Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси ШҲТ фаолиятини танқид остига олди

2012 йилнинг 3 сентябрь куни қароргоҳи Парижда бўлган Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси (FIDH) Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолияти доирасида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича кузатилган хавфли тенденциялар қайд этилмиш “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти: инсон ҳуқуқлари бузилиши учун яхши замин” дея номланган 42 саҳифали ҳисоботини эълон қилди.

Мазкур ҳисобот федерациянинг ШҲТга аъзо давлатларда фаолият юритувчи ҳамкор ташкилотлари иштирокида тайёрланган.

Ҳисобот муаллифлари фикрича, ШҲТ доирасидаги минтақавий ҳамкорлик инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро қонунчилик ва қочқинлар ҳуқуқларига оид халқаро қонунчиликка зиддир.

“Ўн йилдан ошиқ вақт мобайнида ШҲТга аъзо давлатларда фаолият кўрсатаётган ҳуқуқ фаоллари “ёвуз учинчи куч”: террорчилик, экстремизм ва айирмачиликка қарши курашни асосий мақсад дея эълон қилган ШҲТ хавфсизлиги бўйича ўзига хос стратегия ва сиёсий концепцияга мувофиқ равишда бу давлатлар ўртасидаги шартномаларни амалга ошириш ҳамда минтақавий ҳамкорлик меъёрларидан келиб чиққан ҳолда кўплаб инсон ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилишини қайд этганлар”, – дея келтиради ҳисобот муаллифлари.

Инсон ҳуқуқлари халқаро федерациясига кўра, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, фикр эркинлиги, тинч йиғилишлар ўтказиш, бошпана олиш ва қийноқлардан ҳимояланиш каби асосий ҳуқуқ ва эркинликларнинг бузилиш ҳолатлари борган сари кўп қайд этилмоқда.

Бу ҳуқуқбузарликлар қурбонларида мамлакат миқёсида юридик жиҳатдан самарали ҳимояланиш имкони қарийб йўқ. Шу боис ҳам, ҳисобот муаллифларининг фикрича, ҳукм сураётган жазосизлик шароитида халқаро ва минтақага оид муҳофаза механизмларидан фойдалана олиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Ҳисобот муаллифлари халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва қочқинлар ҳуқуқларининг бузилишига мисол сифатида 2011 йилнинг июнь ойида Қозоғистондан бошпана сўраган, аммо бу мамлакат расмийлари томонидан мажбурий равишда қийноқлар қўлланиладиган Ўзбекистонга бериб юборилмиш 29 нафар қочқинга оид ҳодисани келтирганлар.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йили БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистон расмийларининг бу ҳаракатини қоралаган ва мамлакат Қийноқларга қарши қабул қилинган конвенцияни бузгани ҳақида қарор чиқарганди.

“Қозоғистон томонидан қабул қилинган қарор мамлакатнинг нафақат ўзи ратификация қилган Қийноқларга қарши конвенцияда, балки фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ҳам келтирилган бошпана изловчи одамни қийноққа солиниш хавфи мавжуд бўлган мамлакатга қайтармаслик принципини бузди”, – дея ёзади ҳисобот муаллифлари.

Ҳисоботда ШҲТга аъзо мамлакатлар авторитар режимлари миллий хавфсизлик ва барқарорликни баҳона қилиб, сиёсий ва диний фаоллар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва баъзи миллий озчилик вакилларига нисбатан ўтказаётган зуғумларни оқлашга уринаётгани ҳамда кўпинча бу одамларни якка тартибда ёки оммавий равишда экстремизмда айблаб, уларга сиёсий айбловлар қўяётгани айтилади.

“Бунда фавқулодда кенг талқин қилинадиган ва унча аниқ бўлмаган “экстремизм” тушунчаси халқаро ҳуқуқда тан олинган жиноят ҳисобланмайди. ШҲТнинг хавфсизлик концепцияси миллий қонунчилик доирасида амалга оширилади, бироқ бунда “терроризм” тушунчаси бўйича умумий, келишилган ва шу билан бирга, аниқ бир таъриф мавжуд эмас. Натижада миллий миқёсда қонун ва меъёрлар жуда кенг талқин қилиниб, суиистеъмолга йўл қўйилиб келинмоқда”, – дея ёзади ҳисобот муаллифлари.

FIDH ҳисоботи муаллифлари фикрича, ШҲТ доктриналарининг ташкилотга аъзо мамлакатлар қонунларига киритилиши, Хитой ва Россиянинг ШҲТдаги етакчилик мавқеини ҳисобга олган ҳолда, бу мамлакат ҳукуматларининг минтақавий стратегиялар ва терроризмга қарши курашдаги амалий усуллар устидан назоратини кучайтирди. Бу эса, ўз навбатида, Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари вазиятига салбий жиҳатдан таъсир қилди.

Инсон ҳуқуқлари халқаро федерациясининг янги ҳисоботи юзасидан “Жараён”га ўз мулоҳазаларини билдирган мухолифатдаги “Озод деҳқонлар” партиясининг раисаси Нигора Ҳидоятова ШҲТ мамлакатларидаги сиёсий иқлим бу мамлакатларга ҳар қандай ўзгача фикрлиликни бостиришга катта имкониятлар яратишини айтди.

“Масалан, Каримов режими Ўзбекистонда содир бўлган “Андижон ғалаёни”ни кенг кўламли террорчилик хуружига чиқарди ва бунда ШҲТнинг барча мамлакатлари уни қўллаб-қувватлади. Бу Каримовнинг ўз режимига халақит берувчи мухолиф кучлар ҳамда деярли барча халқаро ташкилотлардан қутилиб олишига ёрдам берди. Мамлакатда демократия ниҳоллари янчиб ташланди, минглаб сиёсий маҳбуслар қамоққа ташланди. Россия ва Қозоғистон халқаро мажбуриятларга зид равишда диний ва сиёсий мотивлар бўйича таъқиб қилинаётган кишиларни ўзбек режимига топшириши ҳам ҳаммага маълум”, – дейди Нигора Ҳидоятова.

У ҳар бир маданий мамлакатдаги фаровонлик ва тараққиёт, унга кредит берилиши бу мамлакатнинг инсон ҳақ-ҳуқуқларига нечоғли риоя қилиши билан боғлиқлигини ҳам қўшимча қилади.

“Бироқ Хитой дунёнинг иккинчи иқтисодиётига айлангач, авторитар мамлакатларнинг кредит ёки молиявий кўмак олиш учун инсон ҳуқуқларига риоя қилиш борасида ваъда беришларига ҳожат қолмади”, – дея таъкидлади “Озод деҳқонлар” партияси раисаси.

2001 йилнинг 15 июнь куни тузилган ШҲТга Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон аъзодир.

 www.Jarayon.com

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.