Бишкекда ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси ноқонуний равишда ҳибсга олинди ва калтакланди
Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда 44 ёшли ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Фарҳодхон Мухторов ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган.
Бу ҳақда “Жараён”га маълум қилган Мухторовнинг айтишича, милиция ходимлари у хотини ва фарзандлари билан бирга яшаб турган ижара уйи эшигини бузиб киришган, ҳуқуқ фаолининг қўлларини қайириб, уриб, уни Ички ишлар вазирлигининг Жиноят қидирув бош бошқармасига олиб кетишган.
– Ўтган жума куни тушга яқин эшигимизни тақиллатишди. Мен глазокдан қарасам, тумонат милиция ходимлари турибди. Дарров ҳамкасбларимга телефон қилдим. Улар: “Адвокат жўнатамиз, адвокат келгунича эшикни очмай тур”, дейишди. Аммо милиция ходимлари адвокат келишини ҳам кутмай, эшикни буза бошлашди. Эшикни бузиб киришгач, биттаси менга қарата тўппонча ўқталиб турди. Қолганлари ушлаб, уриб, қўлимни қайириб, хонадан олиб чиқиб кетишди. Тўрт киши машинага ўтказиб, мени Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг терроризмга қарши кураш бўлимига олиб бориб, тергов қилишди, – дейди Фарҳодхон Мухторов.
Ҳуқуқ фаоли Ички ишлар вазирлигига олиб кетилаётган пайтда Ўзбекистондан юборилган экстрадиция ҳақидаги сўров асосида қўлга олинганидан хабар топган.
– Улар йўлда олиб кетишаётганда Ўзбекистондан мени экстрадиция қилиш ҳақида хат келганини айтишди. Уларнинг айтишича, Ўзбекистонда менга нисбатан 159-модда – “Конституциявий тузумга тажовуз қилиш” бўйича иш қўзғатилган экан. Баъзи ҳужжатлар ўзбекча жўнатилган экан, чала-чулпа қилиб ўқиб, маъносини ҳам тушунишмади. Кейин биттаси: “Ўзбекистонга буларни қайтиб жўнатинглар, русча қилиб қайта жўнатишсин”, деди. Унгача мени тергов ҳибсхонасига қамашмоқчи бўлишди. “Олти ойгача ушлаб туришга ҳаққимиз бор сизни”, дейишди, – дейди ҳуқуқ фаоли.
Фарҳодхон Мухторовнинг сўзларига кўра, адвокат келгунига қадар у терговчи томонидан сўроқ қилинган. Тергов пайтида унга қариндош-уруғи ҳақидаги маълумотлардан тортиб Бишкекда қайси маблағ ҳисобидан яшаётганигача саволлар берилган.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолини ҳимоя қилиш учун адвокат Бишкекдаги “Фуқаролар коррупцияга қарши” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан тақдим этилган. Мухторовнинг айтишича, у сўроқ қилинаётган бўлимга мазкур ташкилот раҳбари, инсон ҳуқуқ ҳимоячиси Толекан Исмаилова ҳам зудлик билан етиб келган.
– Адвокатнинг фамилияси Ашуров экан. Ўзларининг айтишларича, аввал улар Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматида ишлаган эканлар. Ҳужжатларни кўргач, адвокат: “Ўзбекистон буларни чала расмийлаштириб жўнатган экан, бунақа ҳужжатлар билан буни ушлаб туришга ҳаққинглар йўқ”, деди. Ундан кейин Толекан Асаналиевна келдилар ва анча дадил гапирдилар. “Бу одам қочқин” деганларидан кейин терговчиларнинг ҳовури пасайди.
Улар: “Биз бу одамнинг қочқин эканини билмабмиз” деб, ўзларини оқлашга ўтишди. Ҳолбуки, мени ушлаб келишганда чўнтагимда Қирғизистон миграция вазирлиги томонидан берилган қочқинлик тўғрисидаги гувоҳнома бор эди. Шуни кўрсатганимда, улар: “Буни икки минг сўмга сотиб олса бўлади”, деб кулиб, эътиборга ҳам олишмади. Сўнг мендан: “Қирғизистондан ҳеч қаерга кетмайман, милиция чақирганда етиб келаман” деган мазмунда тилхат ёздириб олишди. Толекан Асаналиевна кафиллик хати ёзиб бердилар. Сўнг мени қўйиб юборишди, – дейди Фарҳодхон Мухторов.
Маълум бўлишича, Мухторов билан бир кунда унинг 19 яшар қизи ҳам милиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Ҳуқуқ фаолининг айтишича, бунга қизининг улар турган ижара уйини милиция ходимлари ноқонуний равишда тинтув қилганларига нисбатан эътирози сабаб бўлган. Бироқ ҳуқуқ фаоли Толекан Исмаилова ёрдамида Фарҳодхон Мухторовнинг қизи ҳам милиция бўлимидан озод қилинган.
Ҳибсдан озод бўлган Мухторов уйига қайтиб келганидан сўнг ижарага олинган квартира эшигининг қулфи алмаштириб кетилганини айтади.
– Ҳозир оила аъзоларимнинг ҳаммаси ўша пайт нима кийимда бўлган бўлсак, ҳозир ҳам шунда юрибмиз. Бир танишимизга раҳмат, бир хонали бўлса ҳам ўз уйига бизни киритди. Ҳозир беш киши ўша уйда яшаяпмиз. Чўнтагимизда бир сўм пулимиз йўқ. Домашний тапочкада кўчага чиқиб келишга мажбур бўлаяпман, – дейди Фарҳодхон Мухторов.
Аниқланишича, қўлга олиш пайтида милиция ходимлари ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолининг бошини подъезд деворига қарата уришган.
– Бошим айланиб, кўнглим айниб, қайт қилганимдан кейин тез ёрдам чақиришга мажбур бўлдик. Врач “мияси чайқалган, бошида жароҳати бор” деган нарсани ёзиб кетди. Касалхонага олиб кетмоқчийди, “ёнимда ҳужжатим йўқ, боришга имконим ҳам йўқ”, дедим. Ҳалигача ўзимни ёмон ҳис қилаяпман. Менга прокуратурага ариза ёзиб, бошимни деворга урган милиция ходимлари устидан шикоят аризаси ёзишни тавсия қилишди. Ҳозир шунинг ҳаракатида юрибмиз, – деди Фарҳодхон Мухторов.
“Жараён” ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолининг вазияти юзасидан изоҳ беришни сўраб, “Фуқаролар коррупцияга қарши” марказининг раҳбари Толекан Исмоиловага мурожаат қилди.
– Фарҳод ҳам маҳаллий, ҳам халқаро ташкилотлар томонидан обдон ўйланмаган ва унча самарали бўлмаган ёрдам қурбони бўлди. Чунки бошпана изловчи шахслар яшайдиган жой хавфсиз бўлиши лозим. Муаммо туғилган пайтда бу каби шахсларни хавфсизроқ жойга кўчиришда кўмакчи бўлиш зарур. Аммо бу иш қилинмаган. Мен бошпана изловчи шахсларни ҳимоя қилиши керак бўлган ташкилотлар бу одамларнинг хавфсизлиги таъминланишига кўмаклашиши, халқаро ташкилотлар эса глобаллаштириш муаммолари билан андармон бўлмай, уларга ўз ўрнида ёрдам кўрсатиши зарур, деб ҳисоблайман, – деди Толекан Исмаилова.
Эслатиб ўтсак, Фарҳодхон Мухторов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянсининг собиқ аъзосидир. У 2009 йили товламачиликда айбланган ва беш йилга озодликдан маҳрум этилганди.
2010 йилда муддатидан аввал қамоқдан озод қилинган Мухторов зудлик билан Ўзбекистонни тарк этишга ва бошқа мамлакатдан бошпана сўрашга мажбур бўлганди. Ўша пайтдан бери у оиласи билан бирга Бишкекда яшаб келмоқда.
Fikr bildirish