйламанг, опажон. Мени статьям жудаям оғир. Шусиз ҳам менга ҳеч қандай енгиллик йўқ. Биттамас, ўнта, йигирмата “нарушение” расмийлаштирса ҳам, фарқи йўқ, мен барибир “до конца” ўтираман бу ерда. Агар шу усулни қўлламасак, сизни синдириб ташлашади», – деди менга хайрихоҳлик билдириб.

Тўққизинчи отрядга келган  кунимнинг эртасигаёқ  жойим ва нарсаларимни тинтув қилишга келиб, ётоғимнинг тагидан юз сўм пул “топишди”. Бироқ, бу гал уларнинг “топағонлиги” иш бермади. Чунки бу “топқирлар”ни бутун отряд фаоллари қуршаб олишди: – Тожибоеванинг жойидан юз сўм топилган бўлса, бордир, – деди улардан бири, – Бироқ, бунинг учун у эмас, Ойгул айбдор. 

– Бировнинг хатоси учун бошқа биров жавоб берадиган бўлиб қолганми сизларда?  – баланддан келди “шмончи”ларнинг бири.

– Биз ҳам шуни айтамиз-да, – гапга аралашди бошқа бир маҳкума, – Ойгулни айби учун нега Тожибоева жавоб бераркан?

– Тўппа-тўғри, – гапни илиб кетди биринчи бўлиб сўз бошлаган отряд фаоли, – Бу ётоққа Тожибоева фақат кечаси ухлаш учунгина келади, холос. Эрталаб, уйқудан турибоқ, пастга тушиб кетади. Ётоқ жойига қўлини ҳам текказмайди. Ҳатто Тожибоеванинг жойини ҳам ҳар доим Ойгул тўғрилайди.

– Шундай экан, у ердан нима чиқса Ойгулга тегишли ҳисобланади. Ҳаммамиз гувоҳ, мана бугун ҳам Ойгул тўғрилади Тожибоеванинг кўрпа-тўшагини, – дея сафдошларининг фикрини қувватлади фаол маҳкумалардан яна бири, – Ишонмасангиз, ана Ойгулнинг  ўзидан сўрашларингиз  мумкин.

Худди шу гапни кутиб тургандек, Ойгул ҳам осонгина “айбини” тан олиб қўя қолди: – Тўғри айтишади улар. Доимо мен тўғрилайман Тожибоеванинг жойини. Бугун эрталаб ҳам кўрпа-тўшагини ўзим тартибга келтириб қўйган эдим. Бу пул меники, – деди пулдан кўзини узмай.

Ойгулга ортиқча қоғозбозлик қилиб ўтириш шарт бўлмагани сабаб, тарвузи қўлтиғидан тушган назоратчилар мум тишлаб, чиқиб кетишга мажбур бўлишди. Бир сўз билан айтганда, тўққизинчи отряддаги маҳкумалар билан бир-биримизни қўллаб-қувватлаш борасида ўзаро тузган битимимиз иш бера бошлади. Яратганга шукурки, бу ердаги маҳкумалар менга ҳурмат кўзи билан қарай бошлаган эдилар…

Ўзим тунда тўққизинчи ортяднинг тўқсон иккинчи бригадасида ётаман, кун бўйи, “политинорматика” пайтларида ҳам тўқсон биринчи бригадада ўтираман. Нарсаларим ҳам шу ерда туради. Ўзим эса кунига тўрт маҳал овқатланиш учун  Рустамнинг олдига – тўртинчи отрядга бораман. Бошқа пайтлари зона ҳудудини айланаман. Маҳкумалар билан танишаман, суҳбатлашаман. Гоҳо таниш маҳкумалар ҳам учраб қолади, улар билан эски хотираларни эсга оламиз…

* * *

СИЗНИ ҲИБСГА ОЛГАН БЕЧОРАЛАРГА РОСА РАҲМИМ КЕЛГАНДИ

Қўқон ҳудудидаги судлардан бирида котиба бўлиб ишлаган Гули билан шу ерда учрашдик. Отрядидан икки нафар маҳкума Гулидан мен билан таништириб қўйишни илтимос қилган эканлар, у ана шу маҳкумалар қуршовида ёнимга келди. 

