Вестерн Юнион ва бошқаларнинг чақмачақарлиги натижаси нима бўлади?

Снимок,,,,,,,

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил журналистлар хавф остидалар!

«… Шунингдек Мўътабар Таджибаева қонунсиз равишда ташкил этган «Ўтюраклар» жамоат ташкилотини фаолиятини юритишда Америка Қўшма Штатларининг Ҳалқаро ривожланиш агентлигидан 5620 АҚШ доллари ва Франция элчихонасидан 200 АҚШ доллари моддий ёрдам олиб, ушбу молиявий ёрдамларни мақсадли сарфламасдан, уларни жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган, аҳоли орасида вахима чиқаришга қаратилган, фуқароларни тотувлигини бузиш, тухматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар ҳамда жамиятда қарор топган ҳулқ атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган маълумотларни тарқатиб, олган моддий ёрдамларидан солиқ идораларига даромадлар деклорациясини топширмасдан жуда кўп миқдорда 2042,9 минг сўм даромад солиғи тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Шундай қилиб, М.И.Таджибаева ўзининг бу харакатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари, 140-моддаси 3-қисми «а» банди, 184-моддаси 3-қисми, 216-моддаси ва 244-1-моддаси 3–қисми «в» бандида кўрсатилган жиноятларни қасддан содир қилган…»

Яқинда бир қатор инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва мустақил журналистлар солиқ идораларига жалб қилиндилар. Уларни чет давлатдан олган маблағлари хисобидан даромад солиғи тўлашлари шартлиги ҳақида огоҳлантирилганлар.

20.05.2006 йил

Чет давлатдан олган маблағлари хисобидан даромад солиғи тўлашга жалб қилинганлар рўйхатида Ўзбекистонда фаолият юритувчи Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва эркин журналистларнинггина исми шарифлари борлиги ҳақида солиқ идорасига чақиртирилиб, огоҳлантирилган ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзова кенг жамоатчиликка маълум қилган.

Хўш, бу рўйхатлардаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва эркин фаолият юритувчи журналистлар нималар кутяпти? Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, мустақил журналист, «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, «Фуқаролик жамияти» Халк харакати асосчиси Мўътабар Тожибоевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан 14 январь куни Фарғона вилоят прокурорининг 1-ўринбосари Ориф Аҳмаджонов томонидан тасдиқланган айблов хулосасининг 33-вароғида қуйидаги фикрлар баён қилинган:

«… Шунингдек Мўътабар Таджибаева қонунсиз равишда ташкил этган «Ўтюраклар» жамоат ташкилотини фаолиятини юритишда Америка Қўшма Штатларининг Ҳалқаро ривожланиш агентлигидан 5620 АҚШ доллари ва Франция элчихонасидан 200 АҚШ доллари моддий ёрдам олиб, ушбу молиявий ёрдамларни мақсадли сарфламасдан, уларни жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган, аҳоли орасида вахима чиқаришга қаратилган, фуқароларни тотувлигини бузиш, тухматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар ҳамда жамиятда қарор топган ҳулқ атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган маълумотларни тарқатиб, олган моддий ёрдамларидан солиқ идораларига даромадлар деклорациясини топширмасдан жуда кўп миқдорда 2042,9 минг сўм даромад солиғи тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Шундай қилиб, М.И.Таджибаева ўзининг бу харакатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари, 140-моддаси 3-қисми «а» банди, 184-моддаси 3-қисми, 216-моддаси ва 244-1-моддаси 3–қисми «в» бандида кўрсатилган жиноятларни қасддан содир қилган…»

Ёмон ният қилма дейдилар кексаларимиз. Солиқ бошқармасига чақиртирилиб даромад солиғи тўлашлари ҳақида расман огоҳлантирилган ва ҳали огоҳлантирилиб улгурмаган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва эркин харакат қилувчи журналистлар ҳам Мўътабар Тожибоева сингари сохта айбловлар билан жиноий жавобгарликка тортилмайдилар, уларни жиноят содир этмаганликларини исботловчи хужжатларни йўқ қилишга, компютерлари, хаттоки қўл телефонлари-ю, уй телефонлари аппаратларигача жиноят қуроли деб топилиб давлат эгалигига ўтказилишига хукм чиқарилмайди деб ҳеч ким кафолот бера олмайди.

Шу ўринда сохта айбловлар жумласига тушунча бериб ўтишни лозим топдик. Бунинг учун 2003 йилда «Ўқитувчи» Нашриёти орқали М.Х.Рустамбоев томонидан олий ўқув юртлари учун дарслик «Жиноят ҳуқуқи» китобидан фоойдаландик.

Бу китобни биринчи вароғида «Ушбу дарслик Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси асосида жиноят ҳуқуқи ўқув курсига мувофиқ тайёрланган. Унда Жиноят Кодекси тегишли моддаларида жавобгарлик белгиланган жиноятлар учун жавобгарлик масалалари кенг ёритилган.

Муаллиф томонидан барча жиноят тартибининг белгилари таҳлил қилинган бўлиб, уларни квалификация қилишга ўхшаш тартибли жиноятлари фарқлаш муаммолари кўриб чиқилган.

Дарслик юридик олий ўқув юртлари бакалаврлари, магистрлари, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси тингловчилари, аспирантлар, ўқитувчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамда жиноят ва жазо муаммолари билан қизиқувчи китобхонларга мўлжалланган» деб ёзилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошидаги мувофиқлаштирувчи Кенгаш қарори билан ҳуқуқшунослик олий ўқув юртлари талабалари учун дарслик сифатида тавсия қилинган юридик фанлари докторлари, профессорлар С.З.Зарипов ва И.Хакимовлар тақриз қилган ушбу китобдаги Жиноят Кодексининг 216 ва 244-1-моддаси 3-қисми бўйича жиноят таркибининг таҳлили, уларни квалификация қилиш холатлари билан танишиб чиқиш ҳеч кимга зарар қилмаса керак.

Ушбу китобнинг 350 вароғида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 216 моддаси яъни «Ғайриқонуний жамоат бирлашмалари, ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ёки уларнинг фаолиятини тиклаш, шунингдек бундай бирлашмалар ёки ташкилотлар фаолиятида фаол қатнашиш» моддаси қуйидагича таҳлил қилинган.

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 34-моддасида: «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий харакатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий харакатларда, шунингдек хокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифотчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас» деб таъкидланади.

Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ «Ўз ҳуқуқлари, эркинликларини ҳамда сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий равожланиш, фан, маданият, экология ва ҳаётнинг бошқа сохаларидаги қонуний манфаатларини биргаликда рўёбга чиқариш учун бирлашган фуқароларнинг хоҳиш–идораларини эркин билдиришлари натижасида вужудга келган ихтиёрий тузилма жамоат бирлашмасидир».

Сиёсий партиялар, оммавий харакатлар… ва фуқароларнинг бошқа бирлашмалари жамоат бирлашмалари деб эътироф этилади.

Аммо, «Конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи Республиканинг суверинетети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, ҳалқнинг соғлиги ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти таъқиқланади», деб кўрсатиб ўтилган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасида.

1991 йил 15 февралда Ўзбекистон Республикласининг «Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Қонунини қабул қилинди. Ана шу қонунга мувофиқ: «Фаолияти жамиятнинг аҳлоқий негизларини, умумбашарий инсонпарварлик қадриятларини бузишга қаратилган, шунингдек, конституцион тузумни ғайриқонуний йўл билан ўзгартириш ёки Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси худудининг бирлигини бузиш, урушни, зўравонликни ва шавқатсизликни, жамиятни парчалашга олиб борадиган ижтимоий шу жумладан синфий, ирқий, миллий ва диний адоватни авж олдириш, қонун билан тақиқланган бошқа хатти-харакатлар қилиш мақсадини кўзлайдиган жамоат бирлашмаларининг тузилишига йўл қўйилмайди.

Аҳолининг саломатлиги ва аҳлоқига, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига тажовуз қиладиган жамоат бирлашмаларини тузиш маън этилади».

Жиноят объектив томондан тақиқланган жамоат бирлашмаларини тузиш ёки улар фаолиятини қайта тиклашда, бундай бирлашмалар фаолиятида фаол иштирок этишда ифодаланади.

Таъқиқланган жамоат бирлашмаларини тузиш деганда таъқиқланган жамоат бирлашмасини ташкил қилиш мақсадида содир этилган ҳар қандай хатти-харакатни, яъни фаолияти таъқиқланган бирлашмаларга одамларни жалб қилиш, уларнинг Низом ва Дастурларини ишлаб чиқиш, бундай бирлашмалар учун жой излаб топиш ва ҳаказоларни тушуниш керак.

Фаол иштирок этиш деганда таъқиқланган жамоат бирлашмаларининг етакчи рахбарлари, шунингдек, таъқиқланган бирлашмалар аъзолари орасидан ўз мавқеи, зиммаларига юкланган вазифалари билан ажралиб турувчи шахсларнинг фаолиятини тушуниш мумкин.

Таъқиқланган жамоат бирлашмаси тузилган ёки фаолияти қайта тикланган пайтидан эътиборан жиноят тугалланган хисобланади».

Мўътабар Тожибоева айбли деб топилган Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-1-«Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш моддасининг 3-қисми «в» банди ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган харакатларни диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб содир этилишини ўз ичига олади.

М.Х.Рустамбоевнинг «Жиноят ҳуқуқи» китобида эса Жиноят Кодексининг 244-1-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари жиноят таркибининг белгилари қуйидича таҳлил қилинган:

Объектив томондин ЖКнинг 244-1 моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят:

1. Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари асосида қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида вахима туғдиришга қаратилган материалларни тайёрлаш;

2. Ёки шу хилдаги материалларни тарқатиш мақсадида сақлаш йўли билан содир этилиши мумкин.
Жиноят Кодексининг 244-1-моддаси 1-қисми маъмурий преюдияга эга, яъни шундай харакати учун олдин маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлади.

Шу модданинг 2-қисмида назарда тутилган жиноят объектив томондан диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари асосида қирғин солишга ва фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима туғдиришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, вазиятни беқарорлаштирувчи тухматона уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган аҳлоқ қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланишда ифодаланади.

Тухмат, уйдирмалар деганда, ёлғонлиги олдиндан маълум бўлган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатилишини тушиниш зарур.

Вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар деганда жамоат тартибининг бузилишига, корхона, муассаса, ташкилотлар фаолиятининг вақтинча тўхтаб қолишига, аҳоли ўртасида қўрқув, вахима, ишончсизлик ва хаказоларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин бўлган ёлғон далиллар, ахборотларни тушуниш зарур.

Субъектив томондан жиноят тўғри қасд билан содир этилади. Кўзланган мақсад – диний экстремизм, сепаратизм, ақидапарастлик ғоялари мужассамлашган материалларни тарқатиш, қирғин солиш, фуқароларни зўрлик билан кўчириш, аҳоли орасида вахима туғдириш, фуқаролар тотувлигини бузиш, тухматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар, тухмат тарқатиш жиноятининг зарурий белгиси хисобланади.

«Экстремизм» лотин тилидан олинган бўлиб «кескин фикр ва чораларни ёқлаш, кескин чораларга тарафдорлик» маъносини англатади. Диний экстремизм – кенг маънони англатади. Диний экстремизм кескин чораларни қўллашга, баъзан зўравонлик харакатларини содир этишга мойиллиги билан ажралиб туради.

Сепаратизм – лотинча «сепаратус» сўзидан олинган бўлиб, алоҳида, алоҳидаликка, ажралиб чиқишга ишлатиш, давлатнинг бир қисми алоҳида ажралиб чиқиши ва янги давлат тузилишини ёки мамлакатнинг бир қисмига автономия берилишини кўзловчи харакат маъносини англатади».

6 март кунги чиқарилган хукм устидан ёзган аппеляция шикоятида Мўътабар Тожибоеванинг ҳимоячиси Хусан Махбубов алоҳида тўхталиб қуйидагиларни ёзганди:

«Ҳимоямизда бўлган Мўътабар Таджибаевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-1-моддаси 3-қисмининг «в» банди ўз мазмунига кўра «биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган харакатларини диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб содир этилган бўлса» деб кўрсатилганилигига қарамасдан тергов органи қўйилган ушбу айб юзасидан тўлиқ баён этмаган. Чунки, агар шу моддани 3-қисмидаги «в» банди билан айб эълон қилинганлик учун жиноят Кодексининг 244-1-моддасини диспозиция қисми билан чегараланмаган ҳолда 1 ёки 2-қисмида кўрсатилган аломатлар тўлиқ кўрсатилишги лозим бўлади. Афсуски тергов бу моддани қайси қисмида кўрсатилган аломатлари унинг харакатида мавжудлигини кўрсатмаган.

Чунки моддани ҳар икки қисми «диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган» деган асосий сўзлар билан бошланади. Хукмда эса моддани асосини ташкил этувчи бу сўзларни ташлаб кетилишига йўл қўйилган. Шу билан бирга бу жиноят таркибининг субъекти махсус субъект бўлиб, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган шахс бўлиши ва бу шахс қайси бир туркумдаги диний оқим аъзоси эканлиги кўрсатилиши зарур…»

Мўътабар Тожибоеванинг Ўзб.Рес.Жиноят Кодексининг 184-моддаси 2-қисми «б» бандидаги солиқ ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлаш жинояти содир этганликда айбланган иши юзасидан унинг адвокати Хусан Махбубов аппеляция тартибидаги шикоятида қуйидагиларни ёзган:

«Кўп миқдорда даромад солиғини яшириш холати:

Тергов органи бу эпизод билан айб эълон қилган вақтида фақатгина пул миқдори ва пулни қаердан келганлиги юзасидан билдирилган фикр билан чегараланган холос. Шу билан тергов келиб тушган пулларни мақсадсиз фойдаланган деган фикри фақатгина сўз билан ифодаланган. Бу холатни тўлиқ аниқлаш тергов пул берган ташкилотга тегишли тартибда сўров хати билан чиқиб аниқлаб олиши зарур эди. Пул берган ташкилотни фикрини билмасдан туриб дабдурустдан бундай мулоҳазага келиш ҳам нотўғри, чунки пул берган ташкилот ёки шахсгина берилган пул миқдори мақсадли фойдаланилганми ёки йўқми якка ўзигина жавоб бера олиши мумкин.

Яна шуни таъкидлаб ўтишликни лозим деб биламанки, айбловда кўрсатилган пулни тасдиқловчи бирор бир бухгалтерия хужжати мавжуд эмас. Тергов бошқа эпизодлар қатори амалда бўлган норматив актлар билан синчиклаб танишиб чиқмаган. Фақатгина солиқ тўғрисидаги қонунга таянган ҳолда иш тутган. Лекин, амалда солиқ қонунчилигини тўлдириб турувчи норматив актлар бўлиб, улар билан атрофлича танишиб чиқишлик лозим бўлади.

Авваламбор тергов органи судланувчи М.Таджибаева билан пул берган юридик шахслар ўртасида қандай битим борлиги ва молия тартиби бевосита солиқ тўлаш тартиби қандай белгиланганлигини билиши зарур бўлади. «Пул фақатгина намойишлар ўтказишлик учун сарфланди» деган хулоса ҳам ўринсиздир. Сабаби жиноят ишига далилий ашё сифатида киритилган судланувчичнинг уйидан олинган 18 та коробкадаги хужжатларга аҳамият бермаяпти.

Раислик қилувчи томонидан шу коробкалардаги хужжатларга нисбатан расмийлаштирилган “Кўздан кечириш баённомаси” ўқиб эшиттирилганда судланувчи М.Таджибаева бир қанча эмас, юзлаб-минглаб фуқароларга уларни ҳуқуқларини таъминлашда иш тутганлиги ўз исботини топди. Тергов бошқа шахсларга кўрсатган ёрдами нечоғлик тўғри ёки нотўғри эканлиги юзасидан ҳеч қандай текширув ўтказмаган. Бу эса давлат айблови М.И.Таджибевага нисбатан «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишликни ниқоб қилиб олиб, паст ниятларда фойдаланиб келган» деган сўзлари нечоғлик ҳақиқатга тўғри келмаслиги ўз-ўзидан кўриниб турибди.

Чунки, молиялаштираётган ташкилот иш берувчи мақомига эга бўлишлигини назарда тутилиши зарурдир. Шунинг учун хозирги кунга амалга бўлган 2002 йил 14-мартда 1110-сон билан тасдиқланган «Жисмоний шахслар даромадига солинадиган солиқни хисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш тартиби тўғрисида»ги йўриқнома билан танишиб чиқилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Бу йўриқномада иш берувчи ёлланган ишчига маош бераётиб солиқларни тўлашда жавобгар эканлигини кўрсатиб ўтилган. Натижада хатто давлат айблови пул суммасидан келиб чиқиб қайта талқин қилишликни сўраган бўлсаларда, лекин келтирилган холатларни текшириб чиқмасдан туриб, тўлиқ асослантирилмаган қуруқ сўз билан айбдорлик даражасини тасдиқлаш бу ҳолатда тергов тўлиқ олиб борилмаганини билдиради. Суд бу ҳолат юзасидан келтирган важларимизга ўзининг бирон бир фикр мулохазасини билдиргани ҳам йўқ.

Худди шунингдек Мўътабар Тожибоеванинг ўзи ҳам аппеляция судига ушбу жиноятларни содир этмаганлигини исботловчи хужжатларни, яъни қонунга зид равишда хибсга олинганида уйи тинтув қилинган пайтда уйидан олиб кетилган ва ҳанузгача Фарғона вилоят прокуратурасида сақланаётган 18 та коробкалардаги хужжатларни, шунингдек кундалик фаолияти давомида юритиб борган кундалик дафтарни жиноят иши материаллари ичига қўшишларини сўраб ёзган илтимосномасини судья ўқиб бермасдан топширишни талаб қилди. Мўътабар Тожибоева эса ўқиб топширишини билдирди. Юқоридан тезроқ бу ғалвали судни тугатишга топшириқ олгани учун аппеляция судлов ҳайъати раиси З.Усмонов илтимосномани ўқиб топширишга рухсат бермаслигини айтди. Тожибоева эса «бу қонуний ҳуқуқимдан фойдаланмас эканман, илтимосномаларимни топширмайман» деди ва суд таркибини рад қилишини билдирди.

Тожибоева ўқиб эшиттирмоқчи бўлган 22-сонли илтимосномада қуйидагилар ёзилганди:

«Мени ушбу жиноятларни содир этмаганлигимни исботлаш учун уйимдан олинган 18 та коробкааги хужжатларни, жумладан кундалик фаолиятим ёритиб борилган кундалик дафтаримни жиноят иши материаллари ичига қўшишингизни сўрайман.

Бу кундалик дафтарим кунига 2та 3 тадан судларда узлуксиз қатнашиб фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилганлигимни исботлайди. Бу кундалик дафтар нафақат судларда, терговларда ва бошқача тарзда, яъни нотариал идора орқали расмийлаштирилган ишончнома билан фуқароларнинг ҳимояси билан шуғулланганлигимни исботлайди.

Бу кундалик дафтарим қайси куннинг қайси соатида қайси суд ёки терговда қайси фуқаронинг қандай ишида ҳимоячи сифатида қатнашганлигим, жиноятга алоқадор иш бўлса айбланаётган фуқаро Жиноят Кодексининг қайси моддаси билан айбланиб жиноят иши қўзғатилганини аниқлаш ва уйимдан олинган коробкаларда мени ўша фуқароларни ҳуқуқини ҳимоя қилганлигим натижасида тикланган ҳуқуқлари, кўпчилигида эса қотиллик, босқинчилик, номусга тегиш жиноятларида айланиб хибсга олинганликлари, ўша фуқароларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнида умуман ҳеч қандай жиноят содир этмаганликларини уларнинг ҳимоячиси сифатида исботлаб, тасдиқлаб берганимдан кейин бу фуқаролар озодликка чиқарилганликларини ва бошқа ҳолатларни исботлайдиган хужжатлар мавжуд.

Шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-харакатлари ва қарорлари натижасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилганда мансабдор шахсларнинг ва ташкилотларнинг хатти-харакатлари ва қарорларини ғайриқонуний деб топишни талаб қилиб, нафақат фуқароларнинг балким бутун бошли хиссадорлик жамиятлари вакилларини, корхоналар, ташкилотлар, мехнат жамоалари вакилларини, қишлоқлар аҳолисини ҳуқуқ эркинликларини ҳимоя қилиб уларнинг ишончли вакиллари сифатида фуқаролик судларига даъво аризалар билан чиққанлигимни, ушбу даъво аризалар судларда мухокама қилиниб, асосан даъволаримиз қаноатлантирилганлиги, мулк эгаларининг ҳуқуқлари бузилган пайтларида ҳам, меҳнат низолари бўйича ҳам жуда кўплаб суд жараёнларида ҳуқуқ эркинликлари бузилган фуқароларни ҳимоя қилганликларимни исботловчи хужжатларни ҳам Фарғона вилоят прокуратурасидан чақиртириб олиб жиноят иши материалларига қўшишингизни сўрайман.

Бундан ташқари шу йилнинг 4 январь куни Европа Иттифоқи Ўзбекистон Республикаси хукуматига мамлакат Президенти тинимсиз таъкидлайдиган, лекин бугунги суд жараёнида Президент тасдиқлаган судялар жиноят деб талқин қилаётган, яъни хукумат сиёсатига зид иш олиб бораётган, Ўзбекистонда Фуқаролик Жамиятини ривожлантириш учун 9 миллион Евро ажратиб юборди.

Мен имконим бўлганида эди Европа Иттифоқи рахбариятидан ўзбек хукуматига Фуқаролик Жамиятини ривожлантириш учун юборган бу 9 миллион Евро ва яна камида 2 йил давомида айнан шу мақсадда Ўзбекистон хукуматига ажратиб юборган маблағларини мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун сарфланди дейилсада, уларнинг натижаларини мени уйимдан олинган 18 каробка хужжатларни хукумат миқёсида комиссия тузиб таҳлил қилишларини сўраган бўлардим.

Ана ўшанда инсон ҳуқуқи ҳимоячиси сифатида Ўзбекистонда одил судловни амалга оширишга хисса қўшиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимлари ва саводхонликларини оширишларига кўмаклашиш, кам таъминланган ва камбағал, ночор оилалар вакилларини ва қийноқларга солиниб, қонунга зид равишда хибсга олинган фуқароларни ҳуқуқ ва эркинларини уларнинг вакили сифатида ҳимоя қилиш лойихаси бўйича АҚШнинг Ҳалқаро Ривожланиш Агентлигидан олган 5620 АҚШ долларини сарфлаб эришган натижам билан хукуматга ажратилган миллион-миллион долларлар, Евролар мамлакатга келган бўлсада, мен олган 5620 АҚШ долларини сарфлаб эришган натижам хукумат эришган натижадан бир неча баробар кўплигини дадил айта оламан.

18 та коробкадаги хужжатларимни жиноят иши материаллари ичига қўшишингизни тинимсиз талаб қилаётганлигимни сабаби бу хужжатлар ўз иш фаолияти давомида 50 мингдан ортиқ фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини уларнинг нотариал идоралар орқали расмийлаштирилган ишончномалари орқали шахсан ўзим ҳимоя қилганлигимни, ҳар 100 та фуқарони ҳимоя қилишим учун атига 10 доллардан сарфлаб, улкан натижаларга эришганлигим исботланади.

Франция элчихонасидан олган 200 АҚШ долларини сарфлаганлигимни аниқлаш учун эса 2003 йил Мамлакат Президенти ташаббуси билан «Обод маҳалла йили» деб эълон қилинган йилда маҳалласида туман хокими ва маъмурий орган рахбарлари томонидан ташкил этилган қўшмачихона, фоҳишахоналарни ёпишни, наркотрафик моддалар савдосига чек қўйиш талаби билан Республика бош прокуратурасига мурожаат қилганидан кейин Республика бош прокуратурасидан маҳаллага келган вакилга келтирган важларини тасдиқловчи хужжатларни топшириб, қонуний чора кўришни қатъий талаб қилганидан кейин дастлаб 2003 йил 20 август куни 50 дан ортиқ фохишалар ва қўшмачиларга аёвсиз калтаклаткизиб, оғир аҳволда шифохонага ёткизилганда етарли медицина ёрдами кўрсатилмай шифохондан чиқариб юборилган. Орадан бир ой ўтиб сохта айбловлар билан хисбга олиниб, Фарғона шаҳридаги 10-сонли тергов хибсхонаси рахбарлари томонидан аёвсиз қийноққа солинган ўша пайтда 53 ёшда бўлган Олтиариқ тумани Навоий маҳалла фуқаролар йиғини раисаси Мавжуда Отақуловани судга гувоҳ тариқасида кўргазма бериши учун чақиртиришингизни сўрайман.

Мени Франция элчихонасидан «Фуқаролик жамияти» номли Интернет сайти очишга деб олинган 200 АҚШ долларини олган куним билан ташкилотимиз фаоли бўлган Мавжуда Отақуловани қонунга зид равишда хибсга олинган куни бир кунда содир бўлган. Мавжуда Отақуловани қонунги зид равишда хибсга олинган куни хибсга олиниб, «Обод маҳалла йили»да хукумат дастурини бажариш мақсадида маҳалласидаги фоҳишахоналар, қўшмачихоналар ва наркотрафик моддалар савдосига чек қўймоқчи қонун устиворлигини таьминловчи прокуратурадан – Республика бош прокуратурасидан ёрдам сўраб, натижада қамалган маҳалла раисаси айни мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ҳисса қўшгани, фаол қатнашгани учун қийноқларга солиниб турган пайтда мен учун «Фуқаролик жамияти» номли интернет сайтини очиш эмас, ҳимоячи ёллаб Фуқаролик жамиятини ривожлантириш фаоли маҳалла раисасини қутқариш мухим эди.

Бундан ташқари Мавжуда Отақуловнинг қонунга зид равишда хибсга олингани, унинг ҳуқуқлари оёқ ости қилинаётганлиги, тергов хибсхонасида қийноқ кучайиб кетгани туфайли очлик эьлон қилгани натижасида аҳволи оғирлашгани сабабли ушбу масалани назоратга олишини, Мавжуда Отақуловани дарҳол хибсдан озод этиб, уни қонунга зид равишда хибсга олиб, унга қийноқлар қўллаётган маҳаллий амалдорларга қонуний чора кўришни сўраб мамлакат Президенти Ислом Каримовга тинимсиз телеграммалар юборганман.

Бунинг натижасида «Обод маҳалла йили»да маҳалласини маънан обод қилмоқчи бўлгани учун қонунга зид равишда хибсга олиниб, вахшиёна қийноқларга дучор қилинган маҳалла раисаси Мавжуда Отақулова 60 кун деганда қамоқдан озод қилинган. Мавжуда Отақуловага қўзғатилган жиноят ишида жабрланувчи бўлиб ўтган маьмурий органлар рахбарлари ташкил этган қўшмачихоналар, фоҳишахоналар бекалари бир неча енгил табиатли аёллар судда очик-ошкора «Бу бизнинг замон, бизни гапимиз гап, сўзимиз сўз бўлади» деб судда кўргазмалар берганлар.

Мен Франция элчихонасидан олган 200 доллорни Мавжуда Отақулова ҳимояси учун адвокат ёллаб, у билан шартнома тузганим, Президент Каримовга Хукуматнинг «Обод маҳалла йили» Давлат дастури талабларини бажармоқчи бўлган маҳалла раисаси қонунга зид равишда хибсга олиниб, қийноқларга солингани, бу билан прокуратура ва бошқа органлар хукуматни ўзбек ҳалқи олдида ҳам, Дунё ҳамжамияти олдида ҳам обрўсизлантираётганликлари, бу тизимлар амалдорлари Президентга, хукуматга ҳиёнат қилиб, ҳалқни хукуматга қарши қўяётганликларини баён қилиб, мени қабул қилишини, давлат амалдорлари уни ҳиёнат қилаётганликларини асослаб ёзиб, Президентга юборган телеграммаларим нусхалари, квитанциялари, телеграммаларимни Президент девонига қабул қилиб олинганлиги ҳақида жавоб телеграммалар рақамсиз, лекин кўздан кечириш баённомасида 17-чи бўлиб кўздан кечирилган коробка ичидаги 236 варақдан иборат «Олтиариқ фоҳишалари» номли папка ва рақамсиз – кўздан кечириш баённомасида 5-чи бўлиб рўйхатга олинган 386 вароқли «Олтиариқ Ҳамза» папкасида тикилган.

Ушбу хужжатларни судда кўздан кечирилса маҳаллий амалдорларнинг, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакилларининг ҳаттоки чет давлатлардан кило-кило героин махсулотларини Ўзбекистонга кириб келишида ҳомийликлари акс этган, рад этиб бўлмас далиллар хужжатлар бор.

Шунинг учун ҳанузгача қонунга зид равишда Фарғона вилоят прокуратурасида сақланаётган бу хужжатларни жиноят ишига қўшиш учун чақириб олишингизни, кенг жамоатчилик иштирокида хужжатлар билан танишиб чиқиб жиноят ишига қўшишингизни ҳамда у ердаги хужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал этишингизни талаб қиламан.

Шунингдек, мени ҳеч қандай жиноят содир этмаганлигимни, аксинча маҳаллий амалдорлар томонидан содир этилаётган жиноятларга қарши курашганлигим учун қонунга зид равишда хибсга олинганлигимни исботловчи, ашёвий далиллар деб эьтироф этилган 18 коробка хужжатларни кўздан кечириб мени ҳеч қандай жиноят содир этмаганлигимни исботловчи хужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, жиноятлар содир этган мансабдорларга жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал этишни ўрнига мени оқлайдиган хужжатларни йўқ қилишга хукм қилган ҳамкасбингиз бирга ишлайдиган шеригингиз ЖИБ Тошкент вилоят суди судяси Абдулазиз Юлдашевга нисбатан жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал этишингизни қатьий талаб қиламан.

Мен бу илтимосномам рад этилишини биламан, чунки, хумуматнинг «Кучли давлатдан –кучли фуқаролик жамияти сари» давлат дастури амалда ишга тушса, ишласа прокуратура, суд ва бошқа тизимлардаги қонунбузар амалдорлар амал курсиларидан айриладилар. Шунинг учун ҳам бу қонуний илтимосномамни қаноатлантирмайсизлар.

