Қўшма баёнот: Башаранг қийшиқ бўлса ойнадан ўпкалама!

Снимок,,,,,,,

Ёлғончи, маддоҳ адвокатлардан алданган, натижада яқинлари узоқ йилларга қамоқ жазосига хукм қилинган, шунингдек ҳуқуқ ва эркинликлари адвокатлар айби билан бузилган ўзбек ҳалқига «Фуқаролик жамияти» Ҳалқ харакати, «Ўтюраклар» Клуби, «Ҳалқпарвар» ва «Қийноқларга қарши ҳуқуқшунослар» Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг

Қ Ў Ш М А   Б А Ё Н О Т И

I8 апрель 2005 йил.

Фарғона: Навоий кўчаси I3-уй. Адлия бошқармаси бошлиғи А.Турғуновга;

Нусхаси: Вилоят Адвокатлар уюшмаси раёсати рахбари А.Қурбоновга;

Нусхаси: Тошкент. Сайилгоҳ кўчаси 5 уй. Республика Адлия Вазирлигига;

Нусхаси: Тошкент: Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар ассоциацияси Президентига;

Нусхаси: Тошкент. Расулов кўчаси 47-уй. Америка Юристлар Ассоциациясига;

Нусхаси: Марказий Европа ва Евразия Ҳуқуқий ташаббуси марказига;

Нусхаси: Тошкент. «Адвокат—пресс» газетаси бош муҳарририга

Мухтарам хонимлар ва жаноблар!

«Хозирда эски тузумдан мерос қолган адвокатура фаолият кўрсатмоқда, адвокатлар эса «қуруғи»ни олиб берувчи воситачиларга айланиб қолганлар, бугунги кунда бирорта ҳам номдор, элга танилган кучли адвокатлар йўқ..»

(Президент Ислом Каримовнинг 2-чақириқ 4-сессияси давомида журналистлар билан қилган сухбатидан)

Президент Ислом Каримов ўзбекистонлик адвокатлар ҳақидаги фикрини қуйидагича давом эттирган: «Бизнинг адвокатларимиз «қуруғини олиб беридиган воситачиларга айланиб қолганлиги сабабларини, илдизини таҳлил қилсак ғалати хулосага келамиз.

Айб ёки низо юзасидан ҳақиқатни аниқлашга судьяларимиз қизиқмаса, атайлаб суд мухокамасини пала-партиш ўтказса, шунга ташаббус кўрсатса, айбга шубҳа уйғотадиган ҳолатларни эшитмасликка харакат қилса, жиноятчининг жиноий йўл билан топган мулкидан олишни истаса, манфаатдорлик эвазига жазони камайтириш мумкинлигини очиқ айтса, жамиятда судьяни пора эвазига оғдириш мумкин деган ижтимоий фикр бўлса, бундай вазиятда қайсидир адвокатнинг воситачилик ёки фирибгарлик қилиши табиий ҳол».

2005 йил 15 апрель куни эрталаб соат 10-да Фарғона вилоят адвокатлар уюшмасида Адвокатларнинг хисобот йиғилиши бўлиб ўтган. Бу йиғилишда Республика адвокатлар ассоциацияси бошлиғи муовини Сафарали Пардаев қатнашган.

Йиғилган адвокатлар асосан инсон ҳуқуқлари бузилишидаги адвокатларнинг вазифаси, бурчи ҳақида эмас, балким Фарғона адвокатларига рақобатчилар пайдо бўлганлиги, лицензияли адвокатлар бор бўла туриб, ҳалқ вакиллари ишончномали ҳимоячиларни, яъни олий маълумотли бўлмаган, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини афзал кўраётганликлари, натижада адвокатларнинг нонлари яримта бўлаётганлиги ҳақида гапиришган.

Америка Юристлар Ассоциациясидан молиявий кўмак олиб грантлар асосида ишловчи «LEGAL LTD» адвокатлик фирмаси рахбари Феруза Валиева «Мўътабар Тожибоева руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатда туради, уни тергов ва судларда иштирок этишига йўл қўймаслик керак» деган.

Вилоят адвокатлар уюшмасининг рахбари Аҳмадали Қурбонов ва бошқалар Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ҳалқаро жамияти Фарғона шаҳар бўлими бошлиғи Исақжон Қўзибоев ва Ўзбекистон туманилик «Ҳалқпарвар» номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари Содиқжон Қироновлар ҳақида ҳам салбий фикрлар билдиришган.

