“Менинг муаммоимда қатнашганларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Сизга раҳмат ҳурматли Муътабар опа. Сўнгги уч ой ичида бўлиб ўтган воқеаларни менга нисбатан адолатсизлик, дея баҳолайман. Ахир мен бирорта жиноят содир қилмадим, аксинча алимент ундириш учун қонуний равишда ҳуқуқларимни ҳимояламоқчи бўлдим. Бироқ алимент ўрнига қизимнинг отаси, адвокат Миролим Одиловнинг хотини Галина ва ўғли Миркомил томонидан калтакландим”, деб ёзар экан 23 июль куни ёзган хатида Ленара Шабанова, шу муддат ичида мурожаат қилгани адвокатлар, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари унга ёрдам бермагани, аксинча турли тўсиқлар яратганидан шикоят қилган.
Шу ўринда айтиб ўтсак, 28 ёшли Ленара Шабанова 1,5 яшар қизчаси учун унинг отаси Миролим Одиловдан алимент ундириш илинжида ўтган йил ноябрь ойидан Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманлари ҳамда Тошкент шаҳар судларига бир неча марта мурожаат қилганди.
Бироқ олти ой мобайнида ўзбекистонлик судьялар жўяли бир қарор қабул қилиш ўрнига Ленара Шабанованинг ҳуқуқларини топтаганидан сўнг, у ҳуқуқларини ҳимоялашни сўраб “Ўтюраклар клуби”дан ёрдам сўраб мактуб ёзган эди.
24 июль куни “Жараён”га гапирган Ленара Шабанова айнан “Ўтюраклар клуби” ташкилоти ва унга тегишли “Жараён” веб саҳифасида нашрга берилган мақолалар боис “бошига келган балодан қутилгани ва ҳамма муаммолар гўзал бир шакилда ўз ечимини топгани” ни гапирди.
– Менга белгиланган жаримани тўлай олмаслигим, ёлғиз оналигим инобатга олинган ҳолда адолатлироқ қарор чиқариш ё бўлмаса менга нисбатан ишни бутунлай ёпишни сўраб, жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман судига ариза ёздим. Бу орада туман профилактига инспектори Фурқат ҳам менга қарши яна қўшимча маълумотлар йиға бошлади. Ҳатто мен Одилов яқинлари томонидан калтакланганимга гувоҳлик берган аёлни судда кўрсатма бермаслиги учун чўчитишга улгурди. Шу ҳафта бошида Фурқат уйимга телефон қилиб, Юнусобод судига боришимни айтди. Бордим, аммо менинг устимда судга шикоят қилган тараф – Одиловлар судга келмади.
Кун бўйи суд бошланишини кутдим, лекин суд бўлмади. Суд раисининг хонасидан “биз унинг ишини кўрмаймиз, кетаверсин, иши ёпилган, нега судга чақирдинглар?!”, деганини эшитдим. Унинг хонасидан чиққан инспектор Фурқат ёнимга келиб “ишингиз ёпилди, судья даъво муҳлати ўтгани важидан шунақа қарор чиқарди, уйингизга кетаверинг”, деб айтди, – дер экан Ленара Шабанова, “Ўтюраклар клуби” ташкилоти ўз ишини кузата бошлаганидан кейин Тошкент шаҳар ва Юнусобод туман судьяларининг унга нисбатан муносабатлари кескин ўзгарганини қўшимча қилди.
Ленара Шабанова “Ўтюраклар клуби” га ёзган бир хатида собиқ турмуш ўртоғи Миролим Одиловнинг аёли Галина ва ўғли Миркомил ҳамда чақирув бўйича воқеа жойига етиб борган Юнусобод туман ички ишлар ходимлари томонидан калтакланганига Польша республикасининг Тошкентдаги элчихонаси қўриқчилари гувоҳ бўлганини ёзган эди.
Шундан сўнг “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева 22 июнь куни Польша республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Марианом Пшезьдзецки номига расмий мактуб йўлаб, Ленара Шабанова ишига амалий ёрдам беришни сўраганди.
Бироқ элчи шу кунгача Тожибоева хоним мактубига жавоб хати ёзмагани маълум бўлди.
Июль ойи бошида “Жараён” мухбирининг телефон орқали берган саволига жавобан поляклик дипломатлардан бири ўша воқеага гувоҳ бўлганлар орасида элчихона ходимлари бўлмагани, воқеа гувоҳлари эса Ўзбекистон ҳукумати томонидан элчихонага бириктирилган маҳаллий милиционерлар эканини айтиб, “Ўзбекистон ҳукумати томонидан тайинланган қўриқчиларга Ленара Шабанова иши бўйича судда гувоҳлик беришни талаб қилишга ҳаққимиз йўқ”, деган эди.
Ленара Шабановага нисбатан суд қарорини юмшатишга ёрдам беришни сўраб “Жараён” жамоаси Шабанованинг собиқ турмуш ўртоғи Миролим Одиловга ҳам қўнғироқ қилди. Аммо бундан ҳам ҳеч қандай ижобий натижа чиқмади.
Шабанованинг айтишича, Ўзбекистондаги дипломатлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш зиммасида бўлган халқаро ташкилотлар вакилларининг лоқайдлиги сабабли ҳуқуқ-тартибот идоралари ва адлия тизимларида бошбошдоқлик тобора авж олаёттир.
– Ўзбекистонда судьяларнинг адолатсиз қарорлари ва ҳукмларидан қурбон бўлаётганлар жуда кўп. Ўзим ҳам фуқаровий судда ишлаганман, тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айтаман, мана шунақа адолатсиз қарорлар ортидан жуда кўпларнинг уйини, машинасини тортиб олиб ўзлари кўчага улоқтирилмоқда. Болалар уйида улғайган болаларнинг ота-онасидан мерос қолган уйларини тоғалари, амакилари судьялар билан келишиб тортиб олган ҳолатлари ҳам кўп учрайди. Лекин шу кунгача ҳали бирор марта жарима тўлашга оид суд қарори бекор бўлмаган. Бунақаси илк бор менинг ишимда кузатилаяпти, – дейди Ўзбекистон суд тизимларидаги сир-синоатдан хабардор бўлган Ленара Шабанова.
Аёл Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг яхши томонга ўзгариши учун келажакда оз бўлсада ўз ҳиссасини қўшишини гапирди.
“Ўзимга ўхшаб муаммоларга дуч келиб, чорасиз қолаётган юртдошларимга ёрдам бериш, оз бўлсада адолат қарор топтириш учун келгусида “Ўтюраклар клуби” ва бошқа шу каби ҳақиқатдан инсон тақдири ўзи учун бефарқ бўлмаган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга қарор бердим. Бизда аёллар ва болалар ўз ҳуқуқлари билан курашиш йўлини билмайди. “Суднинг қарори қонун”, деб ўлиб-тирилиб бўлса ҳам ўша жаримани тўлаб, бор будидан ажралиб қолаяпти. Мен уларга бу ишда ёрдам бермоқчиман. Адолат қарор топишида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳалқаро ташкилотларининг ва улар билан ҳамкорлик қилаётган журналистларнинг роли муҳим эканига яна бир марта амин бўлдим, – дейди Ленара Шабанова.
Суҳбат сўнгида Ленара Шабанова ўзи учун қўл етмас орзу бўлган алимент ундириш муаммоси ҳам ҳал бўлганини ва эндиликда ҳар ой қизи учун отасидан 70 АҚШ доллари миқдорида алимент олаётганини ҳам қўшимча қилди.
Гулнора РАВШАН
Fikr bildirish