Жазо изолятори (ШИЗО)га қамаш учун уюштирилган фитналар! (Қийноқлар ороли асираси – Зулмат қаърида. № 17)

* * *

ИЗОЛЯТОРГА ҚАМАШ УЧУН УЮШТИРИЛГАН ФИТНА

Эртаси куни у билан икки соатлик учрашувга ҳам кирдим.   Ғанижон билан гаплашаяпману, муассаса офецери оғзимиздан чиққан ҳар бир сўзни хато қилмай, қоғозга туширарди. Шунинг учун ҳам унга тайинли бирор гап гапиришга чўчий бошладим. Жиддийроқ гап айтгудек бўлсам, кейин уни ҳам ҳибсга олишмасин деган ҳадикда эҳтиётлик билан гапиришга мажбур эдим…

Азбаройи асабийлашганим, хавотирланганим учунми, билмадим, Ғанижон билан бўлиб ўтган учрашувдан кейин бошимга шунақанги оғриқ кирди-ки, қўяверасиз. Бошимни чангаллаб қолдим. Аччиқ-аччиқ кўк чой ичдим, қани босилса. Фойдаси бўлмагач, дори олиш истагида  поликлиникага кирдим.

Эндигина менинг галим келганида, бир лўли аёл мени силтаб ташлаб, ҳамширани қабулига навбатсиз кириб кетишга уринди. Кейинчалик билишимча у маҳкуманинг исм-шарифи Зокирова Холида  экан.

Ўз навбатимни унга бермаслигимни айтиб, ҳамшира олдига кирмоқчи бўлгандим, у аёл мени ҳеч бир сабабсиз ҳақоратлай кетди. Камига итариб ҳам ташлади. «Чёрт!» дея бор овози билан бақирганча мени бўғиб, қўлидаги темир чўмичи билан бошимга уришга шайланар, атрофдаги маҳкумалар эса бизни ажратиб қўйишга уринишарди. 

Қайсидир маҳкума югургилаб чиқиб кетди-да,  Рустамни бошлаб келди. «Чёрт» – бу сўз қамоқхонадаги энг ҳақоратли сўз ҳисобланади. Бундан қони қайнаган  Рустам кела-кела Холидага бир тарсаки туширди-да: «Нима учун менинг холамни “чёрт” деб ҳақорат қиласан?» – дея дағдаға қилди.

Буни кутмаган Холида ўзини ерга ташлаб, худди тутқаноғи тутгандек, бор овози билан дод-вой қила бошлади. Бақир-чақирни эшитган назоратчилар чопқиллаб келишди-да Холида билан Рустамни олиб кетишди.

Шу куни кечга бориб: “Тожибоевани изоляторга қамашар экан” – деган миш-миш тарқалди.

Кимдир: “Тожибоевани қамашар экан”, – деса, яна кимдир: “Зокирова Холидани ургани учун Тожибоевни қамашар экан”, – дейишарди.

Бундай гап-сўзларга эътибор қилмай, ошхонага кечки овқатланишга кирдим. У ерда кечки овқатга ачиган, қоп-қорайиб кетган қайнатилган картошкалар беришди. Ёнғоқдек-ёнғоқдек катталикдаги картошкаларни ейишга таъбим тортмади. Ўзимга ажратилган бир пайка нонимни олдим-да, ташқарига отландим.

Ошхонадан ташқарига қараб юрарканман, чиқаверишда НВН Елена Шабанова бошчилигидаги назоратчиларга дуч келдим. Улар ташқарига чиқаётган ҳар бир маҳкумани бирма-бир ҳамма ёқларини тинтиб чиқаришарди. Навбат менга келганида, Шабанова қўлимдаги бир пайка нонни юлқиб олиб, ахлат челакка ташлади. Нима ҳам дердим. Шу бир бурда нонни ҳам раво кўришмади. Асли менга насиб этмаган экан-да… Хомуш тортиб, отряд томон йўл олдим.

Кечки пайт тўқсон биринчи бригадада телевизорда сериал кўриб ўтириргандик. НВН Елена Лашкарева билан икки нафар назоратчилар кириб келишди бригадага. Лашкарева ўта қўпол ва қўрс бўлиб, унинг эгнидаги ҳарбий кийими унинг семизлигини яширмас, балким янада очиб кўрсатарди.

Ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ, огоҳлантириб ўтирмасдан, Лашкарева қўлимга кишан солди ва “Тожибоева, сизни  изоляторга қамаш ҳақида буйруқ бор”, – деди. Кейин судраганча, ДПНКга олиб боришди. У ерда олтинчи отряд бошлиғи Дилором Турсуналиевна билан бешинчи отряд бошлиғи Хуршида Тошбобоевналар ўтиришган экан.

– Тожибоева, нима учун кечки овқатга кирмадингиз? – савол ташлади Хуршида Тошбобоевна.

