Қочқинни ҳимоя қилиш ва экстрадиция қилмасликни талаб қиламиз!
2012 йилнинг 7 апрель ойидан буён Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида ҳибсда сақланаётган Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 1974 йил 4 апрелида туғилган Турсунов Хайрулло Турдиевич, Жиноий ишлар бўйича Ақтўбе вилоят судининг 18 январь куни чиқарган қарорига мувофиқ, яқин кунларда Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши керак.
“Ўтюраклар клуби” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Хайрулло Турсунов ишини диққат билан кузатиб борди, ўрганди ва унинг ҳимоясини ташкил этишда кўмак кўрсатди. Ташкилот унинг иши бутунлай сохталаштирилган, Қозоғистон республикаси Процессуал кодекси қўпол равишда бузилган ҳолда олиб борилган, деб ҳисоблайди. Бу эса Қозоғистоннинг халқаро мажбуриятларига зиддир.
1999 йил 16 февраль куни Тошкентда содир бўлган портлашлардан сўнг Турсунов яшаган Нуқробод қишлоғидаги барча диндор йигитларни Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари олиб кетишган. Уларни сўроқ қилишган, қачондан бери намоз ўқишларини сўрашган. Диндор йигитлрани сўроқ қилиш 2004 йилгача давом этган. 2004 йилнинг 7 апрель куни Турсуновни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ҳибсга олишган. Улар Хайруллони аёвсиз калтаклашган ва дўппослаш чоғида ундан яшириқча диний таълим олган-олмаганини сўрашган.
Бироқ бир ойдан сўнг билдирилган айбловда Турсунов ўзи умуман танимаган қозоғистонлик Қозоқбоев деган шахс ва қўшни мамлакатда яшайдиган бошқа бир қанча кишилар билан жиноий тил бириктиргани ҳамда унинг “Ал-Қоида” билан алоқадорлиги келтирилган. Ваҳоланки, тергов жараёнида булар ҳақида бирор гап айтилмаган.
2004 йил сентябрь ойида Қашқадарё вилоят судида бўлиб ўтган маҳкама чоғида Турсуновга нисбатан у танимаган 18 нафар киши билан жиноий тил бириктирганлик, диний экстремизм, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаганлик ва тарқатганлик каби айбловлар билдирилган. Ўшанда суд уни 12 йилга озодликдан маҳрум қилганди.
2005 йилнинг 2 февраль куни Турсунов амнистия бўйича озодликка чиқади. Бунга эса Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистон муфтийсининг ўринбосари Абдулазиз Мансурнинг Қарши шаҳридаги марказий қамоқхонага ташриф буюриб, маҳбуслар билан суҳбат ўтказгани сабаб бўлади. Шундан сўнг 2005 йилнинг февраль ойида айбловлар ўз исботини топмагани сабабли Турсунов ва яна уч киши озодликка чиқади. Агар Ўзбекистон расмийлари диний-сиёсий мулоҳаза ва ҳатти-ҳаракат учун “динчилар” дея ҳисоблайдиган маҳбусларни ҳеч қачон авф қилмаганини ҳисобга олсак, қисқа муддатда амнистия орқали озодликка чиққан тўрт нафар киши чиндан ҳам айбсиз бўлган, дея ишонч билан айтиш мумкин.
Турсунов озодликка чиққач, унинг уйига ҳар куни келиб турган участка нозири жиддий оҳангда Хайруллонинг экстремист ва ваҳҳобий эканини таъкидлаб, унга мунтазам равишда таҳдид қилиб келган. Кунларнинг бирида участка нозири бўлмиш милиция подполковниги Пардаев Турсуновдан милициянинг участка пункти ҳудудини тозалаб чиқишни сурбетлик билан талаб қилган. Турсунов эса эркин фуқаро эканини ва бошқа фойдали ишлар билан бандлигини айтиб, рад жавобини берган.
Бу ҳодисадан кейин Турсунов ҳуқуқ фаоли Тўлқин Қораевга мурожаат қилган ва улар биргаликда Миллий хавфсизлик хизматининг вилоят бўлимига участка нозири Пардаев устидан ариза ёзишган. МХХ ходими эса уларга хотиржам бўлишни айтиб, участка нозири билан ўзи гаплашиб қўйишга ваъда беради. Айнан шу арздан сўнг участка нозири Турсуновни ўз ҳолига қўяди.
2005 йилнинг март ойида Турсунов Бешкент шаҳри прокуратурасига чақиртирилиб, ундан участка нозири Пардаев устидан ёзган аризасини қайтиб олиш сўралади. Бироқ Турсунов бу ишни қилишдан бош тортади. Прокуратурага чақирувдан сўнг Пардаев уни ҳар ой милициянинг таянч пунктига чақиртириб, Турсуновни у айни пайтда нималар билан машғуллиги ҳақида тушунтириш хатлари ёзиб беришга мажбур қила бошлаган. Турсуновни ҳатто қайси масжидда намоз ўқишигача ёзиб беришга мажбур қилишган.
Буларнинг ҳаммаси 2009 йилнинг август ойигача давом этган. Ўшанда муқаддас Рамазон ойи пайтида Турсунов уйига қайтаётган пайтда унинг ёнига келган уч нафар нотаниш аёл йигитга хиралик қила бошлаган. Уни яқиндан кузатиб турган милиция ходимлари бирданига унга ташланиб, Турсуновни ҳибсга олишади ва ўша аёллар номусига текканликда айблашади. Орадан бир кун ўтгач, Турсуновни судлашади ва 10 кунга қамаб қўйишади.
Аммо бу муддат ичида Турсуновни Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари қийноқ қўллаган ҳолда сўроқ қилишади. Ундан баъзи диндорлар исмларини, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг фаоли Ғайбулла Жалиловнинг қаердалигини сўрашади. Турсунов бу одамларни танимаслигини айтса-да, махфий хизмат ходимлари 10 кун давомида уни муттасил дўппослашган ва 2 сентябрь куни қўйиб юборишган.
Уни ватанида тинч қўйишмаслигига кўзи етгач, Хайрулло Турсунов 2009 йилнинг 15 сентябрида Россияга чиқиб кетади. У Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази ходимаси Елена Рябинина билан учрашиб, унга бошдан кечирганларини айтиб беради. Ўз навбатида, Рябинина уни Олмаота шаҳрига, БМТ қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлигининг Қозоғистондаги ваколатхонасига йўллайди.
Турсуновнинг Олмаота шаҳрига кетишига унинг турмуш ўртоғи Нодира Бўриеванинг ўн ойлик чақалоғи ва яна икки нафар ёш боласи билан айнан мана шу шаҳарда қочқин сифатида яшаётгани ҳам сабаб бўлади. Турсунов Ўзбекистонни тарк этган чоғда Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Нодира Бўриевани сўроққа чақиртириб, унга руҳий босим ўтказиб, турмуш ўртоғи Турсунов қаерга кетганини айтиб беришини талаб қилишган.
2009 йилнинг ноябрь ойида Нодира Бўриева Олмаота шаҳрига келади ва БМТ Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлигининг Қозоғистондаги ваколатхонасига ариза топширади. 18 декабрь куни эса Хайрулло Турсуновнинг ўзи ҳам Олмаотага учиб келади.
Турсунов БМТ ва Қозоғистон ҳукуматидан унга қочқин мақомини беришни сўрайди. 2010 йил октябрида Қозоғистон республикаси Миграция департаменти унга рад жавобини беради, аммо Турсунов ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмагани боис, фойдасиз дея ўйлаб, судга мурожаат қилмайди. Гап шундаки, аввал бу борада судга мурожаат қилганларнинг ҳаммаси ўз илтимослари юзасидан рад жавобини олганлар.
2012 йилнинг 7 апрель куни Хайрулло Турсунов Қозоғистоннинг Яйсан шаҳрида қўлга олинади. Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Ўзбекистонга талабнома жўнатадилар. Ўзбекистондан эса мутлақо бемаъни жавоб келади: Ўзбекистон прокуратурасининг таъкидлашича, Х. Турсунов давлат чегарасини ноқонуний равишда кесиб ўтган ва Олмаотада яшаб турган пайтда у ерда диний-экстремистик гуруҳ тузган.
Бунда ҳуқуқий нисбатдаги бир савол туғилади: нима учун Турсуновнинг Олмаотада диний-экстремистик ташкилот тузгани тўғрисидаги айбловни Қозоғистон томони эмас, балки Ўзбекистон томони келтирмоқда? Улар буни қаердан билишлари мумкин ва нима учун бу ҳақда Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари сукут сақлашмоқда?
Ақтўбеда бўлиб ўтган суд фақат Турсуновни экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқди. 18 январь куни Ақтўбе вилоят суди Харулло Турсуновни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарди.
Қозоғистон қонунчилигига кўра, экстрадицион ҳибс муддати 3 ойни ташкил қилади. Х. Турсуновга нисбатан эса бу муддат ўн ойга, яъни уч маротабадан кўпроққа узайтирилган.
Х. Турсуновни қўлга олиш ва ҳибсда сақлаш чоғида Қозоғистон Жиноий-процессуал кодексининг жуда кўплаб моддалари ҳам бузилган.
Аммо энг асосийси, Қозоғистон айбланувчилар, судланувчилар ва маҳкумларни қийноққа солиш мунтазам ва ҳар жойда амалга оширилиши БМТнинг соҳа қўмиталари томонидан исботланган мамлакатларга одамларни экстрадиция қилмаслик тўғрисидаги ўз халқаро мажбуриятларини бузмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2011 йилнинг июнь ойида халқаро ҳуқуқ меъёрлари бузилиши ва кўплаб халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг эътирозларига қарамай, Қозоғистон ЕХҲТга раислик пайтида Олмаотадан бошпана излаган 29 нафар қочқинни Ўзбекистонга экстрадиция қилганди.
Кейинроқ БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси қочқинларни экстрадиция қилиш орқали Қозоғистон ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бузганини эътироф этди. БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистондан экстрадиция қилинган 29 нафар қочқинга товон пули тўлаш ва уларнинг ҳаммасини Ўзбекистондан қайтариб келишни талаб қилди. Аммо ҳозиргача буларнинг ҳеч бири амалга оширилгани йўқ.
Энди эса БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига аъзо бўлиб олган Қозоғистон Хайрулло Турсуновни қийноқлар ва шафқатсиз муносабат кутиб турган Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарди. Бу қарори билан Қозоғистон яна бир бор ўзининг халқаро мажбуриятларини қўпол равишда бузаяпти. Чунки Х. Турсуновнинг иши Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам бутунлай сохталаштирилгани кўриниб турибди.
Турсунов эътироф этишича, Ўзбекистон давлат хавфсизлиги ходимлари киши тасаввурига сиғмайдиган жисмоний қийноқ турларини қўллайдилар ва биз, ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари, буни тасдиқлаймиз.
Масалан, улар исталган иқрорномани қўлга киритиш учун хотинни эрининг кўзи олдида зўрлашади. Қочқинлар Ўзбекистон махфий хизматлари ишловчи ваҳшийлар аёлларнинг жинсий аъзоларига шампан бутилкаси ва бошқа жисмларни тиқаётганларига гувоҳ бўлганлар.
Ўзбекистонга экстрадиция қилинган қочқинлар қийноқларга дучор қилинаётганларига қарамай, улар бу ҳақда айтишдан қўрқишади, чунки бундай арзлардан сўнг уларни янада аёвсизроқ қийноқлар кутиши мумкин.
“Ўтюраклар клуби” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Қозоғистон ҳукуматини Хайрулло Турсуновнинг Ўзбекистонга экстрадициясига йўл қўймасликка чақиради.
Шу важдан биз БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасидан Хайрулло Турсуновга нисбатан индивидуал шикоят аризасини зудлик билан қайдга олишни, уни адолатсиз суд, қийноқлар ва шафқатсиз муносабат кутиб турган Ўзбекистонга экстрадициясини бекор қилиш бўйича тезкор чоралар кўришни сўраймиз.
БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг фақат мана шундай позициясигина Қозоғистон ҳукуматининг ўзбекистонлик қочқин Хайрулло Турсуновга нисбатан ғайриинсоний, ноқонуний ёндошувига чек қўйиши мумкин.
Мўътабар Тожибоева,
“Ўтюраклар клуби” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари
Fikr bildirish