Қирғизстонлик ўзбеклар “Ўтюраклар” Клуби раҳбарига мактуб йўллади
Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида истиқомат қилиши айтилаётган бир гуруҳ этник ўзбеклар “Ўтюраклар” Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти раҳбари, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси
Мўътабар Тожибоевага мактуб йўллаб, мамлакатни бирин кетин тарк этаётган йирик халқаро ташкилотларни бу аҳдидан қайтаришни ва уларнинг бу ердаги муддатини чўздириш чақириғи билан чиқишни сўраган. Мактуб муаллифларига кўра, 2010 йил июнь ойида содир этилган қонли воқеалардан сўнг, БМТнинг Қочқинлар масаласи бўйича Олий коммисарлиги ваколатхонаси этник ўзбеклар учун ягона мададкор ташкилотга айланган ва ўз ваколати доирасида кўмак кўрсатиб келган, аммо жорий йилнинг июнь ойида ташкилотнинг Қирғизистонда қолиш муддати якунланади.
“2010 йил 10 июнидан бери бир қатор халқаро ташкилотлар ўшлик ўзбекларнинг жонига оро бўлиб турибди. Айниқса УВКБ ООН (БМТнинг Қочқинлар масаласи бўйича Олий коммисарлиги ваколатхонаси Ж.). Бугун маълум бўлишича, уларнинг мандати шу йилнинг июнь ойида тугар экан. Агар уларнинг миссияси тугатилса Қиргизстондаги этник ўзбеклар ҳимоясиз қолиши аниқ.
Куни кеча бўлиб ўтган маҳаллий сайлов яна бир бор ўзбекларнинг ҳимоясизлигини кўрсатди. Бу сайловда фақат 20 фойиз ўзбек ўзининг сайлаш ҳуқуқидан фойдаланди, холос. Қолганларини ҳар ҳил баҳона ва қўрқитувлар билан бу ҳуқуқдан маҳрум этишди. Буни устига кўп овоз билан миллатчи партиялар шаҳар кенгашига келишди. Биз ўшлик ўзбеклар сизни ва бир қанча миллатдошларимизни халқаро майдонда катта обрўга эгалигингизни биламиз, шунинг учун сизлардан илтимос, УВКБ ООНнинг мандатини узайтириш бўйча бирор кампания уюштириб беринглар”, дейилади мактубда.
“Ўтюраклар” Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, мазкур мактуб ва унда кўтарилган масала уни жиддий ташвишга солиб қўйган. Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, йирик халқаро ташкилотнинг бир мамлакатда бўлиш муддатига ўзгартириш киритиш, яъни унинг тугаб қолган муддатини чўзишга чақириш нақадар эътиборга олиниши ва умуман бу ташкилотнинг қолиш ёки қолмаслиги нақадар фақат унинг ўзига боғлиқлиги борасида аниқ маълумот йўқ. Аммо шунга қарамай, “Ўтюраклар” Клубига ва хусусан унинг раҳбари номига келган ҳар қандай мактуб ва унда кўтарилган масала жиддий эътиборга олиниши, фуқароларнинг, боз устига ўта оғир ҳудудда қолаётган инсонларнинг мурожаати албатта эътиборсиз қолдирилмаслиги борасидаги мажбурият туфайли, масалани ўрганиш ва бу борада қандай аниқ ҳаракат олиб бориш мумкинлиги ўрганилмоқда.
“Биз албатта ечимни топишга ҳаракат қиламиз, мактуб муаллифларини мутлақо умидсизланмасликка чақираман. Мен бир қатор халқаро ташкилотларга айни масала юзасидан мурожаат йўлладим, шу билан бирга бизнинг ҳуқуқшунослар БМТнинг Қўмиталари ва алоҳида бўлинмаларининг у ёки бу мамлакатда бўлишлик муддатига ўзгартириш киритиши борасидаги ҳуқуқий амалиётларни ўрганишга киришди. Агар бу каби имконият мавжуд бўлса, яъни алоҳида ҳолат туфайли миссияни чўзиш назарда тутилган бўлса, биз албатта шу чора кўрилиши чақириғи билан чиқамиз. Агар бундай амалиёт назарда тутилмаган бўлган тақдирда ҳам, биз албатта нафақат БМТнинг Қочқинлар масаласи бўйича Олий комиссарлиги, балки бошқа Қўмиталаридан ҳам ҳеч бўлмаганда бирор вакил мунтазам равишда Қирғизстондаги ўзбеклар ҳолидан хабар олиб туришини сўраймиз. Масалага мутлақо эътиборсиз қолмаймиз”, деди М.Тожибоева.
www.Jarayon.com
Fikr bildirish