– Нега бормас эканман? Бордим ошхонага. Мусичанинг тухумидек келадиган қайнатилган картошка беришганди. Оғизга олиб бўлмайди, ачиб, қорайиб кетган. Иштаҳам тортмади, – ўша картошкаларни кўз олдимга қайта келтирарканман, кўнглим айнигиси келди, – Ишонмасангиз, ана Шабанова айтсин. Олиб чиқаётаган Бир пайка нонимни у юлқиб олиб, ахлат челакка ташлаб юборди. Овқатланишга кирганимни у тасдиқлайди.

– Сиз жиноятчиларни боқаётганимизга шукур қилсанглар-чи, ноз-фироқ қилмасдан?! – деди олтинчи отряд бошлиғи Дилором Турсуналиевна беписандлик билан афтини бужмайтираркан. – Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр деганлари шу-да. Ҳай, ордона, яна кўнгиллари тортмаганмиш? Берганни бетига қарамай, емайсизми берганни?

– Сизни ёки турмуш ўртоғингизнинг бели оғриб, ишлаб топган пули эвазига боқишаётгани йўқ бизни. Ўзимиз тўлаган солиқларимиз ҳисобига боқишмоқда. Шуни биласизми? – дедим норози оҳангда. 

* * *

ЖАЗО ИЗОЛЯТОРИ (ШИЗО)ГА ИЛК ТАШРИФ

Ушбу “дўстона” сухбатимиз натижаси мени жазо изоляторига қамаш билан якунига етди. Мени изоляторга олиб бориб, бир камерага қамадилар. Қўлимда кишан билан жазо изоляторига кириб кетарканман, тўпланиб турган маҳкумалар: «Мўътабар опа, сиқилманг, ҳаммаси яхши бўлади», – деб бақириб қолишди ортимдан.

Шу куни, яъни 21 июль куни мен биринчи марта ўн суткага жазо изоляторига қамалдим.          

Қамоқхонадаги жазо изоляторининг биноси алоҳида жойлашган бўлиб, қишнинг қаҳратон кунлари отрядлар имкон қадар яхши иситиларди, изолятор биносида эса иситиш тизимининг ўзи йўқ.

(Маҳкумаларни сақлаш тартибини бузганликда айблаб, Интизомий бўлинмага киритиб қўйилади. Интизомий бўлинмани ШИЗО, яъни жазо изолятори, изолятор деб аталади. Ҳақиқатан ҳам бу бинога асосан қора рўйхатдаги маҳкумалари жазолаш – қийнаш мақсадидагина қамарканлар. Бунга кейинчалик ўзим жуда кўп марта гувоҳ бўлдим. Асарда интизомий бўлинма ШИЗО изолятор ёки жазо изолятори деб номланади).

Бу изолятор деганларидан анқиётган зах ҳиди бурун тугул, миянгни ҳам тешиб юборай дерди гўё, чидаш душвор.

Бинода бор-йўғи саккизта камера бор. Уларнинг бирида кетма-кет қотилликлар содир этганлиги учун ўн беш йил муддатга қамалган ва қамоқ муддатининг беш йилини турма режимидаги қамоқда ўтказиши суд ҳукми билан белгиланган Фарғонанинг Тошлоқ туманилик маҳкума Зиёда тўрт йилдан буён ўтиради.

Четдаги саккизинчи камера омборхона вазифасини бажаради Кейинги бешта камералар эса «тартиббузар»лар учун жазо камералари деб аталади. Камераларнинг бўйи ва эни уч метрдан бўлиб, полининг маълум қисмигина тахта, қолганлари цемент. Камераларда иккита ёки тўрттадан шконкалар бетон деворга устма-уст ўрнатилган.

ШИЗОда шконкалар саҳарги беш бўлди дегунча йиғиштириб, тахлаб, қулф солиб қўйилади, фақат кечқурун отбой пайтидагина очилади, холос. Тонгдан то кечгача ўтиришга жой йўқ, ўтирай, десанг тахта полни тагидаги цементдан ҳам увиллаб шамол келади. Ўтирганингизда зах орқангизни ўйиб кетай дейди. Тўғри, маҳкумалар ўтириши учун ўрнатиб қўйилган темир табуреткалар бору, лекин шусиз ҳам совуқ ва зах камерада уларга ўтиргудек бўлсангиз, муздек темир кетингизни узиб олади. Хуллас, бу ҳол аёлларга касалликдан бошқа ҳеч нарса келтирмайди…

Ҳожат масаласини ҳам унутмаган экан шоввозлар.  Шу кафтдеккина камеранинг ўзида  унитаз цемент полга ўрнатилган. Ундан доимий равишда шарриллаб шовқин билан муздек сув оқиб туради. Мана сизга ҳожатхона.

Бир суткада фақат бир марта тонгги бешдан бошлаб, ярим соат ичида ўн дақиқадангина ювиниш учун маҳкумаларни бино ичидаги хоначага олиб киришади, холос. Кейин кун бўйи дод-вой қилсангиз ҳам,  ювинишга бошқа имконият бўлмайди.

Шу ўн дақиқа ичида, ҳам юз-қўлларингизни ювишга, ҳам ички кийимларни алмаштиришга улгуришингиз шарт. Кун бўйи қўл ювиш зарурати туғиладими ёки маҳкумалар аёллар касаллиги билан оғрийдими – барибир, кейин кун бўйи ювинишга рухсат йўқ.

Ички кийимларни, ҳаттоки мана шу касаллик пайтида керакли гигиеник буюмларини  ўзида сақлаш ҳам умуман мумкин эмас маҳкумаларга. Улар кун бўйи юз қўлларини ювиш учун айнан шу полга ўрнатилган унитаз устидан оқиб турадиган сувдан фойдаланишга мажбур, бошқа иложлари ҳам  йўқ…

Бу пайтда мен ҳали жазо изолятори нималигини билмасдим, лекин ҳар қандай вазиятда ҳам маҳкумаларни ухлашлари учун матрас беришлари шарт деб билардим. Шу сабаб навбатчи шифокорни келишини талаб қилдим. У  келганида кечаси дам олишим учун шароит яратиб беришларини талаб қилдим.

Навбатчи шифокор билан  қайтиб кирган Лашкарева мени изоляторга қамаш ҳақидаги қарор тайёр эмаслиги сабаб менга матрас, одеял, тўшакпўш ва ёстиқ берилмаслигини, ҳатто шконкани очиб бериш ҳам мумкин эмаслигини таъкидлади. Шифокор унинг қулоғига нимадир деган эди, Лашкарёва истар-истамас келди-да, пастдаги эмас, тепадаги шконканигина очиб бериб, чиқиб кетди. Токи пастки шконка очилмас экан, тепадагисига чиқиш имконсиз.

Пастки шконкага оёғини қўйибгина тепадаги шконкага чиқиб олиш мумкин эди, холос. Шу сабаб ҳам мен  изолятордаги биринчи кечамни  матрас, болиш ва адёлсиз, зах ерда ётиб ўтказдим. Ҳа, киши ўлмаса, бошга тушганларини кўз кўраверар экан-да. Мана, шу ерларга ҳам рисқ-насиба сочилган экан, дарровгина қамоқхона изоляторини кўриш ҳам насиб этди.

Изолятордаги маҳкумаларга кунига уч маҳал бир пайкадан нон  ва қамоқхонани еб бўлмайдиган овқатларидан берилади. Бу ҳам майли-я, кунига икки маҳал камералар ва маҳкумаларнинг ўзлари ҳам тинтувдан  ўтказилишига нима дейсиз?

Тинтув шунақанги дабдаба билан  ўтказиладики, қават-қават қулфланган темир панжаралар ортида ўтирган маҳкума қаердандир бирон нарса олиб келишга имконлари бордек гўё. Ёки бу бир руҳий таъсир ўтказиш усулими, билиб бўлмайди. Бир неча йиллар олдин оқланган деворларга маҳкумалар муассаса вакилларини ҳақоратлаб, уларга ўлим тилаб турли ёзувларни тош бўлакчалари билан ўйиб ёзиб ташлашган. Бундай  ёзувларини сиёсий ва диний эътиқоди туфайли қамалган маҳкумаларни зиммасига қўйишга уринадилар нуқул…

Дарвоқе, нос чекадиган маҳкумаларга хуфёна тарзда ментлар ёки изоляторнинг “дневальный”и орқали нос киритиб туришади. Изоляторга қамалган маҳкумаларни камераларга асосан икки кишидан қамашади. Ҳарқалай ўн – ўн беш сутка совуқ, зах камерада ёлғиз, шумшайиб  ўтиргандан кўра, бирон суҳбатдош бўлгани яхшироқ.

Лекин сиёсий ва диний маҳкумаларни имкон қадар ёлғиз қамашга ҳаракат қилишади. Бироқ бирор-бир фитна уюштиришга зарур бўлган ҳоллардагина сиёсий, диний маҳкумаларнинг ёнига вақтинча «қулоқ» маҳкумаларни жойлаштиришади… 

Изоляторга маҳкумаларнинг ёлғиз ўзларини қамаш ҳам қийноқнинг оғир усулларидан бири, деб ҳисоблайман.

 Изоляторга қамалган кунимдан буён вақтнинг ўтиши жуда қийин кечяпти. Кичкинагина камеранинг у ёғидан-бу ёғига майда қадамлар билан тинимсиз юрарканман, камеранинг ҳаммаси бўлиб неча қадам чиқишини билиш учун ҳаракат қилиш билан банд бўлардим.

Бундан ташқари, камерадаги полнинг тахтаси, камера ойнагидаги ва темир панжарасидаги темир симларнинг қаторлари, умуман иситилмайдиган батареяларнинг қатори нечталигини ҳисоб-китоб қилавериб, чарчаб кетардим.

Ҳар куни изолятордан озод бўлишимни мана шу панжаралар, батареянинг қаторлари ва полнинг тахталари ҳисобида санардим. Охирги куннинг ўтиши жудаям мушкул бўлгани учун ниҳоятда қийналардим. Бундай пайтларда, панжара ва  пол тахталари соатлар ролини бажарарди.

