Абдулазиз Маҳмудов: Ким айбдор? Нима қилмоқ керак?
Ким айбдор? Нима қилмоқ керак? Бу саволлар устида рус мутафаккирларининг бир неча авлоди бош қотирган. Чаадаев, Герцен, Чернишевский, Достоевский, Кропоткин ва бошқа кўплаб кишилар.
Бу борада Россия империясида ҳокимиятни узурпания қилиб олган жаҳон пролетариати доҳийси Ленин ҳам мулоҳаза юритган. Бу масалаларнинг таҳдидли инқилобий туси ҳақида билган Сталин эса, узоқ ўйлаб ўтирмай, барча қизиқувчиларни лагерларга бадарға қилган.
“Эртага нима бўлишини билмоқчи бўлсанг, кечаги кунга назар сол”, деган гап бор.
Минг тўққиз юз саксон иккинчи йили мен Москвада эски большевиклар – Туркистондаги фуқаролик уруши қаҳрамонларига бағишланган “Замондошлар” номли ҳужжатли фильмни суратга олгандим. Фахрийлар уюшмаси томонидан таклиф қилинган йигирма номзоддан мен уч кишини танлаб олдим. Улардан бири 1893 йилда туғилган истеъфодаги генерал-лейтенант Николай Андреевич Верёвкин эди. У 1918 йил июлидан аввал 1-Фарғона полки командири лавозимида, 1919 йилдан 1926 йилгача эса иккинчи Туркистон ўқчи дивизияси командири вазифасида исёнчиларга қарши жангларда иштирок этган.
1892 йилда туғилган истеъфодаги иккинчи генерал-лейтенант эса Чанишев Якуб Жангирович бўлиб, у 1920 йил мартидан Туркистон жабҳасида жанг қилган Татар бригадаси комиссари бўлган ҳамда Бухоро ва Фарғона ишғолида қатнашган.
Аммо энг қизиқ топилдиқ асли фарғоналик ҳамюртимиз, 1902 йилда туғилган истеъфодаги полковник Абдухалил Назарович Назаров бўлганди. Рус амалдори ишвозчисининг ўғли бўлган бу одам рус-тузем мактабида таҳсил олишга муваффақ бўлган, большевиклар партиясига кирган ва фуқаролар уруши пайтида чекист бўлиб хизмат қилган. У рус, ўзбек, тожик ва хитой тилларини жуда яхши билган. Нафсиламрини айтганда, хитой тилини билмайман, ундан хитойча гап ҳам эшитганим йўқ, бироқ ора-сира у билан ўзбекча ва тожикча гаплашиб турардик. Ундан мен ўша пайтларда китобларда ёзилмаган кўп нарсаларни билиб олгандим. Масалан, у менга назорат органларида ишлаган пайтида Акмал Икромовнинг отаси Икром домулло ер участкалари билан боғлиқ фирибгарликларни амалга оширганини ва бу борада у ўзининг раҳбарига – ВКП (б) Назорат комиссияси масъули Дмитрий Иванович Манжарага ҳисобот хатчасини ёзганини, шундан сўнг катта жанжал бўлганини ва унга тезда Москвага ишга ўтиб кетишни тавсия қилганларини гапириб берганди. Файзулла Хўжаев ҳақида эса ижобий гапларни гапирганди. Шу билан бирга, “Файзулла хотинбоз бўлган” дея таъкидлашни ҳам унутмасди.
У ўзининг Теҳронга яширинча юборилганини, Эрон коммунистик партияси ва унинг матбуотини барпо қилишда қатнашганини сўзлаб берганди.
Генерал Чанишевнинг Кремлга яқин бўлган “Ногин” майдонидаги, “Динамо” метроси яқинида яшаган ва менга Германиядан қанча вагон ўлжа билан қайтганию осори атиқа ҳисобланмиш мебел ва чинни идишлари, биллур қандиллар билан безатилган квартирасини кўз-кўз қилмиш генерал Верёвкин-Рахальскийнинг ҳашаматли уйидан фарқли ўлароқ Абдухалил ака “Автозаводская” метроси ёнида жойлашган 16 қаватли уйнинг саккизинчи қаватидаги овлоқда яшарди. Унинг бир хонали чоққина квартираси камтарона жиҳозланганди. Унинг бор бисоти эски шкафлардаги кўплаб китоблар, эскирган диван, стол, креслолар ва бурчакда турган совет телевизоридан иборат эди.
Ундан: “Нима учун Верёвкин-Рахальский каби ўлжа буюмлардан олиб қолмадингиз” деб сўрасам, у полк командири бўлиб хизмат қилгани, бошқалар сингари у ҳам Германиядан лаш-лушлар олиб келиши мумкин бўлгани, аммо бу нарса уни қизиқтирмаганини айтди. У Москвада ўлжа олинган Мерседесдан ҳам воз кечган, шу масалада хотини билан жанжаллашиб ҳам олган экан. У танқидий фикрловчи шахс эди. 80 ёшида ҳам у бир ўзи яшар ва хўжалигини ўзи юритарди. Озиқ-овқат харид қилиш учун бозорга борарди, квартирасини тозаларди, кир юварди, овқат пиширарди ва ёрдамчига муҳтож эмасди. Ва энг муҳими, у камера олдида очиқ мулоҳаза юритишдан қўрқмасди.
Бандаи ожиз бўлган, инсоний ҳарислик ёт бўлмаган бошқа генераллардан фарқли ўлароқ Назаров, Совет пропагандаси тасвирлаганидек, ленинчи большевикнинг, фуқаролар уруши қаҳрамонининг тирик тимсоли эди. У ўзининг билими, таъмагир бўлмагани ва зоҳидона камсуқумлиги билан кишини ўзига ром қиларди. Унинг ойнага ишора қиларкан, тез-тез: “Мен шунақа ҳаёт учун курашганмидим?” деб қўйганини эслайман. (Бу Брежнев ўлимидан сал олдинроқ, турғунлик даври авжига чиққан палла эди. Бироқ Назаровнинг кўп гаплари фильмдан олиб ташланган – киностудия таҳририяти ва бадиий раҳбар Малик Қаюмов партия манфаатларини қўриқлаш мақомида хушёр турардилар.)
Қатағон ва қатағон қилинганлар ҳақида кўп савол берганим учун Назаров бир куни менга, агар хотирам панд бермаётган бўлса, Бульвар ҳалқаси атрофида жойлашган Уруш ва меҳнат фахрийлари ошхонасида бирга тушлик қилишни таклиф қилди. Бу ҳукуматнинг махсус ошхонаси бўлиб, у ерда арзимаган чақага мазали овқатга тўйиб олиш мумкин эди. Аммо бунинг учун тегишли ҳужжатларга эга бўлиш кераклигини ҳам айтиш жоиз.
Бу ерга бутун Москвадан номдор мўйсафидлар келарди. Уларнинг айримлари невара ва чеваралари ҳамроҳлигида келарди, шунинг учун ҳам менинг бу ерда бўлишим хизмат қилаётганлардан ҳеч кимнинг парвосига ҳам келмади.
Ошхонанинг овқатланадиган жойи 20 га 30 метр келарди. Шовқин-суронли кўчага қараган катта ойналардан тушган нур туфайли хона ёруғ эди. У ерга қўйилган узун тушлик столлари орасида катта йўлак бор эди. Чап томонда ҳам, ўнг томонда ҳам уруш, партия ва меҳнат фахрийлари ўтирарди.
– Кўнглинг тусаган нарсани ол, тортинма, – деди Абдухалил Назарович овқат бериладиган жойга патнис кўтариб келган пайтимизда.
Нима олганим эсимда йўқ, бироқ кўп нарса олдим: биринчидан ҳам, иккинчидан ҳам, учинчидан ҳам. Абдухалил аканинг ўзи кам овқат ерди, шунинг учун у сутли сули бўтқаси билан кифояланиб қўя қолди.
Шундан сўнг у баҳайбат ойна ёнида жойлашган чап томондаги стол қаторига йўналди. Табиийки, мен унинг ортидан эргашдим. Овқатимни еб бўлиб, компот ича бошлаган пайтимда у менга фитнакорона кўз қисиб, бизга қарама-қарши қаторда ўтирган бир тўда мўйсафидга ишора қилди.
– У ерда халқ душманлари ўтирибди, – деди у.
– Нега душман бўлсин? – ҳайрон бўлиб сўрадим мен.
– Сен қатағон қилинганлар ҳақида сўрагандинг. Мана шулар қатағон қилинган, кейин эса оқланган, – дея жавоб берди Назаров.
Бу гаплардан кейин мен тунд алфозда тушлигини ошаётган фахрийлар томон диққат билан қарай бошладим. Улар қарийб сўзлашмасдилар. Улар бошини тарелкасига тиқиб олган кўйи овқатланар, ҳатто бир-бировига қарамас ҳам эдилар.
– Сен билан мен ўтирган бизнинг қаторда эса, – дея давом этди Назаров, – уларни қатағон қилганлар ўтирибди.
Қуёшли ойна томонда ўтирган мўйсафидлар девор ёнида ўтирганлардан фарқли ўлароқ шодмон эдилар, улар бир-бири билан бақириб гаплашишар ва кулиб ўтиришарди.
– Улар сиз томон билан гаплашишмайдими?– сўрадим мен.
– Ҳеч қачон! – дея жавоб берди Назаров.
Қуёш нуридан йироқ бўлган ўнг томондаги қаторда лагер ва қамоқхоналарда ўн-ўн беш йиллаб, балки ундан ҳам кўпроқ ўтирган ва у ерлардан омон чиққан тунд қариялар ўтирарди. Улар ҳеч қачон халқ душмани бўлмаган. Шунчаки уларда Исо Масиҳ синдроми бўлиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеа учун шахсий масъулият ҳисси билан яшардилар. Бу одамлар ҳокимият емаган сомсасига пул тўлатган зиёли кишилар эди. Улар тафаккур қилишга ботинганлари, ноқулай саволлар берганлари ва ҳокимият тепасидагиларнинг хатти-ҳаракатига шубҳа билан қараганлари, “Ким айбдор ва нима қилмоқ керак?” деган долзарб савол устида бош қотирганлари учунгина қимматли умрларининг энг яхши давридан мосуво бўлгандилар.
Қуёшли томонда уларни қатағон қилган, аскар сифатида раҳбарият буйруқларини кўр-кўрона бажарган кишилар тушлик қиларди. Улар Лениннинг “зиёлилар миллатнинг чиқитидир” деган фикрини ўзлаштириб олгандилар. Ким билади дейсиз, агар Сталин ўз вақтида унинг хатти-ҳаракатларини шубҳа остига олганларнинг гапига кирганида, балки ГУЛАГ бўлмасди, балки Гитлер билан уруш ҳам бўлмасди, балки Совет Иттифоқи ҳам парчаланмасдан, тинч йўл билан Европа Иттифоқига ўхшаб қанақадир Евроосиё Иттифоқига айланиб кетиши ҳам мумкин эди.
Биз, рус маданияти таъсири остида улғайган ва тарбияланган кишилар “Ким айбдор ва нима қилмоқ керак?” деган саволларни четлаб ўтолмасдик.
1992 йил январида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошганидан кейин Тошкентда стипендия оширилишини талаб қилган талабалар исёни бошланди. Маданий мулоқот ўрнига расмийлар талабалар пикетини ўққа тутди, исёнга ундаганларни овлаб, оммавий қатағонлар уюштирди. Сиёсий мухолифат бунга керакли жавобни беролмади. Ўшанда демократик ислоҳотлар партияси лидери, тарих фанлари доктори Файзулла Исҳоқов Ёзувчилар уюшмаси котиби, шоира Гулчеҳра Нуруллаева ёрдамида расмийларнинг қатағон сиёсатига мувофиқ ва маданий муносабат билдириш учун мухолиф қарашдаги зиёлилар ҳаракатини фаоллаштириш ва бир нуқтага йўналтириш мақсадида турли сиёсий партиялар вакилларининг учрашувини ташкил қилди.
Президент Каримовга маслаҳатчи бўлиб олган “Бирлик ҳаракат” марказий кенгашининг собиқ аъзоларидан бири Тимур Валиев йиғилишга рухсат этилмаганини баҳона қилиб, бу масала муҳокамасида қатнашишдан бош тортди.
“Бирлик ҳаракати” марказий кенгашининг собиқ аъзоси, Ёзувчилар уюшмасининг раиси бўлиб сайланган шоир Жамол Камол йиғилишга келмади ва уни ўтказиш учун рухсат бермади.
Йиғилишни ўтказиш учун масъулиятни ўз зиммасига олган Гулчеҳра Нуруллаева ташаббуси билан у барибир ўтказилди. Аммо бу мажлис гап-сўзлардан бошқа ҳеч қандай натижа бермади.
Бугун орамизда Файзулла Исҳоқов ва Олим Каримов йўқ, Тимур Валиев ҳам, Тоиба Тўлаганова ҳам, Дамин Нарзиқулов ҳам ва бошқа кўплаб фикрловчи ва жасур кишилар ҳам дорилбақога риҳлат қилдилар, бироқ “биргаликда ҳаракат қилиш учун маҳаллий зиёлиларни қандай бирлаштириш керак?” деган савол ҳалигача ҳал бўлмай қолмоқда.
Фақат вақти-вақти билан чўлда қичқираётган одам сингари интернетда Абдужалил Бойматовнинг овози эшитилиб қолади…
Атроф эса жимжит… Фақат мурдалар чалғи ушлаб турибди…
Энди ўзимнинг собиқ сафдошларим қулоғига унча ёқмайдиган гапларни айтаман. Ўзим ҳам худди шундай нуқсонларга эга бўлган ўжар динозавр бўлишимга қарамасдан, бу гапларни гапириш керак.
Баъзан уларга ачинаман, баъзан раҳмим келади, баъзан аччиқланаман, баъзан эса ич-ичдан куламан. Улар ўзларини четдан туриб бир кўрсалар эди қанақа бечора масхарабоз бўлиб кўринишларини.
Бугун кимни ким билан бирлаштириш ҳақида гапираяпсиз, азизим Абдужалил? Ўзини мухолифат лидериман деётганлар тоқатсиз ва ёқимсиз. На юксак маданият бор уларда, на аҳлоқ, на савобли ишлар, на фавқулодда заковат. Ахир булар чинакам большевиклар, муросасиз партиявийлар-ку!
Улар йигирма йилдан буён ҳали ўлмаган айиқ териси учун ўзаро кураш олиб бораётган ашаддий рақибдирлар. Шу билан бирга, улар Бухоро амири Насруллога ўзининг товус патларини намойиш қилаётган ўхшайдилар “Мени олгин! Мен яхши ва силлиқинаман! У бўлса, дағал – экстремист”.
Бу йигирма йил олдин ҳам бўлганди, ҳозир ҳам сиз билан бизнинг кўз ўнгимизда давом этмоқда. Уларни нима қилишимиз керак? “Қизил кетмон” колхози номини “Порлоқ йўл” деб ўзгартириб қўйган бўлсалару моҳият ўзгармаган бўлса, бунга ким айбдор?
Аҳолининг аксар қисми патриархал ўрта аср тафаккури билан яшаётган бўлса, ким айбдор? Жамиятда эса салафлари юз йил аввал жадидларни тошбўрон қилган, уларни кофир ва хоин деб атаган қадимчилар устунлик қилаётган бўлса, айб кимда?
