BBC Жаҳон хизмати мухбири Ўзбекистон аэропортидан ортга қайтарилди

1 март куни BBC ахборот узатиш корпорациясининг Жаҳон хизмати мухбири, таниқли журналист Наталья Антелава Ўзбекистон халқаро аэропорти чегара хизмати ходимлари томонидан ҳеч бир тушунтириш ва мантиқли изоҳсиз ортга қайтарилди.

Наталья Антелава Ўзбекистонга хусусий сафар билан Алмати шаҳридан учиб келган, аммо чегара кўригидан ўтар пайт, унга нисбатан чеклов жорий қилингани ва шу боис мамлакат ичига кириши мутлақо мумкин эмаслигини билган. Шундан сўнг журналист 20 соат давомида Тошкент халқаро аэропортининг транзит йўловчилар учун мўлжалланган терминалида ўтиришга ва 1 март куни тонгги соат 7:00ларда Алмати шаҳрига учиб кетишга мажбур бўлган.

Наталья Антелава BBC Жаҳон хизматининг амалдаги мухбири Тошкентга фақат ҳамкасб дўстлари билан учрашишга келгани ва бу мутлақо хизмат сафари бўлмаганини айтади. Унга кўра, афтидан Тошкентда бу қадар совуқ муносабатга дуч келиши ортида унинг касбий фаолияти билан боғлиқ.

Наталья Антелава 2005 йили Андижон шаҳрида юз берган қонли воқеалар ҳақида ВВС Жаҳон хизмати учун мақолалар тайёрлаган, 2007 йили эса Ўзбекистон президентлигига ўтаётган сайлов жараёни ҳақида мақолалар тайёрлаб Ўзбекистон ҳукуматининг “қора рўйхати”га тушган бўлиши таҳмин қилинмоқда. Журналистнинг айтишича, аэропортдаги чегарачилардан бири ҳам ўзаро суҳбатда, унинг “қора рўйхат”да экани ва не сабабдан бу рўйхатга тушгани журналистнинг ўзига кўпроқ маълум бўлиши кераклигини айтган.

Наталья Антелава Алмати самолётига чиқар пайт чегара хизмати ходимлари унинг қўлига Ўзбекистон ҳудудига кириши ман этилгани ҳақидаги баённомани тутқазган. Ҳеч бир жўяли иддаога эга бўлмаган айни баённомада жумладан шундай дейилган, “Мазкур ҳужжат эгасининг Ўзбекистон Республикасига кириши рад этилди, зеро Ўзбекистон Республикасига кириш ёпилган.

Уни олиб келган йўловчилар ташувчига йўловчини 01.03.2012 йили Тошкент- Алма-Ата рейси билан ортга етказиб қўйиш мажбурияти юкланди. “Халқаро фуқаро авивацияси ҳақидаги Конвенция”нинг “9-илова”сига мувофиқ йўловчи тўхтаган ва чиқиб келгани энг сўнгги давлатга, уни қайтадан текширувдан ўтказиш учун қабул қилиш таклиф қилинади, зеро унга Ўзбекистон Республикасига кириш ман этилди”. Кириш ман этилгани сабаблари ҳақида бу ҳужжатда ҳам ҳеч бир сўз айтилмаган.

Наталья Антелавага кўра, Ўзбекистондан чиқариб юборилиши аслида мамлакатда журналистлар кўрмаслиги лозим бўлган, овоза бўлиб кетмаслиги шарт бўлган ҳолатларнинг мавжудлигидан дарак беради. Шу боис, журналистга кўра, ўзбек ҳамкасблари айнан ўша яширилаётган ва овоза бўлмаслиги исталаётган ҳолат ҳақида дунёга бонг уришлари, бу ҳолатларни фош қилишлари лозим.

“Ҳукумат журналистларнинг Ўзбекистонга киришига тақиқ қўяётган экан, демак, улардан ниманидир яшираяпти. Журналистларнинг ҳукумат яшираётган нарсани топиб, у ҳақда дунёга хабар бериш масъулиятлари бор. Ўзбекистонда ахборот кам ва у ердан ташқарига жуда кам маълумот чиқаяпти. Халқаро журналистларнинг мамлакатга сафар қилиб, у ерда нималар бўлаётганидан ташқаридагиларни огоҳ этишлари муҳим”, дейди Н.Антелава.

“Дўстим Натальяга бўлган муносабат аслида Ўзбекистонда ҳукумат қарамоғидаги ва измидаги матбуотдан фарқли ошқора ва ҳаққоний ахборот тарқатувчи журналистларга бўлган муносабатини кўрсатади. Бу мамлакат нафақат чет эллик журналистлар учун, балки мамлакат ичида қолаётган, Ўзбекистон фуқароси бўлган журналистлар учун ҳам ёпиқ мамлакат. Ким бу мамлакатда қандай ўзгаришлар, қандай ўсиш ва ислоҳотларни кўряпти билмадим, аммо биз бу мамлакатда фақат мана шундай мутлақо мантиқсиз ва соғлом ақл билан англаш мушкул бўлган “ислоҳотлар”ни кўряпмиз. Ўзбекистон ҳукумати бу қилиғи билан ҳақиқатни ёритиб, ҳақиқат қарор топишини кутаётган биз журналистларга ҳам, истаган пайт ҳар биримизга нисбатан истаган чорасини кўриши ва бунинг учун ҳеч нима бўлмаслигини англатмоқда. Дунё ҳамжамияти эса ўзининг сукути билан, “ҳа, Ўзбекистон ҳукумати, қўпол айтганда ҳаммага шартта туфлаб қўйган, шу жумладан бизга ҳам”, деб тасдиқламоқда”, деди журналист Ҳ.Қутбиддинов.

www.Jarayon.com

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.