Кейинчалик ҳам худди мана шундай усул билан қамалган пайтларимда, бошқа камералардаги панжаралар, пол тахталарини ҳисоблаб чиқадиган бўлдим. Изоляторга қайсидир бир маҳкума билан қамалишнинг афзал томони шундаки, шеригинг билан суҳбатлашиб ўтиришнинг имконияти бор. Ёнингдаги шеригинг билан турли воқеа-ходисалар ҳақида, фильмлар, сериаллар, борингки қайси мавзуда бўлмасин суҳбатлашиб, вақт ўтишини осонлаштириш мумкин.

Мен бир йил ичида бир юз ўн икки сутка жазо изоляторига қамалган бўлсам, шундан, атига ўн олти – ўн саккиз суткасинигина бошқа маҳкумалар билан бирга ўтказганман. Шунда, биз бир-биримизга ҳаётимизда бўлиб ўтган қизиқарли воқеа, ходисалар, ўқиган қизиқарли китоблар ёки кўрган фильмларимиз ҳақида ҳикоялар қилардик.

Мана шундай бандилик кунларимизнинг бирида, америкалик актёрлар талқинидаги ўлимга ҳукм қилинган инсонлар ҳаёти ҳақидаги “Зелёный мир” фильмини мен билан битта камерада ўтирган маҳкума ҳикоя қилиб берганди.

Мен бу фильмни олдин кўрмагандим. Лекин, кейинчалик, озодликка чиққанимдан кейин уни кўрганимда, мен билан битта камерада ўтирган маҳкума фильмнинг бирор-бир деталини қолдирмасдан, тўлиғича  ҳикоя қилиб берганини ҳис қилдим. Мени биринчи марта жазо изоляторига қамаганларидан кейиноқ, жазони ижро этиш муассасаларида қонунчиликка риоя этилиши юзасидан назорат қилувчи махсус прокурор ва адвокатим билан учраштиришларини талаб қилиб, “очлик” эълон қилдим.

Менга берилган овқатларни олмас ва емас эдим. Берган овқатлари қандай бўлса, шундайлигича кармушкада турарди. Бошқа камералардаги маҳкумалар овқатланиб бўлганларидан кейингина идишларни йиғиштириб олаётганларида менинг камерам кармушкасида турган нон ва овқатни ҳам олиб кетишарди.

* * *

ҚАЙТИБ РУСТАМ БИЛАН МУЛОҚОТ ҚИЛМАЙСАН!

Изоляторга қамалганимнинг учинчи куниси 24 июлда мени Светлана Петровна мени Штабга олиб борди. У ерда аёллар қамоқхонаси бошлиғи Светлана Сбродова ва тезкор бўлим бошлиғи Саша Дмитровна Якубович ўтиришарди.

– Ҳа, тинчликми, Тожибоева, очарчилик йўли билан жонингизга қасд қилмоқчимисиз? – чимирилди Светлана Сбродова.

–  Ҳақ-ҳуқуқларимнинг паймол қилишларига жим қараб турмайман, – дедим истеҳзоли кулиб турган суҳбатдошларимга қараб. – “Надзор прокурор” билан учрашишим шарт, – дедим очликдан силлам қуриб кетаётганини сездирмаслик мақсадида.

– Шунақа денг! – пичинг қилди Светлана  Сбродова. – Билиб қўйинг, Тожибоева, агар бугуноқ овқатланмасангиз, сизни мажбурий тарзда шланг орқали овқатлантиришга қурбимиз етади.

– Гап бундай, – ҳалидан бери суҳбатимизни миқ этмай эшитиб ўтирган Саша Дмитровна Якубович суҳбатга аралашди, – “Адвокатим ёлғон информация тарқатган экан, интернетда чиққан материалларнинг барчаси ёлғон, муассаса ходимларига нисбатан туҳматдан бошқа нарса эмас”, деган мазмунда битта тилхат ёзиб берасиз, тушунарлими?

Унинг гапларини тасдиқлагандек бош ирғаб турган Светлана Сбродова чаққонлик билан менга бир вароқ оқ қоғоз узатди.

– Адвокатимни нима деб информация тарқатганлигини билмасдан туриб, мен қандай қилиб уни  ёлғончиликда айблайман?

– Адвокатингиз хориж матбуотларига қўлингиз жароҳатлангани ҳақида ва сизни “псих.отделение”га қамаб, психиотроп муолажалар олишга мажбур қилиняпти, деб туҳмат информация берган, – деди негадир бу маълумотларни ёлғон деб ёзиб беришимга ишониб қараб турган Сбродова.

– Нега энди бор гапни, ҳақиқатни инкор қилишим керак? Ҳақиқатни айтган адвокатимни нима учун туҳматчига чиқаришим керак? – дедим Сбродова узатган қоғозга қайрилиб ҳам қарамай, – бекорга овора бўласизлар, барибир сизлар талаб қилган нарсани ҳеч қачон ёзиб бермайман.

