Мўътабар Тожибоева: Чаласавод судья хоним ҳужжатларни қалбакилаштириш жиноятлари фош бўлгач, суддан нажот сўраганларни жазолашга ўтди!
Биз зудлик билан судья Маткаримовани муддатидан олдин судялик вазифасидан чақиртириб олишни қатъий талаб қиламиз.
Юқорида баён қилинган ҳар бир фактларни атрофлича жиддий текшириб кўрганларингиздан сўнг судья Турғуной Маткаримованинг ҳар бир дақиқа судльялик вазифасида ўтириши жамиятимиз учун, хукумат учун, энг аввало захматкаш, оддий содда ва тўпори ҳалқимиз вакиллари учун ўта хатарли эканлигини ўзларингиз тушуниб етасизлар.
«Фуқаролик Жамияти» Ҳалқ Ҳаракати ҳамда «Ўтюраклар»
Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти
БАЁНОТ ТЕЛЕГРАММАСИ
20 июнь 2005 йил
1. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди раиси Зохид Ҳомидовга;
2. Нусхаси: Тошкент. Матбуотчилар кўчаси 6 уй Президент девонига. Президент Ислом Каримовга;
3. Нусхаси: Тошкент. Шевченко кўчаси б уй. Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига;
4. Нусхаси: Тошкент. Ҳамид Олимжон кўчаси Ҳалқаро Европада Ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилотининг (ОБСЕ) Ўзбекистондаги ваколатхонасига;
5. Тошкент. Хукумат уйи, Олий мажлис Сенат раиси Мурод Шарифхўжаевга;
6. Нусхаси: Тошкент. Президент девони. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясига;
7. Нусхаси: Тошкент. А.Қодирий кўчаси 1 уй. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига;
8. Нусхаси: Тошкент. А.Қодирий кўчаси 1 а-уй. «Куч адолатда» газетаси бош муҳарририга;
9. Нусхаси: Тошкент. Сайилгоҳ кўчаси 7 уй. Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати Кўмитасига;
10. Нусхаси: Тошкент: Академик Яҳё Ғуломов кўчаси 1 уй. Республика Бош прокуратурасига;
11. Нусхаси: Ўзбекистонда фаолият юритаётган Ҳалқаро ташкилотлар, Ҳалқаро матбуотлар журналистларига ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларига;
12. Нусхалари: Фарғона водийсидаги барча ташкилотлар, корхоналар, муассасаларга;
13. Нусхаси: Фарғона водийсидаги барча оммавий ахборот воситаларига ва маҳаллий хокимиятлар, маъмурий органлар рахбарларига, вакилларига
Мухтарам хонимлар ва жаноблар!
2004 йил 4 июнь куни Фарғона вилояти Охунбобоев туманидаги «ОМАД» Масъулияти чекланган жамиятнинг ҳиссадорлари номидан Ахатжон Мамажонов, Содиқжон Холхўжаев, Гулзорхон Шокирова, Йўлдошали Шокиров, Отабек Шокиров ва ҳиссадорларнинг ишончли вакили Алишер Юнусовлар Тошкентга – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга ва Президент ҳузуридаги судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясига телеграмма юборишганди.
Ушбу телеграммада қуйидаги жумладалар ёзилганди: «Мамлакат Президенти Андижон ва Сурхандарё вилоятларида ўтказилган сессияларда жон куйдириб гапирган гаплари Фарғона мафияси учун заррача таъсир қилгани йўқ. Қўлига қонунни қурол қилиб олган бу террористлар ўз амал курсиларидан даромад манбаи омили сифатида фойдаланишни давом эттирмоқдалар.
Президент ҳузуридаги судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссияси ва Республика Олий суди ҳомийлигида Фарғона вилоят фуқаролик судларининг фуқаролар устидан кулиб, уларнинг ҳақ ноҳақ эканликларини уларнинг судьяларга берадиган порасига қараб Ўзбекистон Республикаси номидан қарор ўқишлари ҳалқнинг норозилигини кучайтирмоқда.
Охунбобоев туманидаги «Омад» масъулияти чекланган жамиятнинг мол мулки маъмурий органлар томонидан талон-тарож қилинган. 80-100 миллион сўмлик мол мулк арзон гаровга 1489 минг сўмга бир пайтлар Ички Ишлар тизимида ОБХС бошлиғи бўлиб ишлаб қамалиб чиққан Эминов Фахриддинга мулкдорларга тайзиқ ўтказиб, қўрқитиб, ўтказиб берилган.
Марғилон туманлараро фуқаролик судининг судьяси Боқи Бўтаев бир пайтлар судя лавозимида ишлаб судьяликдан ҳайдалган адвокат Феруза Валиева билан жиноий тил бириктириб, жавобгар Охунбобоев туман ҳокимияти хисоблансада, «Фахриддин хожи» хусусий фермаси вакилларига даъво аризадан нусха бериб, уларни ажрим билан манфаатдор шахс деб танимай туриб даъвогарлардан судга берилган даъво аризани қайтариб олишга мажбур қилиб, тайзиқ ўтказган.
4 июнь куни эса суд жараёнини бошламай туриб, суд таркибини таништирмай туриб, даъвогар жавобгарларни шахсини аниқламай туриб, (чунки жавобгар йўқ эди) ишга умуман алоқаси бўлмаган «Фахриддин хожи» фермасининг адвокати Феруза Валиеванинг мантиқсиз талабномасини мухокама қилди.
