Мўътабар бону: «Юрагимда яна бир қабр…»
Юрагимда яна бир қабр…
Ғамгин оралайман қабрлар аро,
Унда макон тутмиш турфа одамлар.
Юракдаги қабр- тириклар қабри
Мени адо қилур ана шу ғамлар.
Сукут оғушига чўмган бу гўша,
Неча авлодларни бағрига олган.
Бу ерда ётибди, ҳа ўша-ўша
Падарин қонига юзини ювган.
Қабристон … Бу гўша нақадар сокин,
Тилсиз тирик диллар маконидир бу.
Қабрлар оралаб юрмоқдаман жим,
Дўст қабрин излабон топмадим лекин.
Қабристон… Ҳа сенга жуда ҳам оғир,
Яхши-ю, ёмонни, қари-ю, ёшни –
Минг фарёд қайгу-ла келтирадилар
Уларга тилайсан сабру бардошни.
Қабристон… Сенга бир айтар сўзим бор,
Сен асло ғурурла боқма оламга,
Демагил: «Бу ерда макон жуда тор,
Лекин бағрим тўла қара холимга.
Бу ерда ётурлар алломалар ҳам,
Гул юзли санамлар, хуру-ғулмонлар.
Мудхиш жиноятчи, фирибгарлар-у,
Чимилдиқ кўрмаган ботир ўғлонлар.»
Қабристон…
Сендан паноҳ топмиш яхши-ю, ёмон,
Лек шундай жой борки, у ҳам қабристон.
У ерда ётурлар тирик хоинлар,
Бу – инсон юраги, мудҳиш қабристон.
Инсон қалби ғуссага тўлган маҳали,
Сени бир бор зиёрат қилади, аммо-
Юрак қабрлари шундай мудҳишки,
Уни доим опичиб юрмоқлик даркор.
Митти юрагимда қабрлар бисёр,
Мана бу амалдор жигарим қабри.
Бу эса кўзимга чўп суқмоқ бўлган
Фарзандим отасин- ёримнинг қабри.
Бу қабрда ётур суюкли укам,
Мен сабаб иззату, хурматни кўрган.
Жўшқин давраларнинг сохиби бўлгач,
Буғдойзормас, кўнглим пайҳон айлаган.
Ғамгин оралайман қабрлар аро,
Унда макон тутмиш турфа одамлар.
Юракдаги қабр- тириклар қабри
Мени адо қилур ана шу ғамлар.
Бу қабристон эрур аянчли маскан,
Хоин дўстлар қабри етарли, бисёр,
Маҳзун юрагимга рахмим келади,
Бўш жойи қолмади қабр бўлмаган.
Армонли юрагим яна сен дош бер,
Букун яна бир қабр кавлайман сенга,
Бу дўстим қабридир – ҳиёнат қилган,
Сўнг оддий қабрга кетурмиз бирга.
Дўстни кеч топгандим, эрта йўқотдим,
Меҳрла боқарди унинг кўзлари.
Ундан ҳақиқатни сўраган паллам,
Иши бошқа эди-бошқа сўзлари.
Ҳаётга ишончни йўқотдим шу дам,
Наҳотки хоинга тўла бу олам.
Кўздаги ёшимни артгувчи мард йўқ,
Юр қабрга кетамиз – юрагим эркам.
Мўътабар бону
2002 йил декабрь
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish