Тожик журналисти ҳуқуқ-тартибот идоралари таъқибига учради
Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси сайтида ёзилишича, мамлакат Ички ишлар вазирлигининг Уюшган жиноятчиликка қарши бошқармаси ходимлари “Нигоҳ” мустақил газетаси мухбири Амруллоҳи Низомни ноқонуний тутишга уринган.
Манбанинг “Нигоҳ” газетаси бош муҳаррири Саймуддин Дўстов маълумотига таянган ҳолда маълум қилишича, шу йилнинг 16 январ куни Ички ишлар вазирлигининг тўрт нафар ходими редакцияга кириб борган ва мухбирни улар билан бирга бошқармага боришга мажбурлаган.
“Аммо редакция раҳбарияти ва мухбиримизга бирорта расмий чақириқ қоғози топширилмагани сабабли биз милиция ходимлари талабини бажармадик. Улар орасидаги ўзини “бошлиқ”, деб таништирган милиционернинг айтишича, мухбиримизга нисбатан ёзма тарзда ҳеч қандай шикоят тушмаган. Фақат Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдураҳмон Холиқов вазирликка оғзаки равишда мурожаат қилган”, дея билдирган бош муҳаррир Дўстов.
Ўз ўрнида нигоҳчилар милиция ходимларини Дин ишлари бўйича қўмита раиси шахсий хусумат туфайли юборган бўлиши мумкин, дея тахмин қилади. Зеро, уларга кўра, Амруллоҳи Низом мазкур қўмита фаолияти борасида бир нечта танқидий мақола ёзган. Улардан бири 16 январ куни “Нигоҳ” саҳифасида нашр қилинган “Намоз учун жарима” мақоласи эканига ишора қилинади.
“Нигоҳ” мустақил газетаси маъмурияти журналист Амруллоҳи Низомнинг ҳаёти таҳлика остида эканидан ташвиш билдирар экан, мамлакатдаги журналистларни ҳимоялаш ташкилотларидан унинг касбий ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш учун зарур чоралар кўришни сўраган.
Fikr bildirish