«LEGAL LTD» адвокатлик фирмасининг аввалги бошлиғи Неля Семёновна Ли ҳам асосан ўз фаолиятини Америка Юристлар ассоциацияси томонидан бериладиган молиявий кўмак хисобига олиб борарди. Лекин Неля Семёновна судланаётган бир амалдорни жиноят ишини ёпишни прокурор билан келишганлигини билдириб, 7000 АҚШ доллари пора олган ва ўзлаштириб юборган.

Қамоқда жазосини ўтаб қайтгач, у Вилоят адвокатлар уюшмасига Неля Семёновнага қонуний чора кўришни ва унинг олган 7000 АҚШ долларини қайтариб беришига ёрдам беришларини сўраб ариза билан мурожаат қилган. Неля Семёновна грантга ажратилган маблағдан сарфлаб бўлса керак, жиноий жавобгарликка тортилмасдан, Россияга қочиб кетишга муяссар бўлганди.

Бундай адвокатларни истаганча топиш мумкин. Яна бир адвокат аёл ҳам тадбиркор, ишбилармонни қамоқдан қутқариб қолишга ваъда бериб, судья иккиси у одамни роса соғишган ва тадбиркор узоқ йилларга қамоқ жазосига хукм қилинган. Қамоқдан қайтган ишбилармон, тадбиркорнинг 5000 АҚШ долларини қайтариб беришини талаб қилишлари, акс ҳолда керакли органларга ариза билан мурожаат қилиши ҳақидаги огоҳлантиришлари адвокат хонимни ҳиёл бўлсада чўчитаётгани йўқ.

Адвокат Ўлмас Ибрагимова фуқаро Рустамов Абдувосига тегишли бўлган, Охунбобоев тумани Ҳалқобод қишлоғидаги участкани унинг укаси Рустамов Абдурасулнинг ажрашиб кетган хотини Мадинага олиб беришда жонбозлик кўрсатиб, ҳаттоки адвокат эканлигини унутиб, суд ижрочиси ролини ҳам қойил мақом қилиб бажарган.

Судда низолишалаётган хонадонни нотариал идора орқали қалбаки хужжатлар расмийлаштириб, соттириб юборган. Натижада уйнинг ҳақиқий эгаси Рустамовлар ва уйни сотиб олган Марғилон шаҳар Навбаҳор кўчаси З0 уйда яшовчи Турсунбой Қазақовлар оиласи ҳамон сарсону-саргардон.

Прокуратуранинг ялоқхўри деб танилган бу адвокат хонимни прокуратура терговчилари Муқим Пўлатов, Комил Бойматовлар ўзларининг жиноий кирдикорларига шерик қилиш учун тез-тез чақириб турадилар. Охунбобоев туман прокуратураси терговчиси Комил Бойматов Охунбобоев тумани «Намуна» ширкат хўжалиги мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган 20646036-сонли жиноят иши бўйича Мирсолиев Иброхим, Холматов Икромжон, Қўшақов Маъмир, Сайидов Машраббойларни алдаб, ҳар бирига 80 минг сўмдан, жаъми 320 минг сўм тўлатиб, Ўлмас Ибрагимовани уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун чақиртириб, шартнома тузишга мажбур қилган.

Ширкат хўжалигининг раиси И.Мирсолиев, бош хисобчи И.Холматов, бош иқтисодчи М.Қўшақов, омбор мудири М.Саидов ва ер тузувчи Қурбонали Тўхтасиновларни Комил Бойматов кечаси 24ларгача ушлаб ўтириб, адвокатнинг олдида уларга қийноқ қўллаб, хақоратлаган.

Адвокат Ўлмас Ибрагимова ҳимояни эмас, айбланувчи Қурбонали Тўхтасиновдан қандай қилиб 80 минг сўм ундиришни йўлларини ўйлаб ўтирган холос. Ҳаттоки куни кеча бошланган судда Жиноят Кодексининг кўплаб моддалари билан айбланаётган бу шўрпешоналарга айблов хулосаси берилмаганлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари Ўлмас Ибрагимова айбни бўйниларига олаверишларини, терговчи зиммаларига қўйган 6 миллион сўмни зудлик билан тўлашларини, депозит ҳисоб рақамига тўланишини, кейинчалик ширкат хўжалигининг хисоб рақамига қайтарилишини айтиб, алдаган.

