Махбуса Мўътабар Тожибоеванинг ўзига нисбатан қўлланилаётган қийноқлар бўйича Кўргазмаси

Снимок,,,,,,,

«Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари Мўътабар Тожибоеванинг фаолияти сабаб ғайриқонуний хибсга олишга алоқадор бўлган 41254013–сонли жиноят иши иш материалларига тикилган — Ўзбекистон хукумати жиноятларини фош қилгувчи далиллар!

Мен эса тергов изоляторида менга нисбатан қийноқ қўлланилаётганлиги, бунинг натижасида тинимсиз жисмоний ва маънавий азоб тортаётганим учун ЖПКнинг 108–моддасини 2–қисмига кўра илгари берган кўргазмаларимни тўлдиришни хоҳлашимни, шунинг учун мени дарҳол сўроқ қилишни сўраб 25–октябрь, 4–ноябрь, 18 ва 19–ноябрь кунлари терговчи Н.Сулаймонов номига, Жиноят Ижроия Кодексининг17–моддасига асосан назоратга олиб менга нисбатан уюштирилаётган фитналар ташкилотчиларига қонуний чора кўришни сўраб вилоят прокурори А.Ҳолмаҳматов номига 4–ноябрь кунги ёзган аризаларим оқибатсиз қолдириб келинмоқда.

Мўътабар Тожибоеванинг 22–ноябрь куни вилоят прокуратураси жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи Нурмуҳаммад
Сулаймоновга ўзига нисбатан қўлланаётган қийноқ бўйича

К Ў Р Г А З М А С И

Мен 7–октябрь куни ғайриқонуний тарзда хибсга олинган кунимдан буён тинимсиз, яъни узлуксиз тарзда қийноққа солиняпман.

БМТнинг 1984 йил 10–декабрда қабул қилган «Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шавқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини таҳқирловчи турларига қарши конвенцияга кўра «қийноқ» ҳар қандай тусдаги шундай харакатни англатадики, у билан қандайдир шахсга ундан ёки учинчи шахсдан маълумотлар ёки эътироф олиш, уни у ёки учинчи шахс содир этган ёки содир этишда у гумон қилинадиган харакат учун жазолаш, шунингдек уни ёки учинчи шахсни қўрқитиш ёки зўрлаш мақсадида ёки бундай оғриқ ёки азоб давлатнинг мансабдор шахси ёки расмий сифатдаги бошқа шахс ёки уларнинг гижгижлаши билан ёки уларнинг хабардорлигида ёки индамай розилиги билан ҳар қандай тусдаги камситишга асосланган ҳар қандай сабаб бўйича қасддан кучли оғриқ ёки жисмоний ёхуд маънавий азоб берилади.

ЖПКнинг 17–моддасига кўра «Судья, прокурор, терговчи ва суриштирувчи ишда қатнашаётган шахсларнинг шаъни ва қадр–қимматини хурмат қилишлари шарт.

Инсон шаъни ва қадр–қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган, соғлигини хавф остига қўядиган, асоссиз равишда унга жисмоний ва маънавий азоб-уқубат етказадиган харакатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш таъқиқланади.

ЖПКнинг 88–моддасига кўра далилларни тўплаш, текшириш ва бахолаш жараёнида фуқароларнинг, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қўриқлаш таъминланиши керак.

Исбот қилишда қуйидагилар таъқиқланади.

1. Шахсларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган ёки уларнинг шаъни ва қадр қимматини камситувчи ҳатти–харакатлар содир этиш.

2. Зўрлик, пўписа қилиш, алдаш ва қонунга хилоф бошқа йўллар билан кўрсатув, тушунтириш, хулосалар олишга, экспериментал харакатларни бажаришга …

3. Тунги вақтда, яъни кеч соат 22.00дан эрталаб соат 06.00гача тергов харакатлари олиб бориш. Тайёрланаётган ёки содир этилаётган жиноятнинг олдини олиш, жиноят изи йўқолишига ёки гумон қилинувчининг қочиб кетишига йўл қўймаслик, эксперимент жараёнида текширилаётган ҳодисанинг холатини қайтадан тиклаш зарурати бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Мен ушбу қонун моддаларини бирма-бир санаб ўтганлигимни боиси ушбу қонун талаблари ўта қўпол тарзда бузилиб, менга рухий ва маънавий азоб бериб қийнамоқдалар.