Ҳали ўтирар-ўтирмас, унинг ёнидаги маҳкумаларнинг бири кулимсираб, гап бошлади: – Журналист, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлгани сабабли қамалган бир аёлни қамоқхонага келиши биланоқ, “психушкага”га қамашибди деб эшитгандик. Кейин  отрядга чиққанингиз ҳақида хабар топдик. Тўғриси, сизни кеккайган, ўзига бино қўйган, одамлар билан менсимайгина гаплашадиган аёл бўлса керак, деб ўйлагандик. Шунинг учун ҳам, янгилар орасидан шунақанги димоғдор маҳкумани қидириб юргандик. Қаранг, сиз ҳам  ўзимизга ўхшаган оддий, соддагина  аёл экансиз-ку.

– Мен буларга сиз ҳақингиздаги қизиқарли воқеаларни ҳам айтиб берганимда ишонишмаганди, – шеригининг сўзларини давом эттирди Гули.

– Шунақами? – дедим мен ажабланиб, – Мен ҳақимда?

– Ҳа-да. Мўътабар опам озодликда юрган кезларида ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида суд идорасига келгудек бўлсалар, худди Президентни кутгандек, кутиб олишарди. У кишидан жуда қўрқиб, қалтираб туришарди судьялар.

Мўътабар опа кирадиган кабинетлардаги стол устига атайлаб, қонун китобларини териб қўйишарди. Мўътабар опа ҳимоячи бўлиб қатнашадиган иш бўйича қўрққанларидан, нуқул юқоридан маслаҳат олишарди. Мўътабар опамга кўзлари тушса, худди азроилни кўргандек чўчишарди” – деди  Гули фахр-ла тўлқинланиб, – Бу ҳақда ўзингизнинг ҳам хабарингиз бормиди, ё йўқми, билмадим. Ана шулар ҳақида гапириб бергандим шерикларимга.

Булар: “Тожибоева  шунақанги даражада обрў-эътиборга эга бўлган бўлса, роса кеккайган аёлдир”, – деб сўрашганди шунинг учун ҳам. Лекин мен уларга сизни доимо оддий инсонлар қуршовида бўлганингизни, ўзингиз ҳам оддийгина аёл эканлигингизни айтсам, ишонишмаганди. Мана энди ўзлари сиз билан танишиб,  хулоса чиқаришяпти.

Гули ва икки маҳкума билан турли мавзуларда узоқ суҳбатлашдик. Шунда, сездимки,  бу аёллар  яқин кунларда маҳкумаларни озодликка чиқишлари ҳақида бирор-бир хабарни айтишимни интиқлик билан  кутишарди.

– Одам учун энг ёмони рўёга ишониб яшаш, – дедим аччиқ ҳақиқатни тушунтириш илинжида минг бир изтироб билан, – Сиз билан менинг тақдирим ҳеч бир ҳукумат амалдорини қизиқтирмайди. Улар ҳатто маҳкумалар борлигини бир бор эсга олишмайди ҳам.

– Ҳа, тўғри. Мўътабар опамнинг феъллари шунақа. Бор ҳақиқатни ўраб-чирмаб ўтирмасдан, дангал гапирадилар, – деди Гули фикримни қувватлаб, – Биласизми, Мўътабар опа, сиз ҳибсга олинган пайтингизда, мен Тоштурмада ўтиргандим. Сизни қамашганини эшитиб,  роса ачингандим бечораларга.

– Қайси бечораларга ачингандингиз? Менгами – бошқаларгами? – дедим унинг сўзларидан ҳайратланиб.

– Эй, йўқ, сизга эмас, уларга! – деди Гули қўлини бепарво силтаб, мийиғида куларкан, – сизга эмас.

– Ҳибсга олинган мен бўлсам, сизни кимга раҳмингиз келди унда менга ачинмасдан? – ажабландим.

– Ўша сизни тергов қиладиган терговчиларга, прокурорлару, қозиларга раҳмим келди-да! – деди Гули бошини сарак-сарак қилиб, – “Опани тергов ва суд қилишга роса қийналадиган бўлишди бечоралар!” деб ўйлагандим ўшанда.     

Суҳбатдошларим билан бўлган суҳбатлар ўша дамларни кўз ўнгимда намоён қилди. Кула-кула уларга тергов, суд пайтларидаги ҳангомаларни  гапириб бердим.

Ёнимга келиб, мен билан танишиш истагини билдирган биргина Гули билан келган шериклари эмасди. Зонага чиққанимдан кейинги дастлабки кунларданоқ диний эътиқоди учун қамалган маҳкумалардан кўпчилиги йўқлаб келишиб, мени “Озодлик”, “ББС” радиоларидаги чиқишларим орқали танишларини айтишди.

Ўзларининг айтишларича, улар кўпдан буён мен билан танишишни орзу қилишган, бироқ, мана шундай вазиятда рўпару бўлишни хаёлларига ҳам келтиришмаган экан. 

Рустам билан учрашган паллаларимиздан бирида мен ундан сотиб олиб қўйишини сўраганим омонатларимни сўраш бўлди:

– Рустам, “псих.отделение”далигимда Гуллоладан сизга мен учун ул-бул харид қилиб қўйсин деб, сигарет бериб юборган эдим. Нима қилдингиз, бирор нарса олдингизми?

– Қанақа сигарет, қанақа нарсалар? – ҳайрон бўлди Рустам, – Гуллола менга ҳеч нарса бергани йўқ.

– Мен… – нима дейишимни билмай каловландим.

– Тушунарли, – деди Рустам, – Сиз ҳечам ҳижолат бўлманг, ҳозир ҳаммасини аниқлаймиз.

У шундай деди-да, шотирларига тезда Гуллолани топиб келтиришларини буюрди. Лекин улар Гуллолани топишолмай, ўзлари қайтиб келишди.

Мен руҳий касалликлар бўлимидан чиққанимдан буён яқинимга ҳам йўламаётган Гуллолани ишлари кўп бўлса керак, деб ўйлагандим. Кейин билсам, сигаретларимни Рустамга бермасдан, ўзининг қарзларига тарқатиб юборган Гуллола мендан қочиб юрган экан. Бироқ, Рустам бу билан тинчланмади, барибир Гуллолани топтириб келтирибди.

– Қанақа сигарет ҳақида гапиряпсиз, сизни тушунмаяпман? – дебди Гуллола ўзини ҳеч нима билмасликка солиб.

Уни тонганини эшитган Рустам  у билан юзлаштириш учун мени чақиртирди.

– Биласизми, опажон, мен иложсизликдан ўзимизни қарзларимга сигаретларингизни бериб юборгандим, – деди мени кўргач, ноилож қолган Гуллола ялтоқланиб. – Лекин сиз ҳечам ташвишланманг. Уйимдан “передача” олсам,  омонатингизни, албатта, қайтараман.

Гуллола ҳеч қачон “передача” олмаслигини жуда яхши билганим учун ҳам,  энди у сигаретлардан умидимни узишим кераклигини англаб етдим.

* * *

… Тушликга яқин ҳовлиққанча Саида кириб келди ёнимга: – Мўътабар опа, сизни Рустам чақираяпти. Ювиниш учун керакли нарсаларингизни олиб, “прачка”га тезлик билан етиб бораркансиз. Кирларингизни ҳам ўзингиз билан олволар экансиз.

Мен керакли нарсаларимни олиб, прачкага йўл олдим. “Блатной”лар жойи ҳисобланмиш “прачка”га кираверишдаги биринчи кран олдида  чўмилаётган Рустам келишим билан ёнидан жой бўшатди-да, Саидага  менинг кирларимни тезда ювиб қўйишни буюрди.

Аёллик жинсини ўзгартириш мақсадида Шотландияда илк бор операция қилдириб, кўкракларини кестириб ташлаган Рустамни биринчи марта яланғоч ҳолатда кўриб, ҳайрон қолдим. Кўриниши ҳам, овози ҳам эркак кишидан фарқ қилмайдиган, ҳатто паспортида ҳам Тожибоев Рустам деб ёзилган бу шахс аёл киши эди. 

У жинсини алмаштириш учун қилиниши керак бўлган иккинчи энг муҳим операцияни қилдиришга улгурмасдан, навбатдаги жиноятга алоқадорликда айбланиб, қамоққа тушгани сабабли, унинг жинсий органи ўзгартирилмасдан, асл ҳолатида қолганди.

Атрофдаги маҳкумалар кимсан Рустамни ўзи менинг чўмилишимга кўмак бериб,  устимдан сув қуйиб, хизматимни қилаётганигдан лол бўлиб, бир-бирлари билан висир-висир қилардилар.

Мен: “Рустам, овора бўлманг, қўйинг, мен ўзим чўмиламан”, – дедим бошқалар бизни кузатаётганларидан хижолат бўлиб.

У эса қулоғимга: «Бу бошқа маҳкумалар учун сигнал сифатида керак, индаманг. Чунки улар менинг ҳеч кимга бу тариқа хизмат қилмаслигимни жуда яхши билишади”, – деди аста шивирлаб, – Ҳамманинг кўзи олдида сизга шундай мулозамат кўрсатаётган эканман, демак, бошқалар  ҳам шунга қараб муомила қилишлари керак Сизга”.

* * *

ИНСОН ҲУҚУҚИ БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШГА СЕН ҲАҚЛИ ЭМАССАН!

19 июль куни эрталабданоқ, мени ДПНКга суҳбат чақиришди. Бордим. Эллик – эллик беш ёшлардаги ДПНК бошлиғи Римма Абдуллаевна  исмли аёл мен билан жуда ҳам узоқ гаплашди. Жиноят ишим борасида савол-жавоб қилди.

«Бизда қонунлар ишламаслигини била туриб, нега уларни ижросини талаб қилдингиз?» – деди у ҳамдардлик билан.

Уни сўзларини эшитиб, Рустамни “Римма Абдуллаевна тушунадиган аёл” деган гапига ишонгим келди.

“Қамоқхона тарихида биринчи марта мустақил журналист ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган аёлни Жиноят Кодексининг ўн саккизта моддаси билан айбланиб, суднинг ҳукми билан ўн учта моддада кўрсатилган жиноятларни содир этган деб топилганим учун шунчаки қизиқиб кўраяпти”, – деган ўйда Абдуллаевнанинг менга бераётган саволларига ижирғанмасдан жавоб беравердим.

Суҳбатимиз тушликкача давом этди. Мен то шу пайтгача тик оёқда туриб гаплашаётган эдим. “Ҳали суҳбатимиз тугагани йўқ, тушликдан кейин яна чақираман, тушлик қилиб олай, яна чақиртираман” – деди-да, кетишимга рухсат берди у.

Тушликда бизнинг отрядимиз овқатланишга ҳаммадан кейин кирди. Эндигина овқатланаман деб турганимда, яна “рупор” орқали чақиртиришди. Олган овқатимни ташлаб, яна ДПНКга боришга мажбур бўлдим.

Римма Абдуллаевна билан сўроқ-савол яна давом этди. Энди унинг олдида тезкор ва режим бўлимни ходимлари ҳам ўтириб олишганди. Гоҳо улар ҳам асабни қақшатувчи саволларни бериб қолишарди. Римма Абдуллаевнанинг иш пайти тугагандан кейингина, отрядга кетишим учун рухсат тегди менга.

Римма Абдуллаевна эртаси куни кечки сменага келди. Мени ярим тунгача сўроқ қилди. Зонада “отбой” эълон қилинганидан икки соатдан кейингина бориб, уҳлашимга рухсат беришди. Эртасига тонгги соат олтида яна рупор орқали чақиришди. Энди асабийлаша бошладим. Қабулига кирсам, узун бўйли, қорачадан келган ўт ўчирувчи кийимидаги бир кимса ва яна икки нафар қамоқхона ходимлари ўтирибди Римма Абдуллаевнани олдида.

Яна кечагидек савол-жавоблар бошланди.

–  Инсон ҳуқуқлари масаласи билан шуғулланишга ҳаққинг йўқ эди сенинг! – Римма Абдуллаевнанинг таҳдидли овозидан сергак тортдим.

– Қайси қонунга биноан? – сўрадим мен ҳам.

– Йўқ! Мен сенга айтаяпман, ҳаққинг йўқ эди! – сўзларини такрорлади у важоҳат билан.

– Қайси қонун четлатади мени  бу ҳуқуқдан, аниқроқ айтинг?! – саволига савол билан жавоб бердим қатъий оҳангда.

– Сен кимсанки, мен сенга ҳисоб бераман? Қайси қонунлигини айтиб ўтиришим шарт эмас сенга! Ҳаққинг йўқ, дейилдими, тамом-вассалом! – деди Римма Абдуллаевна сурма тортилган кўзларини ола-кула қилиб.

– Сизнинг фамилиянгиз нима ўзи? – сўрадим бақир-чақирига жавобан.

  – Нима қиласан мени фамилиямни? Фамилиям Рустамова, тутоқди у.

– Адвокатларим мени олдимга келган кунининг эртасигаёқ,  керак бўлса, Женевага,  БМТга хат йўллаб, менинг инсон ҳуқуқи муаммолари билан шуғулланишга ҳуқуқим бормиди, йўқ хат жўнатишларини сўраттираман, Женевадан хат келади сизни номингизга. Халқаро ҳуқуқнинг қайси манбааларига асосан нафақат менинг, балким ҳар кимнинг инсон ҳуқуқлари билан шуғулланишга ҳаққи борлигини тасдиқловчи расмий хат келишини таъминлаб бераман сизга.

Қолаверса, менинг судим аллақачонлар ниҳоясига етган. Срогимни олиб келганман бу ерга. Энди мени қамоқхонадаги хатти-ҳаракатларимга алоқадор ҳолатлар бўйичагина чақириб, сўроқ қилиш ҳуқуқингиз бор, холос.