Фарғона шаҳар ҳуқуқий маслахатхона адвокати Ураим Тожиев эса Абдураҳимова Тожихон исмли қария онахонни алдаб, унга Фарғона шаҳар Қашқар қишлоқ кўчаси 326-уйни, яъни Нишонова Каримахонга қарашли уйни 2,5 миллион сўмга сотган ва пулни чўнтакка урган. Унинг бу жинояти ҳақида Вилоят адлия бошқармасига ариза ёзган онахонга У.Тожиевни 2004 йил 10 сентябрь кунги малака комиссиясининг қарори билан адвокатлик лицензияси бекор қилинганлиги ҳақида жавоб бериш билан чегараланишган. У.Тожиевни фирибгарлик товламачилик жинояти содир этиб қари бир фуқарони емай-ичмай тўплаган 2,5 миллион сўм пулини ўзлаштириб юборгани учун жиноий жавобгарликка тортиш ҳеч кимни ҳаёлига келгани йўқ.

15 апрель кунги йиғилишда Сафарали Пардаев намунали ишлари учун адвокат Қодир Эргашевни тақдирлади. С.Пардаев бу адвокатнинг қайси ижобий ишлари учун тақдирлаганини билмадигу, у ҳақида «Соҳибназар» хусусий корхонаси рахбари Абдуҳамид Сатторовни Республика Адлия Вазирига ёзган аризасида қуйидаги жумлалар бор эди «…Ҳимоячи Эргашев Қодиржонни таъмагирлиги, нопоклиги, адвокат деган номга доғ тушириб, ўз ҳимоясидаги одамлардан хоҳлаган суммасини олмаса ҳимоясидаги одамларнинг рақиблари томонида пинхона туриб иш тутиши натижасида жуда кўп одамлар иқтисодий ва маънавий зарар кўриб келмоқдалар..»

Сохибназар» хусусий корхонаси рахбари яна қуйидагиларни далилларни ҳам келтирганди:

2001 йил 17 октябрь куни адвокат ва тадбиркор ўзаро 1046-сонли шартномани тузишган. Бу шартномада ундириладиган суммани 10 фоизини адвокатлар идорасининг хисоб рақамига ўтказиб бериш кўрсатилган. Бундан ташқари адвокат Қ.Эргашев корхонани хўжалик судида ҳимоя қилиш учун А.Сатторовдан 100 минг сўм олиб, атига 10100 сўмга шартнома тузилди ва ғазнага тўланди деб расмийлаштирган, яъни солиқ тўлашдан бош тортиш ниятида 89900 сўмни расмийлаштирмасдан жиғилдонига урган. Қ.Эргашевни Сатторовдан 100 минг сўм олганлигига Олтиариқ тумани Полосон ҚФЙ Озода кўчасида яшовчи Акрамжон Абдурасулов ва Бўстон маҳаллласида яшовчи Абдуҳалим Сатторовлар гувоҳ бўлишган.

2002 йил 24 январь куни 2-сонли шартномани тузиб, 10100 сўмни ғазнага тўланди деб расмийлаштирилган, аслида эса бу «намунали адвокат» А.Сатторовдан 50100 сўм олган. Бу пулни оз деб хис қилган адвокат 50100 сўм эвазига судда 1 кун иштирок этган холос. Иккинчи суд кунига 40 минг сўм беришини сўраганда Сатторов корхонаси 2-3 йилдан буён ишламаётганлиги учун адвокат сўраган 40 минг сўмни кейин тўлашга ваъда берган. Лекин нафси хакалак отиб ўрганган адвокат Қодир Эргашев «40 минг сўмни хозироқ тўламасангиз, ҳимоя қилмайман» деб тескари қараб кетган ва кейинчалик Сатторовнинг қарши томонидагидагиларга барча фактларни сотган.

2002 йил 13 октябрь кунги Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судида Мўътабар Тожибоевани банкдан олган кредити 7 миллион сўмни ўзлаштириб юборган «Ёлланма фирибгар» Эргашев Рахимни судда ҳимоя қилиш жараёнида адвокат Қодир Эргашев судга қонуний талаблар қилаётган жабрланувчи Мўътабар Тожибоевага барчанинг гувоҳлигида «Кўзларингни ўйиб оламан, қанчиқ» деб уни уриш учун югурган.

Сатторов ва Тожибоеваларнинг адвокат Қодир Эргашевни лицензиядан махрум қилишни талаб қилиб ёзган талабномаларига вилоят ва Республика адлия тизимларидаги адвокатларни малака комиссиялари томонидан «Адвокат Қодир Эргашев жабрланувчи М.Тожибоевани шаънига тегадиган саволлар берганлиги учун ОГОҲЛАНТИРИЛСИН» деган юзаки қарор чиқариш билан чегараланишган. Унинг хомийлари Республика миқёсида эканлиги маълум..

1 апрель куни «Фуқаролик Жамияти» Ҳалқ Харакати томонидан ҳимоя ҳуқуқи бўйича мурожаатнома қабул қилиниб, ҳалқ орасида тарқатилаётган эди. Бу мурожаатномада яқинлари жиноий жавобгарликка тортилаётган фуқароларга ўзлари ҳам терговларда, судларда ҳимоячи бўлиб қатнашишлари мумкинлиги ҳақида ёзилганди.

Мурожаатномадан мисол келтирамиз:

“… Терговчи сизлар билан сухбатлашиб, яқинингизни хозирча айби тасдиқланмаганлигини, худо хоҳласа бугун эрта қўйиб юборишини айтади ва шу билан биргаликда сизнинг иқтисодий қийин аҳволга солиб қўймаслик учун жуда кучли адвокатни сизни яқинингизни ҳимоя қилиши учун жалб қилганлигини айтади.

Сиз «арзон» ёки «бепул» ҳимоячи топиб берганлиги учун терговчига ич ичингиздан миннатдор бўласиз. Ҳаёлингизга «мунчалар ширинсуз, мунчалар меҳрибон терговчилар ҳам бор экан-а» деган ўй келади. Лекин «бу терговчи менинг қариндошим бўлмаса, танишим бўлмаса нега меҳрибонлик қиляпти» деган шубҳага бормайсиз. Сизнинг фожеангиз ҳам ана шунда. «Арзоннинг шўрваси тотимас».

Терговчилар топиб берган «арзон» ёки «бепул» адвокатлар терговчилар учун «результат» қилиб берадиган, ўзи мустақил ишлай олмайдиган, ўзига ҳалқ ишонмайдиган чаласавод ва виждонсиз адвокатлардир. Фарғона вилоятининг ҳар бир шаҳар, туман прокуратураси, Ички ишлар бўлими, МХХ терговчиларининг штатли адвокатлари бор. Улар асосан фуқароларга қўлланиладиган қийноқнинг алдов усулидан фойдаланадилар, яъни фуқароларни руҳий қийноққа солиб, алдайдилар.

Масалан: Марғилон шаҳар прокуратурасида Ўлмас Ибрагимова билан, Бувайда туман Ички Ишлар Бўлимида Боқи Қодиров ўзингиз яшаётган худуддаги маъмурий органларнинг югурдаклари бўлган «штатли» адвокатларнинг рўйхатини олиш ҳеч ҳам қийин эмас.

«Тергов талаби» бўйича деб қалбаки хужжат расмийлаштириб, ўзининг адвокатини терговга киритган ва сизни тинчлантирган терговчи энди Сизнинг яқинингиз зиммасига умуман унинг алоқаси бўлмаган, бехабар бўлган ўта оғир жиноятларни содир этганликда айблаб хужжатларни тайёрлайди.

«Штатли» адвокат Сизнинг яқинингизни кобра илон сингари алдаб, ҳозир айблов хулосасига имзо чекиб бераверишини, судда қамоқдан чиқиб кетишини, бунга адвокат сўз беришини айтиб, ишонтиради. Қарабсизки, яқинингиз узоқ муддатларга қамоқ жазосига хукм қилинди. Энди тинимсиз ёзишмалар ёзинг, ҳаттоки Президентга ёзинг, додингизга ҳеч ким қулоқ солмайди. Алдов, ёлғон, қаллоблик қурбони бўлган яқинингиз узоқ йиллардан кейин оғир касалликка чалиниб қамоқдан қайтиб келади.

Темирни қизиғида босмасангиз кейин кеч бўлади. Шунинг учун яқинингиз тақдирини адвокатларга тўла ишониб топшириб қўйманг. Терговчи сизга меҳрибонлик қилиб ўзининг адвокатини тавсия этса дарҳол бу адвокатдан воз кечинг. Ўзингиз таниган, билган, эшитган адвокатни яқинингиз иши билан шуғулланишига шартнома тузинг. Шунингдек ўзингиз, ака-укаларингиз, она-онанингиз ҳам, қўни-қўшнингиз ҳам, бошқа шахсларнинг ҳам яқинингизни ҳимояси билан шуғулланишга Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан ҳаққи-ҳуқуқларингиз бор.

