Мўътабар Тожибоева: Сизларни олий инсоний қадриятларга садоқатли қолишга чақираман
Европа Комиссияси раиси Жозе Мануэль Боррозога;
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар етакчиларига;
Европа Парламенти аъзоларига “Ўтюраклар”Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари
МУРОЖААТНОМА
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар,
Ҳозирда тасдиқланиб улгурган маълумотларга кўра, 24 январ куни, Ўзбекистон Республикасининг президенти Ислом Каримов расмий ташриф билан Бельгияга келади. Бизга маълум бўлишича, у Европа Комиссияси раиси жаноб Жозе Мануэль Боррозо, Бельгия Қироли Альберту-II Жанобий Олийлари ва бир қатор ЕИ мулозимлари билан юқори даражадаги учрашувлар ўтказади.
Албатта, агар бу ташриф ва юқори даражадаги келишувлар биринчи галда Европа давлатлари билан бир қаторда Ўзбекистон учун, унинг жафокаш халқи учун фойдали бўлса биз уни шубҳасиз олқишлаган бўлар эдик. Аммо, афсуски, ундай эмас.
Сиз кўрсатаётган илтифот аслида Ўзбекистонда ҳукм сураётган диктатурани, давлат даражасидаги қатағонни янада кучайтиради. Буни тўлиқ ишонч билан таъкидлашга бугун биз, ўзбек фуқаролик сектори вакиллари, мухолифат фаоллари ва ўзбек муҳожирларида асос бор.
Эътибор қилинг, Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги вазият ва хусусан Андижон қатлиомидан сўнг бу мамлакатга ва унинг раҳбариятига нисбатан бир қарашда ўта қатъий позицияни танлагандай бўлди, қатъий талабларни қўйди. Лекин уларнинг бажарилишини кутмасданоқ барча аҳд ва талабларидан қайтиб олди. Бунинг натижасида диктатуранинг ғалабаси ўлароқ ўнлаб мутлақо бегуноҳ инсонлар, мухолифат фаоллари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистлар қамоқларга тиқилди.
Европа Иттифоқининг ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайдиган ҳаракати ўз бошимча режимнинг буткул ваҳшийлашишига туртки бўлди. 2009 йилдан то шу бугунги кунга қадар касбдошлар хабарларига кўра бир неча ўнлаб инсонлар жазони ижро этиш муассасаларида қийноқдан ўлдирилди, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига ошкора босимлар амалга оширилди, журналистларга таҳдид қилинди.
Дунёни ларзага солгани ёш қизлар тергов пайтидаёқ зўрланди, болалар пахта далаларида эксплуатация қилинди, афсуски улар орасида ҳам қаровсиз қолиб ҳалоқ бўлганлар бўлди. Европанинг аллақандай манфаатлар эвазига Ўзбекистондаги вазиятга кўз юмиши шу нарсаларга олиб келди. Энди тасаввур қилинг, И.Каримовнинг Европа Комиссари томонидан бу қадар олий даражада кутиб олиши қандай оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Сиз Ислом Каримовнинг ташрифини қойилмақом ўтказиш устида бош қотираётганингиз бир пайтда, мамлакатда оз сонли эркин сўз соҳиблари, мустақил журналистлар таъқибга учрай бошлади, улардан бири маҳкамага тортилиб жарима тўлашга мажбур қилинди, қолганларига нисбатан мутлақо асоссиз жиноят ишлари қўзғатилди.
Ўзбекистон телевидениесининг икки ходимаси мавжуд тарафкашлик, цензура ва порахўрлик ҳақида баралла гапириб, норозилик чиқиши қилгани учун ишдан ҳайдалгани етмай, ҳозирда ҳуқуқ-тартибот органлари ва собиқ иш берувчилари томонидан таъқибга учрамоқда. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлди, яна бир нечтаси номаълум шахслар ҳужумига учради. Бу И.Каримовнинг Европада сиз мўлжаллаётган ташрифга тайёргарлигидир.
Европа Иттифоқи юз йиллар мобайнида инсон учун энг Олий бўлган қадриятлар, эркинликларга жиддий амал қилиб келди ва шунинг учун ҳам минглар, миллионлар унинг сари интилди. Европа Иттифоқи бир неча ўн йиллар давомида бутун дунёда ана шу Олий қадриятлар ҳурмат қилиниши тарафдори бўлиб келди, шунинг учун ҳам минглар, миллионлар ундан илҳомланиб унинг даражасига интилди.
Аммо бугун Европа Иттифоқи ошкора тарзда ана шу Олий қадриятлардан воз кечяпти, алоҳида манфаатлар йўлида бу қадриятлар ҳақида унутиб туриш мумкин, деган позицияни танлаяпти, бунга йўл қўйиш мумкинми? Кечагина инсон ҳуқуқлари йўлида олиб борган курашим, бунинг учун тортган азобларим учун менга тасанно айтган, мени қучоқ очиб кутиб олган Европа бугун мени, мен сингари Озодлик, Ҳурлик, Яратган томонидан тақдим қилинган Ҳуқуқлар учун курашига жавобан қақшатган, азоблаган шахсни қучоқ очиб кутиб олиши жуда-жуда аянчли ва оғриқли ҳолдир.
Мен сизларни энг ваҳший, энг қонхўр диктаторни қўллашни тўхтатишга, биттани миллиондан афзал билиб, миллионлаб жафокаш халқнинг юзига тарсаки урмасликка чақираман. Юз йиллар давомида ҳурмат қилиб келинган Олий инсоний қадриятларга садоқатли қолишга чақираман. Ўзбекистондаги демократия ва эркинлик сари бўлаётган ожиз интилишларни буткул яксон қилмасликка чақираман.
Ҳурмат ва эҳтиром билан,
Мўътабар Тожибоева
“Ўтюраклар” Клуби Инсон ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича нуфузли
ҳалқаро мукофотлар совриндори.
Тел.: +33643236385; +33760183844
E-mail: mutabartadjibaeva@gmail.com
Skype Mutabar Tadjibayeva
Fikr bildirish