Байрамингиз муборак бўлсин, қалбимиз дурдоналари!!!
Бу кун кимдан бизга омонат бўлиб қолгани ҳам, нега айнан шу кун ва айнан мана шу кўринишда нишонланмоғи лозимлиги ҳам аслида муҳим эмас. Ҳеч шубҳасиз бу куннинг борлиги ва у ҳаётимизнинг мазмуни бўлмиш аёллар учун ҳадя экани айни муддао!
Аслида аёллар ҳар куни, ҳар дақиқа мана шундай энг гўзал, энг покиза муносабатга лойиқ. Аммо негадир бундай бўлмаяпти. Негадир биз ҳаётимизнинг энг гўзал нақши ҳисобланмиш аёлларимизни сезмай қоляпмиз, уларнинг биз учун нақадар қадрли эканини унута бошлаяпмиз.
Бир донишманд айтгани каби, аслида “аёллар миллатнинг ғуруридир”, ғурур топталса миллат ўлади. Аёллар миллатнинг қалбидир, қалб яраланса ҳаёт хавф остида қолади.
Албатта бугун, мана шу бизга кимлардандир намуна ўлароқ қолган кунда аёлларимизга чиройли тилаклар изҳор этамиз, уларни кўнглини олишга уринамиз, совғалар улашамиз. Аммо назаримизда бунинг ўзи кифоя қилмайди. Бугун ўзбек аёли хурсанд бўлиши, кўнгли ором олиб, қалби таскин топиши учун унинг Россия, Қозоғистон ва яна бошқа минглаб, баъзан номларини айтиш қийин бўлган давлатлардаги фарзандлари омон қайтишлари лозим, ҳеч бўлмаганда мана шу кун уларнинг ёнида бўлиши керак, қамоқларда қолаётган фарнзадлари, турмуш ўртоқлари адолат қарор топиб ёнларига қайтишлари керак, ҳеч бўлмаганда шу кундан бошлаб кўчада юрганда энг гўзал муомалага лойиқ қолишлари керак.
Ўзбекистон президентининг икки қизи билан боғлиқ жараёнлар, бирининг Францияда ўтган судда мағлубиятга учраши, бошқасининг эса Нью Йоркдаги модалар намойишидан четлаштирилиши ортидан бошланган интернет муҳокамасида, бир йигит, исми негадир ёдимиздан кўтарилди, бу икки аёл ҳимоясига турди, уларга қалқон бўлишга интилди. Биз бу йигитни қораламаймиз, эр йигитга хос ҳаракатини ҳатто қадрлаймиз ҳам.
Аммо, ана шу икки, бу йигитнинг бу қадар оловланиб қилган ҳимоясига мутлақо муҳтож бўлмаган аёллардан ташқари Ўзбекистонда яна миллионлаб аёллар бор, улар ҳам ана шундай оловли, оташин ҳимояга, эътиборга лойиқ. Ниҳоятда қудратли қолаётган шахснинг икки қизидан фарқли, қолган ўзбек аёллари мутлақо эътиборсиз қолаяпти. Тўғри Каримовалардан фарқли бу аёллар ҳимоясига чиқиш бирор фавқулодда имкониятни яратмайди.
Ҳа, майли, ҳозир бу гапларнинг кераги йўқ.
Ҳурматли қалбимиз дурдоналари, борлигингизга шукур! Балким биз ҳамма вақт ҳам сизга қалбимиздаги энг самимий сўзларимизни, энг тоза туйғуларимизни айта олмаётгандирмиз, балким бугун сизнинг аёллик вазифасингизни четга суриб, эр йигитлар билан баравар оғир меҳнатга дучор бўлишингизни жим кузатаётгандек туюлаётгандирмиз.
Йўқ, аслида ундай эмас. Сизнинг ҳар бир изтиробингиз бизни ҳам титратади, ҳар бир кўз ёшингиз бизни ҳам йиғлатади, ҳар бир оҳингиз, бизни ҳам яралайди.
Афсус бизнинг бугунги ҳолатимиз бу кечинмаларимизни сездирмасликка, уни ичимизга ютишга ундамоқда. Биз албатта, ишонинг албатта, ҳаммасини ўз ўрнига қайтарамиз. Қанча вақт кетмасин биз бунга эришамиз, сиз ҳам ниҳоят ўз миллатингиз эрларидан фаҳрлана бошлайсиз. Бу кунлар узоқ эмас.
Қадрли қалбимиз марваридлари, қалбингиз ўксимасин, кўзларингиз намланмасин, сиз ҳар қандай вазиятда ҳам биз учун суюкли бўлиб қоласиз! Биз сизлардан фарҳланамиз, сизлардан руҳланамиз. Байрамингиз муборак бўлсин!!!
Жараён нашри ижодий жамоаси
Fikr bildirish