Инсон ҳуқуқлари: Таниқли ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг иши бўйича суд жараёни очиқ ўтмоқда

fergana

11.02.2006

Сид Янишев

Мўътабар Тожибоевага нисбатан 30 январь куни бошланган суд йиғилишлари бундан буён очиқ ўтиши маълум бўлди. Уларга барча хоҳловчилар, жумладан журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам киритиладилар. Шу куниёқ судга «Хьюман Райтс Вотч»нинг икки вакили, АҚШ ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихоналаридан биттадан вакил ва «Дойче Велле» радиоси мухбири келдилар.

Судда бирорта маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари бўлмадилар. Бу тушунарли ҳам. Ўзбек журналистлари асосан икки гуруҳга бўлинадилар: биринчи гуруҳдагилари ўтаётган жараён ҳақида ҳеч нарса билмайдилар, бошқалари эса бекорга вақт ўтказишни истамайдилар, чунки бу мавзудаги бирорта мақола Ўзбекистон матбуотида берилмайди.

Шу билан бирга Тошкент вилояти жиноий ишлар бўйича Қуйичирчиқ тумани судининг жараён ўтаётган залига кўп одам сиғмасди ҳам. Ўлчами 10га 7 метр бўлган хона нариги томондаги «ишқибозларни» қийинчилик билан сиғдириши мумкин эди. Қолган жойлар судланувчи ўтирган темир қафас, уч судья, икки прокурор, кафедра ортидаги ва залдаги гувоҳлар, видеооператор, уч котиб ва олти милиция ходими томонидан эгалланган.

Дўстобод (собиқ Солдатское) шаҳарчасига кираверишдаёқ ҳаддидан ошиб кетган ишбилармонни эмас, камида Анжела Девисни суд қилишаётгани аниқ бўлади. Шу муносабат билан шаҳарчада алоҳида паспорт режими киритилган, у ерга кираверишда икки блокпост қўйилган: формадаги ва формасиз милиция ходимлари гувоҳнома ва паспортларни диққат билан кўздан кечириб, ўзларини суд очиқми ёки ёпиқ ўтаётганини билмагандай қилиб кўрсатишади.

Туманда мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари кўрилган: суд биноси олдидаги майдон бетон тўсиқлар билан тўсилган, шлагбаум орқали ўтиш жойига «типратикон» типидаги темир гилам тўшалган, милиция ва миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг саноғи йўқ. Бинога кираверишда ўт ўчириш машинаси навбатчилик қилмоқда, судланувчи Тожибоевани эса «мигалка»ли бир нечта автомашина ҳамроҳлигида зирҳланган автомобилда олиб келишади.

Кираверишда куч қўллаш маҳкамалари вакиллари биз ҳақимиздаги маълумотларни (уй манзилимизгача) бир неча бор қайта ёзишади, темир исковчи ускуна орқали ўтказишиб, диктофон, телефон, фотоаппаратларимизни олиб қўйишади ва бизнинг кўзойнакларимизни ҳам текширишади – уларга видеокамералар ўрнатилмаганмикин? Натижада «Дойче Велле» радиоси мухбири ўзининг қуёш нуридан сақловчи кўзойнагидан ажралади.

Мўътабар Тожибоева танишларини кўрганда очиқ жилмайиб қўл силтайди. Бу ҳам тушунарли – биз унинг қариндошларидан бирортасини суд залида учратмадик. Шу вақтнинг ўзида унинг адвокати Дилафрўз Нурматованинг гапларига қараганда, шу кунгача, яъни суд залида журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари пайдо бўлгунга қадар суд жараёни қонун доирасига зўрға тушарди. Раислик қилаётган Юлдашев деган судья ўта мулойим эмасди ва судланувчининг гувоҳларга савол беришдек қонуний ҳуқуқини ҳар томонлама рад этарди.

Дарвоқе, ҳурматли судьяларнинг версиясига кўра, бунгача жараён ёпиқ ўтказилган, чунки «ҳеч ким уни судга киритиш илтимоси билан мурожаат қилган эмас». Шу вақтнинг ўзида бир ҳафта аввал жараённинг бошланиши олдидан «Хьюман Райтс Вотч»нинг вакилларини умуман шаҳарчага киритишмаган, юқори органларга арзланишдан фойда бўлмаган.

Жараён бошлангандан буён ўтган бир ҳафта давомида кўпчилик гувоҳлар сўроқ қилиниб бўлган ва адвокатларнинг сўзларига қараганда, иш икки ҳафта ичида ниҳоясига етиши мумкин. Ҳозирча Тожибоеванинг иқтисодий жиноятлар бўйича айбловларигина эшитилган. Айбловдаги сиёсий моддалар эса ҳали қаровсиз турибди.

Мана бу сафар ҳам кафедра ортида қўлидаги қоғозга тикилганча айблов томонидан келган гувоҳ Раҳим Эргашев турибди. У узоқ 2000 йилда судланувчининг банкдан 8 миллион сўм (бугунги курс билан олганда 7,5 минг долларга яқин) кредит олганини ва Эргашевни Сурхондарё вилоятига – қўй сотиб олишга юборганини айта бошлайди. Бироқ у келгач маълум бўладики, йўлда қўйлар озиб кетган ва уларни энди зараригагина сотиш мумкин. Шу сабабдан Тожибоева банкдан олган кредит қайтарилмаган. Ўтган йиллар давомидаги фоизлар 10,5 миллион сўмга етган ва Тожибоева энди банкка 18,5 миллион сўм қайтариши керак.

Шунга ўхшаш айбловлар иккинчи гувоҳ – Ҳусанбой Рўзматовдан эшитилади. Судья жуда мулойим ва сўзларни жуда ўрнида ишлатади (унинг ўзбек тилидаги нутқига тез-тез рус тилидаги «разборшик» деган сўз аралашиб кетиб турса ҳам), гувоҳлар баъзан кўрсатмаларида адашиб кетишади, шунда Тожибоева худди минбарда тургандай баланд овоз билан уларга савол беради. Баъзан у худди судланувчи эмас, ўзининг енгилган душманларига нафрат билан айб тақаётган прокурордай туюлиб кетади. Бироқ шу билан навбатдаги жараён тамом бўлади, қамоқхона кортежи чироқларини липиллатган ҳолда катта тезликда суд олдидаги майдонни тарк этади – эртага эрталабгача.

Эслатиб ўтамиз, марғилонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, ўзи тузган «Ўтюраклар клуби» мустақил ташкилотининг лидери Мўътабар Тожибоева ўтган йилнинг октябрида Ўзбекистон жиноят кодексининг 165-моддаси билан «Товламачилик»да айбланиб ҳибсга олинган эди. Кейинроқ бунга яна ўн олти сиёсий («жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни ноқонуний тарзда ташкил қилиш», «жамоатчилик хавфсизлигига ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш ва тарқатиш» каби) ва иқтисодий айбловлар қўшилган.

Бироқ ўзбек ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари Тожибоеванинг ҳибсга олинишининг ҳақиқий сабаби, унинг ўтган йилги маълум Андижон воқеаларидан олдин ва кейин олиб борган жамоатчилик-сиёсий фаолияти бўлган деб ишонишади. Адвокат Дилафрўз Нурматованинг таҳминича, агар Тожибоевани унга қўйилган барча айбловлар бўйича айбдор деб топишса, у ҳаммаси бўлиб 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

http://uzbek.fergananews.com/article.php?id=268

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.