– Бу яна қанақанги қайсарлик?! – деди ғазабдан кўзлари қинидан чиқиб кетаёзган Светлана Сбродова таҳдидли овозда. – Бас қилинг! Йўқса, кейин пушаймон бўласиз.

– Мана, ҳозирданоқ ҳақиқатни очиқ ошкора гапиришим, ҳақпарварлигимнинг мукофотини олиб ўтирибман шусиз ҳам, – дедим ҳали ҳам шиши қайтмаган қўлимни кўрсатиб.

– Балки қўлингиз оғриётгандир, шишгандиру, лекин сиз  қўлингиз жароҳат олгани ҳақида докторларга мурожаат қилмагансиз! Улардан сизга тиббий ёрдам кўрсатишларини сўрамагансиз! – заҳарханда қилди Светлана Сбродова.

– Жоним оғрийди, азоб беради-ю, нега айтмас эканман. Айтганман, – дедим шишиб кетган қўлимни сийпалаб. –  Аммо, улар  ҳеч қандай муолажа қилмасдан, қуруқ пахта бериб, намакоб  боғлашимни тайинлашди, холос.

– Тожибоева, бу қамоқхонада қанақа танишингиз бор? – айтган талабларига кўндира олмаслигини билган тезкор бўлим бошлиғи Саша Дмитровна гапни мутлақо бошқа томонга бурди.

–  Кимим ҳам бўларди. Ҳеч кимим йўқ, – дедим ҳайрон бўлиб.

– Тожибоев Рустам сени киминг бўлади? – дея ўшқирди халидан буён жим ўтириб, суҳбатни тинглаб ўтирган Светлана Петровна.

–  Ҳа, уми? Узоқ қариндошим? – жавоб қилдим босиқлик билан унинг сенлашига эътибор қилмагандек.

– Қанақа қариндош? Аниқроғи? – айёрона қараш қилди Светлана Сбродова.

– Айтдим-ку узоқ қариндош деб.

– Ёлғон гапиряпсан. Тожибоев Рустам сенга ҳеч қандай қариндош бўлмайди. Сен ёлғон гапириб, жиноят содир этдинг, – ўшқирди яна Светлана Сбродова.

– Агар кимнидир узоқ қариндошим деган бўлсаму, бу гапим нотўғри бўлиб чиқса, бунинг нимаси жиноят экан? – дедим мен ҳам жаҳл билан, – Буни жиноятга нима алоқаси бор? Мен Рустам Тожибоев мени қариндошим деб, кимнидир алдаб, бирор нарсасини ўзлаштирибманми? Ёки кимгадир зиён етказибманми?

– Олиб киринг! – саволларимга жавоб бериш ўрнига, эшик томонга қараб қичқирди Саша Дмитровна. Унинг хитобига жавобан кабинетга Рустамни етаклаб киришди.

– Рустам мана бу маҳкума сенга ким бўлади? – сўради ундан Сбродова.

– Менга бу маҳкума ҳеч ким бўлмайди, – деди Рустам бепарво.

– Нега унда зона бўйича “Мўътабар Тожибоева Рустам Тожибоевни қариндоши экан” деган гап тарқаб кетди? – столни шапиллатди Светлана Сбродова.

– Билмасам, – елка қисди Рустам. – Менга  фамилиядош бир маҳкума келганлигини, ўзи ҳам менга ўхшаб кетишини “псих.отделение”нинг “дневальный»и айтганди. Шунинг учун бу маҳкумага қизиқиб, танишдим.

– Нима учун маҳкумаларга Тожибоевани ҳурмат қилишларини, унга бирор зиён етказмасликни айтиб, топшириқ бердинг? – зарда қилди  Саша Дмитровна.

– Шунчаки айтгандим бу гапни, – кифтини учирганча шифтга тикилди Рустам.

– Бу ерда уйланиб олдинг, индамадик. Саккизинчи отряддаги Саида сен билан бирга яшайди, кўз юмдик-ку! Нимага энди сен бизнинг ишимизга аралашасан? – деди тутоқиб Светлана Сбродова.

– Мен аралашганим йўқ, – деди Рустам гуноҳкорона оҳангда. – Агар билиб-билмай, бирор нотўғри иш қилиб қўйган бўлсам, кечирасизлар.

– Агар Тожибоева билан мулоқотни давом эттирсанг, изолятордан бери келмайсан, – ўдағайлади тезкор бўлим бошлиғи. Мободо бундан кейин бир-биринг билан салом-алик қилар экансанлар, билиб қўй, биринг изолятордан чиққанда, иккинчинг кирасан. Иккинчинг чиққанда, бошқанг кирасан. Бир-бирингнинг башарангни қайтиб кўрмайсанлар зонада. Бунинг учун қўлимиздан келган ҳамма ишни қиламиз.

– Рустам, – гапни илиб кетди Светлана Сбродова, – бошқа зоналардаги ака-укаларингни ҳам ўйласанг бўларди. Чунки Тожибоевани ҳимоя қилишинг эвазига ака-укаларингни ҳаётини хавф остига қўясан. Шуни унутма.

– Хўп бўлади, – ҳозиржавоблик билан деди Рустам. – Бугундан бошлаб мен маҳкума Тожибоева Мўътабар билан умуман гаплашмайман, ҳеч қандай муомала ҳам қилмайман. Ишонинг, сўз бераман.

– Яна Тожибоева Мўътабар сенга ҳеч қандай қариндош бўлмаслигини, ҳеч киминг эмаслигини, фақат у сенинг зонадаги мавқеингдан фойдаланмоқчи бўлиб қариндошмиз деб алдаганини маҳкумаларга овоза қиласан, – деди Саша Дмитровна Якубович муғомбирона ишшайганча. – Фамилияларинг бир хил  бўлгани учун ҳам унинг гапларига ишонганингни, энди уни алдаганини билиб қолганингни, шунинг учун Тожибоева  билан гаплашмай қўйганингни айтасан.

– Хўп, албатта айтаман, – деди қуллуқ қилгандек Рустам.

– Тожибоевага бирор нарса берганингни билсак, ўзингдан кўр, – огоҳлантирди  Светлана Сбродовна.

– Тушундим, ҳеч қачон ҳеч нарса бермайман унга, лекин… – Рустам бироз иккиланиб турди-да, – биласизларми, уни изоляторга қамалишидан бир кун олдин олган “передача”си менда эди. Шуни бериб…

– Сенга айтилдими “Ҳеч нарса бермайсан” деб, бўлди, гап тамом! – дея бақирди Рустамнинг гапини шартта бўлган Сбродовна. – Мабодо бирор нарса бергудек бўлсанг, ўзингга ўзинг ҳукм ўқийсан, тушундингми?! Саида сен билан қайтиб яшамайди!

Рустамни олиб чиқиб кетишди.

– Тожибоева, сиз эса мана бу қарорга имзо чекинг! – столга қандайдир қарор битилган қоғозни ташлади  Саша Дмитровна.

– Бу яна қанақанги қоғоз бўлди? – сўрадим.

– Қанақанги қоғоз бўларди? Сизга тегишли қоғоз-да. Эсингизда бўлса, сиз 21 июль куни ужин пайтида  овқатланишга кирмагансиз. Бу билан қамоқхона ички тартиб қоидасини бузгансиз. Бундай айбингиз учун сизни  жазо изоляторига қамаш ҳақидаги қарор бу, имзо чекинг!

– Бу ғирт ёлғон. Мен овқатланишга кирганимни отрядимиздаги маҳкумалардан жуда кўпчилик тасдиқлаши мумкин. Ҳаттоки ўша куни овқатланмасдан, ўзимга берилган нонимни олиб чиқиб кетаётганимда нонимни қўлимдан юлқиб олиб, ахлат челакка ташлаган НВН Шабанова ҳам тасдиқлаши мумкин.

– Овқатланишга кирганман деб бизни алдамоқчимисиз? Яхши  унда айтингчи ужинга қанақа овқат тарқатилганди? – деди жавоб бера олмаслигимга ишонгандек тикилган Саша Дмитровна.

– Ачиган, сасиган, сувда қайнатилган картошка тарқатилган, ўша кунги меньюни кўрсанглар бўлади, – дедим ишонч билан.

– Қайнатилган картошка берилганми, свежый қўй гўштида чучвара пишириб берилганми, буни бизга қизиғи йўқ. Ужинга кирмасдан, қамоқхона ички тартиб қоидасини буздинг деб ҳисобладикми, демак шундай бўлган, қани правангни качать қилмасдан, қарорга қўл қўй, – ўшқирди Сбродова менга қараб.

– Токи мана шу қарорни чиқарилишига асос бўлган бошқа ҳужжатлар билан  таништирмас экансизлар, ҳеч қандай хужжатга имзо чекмайман, – дедим қатъий.

– Бу ерни қамоқхона деб қўйибдилар. Сен ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмассан. Бирор-бир нарса талаб қилишга ҳам ҳаққинг йўқ! – деди жазавага тушиб Светлана Сбродова, – Бугундан бошлаб камерангга шерик киритилади. Овқат ейиш учун камерага егулик олгани кифоя. Шунда камерада “очлик” эълон қилинмаган ҳисобланади, билдингми?

Мен 21 июль куни билан расмийлаштирилган ушбу қарорни ўқиб чиқдим ва уни ғайриқонуний эканлиги боис, қарордан норозилигимни, адвокатим ҳамда “надзор прокурор”ни мен билан учраштиришларини талаб қилишимни ёзиб, кейин имзо чекдим. Шундан кейин мени камерага қайтариб олиб бориб қамашди.

* * *

КАМЕРАДОШ “ҚУЛОҚ”

Мени камерага қайтариб олиб кирганларидан кейин кармушкаси (туйнук) очилиб, нариги томондан Шуҳрат Абдурафиқовичнинг қиёфаси кўринди.

– Тожибоева, яхши ўтирибсизми? Зерикиб қолмадингизми? – деди у кулиб. Сўз оҳангидан ҳол сўраяптими, масхаралаяптими – билиб бўлмасди.

– Нима гап? – дедим унинг бекорга келмаганини фаҳмларканман, кўнглим беҳузур бўлиб.

– 17 июль кун қаттиқ нонларингиз орасидан «топилган» қайчи эсингиздами?! – яна айёрона жилмайди у. – Таъқиқланган нарса сақлаб, қамоқхона ички тартиб қоидасини «бузганлигингиз» учун «огоҳлантириш» бериш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунга имзолари керак эди…

Унинг қўлидаги қоғозни олиб, синчиклаб қарасам, бу қарорни бугунги кун санаси билан, яъни 24 июлдан дея расмийлаштиришибди. Жимгина имзо қўйдим ва бу қарорнинг тагига ҳам бу қарор ғайриқонуний эканлигини, “надзор прокурор” билан адвокатимни мен билан учрашишларини талаб қилишимни ёздим.

– Энди мана бунисига ҳам қўл қўйиб берсангиз? – яна қўшимча қоғозни узатди у, – ўша сиз сақлаган совуқ қуролни йўқ қилиш ҳақидаги далолатнома бу, – дея қўшиб қўйди.

Қўшимча қоғозга ҳам имзо чекишим билан Шуҳрат Абдурафиқович  буюмларим орасидан «топилган» қайчига мутлоқо ўхшамайдиган бошқа бир узун қайчини кўз ўнгимда синдирди.

Қизиқ, ҳақиқатан ҳам, бу ерда қонунларга умуман итоат қилинмас экан. Агар қонунларга бўйсунганларида эди, аввало, «огоҳлантириш», ундан кейин «ҳайфсан» беришлари, ана ундан кейин эса жазо изоляторига қамашлари керак эди.

Мени эса қамоқхона ички тартиб қоидаларини тушунтирмай туриб, бирданига ўн суткага жазо изоляторига қамашди. Ундан кейин эса “огоҳлантириш” беришди. Қизиқ…

Сбродова ваъда қилганидек, 25 июль куни ёнимга бир ўғри аёлни киритишди. Ҳамида исмли маҳкума олдимга киритилган пайтида тушлик овқат тарқатиш пайти ҳам етиб келганди.

Шунда изолятор «дневальный»и Симона овқатларни бераётган “дубачка”ларнинг орқасида туриб имо-ишоралар билан менга: «Хатангдаги – “«коза»”. Ундан эҳтиёт бўл. Бугундан  овқатланишни бошла, бўлмаса қийнашади» – дея шивирлай бошлади.

Ёнимда турган Ҳамида Симонани шивирлашларини эшитиб қолмасин деб, бир қўрқсам, Тожибоева билан гаплашди», – дея Симонага зарар етказишларидан икки баробар чўчирдим.

Шунинг учун ўзимни билмаганга солиб турардим. Менинг жавоб бермаётганлигимдан “тушунмаяпти” деган хаёлга борган Симона яна сўзларини такрорлай бошлади: «Рустам айтди, овқатланишни бошла ва оғзингга маҳкам бўл. Ёнингдаги – «коза». Мен “тушундим” дегандек билинар-билинмас бошимни ирғадим. У тинчланиб, камера олдидан узоқлашди. Лекин мен “очлик”ни давом эттиравердим.

* * *

МЕН “НАДЗОР ПРОКУРОР” ЁРДАМЧИСИМАН!

Шу куни тушликдан кейин, кўринишидан боқи-беғамгина ўрта ёшлардаги хомсемиз эркак изоляторга Шуҳрат Абдурафиқович билан кириб келди. У изолятордаги маҳкумалар билан бирма-бир гаплаша бошлади.

Мендан олдин у билан учрашиб, қайтган Ҳамида маҳкумалар билан суҳбат қилиб, муаммоларини суриштираётган бу одам “надзор прокурор”нинг ёрдамчиси эканлигини аниқлаб чиқди. Дарҳақиқат у одам мени қабул қилганида ўзини “надзор прокурор”нинг вакили деб таништирди.

– Нега “очлик” эълон қилдингиз, маҳкума Тожибоева? – сўради менинг навбатим келиб, суҳбатга чақирганларида у юмшоқ муомалалик билан.

– Мени интизомий жавобгарликка тортиш ҳақидаги 21- ва 24 июль кунларидаги қарорларни бекор қилишни талаб қилиб, протест киритишингизни сўрайман. Чунки нафақат бу қарорлардаги важлар ёлғон, балким расмийлаштирилишида ҳам жиддий қонун бузилишларига йўл қўйилган. Важларнинг ёлғонлиги ва ўша жиддий қонун бузилишлар “қарорлар”ни бекор қилишга сабаб бўлади, – дедим ишонч билан ва унга барча важларимни тушунтириб бердим…

Сиз келтирган важлар билан атрофлича ўрганиб чиқамиз, – дея ваъда қилди “надзор прокурор вакили».

Ана шу учрашувда берилган ваъдага ишонганимдан учунгина, овқатланишни бошладим.

* * *

Кечга бориб кимдир, манимча, Симона бўлса керак, кармушкадан учта қоғози арчилган шоколад ташлади. Чунки қоғози билан ташласа, текширув пайтида топилган қоғоз яна қўшимча жазога тортишга сабаб бўлиши аниқ.

Ҳамида: «Бу шоколадларни сизга ташлашган-а?» – деб мендан тасдиқ жавобини олишга интиларди.

Мен эса: «Ҳамида, мен эндигина келдим зонага. Бундан ташқари, зонага чиққанимга ҳеч қанча бўлгани йўқ. Ҳали  мени кўпчилик танимайди. Мен учун ҳеч ким ўзини хавфга солишни истамайди, қўрқади. Бу шоколадларни сизни шерикларингиз бериб юборган бўлса керак. Ахир сиз бу ерда неча йилдан буён ўтирасиз-ку, қадрингиз бордир дугоналарингиз орасида», – дея шоколадларни менга эмас, унга атаб ташлаганларига уни ишонтиришга уринардим.

– Йўқ менимча бу шоколадларни Рустам сизга бериб юборган бўлиши керак, – яна менга умидвор тикилди Ҳамида. 

– Йўқ, Рустам билан энди орамиз очиқ. У касофат билан энди ҳеч қачон гаплашмайман, – дедим Ҳамидага қараб. Унинг кўзлари яшнаб кетди бу янгиликдан.

Шоколадни бир яримтадан бўлишиб олиб, еб олдик.

Изоляторда камерани тозалаш маҳкумаларнинг зиммасига юкланган. Агар камерада битта маҳкума қамалган бўлса, ҳар куни ўзи тозалайди ўз “қароргоҳ”ини. Агар камерада иккита маҳкума сақланса,  улар навбат билан камерани тозалашлари керак.

Кечки “проверка” пайтида камерани очган Светлана Петровна: – Тожибоева, нима учун ёнингдаги маҳкуманинг ҳуқуқини бузяпсан?! – деди менга қараб ўшқирганча.

Ҳеч нарсага тушунмадим. Ҳайрон бўлиб Ҳамидага қарадим. У елкасини қисди. Унинг ҳам ҳеч гапдан хабарсиздек елка қисишидан дадилландим: – Мен ҳеч нарса қилганим йўқ-ку. Яна нима қилибман? – дедим ажабланиб.

– Ҳар куни камера тозалашни шеригингга юклар экансан-ку! Тонасанми? – дўқ урди  Светлана Петровна менга  ёв қараш қилиб.

– Мен навбатим келганида тозалаяпман камерани, шеригим ҳам ўз навбати келганида тозалаяпти, – дерканман, сўзларимни қувватлашини кутиб, шеригимга умидвор тикилдим. У эса жим. Ер шохлаб турарди.

Шундагина менга қарши яна янги ҳужжат қоралаш  ниятида эканликларини тушуниб етдим. Ҳамидахон “надзор прокурор” вакили билан учрашувга чиққанида режалаганлар шекилли.

Жон-поним чиқиб кетди: – Бугун бизнинг камера энг охири тозаланди. Агар ростдан ҳам камерани мен эмас, нуқул  шеригим тозалаётган бўлса, мана, шеригимнинг ўзи айтсинчи, бугун камерани тозалаганидан кейин пол латтани қаерга қўйган экан! – дедим  жаҳл билан.

Чунки бугун айнан ўзим камерани артиб-суртганимдан кейин, пол ювадиган латта чириб кетмаслиги учун, назоратчига айтиб, ҳар доимги жойига эмас, ташқарига ёйиб қўйгандим уни.

Ҳамида пол латтани ҳар доимги турадиган жойини айтди минғирлаб. Светлана Петровнадан бориб, ўша жойни кўришини талаб қилдим. Қарашсаки, у айтган жойда йўқ. камерани бугун мен ювиб-тараганимни, пол латтани эса ташқарига ёйиб қўйганимни айтдим. Кейин мен пол латтани қаерга ёйганимни кўрсатдим уларга. Шундагина уюштирилган фитналари иш бермаганидан фиғони фалакка чиққан Светлана Петровна қуршовидаги муассаса вакиллари билан бирга ерни жаҳл билан тарс-тарс тепганча чиқиб кетди. Ҳамида ўзини оқлаш учун ҳаракат ҳам қилмади ҳатто.

Шуниси қизиқки, камерадошим эртаси куниёқ бўлиб ўтган кўнгилсизликни унутгандек, эртадан-кечгача тинимсиз жаврар, нималардир дер, менга ўтмишдаги ҳаёти ҳақида ҳикоя қиларди. Унга тикилиб ўтирарканман, гоҳо гўё уни эшитаётгандек бошимни сарак-сарак қилиб қўярдим. Аммо аслида эса, уни умуман эшитмаётган эдим. Хаёлим мутлақо бошқа жойда эди. Қамоқхонадаги маҳкумаларнинг аянчли тақдири ҳақида ўйлаб ўтирардим…

Давоми бор.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.