Бу фикрларимни қуйидаги далиллар билан исботлайман:

1. Мен 7–октябрь куни ғайриқонуний хибсга олинган пайтимдаёқ уйимда бир дона қўнғироқ қилиб ўзимга қарашли бўлган адвокатларимни, ҳеч бўлмаганда битта адвокатни чақиришга рухсат беришларини сўрадим. Бу қонуний талабимга вилоят прокуратураси иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи Бахтиёр Маматов бошчилигида уйимга бостириб кирган ўндан ортиқ маъмурий органлар вакилларига айтдим. Лекин улар бу қонуний талабимни инобатга олмадилар.

2. 1996 йил 19–декабрь куни қабул қилинган фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Ҳалқаро пакт, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда бошқа қонунларга биноан фуқаро ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шаҳсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

Лекин мени уйимга бостириб кирган шахслар мени уйим атрофини қуролланган, ниқобли шахслар ёрдамида қуршаб олишиб, қўни–қўшниларим олдида обрўсизландим.

Бундан ташқари уйим ва куёвимга тегишли бўлган хонадонларни тинтув қилишга асос бўлгувчи терговчи қарори ёки прокурор санкциясини талаб қилсам кўрсатишмади, тинтув ўтказиш ҳақидаги қарор уларда умуман йўқ эди.

Мени уйимдан барча хужжатларим, видеокассеталар, дискетлар, аудиокассеталар, скайнер, компьютер, уяли телефон ва бошқа нарсаларни қонунга зид равишда олиб қўйишди.

Бу қонунбузилишлар ҳақида вилоят прокуратурасига 27–октябрь куни, Мамлакат Президенти ва Ҳалқаро ташкилотларга 12–ноябрь куни юборганим очиқ хат ва аризада батафсил ёзганман. Ушбу юборилган хужжатлар нусхаларини тергов гуруҳига хизмат текшируви ўтказиш ва қонуний чора кўриш учун топшираман. Ушбу ариза ва очик хат 6 вароқдан иборат.

3. Шундан кейин мени вилоят ИИБга олиб бориб 7–октябрдан 8–октябрга ўтар кечаси эрта тонггача тергов харакатлари ўтказиб мени руҳий ва жисмоний қийноққа солдилар.

Айни шу куни тунги соат 2–3ларда мени соғлигим бузилмаган, шикоят қилмаган бўлсамда вилоят ИИБга тез тиббий ёрдам чақиришди.

Фарғона шаҳар тез тиббий ёрдам марказидан 4 та доктор, 2та катта чамадонда кўплаб медицина асбоблари билан келишди. Юлчиев Отабек исмли доктор қон босимимни ўлчаб, қон босимим кўтарилиб кетганини, шунинг учун укол қилиш кераклигини айтди.

Лекин у менга қон босимим 150/110 эканлигини айтган бўлсада, чақирув қоғозига қон босимимни кам ёзди. Шунда мен унга ишонмаслигимни, мен шифокор ёрдамига муҳтож бўлмаганлигимни айтиб укол қилдирмадим.

Мен соғлигимга хавф соладиган, яъни соғлигимни бузадиган, беҳуш қиладиган укол қилдириб туриб айбига иқрорлик ҳақида аризага имзо чектиришга харакат қилаётганларини билиб қолдим.

4. Шунингдек мени ташкилотим билан зиддиятли муносабатда бўлган Легал Аид адвокатлик фирмаси адвокати Бахтиёр Абдуллаевни тунги соат 4да мени ҳимоячим сифатида тергов харакатларида иштирок этишга жалб қилди.

Мен дарҳол ёзма равишда бу адвокатга ишонмаслигимни, ўзим талаб қилган адвокатни иштирокидагина кўрсатма беришимни айтиб, адвокат Б.Абдуллаевни ҳимоясини рад қилиб ёзма равишда ариза бермасда терговчи Абдуллаев иштирокида тергов харакатлари ўтказиб, мени ҳимоя ҳуқуқимни бузиб, мени руҳий қийнади.

