Мавлонов Зулфиқаҳҳор: Энди сиз билан бартер қиламиз. Мен сизни ўзим қаматиб, ўзим сотиб олдим!
Мана 40 кундан буён ҳам менинг оиламга қилинаётан зуғумлар ҳақида ёзаётган шикоятларимни кўриб чиқишмаяпти. Аксинча таниш билиши кўп, пули кўп депутатни ёлғон аризаси инобатга ўтиб, мени УВДдан келиб ушлаб, икки кеча хибсда сақлаб, қийнаб, ёш болаларимни ёлғиз, қаровсиз қолдириб, мени қаерга олиб кетганликларини яқинларимдан сир сақлашди.
Мени ор-номусимни, ҳалқ ўртасидаги обрўйимни ким тиклайди? Шу ишларни қонуний ҳал қилиб бермасаларинг Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи органларга ўзим бориб мурожаат қиламан.
Олтиариқ тумани Ғайрат ҚФЙ Ғайрат кўчаси 4-уйда яшовчи
Охунжонова Ойдинадан
ТЕЛЕГРАММА ШИКОЯТ ХАТ
29.05. 2005 йил
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовга;
Нусхаси: Тошкент.Шевченко кўчаси б уй. БМТнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонасига;
Нусхаси: Тошкент. Ҳамид Олимжон кўчаси Ҳалқаро ЕХХТнинг(ОБСЕ) Ўзбекистондаги ваколатхонасига;
Нусхаси: Тошкент. Хукумат уйи Олий Мажлис Сенат раиси Мурод Шарифхўжаевга;
Нусхаси: Фарғона вилоят МҲХ Бошқармасига;
Нусхаси: Фарғона вилоят Хокимига;
Нусхаси: Фарғона вилоят ИИБга:
Нусхаси: Фарғона вилоят Прокурорига;
Нусхаси: Олтиариқ туман МХ Хизматига;
Нусхаси: Олтиариқ тумани ИИБ бошлиғи Б.Ҳамдамовга;
Нусхаси: Олтиариқ туман Хокими А.Абдуллаевга;
Нусхаси: Олтиариқ тумани Прокурори Р.Камоловга
Мухтарама хонимлар ва жаноблар!
Мен Охунжонова Ойдинхон шуни маълум қиламанки, 15 май куни Мавлонов Зулфиқаҳҳор бошчилигидаги жиноий гуруҳ йўлда турмуш ўртоғимни машинасини тўсиб, 7-кишидан иборат бўлган вахшийлар турмуш ўртоғимга оғир тан жароҳати етказиб, уни оғзига ароқ қуйишиб, уриб, эзғилашиб, милиция чақиришиб, уни милиция ходимларига бериб юборишган.
Улар тез тиббий ёрдамга олиб келишиб, анализ қилишганда турмуш ўртоғимни спиртли ичимлик ичмаганлиги аниқланган. Шундан сўнг Зулфиқаҳҳор Мавлонов бу ишни ёпиш мақсадида орага одам қўйиб, «Пул бераман, ёрдам қиламан» деб турли йўлларни қидирган.
Бу харакатлари амалга ошмагандан сўнг (бу ишни ёпиш мақсадида) у Ғайрат фуқаролар йиғини раисаси Ҳолида Жабборовани ўртага қўйган. Ҳолида Жабборова мени чақиртириб, «Икковларингни яраштириб қўяй, турмуш ўртоғингизга ёрдам пули олиб бераман» деган.
Шунда мен «Унинг пули керак эмас» десам, «Нима қиласиз гапни кўпайтириб ўзингиз қийналиб турган бўлсангиз» деди, мен чиқиб кетдим. Икки кундан сўнг яна уйимдан чақиртириб Зулфиқаҳҳорга юзлаштирди. Шундан сўнг «Ҳимматинг бўлса ҳалқни ўртасида бер» десам. «Ҳалқни ўртасида беролмайман. Орқамда СНБ турибди» деди. Шунда у «Мени ўйлаябсизми? Бошқа жойда бераман, Риштондами, чойхонадами, ишхонамдами» деди.
Зулфиқаҳҳорга «Мени турмуш ўртоғимни соғлигини тиклаб қўйинг. Келтирган моддий-маънавий зарарни қопласангиз бўлди» дедим. Икки кундан кейин яна ҚФЙ раисаси чақиртириб, Зулфиқаҳҳорга юзлаштирди. Унда диктофон қўйиб олган экан, у мени гапирган гапларимни ёзиб олиб чиқиб кетди.