Хукуматнинг Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш сиёсатига қарши эканликларингизни суд ажрими билан ўзларингиз яна бир бора тасдиқлашингиз учун, келажакда бу ишларга жавоб беришларингиз учун замин тайёрлашга бу илтимосномамни киритдим.

М.Х.Рустамбоевнинг сайьи харакатлари зое кетиб Мўьтабар Тожибоева Жиноят Кодексининг бошқа 13 та моддаси билан айбли деб топилганидек ЖКнинг 216-моддаси, 244-1-моддаси 3-қисми «в» банди ва 184 моддаси 2-қисмининг «б» бандидаги жиноятларни ҳам содир этган деб топилиб, 8 йиллик қамоқ жазосига хукм қилинди.

Унинг уйидан ашёвий далиллар тариқасида олинган Фарғона вилоят прокуратурасида сақланаётган 18 коробкадаги ва бир дона қора цалафан пакетга ўралган «Ўтюраклар» Клуби ғайриқонуний жамоат бирлашмаси фаолиятига тегишли хужжатларни, плакатлар ўрамини, 4 дона компьютер программа файллари ва драйверлари туширилган компакт дискни, 3678 ва 9183-сонли сим карталарни йўқ қилишлик, жиноят қуроллари деб топилиб, Фарғона вилоят прокуратурасида сақланаётган 1 дона «Микролаб» компьютер винчестери, 1 дона «Панасоник» диктафон, 1 дона СП-810 русумли кичик хажмли магнитофон, микрокасеталар, «Нокия 6100» уяли телефон, 1 дона «Г Кредит» инглизча ёзуви бўлган радио трубкаси уй телефон ва 1 дона «Комтел» маркали номер аниқловчи функционал телефон аппарати давлат эгалигига ўтказилиши ҳақида хукмда ёзилган бўлишига қарамай, Мўьтабар Тожибоева уйидан олинган ва 3 та Дамасга юклаб олиб кетилган 18 каробка хужжатларни жиноят ишига алоқаси йўқ деб Фарғона вилоят прокуратурасидан олиб келинмагани, судда кўздан кечирилмаганлигини, бу хужжатларни жиноят ишига алоқаси йўқ бўлса нима учун бу хужжатларни йўқ қилишга хуқм қилишган.

Шунингдек, давлат эгалигига ўтказилишини баён қилинган компюьтер винчестери, диктофон, магнитафон, микрокасеталар, уяли телефон, радио трубкали уй телефони ва номер аниқловчи функционал телефон аппарати қандай усул билан ва қандай асосларга кўра жиноят қуроллари деб топилганлигини изоҳлаб беришларини талаб қилган бўлсада аппеляция судлов ҳайьати Тожибоеванинг бу қонуний талабларига умуман қулоқ ҳам солмади ва ғайриқонуний айблов хукмини ўз кучида қолдирди.

Суд хукмида «Суд ҳайьати, судланувчи М.Тожибоевага Ўзбекистон Республикаси Олий Сенатининг 2005 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинганлигининг 13 йиллиги муносабати билан амниция тўғрисида»ги қарорининг 7-банди «а» кичик бандига мувофиқ, таьқиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ва жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир қилганлигини эьтиборга олиб, ушбу «амниция тўғрисида»ги қарорини тадбиқ этмасликни лозим топди» дейилган.

Шундай қилиб фақатгина рўйхатга олинмасдан фаолият юритиб минг-минглаб инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиб келган Мўьтабар Тожибоева бошқарган «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти таъқиқланган ташкилот сифатида талқин қилинган.

Эртага ёки индинга яна бир инсон ҳуқуқи ҳимоя қилиш ташкилоти вакили ёки эркин фаолият юритувчи мустақил журналистнинг бошига Мўьтабар Тожибоева куни тушмайди деб ким кафолат бера олади? Ким?

Ахир Сенатор Эркин Вохидовнинг «Бу замон ғазали» номли шеьри ёзилган плакатни ҳам бошка плакатлар сингари саводсизларча ёзилган, ҳақорат, тухмат ёзилган деб хулоса берган Фарғона давлат университети профессорлари каби чаламуллалар, маьмурий органлар қўғирчоқлари, суд адабиётшунослик экспертизалари хулосаларини буюрилганидек расмийлаштириб берувчи виждонсиз кимсалар Ўзбекистоннинг ҳар бир бурчагидан топилади-ку.

Мен Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, эркин фаолият юритувчи мустақил журналистларни огоҳ этаман!

Азизларим, хушёр бўлинглар, Сизларга хавф-хатар яқинлашяпти.

Зумрад ҚОДИРОВА.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.