Юқоридаги холатлар бўйича ҳам 12–ноябрь куни 4 вароқдан иборат ариза ва очиқ хат ёзиб Президентга, хукумат идораларига ва Ҳалқаро ташкилотларга, матбуотларга юборганман.

Ушбу юборилган хужжатлар нусхаларини ҳам тергов гуруҳига хизмат текшируви ўтказиш ва айбдорларга қонуний чора кўриш учун топшираман.

5. 7–октябрдан 14–октябргача вилоят ИИБда, яъни ИВСда сақландим. Лекин бирон маротаба ҳам адвокатларим билан ҳоли учрашиб гаплашмадим, чунки терговчи ҳар бир тергов пайтида мени қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятларимни тушунтирган бўлсада, ҳеч қандай ордерсиз, талабномасиз адвокатни тергов харакатига жалб қилган терговчи ўзим талаб қилган адвокатларимни ҳам ҳуқуқларини бузди.

6. ИВСда сақланган пайтимда ўзини Юнусова Гулнора деб таништирган аёл мен билан битта камерада ётди. Бу аёл наркотик модда сотишда гумонланиб ушлангани, кейинчалик терговдан қочиб юрганида 8–октябрь куни қўлга олишганини айтганди.

Бу аёл маъмурий органлар томонидан ёлланган айғоқчи эканлигини тергов изоляторига келгач билдим, чунки Юнусова Гулнора август, сентябр ойларида хибсга олинган аёллар билан ётган экан.

7. 14–октябрь куни тергов изоляторига ўтказилган бўлсам 22–октябрь кунигача бирорта адвокатим мен билан учрашиш учун тергов изоляторига кира олмадилар.

5–ноябрь кунигача адвокатларимни мен билан ҳоли учрашишларига тўсқинлик қилишди. Кўп ҳолларда адвокатларимни тергов хибсхонасига киритмадилар.

8. 1–ноябрь куни мен билан учрашишга кирган адвокатим Сентур Ғофуровга турма рахбарлари ҳеч қандай ариза расмийлаштирмасликни талаб қилганлар.

Вилоят прокуратураси терговчиси номига 27–октябрь куни ёзиб жўнатилган аризам нусхасини адвокатим С.Ғофуров қонуний равишда олиб чиқиб кетмоқчи бўлганда бу аризам нусхасини адвокатим қўлидан олиб қўйишди.

9. Мени Москвага учиб кетишим учун олинган авиабилетимни топшириб пулини олишга Рустамова Салимахон номига расмийлаштирилган ишончномани 1 ойгача тасдиқлаб беришмади, яъни терговчи билан тергов хибсхонаси бошлиғи ўзаро тил бириктириб ишончномани расмийлаштиришни ҳеч бир сабабсиз пайсалга солишди.

10. Соғлигим бузилиб тиббий ёрдамга мухтож бўлган пайтларимда ўз вақтида дори-дармонлар берилмади, муолажалар қилинмади.

Жумладан 21–октябрь куни оғриқ кучайиб қон кета бошлади.

22–октябрь куни тергов хибсхонаси врачи Дилшод Дадажонов оғриқ қолдирувчи ва қон тўхтатувчи дорилар тавсия қилди.

Лекин кеч соат 16гача ҳеч қандай дори-дармон берилмади. Адвокат Д.Нурматованинг аралашуви билан беришди.

27–октябрь куни шифокор ёрдамига муҳтожлигимни айтсамда, шифокор текширувига олиб чиқишмади.

30–октябрь кунидан бошлаб, 4 кунга муолажа белгиланган эди. Фақатгина 2 та укол қилишди, холос.

11. Маълум муддатгача хукумат идораларига ёзган аризаларимни айнан ўша манзилгоҳларга юборишга тўсқинлик қилган ҳолатлар бўлди.

Аввало камерадошим Мария Бандаренко камерада ҳеч қандай ариза ёзмаслигимни, агар ариза ёзсам, башарамни ёриб ташлашини, адвокатларим келганида фақатгина улар билан бирга ариза ёзишимни айтиб 24–октябрь куни очиқ ошкора дўқ–пўписа қилди.

Унинг айтишича, бирорта ариза ёзадиган ва жўнатиш учун берадиган бўлсам мени аёвсиз калтаклар экан ва бу харакати учун ҳеч қандай жазога тортилмас экан. Лекин мен аризалар ёзишимни давом эттираверганимдан кейин тергов хибсхонасининг махсус бўлими масъул ходимлари Президентга ҳамда Ҳалқаро ташкилотларга ёзган аризаларимни юбормасликларини айтишди.

12. Мен билан учрашишга кирган баъзи адвокатларимни чиқиб кетиш пайтларида тинтув қилиб чиқаришди.

13. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Ижроия Кодекси ҳамда камерага осиб қўйилган Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони Ижро Этиш Бошқармаси томонидан тайёрланган ва Ўзбекистон Республикаси прокуратураси билан келишилган инструкцияга 1–илова тергов изоляторларида махбусларни сақлаш фоидаларини 11–моддаси “б” бандига кўра мен маъмурият орқали қариндошларимга хат юбориш ҳуқуқига эгаман.

Мен эса ягона қизим Пўлатова Маҳлиё билан ва бошқа яқинларим билан шу бугунги кунгача учрашганим йўқ. Шунинг учун қизимга учрашув учун рухсатнома олишни айтиб ёзган хатимни «Судланиб хукм қонуний кучга кирган махкумларнигина хатларини қариндошларига юборамиз, Сизни хатингизни юбормаймиз» деб қайтариб беришди.

Мен қайси қонунга биноан эканлигини айтишларини талаб қилсам қайси қонунга асосанлигини ҳам айтишмади.

14. Мен 25, 26, 29–октябрь, 4, 12-17, 18, 19–ноябрь кунлари тергов изоляторида менга нисбатан қийноқ қўлланилаётганлиги ҳақида терговчи Н.Сулаймоновга, вилоят прокурорига, тергов ҳибсхонаси бошлиғи А.Узақовга, Президент И.Каримовга, вилоят ИИБ бошлиғи 1–ўринбосари К.Обидовга тинимсиз равишда аризалар билан мурожаат қилиб келдим.

Лекин биронта аризам юзасидан хеч қандай суриштирув, текширув ўтказилмади.

Ушбу аризаларим нусхалари ўзимда мавжуд ва ҳар бир аризамдаги фактлар бўйича текширувлар ўтказишни сўрайман.

15. Мен 14–октябрь жума куни кечки соат 18ларда вилоят ИИБ ИВСдан 10–сонли тергов изоляторига олиб келиндим.

24–октябрь кунигина бизни камера, яъни 6–камера тинтувдан ўтказилди.

Тинтув ўтказилаётган пайтда мени тергов изолятори бошлиғи А.Узақовни қабулига олиб тушиб кетишди. Камерага қайтганимда менга тегишли бўлган ва мени айбсизлигимни исботловчи, прокуратурага топширилмаган хужжатларим нусхалари камерадан ташқарида, постовой милиционернинг столи устида турган экан.

Мен бу хужжатларимни нима учун ташқарига олиб чиқилганини хужжатларимни текширган пайтимда тушундим. Мени айбсизлигимни исботлайдиган баъзи хужжатларим изсиз йўқолган экан.

Бу йўқотилган хужжатларимни асл нусхалари адвокатларимда борлиги учун ва айнан тинтув қилинган пайтда мен пастда бўлганлигим учун бу муҳим хужжатларни ким олиб қўйганини билмаганим учун фақатгина камерамдаги махбусларга хужжатларим йўқолганини айтдим, холос.

Шунда улар тинтув ўтказишдан мақсадлари мени хужжатларимни кўздан кечириш бўлганлигини, буни билганликларини айтишди.

Шундан буён терговга ёки адвокатларим олдига чиқсам мухим хужжатларимни керак бўлса-бўлмаса қўлтиқлаб юришга мажбур бўляпман.

16. 24–октябрь кунги ўтказилган тинтувда менга ҳеч қандай эътироз билдиришмади.

Лекин 18–ноябрь куни кундузги тахминан 8 нафар хизматчилар келишиб мени ташқарига таклиф қилиб бир хужжат билан танишиб имзо чекишимни сўрашди.

Хужжат билан танишиб чиқсам катта лейтенант Мўйдин Қосимов томонидан расмийлаштирилган «махкумни интизомий жазолаш ҳақида»ги 17–октябрь кунги, лекин негадир тергов изолятори рахбари А.Узақов имзоси йўқ қарор экан.

