Мен қонунга зид равишда хибсга олиниб, узлуксиз қийноқлар қўлланилиб, ҳимоя ҳуқуқларим оёқ ости қилиб келинмоқда
«… Бундан ташқари, 2005 йил 05–апрель куни Матлуба Азаматова электрон нашрларида «Ҳуқуқий жамият» ҳалқ харакати ҳақида мақола чоп этиб, унда «Ўтюраклар» Клуби раиси Таджибаева Мўътабардан интервью олган.
Ушбу интервьюда Таджибаева Мўътабар «Ҳуқуқий жамият» ҳалқ харакати тузганлигини, ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралар айбсиз фуқароларни жиноий жавобгарликка тортаётган, Олий Мажлисда инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фуқаролардан келиб тушган аризалардан жуда кам миқдорини кўриб чиқаётганини кўрсатиб, қирғиз мухолифати ва қирғиз инқилобчиларини қўллаб қувватлашга ва Қирғизистон фуқароларидан ўрнак олиб, намойишлар қилишга даъват қилган….»
Фарғона шаҳридаги 10–сонли тергов хибсхонаси махбуси Мўътабар Тожибоевадан Ариза
Тошкент. Шевченко кўчаси 6–уй. Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Ўзбекистондаги Ваколатхонасига;
Нусхаси: Тошкент Академик Яҳё Ғуломов кўчаси 66–уй, Республика Бош прокурори Рашид Қодировга;
Нусхаси: Адвокатларимга
14.01.2006 йил
Мен қонунга зид равишда хибсга олиниб, узлуксиз қийноқлар қўлланилиб, ҳимоя ҳуқуқларим оёқ ости қилиб келинди.
«Фуқаролик жамияти» Ҳалқ харакати асосчиси, «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, мустақил журналист, Ҳалқаро Нобель мукофоти Номинанти, Инсон ҳуқуқлари Ҳалқаро Жамияти аъзоси, «Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилоти», «Сўз ва фикр эркинлиги кўмитаси» таъсисчиси бир айланиб ашаддий жиноятчига айланди.
Мен сизларга мурожаат қилиб менинг паймол этилаётган ҳуқуқ ва эркинликлримни ҳимоя қилишга кўмак беришларингизни сўрайман. Чунки Прокуратура тизимининг менга нисбатан уюштирилган бу фитнаси Ўзбекистонда қонун устивор бўлишига, мамлакат ҳуқуқий демократик давлат сифатида юз кўрсатиши учун ўз ҳиссасини қўшувчи, маъмурий органлар амалдорлари томонидан содир этиладиган қонунбузарликларга қарши курашувчи фаол фуқароларга нисбатан қилинган тайзиқдир.
Прокуратура тизими мени Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 17та моддаси билан айблади. Мен 7–октябрьда хибсга олиндим. Лекин Тошкентда Олий судда 20–сентябрь куни Андижон фожеалари юзасидан бошланган суд жараёнида Республика Бош прокурорининг ўринбосари Анвар Набиев ушбу жиноят иши материаллари билан, яъни айблов хулосаси билан таништираётган пайтда «Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши курашамиз – Биз огоҳмиз!» шиори остида фаолият юритувчи ташкилотимиз ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Ушбу айблов хулосасида қуйидагилар ёзилганди:
«… Бундан ташқари, 2005 йил 05–апрель куни Матлуба Азаматова электрон нашрларида «Ҳуқуқий жамият» ҳалқ харакати ҳақида мақола чоп этиб, унда «Ўтюраклар» Клуби раиси Таджибаева Мўътабардан интервью олган.
Ушбу интервьюда Таджибаева Мўътабар «Ҳуқуқий жамият» ҳалқ харакати тузганлигини, ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралар айбсиз фуқароларни жиноий жавобгарликка тортаётган, Олий Мажлисда инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фуқаролардан келиб тушган аризалардан жуда кам миқдорини кўриб чиқаётганини кўрсатиб, қирғиз мухолифати ва қирғиз инқилобчиларини қўллаб қувватлашга ва Қирғизистон фуқароларидан ўрнак олиб, намойишлар қилишга даъват қилган….»
20–сентябрь куни Олий суд биносида Ҳалқаро жаҳон ҳамжамияти вакиллари иштирок этган ва ўз қулоқлари билан эшитган юқоридаги фикр янграган пайтидаёқ Республика Прокуратураси мени тақдиримни ҳал қилганди.
Олий судда суд жараёни давом этаётган вақтда менга қўйилаётган айбловлар юзасидан гувоҳлик кўргазмаси бериш учун Тошкентга бордим, лекин мени судга қўйишмади. Орадан бир хафта ўтиб қамалдим.
27–декабрь куни вилоят прокуратураси жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи Нурмуҳаммад Сулаймонов жиноят иши тамомланганини маълум қилиб жиноят иши материаллари билан танишишга тақдим қилди.
Айнан ўша кунлари ва ҳозир ҳам касал бўлиб, оғир аҳволда бўлсам ҳам жиноят иши материаллари билан танишишни бошладим. 13 жилддан иборат камида 4000 вароқ 5000–5500 бетдан иборат жиноят иши билан танишиб чиқишим учун атиги 38 соат беришди холос.
Яъни 27–декабрь куни 5 соат 40 минут, 28–декабрь куни 1 соат 20 минут, 29–декабрь куни 4 соат 30 минут, 30–декабрь куни 3 соат 20 минут, 3–январда 2 соат 30 минут, 4–январда 6 соат, 6–январда 6 соат 20 минут.
Бошқа пайтларда жиноят иши материаллари билан таништириш учун тергов хибсхонасига умуман ҳеч ким келмади.
Ушбу ҳолат юзасидан Фарғона вилоят прокурори А.Холмаҳматов номига 13–январь куни ариза ёзиб ЖПКнинг 46–моддасига асосан дастлабки тергов тамом бўлгандан сўнг ишнинг барча материаллари билан танишиб чиқиш учун ва ундан керакли маълумотларни ёзиб олиш ҳуқуқига эга эканлигим, ЖПКнинг 376–моддасига кўра иш билан танишиб чиқишим учун зарур бўлган муддат чекланмаслиги, иш материаллари билан танишишни атайлаб чўзишга ҳеч қандай уриниш қилмаганлигим, иш билан танишиб чиқиш пайтимда ишдаги хужжатлардан кўчирмалар ёзиб олишга ҳаққим борлиги учун барча жилддаги жиноят иши материаллари билан танишиб чиқишимга, керакли хужжатларни кўчириб ёзиб олишимга етарли шароит яратиб беришини сўраб ариза ёзгандим.
Мен шу бугунги кунгача жаъми жиноят иши материлларининг тахминан 10 фоизи билан танишиб чиқдим холос. Лекин шу танишиб чиққан иш материаллари орасида терговчилар томонидан ҳам мени имзоларим сохталаштирилганлик ҳолатларига дуч келдим.
Мен жиноят иши материаллари билан тўлиқ танишиб бўлганимдан кейин хатшунослик ва бошқа турдаги экспертизалари ўтказишни сўраб илтимосномалар киритишни режалаштирганман. Мени қонунга зид равишда хибсга олишларидан аввал, яъни 7–октябрь куни кеч соат 22.30ларда хибсга олинган бўлсам, унгача «Тергов гуруҳи тузиш ҳақида» қарор чиқариб «Мўътабар Тожибоевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича бажарилиши лозим бўлган тергов харакатларини хажми катталиги, мураккаблигини инобатга олиб, тергов гуруҳи тузиш лозим бўлади» деб 6 нафар терговчи ишга жалб қилинган.
Прокуратура амалдорлари тан олиб қарор билан расмийлаштирилганидек ушбу жиноят хажми катта ва мураккаб.
Ушбу катта хажмли ва мураккаб жиноят иши билан танишиб чиқишим учун берилган 38 соат мени умуман қониқтирмайди. Мени ҳуқуқ ва эркинликларимни бузишни давом этаётган вилоят прокуратураси амалдорлари 13–январь кунги ёзган аризамни қонуний ҳал этмай туриб 14–январь санаси билан айблов хулосасини тасдиқлаб, 14–январь куни тергов хибсхонасига кириб, майда, ўқиб бўлмайдиган ҳолатда печать қилинган айблов хулосаси ва 20 миллион сўмга яқин моддий зарарни ундириш ҳақидаги Фарғона вилоят прокуратураси томонидан расмийлаштирилган даъво ариза билан танишиб чиқишим учун олиб келишди.
Менинг бугунги аянчли аҳволим эртага ҳар бир инсон ҳуқуқи ҳимоячиси, хур фикрли инсонлар, жасоратли журналистлар бошига ҳам тушиши аниқ.
Шунинг учун Прокуратура тизимининг фитналари юзасидан – мени масалам юзасидан ҳалқаро экспертлар ва кузатувчилар ажратишларингизни сўрайман.
Махбус Мўътабар Тожибоева
This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.
Fikr bildirish