Қозоғистон яна бир ўзбек қочқинини Тошкентга бериб юбормоқчи
Ақтўбе вилоят суди ўзбекистонлик бошпана изловчи Хайрулло Турсуновни Ўзбекистонга бериб юбориш тўғрисида ҳукм чиқарди. Ўзбекистондан келган соқчилар уни шу кунларда Тошкентга олиб кетиши мумкин.
“Жараён”га маълум бўлишича, маҳкама жорий йилнинг 18 январ куни вилоят судида бўлиб ўтган. Суд бир кун олдин бошпана изловчининг иштирокисиз бўлиб ўтиши лозим эди. Аммо Турсунов судда ўзининг ҳам иштирок этишини сўраб ва таржимон талаб қилиб, ариза ёзгач, маҳкама бир кун кейин ўтказилган.
Шаҳар судидан фарқли равишда вилоят судида Хайрулло Турсунов таржимон билан таъминланган.
У маҳкамада Ўзбекистонда жиноят содир этмаганини, юборилган айбловлар бўйича далил-исбот йўқлиги ва уларнинг ҳаммаси қуруқ даъволарга асосланганини билдирган.
Адвокат Кенес Жусупов Турсунов Ўзбекистонга бериб юборилган тақдирда қийноқларга юз тутиши мумкинлигини ва уни суд залидан озод этилишини сўраган.
Судя Нуриля Сатибалдина ҳукмни 3 соатдан кейин ўқиб берган ва Турсуновнинг Ўзбекистонга юбормаслик тўғрисидаги аризаси қондирилмасин, дея қарор чиқарган.
Бу билан Қозоғистон БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси томонидан қийноқлар мунтазам қўлланилувчи давлат – Ўзбекистонга маҳбусларни бериб юбормаслик талабини яна бир бор бузмоқда.
Бунгача Қозоғистон 2011 йилнинг июнь ойида бир йиллик ҳибсдан сўнг аввалига 29 қочқинни, кейинроқ эса яна 3 нафар қочқинни Ўзбекистонга бериб юборганди.
Қозоғистоннинг ушбу қарори халқаро миқёсда танқидларга сабаб бўлган.
Қароргоҳи Францияда жойлашган “АСАТ Франс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига ўзбек қочқинлари борасида ёзилган ариза тўла қондирилган эди.
Қочқинлар экстрадициясидан бир йил ўтиб чиққан талабда 29 нафар қочқинни бериб юборгани учун Қозоғистон айбдор, деб топилди ва мамлакат расмийларидан Ўзбекистонга бериб юборилган қочқинларни қайтариш сўралди.
БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг қарорида айтилишича, Қозоғистон қочқинларни Ўзбекистонга бериб юбориш орқали ўзи имзолаган Конвенциянинг 3- ва 22-бандларини бузган.
Ушбу бандларда маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллаш одатга айланган мамлакатга одамларни бериб юбориш таъқиқланади.
Турсуновни Ўзбекистонда қийноқлар кутиб тургани тахмин этилади. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари тергов жараёнида маҳбусларни одамнинг тасаввурига сиғмас усуллар билан қийнаш ҳоллари бир неча маротаба қайд этилган.
Хайрулла Турсунов Ўзбекистон расмийлари томонидан диний-экстремистик ташкилотларга аъзо бўлганлик ва конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланмоқда.
Fikr bildirish