Шундан сўнг 2005 йил 27 май куни кеч соат 17-I8лар чамасида турмуш ўртоғимни касалхонага кўргани кетаётган эдим. Бекатда машинада турганимда ёнимда Минавар опани қизи бор эди. Шунда ҚФЙ ичидан молия солиқчиси Алишер Холматов «Ҳой опа, сиз кетмай турар экансиз, ҳозир Ҳолида опам келар экан, телефонда айтди» деб менга гапирди.
Шу пайт “Матиз” русумли автомашинада Зулфиқаҳҳор билан бирга ишловчи Илҳом Ҳолида опани ҚФЙ раисасини олиб келди. «Тўхтанг ҳозир СНБдан одам келяпти» деб алдаб мени хонаси томон бошлади. Шу пайт З.Мавлонов участковой коридори деразасидан мени кузатиб турган экан. Мен эшикни коридорида кўриб қолдим.
Дарҳол Ҳолида опани кабинетини эшигини очиб «Киринг-киринг, сиздан қачон қутиламан?» деб айтди. «Мен ҳам сиздан қачон қутиламан?» дедим. «Тезда тилхат ёзинг. Мен сизга айтганларимни ёзасиз. Ким сизни мажбур қиляпти, мени душманларимни айтасиз. Шу мени шартим кейин сизга 5 минг доллар бераман» деди. Мен «Олдин сиз ёзинг» деб айтдим. Дарҳол тилхат ёзди.
Шу пайтда Ҳолида опа билан Алишерга «Сизларга рухсат» деди. Мен «Нимага улар чиқади, булар гувоҳ бўлади» дедим. «Ҳолида опа сиз ҳам қўл қўясиз» десам, у бош тортди. Зулфиқаҳҳор кейин «Ҳа қўяди, Алишер ҳам қўяди» деди.
«Мен Мавлонов Зулфиқаҳҳордан 5 минг АҚШ доллар оляпман, сабаби мени турмуш ўртоғим Воҳиджонни уюштирилган группаси бўлиб, Мавлонов З. ўғли, жиянлари Дилшод, Фарҳод, Дилмурод, Карим ва бошқа шериклари уриб, оғир тан жароҳати етказиб, тез тиббий ёрдам бўлимига ётқазилган эди. Мен бу пулни эримни соғлиги ва келажагини тиклаш учун сўраган эдим» деб тилхат ёздим. Фамилия ва исмимни ёзиб қўйдим. Мавлонов Зулфиқаҳҳор бу пайтда «Тез-тез бўлинг, вақтим йўқ» деб турди.
Унинг ўзи ёзган тилхати қўлида эди. Мен ёзиб бўлиб, «Сиз ҳам қўл қўясиз» дедим. Қўлим қоғоз устида турган эди, ўзи столни айланиб ўтиб, дарҳол билагимдан тортиб, кафтимга пулни босди. «Менга берманг, Ҳолида опага беринг» деб столга ташладим. Пул менга яқинроқ стол устига тушди. Шу маҳал тўполон қилиб хонага группа бостириб кирди. Кирганлардан бири «Мен Шухратман» деб айтиб қизил гувоҳнома кўрсатди. Уларнинг видеоси ҳам бор эди. Лекин мени қўлимга пулни мажбуран босганини, олганим йўқлигини айтдим. Шу пайт қўрқувдан бақириб, сиқилиб, ўзимни бошқара олмай қолдим, уларни ҳам сўкиб юборибман.
Улар кириши билан Зулфиқаҳҳор дарҳол чиқиб кетди. У ёзган тилхат ҳам йўқолди. Улар ҳар хил хатлар ёзишни бошлашди. Улар дарҳол экспертизага тушишди. Мен жавраб турган эдим, қўлимни стол устига қўйиб, «Мана энди ниятингга етдингми? Қўлимга кишан сол» дедим. Ҳолида опа ҳам жавраб турибди. Мен унга «Ҳолида опа бўлган воқеани ҳаммасини айтасиз» десам, «Вой мен бунга аралаша олмайман» деди. «Энди менга гувоҳ бўласиз опажон» десам, «Вой Ойдиной мени юрагим чатоқ» деди. Кейин Шуҳрат ака менга қараб «Бақирманг, овозингизни ўчиринг, бўлмаса УВДга олиб кетаман» деди.
Мени олиб чиқиб кетаётганда Ҳолида опа участковой хонасида ўтирар эди. Ходимларга «Уйга кириб айтиб қўяйлик, болаларим ўзи ёлғиз эди. Мени қидиришади, ёш бўлса» десам, «Хозир биз сизни турмуш ўртоғингизни олдига олиб борамиз. Кейин сизни эрингиз билан сухбат олиб сизни яна уйингизга олиб келамиз» деди Шухрат ака.
Кейин у машинага ўтириб, «Дарров бўлинг, қийнашимизни хоҳлайсизми?» деб мени ўртага олишиб, машинани хайдаб кетишди. Олтиариқдан дарров ўтиб кетдик. Мен йиғладим. «Мени қаёққа олиб кетяпсизлар?» десам, улар «Хозир бориб кўрасиз» деб кетаверишди. Мен йиғладим. Фарғонага етиб бордик. «Сизни УВДга олиб келдик» деди. Мени олиб киришиб, иккинчи қаватга бир кабинетга олиб киришди.
У ерда турмуш ўртоғимни таниши бор экан. Менга «Сиз Воҳиджонни хотинимисиз?» деди. «Эрингиз мени яхши билади» деди. Мен ундан отини сўрадим. Қўрққанимдан «Акажон менга тўғрисини айтинг, мени қамашадими?» дедим. «Олдин сизни сухбатингизни олай» деди. «Мени гапларимга ҳам қулоқ солинглар» деб гапира бошладим. У кейин «Эрингиз яхши одам эди» деди. Шунда Шухрат ака «Шанғилламагин» деди.
Мен улардан ҳам гапимни эшитишларини сўрадим. Лекин қулоқ солиб-солмай эшитишди. Бир Тошкентлик ходимга ҳам «Эшитинг ака гапимни» дедим. У ҳам қулоқ солиб ўтирди. «Худо хоҳласа яхши бўлиб, чиқи6 кетасиз» деб кўнглимни кўтарди. Мен сув сўраб ичиб турдим. Лекин бир пайт пиёлани таги ғалати эди. Бир марта сув ичдим Яна уни таги оқ лойқага ўхшаган, яна ичиб қўйибман. Кейин уйқум қочиб, жуда кўп гапирдим. Тушунтириш хати ва ҳар хил маълумотларни сўраса, «Маъмир ундай, бундай» деб айтиб ёзиб берибман. Ташқарига чиқиб келсам ҳар замонда кўнглим айниди, Отабек деган бола яхши гапирди.
Мен сув ичгандан кейин сўзлашдан ва ёзишдан тўхтамадим бир суткада ҳам ухламадим. 28 май куни кечаси озгина ухладим. Шу пайт турсам 3улфиқаҳҳор билан Музаффар бор экан, уларни кўрдим. Зулфиқаҳҳор Музаффар акага «Мени учраштиришни келишиб олинглар, кейин сизни булар олиб кетишади. Агар мен айтган гаплар орасида ундай бундай денг» деб турди. Менга қўлини ҳар замонда олдинги столни у тарафига ўгириб олиб, Маъмир акани ёздириб, «Ундай, бундай деб ёз тезроқ» деб айтди. Мен у айтган гапларни ёзишга кўнмадим.
Шунда у менга қўлини пеша қилиб «Сен мановингга қара, подвалга олиб кириб уриб қўйишади. Менга нима, ёзмасанг ёзма» деди. Мен қўрқиб айтган гапларни ёздим. «Сени сиёсатчилар миянгни захарлаб қўйган» деб мени хушимни олиб қўйди. «Сиёсатчиларга қўшилиб юрсанг бундан баттар бўласан» деди.
Яна кечаси билан ухламай жуда кўп хат ёздим. «Сени орқангда Маъмир, Мўътабар ёки ўша Гулчехра опанг бор. Сен уларга ишонма. Биласанми улар сени жарга итаради. Бизга сен Маъмирни гапларини ва мен айтган гапларни ёз» деди. Мен ёзмай туриб қолсам «Яна нимага ўйланасан, сени ўзи миянг борми?» деб бақириб, ўйлашга қўймади.
