Омонлик ва хавфсизлик истаб Ўзбекистонни тарк этаётганлар
20 июнь куни БМТнинг махсус резолюцияси асосида Бутунжаҳон қочқинлар куни нишонлаб келинади. БМТ қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда жаҳон бўйлаб қадрдон уйини тарк этишга мажбур бўлган тақрибан 45 миллион киши қочқин бор.
Сўнгги 20 йил ичида энг катта бўлган бу кўрсаткич қочқинлар сони ошишига олиб келувчи сабаблар кўпайганидан далолат беради.
Қочқинларнинг қарийб ярми ҳали 18 ёшга ҳам тўлмаган болалардан иборат. Экспертлар қочқинликнинг асосий сабаби уруш эканини айтмоқдалар. Юқорида зикр этилган 45 миллион қочқиннинг аксариятини шиддатли ёки ички урушлар бораётган Афғонистон, Сомали, Ироқ, Сурия ва Судандан бўлган кишилар ташкил этади.
БМТ ҚИОКБнинг 2013 йил январигача бўлган вазиятга доир расмий маълумотларига кўра, Марказий Осиё давлатлари орасида айнан Ўзбекистон фуқаролар энг кўп қочиб кетаётган мамлакатга айланиб қолган (қаранг: http://www.unhcr.org/pages/49e45afd6.html).
Шу тариқа, Ўзбекистонни 11604 киши тарк қилиб, бошпана изловчи шахс сифатида БМТ ҚИОКБга мурожаат қилганлар. Ўзбекистон ичида эса бошпана сўраган 176 киши бор. Қайд этиш ўринлики, Ўзбекистондан бўлган қочқинлар сони Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан бўлган қочқинлар сонидан бир неча баробарга кўп. Масалан, Қозоғистондан 3582 киши (қарийб тўрт баробар кам), Тожикистондан эса 665 киши қочган бўлиб, бу рақам ўзбек қочқинлари сонидан тақрибан 17,5 баробарга камдир. Ҳозирги пайтда дунёда қочқинликнинг сабаби турлича (сиёсий, иқтисодий, экологик, гуманитар каби) бўлиши мумкин.
Ўзбекистон фуқаролари ўз мамлакатларини асосан диний-сиёсий ёки фақат сиёсий таъқиблар туфайли тарк этмоқдалар. Ўзбекистонда ташқи дунё танқидига, фуқаролар норозилигига нисбатан бефарқ бўлган ўзбилармон репрессив режим ҳукмрон. Рационализмга эга бўлмаган бу режим ўз фуқароларидан ўлгудек қўрқади ва айнан шунинг учун мамлакат устидан назоратни сақлаб қолиш йўли ўлароқ ҳамма жойда оммавий репрессиялар ўтказишни мақсадга мувофиқ, деб билади. Бу сиёсатнинг натижаси ўлароқ мамлакатда ўн минглаб сиёсий маҳбуслар бор, ўн минглаб одам қочқинликни танлаган, юзлаб одам қамоқхоналарда ўлдирилган, юзлаб одам бедарак йўқолган.
Ўзбекистондан бўлган қочқинларнинг кўпи бор-йўғи Ислом динидаги бутун қонун-қоидаларга риоя қилишни истаган диндорлардир. Қочқинларнинг иккинчи эшелони дунёвий, демократик мухолифат вакиллари бўлиб, улар Ўзбекистон демократик, ҳуқуқий давлат бўлишини, яъни Ислом Каримов режимининг антиподи бўлишини истаганлари сабабли расмийлар учун номақбул кимсаларга айланиб қолганлар.
Шунингдек, Ўзбекистонда юзага келган мураккаб ижтимоий-иқтисодий вазият туфайли ижтимоий-иқтисодий сабабларга кўра мамлакатни ташлаб кетишни истаганлар қатлами ҳам вужудга келди. Аммо бу одамларнинг аксарияти БМТнинг ҚИОКБга мурожаат қилмайдилар, балки турли мамлакатларга меҳнат муҳожири сифатида ишлашга кетадилар.
Эътиборга лойиқ жиҳати шуки, Марказий Осиё мамлакатлари ичида БМТ ҚИОКБ расмий ваколатхонаси фақатгина Ўзбекистонда ёпилган, холос (БМТ ҚИОКБнинг Тошкентдаги ваколатхонаси 2005 йили ўзбек расмийлари талаби билан ёпилганди). Мазкур ҳолат ҳам Ўзбекистон расмийларининг қочқинлар ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурматсизлик аксланмиш психологиясини яққол намойиш этади (БМТ ҚИОКБ Тошкент идорасининг ёпилишига қадар бу ерга афғонистонликлар, тожикистонликлар, баъзан эса ўзбекистонликларнинг ўзлари мурожаат этиб турардилар).
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Ўзбекистонда бир томондан давлатнинг дунёвийлиги таъминланиши, бошқа томондан эса диндорларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши лозим бўлган демократик, ҳуқуқий давлат қуриш мумкин ва зарур эканига шубҳа қилмайди. Демократик, дунёвий ва ҳуқуқий давлат қурилмас экан, Ўзбекистон дунё ҳамжамияти учун ҳам, мамлакатнинг ўз фуқаролари учун ҳам хавотир манбаси бўлиб қолишга маҳкум.
Бутунжаҳон қочқинлар куни муносабати билан «Ўтюраклар клуби» қадрдон гўшасини, қадрдон хонадонини, қадрдон қишлоғини ва Ватанини ташлаб кетишга ҳамда хорижда юришга мажбур бўлган барча кишиларга ҳамдард эканини ва бундай одамларни қўллашини билдиради.
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти
Париж, Франция
20 июнь 2013 йил
Fikr bildirish