АҚШда ҳибсда сақланаётган Жамшид Мухторовнинг укаси Алмати полицияси томонидан қўлга олинди

Ҳозиргина Жараён Қозоғистондаги манбалари орқали, шу кунларда АҚШда халқаро террорчи уюшмаларга алоқадорлик ва уларни молиявий қўллаб қувватлашга уриниш айби билан ҳибсга олинган ўзбек қочқини Жамшид Мухторовнинг Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида қочқинлик мақомини олиш ҳаракатида бўлган укаси Хуршид Мухторов мухожирлар иши бўйича полицияси томонидан ушлаб кетилгани ҳақида маълум қилинди.

Манбаларга кўра, Хуршид Мухторов Алматида вақтинча яшаётгани хонадондан ушлаб кетилган. Жараён қўлга киритган яна бир маълумотга кўра, Хуршид Мухторов ҳибсга олинган пайти ҳозирда Канадада истиқомат қилаётган таниқли журналист Улуғбек Ҳайдаровга телефонига ўрнатилган мулоқот тармоқларидан бири орқали боғланиб, бошига тушган “мусибати” ҳақида маълум қилган. Улуғбек Ҳайдаров бу маълумотни тасдиқлади.

“Бугун, хозир яъни, Майл Агент ижтимоий алоқа тармоғи орқали (Майл агент телефонига ўрнатилган) Жамшид Мухторовнинг укаси Хуршид чиқиб қолди. Мана 3 йил бўлдики уАлмати шаҳрида қочқинлик мақомини кутиб яшаяпти. Хуллас у менга “ака мени уйимдан ментлар олиб кетишди, ҳозир миграция бўлимига олиб келишди”, деб ёзди. Мен ундан тафсилотларни сўрадим, у тез-тез ёзиб билдирдики, ёнидапаспорти ҳам, регистрацияси ҳам йўқ экан. Паспортинг қаерда десам, йўқотдимми ёки шошилишда тополмадимми, деди. Ёзишмани шу ерда тўхтатиб, дарҳол унга қўнғироқ килдим (+77024567828), у жавобан “ака, энди мени берворишса керак”, деди ва алоқа узилди… Қайтателефон рақамини терсам жавоб бўлмади… Ҳа, яна у гап орасида, “ёнимда яна бир ўзбек бола ўтирипти, мардикор бўлса керак”, деб айтди”, деди У.Ҳайдаров.

Шундан сўнг У.Ҳайдаров зудликда Қочқинлар иши бўйича БМТ Олий коммисари бошқармасининг Алматидаги ваколатхонасифавқулодда тармоғига қўнғироққилган(+7 727 2584598), гўшакникўтарган ваколатхонанинг Гулдона исмли ходимасиХ.Мухторов воқеасидан хабари борлигини айтиб, “разберёмся”, дея жавоб қилган, Хуршиднинг телефонига эса ҳамон боғланиб бўлмаяпти. Маълумки Х.Мухторовнинг акси Ж.Мухторовнинг Ўзбекистондан чиқиши жиддий сабаблар туфайли бўлгани бугун кўпчилик таниқли ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳатто «Эзгулик» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Васила Иноятова томонидан инкор этилди. Шу боис Жараённинг Х.Мухторовнинг Ўзбекистондан чиқиши нақадар жиддий сабаблар билан боғлиқ бўлгани ҳақидаги саволига, журналист унинг чиқиши чиндан ҳам ўта жиддий сабаблар билан боғлиқ бўлганини таъқидлади.

“Хуршиднинг чиқишига менинг фикримча, жидий сабаб бор эди… Уни акаси Ўзбекистондан чиқиб кетганидан кейин, укалари негадир тазйиқ остида колди. Яъни, улар ишидан маҳрум қилинди. Масалан Хуршид таэквондо бўйича спорт устаси эди ва болаларни шу спорт тури бўйича шуғуллантирарди, бунинг учун атайин мўлжалланган спортзали бор эди, тирикчилиги шунинг ортидан эди… Акаси кетиб колгач, унинг залини бир кунда тортиб олишди, ўзи анча ишсиз юрди. Бир куни уни ўласа қилиб уриб кетишди… Болницаларда ётган травмотология ва нейрохирургияда. Умуман оғир бўлиб кетгач, укаси Асил Россияга, Хуршиднинг ўзи эса Алматига чиқиб кетди”, деди У.Ҳайдаров.

Жараён: Улуғбек, яъни сиз, Жамшид Мухторовнинг укаларига босимлар ҳатто жисмоний кўринишдагиси ҳам бўлган ва бу босимлар айнан акалари Жамшиднинг Ўзбекистондан чиқиб кетгани билан боғлиқ эди демоқчисиз, тўғрими?

Улуғбек Ҳайдаров: Ҳа, айнан чиқиб кетгани билан боғлиқ, аммо зинҳор унинг фаолияти билан эмас…

Жараён: Агар шундай бўлса у ҳолда Жамшид Мухторов ўзбек милицияси ва махсус хизматлари билан яширин алоқада бўлгани, уларнинг маълум маънодаги айғоқчиси экани ҳақидаги чиқишлар ҳақиқаттан йироқ бўлиб чиқяптими?

Улуғбек Ҳайдаров: Йўқ, нега? Улар ҳам (ўзбек махсус хизмати ходимлари – Таҳририят) анқов маску, эҳтимол улар “мана кўринглар, Жамшидни укаларига қанақа босим қиляпмиз, демак унинг акаси биздан эмас”, деган тасаввур уйғотиш учун ҳам босим килгандир? Аммо шу ўринда айтиб ўтиш керак, Хуршид акасига нисбатан анча тиниқ фикрларди ва кўпинча акасига қарши чиқарди.

Жараён: Агар Хуршид экстрадиция қилинса сизнинг фикрингизча уни нақадар жиддий хавф кутяпти Ўзбекистонда?

Улуғбек Ҳайдаров: Хуршидга барибир хавф бор Ўзбекистонда, бу мамлакат, афсуски, ҳар бир онгли, мушоҳадали, оқни қорадан фарқлай оладиган инсон учун хавфли бўлиб қолган. Боз устига Хуршиднинг акаси АҚШда даҳшатли айблов билан қамоқда ўтирган бугунги шароитта, йигит анча оғир вазиятда. Билмадим, Хуршиднинг ушлаб кетилиши ва эҳтимолий экстрадиция арафасида туриши акаси билан боғлиқ воқеага нақадар алоқадорлигини айтиш қийин. Аммо Хуршид агар Ўзбекистонга қайтса, ўзбек махсус хизматларининг шафқатсиз ўйини қурбони бўлиши мумкин, яъни бу идора “Жамшиднинг бугунги мақоми ва режалаётган ишларига бизнинг алоқамиз йўқ, у инсон биз учун чиндан ҳам ушлаб келинса жазоланиши муқаррар инсонлардан”, деган фитнага тўла иддао билан йигитни ошкора қийноққа тутиши мумкин…

Жамшид Мухторов ўтган ой охирларида АҚШнинг Чикаго шаҳридаги О’Ҳара халқаро аэропортида Истамбулга учиб кетишга ҳаракат қилаётган пайт Федерал Қидирув бюроси (ФҚБ) томонидан қўлга олинган. Ж.Мухторовнинг ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ берган ФҚБ ходимлари унинг халқаро террорчи ташкилотга кўмак беришда айбланаётганини айтишди. Аммо Американинг Денвер маҳкамасида ўтган жараён давомида Жамшид Мухторов ўзига қўйилаётган айбларни рад этди. Мазкур воқеадан сўнг Ж.Мухторов шахси атрофида турли чиқишлар қилинди, уларнинг аксарида ФҚБ томонидан ҳибсга олинган бу кимса аслида ўзбек махсус хизматининг айғоқчиси ва ҳамма вақт шу мақомда яширин фаолият олиб боргани айтилди.

Шундан сўнг Ж.Мухторовнинг онаси Робия Мухторова ОАВлар учун чиқиш қилиб, ўз фарзандининг мутлақо айбсиз экани ва унинг хибсга олиниши ва бу каби ўта оғир жиноятга алоқадорликда гумон қилиниши ортида аслида ўзбек махсус хизматлари ва соҳта ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан уюштирилган фитна турганини таъкидлади. Робия Мухторованинг даъвосини, яъни Ж.Мухторов мисли кўрилмаган фитна қурбони экани ҳақидаги таъкидини Ўзбекистонда анча танилиб улгурган ҳуқуқ ҳимоячиси, ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева ҳам тасдиқлади ва халқаро ташкилотлар ва дунё ҳамжамиятига мурожаат йўллаб, Ж.Мухторовни улкан фитнадан қутқаришни сўради.

Ж.Мухторов бошпана сўраб Ўзбекистонда чиқиб кетгунга қадар Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган кам сонли нодавлат ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлардан бири, “Эзгулик” жамиятининг Жиззах вилояти бўйича раҳбари бўлган. 2007 йили у Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қочқин мақомини олган ва АҚШнинг Колорадо Штатига кўчиб келтирилган. Ҳибсга олингунига қадар эса Ж.Мухторов ўз оиласи билан АҚШнинг Денвер шаҳри яқинидаги Аврора минтақасида яшаган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, 15 февраль куни давом этган маҳкама пайти Жамшид Мухторовнинг адвокати айбловнинг исботловчи базаси йўқлигини айтиб, уни кафолат тўлови эвазига қўйиб юборишни ва суд бир қарорга келгунича уй қамоғида бўлиб туришини сўраган. Судьянинг қарори Жараёнга ҳали маълум эмас.

www.Jarayon.com

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.