Ж у м л а д а н :

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 49-моддаси 2-қисмига кўра ишда ҳимоячи сифатида:

– адвокатлар: ҳимоячи сифатида қатнашиш учун махсус рухсатномага эга шахслар:

– жамоат бирлашмаларининг ўз аъзоларининг ишлари бўйича вакиллари қатнашишлари мумкин.

– Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари; қонуний вакиллари; унинг оила аъзоларининг хоҳиш истаги билан муомила лаёқатига эга бўлган бошқа шахслар ҳимоячи сифатида иштирок этишига терговчининг қарори ва суд ажрими бўйича йўл қўйилиши мумкинлиги белгиланган.

Албатта жамоат бирлашмаларининг вакиллари, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг яқин қариндошлари, қонуний вакиллари, ҳимоячи сифатида ишга жалб қилинган бошқа шахслар юридик маълумотга эга бўлишлари шарт эмас.

Сизларнинг яқинингиз ҳибсга олингудек бўлса дархол терговчига, кейинчалик судга исталган пайтда мурожаат қилиб ҳимоячи сифатида жиноят ишида қатнашишни талаб қилинг. Чунки яқинингиз ўзини ҳимоя қилиш имкониятидан, далилларни тўплаш имкониятидан маҳрум, сиз эса очиқликда бемалол харакат қила оласиз.

Гумонланувчи, айбланувчи, судланувчи ҳам бу талабни қўллаб-қувватлаши керак. Унинг талабини қаноатлантирмасдан у истаган одамни ҳимоячи ёки қонуний вакил, жамоатчи ҳимоячи сифатида ишда қатнашишга терговчи ёки судья рози бўлмадими, ўзининг «штатли» адвокатидан ўзга одамни яқинлаштирмаяптими, билингки, яқинингизнинг ҳаёти хавф остида.

Дарҳол «штатли» адвокатнинг ҳимоясидаги яқинингиз бу адвокатнинг ҳимоясидан воз кечсин. Шу билан биргаликда терговчи ва судьяни ҳолислигига шубхаси борлиги учун уларни рад қилишига асос бор. Чунки улар гумонланувчи, айбланувчи, судланувчининг ҳимоя ҳуқуқини қўпол равишда бузди.

Терговчини, судьяни рад қилиш ҳақидаги ариза қаноатлантирилмаса, яқинингиз кўргазма беришдан кескин бош тортсин. Майли уни уриб калтакласалар ҳам, руҳий қийноққа солсалар ҳам чидасин. Шу билан биргаликда дарҳол расман очлик эълон қилсин. Агар тергов ва суд пайтидаги қийноқларга, азобларга дош берса узоқ йиллик азоблардан қутулиб қолади.

Ўзбекистон туманининг Яйпан шаҳрилик Номоз Усмонов ва Иқбол Сатторовлар қотиллик ва ўғрилик, Охунбобоев тумани Пахтакор қишлоғилик Нуриддин Сохибоев номусга тегиш, Охунбобоев тумани Оқтепа қишлоғилик Салимбек Рахимов қотиллик, талончилик, босқинчилик, фирибгарлик, товламачилик, Фарғоналик Абдурахимов Улуғбек қотиллик, Фарғоналик Баратов Содиқ ва Олтиариқ туманилик Юлдашев Шерзодлар автоавария содир этиб, одамлар ўлимига сабаб бўлиш жиноятлари содир этганликда айбланаётган эдилар.

Кўпчилигининг ҳимояси учун прокуратура ва Ички Ишлар бўлимларининг «штатли» адвокатлари терговчилар томонидан жалб қилинганди ва уларнинг бу ўта оғир жиноятларни содир этганликларини адвокатларининг» саъйи харакатлари билан «тан олгандилар». Уларнинг иқрорлик кўргазмалари видеотасмаларга ҳам олинган эди. Баъзилари эса ўзлари хоҳлаган одам химоячи сифатида ишда иштирок этмагунча ҳеч қандай кўргазма бермасликларини айтиб, фикрларида қатъий тургандилар.

Юқорида номлари баён қилинган фуқароларнинг оила аъзолари «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига ҳимоячи сифатида туҳматга учраган яқинларини ҳимоя қилишга ёрдам беришни сўраб мурожаат қилганлар. Натижада улар барчаси озодликка чиқарилдилар. Терговчилар ва «штатли» адвокатлар эса фош бўлдилар

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2003 йил 19 декабрь кунидаги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 11-банди бўйича ҳимоячи сифатида қатнашиши мумкин бўлган «бошқа шахслар» деганда айбланувчи томонидан ҳимоячи сифатида ишга киритилиши сўралаётган шахс тушунилиши ва ишда ҳимоячи сифатида иштирок этишга рухсат этилган шахсга суд томонидан ажрим шаклида ёзма хужжат берилиш ва ажримда ҳимоячининг ЎзР ЖПКниг 53-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиши белгиланган.

Евроосиё фонди ва Голландия хукумати Ўзбекистонда жамоатчилик ҳимоя марказлари ташкил этиш» дастурини амалга ошираётган бир пайтда Ўзбекистон адвокатлари ўз манфаатларини кўзлаб фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада кўпроқ бузилиши учун қалтис қадам қўйдилар.

15 апрель куни ўтказилган адвокатлар йиғилишида Республика Адвокатлар ассоциацияси вакили Сафарали Пардаев «Гумон қилинунчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорига ва ЖПКнинг 49-моддасига ўзгартиришлар киритишни, унда «Гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг оила аъзоларининг хоҳиш истаги билан муомила лаёқатига эга бўлган бошқа шахслар ҳимоячи сифатида иштирок этишига терговчининг қарори ва суд ажрими бўйича йўл қўйилади» деган жумлани чиқариб юборишни талаб қилиб, Олий Мажлисга ва Олий суд Пленумига таклифлар киритилганлигини маълум қилган. Демак, Ўзбекистон адвокатлари (ҳаммаси эмас, албатта), фуқароларнинг ҳуқуқ эркинликлари таъминланишини эмас, ўз жиғилдонларини афзал кўришаркан.

Фарғоналик адвокатларнинг жуда ҳам кўпчилиги ўз касб-корларининг етарли мутахассислари эмасликлари боис фуқаролар уларга ишонмай қўйишган. Чунки бу адвокатлар нафақат фуқароларга, вақти келса ўз ҳамкасбларига ҳам ҳиёнат қиладилар.

Учкўприк тумани Нажот адвокатлик фирмаси адвокати Асқарали Файзуллаев 2004 йилнинг 9 ноябрь куни тухмат билан Наманган вилояти Поп туман жиноят ишлари судининг ғайриқонуний ажрими билан хибсга олинганида ҳамкасблари нафақат сукут сақлашди, балким унинг иштирокисиз адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилишди.

Водийдаги инсон ҳуқуқлари фаоллари адвокат Асқарали Файзуллаевнинг ҳимояси учун 17 ноябрдан бошлаб жиноят ишлари бўйича Поп туман суди биноси рўпарасида узлуксиз норозилик намойишлари бошлашга қарор килиб, 10 ноябрь куни «Баёнот» қабул қилганларидан ва водийдаги кўплаб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари фаоллари Асқарали Файзуллаевнинг ҳимоячиси сифатида суд терговларида иштирок этишни суддан талаб қилганликлари боис ғайриқонуний хибсга олинган адвокатни 8 кунда, яъни 17 ноябрь куни хибсдан озод қилишга мажбур бўлишганди.

29 апрель куни Америка Юристлар Ассоциацияси Фарғонада семинар ўтказади. Шу куни инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва адвокатлардан жабр тортган фуқаролар, адвокатлардан алданган фуқаролар ва адвокатлардан ҳуқуқий ёрдам ололмаган фуқаролар биргаликда Америка Юристлар Ассоциацияси Фарғона адвокатларига молиявий кўмак беришни тўхтатишини, инсон ҳуқуқлари фаоллари иштирокида берилган молиявий кўмак хисоботини беришларини талаб қилиб норозилик тадбири ўтказишга чақирамиз.

Ўзбекистонлик барча инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада кўпроқ бузилишига сабаб бўлгувчи, адвокатларнинг ўпқон сингари нафсига хизмат қилувчи Олий суд Пленумининг ҳимоя ҳуқуқига боғлиқ қарорларига ва ЖПКга ўзгартиришлар киритишни талаб қилиб берган таклифларини рад қилиш учун Олий суд Пленумига ва Олий Мажлисга таъсир ўтказиш учун қўлни қўлга беришни сўраймиз.

«Фуқаролик Жамияти» Ҳалқ Ҳаракати, «Ўтюраклар» Клуби,
«Ҳалқпарвар», «Қийноқларга қарши ҳуқуқшунослар» номли
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.