Ферганару: Андижон фожеасига уч ой тўлди. Қобил Парпиев ҳикоя қилади
“Қонли Андижон жумаси” деб аталган фожеа тўғрисида кўп айтилди, кўп ёзилди.
Бироқ, Ўзбекистон ҳукумати Фарғона водийсидан олинадиган ахборот чекловини кучайтиргани учун, бу воқеанинг кўп тафсилотлари номаълум бўлиб қолмоқда.
Қобил Парпиевнинг интервьюси ана шу номаълум жиҳатларни тўлдиради ва ўша фожеавий тун тафсилотларига айрим аниқликлар киритади. Қобил Парпиев ўша воқеаларда фаол иштирок этган, айни пайтда Ўзбекистон ҳукуматидан яшириниб мамлакат ташқарисига чиқиб кетган.
“Фарғона.Ру” мухбири Қобил Парпиев билан июль ойи ўрталарида суҳбатлашган эди. Биз ўз суҳбатдошимиз ҳикоясини монолог тарзида келтирмоқдамиз. Ушбу суҳбат Қобил Парпиев Канаданинг «The Globe and Mail» газетаси мухбири Грэм Смитга берган интервьюсидан сўнг ёзиб олинган.
Қобил Парпиев “Акромийлар” жамоаси тарихи ва 13 май воқеалари тўғрисида гапиради. Унга кўра, ҳукумат тинч намойишларни “террорчилик ҳаракатлари”га айлантириш мақсадида, махсус тарзда ҳарбий қисмга ва қамоқхонага қилинган ҳужумни уюштирган. Таҳририятнинг қисқа изоҳлари қавс ичида берилган.
* * *
— Миллий хавфсизлик хизмати бизнинг барча йигитларимизни ва барча ташкилотларимизни текширган (Андижонда “акромийлар” деб аталган бизнес жамоаси назарда тутилмоқда). МХХ бирон бир айб тополмагач, фаолиятимизни аввалгидек давом этдира бердик, буни ҳамма биларди. 2000-2001 йилда ишларимиз жуда ривожланиб кетди. Ишчиларимизнинг (“акромийлар” жамоаси корхоналари ишчилари назарда тутиляпти) энг кам иш ҳақи 40 минг сўм (тахминан 40 доллар), энг кўп иш ҳақи 120 минг сўм (120 доллар атрофида) эди.
Корхоналарнинг иқтисодий тараққиёти туфайли биз ижтимоий масалаларни ҳал килишга кириша бошладик. “Ижтимоий муаммо” нима дегани? Бу тўй, уй қуриш, нафақа ёшидаги одамларнинг муаммоларидир. Биз нафақа, декретдаги аёлларга пособия тўлай бошладик. Икки ёшгача бўлган болаларни таъминлаш учун нафақа ажратдик, шунингдек, бепул тиббий хизмат ташкил этдик. Буларнинг ҳаммаси бугун “акромийлик”да айбдор, деб топилаётган инсонлар тарафидан қилинди.
Корхоналардан бирида болалар учун тўгарак ташкил этилган эди. Ўша корхона ишчиларининг фарзандлари ҳафтасига икки, уч ва тўрт марта мактабдан кейин тўгаракка келар эдилар. Бу корхонада болаларнинг қизиқишларига қараб турли тўгараклар ташкил этилганди.
Тарафдорларимиз сони ҳам кўпайиб борарди. Масалан, биргина корхонада 400 одам ишлар эди. Бир қурилиш фирмаси бор эди ва ўша фирмада 400 одам ишларди. Бошқа фирмаларда қанча одам меҳнат қилганини кўз олдингизга келтириб кўринг. Ҳатто биз ҳам уларнинг (“акромийлар” тарафдорлари назарда тутилмоқда) қанча фирма ва корхоналари борлигидан бехабар эканмиз.
Кеча “Давр”дан (ЎзТВ ахборот дастури) гапиришди, “биздаги маълумотга кўра, қирқдан ортиқ фирма аниқланди” (“акромийлар”га қарашли), деб. Уларни ҳисоблаб чиқиш бизнинг хаёлимизга ҳам келган эмас…
Биз асосий диққатни ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга қаратдик ва аҳолининг турмуш даражасини кўтармоқчи бўлдик. Нега (айнан шундай)? Бизнинг текширувларимиз натижасида аён бўлдики, одамларнинг меҳнат ва ишлаб чиқаришга муносабати уларнинг ижтимоий аҳволи билан узвий боғлиқ экан. Бизнинг бир неча йигитимиз мана шу масалани ўрганади.Текширувимиздан қуйидагилар маълум бўлди.
Ишлаб чиқаришдаги ўсиш одамларнинг ижтимоий аҳволи яхшилангандагина юз беради ва бу ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг асосий омили, деб тан олинди. Бу масала бизда қандай ҳал этила бошланди? Биз мана шу ишлаб чиқариш кучини ривожлантира бошладик. Тарафдорларимиз сони кўпайиб, танишлар, қўшнилар, қариндошлар ва бошқалар (бу ширкатлардан бирига) ишга кириш учун навбатга тура бошладилар.
2004 йилнинг июлида “қама-қама”лар бошланди. Бизнинг ортимиздан (махсус хизматлар) 2004 йил январидан бери кузатаётган эканлар. Сўроқлар бошланди: “Даромаднинг бешдан бири алоҳида тўпланар экан, у нималарга ишлатилади?”, қабилида саволлар берилди.
Аввалига 13 кишини қўлга олдилар. Кейинроқ эса, хотирам панд бермаса, 9 киши қўлга олинди. Кейин беш киши. Ундан кейин яна беш киши қамалди. Яъни қўлга олинганлар сони ортиб борди. Тошкентда ҳам “қама-қама”лар бошланди. У ерда олдин 16 киши қўлга олинди, улардан 7 нафари (қамоқда) қолди, қолганларидан эса (шаҳардан чиқмаслик тўғрисида) тилхат олиниб, қўйиб юборилди.
Йигитлар даромаднинг бешдан бири нималарга сарф этилишини тушунтириб беришга қаттиқ ҳаракат қилишди. Бу алоҳида бюджет эди. Мен нега ҳукумат бизга қарши қаттиқ жанг бошлаганини фақат эндигина тушуниб етмоқдаман. Биз ҳукумат қилиши лозим бўлган ишларни қилган эканмиз. Биз ҳукумат учун “мухолифат”дек гап эканмиз. Яъни улар (“акромийлар”) ҳукумат мажбуриятидаги вазифаларни бажарган экан. (Давлат томонидан йиғиладиган солиқлардан) фарқли ўлароқ бу пуллар (даромаднинг бешдан бири) бировларнинг чўнтагида қолиб кетмасдан ўз ўрнида ишлатилар эди. Унинг бир қисми ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги ускуналар сотиб олиш, янги корхоналар очишга сарфланар эди. Асосий қисми эса олти – етти бандга биноан тарқатиларди, яъни бу пул пенсиялар, болалар учун нафақалар, тиббиёт, спорт ва шунга ўхшаш нарсаларга ажратилган эди.
Аниқки, солиқ тушумларини тўғри бўлиштириш инсон ҳаётини енгиллаштиради. Бу эса Акромжон Йўлдошев тариқати эди (Акром Йўлдошев – “акромийлар” раҳбари, оммабоп “Иймонга йўл” диний китобининг муаллифи). Бироқ у қамоққа олинган эди. Режа тайёр, назария ишлаб чиқилган эди. Уни фақат амалга ошириш қолганди. У (Акромжон Йўлдошев) 1998 йил декабрида амнистия туфайли озодликка чиқарилди, аммо 40 кундан сўнг – 17 феврал куни, (Тошкент) портлашларининг эртаси куниёқ, яна қайта қамоққа олинди. Бироқ у бутун назарияни бизга декабрдан 17 февралгача уқтириб улгурган эди (1998 ва 1999 йилларда).
1999 йилдан бошлаб биз шок ҳолатида эдик. Уни (Йўлдошевни) ўлим олди ҳолатида кўришибди. Унинг акаси уни тиббиёт шаҳарчасида (қамоқда) кўриб қўрқиб кетган эди. 2001 йилда эса йигитлар ўзларига кела бошладилар ва “келинглар, (Йўлдошев) айтган нарсаларни амалга оширайлик”, дедилар. Улар дастурни амалга оширишга киришдилар ва 2004 йилда муваффақият чўққисига кўтарилдилар.
Қўлга олинган 23 киши устидан суд жараёни (2005 йил) февралда бошланди. Уларга бешта даҳшатли айблов қўйилди. Айбланувчиларга сўз берилганда, улар “бизни калтаклаб, маънавий ва жисмоний куч ишлатиб иқрор қилдилар”, деб айта бошладилар. Айбланувчилардан бирига эса “биз сенинг хотинингни олиб келиб, зўрлаймиз”, деганлар. У бу ҳақда судда очиқ айтди. “Мен иқрор бўлмас эдим, ўлсам ҳам, мен бу қоғозни онам ва аёлимга нисбатан зўравонлик қилишларини айтишгач имзоладим”, деди у. У бу ҳақда суднинг биринчи куни айтгани йўқ. У “мен бугун бу ҳақда гапира олмайман. Эртага гапираман”, деди. Эртаси куни у суддан “хотиним суд залига кирмасин”, деб илтимос қилди. Ва фақат эртаси кунигина у бу ҳақда гапирди.
Ҳамма нарса шундан сўнг бошланди. Яъни одамлар ўйлана бошладилар: “улар (махсус хизматлар) йигитларимизни шундоқ аҳволга солиб қўйибдилар-да”. Шундан сўнг суд жараёнида иштирок этиш истагини билдирувчилар кўпая бошлади. Шундай қилиб намойишлар (суд олдидаги намойишлар) феврал ойи охиридан бошланди. Намойиш иштирокчилари сони кундан – кунга кўпайиб борди. Судда ҳеч ким ҳеч нарсани исботлай олмади. 110 гувоҳдан 107 нафари аввалги кўрсатмаларидан бош тортди, чунки уларни ҳам имзо чекишга мажбур қилганлар.
Улар (тахминимизча Ўзбекистон МХХ) жанжал кўтаришга ҳаракат қилдилар. Лекин бундан натижа чиқмади. Кейинроқ, буларнинг ҳаммаси уюштирилган эканини билиб олдик. 10 майдан бошлаб янги қамашлар бошланди. Улар (тахминимзча ҳуқуқ–тартибот тизимлари) судга келган ҳар бир одамни суратга олиб, тасвирга тушира бошладилар. Энди судга келганларни қамаш бошланди. Ўшанда биз буни маҳаллий давлат тизимлари амалга оширмоқда, деб ўйлаган эдик.
Бундан расмий Тошкентни хабардор қилиб қўймоқчи бўлдик.13 май куни ҳамма нарса аниқ бўлди. Биз Тошкентдан кимнидир очиқ суд мажлисига чақиришга қарор қилдик. Суднинг охирги куни тарафлар ҳукм чиқадиган кун ва жой алоҳида айтилишини билдирдилар. Бироқ, ахмоққа ҳам тайин эдики, йигитлар қамоқда қолаверадилар ва ҳукм яширин тарзда чиқарилади.
Барча раҳбарлар – вилоят ҳокими (Андижон вилояти), вилоят прокурори, милиция раҳбари ва МХХ вилоят бўлими иш билан таниш эдилар. Биз 24 давлат ташкилотига мактуб жўнатганмиз. Мактубларда агар иш ижобий ҳал этилмаса ва қайта текширув учун комиссия жўнатилмаса, намойишга чиқишимиз ҳақида огоҳлантириш бор эди. Давлат ҳамма нарсадан хабардор эди ва қамоқхона ҳамда ҳарбий қисмга қилинган ҳужум саҳналаштирилган эди, деб ҳисоблаймиз. Буларнинг ҳаммаси хатимиздаги амалларнинг бажарилишини олдини олиш учун қилинганди.
Буларниг ҳаммаси намойишнинг олдини олиш ва намойишга чиққанларни террорчиликда айблаш учун қилинган эди.
Биласизми, ҳамма нарса ҳарбийлар қурол ишлатгунга қадар бошланган эди. 11-12 май кунлари қамоққа олишлар авжига чиқди. Судда иштирок этганлар ёки судланувчиларни қўлловчилар қамоққа олина бошланди, уларнинг машиналари ва мулклари мусодара қилинди. Фақат битта йўл қолган эди – Тошкент билан боғланиш. Тошкентдан одамлар келиб аҳволимизни кўришсин, деб ўйлаган эдик биз. Биз уларга хатлар ёздик, аммо бундан ҳеч қандай натижа бўлмади.
Ҳарбий қисмдан бирорта ҳам қурол олиб чиқиб кетилмаган эди. Аскарлар оломонга қарата биринчи бўлиб ўқ отдилар. Бизга нисбатан айбловлар эса, (қурол тортиб олиниши ва бошқа хабарлар) ҳукуматнинг версияси.
Мен юқорида 11 майдан 12 май куни кечгача йигитларимизни қамоққа олганликлари тўғрисида гапириб ўтдим. Андижон шу кечаёқ саросимага тушиб қолди. Ҳарбийлар 12 май куниёқ ҳужумга тайёр эдилар. Ҳукумат айтаётган гапларимизни улар тушунмайдилар, деб ўйласа керак. Масалан “Давр” дастурида ҳалок бўлган бир тошкентлик милиционер ҳақида гапирдилар. Унинг исми Баҳромжон экан. Кўрсатувда унинг онаси “ўғлим Андижонга 8 май куни кетган эди”, деб гапирди. Кўряпсизми, бу аввалдан тайёрланган эди.
Яна бир факт: 11 май куни Андижондаги хонадонларнинг бирида телефон жиринглади. Унинг (кимлигини айтмади) жиянларидан бири Бухоро МХХда ишлар экан. У телефон қилиб “уйдан чиқманглар, тамом, вассалом. Агар яшашни истасанглар, уйда ўтиринглар”, деган. Бу воқеалар 11 май куни бўлган. Баҳромжоннинг онаси эса ўғли 8 май куни Андижонга кетгани ҳақида айтади. Демак, ҳарбийлар Андижонга аввалданоқ келтириб қўйилган.
(Шунақаси ҳам бўлдики) фуқаролик кийимидаги милиционерлар оломон орасига кириб, бошқа милиционерларни калтаклар эди. Бу ердаги ўйинни тушуняпсизми? Лекин буларни қандай исботлаш мумкин? Ахир бу менинг сўзларим. Улар эса, бошқача гапларни айтадилар. Бу икки позиция бир – бирига қарама қаршидир. Шундайми? Бу масалага ойдинлик киритиш учун мен Ўзбекистонга халқаро кузатувчиларнинг киритилишини талаб қилмоқчиман. Албатта, буни қандай амалга ошириш кераклигини билмайман. Улар холис одамлар бўлсин, улар ҳукуматга ҳам, бизга ҳам қарашли бўлмасинлар.
Сиз Баҳром Шокировни биласизми? Билмайсизми? (Баҳром Шокиров 23 киши қаторида “акромийлик”да айбланган ака–укаларнинг отаси.
Ўзбекистон ҳукумати Баҳром Шокиров суд олдида ўтказилган намойишларнинг ташкилотчисидир, демоқда). МХХдагилар уни яхши биладилар. 11 май куни кечга яқин унинг уйига ИИБ раҳбари ўринбосари Абдуносир келади ва “Баҳром ака, бу намойишни тўхтатинг, бўлмаса ҳаммасига биз ярим соатда барҳам берамиз”, деган. Унга “айбсиз 23 кишини қамоқда сақлаш мукинми?”, деб савол берилган. Бу саволга у “йўқ, қамоқда сақлаш керак, бошқача бўлиши мумкин эмас”, деб жавоб берган. “Нега қўйиб юбориш мумкин эмас? Улар айбсиз бўлса қўйиб юбориш керакку?”. “Қўйиб юбориш мумкин эмас. МХХ 20 кишини нотўғри ҳаракати учун қўлга олиши керак. Тушунасизми, биз ҳеч бўлмаганда уларнинг уч – тўрттасини қамашимиз лозим. Агар бунга рози бўлмасангиз, биз барчангизни бир кунда, ҳатто бир соат ичида йўқ қилишимиз мумкин.” (Баҳром) “йўқ қилиш қўлингиздан келса, марҳамат, йўқ қилинглар”, деган. Кўриб турибсизки, унга ультиматум қўйилган.
Эртаси куни, яъни 12 майда эса қамашлар бошланди. Тунда эса саросима бошланди. Мени уйдан (ўртоқларим) олиб кетди. Бўлмаса мени ҳам қамашарди. Менга телефон қилиб “уйдан тезда чиқиб кетинг, мана бу ерга келинг”, деб айтишди. Бу воқеалар 12 май куни тахминан 20.30ларда бўлган эди.
Икки – уч йигитимиз ДАНдан қочиб кетганлар. ДАН нозирлари олти кишини машинани текшириш баҳонасида бўлимга олиб борганлар. ДАНда уларни қўлга олмоқчи бўлганлар. Шунда уларнинг ярми қочишга улгурган.
Шундан сўнг биз одамларни оёққа турғаздик, бўлмаса бизни қириб ташлар эдилар. Бу пайтда кун ёриша бошлаган, одамлар ҳокимият биносига тўплана бошлаган эдилар. Бу ерга микрофонларни ўрнатиб, одамлар бўлаётган ҳодисаларга муносабат билдира бошладилар.
Шундан сўнг намойишчилардан бири менга телефон дастагини олиб келди. (Ички Ишлар вазири) Зокир Алматов телефон қилган экан. У мендан талабимиз нима эканини сўради. Бунга жавобан биз беайб қамалганларни озод этишни талаб қилдик.
Улар унга (Акром Йўлдошевга) китоб ёзган, деб айб қўймоқдалар. Лекин бу китобнинг русча нусхаси интернетда бор ва бугун уни бутун дунё ўқимоқда. Бу китобда экстремистик ёки террорчилик кайфияти мутлақо йўқ. Шунинг учун биз уларнинг озод этилишини талаб қиламиз. Тадбиркорларни бу даражада пастга уриш яхши эмас. Уларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятини яратиб бериш лозим. Уларга ҳеч нарса бермасангиз ҳам ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятини беринг.
Бунга жавобан (Зокир Алматов) “йўқ, бундай бўлмайди. Мен Ўзбекистонни тарк этишингиз учун автобус беришим мумкин”, деди. Мен ундан қаёққа кетамиз, деб сўрадим. У Ўшга, деди. Кейинроқ, бу гапнинг маъносини тушуниб етдим. Улар бизни автобусга ўтқазиб, Ўшга етмасданоқ отиб ташламоқчи эдилар.
Икки соатлардан сўнг яна телефон бўлди. Алматов “кетасизларми, автобус жўнатайми?”, деб сўради. Биз унга автобуслар керак эмас, керак бўлса ўзимиз кетаверамиз, дедик. У “икки–уч соат ичида чиқиб кетинглар, бўлмаса 20 минг кишилик қўшин билан олишасизлар. Керак бўлса, қўшин сонини 65 мингга етказаман”, деб айтди. Қобилжон, деди у, энди тақдирингизда нима бўлса шуни кўрасиз. У шунингдек, “биз бошладик”, деди. Мен ундан шунча одамни отиб ташлайсизми, деб сўрадим. У эса “тақдир шундоқ экан-да”, деб жавоб берди. Шунда мен “омад унда сизга, Зокиржон ака”, деб жавоб бердим. Кейин мен йигитларга суҳбат мазмунини айтиб бердим.
Ўша куни 13 май, соат 16.00 эди. Биз маслаҳатлашгунча бир соат вақт ўтди. Соат 17.00 бўлди. Биз агар қоладиган бўлсак халқ отилади, шунинг учун кетганимиз яхши, деб қарор қилдик. Халққа чиқиб “дўстлар, ўқ отиш ҳақида буйруқ берилди. Президент Алматовни воситачи қилиб, ультиматум қўйди. Ҳамма тарқалиши керак, қон тўкилмасин”, деб эълон қилдик.
Судда қатнашганлар “жараёнда қатнашганмиз, барибир ўламиз”, дейишди. Кейин тарқала бошладик. Биз Чўлпон проспекти томон кета бошладик. Тешиктош орқали ўтиб кетамиз, деб ўйлагандик. Чўлпон кинотеатри олдига келдик. Икки гуруҳга бўлинган эдик. Олдинда биз бордик, орқада эса аёллар бор эди. Эркаклар уларни ўраб олган эди. Чўлпон кинотеатрининг чап томонида мактаб, ўнг томонида техникум бор. Манави театр, бу эса 15-мактаб, бу техникум биноси (схематик картада кўрсатади).
Аскарлар эса мана бу ерда, мактабдан 150 метр узоқликда эдилар. Аскарлар икки қаторга тизилиб турардилар, у ерда иккита БТР ҳам бор эди. Мактабга етганимизда аскарлар ортга чекиндилар, БТРлар эса ўқ ота бошладилар. Биз уларга “ҳеч қандай қаршилигимиз йўқ, биз фақат ўтиб кетмоқчимиз”, деб мурожааат қилдик. Шундан сўнг бошоломон отишма бошланди, бу жуда даҳшатли эди.
Тасаввур қилинг, иккита БТР ўқ узмоқда, бу жуда даҳшатли. Улар ортимизда келаётганларга қарата ўқ отишарди. Биз мана бу ерда -15-мактаб олдида эдик. Отишма бошланиши биланоқ ўзимизни ерга ташладик. Улар (аскарлар) ерга ётиб олганимизни ҳам кўришмади. Улар қимирлаган нарсага қараб ўқ узавердилар. Аскарлар бизга қарата ўқ узаётган пайтда мана бу одамлар (иккинчи гуруҳдагилар) “кетишга қарор қилганимиздан кейин кетишимиз керак, туринглар”, дейиган ва мана бу ёққа бурилганлар (картада йўналиш томонни кўрсатади).
Мана шу томонга кетганлар Қирғизистонга ўтишга муваффақ бўлдилар. Жалолободдаги қочқинлар ҳақида гапирмоқдалар-ку, ана шулар мана бу томонга бурилиб кетган одамлар. Олдинда турган одамларнинг ҳаммасини отиб ташладилар. Улардан жуда озчилиги, мингдан кўп одамдан 300-400 нафари (тирик) қолди.
Агар отишма тахминан соат 18:00да бошланган бўлса 19:30-20:00га яқин якунланди. (Бизга) тахминан бир ярим–икки соат мобайнида ўқ узишди. Бу ерда Шарифжон ҳалок бўлди, у менинг ёнимда эди (Шариф Шокиров “акромий”ликда айбланаётганлардан бири, юқорида эслаб ўтилган Баҳром Шокировнинг ўғли). Тирик қолганлар девор ошиб қоча бошладилар, ярадорлар эса ўша ерда қолди. Мана шу ерда асосий қурбонлар бўлди. Аскарлар уйидан чиққан одамларга ҳам ўқ ота бошладилар.
