Ўзбекистон расмийлари Қозоғистондан яна бир диндор қочқинни экстрадиция қилишни сўрамоқда

Қашқадарё вилоятидан бўлган 37 ёшли Хайрулло Турсунов беш ойдан кўпроқ вақт мобайнида Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳар тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

Ўзбекистонда у террорчиликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган. Турсунов оиласининг диний қарашлари сабаб махфий хизматлар эътиборига тушган. Ҳозирда бу қочқин, ҳуқуқ фаолларининг айтишларича, диндор маҳбусларга нисбатан аёвсиз қийноқлар қўлланиладиган Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи остида қолмоқда.

Қозоғистон бош транспорт прокуратурасининг қарорида айтилишича, мамлакат ҳудудида 2010 йилдан буён яшаб келаётган ўзбек қочқини Хайрулло Турсунов 2012 йилнинг 7 апрель куни Жайсан станциясида “Тошкент-Харьков” йўналишидаги 395-сонли йўловчи поездида қўлга олинган. У Олмаотадан ўз оиласи яшаётган Россияга кетаётган бўлган. Қўлга олинган пайтда қочқиннинг ёнида шахсини тасдиқловчи ҳеч қандай гувоҳнома бўлмаган. Ҳуқуқ-тартибот органларига у ўзини Қирғизистон фуқароси Аҳмедов Азамат, дея таништирган.

Кейинроқ Қозоғистон куч ишлатар тузилмалари Ўзбекистонга сўровнома юбориб, қўлга олинган кишининг исми Хайрулло, фамилияси эса Турсунов эканини, у диндор киши бўлиб, 2004 йили Ўзбекистонда 12 йилга озодликдан маҳрум қилинганини аниқлашга муваффақ бўлганлар.

“Ўша пайтда Турсунов террорчилик, қўпорувчилик, уюшган жиноий ҳамжамият тузганлик ҳамда жамоат хавфсизлиги учун таҳдид солувчи материаллар тайёрлаганликда айбланганди”, дейилади Қозоғистон транспорт прокуратурасининг қарорида. Бироқ орадан бир йил ўтгач, 2005 йили у Ўзбекистон президенти фармони билан авф қилиниб, муддатидан аввал қамоқдан озод қилинган.

Хайруллога яқин бўлган одамлар “Ўтюраклар” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига Турсунов 2006 йилдан то 2008 йилгача пул топиш учун Россияга кетиб, ўша ерда ишлаганини маълум қилдилар. 2008 йили у Ўзбекистонга, хотини ва уч фарзандининг олдига қайтиб келган. 2009 йили у яна бир неча ой Москвада ишлаб келган.

Бироқ Ўзбекистон махфий хизматларининг Турсунов оиласига кўрсатган тўхтовсиз босимларидан сўнг қочқин оиласи билан бирга Олмаотага келиб яшашга мажбур бўлган. 2012 йилнинг апрель ойида Хайрулло аввалроқ Москвага жўнатиб юборган оиласининг олдига кетишга қарор қилади, аммо йўлда Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олиниб, ҳибс этилади.

“Ўтюраклар” клуби Хайрулло Турсуновни Ўзбекистонда юрган пайтидан буён яхши билган киши билан боғланишга муваффақ бўлди. Европа мамлакатларининг бирида қочқинлик мақоми асосида яшаб келаётган суҳбатдошга кўра, Ўзбекистон махфий хизматлари ва Бош прокуратураси Хайрулло Турсуновни унинг хотини бўлмиш Нодира Бўриева сабаб таъқиб қилмоқда.

– Хайрулло ҳақиқатан Ўзбекистонда бир марта қамалиб чиққан. Қамоқдан чиққанидан кейин ҳам анчагача назоратда бўлди, ҳатто унга Россияга чиқишга рухсат беришмади. Охири у бир амаллаб чиққанди. Эшитишимча, участка нозорига пул бериб чиққан. Аслида муаммо Хайруллода эмас. Муаммо унинг рафиқаси Нодира Бўриевада. Хайрулло Ақтўбеда қўлга тушганида ундан фақат хотинини сўрашган. Энди уни хотини масаласига тўхталсак. Эсингизда бўлса, 2009 йил охирроғида Қаршида 30 нафар аёл ҳибсга олинганди. Шуларнинг бири Хайруллонинг хотини бўлган. Бу аёлнинг қўлида эмизикли боласи бўлгани учун у терговга уйидан қатнаган. Қолган аёллар эса тергов изоляторда туриб кўрсатма берган. Ўша пайтда бу аёл қочишга муваффақ бўлган. Тайёр ўлжани қўлидан чиқариб юборган МХХ бундан жуда дарғазаб бўлиб, кўп одамни сўроқ қилганди. Шундан кейин Хайрулло ва унинг рафиқаси Нодира Бўриевага қарши ов бошланади. Нодирани қўлга ололмаган МХХ ҳеч бўлмаганда Хайруллони қўлга олишга ҳаракат қилаяпти, менимча. Ўйлашимча, улар шундай йўл билан унинг рафиқасини топмоқчилар, – дейди ўзбек қочқини.

Бу қочқин зикр этган воқеага бироз тўхталиб ўтсак. 2009 йили Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида 30 нафарга яқин аёл ҳибсга олинганди. Бу аёлларга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 244-моддасига биноан “диний ташкилотларга аъзо бўлганлик ва диний-экстремистик ташкилотлар тузганлик” каби айбловлар қўйилганди.

Қўлга олинган аёллар қариндошларининг ҳуқуқ фаолларига айтишларича, махфий хизмат ходимлари муслималарни қийноқ остида аёллардан ташкил топган экстремистик ташкилотга гўё раҳбарлик қилган Меҳринисо Ҳамдамова исмли аёлга қарши кўрсатма беришга мажбур қилганлар. Шундан сўнг Ҳамдамова 7 йилга, у билан бирга қамалган яна икки аёл эса 6,5 йилданга озодликдан маҳрум қилингандилар.

2012 йилнинг 3 май куни Ақтўбе шаҳар суди Хайрулло Турсуновни 40 кун экстрадиция ҳибсида сақлашга санкция берди. Сўнгра ўзбек қочқинининг ҳибсда сақланиш муддати 2 ойга, кейин эса бу муддат 3 ойгача узайтирилди. Қозоғистон Миграция қўмитасининг Олмаота департаменти Турсунов ва унинг оила аъзоларига қочқинлик мақоми беришдан бош тортди.

Бироқ шундан кейин БМТ қочқинлар иши бўйича Олмаота ваколатхонаси Қозоғистон бош прокуратурасига нота юбориб, Турсуновга бошпана берилмагани ва департамент томонидан қонунбузарликлар содир этилган юзасидан норозилик билдирганди. Шунингдек, ваколатхона Қозоғистон ҳукумати Хайрулло Турсуновни халқаро ҳимоя билан таъминлаб, уни мамлакатдан чиқариб юбормаслигига ҳам умид билдирди.

“Ўтюраклар” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Хайрулло Турсуновнинг Қозоғистондаги адвокати Кенес Жусупов билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлди. Адвокатнинг сўзларига кўра, Турсуновни ҳибсда сақлаш муддати жорий йилнинг 3 сентябригача узайтирилган.

– Хайрулло айни пайтда Ақтўбе шаҳар тергов изоляторида сақланмоқда. Мен ўтган жума куни уни кўриб келдим. У руҳан эзилган. У беш ойдан буён бирор жиддий сабабсиз ҳибсда сақланаяпти. Унга нисбатан оғир айбловлар қўйган Ўзбекистон томони сукут сақлаяпти, уни олиб кетиш учун одам юборганлари йўқ. У қанақасига террорчи бўлсин, ахир у Ўзбекистонда 2,5 йил бўлгани йўқ, Олмаотада ҳам ҳеч бир қонунни бузмай яшаб келган. Ҳозир Ақтўбе шаҳар суди уни ҳибсда сақлаш муддатини ҳар ой узайтириш қарорига келди. Қозоғистон транспорт прокуратураси уни ҳибсда сақлаш муддатини 2013 йил 3 майигача узайтиришни сўраган бўлса-да, суд бошқа қарорга келди. Мен суддан Турсуновни мамлакатни тарк эмаслик шарти билан озодликка чиқариб юборишини ва унинг шаҳардаги бирор хусусий квартирада яшаб туришини сўрадим, аммо судья менга рад жавобини берди, – деди 27 август куни “Ўтюраклар” клуби вакили билан суҳбатда адвокат Кенес Жусупов.

Қайд этиш жоизки, аввалроқ Қозоғистон кўпгина қочқинларни Ўзбекистонга бериб юборганди. Шундан экстрадицияларнинг бири 2011 йилнинг ёзида содир бўлганди – ўтган йилнинг 9 июн куни қозоқ расмийлари халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда 29 нафар қочқинни Ўзбекистонга бериб юборганди.

Бу кишилар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурасининг сўровига биноан Олмаотада ўтказилган рейд чоғида қозоқ махфий хизматлари томонидан қўлга олингандилар. Ўзбекистонда уларга оғир ва ўта оғир жиноятларни, жумладан, таъқиқланган экстремистик ташкилотлар фаолиятида иштирок этганлик каби айбловлар билдирилганди. Қозоқ расмийлари уларга бошпана беришни рад этиб, Ўзбекистонга бериб юборгандилар.

Бироқ кейинроқ, 2012 йилнинг 20 июнь куни БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси 29 нафар қочқинни Ўзбекистонга бериб юбориш орқали Қозоғистон ҳукумати Қийноқларга қарши конвенциянинг икки моддасини бузгани ҳақида маълумот тарқатди. Айтиш жоизки, кўпгина халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари Ўзбекистонда қийноқ қўллаш амалиёти кенг ёйилганини билдириб келишади. Шунинг учун ҳам, ҳуқуқ фаолларига кўра, қочқинларни бу мамлакатга бадарға қилиш мумкин эмас.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ўз қарорида Қозоғистон расмийларидан ўзбек қочқинларини тегишли ҳимоя воситалари билан таъминлаш, шу жумладан, уларни Қозоғистонга қайтариш ва товон пули тўлашни талаб қилган. Аммо шу кунгача ҳам Қозоғистон ҳукумати БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси қарорига нисбатан ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.

Ўзбекистонда Қозоғистондан экстрадиция қилинган 29 нафар қочқиннинг ҳаммаси узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилиндилар. Кўплаб халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар Ўзбекистонда бу одамларга нисбатан аёвсиз қийноқ қўлланган бўлиши мумкинлиги юзасидан ташвиш билдирмоқдалар. Бу одамларнинг қамоқдаги тақдири қандай кечаётгани ҳозиргача кенг жамоатчиликка номаълумлигича қолмоқда.

http://www.jarayon.com/

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.