Қашқадарёда болаларни пахта теримига сафарбар қилиш давом этмоқда
Бу ҳақда “Жараён” мухбирига пахта далаларида жажжи қуллар меҳнатига гувоҳ бўлган “Бирдамлик” ҳаракатининг Ўзбекистондаги мувофиқлаштирувчиси, журналист Малоҳат Эшонқулова сўзлаб берди.
Эшонқулова Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси раиси Елена Урлаева билан бирга Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Бешкалтак қишлоғидаги 70-мактаб ўқувчиларининг дарс пайти далада пахта тераётганига шахсан гувоҳ бўлишганини айтади. Ҳуқуқ фаоллари ўқувчилар билан ўзаро мулоқот қилишган, сурат ва видеотасвирга олишган.
Ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, Бешкалтак далаларида ўқувчилар мавсум бошидан буён пахта теришмоқда.
Мактабнинг 4-9-синф ўқувчиларидан иборат бўлган ҳашарчиларнинг “фаолият”ини ҳатто Яккабоғ туман Халқ таълими бўлими мудири Тоштемир Хушвақтов ҳам инкор қилолмаган, яъни маориф етакчиси болаларнинг ўз ихтиёрлари билан теримга чиққанини таъкидлаган. Ҳолбуки, болалар махсус мураббия назорати остида ишлатилмоқда. Бу эса Халқ таълими бўлими мудирининг иддаолари ёлғон эканини исботлаб турибди.
– Милиция ходимлари биз кетаётган машинани ўраб олишиб, ҳужжатларимизни текширишди. Кейин фото ва видеотасвирлар билан қизиқишди. Мен бунинг учун расмий ҳужжат, сўров қоғози олиб келишларини айтдим. Сўнг бир амаллаб миршаблар чангалидан қутулдик¸ – дейди Малоҳат Эшонқулова “Жараён” мухбирига.
Ўзбекистон расмийлари қатор халқаро анжуманларда мамлакатда болалар меҳнатининг таъқиқлангани ва унинг амалда мавжуд эмаслигини иддао қилиб келади. Айниқса 2012 йилда ҳатто терим мавсумидан аввал ота-оналардан болаларини ҳашарга чиқармаслик борасида тилхатлар олинган. Шунга қарамай, ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш давом этаётир.
Fikr bildirish