Меҳнат ҳақини талаб қилган ўзбекистонликни Остонада машина туртиб кетди
Ангрен шаҳридан келиб Остонадаги қурилишларда булдозер ҳайдаётган Аллоёр Султонбоевнинг иш ҳақини талаб қилиши уни машина уриб кетиши билан якунланди.
65 ёшли Аллоёр оға Остонадаги ободонлаштириш билан шуғулланувчи хусусий фирмада 3 йилдан бери ишлаб келади. Аммо фирма хўжайини бу йил унга ваъда қилинган пулнинг ҳаммасини бермади.
“Оғзаки келишганимиз бўйича, у менга ҳар ой 1,5 миллион танга ёки 1000 доллар бериши керак эди. Бир ой ҳам ишсиз ўтирган вақтим бўлмади. Тўққиз ой бир турк фирмасида иш берувчининг булдозери билан ишлаб унинг фирмасига ойига 12 миллион тангага яқин пул ўтказиб турдим”, – дейди Аллоёр Султонбоев.
Иш берувчи Аллоёр оғага меҳнат ҳақидан қолган 5 минг долларни беришдан бош торгач, у Остонадаги мигрантларга кўмак кўрсатиш марказига шикоят қилади.
“Шикоят қилганимдан кейин, иш берувчининг яқин одамлари аввалига мени қўрқитишди. Сен ҳамма пулни олгансан, бир тийин ҳам оломайсан, дейишди. Кейин ўша куни кечқурун қурилишдан чиқиб келаётганимда, ортимда қора “Жип” машинаси келиб уриб кетди. Яхшиям пайқаб қолиб ўзимни қорга урдим, машина тиззамга тегди”, – дейди нолиб ўзбек муҳожири Аллоёр Султонбоев.
Машина ҳайдовчиси уриб кетган одамига қарамасдан, воқеа жойидан кетиб қолган. Жипнинг ортида келаётган КАМАЗ ҳайдовчиси тўхтаб, Аллоёр оғага ёрдам кўрсатган.
Аллоёр оға боши берк кўчадан келаётган бўлган, одатда бу ерда машиналар кўп юрмайди. У машина номерини кўролмай қолганини айтади.
Иш берувчи олдин ҳам ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига таҳдид қилган.
“Ижарага берилган фирмада ишлаётганимда, мендан бир кунда 10 соат эмас, 16 соат ишлашни талаб қилишди. Мен розилик бермаганимда, иш берувчи қўйиб кетган одам мени ҳақоратлаб, калтаклади”, – дейди Аллоёр Султонбоев.
Меҳнат муҳожирларига кўмак кўрсатиш маркази юристи Алтинбек Бейсеннинг “Жараён”га айтишича, Остона шаҳрида меҳнат муҳожирларига иш ҳақини бермаслик ҳолатлари тез-тез учраб туради.
Муҳожирларнинг ноқонуний ишлаши иш берувчини масъулиятсиз қилиб қўяди.
“Бундай пайтларда, иш берувчи билан музокара олиб боришга ҳаракат қиламиз. Унга агар масалани ижобий ҳал қилмаса, хориж фуқароларини ноқонуний ишлатганлиги учун прокуратурага ариза беришимизни айтамиз. Кўп ҳолларда прокуратурага иши тушишини истамаган фирмалар меҳнат муҳожирларининг ҳаққини беришга қарор қилади”, – дейди Алтинбек Бейсен.
Алтинбек Бейсеннинг ташкилоти яқинда яна бир меҳнат муҳожирининг пулларини олиб беришда ёрдам берган.
Наманганлик ҳайдовчи бир йилдан бери ололмай юрган пулларини олиб уйига кетган.
Ангренлик Аллоёр оға меҳнат ҳақини беришларини кутаяпти. Унинг айтишича, машина уриб кетганидан кейин оёғида оғриқ кучайган. Ҳозирда ўзбекистонлик меҳнат муҳожири қон босими ошиб, ижарадаги уйдан ташқарига чиқолмай ўтирибди.
Fikr bildirish