“Чегара билмас мухбирлар” Ўзбекистондаги мустақил оммавий ахборот воситаларига оид вазиятдан ташвишда
Жорий йилнинг 4 апрель куни қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти сўнгги бир неча ҳафта ичида Ўзбекистонда мустақил журналистларнинг таъқиб қилиниши бўйича ўзининг навбатдаги матбуот варақчасини ёйинлади.
Халқаро ташкилотга кўра, кейинги бир неча ҳафта ичида содир бўлган нохуш воқеалар мустақил журналистлар ўзбек расмийларининг ўзбошимча таъқиби ва суиистеъмоли қаршисида қолаётларини яна бир бор намойиш этган.
“Ўн нафар журналист ҳамон Ўзбекистон қамоқхоналарида қолмоқда, қўлга олинмаганлари эса зулм ва қўрқув қурбонига айландилар, мустақил журналистика қарийб тўлалигича янчилган”, – дейилади пресс-релизда.
Шу билан бирга, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти президент Ислом Каримовнинг Германияга сафари олдидан канцлер Ангела Меркелни Ўзбекистон раҳбарини қабул қилишдан аввал унинг олдига бир қанча сиёсий талаблар, хусусан, қамоқдаги журналистларни озод қилиш ва мустақил оммавий ахборот воситаларини таъқиб қилишни бас қилиш каби талабларни қўйишга чақирди.
“Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматига тақдим этган сиёсий жиҳатдан самарасиз жуда кўп ён беришлардан сўнг мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши бўйича ўзининг қатъий позициясини намоён этиши лозим бўлган вақт келди”, дейилади матбуот варақчасида.
“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти тарқатган матбуот варақчасида тошкентлик журналистлар Виктор Кримзаловнинг маъмурий жавобгарликка, Елена Бондарнинг эса жиноий жавобгарликка тортилиши, Алексей Волосевичнинг ҳибсга олиниши, Ўзбекистон президенти жияни Жамшид Каримовнинг сирли равишда ғойиб бўлиши ҳамда Би-Би-Си мухбири Наталья Антелава ва россиялик фотожурналист Виктория Ивлеванинг мамлакатдан депортация қилинишга оид ҳолатлар тафсилотли шаклда баён этилган.
Бундан ташқари, матбуот варақчасида халқаро ташкилот касбий фаолияти учун ҳамон Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган сиёсий маҳбуслар Хайрулло Ҳамидов, Дилмурод Саййид, Баҳром Ибрагимов, Даврон Қобилов, Равшанбек Вафоев, Абдулазиз Дадахонов, Ботирбек Эшқўзиев, Солижон Абдураҳмонов, Юсуф Рўзимуродов, Муҳаммад Бекжонлар вазиятига алоҳида эътибор қаратади.
Fikr bildirish