Лена Веттеланд: Норвегиядаги ўзбекларнинг кўпи бошпана ололмаяпти
Жорий йилнинг 15 октябрь куни Ослода Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммоларига бағишланган ва “Ёпиқ эшиклар ортидаги Ўзбекистон” деб номланган семинар бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Норвегия Хельсинки қўмитаси ва бошпана изловчи шахслар ташкилоти томонидан ташкил этилган.
Семинар иштирокчилари Ўзбекистондаги сўз, дин ва эътиқод эркинлиги масалаларини ҳамда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари муаммоларига оид бошқа муҳим мавзуларни муҳокама қилдилар.
Норвегия Хельсинки қўмитасининг Марказий Осиё бўйича дастури менежери ва маслаҳатчиси Лена Веттеланд “Жараён”га берган интерьюсида ўтказилган тадбир, қўмитанинг Ўзбекистон билан боғлиқ фаолияти, Норвегиядаги ўзбек қочқинлари ва улар тез-тез дуч келиб турган муаммолар ҳақида батафсил сўзлаб берди.
Жараён: Лена, марҳамат қилиб айтингчи, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича тадбир нима учун айнан Норвегияда ўтказилди?
Веттеланд: Сўнгги йилларда ўзбекистонлик кўплаб фуқаролар Норвегиядан бошпана сўраб келмоқда. Норвегия Афғонистондаги хавфсизликка кўмаклашиш халқаро кучлари (ISAF) ҳарбий гуруҳида иштирок этаяпти ва шундан келиб чиққан ҳолда, Термиздаги базадан фойдаланаяпти.
Шунингдек, Ўзбекистон Норвегия бизнеси учун ўсиб бораётган бозор бўлиб ҳисобланади. Норвегияда кўпчилик, шу жумладан, тадбиркорлар, сиёсатчилар ва иммиграция хизмати ходимлари бу мамлакат ҳақида кўп маълумотга эга бўлмагани учун ҳам биз у ердаги вазиятни ойдинлатишни истадик. Бу жамоатчилик фикри Норвегия сиёсатига таъсир кўрсатиши мумкинлиги билан ҳам боғлиқдир.
Жараён: Сиз қандай фикрдасиз, бунақа семинарлар Норвегияга бошпана излаб келаётган ўзбекистонлик қочқинларга ёрдам бера олармикин?
Веттеланд: Биз одамлар Ўзбекистонни тарк этишга, бошқа жойдан бошпана сўраш ёки ишлашга мажбур бўлмасликлари учун бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ўнглашга ўз ҳиссаларини қўшишлари зарурлигини Норвегия ва Европада қарор қабул қилувчи шахслар бу каби семинарлар ёрдамида яхшироқ тушуниб олишларига умид қилаяпмиз.
Яна қайтараман, бунақа семинарлар Ўзбекистондаги ҳақиқий вазият ҳақида тўлароқ маълумот беради. Биз Норвегия расмийларининг қочқинларга нисбатан сиёсати ва мамлакатнинг Ўзбекистон билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича сиёсатига таъсир ўтказишни истаймиз.
Жараён: Семинар иштирокчиларини асосан қанақа масалалар қизиқтирди?
Веттеланд: Иштирокчилар Марказий Осиёга Афғонистондан келаётган нобарқарорлик хавфи ҳақида сўрадилар, уларга: “Нобарқарорлик хавфи манбаси қашшоқлик, қатағон ҳукмрон бўлган ва ўз норозилигини изҳор қилиш учун демократик каналларнинг йўқ бўлган мамлакатлардир” деган жавоб берилди.
Жараён: Лена, ташкилотингизнинг Ўзбекистон билан боғлиқ ишлари ҳақида озгина сўзлаб берсангиз.