Даъвогарлар унинг бу ноқонуний ҳатти-харакатидан норози бўлиб судья Боқи Бўтаевга отвод бердик. Кўзига олган пораси кўринган судья ҳаттоки отводни ҳал этиш жараёнида ҳам Феруза Валиева ва Ферма вакилини иштирок этиш учун суд залига таклиф этди.
Мулкдорлар ўз ҳаққи ҳуқуқини қонуний талаб қилаётгани учун тайзиқ кучаймоқда. Вилоят хокимиятининг биринчи ўринбосари Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи 2003 йил 5 май куни ўзининг 01/09-534 сонли аризани ўрганиш натижаси юзасидан Охунбобоев туман ҳокими Қўчқоровга «А.Ниёзов ширкат хўжалиги бошқаруви раиси Каромат Умматқуловага алоқа хати йўллаб ушбу хатни кўриш натижаси Вилоят Қишлок ва сув хўжалиги бошқармасига 2003 йил 1 июнь кунига қадар маълум қилинсин» деган бўлсада, шунингдек 2003 йил 7 август куни 01-09-803- сонли хат билан вилоят прокурори Умматали Шамсиевга қонуний ҳал қилишни сўраб ёзилган хатлар ҳам жавобсиз қолган.
Ўта жиддий қонунбузилишлар акс эттирилган 34 вароқли текшириш материалларидан кўз юмган прокуратура тизими ҳиссадорларга, асосан ўз ҳуқуқини талаб қилганларга тайзиқни кучайтириб бормоқда. Натижада Охунбобоев туман прокуратурасининг сайъи харакатлари туфайли ҳиссадор Шокиров Отабекни қилмаган жиноятини уриб, қийнаб, азоблаш натижасида «талончилик жинояти содир этган» деб қалбаки хужжатлар билан жиноятчига чиқардилар ва хозир у жиноят ишлари Ёзъёвон туман судида судланмоқда.
Биз ҳиссадорлар ҳар қандай тайзиқдан қўрқмаймиз ва ўз қонуний ҳуқуқларимизни талаб қилиб Ҳалқаро майдонга чиқишга ҳам тайёрмиз. Биз порахўр судья Боқи Бўтаев ва унинг жиноий кирдикорлари ҳомийларини исътефога чиқарилишларини, бизнинг ишимизни ўз касбига садоқатли ҳалол судья кўриб қонуний ҳал этилишини талаб қиламиз.
Акс ҳолда порахўр ва чаласавод кимсаларни судьялик лавозимига қўйиб прокуратура ва маҳаллий хокимият рахбарларининг жиноий кирдикорларини яширишларига имконият яратиб бераётган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясининг исътефосини талаб қилиб 7 июнь куни Марғилон туманлараро фуқ1аролик суди биноси рўпарасида рухсат этилмаган норозилик намойиши ўтказишга мажбурмиз ва ноқонуний намойиш ўтказганлигимиз учун ҳар қандай чорага ҳам тайёрмиз»
Ушбу телеграмма юзасидан текширишлар ўтказилиб, Марғилон туманлараро фуқаролик судининг судьяси Боқи Бўтаев ўзининг аризаси билан судьялик лавозимидан четлаштирилди. «Омад» масъулияти чекланган жамияти ҳиссадорларининг берган даъво аризаларини эса 2004 йил 15 июнь куни суд раиси Зокиржон Хатамов кўриб, аризани кўрмасдан қолдириш ҳақида ажрим чиқарди ва у ўз ажримида «даъвогарлар Розиқ Қодиров, Содиқ Ҳолхўжаев, Гулизор Шокирова, Йўлдош Шокиров ва уларнинг ишончли вакиллари М.Тожибоева А.Юнусовларнинг жавобгар Охунбобоев туман Хокимиятига нисбатан «Ғайриқонуний қарор ва унинг асослари хисобланмиш ғайриқонуний расмийлаштирилган хужжатларни бекор қилиш ва фуқаровий даъвогарларнинг ҳуқуқларини тиклаш ҳақидаги» даъво аризаси кўрмасдан қолдирилсин ва иш юритиш тамомлансин. Даъвогарларга ишнинг ҳал этилишига тўсқинлик қилаётган холатларни бартараф этиш йўллари ажримда тушунтирилганини эътиборга олинсин» дейилган.
Бу ажрим чиқарилганидан кейин ҳиссадор Шокиров Отабекни талончилик жиноятида айблаб, ҳиссадорларни қўрқитиб қўйиш учун тайзиқлар кучайгандан кучайди. Бу ишга тўлигича Америка Юристлар ассоциацияси ва Швейцария элчихонасидан инсон ҳуқуқларини тиклаш борасида грантлар олиб ишлаётган Феруза Валиева ҳам жонбозлик кўрсатди. Ҳақиқат қарор топиб Шокиров Отабек жиноят содир этмаганлиги исботланди. Шундан кейингина 2005 йил 30 май куни Охунбобоев тумани нотариал идораси ва «Фахриддинхожи» хусусий фермаси жавобгар сифатида ишга жалб қилиниб, «Нотариал тасдиқланган хужжатларни ҳақиқий эмас деб топиш ва улуш ундириш ҳакида» даъво ариза ёздик.
Боқи Бўтаевнинг учирма бўлишича сабаб бўлган «Омад» Масъулияти чекланган Жамиятнинг даъвогарлари бошидан бошлаб судья Турғуной Маткаримовага ёқишмади ва «даъво аризага ҳокимиятнинг қарорини бекор қилдиришни ҳам қўшиб ёзмасаларинг даъво аризани қабул қилмайман» деб даъвогарларни жуда кўп марта сарсон қилди.
