Ўзбекистонда Ҳэллоуинни нишонлаш таъқиқланди
Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда оммалашиб бошлаётган Ҳэллоуин ниқоблар байрамини нишонлашга бу йил тўсиқлар кўпайди.
Ўзбекистонда оммавий равишда нишонланмайдиган ушбу байрам ҳеч қаерда расман таъқиқланмаган. Аммо ушбу байрамни нишонлашга тайёргарлик кўраётган муассаса ходимларига турли назорат органларидан уни нишонламаслик ҳақида қатъий кўрсатма берилгани маълум бўлди.
“Кўнгилочар масканларнинг хўжайинлари оғзаки равишда огоҳлантирилган. Аммо уларга бирорта ҳам қарор кўрсатилмаган ва улар ҳам, ўз навбатида, бирорта ҳужжатга қўл қўймаган”, – дейди “Жараён”нинг Тошкентдаги манбаси.
Исмини ошкор қилишни истамаган пойтахтлик суҳбатдошимизнинг айтишича, байрам нишонладиган 28-31 октябрь кунлари кечга томон кўплаб дўконлар ёпилган, очиқ дўкон ва кўнгилочар бинолар олдида эса милиция ходимлари турган.
Шаҳарда милиция ходимлари кучайтирилган тарзда хизмат кўрсатган.
Баъзилар эса, ўрнатилган таъқиқларга қарамасдан, ушбу байрамни нишонлаш учун турли кийимларни кийиб, кўчага чиққан пайтда уларни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ушлаб кетгани ҳақидаги хабарлар фейсбукнинг ўзбекча саҳифаларида ҳам пайдо бўлди.
Огоҳлантиришларга қарамасдан, байрамни нишонлаган масканларни эса санэпидемстанция ходимлари ва солиқчилар босган.
Бу сана ҳар йили 14 февралида нишонланадиган ва Ўзбекистонда Севишганлар куни дея танилган Авлиё Валентин кунини ўтказишга ҳам таъқиқ қўйилганди.
Шу кун муносабати билан ўтказиладиган эстрада юлдузи Райҳоннинг концерти қолдирилган ва “Истиқлол” санъат саройида Бобурхонлик кечаси ўтказилган.
Ўзбекистон расмийлари бу каби байрамларни ўзбек маданиятига ёт ва ёшларнинг онгини бузувчи тарғибот эканини таъкидлаб келишади.
Кузатувчилар эса Ўзбекистон режими одамларнинг ҳар қандай йиғинларидан тузум учун хавф кўришини ва бу каби йиғинларнинг ҳар қандай йўл билан олдини олишга ҳаракат қилишини айтади.
Ҳэллоуин қадим Ирланд ва Шотланд кельтларининг анъанавий байрами бўлиб, уни ҳозирги Буюк Британия ва Шимолий Ирландия ерларида нишонлаш бошланганлиги айтилади.
Ушбу байрам насронийларнинг 1 ноябрда барча авлиёлар кунини нишонлаши арафасида ўтказилган.
Ҳэллоуин кейинчалик Америка ва Британия билан қалин маданий алоқаларга эга бўлган Япония, Австралия, Жанубий Корея каби мамлакатларда ҳам норасмий равишда нишонлана бошланган.
Бугунги кунга келиб ушбу байрамнинг МДҲ давлатларида ҳам оммалашаётганини кузатиш мумкин. Асосан ўсмир ва ёшлар ушбу байрамда турли салбий образдаги қаҳрамонларнинг кийимларини кийиб олиб, клуб, бар ва дам олиш масканларида Ҳэллоуинни нишонлайди.
Fikr bildirish