Веттеланд: Норвегия Хельсинки қўмитаси Ўзбекистон дохил Марказий Осиёдаги фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлайди ва ривожлантиради. Бироқ ташкилотимиз мамлакат ичида ишламагани учун бу ишни амалга ошириш жуда қийин бўлаяпти. Биз унча катта бўлмаган лойиҳаларни ҳамда бу каби лойиҳаларни олға сураётган ташкилотларни молиявий жиҳатдан дастаклашга ҳаракат қилаяпмиз. Аммо, одатда, бунақа ташкилотлар қувғинда фаолият кўрсатаяпти.
Биз Ўзбекистоннинг ўзида бўлмаганимиз учун вазиятни кузатиб бора олмаймиз, бироқ шерикларимиз билан ҳамкорлик қилаяпмиз ва мамлакатда содир бўлаётган муҳим воқеалардан хабардор бўлиб боришга уринаяпмиз. Шундай экан, Норвегия расмийлари ва бошқа халқаро ташкилотлар улар ҳақида биладилар ва тегишли йўсинда ҳаракат қила оладилар. Норвегияда жамоатчилик фикри ҳукуматга таъсир кўрсата олади. Шунинг учун ҳам мана бундай семинарлар ўтказиш ва оммавий ахборот воситаларини жалб қилиш орқали биз муаммоларга ҳукумат эътиборини жалб қилишга ҳаракат қилаяпмиз.
Жараён: Норвегия ҳар йили қанча ўзбекистонлик қочқинни қабул қилади?
Веттеланд: 2012 йил январидан 30 сентябригача ўзбекистонлик 137 киши Норвегиядан бошпана сўради, бироқ уларнинг ўн нафаригагина бошпана берилди. Тўққиз киши биринчи инстанцияда бошпана олди, бир одам гуманитар бошпана олди. 2011 йили бошпана изловчи шахслар сони 115 кишини ташкил қилган. Улардан фақат 16 нафаригагина бошпана берилди, улардан икки нафари имконияти чекланган болалар эди. Афсуски, ўзбекистонлик аризачиларнинг кўпига бошпана тақдим қилинмади.
Жараён: Ўзбекистон қочқинлар Норвегияда қанақа муаммоларга дуч келаяптилар?
Веттеланд: Ўзбекистонлик бошпана изловчи шахсларнинг кўпи бу ерга сиёсий таъқиблар туфайли эмас, балки қашшоқлик туфайли келмоқда. Кўп одамлар иммиграция хизмати ходимларига аслида бўлмаган воқеаларни сўзлайдилар ва шу сабабли уларга ҳақли равишда сиёсий бошпана бериш рад этилади, чунки бу жойлар ҳақиқатан ҳаёти хавф остида бўлган ва расмийлар томонидан таъқибга учраган кишилар учун ажратилгандир.
Бундан ташқари, кўпчилик ўз шахси ёки маршрути ҳақида далил-исбот тақдим қилолмайди. Шунақа бўлгандан кейин иммиграция хизмати масъуллари бу одамлар айтган воқеаларнинг қолган қисмига қандай ишонсин? Шунинг учун ҳам бундай ўзбекистонликларга ҳеч қанақа бошпана тақдим этилмайди ва улар ватанга қайтишга мажбур бўладилар. Норвегияда бўлган пайтларида улар бу ерда ҳужжатсиз ҳатто қурувчи бўлиб ишга жойлашиш ҳам жуда мушкуллигини билиб оладилар. Бу ерда улар қашшоқлик билан юзма-юз юзма-юз бўладилар, чунки Норвегияда бир бурда нон камида икки евро туради. Шунинг учун бу одамлар уйларига пул жўната олмайдилар.
Жараён: Интервью учун раҳмат сизга, Лена.
Маълумот ўрнида: Норвегия Хельсинки қўмитаси 1977 йилда тузилган. НХҚ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлган мамлакатларда инсон ҳуқуқлари соҳасида ЕХҲТ стандартларига риоя қилинишини назорат қилишга алоҳида эътибор қаратадиган ноҳукумат нотижорат ташкилотидир. Қўмита демократия ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Ташкилот Олмаотада ўз ваколатхонасига эга.
Fikr bildirish