Ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари имомга уюштирилган суиқасдни жиддий тергов қилишга чақирмоқда
Бош қароргоҳлари Францияда жойлашган “Ўтюраклар”Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти ҳамда “LIGLIS-CENTER” сиёсий тадқиқотлар Маркази дунё жамоатчилиги ва хусусан Швеция ҳукуматига махсус мурожаат билан чиқиб, таниқли имом ва уламо Обидхон қори Назаровга уюштирилган суиқасд ўта жиддий даражада тергов қилиниши демократик давлатлар эса бу тергов натижалари бўйича ўзининг қатъий муносабатини билдиришга чақирди.
Мурожаат муаллифларига кўра, уларда мазкур суиқасд ортида расмий Тошкентнинг қўли борлигига шубҳа йўқ зеро, айнан Ўзбекистон мулозимлари имомнинг хотиржамлигига раҳна солиб, унинг экстрадиция қилиниши сўрови билан Швеция расмийларига бир неча бор қайта қайта мурожаат қилган.
Аввал хабар қилинганидай, 22 феврал куни Швециянинг Стромсунд шаҳрида таҳминан соат 12:30-13:00 ларда пешин намозидан уйига қайтаётган Обид қори Назаров ўз уйи подъезди олдида кутиб турган номаълум шахснинг суиқасдига учраган. Ҳужумчи имомга қарата ўта яқин масофадан туриб бир неча бор ўқ узган.
Шундан сўнг яраланган имом ёрдам сўраб бақирган, унинг овозини эшитиб воқеа жойига биринчи бўлиб қорининг невараси югуриб чиққан, қуролли шахс эса яширинишга муваффақ бўлган.Стромсунд шаҳри полицияси маълум қилишича, ўша куннинг ўзидаёқ Обид қорининг уйига яқин автобус бекатидан қора рангдаги рюкзак ва тўппонча овозини сусайтирадиган мослама (глушитель) топилган. Бу буюмлар имомни ўққа тутган шахс томонидан қолдирилгани гумон қилинмоқда. Бошқа тафсилотлар полиция томонидан ошкор қилинмаяпти.
“Бизда И.Каримов ўрнатган диктаторлик режим аъзоларининг мазкур суйқасдга алоқадорлиги борасида гумон қилишга жиддий асос бор. 1990-96 йилларда Тошкентдаги “Тўхтабой” масжидида имомлик қилган Обидхон қори Назаров ноқонуний тарзда имомлик ваколатидан четлатилди, унинг масжид ёнидаги кулбаси эса бузиб ташланди. 1998 йили унга қарши жиноят ишининг қўзғатилиши ва тинимсиз кескин таъқиблардан безор бўлган имом Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.
Қочқинлар масалалари бўйича БМТ Олий комиссарлиги ваколатхонасининг ҳимоячси остида, О.Назаров 2006 йилга қадар Қозоғистонда яшади. 2004 йилнинг 24 май куни унинг катта ўғли Ҳусниддин Назаров ўғирлаб кетилди, унинг кейинги тақдири борасида ҳанузгача аниқ маълумотлар йўқ. Ҳ.Назаров иши юзасидан бирорта маҳкама ҳам ўтказилмади, тергов ҳаракатлари ҳам олиб борилгани йўқ”, дейилади ҳуқуқ ҳимоячилари мурожаатида.
Мурожаат муаллифларининг ёзишича, 2006 йил бошида, учинчи мамлакатга кўчиш дастурига оид Швециядан бошпана топган Обидхон қори Назаров, ҳатто шу мамлакатда ҳам ўзини хавфсиз сезмаган. Мунтазам равишда турар жойини ўзгартириб турган, Ўзбекистон расмийлари эса такрор ва такрор унинг экстрадициясини талаб қилган.
Аммо Швеция ҳукумати экстрадиция масаласини четга суриб, Ўзбекистон расмийларининг талаби борасида ўзбек мухожирларини огоҳлантирган. Ўзбекистон ҳукумати эса ўзининг экстрадиция ҳақидаги талаби нақадар асосли эканини исботлаш мақсадида мамлакат бош телеканаллари орқали Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати томонидан тайёрланган “Хунрезлик” фильмини намойиш этди ва унда барча жиноятлар ортида айнан О.Назаров турганини иддао қилди.
“2009 йили имом Барак Обаманинг АҚШ ва мусулмон олами ўртасидаги муносабатларни янада яхшилаш ташаббусини олқишлаган, 2011 йил давомидаги диний маърузалари пайтида эса, имом араб давлатларида содир бўлган инқилоблар кутилгани ва жуда тўғри бўлганини гапирган. У давомли тарзда зўравонликни қоралаб келган, хоҳ у давлат даражасидаги бўлсин, хоҳ диний қарашлардаги гуруҳлар томонидан содир қилинган бўлсин.
Террор, алоҳида индивид, жамият ва давлат учун кучли қўрқув манбаи ҳисобланади. 30 миллионли Ўзбекистон аҳолиси учун шубҳасиз фақат қатағонга асосланган сиёсат тарафдорлари бўлмиш ўзбек режими ашаддий ваҳима манбаидир. Улар ҳеч қандай қонунни ва инсон ҳаёти даҳлсиз эканини мутлақо тан олмайди. Шафқатсиз И.Каримов режими кўп бора республика фуқароларига қарши ўқ отар қуролни қўллаб келган. Хусусан 2005 йилнинг май ойида, Андижонда минглаб одамлар отиб ташланди”, дейилади мурожаатда.
Мурожаат муаллифлари Ўзбекистондаги режим нақадар шафқатсиз ва ноинсонийлигини исботловчи ҳолат сифатида, Европа Иттифоқи томонидан жорий қилинган жазо санкцияларини эслаб ўтган. Уларга кўра, бундай санкция ҳали бирорта бошқа, собиқ иттифоқ таркибида бўлган давлатга нисбатан жорий қилинмаган, айнан Ўзбекистонга жорий қилингани эса, бу давлат ҳатто собиқ иттифоқ давлатлари ичида ҳам энг ёвуз сиёсатни қўллаб келаётган давлат эканини исботлайди.
Лекин бу каби халқаро чоралар ва тўхтовсиз чақириқлару огоҳлантиришларга қарамай, Ўзбекистон ҳамон, ўз оппонентларига нисбатан ва ўзи учун исталмаган шахсларни йўқ қилиш амалиётидан мутлақо чекинмайди ва бугун ҳам бу амалиёт кенг қўлланилмоқда.
“Аммо XXI аср, глобализация ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси даврида дунё жамоатчилиги Ўзбекистон фуқаролик сектори вакилларига қарши уюштирилаётган суиқасдлар юзасидан ўзининг қатъий сўзини айтмоғи шарт”, дейди мурожаат муаллифлари.
Эслатиб ўтмоқ жоиз, Обид қориНазаровга нисбатан уюштирилган суиқасд Европа давлатлари вакилларининг қатъий чиқишларига сабаб бўлиб улгурди. Хусусан, Германия парламентидаги Яшиллар партияси вакиласи Виола Фон Крамон (Viola von Cramon-Taubadel) Швеция ҳукуматини ўзбекистонлик имом Обид қори Назаровга нисбатан суиқасд уриниши юзасидан жиддий тергов ўтказишга чақирди.
“Ўзбек ҳукуматининг сиёсий оппоненти, ҳозирда Швецияда мухожиротда яшаётган имомга нисбатан суиқасд уюштирилгани ҳақидаги хабар ўта хавотирли хабардир. Менга ҳозирча мазкур суйқасднинг тафсилотлари маълум эмас, аммо биз бу воқеани эътиборсиз қолдирмаймиз. Бордию, мазкур суиқасдда ўзбек куч ишлатар тизимларининг иштироки аниқланса, Европа Иттифоқи жиддий даражадаги сиёсий жавоб қилиши шарт бўлади”, деди Виола Фон Крамон.
Расмий Тошкент бу борада ҳозирча ҳеч қандай изоҳ билдиргани йўқ.
Обид қори Назаровнинг аҳволи борасида ҳам, ҳозирча янги маълумот йўқ, хабар қилинганидай, Швециянинг Умея (Umeå) шаҳридаги шифохонада қолаётган таниқли ўзбек имоми Обид қори Назаровнинг аҳволи ташвишли дея баҳоланаётган эди. Маълум қилинишича, чоршанба кунги жарроҳлик амалиётидан сўнг яхши ташхислар учун асос бўлгувлик аҳволда қолаётган имомнинг соғлиги пайшанба куни кескин ёмонлашган.
Аммо швед шифокорлари ваҳима қилишнинг кераги йўқлиги, имомнинг соғлиги малакали шифокорларнинг доимий назорати остидалигини маълум қилди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, шифохона ҳамда Обид қори Назаров жойлаштирилган хона Швеция полицияси томонидан жиддий қўриқланмоқда.
Fikr bildirish