Қачонки даъвогарлар суд раиси Зокиржон Хатамов қабулига киришганидан кейингина даъво аризани топширишга мушарраф бўлишди.
Даъвогар Ҳасанов Аҳмадали эса судда даъво қўзғатиб, Марғилон шаҳар Қизил Косиб маҳалласи Навоий кўчаси 202 уйдаги мерос масаласидаги ўзининг улуши 12/9 қисмини ташкил қилишини, акасининг улуши эса 12/З қисмни ташкил қилишини билдириб, ховли жойнинг ер майдонини улушларига мутаносиб равишда бўлиб беришни ҳамда акаси билан биргаликда йиллар давомида тўплаб келган 5157000 сўмлик 77 турдаги мулкларни акаси ва унинг хотини Тожибоева Х. яшириб қўйиб бермаётганликларини билдириб, улардан ушбу мулкларни ундириб беришни сўраган.
Судья хоним эса 2005 йил З март куни ўғилчаси Равшан касаллиги учун касаллик таьтилида бўлсада, ғайриқонуний равишда Хасанов Аҳмадалини алдаб келишув битимига имзо чектиргизиб, шу куни ғайриқонуний ажрим чиқарган. Ажрим якунида «Ажримдан норози тараф 10 кун муддат ичида шу суд орқали фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судига аппеляция тартибида шикоят қилишга, прокурор протест келтиришга ҳақли» деган.
10 март куни эса аслида жавобгар бўлган, Турғуной Маткаримованинг сайъи харакатлари билан даъвогарга айланиб қолган Ҳайдарали Хасанов ва Хаётҳон Тожибоеваларнииг даъво аризасини муҳокама қилиб, «Марғилон шаҳар хокимининг 23.02.1995 йилдаги 81-сонли, 31.03.1999 йилдаги 177-сонли қарорларига «Ҳасанов Аҳмадали» ўрнига «Хасанов Хайдарали Асқаралиевич» деб ўзгартириш киритилсин» деб қарор қилди.
Судя хоним ушбу қарори ҳам, З март кунги ажрими ҳам ғайриқонуний эканлигини аниқ билгани ҳолда ажрим ва қарор устидан шикоят қилинишини олдини олишга харакат қилган. Энг аввало З март кунги чиқарилган ғайриқонуний ажрим нусхасини даъвогар Хасанов Ахмадалига бермасликка харакат қилган.
Хасанов Аҳмадали 14 март кунигина ажримдан нусха олишга эришган ва дарҳол Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судига, Президент Ислом Каримовга, Президент ҳузуридаги судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясига, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбариятига аппеляция тартибида шикоят ёзиб, 23 март куни буюртма хат орқали барча идораларга юборган.
У ўзининг шикоятида қуйидагиларни ёзганди: «Мен ўз дардимни айтишдан аввал бир масалага ойдинлик киритиб олишни лозим топдим. Авваллари судья лавозимида ишлаган, хозирда адвокатлик қилаётган Худойназаров Абдужабборнинг 2-хотини, яъни ЗАГСдан ўтмасдан ноқонуний яшаб 2003 йил ноябрда Равшан исмли фарзанд кўрган аёл Турғуной Маткаримовани ким, нима сабабдан, қандай мантиқсизлик билан судьялик лавозимига тавсия этгани, унинг ноқонуний яшаш турмуш тарзини била туриб судьялик лавозимига муносиб кўргани нафақат мени, балким бутун Марғилонликларни қизиқтирмоқда. Шу саволимга албатта уни судьялик лавозимига тасдиқлаган Мухтарам Президентимиз Ислом Каримовдан жавоб кутиб қоламан.
Мен Марғилон туманлараро фуқаролик судининг судьяси Турғуной Маткаримова 2005 йил З март кунги чиқарган келишув битими тузиш ҳақидаги ажримини тинимсиз равишда талаб қилишлар эвазига фақатгина 14 март куни олиш бахтига муяссар бўлдим колос. Бу ажримда «даъвогар Хасанов Аҳмадалининг жавобгарлари Хасанов Ҳайдарали ва Тожибоева Хаётхонларга нисбатан ер майдонини улушларга мутаносиб бўлиш, 77 турдаги буюмларни ундириш ҳақидаги, жавобгар Хасанов Ҳайдаралининг 22 турдаги мослама ва буюмларини ундириш, хоким қарорларини ўзгартириш ва эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги қарши даъвоси бўйича фуқаролик иши бўйича тарафларнинг келишув битими тасдиқлансин» деб ёзилган. Мен келишув битимига судья Т.Маткаримованинг манфаат кетидан қувиши натижасида унинг алдовлари билан имзо чекканман.
Чунки у бошқа кимсалар билан тил бириктириб мени алдаганлигини ушбу ажримнинг ажрим қилиш қисмидаги «Фуқаролик ишининг Хасанов Ҳайдарали ва Тожибоева Ҳаётхонлар томонидан қарши даъво тарзида берилган Марғилон шаҳар хокимининг 23.02.1995 йилдаги 81- сонли, 31.03.1999 йилдаги 1 77-сонли қарорларига ўзгартириш киритиш ва «Парвоз» хусусий фирмаси савдо дўкони биносига нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги қисми мазмунан кўриш учун алоҳида иш юритувига ажратилсин» деб ёзганлигидаёқ ўз аксини топмоқда.
Мен ушбу ажримнинг ноқонунийлигини аппеляция судлов ҳайъатида ўзимнинг иштирокимда кўриб чиқилишини қатъий талаб қиламан. Суд мажлиси давомида мен Турғуной Маткаримованинг ҳақиқий башарасини далиллар, хужжатлар билан исботлаб бораман. Даъвогар Аҳмадали Хасанов».
10 март кунги чиқарилган ғайриқонуний ҳал қилув қарорига нисбатан ҳам Аҳмадали Хасанов ўз муддатида, яъни 23 март куни аппеляция шикоятига қабул қилиб олганликлари ҳақида имзо чектиргизиб топширган.
Лекин судьялик лавозимини имтиёз деб билган судья Маткаримова 28 март куни қонунсиз ажрим чиқариб, қуйидагиларни ёзган ўз ажримида:
«Даъвогар Хасанов Аҳмадали Асқаралиевичнинг жавобгарлар Хасанов Хайдарали ва Тожибоева Ҳаётхонларга нисбатан 77 турдаги мулкларни ундириш, ер майдонини улушларга мутаносиб бўлиш ҳақидаги даъвоси, Хасанов Ҳайдарали ва Тожибоева Ҳаётхонларнинг 22 турдаги мослама ва буюмларни ундириш, хоким қарорларига ўзгартириш киритиш, эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги қарши даъвоси бўйича фуқаролик иши юзасидан 3.03.2005 йилдаги келишув битимини тасдиқлаш, қарши даъвонинг бир қисмини алоҳида иш юритувига ажратиш ҳақидаги ажрими ҳамда қарши даъвони алоҳида иш юритувга ажратиш қисми бўйича 10.03.2005 йилда чиқарган ҳал қилув қарори юзасидан келтирилган аппеляция шикояти харакатсиз қолдирилсин.
Даъвогарга ушбу аризани топширишда йўл қўйилган камчиликларни тузатиш, давлат божи тўлагангани ҳақидаги хужжатни тақдим этиш, шикоятни ҳал қилув қарори ва ажрим учун алоҳида – алоҳида ҳолда топшириш учун З кун муддат берилсин. Берилган муддат давомида камчиликларлар бартараф этилган ва тегишли хужжатлар тақдим этилган тақдирда шикоят дастлаб топширилган куни берилган хисоблансин. Акс ҳолда шикоят берилмаган ҳисобланиб, даъвогарга қайтарилсин»
Ушбу телбаларча чиқарилган ажримнинг ғайриқонунийлиги шундаки, Хасанов Аҳмадали З март кунги ажримга алоҳида, 10 март кунги ҳал қилув қарорига алоҳида аппеляция шикояти ёзиб топширган. Буни Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди раиси З.Ҳомидовнинг 2005 йил 30 март кунги 1-13/05-сонли Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг раиси 3.Хатамовга нусхасини Аҳмадали Хасановга юборган «Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди сизга, фуқаро А.Хасановни фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг 2005 йил З мартдаги ажримидан норози бўлиб ёзган шикоятини аппеляция тартибида расмийлаштириш масаласини ҳал қилиш учун юбормоқда» деган алоқа хати ҳам тасдиқлаган.
Турғуной Маткаримова ўзининг қонунга зид равишда З март кунги ва 28 март кунги ажримлари ва 10 март кунги ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдириш учун қилмаган жирканчликлари қолмади. Унинг кирдикорлари ҳақида Аҳмадали Хасановни чақиртириб ўзининг ўзидан Маткаримованинг жирканчликлари ҳақида тушунча беришини сўрашларингизни талаб қиламан.
Судья хоним ҳар қанча чиранмасин 30 май куни Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят судининг кассация хайъати Маткаримованинг ғайриқонуний ажримларини бекор қилиб, аппеляция тартибида шикоятни расмийлаштириш учун Марғилон туманлараро фуқаролик судига юборди. Лекин Наманганнинг тажрибали судьялари Маткаримованинг «маҳоратига» тан беришди. Чунки уни одил судловга қарши қилган жиноятини яшириш мақсадида нафақат ҳужжатларни қалбакилаштирганлиги, балким Хасанов Аҳмадалининг судга даъво ариза топширган пайтидаги тўлаган давлат божи квитанциясини ҳам ғаразгўйлик мақсадида иш материаллари ичидан олиб ташлаганлигини ҳам аниқлашди.
Лекин биргина чаласавод судьянинг кирдикорлари туфайли фуқаролар 3 марта овора бўлиб Наманганга қатнашди. Маткаримованинг айби билан ўз ҳаққи ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қиламан деган фуқаролар ҳам моддий, ҳам маънавий зарар кўрдилар.
Фуқаро Хусанов Абдусаттор ва Хусанов Абдупаттолар ҳам Марғилон туманлараро фуқаролик судига ғайриқонуний равишда маъмурий жавобгарликка тортилиши натижасида етказилган маънавий зарарни ундириш ҳақида Марғилон шаҳар молия бўлимини ва маънавий зарарни ундириш ҳақида Абдуллажонов Отабекни, Комилов Рустамни ва Эгамбердиев Нодирни жавобгар сифатида судга беришди.
Маънавий зарарни Марғилон шаҳар молия бўлимидан ундириш ҳақидаги аризани кўриш судья Усмон Норматов зиммасига юклатилган. Жавобгарлар Абдуллажонов Отабек Неъматович, Комилов Рустам, Эгамбердиев Нодир Неъматович, Тошлоқ туман суд ижро бўлимига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъвоси бўйича фуқаролик иши эса Турғуной Маткаримовага бириктирилган.
Жавобгар Абдуллажонов Отабек ва унинг отаси бир неча йилдан буён судма-суд юриш жараёнида ҳар доим Абдусаттор Хусановга очиқдан очиқ маъмурий органлар вакилларига ва судяларга ҳар қанча пул сарфлаб бўлсада Абдусаттор Хусановга бирор сўм маблағ тўламаслигини, Хусановнинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини тинимсиз уқтириб келганлар. Бунинг исботи дастлаб Жиноят ишлари бўйича судларда бир неча маротаба исботланган бўлса, Марғилон туманлараро фуқаролик судида ҳам яққол намоён бўлди.
Судья Норматов молия бўлимини жавобгарликка тортиб, амалдорларга ва жавобгарларга хунук кўриниш ўрнига хужжатларни қалбакилаштириб бўлсада ишни кўрмасдан қолдиришни афзал курди. 2005 йил 15 апрель куни «даъвогар А.П.Хусанов жавобгар Марғилон шаҳар Молия бўлимига нисбатан ғайриқонуний равишда маъмурий жавобгарликка тортиш натижасида етказилган маънавий зарарни ундириш ҳақидаги фуқаролик иши бўйича суд мажлисига бир неча маротаба чақирилган, даъвогар узрли сабабларсиз судга келмаган. Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 97-моддаси 5-бандида ишни ўзини иштирокисиз кўришни илтимос қилмаган даъвогар иккинчи чақирув бўйича ҳам судга келмаса суд ишни кўрмасдан қолдириши курсатилган. Ушбуга кўра фуқаролик ишини кўрмасдан қолдириш лозим бўлади» деб ажрим чиқарган.
Бу ажримда «Ушбу фуқаролик иши бўйича даъвогар узрли сабабларсиз судга келмаганлиги сабабли фуқаролик иши кўрмасдан қолдирилсин. Ажримдан норози томон 10 кунлик муддат ичида шу суд орқали Фарғона вилоят фуқаролик судига шикоят қилишга ҳақлидир» деган.
Лекин бу чиқарилган қонунга зид ажримни олиш учун 60 кун вақт сарфладик, ва атига 15 июнь кунигина ушбу ажримни қўлга киритишга муяссар бўлдик.
«Ўрик ўрикни кўриб олайибди» деган мақолга амал қилган Турғуной Маткаримова хужжатларни қалбакилаштиришда устози Усмонжон Норматовни ҳам чангда қолдириб кетди. 2005 йил 20 апрел куни Турғуной Маткаримова «даъвогар Хусанов Абдусаттор ва Хусанов Абдупаттонинг жавобгарлар Абдуллажонов Отабек Неъматович, Комилов Рустам, Эгамбердиев Нодир Неъматович, Тошлоқ туман суд ижро бўлимига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъвоси бўйича фуқаролик иши ишни ўзларининг иштирокисиз кўришни илтимос қилмаган даъвогарлар иккинчи чақирув бўйича судга ҳозир бўлмаганликлари, жавобгарлар эса ишнинг мазмунан кўрилишини талаб қилмаганликлари сабабли кўрмай қолдирилсин» деб қонунсиз ажрим чиқарди.
Хужжатларни қалбакилаштиришга устаси фаранг бўлиб улгурган Маткаримова ўзининг ғайриқонуний ажримини қуйидагича асослаган:
«Ушбу даъво юзасидан фуқаролик ишини мазмунан кўриш 25 март 2005 йил кунига тайинланган ва суд чақирув қоғозлари тарафларга шахсан топширилганига қарамай, тарафлар узрли сабабларсиз судга келмадилар. Ишни кўриш 5 апрель кунига қолдирилиб, тарафларга телеграммалар юборилди, тарафлар судга хозир бўлмадилар. Шундан сўнг ишни куриш 18 апрель куни соат 14-00га қолдирилиб, тарафларга яна телеграммалар юборилди. Ишни кўриш белгиланган соатда тарафлар ҳозир бўлмаганликлари учун ишни кўриш шу куни соат 16-00га қолдирилди. Соат 16-да эса жавобгарларнинг судга ҳозирлиги, даъвогарларнинг судга келиб, суд мажлиси бошлангунча қадар намойишкорона чиқиб кетганликлари аниқланди.
Ишни кўриш 20 апрель куни соат 11-га қолдирилиб, даъвогарларга телеграммалар юборилди. Белгиланган вақтда суд мажлисига фақатгина жавобгар Р.Комиловнинг хозирлиги, бошқа иштирокчиларнинг судга ҳозир бўлмаганликлари аниқланиб, ишни кўриш шу куни соат 14-га қолдирилди. Соат 14- 10да суд мажлиси очилганда судга барча жавобгарларнинг хозирлиги, даъвогарлар эса судга келмаганликлари аниқланди».
Усмонжон Норматов ва Турғуной Маткаримовалар Фуқаролик Процессуал Кодексини яхши билишлари ва ушбу Кодексга асосланиб ишлашлари керак эди.
ФПКнинг 13-Суд хабарномалари ва чақирувлари бобини 134-моддасида «Чақирув қоғози ишда иштирок этувчи шахсларга ва процесснинг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишларини мўлжаллаб топшириши керак» дейилган. 135-моддада эса «Судья чақирув қоҳозини етказиб бериш вазифасини топширган шахс чақирув қоғозининг иккинчи нусхасини чақирулувчининг чақирув қоғозини олганлиги тўғрисидаги имзоси билан судга қайтариши шарт» деган.
