Ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ҳибсга олинди
Фарғоналик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ўзининг хибс этилганига нисбатан норозилик белгиси сифатида очлик эълон қилди.
13 май куни Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари «Ўтюраклар» Клубининг рахбари Мўътабар Тожибоевани қўлга олишган. Унинг қизи Махлиё Пўлатованинг айтишича, онасига қизи билан телефонда гаплашиш учун 2 дақиқагина вақт беришган.
2005 йил, 13 май
«Менга онам билан учрашишга рухсат беришмади. Аммо телефонда онам ўзларини вилоят ИИБда ушлаб туришганини, бунга нисбатан норозилик белгиси сифатида очлик эълон қилганликларини айтишга улгурдилар, холос», – дейди Махлиё.
Фарғона вилояти ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари бу хабарни тасдиқлашган.
Вилоят ИИБ бошлиғи Хаким Ғойибназаровнинг сўзларига қараганда, М.Тожибоева ҳақиқатда бошқармада ушлаб турилибди.
«У «акромийлар» билан алоқадорликда гумон қилинаяпти. У Андижонга бормаслиги ва ушбу гуруҳни ҳимоя қилмаслиги керак эди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан биз уни бошқармада ушлаб турибмиз, негаки Фарғонада Андижон воқеаларининг такрорланишини хоҳламаймиз», – дея таъкидлади Ғойибназаров.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига қараганда, Андижондаги воқеалардан сўнг кўпчиликка маҳаллий маъмурият томонидан босимлар ўтказила бошланди. Расмийлар улардан ҳеч қандай норозилик тадбирида иштирок этмасликни талаб қилишмоқда.
(uznews.net мухбири Матлуба Азаматова).
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish