Назарбоев: Жанаўзенда одамларни отган полициячилар жазосини олди
Австрия пойтахти Венада журналистлар олдида чиқиш қилган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Жанаўзенда одамларни отган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўз жазосини олганини билдирди.
Қозоғистон раҳбари Европада ҳукумат позициясини ҳимоя қилаётган бир вақтда Олмаотада ўтказилган конференция иштирокчилари бир овоздан Жанаўзен ҳодисалари юзасидан адолат ҳануз қарор топмаганини билдиришди.
Назарбоев Австрияга расмий ташрифи чоғида мамлакат Федерал президенти Хайнц Фишер билан учрашувдан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Бу вақтда ушбу бино атрофида Австрия Социалистик партияси ва «Campaign Kazakhstan” ҳаракати фаоллари Жанаўзен нефтчиларини озодликка чиқариш талаби билан намойиш ўтказди.
«Campaign Kazakhstan» ҳаракатининг бир фаоли эса матбуот анжуманига ўзини журналист дея таништириб киришни уддалади ва матбуот анжумани охирида унга савол бериш имкони туғилди.
«Журналист» Назарбоевнинг Жанаўзенга қилган сафари чоғида айтган “нефтчиларнинг талаблари ҳақли эди”, деган гапини эслатди ва нима учун нефтчилар суд қилиниб, мухолифат лидери етти ярим йилга қамоққа тиқилгани ҳақида сўрайди.
Нурсултон Назарбоев журналистнинг ушбу саволига савол билан жавоб қайтарди.
“Нима учун дарров банкларни талаб, ёндира бошлашди? Нима учун дўконларни ёндириб талашди? Нега ҳуқуқ-тартибот органлари биноларига ҳам ўт қўйишиб, ҳужжатларни йўқ қилишди? Биз ҳаммасининг тагига етдик ва аниқ қилмиши учун жазоладик.
Ҳуқуқ-тартибот органларидан ҳам ўз вазифасини суиистеъмол қилган ва одамларни отганларни жазоладик. Ушбу тўқнашувларга сабабчи бўлиб, фитна қўзғаганлар ҳам жазосини олди”, – деди Нурсултон Назарбоев.
Элбоши Назарбоев Жанаўзенда ишчилар ва иш берувчилар ўртасидаги оддий тортишувдан жиноий гуруҳлар ўз мақсадларида фойдаланганини таъкидлади.
«Бу бутун дунёда содир бўладиган ишчи ва иш берувчилар ўртасидаги сийқаси чиқиб кетган тортишув эди. Уни ҳал қилиш мумкин эди, аммо ўз мақсадларини кўзлаган жиноий гуруҳлар қон тўкилишига олиб келишди», – деди Қозоғистон президенти.
Назарбоев Жанаўзен ҳодисалари бўйича айбни учинчи бир томонга юклашга ҳаракат қилаётган бир пайтда Олмаотадаги меҳмонхоналарнинг бирида ушбу ҳодисалар юзасидан тузилган Мустақил комиссиянинг ҳисоботи тингланди.
Учрашув иштирокчилари Жанаўзендаги оммавий тартибсизликларнинг келиб чиқиши ва ундан кейинги тергов ҳамда маҳкама борасида шу вақтгача тўпланган маълумотларни тақдим этди.
Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Сергей Дуванов тинч аҳолини отишга буйруқни қамоққа ташланган полициячилар бермаганини таъкидлади.
“Тинч аҳолини отишга буйруқни ким берганини тезда фаҳмлаш қийин эмасди. Менинг хулосам шуки, оддий полициячилар бундай масъулиятни ўз зиммаларига олмаган бўлар эди. Бунинг ҳаммаси олдиндан Оқўрдада режалаштирилган. Уларнинг ўзи муаммо келтириб чиқарди. Мен шунга аминманки, ҳозир ким қаршилик қилса, отиб ташланади”, – дейди Сергей Дуванов.
“Жанаўзен-2012” комиссияси раиси Ерлан Калиев эса Назарбоевнинг Венадан туриб гапирган гапларида умуман асос йўқлигини айтади.
“Тергов жараёнида ҳам, маҳкама чоғида ҳам Қозоғистон қонунчилиги қўпол равишда бузилгани ҳақида кучли далилларимиз бор. Биргина қийноқ қўлланилгани борасида маҳкама иштирокчиларининг аксарияти шикоят қилган”, – дейди Ерлан Калиев.
Калиев фикрича, Жанаўзен тергови ва маҳкамаси борасида президент Нурсултон Назарбоев етарли ва холис ахборотга эга эмас.
“Назарбоев Жанаўзенга қилган ташрифида ҳам нефтчиларнинг ҳақ эканлигини, уларнинг муаммоси борасида тўғри ахборотга эга эмаслигини таъкидлаган эди. Ҳозир ҳам худди шу жараён давом этаяпти”, – дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Ерлан Калиев.
2011 йилнинг 16-17 декабр кунлари Манғистау вилоятига қарашли Жанаўзен шаҳри ва Шетпе поселкаларида оммавий тартибсизликлар келиб чиққанди.
Расмий маълумотларга кўра, ўшанда камида ўн олти киши ҳалок бўлган ва юздан ортиқ одам жароҳатланган.
Мухолифат вакиллари ҳалок бўлганларнинг сони бир мунча кўп эканлигини таъкидлайди.
Оммавий тартибсизликлар жанаўзенлик нефтчиларнинг етти ойлик узликсиз намойишидан сўнг мустақиллик байрами куни келиб чиққан.
Fikr bildirish