Маҳкумалардан талаб қилишни яхши биласизларку, ўзларингизнинг вазифангизга оид шу оддий қоидани ҳам билмайсизларми? – дедим дона-дона қилиб. – Мабодо менинг ишимни ўрганиш иштиёқи тинчлик бермаётган бўлса,  адвокатларимни чақириб, бу борада уларнинг иштирокида истаганча сўрашингиз, сўроқ-савол қилиб, батафсил маълумот олишингиз мумкин.

Жуда қизиқаётган бўлсангиз, мен ишончнома беришим мумкин, зарур бўлса, Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судига бориб, мени ўн олти томлик жиноят ишим билан танишиш имкониятига эга бўласиз!

– Тожибоева, сиз раҳбарларни ишдан бўшатишга эришганман деб, мақтанаётганмишсизми? – киноя аралаш сўради “Тезкор бўлим” ходими Жаҳонгир Эркинбоевич жаҳлим чиқиб, тутоқа бошлаганимни сезмаётгандек.

–  Кимга мақтанибман? Келтиринг,  юзма-юз қилинг сизларга шу гапни етказганлар билан, қаршилигим йўқ, – жавоб қилдим унга бепарво.

– Сиз пайтида айбсизлигингизни исботлаб бера олмагансиз! Демак, сиз жиноятчисиз! – луқма ташлади ҳалидан бери хўмрайиб ўтирган қирра бурун “пожарный”.

– Сиз ўзи ким бўлиб ишлайсиз бу ерда? – нописанд тикилдим унга.

– Мен ёнғин хавфсизлиги бўйича жавобгарман, – деди у ғўдайиб.

– Вазифангизни унутмабсиз, яшанг! Агар эгнингизда формангиз бўлмаганида, мен сизни давлат қораловчисимикин деб ўйлаган бўлардим гапингизнинг авзойидан, – дедим киноя билан, – Мабодо аёллар қамоқхонасига ўт қўймоқчи бўлганимда тутиб олсангизгина ҳақлисиз мен билан савол-жавоб қилишга. Агар шунда ҳам ваколатингиз бўлса. Адашмасам, бу ерда ўт ўчириш борасида мунозара бўлаётгани йўқ?

Очиғи, ҳозир мени сўроққа тутишга ҳеч бирингизнинг ҳаққингиз йўқ. Мен беъмани саволларингизга жавоб беришга мажбур эмасман! Агар мени нонушта, тушлик ва кечки овқатдан маҳрум қилиб, тутуруқсиз суҳбатингизни яна такрорлагудек бўлсангиз, у ҳолда сизларга бўлган  норозилигим рамзи сифатида, “очлик” эълон қилишга мажбур бўламан.

* * *

ҒАНИЖОН УМУРЗАҚОВ БИЛАН УЧРАШУВ

Бахтни қарангки, айнан ана шундай кўнгилсиз тортишув куни менга “передача” топширишди. Энг қувонарлиси, эртагаёқ икки соатли учрашувга чиқишим ҳақида ҳам хабар беришди. Доимо Рустамлар билан овқатланаётганим сабабли, қабул қилиб олган саккиз килограммлик озиқ-овқатларимни уларнинг отрядига олиб бордим.

Ғанижон Умурзақов деган йигитни бир пайтлар туҳматдан қамалганида ҳимоя қилган эдим. Турмуш ўртоғини ҳимоя қилишга кўмак сўраб келган унинг аҳли аёли – Фарғона вилоятининг Бувайда туманида яшовчи, олий маълумотли ўқитувчи Соҳиба Умурзақова кейинчалик “Ўтюраклар Клуби”нинг энг олди фаолларидан бирига айланганди.

Инсонларга қилган яхшилигинг ерда қолмас экан. Кишилар ёмонликни ҳечам эсларидан чиқармаганларидек, яхшиликни ҳам бир умр унутишмас экан. Бугун бунга яна бир бор амин бўлдим. Буни қарангки, ўша Ғанижон бугун мени йўқлаб, “передача” келтирган экан.

Эртаси куни у билан икки соатлик учрашувга ҳам кирдим.   Ғанижон билан гаплашаяпману, муассаса офецери оғзимиздан чиққан ҳар бир сўзни хато қилмай, қоғозга туширарди. Шунинг учун ҳам унга тайинли бирор гап гапиришга чўчий бошладим. Жиддийроқ гап айтгудек бўлсам, кейин уни ҳам ҳибсга олишмасин деган ҳадикда эҳтиётлик билан гапиришга мажбур эдим…

Давоми бор.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.