БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Қўмитаси Жанаўзендаги вазият юзасидан ташвиш билдирди
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитаси 16 декабрь куни Қозоғистон ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида содир бўлган воқеалар ва улар натижасида ўнлаб одамлар нобуд бўлгани юзасидан ташвиш билдирди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитаси Бош комиссари вакили Руперт Колвилл Қозоғистон ҳукуматига мурожаат қилиб, воқеа юзасидан синчков текширувлар ўтказиш ва куч ишлатар тизимларининг тартибни сақлаш учун ҳаддан зиёд куч ишлатмаслигини таъминлашга чақирди.
“Биз Қозоғистон ҳукуматини бўлиб ўтган воқеа юзасидан зудликда синчков тергов ўтказишга ва хавфсизлик кучлари жамоат тартибини сақлаш учун ҳаддан зиёд куч ишлатмасликларини таъминлашга чақирамиз”, деди Руперт Колвилл. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар вакили Жанаўзендаги вазият Қўмитанинг диққат марказида қолиши ва бу борада ўтказилажак тергов ҳаракатлари адолатли ва соф бўлиши ниҳоят даражада муҳим эканини таъкидлади.
Айни пайтда Human Rights Watch инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳам Қозоғистондаги воқеалар юзасидан баёнот билан чиқиб, полиция ходимларини ҳаддан зиёд куч ишлатишдан сақланишга чақирди. Ташкилотга кўра, ҳозирда қон тўкилишига олиб келган тартибсизликлар ортида турган асл шахсларни аниқлаш ўта мушкул, аммо шунга қарамай бу юмуш ўта босиқлик ва инсон ҳуқуқларига жиддий амал қилган тарзда амалга оширилмоғи лозим.
Аввал хабар қилинганидай, кеча Қозоғистоннинг Манғистау вилояти Жанаўзен шаҳрида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва иш ташлаган нефтчилар ўртасида тўқнашувлар юз берди. Юзлаб нефтчилар олти ойдан буён Жанаўзен шаҳридаги марказий майдонни эгаллаб ўз норозилигини изҳор этиб келишаётган эди.
Гувоҳларга кўра, тўқнашув натижасида камида икки одам ҳалок бўлган. Жараён нашри электрон манзилига келиб тушган ўнлаб “шошилинч” мактубларда нобуд бўлганлар сони бирмунча кўплиги айтилади.
Жанаўзен шаҳар ҳокимияти ва ЎзенМунайгаз бошқармаси бинолари буткул ёниб кул бўлган, шаҳарда телефон алоқалари буткул узиб қўйилган. Ҳукумат томонидан кўрилган чора ўлароқ www.socialismkz.info, www.respublikas.info сайтлари тўсиб қўйилган, бундан ташқари guljan.org, Twiter ижтимоий тармоқлари ҳам тўсиб қўйилган.
Жанаўзен шаҳар маркази полиция кучлари томонидан назоратга олиниб, у ерга ҳарбий техника киритилди. Кўрилаётган чоралар ва шаҳарда авж олган фитналарга қарамай нефтчилар ўз эътирозини тиклаш ва давом эттириш, ҳалок бўлган сафдошлари учун жавобгарлик талаб қилиш аҳдида мустаҳкам турипти, маълум қилинишича нефтчиларни қўлловчилар сони соат сайин ортиб бормоқда.
Fikr bildirish