Яна бир ўзбек муслимаси норасида гўдаклари билан қаттол режимга топширилди
Куни кеча Норвегия хукумати Норвегиядан бошпана сўраган Ўзбекистонлик муслима Зарифа Юсуповани икки нафар вояга етмаган фарзандлари билан Ўзбекистонга депортация қилган. 8 ноябрь куни эрталаб норвег полицияси Юсупова ва унинг оиласи яшайдиган хонадонга келиб, уйда бўлган Зарифа Юсуповани ва фарзандларини тутиб кетган ва уларни Украинага юборган, Украинадан эса Ўзбекистонга юборилганлар.
Ҳайратланарли томони шундаки бир муштипар аёл ва унинг 10 ва 12 ёшли гўдак фарзандларини хужжатларини олишларига ҳам рухсат берилмаган. Улар ҳеч қандай хужжатсиз даставвал Украина, кейин эса Ўзбекистоннинг давлат чегараларини босиб ўтганлар.
“Ўзбекистон-Норвегия маданий маркази” фаоли Алишер Обидовнинг Зарифанинг яқинларига таяниб Озодликка билдиришича “Улар Норвегияга бошпана сўраб келган, чунки хотинини 2009 йилда ҳижоб кийгани ва Ислом урф-одатларига риоя қилгани учун Ўзбекистон милицияси назоратга олган. Эри эса қурилиш билан шуғулланган Москвада масжидларга ёрдам берган.
Шу сабабли уни устидан жиноий иш сохталаштирилган. Улар халқаро қидирувга берилганми-йўқми билмадиму, улар Норвегияга келиб бошпана сўраган. Оқибатда хотини иккита боласи билан Тошкент аэропортида 5 соат ушлаб турилган. Болалари қариндошларига бериб юборилган, хотинини эса транспортний прокуратура ва СНБ 10 соат ушлаб қанақадир пирожковозга ўткизиб номаълум жойга олиб кетилган”.
Бугунги кунда тахтдан ағдарилган диктаторларни қоралашдан чарчамаётган, ҳаттоки асирга олинган Ливиянинг собиқ хукмдори Муаммар Қаддафийнинг ваҳшийларча ўлдирилишига беэътибор бўлган ғарб сиёсатдонлари айни бир пайтда геополитик манфаатлар сабабли ўзбек диктаторини ҲАМКОР дея хурматини жойига қўяётган эканлар бир муслима аёлни собиқ иттифоқ давлатлари чегараларидан ҳеч қандай хужжатларсиз олиб ўтиб диктатура режими қўлига қурбонликка топширишда демократик тамойилларга тўлиқ амал қилувчи соғлом давлат деб топилган Норвегия хукуматининг хужжатсиз инсонларни ўзга бир мамлакатга жўнатиш ташаббускорлиги ҳеч кимни ҳайратга солмаган бўлса керак.
Ўзбекистон хукумати нақадар шафқатсизлиги, мамлакатда инсон ҳуқуқлари мутлақо менсилмаслиги ва мунтазам равишда қийноқлар қўлланилиши ҳақида Ҳалқаро ташкилотлар, БМТнинг махсус маърузачилари тинимсиз равишда махсус баёнотлар қилаётган бир пайтда, Норвегия хукумати буларга эътиборсизлик қилаётгани ачинарли албатта. Ахир ортга қайтарилаётган ўзбекистонликлар шубҳасиз тасвирлаб бўлмас даражадаги қийноқларга солинишлари, ёлғонга асосланган иддаолар билан узоқ йиллик қамоқ жазосига тортилишлари, унданда ҳавотирлиси ноинсоний муносабатлар оқибатида ўлим топишлари мумкин. Бунга ўзбек қамоқхоналаридан доимий равишда чиқаётган диндорларнинг мурдалари гувохлик бермоқда.
Охирги пайтларда Норвегиядан қочқинлик мақоми сўраб мурожаат қилаётган ўзбекистонликларнинг оҳи фарёдларига хукумат совуққонлик билан жавоб бераётганини гувохи бўлмоқдамиз. Ҳаттоки Норвегиядаги УВКБ томонидан қочқинлик мақомини сўраётган фуқароларни ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари учун ёлланаётган, уларнинг ҳимоялаши, кўмак бериши керак бўлган адвокатлар ҳам бу инсонларнинг дардига қулоқ солмаётганлари, аксинча ҳимоясидаги инсонларни янада оғир вазиятларга тушиб қолишларига сабаб бўлаётганлари ҳақида тез тез эшитяпмиз. Ёрдамга мухтож бу инсонларнинг муаммоларини ҳал қилиш мажбуриятини олиб жарақ жарақ даромад топаётган, амалда эса ҳеч қандай ҳуқуқий харакатлар қилмаётган бу адвокатларнинг ғайриқонуний ҳатти харакатларига уларни маблағ билан таъминлаётган зодагонлар ҳам кўз юммоқдалар.
Энг ачинарлиси, хукуматнинг кучишлатар тизимларида юқори лавозимларда ишлаган, ҳам қийноқлар қўлланилишида фаол иштирок этган, ҳам фуқаролик жамияти фаолларининг қатағон қилинишларида, таъқибу босимлар остида қолишларига бош қош бўлган, бундан ташқари миллион миллиардлаб ҳалқ бойлигини ўмарган собиқ амалдорлар “Ўзбек хукумати мени таъқиб остига оляпти” деб зорланса уларнинг яқинларига ҳам қўшиб ғарб давлатларидан сиёсий бошпаналар берилмоқда.
Кейинчалик эса уларнинг ўғирлаган ва мамлакат ичкарисида сақланиб турган бойликларини ҳеч бир қийинчиликсиз яшаётган давлатларига олиб чиқиб кетишларига кўмак ҳам бериляпти. Улардан “Кечагина жабрдийда эдинг, бугун бунингдек қиммат нарҳлардаги кўчмас мулкларни қайси маблағлар эвазига сотиб олмоқчисан?” деб сўрайдиган марднинг ўзи йўқ. Ўзбек хукуматининг ҳақиқий жабрдийдалари эса улар паноҳ излаган “демократик” давлатларда қўлга олиниб, диктаторга тортиқ қилинмоқдалар.
Ўтган йили Ҳалқаро муҳожирлар куни арафасида Норвегия пойтахти Ослода бир гуруҳ ўзбек муҳожирлари томонидан норозилик намойиши ўтказилганди. Намойишчилар Норвегия ҳукуматини Ўзбекистон қаттол режимининг ёлғонларига ишонган ҳолда қочқинларни оммавий равишда экстрадиция қилаётганидан, режим томонидан таъқибу босимларга учрагани сабабли ўз она юртини ташлаб чиқиб ўзга мамлакатлардан осойишталик топмоқчи бўлган ўзбекистонликларни тақдирига бефарқ қараётганидан, Норвегия парламенти умумжаҳон қочоқлар ҳақидаги шартномалар ва келишувларнинг қўпол тарзда бузилишига мутлақо бефарқ қолаётганидан норозиликларини билдиргандилар.
Лекин бу норозилик тадбири ўтказилганидан кейин ҳам Норвегиядаги қочқин ўзбекларнинг вазиятлари янада оғирлашиб, муаммолари кўпайган бўлса кўпайдики, асло камайгани йўқ. Бундан икки ой аввал Норвегия судида бир ўзбек қочқинининг ишини кўрилиши жараёнида диктатура режимининг жиноятлари ҳақида қийноқ қурбони ва ҳуқуқ химоячиси сифатида гувохлик бердим. Ўша қочқиннинг иши ижобий ҳал бўлди. Лекин судда иштирок этган прокурору, судьяларни Ўзбекистон хукуматининг жиноятларига ишонтиргунимча она сутим оғзимга келди. Шунда мен хис қилдимки, ўзбек деган миллатнинг бошига тушаётган кулфатлар на норвегларни, на шведларни, ва на бошқаларни қизиқтирмас экан.
Биз ўзбек фуқаролик жамияти фаоллари, мухолифот вакиллари – барча барчамиз мана шундай миллатдошларимиз ҳуқуқлари паймол бўлаётган ҳар қандай холатга қарши ўз муносабатларимизни билдириш усулларини янада кучайтирмоғимиз даркор. “ЙЎҚ, ЙЎҚ, ЙЎҚ!!!!” дея тинимсиз бонг урмоғимиз керак.
Акс ҳолда бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларида хору зор бўлаётган миллатдошларимизнинг аянчли тақдирларига диктатор Каримов ва гумашталари, диктаторнинг жиноятларидан кўз юмиб, унинг қонли қўлини тутишдан хазар қилмаётган ғарблик сиёсатчилардан фарқимиз қолмайди.
Мўътабар Тожибоева
Fikr bildirish