Беихтиёр мамлакатимиз мустақил дея аталаётган 20 йиллик қисқа даврни бир зум хаёлдан ўтказдим. Кўрсамки, ҳукумат мустақилликнинг дастлабки йилларида ўзининг мухолифларини қамабди. Сўнгра мамлакатда ҳуқуқ ҳимоячилиги ҳаракати юзага келиб, режим машинасининг гулханига “ўтин”лар топилди.
Энди эса ҳукумат, унинг маҳаллий ҳокимиятдаги курсиларида ўтирган “ҳукуматча”лар адолатдан, инсофдан оғиз очганларга ёпишган. Ажабмаски, яқин орада маддоҳларнинг ўзини ҳам етарлича мадҳ эта олмаётгани учун қамашса.
Оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка Набижон Жўрабоев номи билан танилган Тўрабой ака ана шундай кишилардан бири. У президент Ислом Каримов билан тенгдош. Ислом Каримов ўтган куни хитойлик коммунистлардан бир гуруҳини қабул қилиб, уларга ваъзхонлик қилди. Набижон ака эса Зарафшондаги маҳкумлар лагерида тақдирини Яратганннинг ҳукмига ташлаб, оғир изтиробларни ўтказаётган бўлса керак.
Ғаллаорол тумани марказидан бозор муюлишида йўлимни йўқотдим. Кишилардан Набижон Жўрабоевнинг хонадонини суриштирарканман, сўраганларим юзимга, ғаллаоролликларга хос бўлмаган сахт-сумбатим, чеҳрамга аввал ялт этиб қарайди. Сўнгра бир муддат каловланиб, “анави кўчадан кириб борасиз”, дейишади. Одамларнинг чеҳрасидаги ҳадик аралаш қизиқувчанлик Набижон Жўрабоев портретига чизилган эскизнинг илк чизиқлари бўлса ажабмас.
Умумий сатҳи тахминан икки сотих келадиган пастқамгина ҳовли гултожихўрозлар, атиргуллар барқиб ётган кичик ҳовли, 5-6 кишига торлик қиладиган кичик пешайвон. Ҳовли сатҳидан 40 ёшлардаги жувон келиб, эшикни очаркан, “Келингизлар…” дейди жиззахликлар шевасида. Гўё кўнгли яхши ният, хонадон ташвишига ҳамдард бўлиб келаётганимизни сезгандек.
Баайни, дарҳол гапига изоҳ беради: “Бир неча кундан бери бегоналарга эшикни очмаётган эдим, юрагим зириллаб қолди-да тазйиқлардан, уголовний розискнинг боллари келиб дўқ уради, эрингни олдига қамаймиз, дейди”, дея гапиради муштипар аёл.
Ўзимни танитиб, дарҳол таъма билан келганим — Набижон Жўрабоевнинг тақдирига оид сўнгги янгиликлардан оғиз очаман. Аёл шошмайди, “чой ичингизлар”, “олиб ўтирингизлар”, дейишдан нарига ўтмайди. Кейин ийманибгина: “Мана, шуйтиб ўтирибмиз”, дейди. У кишининг хаёлидан Жиззах миршаблари урган дўқ-пўписалар, кечираётган оғир изтироблари, ёлғиз, ҳимоясиз бир хилқат қанча азоб чекса, ана шулар ўтаётганини ҳис қиламан.
Ўртадаги ўнғайсиз сукунатини аёлнинг ўзи бузади. “Сизни радио орқали танийман. Набижон ака ҳам сизни жуда мақтардилар, жуда логичиский хулоса қилади шу бола” дердилар, дейди.
Суҳбат асносида маълум бўлишича, бир неча кун аввал Набижон Жўрабоевни Навоийдаги колониялардан бирига этап қилишибди.
– Отахонни кўришга бормадингизми?
– Тўғрисини айтсам, айни пайтда Зарафшонга бориш келишга имконим йўқ. Энамнинг пенсиясини кутиб ўтирибмиз. Бор пулимиз, жамғармамиз Набижон акамнинг ҳимояси учун адвокатларга кетди. Қўни-қўшнидан ҳам қарздор бўлиб қолдик.
– Худо бир йўл кўрсатар…
– Шундай дейсиз-у, мана Набижон аканинг пенсиясини ҳам беришмаяпти. Менга доверност (ишонч қоғози демоқчи – Жараён.) қилиб бериши керак экан. Адвокат ваъда берганди, лекин қила олмади. У кишининг пенсияси бўлганида ҳам бир мадад эди. Ҳеч бўлмаса, колонияга бориб-келиб туришга ярарди. Ҳозир ҳеч бир жойдан тушум йўқ. Ўзим уйда ўтираман, ҳозир энам келиб, қарашиб турибди.
Илтимосимдан сўнг аёл бир даста қоғозларни қўлимга тутқазади. Варақлайман: “Жўрабоев Тўрабой жиноят ҳаракатларини давом эттириб… “Ғаллаоролтумангаз” идораси ходими Мирзааҳмад Нурматовга нисбатан товламачилик содир этиб…. натижада унинг хонадонига 650 минг сўмлик газ плитаси ўрнатиб берган… «Саъд Ибн Абу Ваққос” зиёратгоҳи ҳисобчиси Аброр Қувондиқовнинг ҳам кўрсатмасига кўра, Аброр Қувондиқов зиёратгоҳда ошпаз бўлиб ишловчи Сайёра исмли аёлнинг номусига теккани ҳақида Жўрабоев хабар топгач, Аброр ва Сайёра билан суҳбатлашиб, уларнинг сўзларини диктофонга ёзиб олган…” ва ҳоказо, ва ҳоказо.
Бу гаплар Набижон Жўрабоевдан қасд олиш учун ўйланган, тўғрироғи, ташкиллаштирилган тергов ва суд жараёнларидаги сўзлар. Аслида эса Ғаллаорол бўрисига аввалроқ тузоқ қўйилган. Унинг ўтган йил баҳорида селдан жабр кўрган ғаллаоролликларни ҳукумат алдагани, ваъда қилинган ёрдам деярли берилмагани ҳақидаоммавий ахборот воситалари орқали дунёга жар солганида, Жиззахда сирли эпидемия – ўлат бошланиб, минглаб қўйларнинг қирилгани, мамлакат иқтисодиётига каттагина зарар келтирилгани ва ҳукумат мулозимлари бу фактни яширишга уринганида.
“Уйда ўтира олмас эдилар. Ҳар бир ёрдам сўраб келган кишининг аввало кўнглини кўтарар, унга ишонч берар ва сўнг ёрдам кўрсатарди, – дейди ҳамсуҳбатим, сўзларим бошидан “аёл” деб атаб келаётган қаҳрамоним, Наби аканинг рафиқаси Феруза Маматова. – Эҳтимолки, шу иши унинг бошига етгандир. У кишини қамоққача олиб боргандир”.
Албатта, бошқа нима ҳам бўларди, Набижон ака кимнинг арпасини хом ўрганди? Коррупция, жиноятчилик ҳақида гапириб, миршабу прокурорларнинг тинчини бузган бўлса бордир, лекин ҳеч ким унинг дастидан дод, деб келгани йўқ.
Ҳамма: “Оқсоқолга қариганда қийин бўлди, тинчгина ўтирса бўлмасмиди”, деяпти. Қўрқоқлик, юрт тақдирига бефарқлик ва лоқайдлик чирмаб олган айрим ғаллаоролликлар ёши 75 га чиқиб, азму шижоати ёшларникидан катта бўлган Набижон акани шу тахлит эслашмоқда.
“Феруза опа, ёғин-сочин кунлар бошланяпти, уйингизнинг томи жуда абгор-ку”, дейман. “Набижон ака одамларни деб чопди, Жиззахга, Тошкентга қатнади. Мундоқ “иссиқ кунларда томни ёпиб қўярман”, деганди. Мана, бугун роса 5 ой бўлди қамоққа олинганига. Бунинг ҳаммаси савил қолди. Билмасам, қишда қандай бўлади?..” дейди Феруза опа ғамгин.
У кишига қандай тасалли беришни ҳам билмайман. Ўртада чўккан сукунатни яна аёлнинг ўзи бузади. Қўлимга суд жараёнлари ҳақида ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг радиога гапирган гаплари ёзилган қоғозчани тутади. “Мана шу гапларни ҳам эътиборга олишмади-да, ака? Жиззахдан бошқа жойларда ҳам шундаймикан?” дейди опа.
Беихтиёр Тожибоеванинг гаплари ёзилган қоғозчага кўз ташлайман: “Маҳкамада жабрланувчиларнинг аризалари уюштирилган эканлиги исботланган. Бир неча жабрланувчи суд жараёнида ўз даъволаридан воз кечганлигига қарамасдан, суд бир томонлама ҳукм чиқарган.
Жабрланувчилардан бири Аброр Қувондиқов судда Набижон ота гўё уни қўрқитгани ва диктофонга уларнинг сўзлашувларини ёзиб олганини гапирган. Бироқ судланувчининг талабига қарамасдан, ўша диктофон ашёвий далил сифатида судга келтирилмаган ва ундаги ёзувлар эшитиб кўрилмаган”.
Ҳа, деган туяга мадад, зора хорижда ўтириб, ўзи кўрмаган, танимаган юртдоши тақдирига қайғураётган аёлнинг гапларини ҳам инобатга олишса, дейман-у, Набижон ака тақдирига баҳо беришда бел оғримас жиззахликлар, у кишининг маҳалладошлари лоқайдлигидан ҳафсалам қочади…
Бўри табиатан танти жонивор. У ўлимтик билан озиқланмайди, қорни тўқ бўлган пайтда ов қилмайди. Набижон ака ҳам бўлар-бўлмасга ёпишавермасди. Доим ғаддини ғоз тутар, маҳаллий даражадаги муҳим масалалар билан шуғулланарди. Обрўли, нуфузли нашрлар билан ҳамкорлик қиларди, юксак минбарларга гапирарди…
Набижон аканинг аёли ҳам кўплаб сиёсий маҳкумлар, ҳуқуқ ҳимоячиларининг хотинлари сингари амнистия кутяпти. Унинг ўзи ҳам: “Амнистия бўлсин, чиқиб олай, ҳамма тушунмовчиликларни жой-жойига қўяман, шунинг учун адвокатга айтинглар, аппеляция бериб ўтирмасин, булар барибир шикоятимни кўриб чиқмайди”, дебди.
Набижон Жўрабоев “муҳтарам” Юртбошининг авф чиғириғидан ўтадими-ўтмайдими – буниси ҳам номаълум. Лекин маълуми шуки, у шу ёшида азми шижоати, адолатга бўлган ишончи ва ҳаракатлари билан оддий ўзбекларга ўрнак бўла олди.
Раҳмон АБДУЛЛАЕВ
Fikr bildirish