Мўътабар Тожибоева дунё жамоатчилигини Ўзбекистон борасида муболаға қилмасликка чақирди
Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, “Ўтюраклар” Клуби Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти раҳбари, айни пайтда “Жараён” Интернет нашри асосчиси Мўътабар Тожибоева дунё жамоатчилигини Ўзбекистон борасида муболағали чиқишлар қилишдан тийилишга ва бу мамлакатда мавжуд ўта хавотирли ва ўта ёвуз вазиятга ҳаққоний баҳо беришга чақирди.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг яна бир бор дунё жамоатчилигига айни руҳда мурожаат билан чиқишига, Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларидан бирида навбатдаги маҳбуснинг ҳаётдан кўз юмгани ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган. “Ўтюраклар” Клуби раҳбари таъкидича, етакчи демократик жамиятларнинг “ўта бемаъни” позицияси Ўзбекистондаги мавжуд режимнинг “тобора қутуриб” бориши учун замин яратмоқда.
“Дунё жамоатчилиги, хусусан Ғарб ва айрим Европа давлатларидаги Ўзбекистонга нисбатан ўта бемаъни ва мутлақо соғлом мантиқдан йироқ позицияси бу мамлакатдаги шафқатсиз ва инсоний қиёфадан йироқ бўлган режимнинг тобора қутуриб боришига замин яратмоқда.
Халқаро майдондаги айрим етакчиларнинг муболағага тўла баҳолари, айнан мана шу қутуришга эркинлик яратмоқда, демократия ва эркинлик истаган, бунга зор бўлаётган ўзбек халқи бу олий неъматдан мосуво қолаётган бир пайтда, унинг бошига қора кунларни солган ҳукумат мулозимлари ва уларнинг шотирлари ўзлари учун яратиб олган эркинликдан кенг фойдаланяпти, бунинг оқибати нималарга олиб келаётганини ўзбек қамоқхонасидан чиққан навбатдаги жасад яққол исботлайди. Ўзбекнинг дунё олдида нима айби борки, унинг хўрланиши бу қадар қўйиб бериляпти, ўзбек нима гуноҳ қилдики, унинг борлиги дунё учун ортиқчалик қиляпти”, дейди М.Тожибоева.
Хабар қилинганидай, 29 феврал куни ярим тунда Навоийдаги 64/46 сонли жазони ижро этиш муассасасида белгиланган жазо муддатини ўтаётган 41 ёшли Абдураҳмон Саъдиевнинг жасади унинг Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги қариндошларига топширилган. Ўрнатилган анъанага мувофиқ эндиликда собиқ маҳбуснинг жасади эрта тонгда зудликда тупроққа берилиши талаб қилинган ва фуқаро кийимидаги куч ишлатар тизимлар назорати остида дафн этилган.
Жазони ижро этиш Бош бошқармаси томонидан марҳумнинг оиласига тақдим этилган ҳужжатда маҳбуснинг ўлимига “ички аъзоларнинг шикастланиши ва қон кетиши” сабаб бўлгани айтилган ва бу шикастлар жазони ижро этиш муассасасида юзага келган маҳбуслар ўртасидаги муштлашув натижасида етказилгани ва айни муштлашув ўлим ҳолатига олиб келгани таъкидланган.
ВВС радиоси ўзбек хизматига берган интервьюда, мазкур ўлим ҳолати ҳақида хабар тарқатган Мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов, марҳум маҳбус қийноқлар қурбони бўлганига мутлақо шубҳа қилмаслигини айтди. “Бу каби ўлим ҳодисаси фақат қийноқлар натижасида бўлиши мумкин.Суд-медэкспертиза хулосаси бўйича ички аъзолари ҳаммаси узилиб, кўп қон йўқотган. Бу жуда катта зарбалар бўлганидан далолат беради.
Агар уни маҳбуслар шунчалик даражада урган бўлса, қамоқхона назоратчилари қаёққа қараб турган? Бу бўлиши мумкин эмас. Ҳар қадамда назоратчи бор ва айниқса диндорлар устидан назоратнинг кучли экани ҳаммага маълум”, деди Сурат Икромов. Ҳуқуқ ҳимоячиси айтишича, марҳум маҳбус дастлабки тергов ҳаракатлари давридаёқ ва ундан кейин ҳам мунтазам равишда қийноққа тутилган. “13 йил давомида уни мунтазам қийноққа солиш ган”, деди С.Икромов.
Марҳум Абдураҳмон Саъдиев 1999 йилдаги Тошкент портлашлари ортидан ҳибсгаолинган ва давлат тузумига тажовуз қилишда айбдор топилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилган.Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларнинг қийноқлар натижасида вафот этиш ҳоллари кўп марта қайд этилган.
2003 йилда айрим ўзбек қамоқхоналари ва тергов изоляторларини кўрган БМТнинг ўша йиллардаги Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен бу мамлакатда қийноқлар мунтазам равишда қўлланилишини айтган. Бу хулосадан мутлақо жазавага тушган расмий Тошкент Тео ван Бовенни ўз хулосасида ҳаддан зиёд адашгани ва айрим ҳолларда учраб турувчи, жуда ҳам кам кўринишдаги милиция ходимларининг ўзбошимчалигини бўрттириб кўрсатишга уринганликда айблади. Шундай бўлсада, Ўзбекистон қийноқларга қарши кураш бўйича миллий дастур ишлаб чиқди ва қабул қилди, аммо унинг амалий ижроси кузатилмайди.
“Ўтюраклар” Клуби Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти раҳбари Мўътабар Тожибоева дунё жамоатчилигига Ўзбекистондаги ёвуз вазиятни хаспўшлашни бас қилиб, мазлум халқнинг оғир вазиятига жиддий эътибор қаратиш зарурлигини эслатди.
“Маълум манфаатлар эвазига авайлаб келинаётган олий қадриятлардан чекиниш ва бу ишни айнан дунёдаги энг ёвуз диктатура остида қолаётган мамлакатлардан бирига нисбатан қўллашни тўхтатмоқ зарур. Диктатор ва унинг шотирлари боқий эмас, уларга суяниш ва уларнинг эътибори учун қайғуриш нотўғри. Халқнинг эътибори муҳимроқ. Мен дунё жамоатчилиги ниҳоят шу оддий ҳақиқатни англаб етишини истардим. Инсонларда олий қадриятларга бўлган ишонч сўнмаслиги, сиз демократиянинг танянчлари эканингиз ҳақидаги даъволар ўз қийматини йўқотиб, қуруқ иддаога айланиб қолмагунича, позициянгизни ўзгартиринг, жиддий оҳангда “БАС”, деб айтинг, шафқатсиз, шайтон қиёфасидаги бир гуруҳнинг жиноятига шерик бўлманг”, деди М.Тожибоева.
Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон аслида дунё жамоатчилиги томонидан қийноқлар мунтазам қўлланилувчи, сўз ва эътиқод эркинлиги бўғиб қўйилган авторитар давлат сифатида тан олинган. Мамлакатни сўнгги 22 йилдан буён унинг собиқ коммунист раҳбари 73 ёшли Ислом Каримов бошқариб келади. 2007 йилнинг декабрь ойида И.Каримов мамлакат Конституциясига зид равишда учинчи бор президентлик курсисини эгаллади.
Fikr bildirish