Мен уларнинг айтганларини ёзавердим-ёзавердим. Кейин 29 май куни эрталаб келиш шарти билан Зулфиқаҳҳор ва Музаффар ака билан тонгги Злар чамаси уйимга жўнатишди. Агар эрталаб УВДга қайтиб бормасам қамашларини айтишди. Машинада Эркин ака ҳам бор эди. Мени уйимга яқин жойга ташлаб кетишди.
Мен ичган сувдаги дори кучи кетди шекилли, яна жавраб, эрталаб Гулчеҳра опани уйига кириб бордим ва уйғотдим. «Мен улардан ҳам қўрқдим. Сиёсатчи бўлиб қоласан деб айтганлигига сизлардан ҳам қўрқдим. Ҳеч кимни гапи қулоғимга кирмай, қўрқув васвасасига тушиб қолган эканман» дедим. Гулчехра опага бўлган гапни айтиб бердим. Миям чарчаб кетганини, уларга қарши ҳар хил нарсаларни ёздиришганини айтдим.
Шу куни мени УВДга олиб бориш учун Зулфиқаҳҳор ва Музаффар акалар келишди. Йўлда «Сиз сиёсатчилардан қўрқяпсизми?» деди Зулфиқаҳҳор. Мен улардан қўрқмаслигимни, улар менга ёмонлик қилмасликларини айтдим. «Яна нима гап? Сизга Маъмир билан учрашманг деб айтган эдик-ку. Яна миягизни заҳарлабсиз» деб ўшқирди Зулфиқаҳҳор. “Сизни мен қутқараман, Маъмир ёки Мўътабар опа эмас.
Сизга қандай қилиб тушунтирай? Сизни мендан бошқа ҳеч ким қутқара олмайди» деганида мени яна қўрқув босди. «УВДга борганда айтасиз нима гап бўлса. Қўшиб ҳам гапираверинг. Мендан энди қўрқманг, мен сизни ҳар пайтда қутқараман. Лекин Маъмирни маълумотини энди айтиб юрасиз. Энди Маъмир акангиз мендан кўрадиганини кўрсин. Мени кўзим энди очилишга келяпти» деди. УВДга борганимизда Зулфиқаҳҳор яна хат ёздирди.
Зулфиқаҳҳор мендан олдин Шухрат акани олдига кириб кетди, анчадан кейин мени олиб киришди кабинетга. Шухрат ака «Бугунги бўлган гапларни айтинг ва дарров ёзиб беринг. Энди кўзингиз очилгандур. Мана сизни ким чиқарди қамоқдан? Бизми? Ҳа, биз! Маъмир ёки Мўътабарлар чиқаргани йўқ. Зулфиқаҳҳорни гапи билан чиқдингиз, сиёсатчилар келиб қутқаришмади-ку. Сиз уларга пул ишлаб беришингиз керак. Энди сиз ҳақиқат томон бўлдингиз. Сиз энди диктофон қўйиб юрасиз. Биз айтган гапни айтиб, улардан маълумот оласиз» деди. «Ўзингизча хўп- хўп деб, ишингизни қилиб юраверасиз. Кейин “Қанча пул берай?” деб айтасиз. Уни ҳам сизга ўхшаб ушлаб оламиз. Кейин сиз бу қилган ишингиздан халос бўласиз, яъни сизга қўзғатилган жиноят ишини ёпамиз» дейишди. Уларнинг менга тушунтиришларича мен Зулфиқаҳҳорга диктофон орқали хабар бериб турар эканман.
«Шундай иш қилайликки, сиз жабрланувчи бўлиб чиқасиз ўйиндан. Маъмир мени вайрон қилмоқчи эди, сизни менга ўқ қилиб олиб. Сиз ҳали билмайсиз, бу ишни» деди. Менда Шуҳрат ака «Қўшниларинг сен томон эмас, уйингга бориб қўшнилардан сени сўраб келдик. Сенга ҳаммаси қарши» деб қўрқитди. «Сен ишонган Мўътабар ва Маъмир яхши деб айтишади деб ўйласанг адашасан. Сени болаларингга топган ўша битта нонни кўп кўришган пасткаш инсонлар экан. Қани энди сени қутқариб олсин-чи!
Ўша расво эринг ҳам сени «Бундай хотиним йўқ» деб айтди. Касалхонада ётган экан. Сендан болаларинг ҳам воз кечган. Мана бу ердан уйга сени олиб борамизми ёки шу ердан нари қамоққа формани кийдириб олиб кетамизми бу сенинг ўзингга боғлиқ. Суд ҳам сенга ёрдам беролмайди. Ўша Мўътабар бузуқ опанг, Маъмир аканг, яхши Гулчеҳра опанг ҳам сенга ёрдам бериб бўпти» деди.
Мен «Йўқ, улар менга яхшилик томонга ҳақиқатга олиб боряпти» деб айтсам, «Сени улар қўғирчоқ қилиб ўйнашяпти. Энди сенга Зулфиқаҳҳордан бошқаси ёрдам беролмайди» деди. Шу куни менга «Эрингга ҳам айтмайсан» деб ички кийимимга диктофон қўймоқчи бўлишди. Мен рози бўлмадим. Мен уларга мени орқамда Мўтабар опа турганлигини, мени қутқармоқчи бўлиб харакат қилаётганини, адвокат ёллаганлигини эшитганимни, қўни-қўшниларим хат ёзиб, мени химоямга имзо тўплашиб, мени ноҳақдан қамаганликларини, зудлик билан озод қилишларини талаб қилиш учун Хоким билан учрашишни талаб қилиб хокимият биноси олдига тўпланишгани, мени озод қилишмагунча тарқалмасликларини айтганлари учун мени чиқариб юборишга мажбур бўлганликларидан хабар топганимни айтсам,«Сени ортингдан ҳеч ким келгани йўқ, ҳе қандай адвокат сени сўраб келгани йўқ. Келганида учрашув бермасмидик?!» деди.
Узоқ сухбатдан сўнг мен Шуҳрат акага «Зулфиқаҳҳор ва уни одамлари бизни оилага хужум қилмасликлари, турмуш ўртоғимга тегмасликлари ҳақида ёзиб беринг» дедим. Шухрат ака «Агар бирор нарса бўлса менга айтаверасиз, ёзиш шарт эмас» деди у. Шундан сўнг кабинатдан Зулфиқаҳҳорни чиқариб юборди ва менга қараб «Сен буни устидан ариза қилмайсан. Бориб эрингга ҳам тушунтирасан. Зулфиқаҳҳор ҳам бориб, “Ойдинни қамоқдан мен қутқардим” демайди эл-юрт олдида» деди.
Шундан кейин коридорга чиққанимда бошлиқ турган экан. Мен унга «Мени сиёсатчиларга қўшилиб қолибсан деяпсизлар. Хўп энди мени эримни ишини ким кўради?» десам «Хозир эрингизни чақиртирамиз» деди. Мен унга эримни келолмаслигини, касалхонада оғир аҳволда ётганлигини айтдим. Кейин бошлиқ «Уйингизга боришади ўзлари” дедида, кейин “Шуҳратжон бу аёлникига бориб, эри билан сухбатини олиб келинглар» деди. Шундан кейин биз уйга қараб машинада йўлга тушдик. Йўлда Зулфиқаҳҳор менга «Энди сиз билан бартер қиламиз. Мен сизни ўзим қаматиб, ўзим сотиб олдим» деди.
Мана 40 кундан буён ҳам менинг оиламга қилинаётан зуғумлар ҳақида ёзаётган шикоятларимни кўриб чиқишмаяпти. Аксинча таниш билиши кўп, пули кўп депутатни ёлғон аризаси инобатга ўтиб, мени УВДдан келиб ушлаб, икки кеча хибсда сақлаб, қийнаб, ёш болаларимни ёлғиз, қаровсиз қолдириб, мени қаерга олиб кетганликларини яқинларимдан сир сақлашди. Ҳаттоки Олтиариқ туман ИИ Бошқармаси, Прокуратура, МҲХ хизматчилари, Хокимиятдагилар ҳам мени қаерга нима сабабдан олиб кетилганимни билмасликларини айтишган. Ҳатто мени хибсга олинишимга кўмаклашган ҚФЙ раисаси Ҳолида Жабборова ҳам билмаган мени қаерга олиб кетганликларини.
Мени ор-номусимни, ҳалқ ўртасидаги обрўйимни ким тиклайди? Шу ишларни қонуний ҳал қилиб бермасаларинг Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи органларга ўзим бориб мурожаат қиламан.
Охунжонова Ойдина
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish