«Фуқаролик жамияти»ни бўғиб ўлдирган прокуратура фуқаролик жамияти шаклланишига ҳеч қачон тўсқинлик қилолмайди

Снимок,,,,,,,

Абдулла Қодирий – Жулқунбой 1926 йилги «Муштум» журналининг 27–сонида жамиятдаги салбий иллатларни хажв тиғи билан фош этиб ёзган «Йиғинди гаплар» номли танқидий мақоласи учун 3 ой 10 кун хибсда сақлаб турилган. Шу йилнинг 14–16 июнь кунлари Республика Олий суди Жулқунбойни Жиноят Кодексининг 73–моддасига асосланиб 2 йилга озодликдан махрум қилган.

1937 йилда эса 25 ёшли бетакрор шоир Усмон Носир айни шу ёшда хазон бўлди. Унинг айби Москвада ўтказилган ўзбек адабиёти ва санъати декадасидан поездда қайтиб келаётиб, Сталинчи керосинпуруш танишига ўхшатганлиги ва шу гапи учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан ҳайдалган. Кейин эса Лаврентьев деган ёзувчи билан уришиб уни ҳақорат қилибди. Маст ҳолида трамвайга чиқиб хукумат шаънига ёмон гаплар айтган, ҳаммани сўкканмиш. Ресторанларда ичиб олиб ўзбекларни қулликда айблаб, ёмон гаплар айтиб юрармиш. Шунингдек айблари – жиноятлари учун Усмон Носир 1937 йил 13–июль куни хибсга олишди. Қамоқдаги азоблардан уни ўлим қутқарди.

Бугун Усмон Носир ҳам, Жулқунбой ҳам қаҳрамонлар деб аталади. Келажак авлод учун қаҳрамон бўлиши бизларга ҳам насиб қилса қанийди.

Фарғона шаҳридаги 10-сонли тергов хибсхонаси махбуси Мўътабар Тожибоевадан

ТАЛАБНОМА АРИЗА

Тошкент. Академик Яҳё Ғуломов кўчаси, 66-уй; «Ҳуқуқ» газетаси ва «Қонун ҳимоясида» журнали бош муҳаррирларига;

Нусхаси: Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 32-уй. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Вазирлар Махкамасининг «Ҳалқ сўзи» газетаси бош муҳаррири Аббосхон Усмоновга;

Нусхаси: Ўзбекистонда фаолият юритаётган барча матбуотларнинг журналистларига

26.12.2005 йил

«Фуқаролик жамияти»ни бўғиб ўлдирган прокуратура фуқаролик
жамияти шаклланишига ҳеч қачон тўсқинлик қилолмайди!

Мухтарам журналистлар!

Сизлар Ўзбекистон Республикасида фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида Ўзбекистон Республикаси Хукуматининг қоғозда ва оғизда тарғиб қилинаётган сиёсатини барчангиз талқин қилгансиз.

Мен «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари «Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилоти», «Сўз ва фикр эркинлиги кўмитаси» таъсисчиси, «Фуқаролик жамияти» ҳалқ харакати йўлбошчиси, мустақил журналист сифатида олиб борган фаолиятим учун ғайриқонуний тарзда хибсга олиндим.

Мен 7–октябрь куни Ирландияга Ҳалқаро анжуманда иштирок этиш учун йулга чиқиш пайтимда қонунга зид равишда хибсга олиндим. Хонадоним ва менга алоқаси бўлмаган куёвим хонадони қонунга зид равишда прокурор санкциясисиз ва терговчи қарорисиз тинтув қилишиб, «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан 6 йил давомида амалдорларнинг қонунбузарликлар содир этганликларини фош этган кутубхона тўла хужжатлар, журналистик суриштирувларим натижалари, видеокассеталар, аудиокассеталар, компьютер ва мобил телефоним хеч бир хужжат расмийлаштирмасдан олиб қўйилди.

Вилоят прокуратураси ва ИИБ амалдорлари 7–октябрдан буён “тирноғим орасидан кир қидира–қидира”, топа олмай сохта айбловлар расмийлаштириш учун фуқароларга тазйиқ ўтказиб, қўрқитиб, алдаб, менга қарши шикоят аризалар уюштириб юриб мени кенг жамоатчилик ўртасида обрўйимни тўкишга тинимсиз харакат қилишмоқда.

7–октябрь куни мени товламачилик жинояти содир этганликда айблаб хибсга олган пайтларида мен яшаган Марғилон шаҳар Зухро кўчаси 31–уйни қуролланган, ниқобли харбийлар ротаси орқали қамал қилишган эди.

Оддийгина товламачилик жинояти содир этганликда гумонланаётган фуқарога, яна аёл кишига нисбатан уни қўлга олишда ҳарбийлар ротаси жалб қилиниши шартмиди?

Бу саволга Фарғона вилоят прокуратураси жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи менга нисбатан қўзғатилган 41254013–сонли жиноят ишини тергов қилиш гуруҳи бошлиғи Нурмухаммад Сулаймоновнинг 24.12.2005 йил кунги айбловни тўлдириш тўғрисидаги ғайриқонуний қарори жавоб берган.

Мени товламачиликда айблаб, хибсга олинганлигим фақатгина бахона эди:

Аслида “Айбловни тўлдириш ҳақида”ги ғайриқонуний қарори билан мени Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 17–моддаси билан айблансамда, асосий айбловлар қуйидагилар:

1. Жиноят Кодексининг 216–моддаси – Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш – 5 йилгача қамоқ жазоси.;

2. Жиноят Кодексининг 244–1–моддаси 3–қисми «в» банди – жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш – диний ташкилотлардан, шунингдек, чет эл давлатлари ташкилотлари ва фуқаролардан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб содир этилган бўлса – 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси;

3. Жиноят Кодексининг 184–моддаси 3–қисм – солиқ ёки бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жуда кўп миқдорда содир этилган бўлса – 5 йилгача қамоқ жазоси;

4. Жиноят Кодексининг 139–моддаси 3–қисм «а, г» бандлари – тухмат – оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб ва ғаразгўй ёки паст ниятларда қилинса – 3 йилгача қамоқ жазоси;

5. Жиноят Кодексининг 140–моддаси 3–қисм «а» банди – ҳақорат қилиш – жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариш муносабати билан боғлиқ ҳолда – 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёхуд 6 ойгача қамоқ жазоси белгиланган жиноятларни содир этганликда айблаганлар.

Кенг жамоатчилик орасида мени ашаддий жиноятчи деб талқин қилиш нияти шунчалар барқ уриб яна қуйидаги айбларни тақаганлар:

6. Жиноят Кодексининг 165–моддаси 3–қисм «а» банди – товламачилик – жуда кўп миқдорда – 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси;

7. Жиноят Кодексининг 167–моддаси 3–қисм «а» банди – ўзлаштириш ёки растрата йўли билан жуда кўп миқдорда талон-тарож қилиш – 10 йилгача озодликдан махрум қилиш жазоси;

8. Жиноят Кодексининг 168–моддаси 2–қисм «а, б» бандлари – фирибгарлик, кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецедивист томонидан содир этилса – 5 йилгача қамоқ жазоси;

9. Жиноят Кодексининг 189–моддаси 3–қисми – савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш – товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш – 6 ойгача қамоқ жазоси;

10. Жиноят Кодексининг 196–моддаси – атроф табиий мухитни ифлослантириш – 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси;

11. Жиноят Кодексининг 209–моддаси 1–қисм – мансаб сохтакорлиги – 3 йилгача қамоқ жазоси;

12. Жиноят Кодексининг 28–209–моддаси 2–қисм «а» банди – такроран ёки хавфли рецидивист томонидан – 5 йилгача қамоқ жазоси;

13. Жиноят Кодексининг 227–моддаси 2–қисм «а» банди – хужжатлар, штамплар, мухрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш;

а) Паспорт, харбий билет ёки бошқа мухим шахсий хужжатларга нисбатан ёхуд ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган хужжатлар, штамплар, мухрлар, бланкаларга нисбатан содир этилган бўлса – 3 йилгача қамоқ жазоси;

14. Жиноят Кодексининг 228–моддаси 2–қисм «а» банди – хужжатлар, штамплар, мухрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш -3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари, 6 ойгача қамоқ жазоси;

15. Жиноят Кодексининг 228–моддаси 3–қисм – хужжатлар, штамплар, мухрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш – хужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш – 3 йилгача қамоқ жазоси;

16. Жиноят Кодексининг 197–моддаси – ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини бажариш ёки уларни мухофаза қилиш талабларини бузиш – 3 йилгача қамоқ жазоси;

17. Жиноят Кодексининг 229–моддаси – ўзбошимчалик – 2 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

Мен Сизларга ушбу жиноятларни содир этмаганлигим, мени қонунга зид равишда хибсга олиб, шу бугунги кунгача мени қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва эркинликларим қасддан бузилаётганлиги, тергов изолятори рахбарлари бошчилигида менга қарши турли фитналар уюштирилганлиги, хаттоки мени захарлаб ҳаётимни барбод қилмоқчи бўлганликлари, сохта хужжатлар расмийлаштириб менга нисбатан интизомий чоралар қўллаганликлари ҳақида арз қилмайман.

Ҳаттоки Фарғона вилоят прокуратураси амалдорлари ва терговчиларни рад қилиш ҳақида ёзган аризамни Республика бош прокуратурасига юбормаганликлари, Олий Мажлис Сенат раиси ўринбосари Фарруха Мухитдинова номига ёзган 19.12.2005 йил кунги ариза ва очиқ хатимни 25.12.2005 йил куни Фарғона вилоят прокуратурасига қонунга зид равишда юборганликлари ҳақида ҳеч нима демайман.

Сизларга дардимни айтганим билан Сизлар оғзига қулф солинган журналистсизлар, адолатсизликка қарши кескин кураша олмайсизлар. Ҳамма ҳам Дилмурод Саййид каби мард, қўрқмас, жасур бўлиб туғилмайди.

2005 йил 22–апрель куни «Ҳалқ сўзи» газетасининг 77–сонида Республика Бош прокурори Рашид Қодировнинг «Қонун олдида барча баробар» номли мақоласи чоп этилиб, бу мақолада Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводи хиссадорлик жамиятидаги қонунбузилишларга прокуратура барҳам берганлиги ёзилган эди.

Аслида Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводидаги талон–тарожликлар ҳақида ёзилган аризалар оқибатсиз қолдирилганлиги сабабли 2003 йил февраль ойида Тошкентда Матбуотчилар кўчаси 32–уй олдида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи вакили Исмоил Маллабоев билан пикет ўтказганимизда ва 2003 йил июл, август ойларида узлуксиз иш ташлашлар ташкил қилиб, заводдаги ҳақиқий холатни бутун жаҳон ҳамжамиятига маълум қилганимиздан кейингина прокуратура заводдаги қонунбузилишларга қарши курашишга мажбур бўлган. Бу ҳақда 6–май куни Президент И.Каримовга юборган телеграммамиз оқибатсиз қолди. «Қонун олдида барча баробар» мақоласига раддия берилмади.

2004 йил 10–август куни «Ҳалқ сўзи» газетасида «Ер табаррук неъматдир –ердан мақсадли фойдаланишда айрим мансабдорлар томонидан йўл қўйилаётган суиистеъмолликлар хусусида» Республика бош прокуратураси қишлоқ хўжалиги сохасида қонунийликни таъминлаш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи Эргаш Менглиев уялмай–нетмай “Олтиариқ туман хокими –Олий Мажлис депутати Ноъмонжон Омоновнинг ўғли, қизи, турмуш ўртоғи, ошна–оғайниларига қонунга зид равишда ер ажратиб, талон–тарожга йўл қўйганлигини прокуратура томонидан фош қилинди” деб лоф урган.

Ноъмонжон Омоновнинг ўз мансабини суистеъмол қилиб давлат мулки хисобланмиш ерларни қонунга зид равишда талон-тарож қилиб давлатга жуда катта миқдорда иқтисодий зарар келтираётганлиги ҳақида, унинг бу жиноятларини маҳаллий рахбарлар кўриб–кўрмасликка олаётганликлари ҳақида мамлакат Президенти Ислом Каримов номига 2004 йилнинг биринчи 3 ойида тинимсиз равишда телеграмма юборавердик.

Биз юборган телеграммаларимизда Ноъмонжон Омонов Олтиариқ туман хокимиятининг фермер хўжаликлари ташкил этиш ҳақидаги ғайриқонуний қарорларини чиқариб, оила аъзолари ҳамда яқин қариндошларига, яъни 2001 йил 30–сентябрь кунги 768–сонли хокимият қарори билан хотини Х.Омонова номига, 2002 йил 10–июнь кунги 486–сонли хокимият қарори билан келини Д.Тоштурғунова номига «Омонжон Хаж» ҳамда «Кибриё Олтиариқ», ишчиси Ф.Дониқулов номига 2003 йил 20 октябр кунги туман хокимиятининг 654–сонли қарори билан «Ёқуб ота файз» номли фермер хўжаликлари ташкил этгани, бу фермер хўжаликларини ташкил этишда уларга ажратилган 90 гектар ерни фермер хўжаликларига ажратиш ҳақида «Отақулов» ширкат хўжалигини умумий йиғилиши ўтказилмагани, фермер хўжалиги рахбарларининг ер ажратиш ҳақидаги аризалари ва бизнес режалари бўлмасада, уларга давлат назоратида бўлган пахта майдонлари ажратиб берилганлиги, бу эса мамлакат иқтисодиётига, қишлоқ хўжалиги сохасини оқсашига сабаб бўлаётганлигини баён қилгандик. 1998 йил 30–апрель куни Ноъмонжон Омонов иштирок этган Олий Мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Ер Кодекси» ҳамда «Фермер хўжаликлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонуни» тасдиқлангани, ушбу қонунларга итоат этмаётган Олий Мажлис депутати муддатидан олдин депутатликдан чақириб олишни ва уни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилганмиз.

Республика Президенти номига такрор ва такрор юбораётган телеграммаларимиз текшириш ва қонуний чоралар кўриш учун прокуратура тизимига Президент девонидан юборилаверганидан кейингина прокуратура телеграммаларимизда кўрсатилган важлар юзасидан 2004 йил июль ойида текшириш ўтказишга мажбур бўлишди.

Текширишда биз бонг урмагунимизча прокуратура кўрмаган-билмаган ҳолатлар аниқланиб, биз келтирган барча далиллар ўз тасдиғини топди. Яъни Ноъмонжон Омонов томонидан ўзининг яқин қариндош-уруғларига қонунга зид равишда ер майдонлари ажратиб берилганлиги аниқланиб, туман хокимининг 2001 йил 30–сентябрь кунги 768–сонли, 2002 йил 10–июль кунги 486–сонли, 2003 йил 20–октябрь кунги 654–сонли ноқонуний қарорларини бекор қилиш учун вилоят прокуратураси томонидан 2004 йил 13–июль куни протест киритишга мажбур бўлишиб, протест асосида жаъми 90 гектар ер майдони «Отақулов» ширкат хўжалигига қайтарилган.

13–июль куни вилоят прокуратураси мазкур қонун бузилиши холатларини бартараф этиш юзасидан вилоят хокими номига тақдимнома киритишга мажбур бўлган.

Мухокама натижасига кўра Олтиариқ туман хокими Ноъмонжон Омоновга интизомий жазо сифатида «хайфсан» эълон қилинган. Орадан ярим йил ўтиб эса Ноъмонжон Омонов сенаторликка кўтарилди.

Республика Бош прокуратурасининг «Қонун ҳимоясида» журналининг 04(112) сонида Республика Бош прокурори Рашид Қодировнинг «Қонун олдида барча баробар» номли мақоласи ҳамда Фарғона вилоят прокурорининг ўринбосари Ориф Аҳмаджоновнинг «Ўзи хон, кўланкаси майдон хокимнинг қонунга хилоф ишларига чек қўйилди» номли мақоласи чоп этилганди. Бунда Олтиариқ туманига қўшни бўлган Риштон тумани собиқ хокими Аҳаджон Исақовнинг «кирдикорлари» баён қилинган.

Вилоят прокурорининг 1–ўринбосари ушбу мақолада «Хокимнинг ўзи қонунларни назарга илмаса, муштумзўрлик қилса, бошқалардан нимани кутиш мумкин. Риштон туман хокими Ахадхон Исақов диктатор, хокими мутлоқ, қонунга тўғри келадими-йўқми, тўғрими-нотўғрими оғзидан чиққан сўз бажарилиши шарт эди» дея ёзган.

Сенатор хозирги Охунбобоев туман хокими, 60 ёшли Ноъмонжон Омонов эса кирдикорлари устидан ёзилган шикоятларни ўрганиш учун келган текширувчиларни бўлажак сенатор ташаббуси билан Олтиариқ тумани Ҳамза шаҳрида ташкил этилган фоҳишахона – қўшмачихоналарга юбориб, дам олдиргизиб, текширувчиларни тилини қисиб қайтариб юборарди.

Аҳаджон Исақов мен Мўътабар Тожибоевага қонун олдида баробар эканмиз, сенатор жанобларининг шохи – бутоғи бормики, қонун олдида у биз билан баробар бўлмаса.

Мухтарам журналистлар!

2000 йил 17–январдан бошлаб фаолият юритган ва бутун дунё тан олган «Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши курашамиз биз огоҳмиз!» шиори остида фаолият юритувчи «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти 6 йил давомида Фарғона водийсидаги тахминан 50000 нафар атрофида ҳуқуқ ва эркинликлари айнан маҳаллий хокимият, маъмурий органлар амалдорлари томонидан қасддан, манфаатдорлик ва ўз жиноятларини яшириш мақсадида бузилган, шафқатсиз қийноқларга солинган айбсиз айбдор фуқароларни, ноҳақ қамалганларни, камбағал бечораларни, хиссадорларни, мол-мулкидан айрилган мулк эгаларини, пенсионер қарияларни, ишчи-хизматчиларни, зиёлиларни, ногиронларни, хайдовчиларни, аёлларни, колхозчиларни, қишлоқ ва маҳаллалар аҳолисини, милиция ходимларини, адвокатларни, журналистларни, вояга етмаган мактаб ўқувчиларини, ўқитувчиларни, оилавий зўравонлик қурбонларини, фермерларни, тадбиркорларни, савдогарларни ва барча-барча ташкилотимизга мадад сўраб мурожаат қилган инсонларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, шунча инсонларни ҳуқуқий билими ва савиясини оширишга хисса қўшганмиз.

Шу жараён давомида юқорида санаб ўтилган фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларини бузган юзлаб мансабдор шахсларни фош қилганмиз. Улардан кўпчилиги аллақачон жиноятлари учун етарли бўлмасада, қонун олдида бўлмасада, ҳаёт, тақдир олдида жавоб бериб улгурдилар.

Баъзи амалдорларнинг кирдикорларини фош этсанг, ўша амалдор қонун олдида жавоб бериш ўрнига юқори мартабага кўтарилади.

Буни яна бир исботи: Республика «Моҳият» газетасининг 2005 йил 3–июнь кунги 22–сонида журналист Кумуш Мирзакаримова (Марғилонлик Мирзакарим Қутидорнинг қизи Кумушбиби (“Ўтган кунлар” романи) таҳаллуси билан чоп этилган «Таассуф: Яхшилик қўлингдан келмаса, ёмонлик қилма» рукни остидаги «Тан олиш машаққати» Фарғона вилоят прокурорининг собиқ ўринбосари Маъруф Усмоновга» номли танқидий мақолада Қўқон шаҳар хокими – сенатор Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича кўмита раиси ўринбосари Маъруф Аъзамович Усмоновнинг нафақат Фарғоналиклар, балким бутун бир Ўзбекистонликлар хабардор бўлган ўз вақтида марказий матбуотларда чоп этилган танқидий мақолаларда, фельетонларда ёзилган далиллар тўплами баён қилинган эди.

Агар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Рашид Қодиров айтганидек «Қонун олдида барча баробар» бўлганида эди, қўшмачи сенатор чолни 90 гектар ерни ноқонуний ўзлаштирганлиги, инсонлар ўлимига сабабчи бўлганликлари юзасидан Ноъмонжон Омоновга рахм қилишсада, матбуотда чоп этилган мақоладаги далилларга асосланиб, Жиноят Процессуал Кодексининг 322–моддаси 3–қисмига кўра, яъни оммавий ахборот воситалари берган хабарга кўра жиноят белгилари мавжудлигини кўрсатувчи маълумотлар борлиги сабабли сенатор – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича кўмита раиси ўринбосари, Қўқон шаҳар хокими Маъруф Усмоновга Жиноят Кодексининг одил судловга қарши жиноятлар бобининг 230 ва 231–234–моддаларига асосан, яъни айбсиз кишиларни жавобгарликка тортиш, адолатсиз хукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш, қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки хибсга олиш каби жиноятларни содир этганлиги учун дарҳол жиноят иши қўзғатилиши керак эди.

Мухтарам журналистлар!

50 мингдан зиёд инсоннинг тақдири билан шуғулланган бир инсон сифатида менга нисбатан қўзғатилган жиноят иши, оддий ҳалқнинг мени хибсга олинишим юзасидан фикр мулохазалари ва уларнинг менинг аралашувим билан ҳал этилган муаммолари, бу муаммоларни ечиш йўлида менинг манфаатдорлигим нималардан иборат бўлганлиги ҳақида журналистик суриштирувлар ўтказиб, мақолалар чоп этишингизни, бошланажак суд жараёнида кузатувчи сифатида мухбирларингизни жалб қилишингизни, телевидениелар суд жараёнини видеотасвирга олиб, кўрсатувлар тайёрлашларингизни талаб қиламан.

Менинг ушбу талабнома аризамни «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунга биноан назоратга олиб водий бўйича журналистик суриштируви ўтказиб, ҳақиқий холат бўйича мақолалар чоп этмасангиз, суд жараёни бошланганда қайси матбуот вакили қатнашмаса ва суд жараёни видеотасвирга олиб, эфирга қўйилмаса, ўша матбуотлар рахбарларининг истеъфосини талаб қилиб суд жараёни давомида расман очлик эълон қиламан.

Ҳалқаро Нобель мукофотининг номинанти, Инсон ҳуқуқлари Ҳалқаро жамияти аъзоси, «Журналистлар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилоти» ҳамда «Сўз ва фикр эркинлиги» кўмитаси таъсисчиси, «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, «Фуқаролик жамияти» Ҳалқ Харакати йўлбошчиси, мустақил журналист – бугунги кунда Ўзбекистон хукумати махбуси Мўътабар Тожибоева.

Эслатма: Абдулла Қодирий – Жулқунбой 1926 йилги «Муштум» журналининг 27–сонида жамиятдаги салбий иллатларни хажв тиғи билан фош этиб ёзган «Йиғинди гаплар» номли танқидий мақоласи учун 3 ой 10 кун хибсда сақлаб турилган. Шу йилнинг 14–16 июнь кунлари Республика Олий суди Жулқунбойни Жиноят Кодексининг 73–моддасига асосланиб 2 йилга озодликдан махрум қилган.

1937 йилда эса 25 ёшли бетакрор шоир Усмон Носир айни шу ёшда хазон бўлди. Унинг айби Москвада ўтказилган ўзбек адабиёти ва санъати декадасидан поездда қайтиб келаётиб, Сталинчи керосинпуруш танишига ўхшатганлиги ва шу гапи учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидан ҳайдалган.

Кейин эса Лаврентьев деган ёзувчи билан уришиб уни ҳақорат қилибди. Маст ҳолида трамвайга чиқиб хукумат шаънига ёмон гаплар айтган, ҳаммани сўкканмиш.

Ресторанларда ичиб олиб ўзбекларни қулликда айблаб, ёмон гаплар айтиб юрармиш. Шунингдек айблари – жиноятлари учун Усмон Носир 1937 йил 13–июль куни хибсга олишди. Қамоқдаги азоблардан уни ўлим қутқарди.

Бугун Усмон Носир ҳам, Жулқунбой ҳам қаҳрамонлар деб аталади. Келажак авлод учун қаҳрамон бўлиши бизларга ҳам насиб қилса қанийди.

Ушбу талабнома аризага Олий Мажлис Сенат раиси ўринбосари Фарруха Мухиддинова номига 19–декабрь куни ёзиб топширилган ва жўнатилмаган очиқ хат ва аризамни қўшиб юбормоқдаман.

Мўътабар Тожибоева

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.