Мўътабар Тожибоевага қарши қўзғатилган жиноят иши ва тергов пайтида йўл қўйилган процессуал қонунбузилишлар
Тошкент. Матбуотчилар кўчаси, 6-уй Президент девонига. Президент Ислом Каримовга;
Нусхаси: Фарғона шаҳар Шамсутдинов кўчаси, 16. Фарғона вилоят прокурорига
Мўътабар Тожибоевага нисбатан қўзғатилган ва олиб борилган жиноят иши бўйича тергов органи томонидан қуйидаги процессуал қонунлар бузилган:
1. ЖПК (Жиноят-Процессуал Кодекси)нинг 53–моддасида «Айбланувчи ёки судланувчи қамоқда бўлса, ҳимоячи у билан ҳоли учрашишга ҳақлидир. Бунда учрашувлар сони ва давом этиш вақти чегараланмайди» деб кўрсатилган.
Лекин Фарғона вилоят прокуратураси терговчиси Бахтиёр Маматов 2005 йил 8–11 октябр кунлари ҳимоячиларни М.Тожибоева билан ҳоли учраштирмади, яъни хибсхона ходими иштирокида учраштирди ва фақат 2 минут учрашиш учун вақт берди холос. Шу сабабли терговчи Б.Маматовни М.Тожибоева билан ҳоли учраштирмагани ва учрашув вақтини чегаралагани учун ҳимоячилар томонидан киритилган шикоят асоссиз деб топилиб, Фарғона вилоят прокуратураси томонидан шикоятни рад қилиш ҳақида қарор чиқарилган.
2. ЖПКнинг 48–моддасида ҳам “Гумон қилинувчи ҳимоячи билан ҳоли учрашиш ҳуқуқига эга” деб ёзилган. Лекин гумон қилинувчининг ушбу ҳуқуқи бузилган ва уни ҳимоячилари билан ҳоли учраштиришмаган. Фақатгина 12.10.2005 йил кунигина терговчи Б.Маматов гумон қилинувчи билан ҳоли учраштирган, холос.
3. ЖПКнинг 50–моддасида «ҳимоячи гумон қилинувчи, уларнинг қонуний вакиллари, шунингдек гумон қилинувчининг илтимоси ёки розилиги билан таклиф этилади» дейилган. Терговчи эса ушбу моддага зид равишда М.Тожибоева сўраган адвокатларни эмас, балки бошқа адвокатни (Абдуллаев Бахтиёрни) ҳимоячи тариқасида ишга жалб қилган.
4. ЖПКнинг 52–моддасида «Гумон қилинувчи иш юритилаётган даврда исталган вақтда ҳимоячидан воз кечишга ҳақлидир» дейилган. Лекин терговчи Маматов Бахтиёр гумон қилинувчи М.Тожибоеванинг адвокат Б.Абдуллаевни ҳимоясидан воз кечиш ҳақидаги арзини инобатга олмасдан, гумон қилинувчи тариқасида жиноят ишига жалб қилиш ҳақидаги қарор билан адвокат Б.Абдуллаев иштирокида таништириб, ЖПКнинг 52–моддасини талабини қўпол равишда бузган.
5. ЖПКнинг 106–моддасида «Кўрсатувлар баённомага биринчи шахс номидан, имкони борича сўзма–сўз ёзиб борилади» деб кўрсатилган. 8–октябр ва 9–октябрь кунлари М.Тожибоева гумон қилинувчи тариқасида сўроқ қилинганида унинг кўрсатувлари терговчи томонидан ўзгартирилиб, кескин фарқ қиладиган кўрсатма ёзилган. Шунинг учун М.Тожибоева сўроқ баённомасига имзо қўйишдан бош тортган, терговчини рад қилиш ҳақида ариза берган, лекин аризани терговчи Б.Маматов олишдан бош тортган.
6. 07.10.2005 йил куни соат 23–00ларда орган ходимлари М.Тожибоеванинг уйида тинтув ўтказган ва унга тегишли компьютер, хужжатлар, уяли телефон, телефон аппаратларини, видеокассета, диктофон кассета, магнитофон кассеталарини олиб кетишган. ЖПКнинг 161–моддасида «Суриштирувчи, терговчи олиб қўйиш ёки тинтув ўтказишга киришишдан олдин олиб қўйиш ёки тинтув ўтказилаётган шахсни қарор ёки ажрим билан таништириб, имзо қўйдириши шарт» дейилган. Лекин терговчи Б.Маматов уй эгаси М.Тожибоевани тинтув ўтказиш ва олиб қўйиш ҳақидаги қарор билан таништирмаган, умуман қарорни кўрсатмаган ва унга имзо қўйдирмаган.
7. Бундан ташқари М.Тожибоева яшамайдиган уйда, яъни унинг кизи Махлиё ва куёви Муроджон яшайдиган 31–уй 40–хонада 07.10.2005 йил куни кечқурун тинтув ўтказишган. Тинтув ўтказиш ҳақидаги қарор билан Маҳлиё ва Муроджон таништирилмаган. Бу билан терговчи ЖПКнинг 161–моддаси талабини, фуқароларнинг турар жой дахлсизлиги ҳақидаги конституцион ҳуқуқларини қўпол равишда бузишган. Шунингдек уларнинг уйида мавжуд бўлган пулларни ҳам олиб кетишган.
8. Ўзбекистон Республикаси Олий Суд Пленумининг «Далиллар мақбуллигига оид жиноят–процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 24.09.2004 йил кунги 12–сонли қарори 3–бандида тергов харакатида холис сифатида иш буйича манфаатдор шахснинг, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ёки уларга жамоатчилик асосида кўмаклашувчи бошқа шахсларнинг иштирокида олинган далил номақбул далил деб топилади дейилган.ИИБ ва прокуратура ходимлари М.Тожибоевани уйига кириб боришганда холис сифатида органга хизмат қилиб юрувчи шахсларни олиб боришган ва улар холис сифатида иштирок этишган.
ЖПКнинг 73–моддасида тергов харакатларини юритишда иштирок этиш учун ишнинг оқибатидан манфаатдор бўлмаган фуқаро холис сифатида чақирилиши лозимлиги кўрсатилган. Бироқ М.Тожибоеванинг уйида тинтув ўтказиш учун олиб келинган холислардан бири Зуҳро МФЙ раиси Даминов бўлган. Даминовни холис сифатида иштирок эттирмасликни, чунки Даминов 2002 йилда М.Тожибоевани партиядан ҳайдаш ва «Ўтюраклар» Клубини фаолиятини тўхтатиш ҳақида ариза ёзганлигини, уни аризасига кўра М.Тожибоева партиядан ҳайдалганлигини ва Клуби фаолияти тўхтатилганини, сўнгра яна М.Тожибоева ХДПга тикланганлигини, бу суд қарори билан тасдиқланганлигини, М.Даминов маъмурий органларга хизмат қилиб юришини, шунинг учун М.Даминовни холис сифатида иштирок эттирмаслигини, бошқа истаган қўшниларидан бирини холис сифатида иштирок эттиришни сўраганда М.Тожибоеванинг илтимосини рад этишган.
9. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал Кодекси (ЖПК)нинг 160–моддасида «олиб қўйиш ёки тинтув ўтказиш жараёнида бу харакатлар уйида ўтказилаётган шахснинг ўзи… иштирок этиши таъминланиши лозим» деб кўрсатилган. Тинтув ўтказишдан олдин М.Тожибоевани орган ходимлари ИИБга олиб кетишган ва уй эгаси М.Тожибоеванинг иштирокисиз тинтув ўтказилган. Уни иштирокида тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоси ҳам рад қилинган.
10. М.Тожибоевани 07.10.2005 йил куни соат 23–00ларда ушлаб Фарғона вилоят ИИБга олиб келишган ва 08.10.2005 йил куни сахар соат 05–00 гача ухлатмасдан олиб ўтиришиб жисмоний қийноқ ўтказишган.
11. ЖПКнинг 48–моддасига кўра гумон қилинувчи у ушланган пайтдан бошлаб ҳимоячи олиш ҳуқуқига эга. М.Тожибоева уйига тергов гуруҳи вакиллари кирган вақтидаёқ адвокат билан таъминлашларини сўраган. Лекин М.Тожибоеванинг талаби бажарилмаган ва 48–модда талаби бузилган.
Мўътабар Тожибоеванинг ҳимоячилари
Махаррам Тожибоева ва Дилафрўз Нурматова
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish