Хуршид Мухторов ўз яқинларидан яширилмоқда
Кеча 14 февраль куни Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида мухожирлар иши билан шуғулланувчи полиция томонидан ушлаб кетилган Хуршид Мухторовнинг айни пайтда қаердалиги маълум қилинмаяпти.
Мухожирлар иши билан шуғулланувчи полиция ходимлари Х.Мухторовнинг турмуш ўртоғи Гулжон Жақиповани шаҳар ички ишлар бошқармаси қошидаги шахси аниқлангунга қадар ушлаб турилувчи вақтинча сақлаш муассасасига жўнатса, мазкур муассаса ходимлари эса аёлни қайтадан мухожирлар ишлари билан шуғулланувчи полицияга жўнатмоқда. Бу кўринишдаги муносабат ва кечагина ушлаб кетилган ўзбек қочқинининг кейинги тақдирига оид маълумотнинг сир тутилиши, унинг рафиқаси ва таниганларида жиддий ташвиш туғдирмоқда.
Хуршид Мухторовни шахсан таниган ва унинг мухожирлар ишлари билан шуғулланувчи полиция томонидан ушлаб кетилган пайти сўнгги суҳбатдошларидан бири бўлган, журналист Улуғбек Ҳайдаров ҳам, қочқиннинг кейинги тақдири борасида маълумот берилмаётгани жиддий хавотир уйғотаётганини айтади. “Энг ҳунук таҳмин бу, Хуршид Ўзбекистонга экстрадиция қилинган бўлиши мумкин ва агар бу таҳмин тасдиқланса, демак йигитнинг аҳволи жуда ҳам ёмон. Аммо бордию экстрадиция қилинмаган ва у ҳали Қозоғистонда бўлса, у ҳолда ҳам хавотирли томони унинг қаердалиги яширилаётгани… ахир ушлаб кетилган шахс ҳақида унинг яқинларига маълумот берилиши шарт. Ким билади, балким Хуршид Мухторов аллақачон мана бу ерда, шунақа аҳволда деб бўлмайдиган ҳолга келтириб бўлингандир, нимадир унинг қаердалигини яширишга мажбур қиляптида, ахир”, деди У.Ҳайдаров.
Аввал хабар қилинганидай, Хуршид Мухторов шу кунларда АҚШда халқаро террорчи уюшмаларга алоқадорлик ва уларни молиявий қўллаб қувватлашга уриниш айби билан ҳибсга олинган ўзбек қочқини Жамшид Мухторовнинг туғишган укасидир. Хуршид сўнгги уч йил давомида Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида қочқинлик мақомига эришиш уриниши билан яшаётган эди. Билдирилаётган таҳминлар орасида Х.Мухторовнинг ишига АҚШ махсус хизматлари аралашган бўлиши мумкинлиги ҳақдаги таҳминлар ҳам бор. Яъни маълумки, АҚШнинг Денвер шаҳрида ўтаётган маҳкамада Жамшид Мухторов унга нисбатан илгари сурилаётган барча айбловларни инкор этмоқда, АҚШ Федерал Қидирув бюроси ходимлари томонидан келтирилаётган важлар эса, судланувчининг ҳимояси томонидан жиддий асосга эга бўлмаган, қуруқ таҳминга йўғрилган ўта ожиз айбловлар дея баҳоланмоқда.
“Албатта, Хуршиднинг кейинги тақдирига АҚШ махсус хизматлари аралашган бўлиши мумкинлиги ҳақдаги таҳминлар жудда жиддий исботни талаб қилади. Аммо бу дегани мазкур таҳминларни четга суриш керак дегани эмас. Зеро АҚШдаги маҳкамада деярли барча имкониятларини йўқота бошлаётган ФҚБ вакиллари Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари, хусусан махсус хизматларига мурожаат қилиб, Хуршид Мухторовни бироз синчиклаб кўришни сўраган бўлиши мумкин. Албатта, ФҚБ бу илтимоси билан, айтайлик йигитни яхшилаб пўстагини қоқишни ёки шунга яқинроқ кўринишда бирор бир маълумотни суғуриб олишга ишора қилмагандир, аммо Ўзбекистон учун ҳам, яқиндан бери эса Қозоғистон учун ҳам дўпписини олиб кел деган гап калласини узиб келиш билан баробарлигини ҳисобга оладиган бўлсак, Хуршиднинг айни дамдаги вазияти қай даражадалигини тасаввур қилиш мумкин”, дейди У.Ҳайдаров.
Жараён нашрининг Қозоғистондаги манбаларига кўра, Хуршид Мухторов сўнгги бир йил давомида акаси билан доимий мулоқотда бўлган ва ҳатто Жамшид Мухторовнинг муттассил даъватлари чангалига илинган. Гарчи Х.Мухторовнинг ғирт замонавий ва бирмунча чўрт кесар йигитдан диндорга айланиб қолиши кўпчиликда иккиланиш туғдирган бўлсада, унинг бу ўзгариши ортида турган сабаблар билан таниш бўлмаган инсонларда бироз ўзгача хулоса пайдо қилиши мумкин. “Айтишларича, Хуршид доим молиявий кўмакка муҳтож бўлган ва шу боис ўзини акасининг даъватларини қабул қилгандай кўрсатиб, Жамшид Мухторовдан пул ундириб турган. Жамшид Мухторовнинг укасига қилган даъватлари ва кейинчалик эса Хуршиднинг акаси хоҳлаган мақомда гапира бошлагани, бугун Ж.Мухторовнинг телефон суҳбатларини ашёвий далил сифатида ушлаб турган ФҚБ учун анча муҳим далил, ва ака-ука нақадар самимий бўлгани у қадар муҳим эмас”, дейди Жараён манбаси.
Маълумки, Жамшид Мухторов ўтган ой охирларида АҚШнинг Чикаго шаҳридаги О’Ҳара халқаро аэропортида Истамбулга учиб кетишга ҳаракат қилаётган пайт Федерал Қидирув бюроси (ФҚБ) томонидан қўлга олинган. Ж.Мухторовнинг ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ берган ФҚБ ходимлари унинг халқаро террорчи ташкилотга кўмак беришда айбланаётганини айтишди. Аммо Американинг Денвер маҳкамасида ўтган жараён давомида Жамшид Мухторов ўзига қўйилаётган айбларни рад этди. Мазкур воқеадан сўнг Ж.Мухторов шахси атрофида турли чиқишлар қилинди, уларнинг аксарида ФҚБ томонидан ҳибсга олинган бу кимса аслида ўзбек махсус хизматининг айғоқчиси ва ҳамма вақт шу мақомда яширин фаолият олиб боргани айтилди.
Шундан сўнг Ж.Мухторовнинг онаси Робия Мухторова ОАВлар учун чиқиш қилиб, ўз фарзандининг мутлақо айбсиз экани ва унинг хибсга олиниши ва бу каби ўта оғир жиноятга алоқадорликда гумон қилиниши ортида аслида ўзбек махсус хизматлари ва соҳта ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан уюштирилган фитна турганини таъкидлади. Робия Мухторованинг даъвосини, яъни Ж.Мухторов мисли кўрилмаган фитна қурбони экани ҳақидаги таъкидини Ўзбекистонда анча танилиб улгурган ҳуқуқ ҳимоячиси, ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева ҳам тасдиқлади ва халқаро ташкилотлар ва дунё ҳамжамиятига мурожаат йўллаб, Ж.Мухторовни улкан фитнадан қутқаришни сўради.
Ж.Мухторов бошпана сўраб Ўзбекистонда чиқиб кетгунга қадар Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган кам сонли нодавлат ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлардан бири, “Эзгулик” жамиятининг Жиззах вилояти бўйича раҳбари бўлган. 2007 йили у Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қочқин мақомини олган ва АҚШнинг Колорадо Штатига кўчиб келтирилган. Ҳибсга олингунига қадар эса Ж.Мухторов ўз оиласи билан АҚШнинг Денвер шаҳри яқинидаги Аврора минтақасида яшаган ва юк машинаси ҳайдовчиси бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, 15 февраль куни давом этган маҳкама пайти Жамшид Мухторовнинг адвокати айбловнинг исботловчи базаси йўқлигини айтиб, уни кафолат тўлови эвазига қўйиб юборишни ва суд бир қарорга келгунича уй қамоғида бўлиб туришини сўраган. Судьянинг қарори Жараёнга ҳали маълум эмас.
Fikr bildirish