Ўтган йили бир маҳаллар вилоят партия қўмитасининг масъул ходими бўлиб ишлаган эски коммунист аёл қўшним вафот этди. Сўнгги йилларда у тез-тез мавзеимизда жойлашган бозор ва кичик дўконларни оралаб юришни одат қилганди. Кичкинагина, ориққина, ўттиз йил аввал сотиб олган кийимларини саранжом-саришталик билан кийиб олган ва 85 ёшида ҳам тетик кўринган бу аёл сотувчининг олдига келиб, юпқа лабларини қимтиганча унинг кўзларига тик қараб: “Икки кундан бери ҳеч нарса еганим йўқ!” дерди. Чиндан ҳам шундай бўлган бўлиши мумкин. Бугунги кунда ёлғиз одамнинг фақат нафақанинг ўзига яшаши амримаҳол бўлиб қолди. Аммо у аёл: “Бер!” деб сўрамасди. Асло! У оч эканини айтарди, холос. Уни деярли ҳеч ким қўлини қуруқ қайтармасди. Доим оз-моз пул ёки бирор егулик берардилар. Ўзим ҳам унга пул бериб турардим. Аммо, Худо кўрсатмасин, қўлини қуруқ қайтарсалар борми… Айтсам, ишонмайсиз! Қулоқни қоматга келтириб: “Жадид! Уруғингни қурутаман!” дея чинқирарди. Бу унинг энг таҳқирли сўкиши эди. Тасаввур қилаяпсизми жадидларга нисбатан муносабат қанақа бўлганини? Ва бу онда-сонда учраб қоладиган ҳолат эмас.
Яқинда таксида кетаётиб, йўловчилар билан жадидларнинг маърифатпарлик фаолияти ҳақида гаплашиб қолдик. Бирдан ҳайдовчи: “Уларни гапиришгаям арзимайди. Хоин ва худосиз бўлган улар! Қатағон қилиб тўғри қилишган уларни!” деб қолди.
Мен ўтирган жойимда анграйиб қолдим. Йўлда кетиб бораркан, ҳайдовчининг аввал Мусулмонлар диний идорасида ишлаганини, ҳозир киракашлик қилиб юрганини билиб олдим. Бугунги воқелигимиз шунақа…
Йигирма йилдан буён колхоз раиси алмашмаётган бўлса, хўракка яқинлашишга рухсат берилган майда кемирувчилар эса колхоз омборини ўмараётган бўлса, бунга ким айбдор? Хўрак ёнига йўлатилмаётганлар эса бир-бирини ғажиш билан банд. Дўстлар, бизнинг улардан фарқимиз нима? Балки биз қай бир жаҳатдан улардан ҳам ёмонроқдирмиз? Бизда беғараз Маҳатма Ганди бўлмаса, ботқоққа айланаётган ўзбек ҳовузида эса балиқ ўрнига фақат такаббур қисқичбақалар сузиб юрган бўлса, нима қилмоқ керак?
Муросасиз большевик комиссарларимиз бирлашган дунёвий мухолифатни тузиш бўйича ўз тарихий вазифаларини бажармаган бўлса, большевиклар ҳокимияти эса мухолифатдаги партияларни рўйхатга олиш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш учун вақтни қўлдан бой берган бўлса, ким айбдор?
Менимча, бугун бу масалалар долзарб ҳам бўлмай қолди. Қўрқаманки, яқин орада биз демократия ҳақида эмас, минтақавий айирмачилик ва мустақилликни ҳимоя қилиш йўлида дунёвий ҳокимиятни сақлаб қолиш ҳақида бош қотиришимизга тўғри келади…
Омон қолганларни эса қачонлардир оқлайдилар ва улар ўзларини таъқиб қилганлар билан биргаликда фахрийлар учун очилган хайрия ошхонасида индамай ҳукуматнинг обиёвғонини ичиб ўтирадилар.
Абдулазиз Маҳмудов
Fikr bildirish