Бу қарор мени интизомий жазолаш ҳақидаги қарор бўлиб, «Хибсхонада сақлаш ички тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузган, яъни режага асосан камерада тинтув ўтказилаётган пайтда хибсхона ходимларига қўпол муомалада бўлиб, тинтув ўтказилишига қаршилик кўрсатгани учун «огоҳлантириш» интизомий жазоси эълон қилинсин дейилган экан.

Мен бу қарор тухматдан иборатлиги, қонун бўйича қайсидир ходим мени устимдан рапорт ёзса, бу рапортга рахбар виза қўйиб, масъул ходимга суриштирув ўтказиш учун юклаши кераклиги, ушбу ходим мендан ушбу рапортда баён қилинган ҳолатлар бўйича тушунтириш хати олиши, рапортда ва тушунтириш хатида баён қилинган далилларга қонунга таянган ҳолатдагина, яъни ҳуқуқий бахо берибгина рапортда ёзилганлар тасдиқланиб, мени тушунтириш хатим асоссиз бўлса, ана ўшандагина мени интизомий жазолаш учун маъмурият рахбарлари билан келишиб интизомий жазолаш ҳақида қарор қабул қилгач, бу қарорга рахбар имзо чекканидан кейингина ушбу қабул қилинган қарор билан мени таништиришлари керак эди. Бундан ташқари интизомий жазолаш ҳақидаги қарор фақат бир нусхада расмийлаштирилиб, шу битта қарорга имзо чекишим керак эди.

17. Лекин 18–ноябрь куни камерам олдига келиб мени ташқарига чақириб, 17–октябрь кунги ғайриқонуний қарорга орадан 32 кун ўтгач имзо чекишимни талаб қилган 8 нафар турманинг масъул ходимлари рахбар имзо чекмаган қарорга мени имзо чекишимни талаб қилганларидан кейин фақатгина битта қарорга имзо чекдим.

Лекин айнан шу қарорни тагига ушбу қарор менга нисбатан қилинаётган тазйиқлар, қийноқларнинг давоми эканлиги, Узақов ушбу масала юзасидан шахсан ўзимни зудлик билан қабул қилишини, акс ҳолда расман очлик эълон қилишимни билдириб ёздим.

Менга 32 кун аввал чиқарилган ва шу бугунги кунгача рахбар имзоламаган қарорга имзо чекишга мажбурламоқчи бўлган бу 8 нафар шахс буюртма асосида харакат қилганликлари, бу «юқори»нинг хоҳиши эканлигини уз ғайриқонуний ҳатти-харакатлари билан фош қилиб қўйишди.

Бир нусха қарорга имзо чеккан бўлсамда, қарорга имзо чекишдан бош тортганим ҳақида Абдуазим Акбаров, Мўйдин Қосимов, Азиз Мирзабеков ва бошқалар ғайриқонуний далолатнома расмийлаштирдилар.

Мени тушунишимча, айнан шу турмада хибсда сақланган пайтимда турма маъмурлари айби билан ўта вахшиёна калтакланиб, судга баданидаги оғир жарохатлари билан борган, мени ҳимоямда бўлган ЖКнинг 159–моддаси билан судланган Аҳмедова Ойшахонни ҳимоя қилиб тергов изолятори олдида 2005 йил 20–февраль куни норозилик тадбири ўтказганлигим ва Аҳмедова Ойшахонни олган тан жароҳатлари учун интизомий жавобгарликка тортилган шахслар ўша пайтдаги холат бўйича мендан ўч олмоқчи бўлаётгандирлар.

18. Тергов изоляторлари амалдорлари томонидан менга нисбатан қўлланилаётган қийноқлар борган сари авжига чиқяпти. 16–ноябрь куни бизни камерамиз яна тинтув қилинди. 24–октябрь кунги тинтув пайтида ҳам камерада мен навбатчи эдим.

Лекин мени ташқарига чиқариб юборишганди, 16–ноябрь куни ҳам мен дежур эдим ва тинтув ўтказувчилар билан мен қолдим.

Тергов хибсхонасининг режим бўйича бўлим бошлиғи Шерқўзи Сотволдиевни ҳар бир ҳатти-харакатидан менга қарши қандайдир фитна режалаштираётганини ҳис қилиш қийин эмасди.

Чунки 24–октябрь кунги тинтувда бирон маротаба камера бўйича дежур бўлмаган Бандаренко Мария айнан Сотволдиевни хоҳиши билан тинтув пайтида камера вакили сифатида қолган.

16–ноябрь куни мен дежурлигим ва қоида бўйича тинтув пайтида дежур иштирок этишини билганлигим учун камерада мен қолдим. Бу эса Сотволдиевни режасини барбод қилди.

Шунда ҳам у касаллигим учун уйимдан олиб келинган малина вареньесини нима учун баклажкада олганлигимни сўраб дўқ қила бошлади. Кейин эса мен камерага кирган кунимда ҳам турган, яъни мен киргунча арғамчидан кир ёйиш учун докадан тайёрланган кир дорини нима учун турганлигини сўрай бошлади.

Мен унга авввалги тинтув пайтида бу дор турганини, ҳаттоки ИИВдан Рахимов бошчилигида келган комиссия кирган куни ҳам, ҳар кунги эрталабки ва кечки текширувларда ҳам бу дор бўлганлигини, бу дорни мен эмас, мендан олдинги махбуслар тайёрлаган бўлишлари мумкинлигини айтсам, у мени ёлғончиликда айблай бошлади.

Кейин эса нима учун сизда 2 тадан матрас, бошқаларда 1 тадан матрас деб сўроққа тутаётганди, Оминахон исмли махбусни матрасларини санаб кўришини айтдим. Чунки Оминахонни матраси 2 та эканлиги яққол кўриниб турганди.

Шундан сўнг мен кийимларим турган сумканинг чўнтагидан 8–9 та адреслар ёзилган 2 та вароқ чиқди. Мен бу вароқлар менга тегишли эмаслигини айтсам, у мени яна ёлғончиликда айблай бошлади. Мен бу сумка датчик ходимники, яъни Бахтиёрники эканлигини айтдим.

Пастдан Бахтиёрни чақиртириб чиқиб адресни кимникилигини сўради. Бахтиёр билмаслигини айтди. Шунда мен адресларни ёзиб олишимни, адвокатларим текширишларини ва бу адреслар махбусларга озиқ-овқат топширган қариндошларини адреслари бўлиши мумкинлигини айтдим.

Бахтиёр ҳамма ёзувни синчиклаб текшириб кўриб ҳақиқатан ҳам эсига тушгани, бу адреслар ўзига тегишли эканлигини айтди. Шунда Сотволдиев ташқарида ишловчи Бахтиёрни ҳам тинтувда қатнашишини буюриб, камеранинг мени бўйим етмайдиган дераза ойнасига 2 кишини чиқариб текширишни буюрди.

Улар ойнак билан панжара оралиғидан битта мих «топишди». Шунда Сотволдиев бу мих камерага қаердан келиб қолганлигини тушунтириб беришимни талаб қилди. Мен бўйим етмайдиган жойдаги михни менга қандай даҳли борлигини, яна бу айнан мени краватим эмас, бошқа махбусларни краватини тепасидагилигини айтсам, Сотволдиев «агар мен хоҳласам, бу михни Сизни каравотингизни ирғитиб қўйсам, Сизни краватингиздан «топишарди» деди.

Хужжатларимни текширмоқчи бўлган пайтида эса ёнидан жилмай унинг ҳар бир ҳатти харакатини кузатиб турдим. Унга менга нисбатан фитна уюштириш ниятида кирганлигини сезиб турганимни, қамоқхона рахбарияти ҳамда вилоят ИИБ рахбарларига унинг ғайриқонуний ҳатти-харакатлари устидан шикоят қилишимни айтдим.

Орадан бир-икки кун ўтгач эса 17–октябрь кунги мени интизомий жазолаш ва иккинчиси мен ўқимаганим ва қайси муддатлиги, қандай мазмундалигидан бехабар бўлган, лекин бу ҳам интизомий жазолаш ҳақидаги қарорлигини, 17–октябрь кунги қарорни нусхаси эканлигини менга имзо чектиришга мажбурлаш учун келган 8 нафар ходимлар гапидан билганим қарорларни олиб келишгандан билдимки, мени ҳуқуқ ва эркинликларим турма маъмурлари томонидан ўта қўпол тарзда бузилаётгани ҳақида ёзаётган аризаларим бўйича мендан қасд олишга улар тинимсиз интилишяпти.

Турма бошлиғи эса ариза ёзсамда, мени қабул қилмаяпти.

Тергов изоляторига келтирилганимдан буён айнан менга нисбатан уюштирилаётган фитналар юқорида баён қилганларим билан чекланмайди.

19. Мен тергов хибсхонасига келган кунимдан буён хибсхонадаги 75 фоиз аёллар мен ўтирган камерага кириб–чиқиб кетишди. Улар орасида тери–таносил касалига дучор бўлганлардан тортиб, сариқ касал билан оғриётгану, руҳий касаллар ҳам бор эди.

16–ноябрь кунги тинтувдан кейин камерадаги Тўхтасинова Омина ва Сотволдиева Зариналар камерадан чиқарилиб, улар ўрнига 53–камерадан Хикматой Мирзаева, Олтиной Юлдашева, Роза Рахмонова ҳамда Гуллола Деҳқоноваларни 6–камерага кўчиришди. Улар камерага кираётган пайтларида мен терговга чиқиб кетаётган эдим.

Шу куни мен кечгача терговда қатнашдим. Фақатгина ярим соатга тушлик қилиш учун камерага кирдим. Кечқурун соат 19ларда камерага қайтиб кирдим ва овқатландик.

Шу пайтдагина мен камерадошларим билан танишдим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Деҳқонова Гуллолани дарди тутиб қолди. Узоқ вақтгача ўзига келмади.

17–ноябрь куни эрталаб тергов хибсхонаси бошлиғи номига ариза ёзиб, бизни қабул қилишини сўрадик. Бундан ташқари мен Деҳқоновани дарди тутган пайтида аҳволи ўта оғирлиги учун уни ўлиб қолди деб ўйлаб юрагим ёмон бўлиб қолгани учун медсанчастга ариза ёздим. 17–ноябрь куни эрталабдан бошлаб яна терговга чақиришди. Тушгача терговда қатнашдим.

Тушлик қилиш учун камерамга қайтиб овқатланиб бўлгач, терговга қайтиб кетаётганимда врач Дилшод Дадажонов ва 6–7 нафар ходимлар мени камерамга қайтиб киришимни, аризам бўйича соғлигимни текширишларини айтишди.

Мен камерага қайтиб кирганимда, ҳеч кимни мени соғлигим қизиқтирмади, аксинча “Камерангиздагилар сиздан шикоят қилишяпти, буларни қўлига кодекс китоби тутқазиб, даъват қиляпсиз экан” дейишди.

Чунки аризам бўлсада, мени соғлигимни текшириш учун мени мажбуран камерага қайтариб олиб келишган бўлсада, мени текширишмади ҳам, журналга ёзишмади ҳам.

Мен бу гаплар тухматлигини, чунки бу аёллар камерамга кирган пайтларидан буён мен терговчи ва холислар билан биргаликда тергов харакатларида қатнашаётганлигимни, ўзим йўқ бўла туриб қандай қилиб уларга китоб беришим мумкинлигини сўрадим.

Камерадошим Раҳмонова Роза «Гуллола сиздан гап сўраганди берган жавобингиз туфайли аҳволи оғирлашиб қолди» деди. Унинг бу гапини асос қилиб Акбаров Абдуазим бошчилигида менга қарши хужжат расмийлаштиришибди. Буларни кейинчалик билдим.

17–ноябрь куни мен терговда қатнашаётган палламда тергов хибсхонаси ходимлари камерадаги аёлларга менга ташланишларини, қўрқмасдан харакат қилаверишларини айтишган.

Мен 2005 йил бошида Вилоят Газлаштириш бошқармаси бошлиғи Шавкат Эминовнинг давлат мулкини талон–тарож қилаётганлиги юзасидан Президентга телеграмма юбориб, Эминовни Тошлоқ газ идорасига 7 миллион сўмга хожатхона қурганлиги ва бошқа холатларни фош қилгандим.

Шунингдек, Тошлоқ туман хокими ўринбосари Ўғилой Усмоновани туман пахта тозалаш заводидаги аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузганлиги учун аёлларни ишончли вакили сифатида Ўғилой Усмоновани судга бергандим. Шунингдек тумандаги боғча мудираси Усмонованинг қизи Нодира Эминованинг кирдикорларини ҳам фош этгандим.

Мени камерадошим Роза Раҳмонова уни Ўғилой Усмоновани укаси, Эминов Шавкат ва Эминова Нодирани тоғаси Усмонов Муродилнинг ноқонуний хотини экан ва Усмонов билан жиноий тил бириктириб наркотик модда савдоси билан шуғулланар эканлар. 85 қути наркотик модда билан қўлга тушган Усмонов ва Раҳмоновалар хибсга олиниб, Роза Раҳмонова 16–ноябрь куни мен турган камерага кўчирилиб, 17–ноябрь куни менга тухмат қилиб ўзи номидан ва махбус Хикматой Мирзаева номидан тергов хибсхонаси ходимларининг сўзма-сўз айтиб турганлари бўйича тушунтириш хатлари ёзиб Мирзаева Хикматой ўрнига ҳам ўзи имзо чеккан.

Деҳқонова Гуллолани соғлиги бузилишига гапи билан салбий таъсир кўрсатди, деб менга тухмат уюштирган хибсхона масъул ходимлари 19–ноябрь кунги жиноятдан кўз юмдилар.

Деҳқонова Гуллола 19–ноябрь куни Қува туман ИИБга терговга олиб кетилди ва кечаси 23.30ларда баданлари кўкарган, шишган ҳолатда қайтариб олиб келинди.

Аслида ҳомиладор бўлган, руҳий касал Гуллола Деҳқоновани Қува туман ИИБ тергов бўлими бошлиғи Фарход исмли шахс маст ҳолатда уриб, калтаклаган.

Калтак зарбига йиқилиб тушган Гуллола Деҳқонованинг ҳомиласига ҳам зиён етганлиги учун кечаси шифохонага олиб бориб, уни текширтириб келишди.

Лекин ўзини суд тиббий экспертизадан ўтказишларини, тергов бўлими бошлиғига жиноят иши қўзғатишни сўраб вилоят прокурорига ёзган аризалари оқибатсиз қолдирилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2003 йил 19–декабрь кунги «Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 17–сонли қарорини 19–моддаси 2–бандига асосан «Суриштирувчи, терговчи, судья қамоқ жойларидан келтирилган шахсдан ҳар доим суриштирув, тергов харакатлари ўтказилган пайтда унга нисбатан қандай муносабатда бўлишганлиги ҳамда сақлаш шароити тўғрисида сўрашлари шарт.

Суриштирувнинг ёки терговнинг қийноққа солиш ёҳуд қонунга ҳилоф бошқа усуллари қўлланилганлиги тўғрисидаги ҳар бир мурожаат факти бўйича арз қилинган важларни синчиклаб текшириш, шу жумладан тиббий гувоҳлантириш ўтказиш орқали синчиклаб текширишлари ва натижасига қараб, тегишли мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатишга қадар процессуал ёки бошқа ҳуқуқий чоралар кўришлари шарт» дейилган.

Мен эса тергов изоляторида менга нисбатан қийноқ қўлланилаётганлиги, бунинг натижасида тинимсиз жисмоний ва маънавий азоб тортаётганим учун ЖПКнинг 108–моддасини 2–қисмига кўра илгари берган кўргазмаларимни тўлдиришни хоҳлашимни, шунинг учун мени дарҳол сўроқ қилишни сўраб 25–октябрь, 4–ноябрь, 18 ва 19–ноябрь кунлари терговчи Н.Сулаймонов номига, Жиноят Ижроия Кодексининг17–моддасига асосан назоратга олиб менга нисбатан уюштирилаётган фитналар ташкилотчиларига қонуний чора кўришни сўраб вилоят прокурори А.Ҳолмаҳматов номига 4–ноябрь кунги ёзган аризаларим оқибатсиз қолдириб келинмоқда.

Бу эса тергов изоляторида менга нисбатан қийноқни кучайтирилаётганлигини исботлайди.

Мўътабар Таджибаева

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.