Ҳокимият олдида ҳам кўп одам нобуд бўлди. Ҳокимият олдидаги мана бу жойда намойиш ўтган, мана бу эса айланма йўл. (Аскарлар) БТРларда мана шу кўча бўйлаб юриб ўқ отдилар, қайтаётганларида ҳам ўқ узиб кетдилар. Ярадорлар ҳокимият биносига олиб кирилди, мурдалар эса ётган жойида қолаверди. БТРлар мана бу жойдан кириб келдилар ва қимирлаган жонзотга қараб ўқ узавердилар. Улар Навоий кўчасидан Бобурга ўтдилар ва отишмани тўхтатмай “Победа” томонга бурилдилар.
Натижада бу ерда жуда кўп одамлар нобуд бўлди…
Чўлпон театри олдида айланма йўл бор. Бу ерда БТРлар кечгача турди. МХХ олдида ҳам БТРлар бор эди. Кўчалардан бири Клара Цеткина номида эди, одамлар дарёдан мана шу кўчагача бўлган масофада юрган эдилар. Улар ҳокимиятга ўтиш учун ҳаракат қилганлар, лекин уларни ўтказмаганлар. Уларга қарата ҳам ўқ отганлар, бу ерда ҳам кўп одам ўлди. Сойгузарда мардикорлар турарди, ҳатто уларни ҳам отиб ташлаганлар. Намойишчиларни марказга ўтказмадилар, у ерда жуда кўп одам тўпланганди. Улар буни вертолётдан кўриб, вазият хавфли эканини тушуниб етдилар ва отишга буйруқ бердилар. Бу воқеаларни текшириш учун албатта мустақил инсонларни мамлакатга киритиш лозим. Акс ҳолда ҳақиқатни аниқлаб бўлмайди.
Намойишчиларда (тахминимизча, қурол) йўқ эди. Балки, қурол қачон пайдо бўлди, деб сўрарсиз? У ҳокимият олдида пайдо бўлди. Улар (милиционерлар) фуқаролик кийимида бўлиб, одамларни отар эдилар. Бу одамлар ҳокимият олдида пайдо бўлганида, йигитларимиз уларни гаровга олдилар. Гаровдагилар ким эди, десангиз айтай.
Гаровдагилар махсус хизматларнинг фуқаролик кийимидаги ходимлари эди. Бу одамлар тонг ёриша бошлагач пайдо бўлган эдилар. Биз уларни тўхтатиб, автоматларини олиб қўйдик ва барча қуролни ҳокимият биносига тўплай бошладик. Бу одамларни эса гаровга олдик.
Хотирам панд бермаса, менинг ўзим 24 қуролни кўрдим. Гаровдагилар эса 50 киши эди, кейинроқ уларнинг сони 50 нафардан ошиб кетди. Улар “Биз журналистлармиз”, деб олдимизга кирар эдилар. Улар тинтиб кўрилганда эса чўнтакларидан (махсус хизматлар) гувоҳномаси топиларди. Йигитларимиз ҳам улардан бир–иккитасини танир эканлар, чунки бизнинг йигитларимизни улар кўп марта сўроққа чақирганлар. “Бу МХХда фалончи бўлимда ишлайди”, деб айтардилар йигитларимиз ва биз уларнинг чўнтагидан гувоҳнома топардик.
Шундай қилиб, гаровдагилар (бино ичига кириб ) бизга ўқ отмоқчи бўлган МХХ ходимлари ва аскарлардан иборат эдилар. Биз бинодан чиқаётганимизда гаровдагилар биз билан бирга эдилар. Биз уларни ўзимиз билан бирга олиб чиқдик , юринглар, кўрамиз, сизни аскарларингиз нима қиларкин, дедик. Отишма бошланди. Қирқ йил қирғин бўлса ҳам ажали етган ўларкан. Мен ўзим ҳам қандай омон қолганимни тушунмайман.
Токи халқаро текширувга йўл қўйилмас экан, ҳақиқатни билиб бўлмайди. Менинг гапимга ҳам, ҳукуматнинг гапига ҳам ҳеч ким ишонмайди. Лекин халқ биз билан, у ҳамма нарсани кўриб, билиб турибди. Халқ гувоҳдир ва келинг, халқаро тергов пайтида улардан гувоҳлик сўрайлик.
Fikr bildirish