ФПКнинг 175-моддасида эса «Агар тарафлар (даъвогар ва жавобгар) узрсиз сабабларга кўра суд мажлисига келмаса, ёхуд уларнинг биронтасидан ҳам ишни ўзининг иштирокисиз кўриш тўғрисида ариза тушмаган бўлса, суд ишни кўришни кейинга қолдиради.Тарафлар иккинчи чақирув бўйича ҳам узрсиз сабабларга кўра келмасалар, суд аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли. Фақат даъвогар иккинчи чақирув бўйича ҳам узрсиз сабабларга кўра келмаса, суд жавобгарнинг розилиги билан аризани кўрмасдан қолдиришга ҳақли» дейилган.
174-моддасига асосан эса «Ишда иштирок этувчи шахслардан биронтаси суд мажлисига келмаган тақдирда, унга чақирув қоғози топширилганлиги тўғрисида маълумот бўлмаса, суд ишни кўришни кейинга қолдиради. Агар ишда иштирок этувчи шахслар тегишли тартибда суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган бўлиб, суд узрли деб топган сабабларга кўра суд мажлисига келмаган бўлсалар, суд ишни кўришни кейинга қолдиради» дейилган.
Лекин даъвогар судья Норматов номидан биронта ҳам чақирув қоғози олмаган. Ушбу фуқаролик ишини кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ажримдан ҳам Норматов меҳнат таътилига чиқиб кетганидан кейин хабар топдик. Норматовнинг котибларидан иш материаллари орасида чақирув қоғози бор-йўқлиги, у ердаги имзолар кимга тегишли эканлигини аниқлаш учун иш материаллари билан танишиш учун беришларини сўраганимизда тутуриқсиз жавоблар бериш билан чегараланишиб фуқаролик ишини кўрсатишмади.
Жиноятлар содир этишдан асло чўчимайдиган Турғуной Маткаримова эса яна устози Норматовдан ўтишга харакат қилди. У фуқаролик ишини «25 март 2005 йил кунига тайинланган ва суд чақирув қоғозлари тарафларга шахсан топширилганига қарамай, тарафлар узрли сабабларсиз судга келмадилар» деб ўз ғайриқонуний ажримида ёзган бўлсада, даъвогарларга 25 март куни иш кўрилиши ҳақида ҳеч қандай чақирув қоғози берилмаган.
Иш материаллари ичида Хусанов Абдусатторни чақирув қоғозини олганлиги ҳақидаги тилхатдаги имзо эса даъвогар Хусанов Абдусатторга тегишли эмас, яъни Маткаримова ўзининг котибаси Дилфуза Қодирова билан жиноий тил бириктириб тилхатдаги имзони сохталаштирганлар. Даъвогар Хусанов Абдупаттонинг имзосини қалбакилаштиришга улгуришмасдан қолибди.
Турғуной Маткаримова ўзининг ғайриқонуний ажримида «Ишни кўриш 5 апрель кунига қолдирилиб, тарафларга телеграммалар юборилди, тарафлар судга хозир бўлмадилар» деган. Лекин иш материаллари ичида ушбу фуқаролик ишини 5 апрель куни кўрилишини, судга етиб келишни талаб қилиб жавобгарлар Абдуллажонов Отабекка, Комилов Рустамга ва Эгамбердиев Нодирга юборилган телеграмма ва Тошлоқ тумани суд ижро департаментига юборилган алоқа хати нусхалари тикилган холос. Муҳтарама судья хоним ушбу судга даъвогарлар Хусанов Абдусаттор ва Хусанов Абдупаттони чақиришни «унутиб қўйибди».
«Шундан сўнг ишни кўриш 18 апрель куни соат 14-00га қолдирилиб, тарафларга яна телеграммалар юборилди. Ишни кўриш белгиланган соатда тарафлар хозир бўлмаганликлари учун ишни кўриш шу куни соат 16-00га қолдирилди. Соат 15-да эса жавобгарларнинг судга хозирлиги, даъвогарларнинг судга келиб, суд мажлиси бошлангунча қадар намойишкорона чиқиб кетганликлари аниқланди» дея Риштон туманлараро фуқаролик судининг чаласавод ва порахўр суд раиси Абдуқаҳҳор Қодирқуловдан ўрнак олиб ёзган Маткаримова фирибгарлик ва товламачиликда бу устозини ҳам доғда қолдирибди.
Чунки даъвогарлар икки ой аввал берилган даъво аризалар қачон мухокама қилинишини сураб фуқаролик судига бориб Маткаримовани қабулига кириб, ишни кўрилмаётганлиги юзасидан Республика идораларига мурожаат қилишларини айтганларидан кейин у ишни 18 апрель куни соат 14га белгилаганликларини айтган. Кундуз соат 14да Марғилон туманлараро фуқаролик судига етиб бориб 16гача кутиб ўтирдик. Маткаримова тушликдан келиб бошқа бир ишни бошлаб юборди ва икки соатда ҳам бўшамади.
Шу пайт суд идораси олдида турган жавобгарлар даъвогарларага хали кўп овора бўлишларини, ҳамма нарсанинг отаси пул эканлигини, барибир судялар ўзларнинг айтганларини қилишларини айтиб даъвогарларни махаз қилганларидан кейин даъвогар Хусанов Абдупаттони қон босими кўтарилиб кетиб аҳволи оғирлашди ва унга тиббий ёрдам кўрсатиш учун 16-да суддан кетишимизга тўғри келди. Унгача Маткаримовани, судни бошлашини талаб қилиб қабулхонада узоқ муддат кутиб ўтирдик. Лекин қариянинг аҳволи оғирлашгани ҳам судья хонимни пинагини бузмади. Биз бекорчихўжалар эмаслигимиз, ишни аниқ кўрадиган вақтига чақиртиришини айтиб кетдик.
Биз суд идорасини тарк этишимиз билан судя хоним ушбу фуқаролик иши бўйича олган порасини ҳалоллаб қўйиш учун котибаси ва жавобгарларга қалбаки далолатнома тузиб қўйишни таклиф қилган ва натижада суд мажлиси котибаси Д.Қодирова, иш бўйича жавобгарлар Абдуллажонов Отабек, Комилов Рустам, Эгамбердиев Нодир ва Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги қўриқлаш бўлинмаси ходими Х.Рахмоновлар имзолаган сохта далолатнома иш материаллари орасига тикилган.
Расмийлаштирилган қаблаки далолатномада «Ушбу фуқаролик суди даъвогарлар Хусанов Абдусаттор ва Хусанов Абдупаттоларни жавобгарлари Абдуллажонов Отабек ва бошқаларга нисбатан моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги фуқаролик иши суд мажлисида кўриш учун 18 апрель куни соат 14га тайинланган бўлиб тарафлар 14га келмаганлиги учун соат 16га қолдирилиб, даъвогар Қўзиев Қурбоналини жавобгар Тошлоқ туман ҳокимлигига нисбатан «Хоким қарорини бекор қилиш» ҳақидаги фуқаролик иши бошланди.
Соат I4да Хусановларни даъвоси бўйича фуқаролик иши суд мажлиси очилганида судга фақат жавобгарлар ва жавобгар вакили хозирлиги, даьвогарлар эса суд мажлисида иштирок этмаётганликлари аниқланди» дейилган. Бу ФПКнинг қайси моддасига тўғри келади фақатгина Турғуной Маткаримова-ю, унинг имзоларни, хужжатларни қалбакилаштиришга устаси фаранг бўлиб қолган котибаси Қодирова билишади холос.
Ғайриқонуний ажрим ёзилишда давом этиб, «Ишни кўриш 20 апрель куни соат 11- га қолдирилиб, даъвогарларга телеграммалар юборилди. Белгиланган вақтда суд мажлисига фақатгина жавобгар Р.Комиловнинг хозирлиги, бошқа иштирокчиларнинг судга хозир бўлмаганликлари аниқланиб, ишни кўриш шу куни соат 14га қолдирилди. Соат 14- I0да суд мажлиси очилганда судга барча жавобгарларнинг хозирлиги, даъвогарлар эса судга келмаганликлари аниқланди» дейилган.
Иш материаллари ичида эса фақатгина даьвогар Хусанов Абдусаттор номига 20 апрель кунига судга чақириб телеграмма юборилганлиги ҳақидаги хужжатни иш материллари орасига тиқишган ва негадир телеграмма юборилган манзилгоҳга, яъни даъвогарлар туғилганидан буён ҳеч қаерга вақтинча бўлса ҳам кетмасдан бутун бошли оила аъзолари билан яшаётган масканида яшамайди деган қалбаки қоғозни тикиб, ишни кўришни соат 14га қолдирибди.
Соат 11да даъвогарлар ва жавобгарлар келмаганлиги учун ишни кўришни соат I4га қолдиргач, жавобгарларни келтириш учун харакат қилиб чақирув қоғози билан чақириб олибди, лекин даъвогарни чақиртириш учун ҳеч қандай харакат қилмаган. даъвогарнинг суд мажлиси бўлишидан бехабарлигидан фойдаланиб 20 апрель кунги ғайриқонуний ажримини чиқарган.
28 апрел куни ФПКнинг талабларига кўра даъвогарлар Хусанов Абдусаттор ва Хусанов Абдупаттолар судя Маткаримова номига ариза бериб «Иш бўйича биз 18 апрель куни соат 14да келиб, 16гача кутдик, лекин суд мажлиси бўлмаганлиги учун қайтиб кетдик. 20 апрель куни суд мажлиси бўлишидан бехабар бўлганмиз, чунки бизга суд чақирув қоғози ёки телеграмма берган эмас. Шу сабабли кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ажримни бекор қилиш, фуқаролик ишини тиклашингизни сўраймиз» дейишган.
5 май куни Маткаримова яна бир ғайриқонуний ажрим чиқариб, «даъвогарлар Хусанов Абдусаттор ва Хусанов Абдупаттонинг жавобгарлар Абдуллажонов Отабек ва Комилов Рустам, Эгамбердиев Нодир, Тошлоқ туман суд ижро бўлимига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича фуқаролик ишини кўрмай қолдириш ҳақидаги суднинг 20 апрель кунги ажримини бекор қилиб иш юритишни тиклаш ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантиришдан рад қилинсин» дейилган.
Бу ғайриқонуний ажримни чиқаришга эса қуйигича сабаб мавжуд.
«Ушбу илтимосномани кўриш жараёнида тарафларнинг барчаси чақирилганига қарамай тарафлардан Тошлоқ туман суд ижро бўлими катта суд ижрочиси, жавобгар Комилов Рустам, жавобгар вакили адвокат Бадридин Алимовлар суд мажлисида иштирок этдилар. Жавобгарларнинг барчалари ишни кўрмай қолдириш ҳақидаги ажримни бекор қилмасликни талаб қилдилар». Бундан кўриниб турибдики, Маткаримова олган порасини янада ҳалоллаб олишга астойдил бел боғлабди. Унинг учун жавобгарларнинг талаблари қонун, даъвогарнинг қонун олдида ҳақ эканлиги билан неча пуллик иши бор!?
Маткаримованинг Марғилонда қилаётган жиноятлари сиёсий можороларга олиб келишини билдириб, 6 май куни Марғилон туманлараро фуқаролик суди раиси Зокиржон Хатамовнинг қабулига даъвогар Хусанов Абдусаттор билан биргаликда кириб, иш материаллари асосида текширганимизда юқорида баён қилинган холатлар аниқланди ва шу куннинг ўзида Маткаримова ва котиба Қодировалар иштирокида вазиятни Хатамов мухокама қилди. Чақирув қоғозидаги даъвогар Хусанов Абдусатторни имзосини Қодирова томонидан қалбакилаштирилганлиги маълум бўлди.
Маткаримова ўзининг қилган жиноятларини тушуниб етиб, агар ҳозир ишни янгитдан кўришга олмаса нафақат судялик лавозимидан маҳрум бўлиши, балким ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилишини тушуниб етиб даъвогарнинг номидан ишни янгитдан тиклашга ариза ёздирғизиб олиб ишни янгитдан кғришга мажбур бўлди. Лекин уни жавобгарлардан олган пораси ва суд раиси олдида жиноятини фош қилган даъвогарлардан ўч олиш ҳисси аланга олган эди.
Фуқаролик ишини 14 июнь куни кўришга белгиланган бўлишига қарамасдан жавобгарлардан биронтаси ҳам судга келмади. Фақатгина суд бошланишидан олдин жавобгарларнинг адвокати Бадриддин Алимов судянинг қабулига кириб улар узоқ вақт нималарнидир пичирлашиб, қандайдир режалар тузишди ва жавобгарларнинг адвокати ҳам ишда иштирок этмасдан кетди.
Судья Маткаримова аввалги олган пораларидан ҳам кўра кўпроқ миқдордаги порани ҳозир қабул қилиб олган одамдек босар тусарини билмай қолди ва «Ушбу фуқаролик ишини суд мажлисида кўриш чоғида даъвогар Хусанов Абдусаттор суд мажлисдаги тартибни бузиб раислик этувчига хурматсизларча муомилада бўлди, бир неча бор суд номидан огоҳлантирилишига қарамай саволларга жавоб қайтаришдан ва суд мажлисидаги тартибга бўйсунишдан бош тортиб, раислик этувчига қўрс ва қўпол муомилада бўлди. Суд, суд мажлисидаги тартибни бузгани учун даьвогар Хусанов Абдусатторга энг кам ойлик иш ҳаққининг беш баробари миқдорида жарима белгилашни лозим топди» деб ажрим чиқарди.
Шундай қилиб, 14 июнь куни навбатдаги ғайриқонуний ажрим дунё юзини кўрди. Унга кўра «Хусанов Абдусаттор Паттоевич 2202.1967 йилда туғилган, Тошлоқ тумани Қўрғонча қишлоқ фуқаролик йиғини, Ибн Сино кўчаси 16 уйда яшовчидан 39180 (ўттиз тўққиз минг бир юз саксон) сўм миқдорида жарима ундирилсин.
Ушбу ажримга нисбатан хусусий шикоят қилиш мумкин эмас».
Юқоридаги далиллар судья Турғуной Маткаримованинг кирдикорларидан бир шингили холос. Биз зудлик билан юқорида баён қилинган ҳолатлар бўйича хизмат текширувлари ўтказилишини ва хизмат текшируви натижасига кўра қонуний тарзда судья Усмон Норматовнинг 2005 йил 15 апрель кунги, Турғуной Маткаримовани 14 июнь кунги ғайриқонуний ажримларини бекор қилиб, уларга нисбатан интизомий иш қўзғашни, шунингдек ишни янгитдан кўришга холис ва адолатли судяларга топширишларингизни сўраймиз. Одил судловга қарши жиноятлар содир этганликлари учун уларга нисбатан жиноят иши қўзғатишни талаб қиламиз.
Бундан ташқари зудлик билан судья Маткаримовани муддатидан олдин судялик вазифасидан чақиртириб олишни қатъий талаб қиламиз. Юқорида баён қилинган ҳар бир фактларни атрофлича жиддий текшириб кўрганларингиздан сўнг судья Турғуной Маткаримованинг ҳар бир дақиқа судльялик вазифасида ўтириши жамиятимиз учун, хукумат учун, энг аввало захматкаш, оддий содда ва тўпори ҳалқимиз вакиллари учун ўта хатарли эканлигини ўзларингиз тушуниб етасизлар.
Турғуной Маткаримова текшириш натижаларига кўра жавобгарликка тортилмаса ва лавозимидан четлатилмаса биз жуда ҳам қисқа кунларда, яъни муддатини олдиндан айтмасдан ўз тарафдорларимиз, ҳамфикрларимиз ва айнан Турғуной Маткаримовадан жабр тортган фуқаролар билан биргаликда Марғилон шаҳри марказида Президент хузуридаги судьяларни танлаш, лавозимларга тавсия этиш олий малака комиссиясини исьтефосини талаб қилиб, норозилик намойиши бошлашга мажбур бўламиз.
«Фуқаролик жамияти» Ҳалқ харакати ва «Ўтюраклар» Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари номидан ҳалқ харакати асосчиси ва «Ўтюраклар» Клубининг рахбари, мустақил журналист, «Омад» масъулияти чекланган жамият ҳиссадорларининг, Хасанов Аҳмадали, Хусанов Абдусаттор ва Хусанов Абдупаттоларнинг қонуний вакили Мўътабар Тожибоева
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish