Жаҳонгир Муҳаммад: Тойиба

Танишув

Иқтисод фанлари кандидати Тойиба Тўлагановани илк марта 1990 йилнинг 24 март куни кўрдим. Биз сессия оралиғида тузилажак комиссиялар масаласини муҳокама қилаётган эдик.

Эшик тақиллаб, бир жувон кириб келди ва майин овозда:

– Менинг номим Тойиба Тўлаганова, мени ҳуқуқ комиссиясига ёзишган экан, сизларга ўтсам бўладими?, -деди.

Ошкоралик комиссиясига раҳбар бўлган Эркин Воҳидов:

– Бу масалани Ислом ака билан маслаҳат қилишимиз керак. Ўзимизча қарор беролмаймиз, – деб жавоб қилди.

Бироз баҳс бўлди. У пайтда кимдандир сўраш керак, деган гапларга қулоқ соладиган замон эмас эди. Тойибани мажлисимизга даъват этдик ва ўша куни сессияда у Қонунчилик комиссияси таркибидан чиқиб, бизга қўшилди. Ҳатто комиссиямизнинг котиблигига сайланди.

Кўп ўтмай комиссиялар “қўмиталар” деб атала бошланди ва раҳбарлари Олий Кенгашда доимий ишлайдиган бўлдилар.

Ислом Каримов ҳам, бошқалар ҳам Тойибанинг жасоратини биринчи сессиядаёқ ҳис этдилар. Кимнингдир бутун вужуди зириллади, кимлардадир умид уйғонди.

Тойиба сўзга чиқса, ўзининг “Бирлик” халқ ҳаракати томонидан қўллаб-қувватлаганига урғу берарди. У илк бор сўзга чиққанда ҳам “Бирлик”дан сўз бошлаб, номзоди президентлика қўйилган Ислом Каримов ҳақида тўхталди.

У Ўзбекистоннинг бугунги шароитида президентлик бошқаруви яккаҳокимликка олиб келишини ва демократия истаб диктатурага йўлиқишимизни, коммунистик партия тарбиясини олган раҳбарлардан чиқадиган президентнинг “таши” бошқа бўлгани билан ичи айни тарзда қолишини айтди.

Бу билан чекланмасдан чиқиш йўлини ҳам кўрсатди. У мамлакатда демократия ўрнатилиши учун парламент бошқаруви заруратидан сўз этди.

Каримовнинг жаҳли шунчалик чиққан эдики, у қаерда эканлигини ҳам унутиб қўйди:

– Бундай фикр аёл кишидан чиқмайди, аёлларнинг ақли калта бўлади, бу таклифнинг ортида қандайдир кучлар бор, – деган Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби, КПСС Марказий Комитети Сиёсий Бюросининг аъзоси Ислом Каримов Тойиба Тўлагановани очиқчасига камситди.

Танаффусда эса маҳаллий мухбирларга суҳбат берар экан, “Аёллар товуқ мия бўлади” дейишгача бориб етди.

Биринчи сессия Каримовни таниш сари қўйилган илк қадам бўлганидек, Тойибани ҳам танишга йўл очди.

Камситиш

Номард эркак аёлни камситади. Кейинчалик ҳам Каримов Тойибани кўп камситди. Уни ҳимоя қилишнинг йўлларини эса бекитиб борди. Масалан, бир сессияда Каримов Академик Аҳмадали Асқаровга қараб гапирар экан, Тойиба Тўлаганова ҳақида (Каримовнинг кимлигини тушуниш учун унинг гапини ўқувчидан узр сўраган ҳолда аниқ келтираман – ЖМ) гапириб:

– Аёлларники иссиқ бўладида, ўша ёққа талпинасиз, – деди.

Тойиба йиғлаб, сессияни ташлаб чиқиб кетди. Дунёни сукунат қоплади. Ўшанда қон босими нима эканлигини илк бор ҳис қилганман. Ўрнимдан туриб, микрофон томон юрар эканман, Эркин ака костюмимнинг енгидан тортиб:

– Унутманг, биз бир хонада ишлаймиз, бундан нотўғри хулоса чиқаришлари мумкин, – дея гапиришга қўймади.

Тойиба ўша кезлари биринчи турмуш ўртоғидан айрилган ва бошқасига турмушга чиқмоқчи эди. Сабабларини Эркин ака биларди, баъзан гапириб ҳам қоларди. Лекин бировнинг шахсий ҳаёти билан қизиқмасдим. Фақат бир марта хонага келсам, Эркин ака шошиб чиқиб кетди, Тойиба эса йиғлаб ўтирган экан. Нима гаплигини сўрасам:

– Эркаклар одам эмас, Эркин ака ҳам.., – деди.

Шундан кейин “эркакларнинг ҳам одам эканлигини” исботлаш учунмикан, Тойибага гапиришда ҳар доим бўлганидек, ҳурмат, иззатини сақлаганман.

Эркин ака, Тойиба ва мен битта хонада ишлардик. Хонанинг бир томонида Эркин аканинг столи. Иккинчи томонида менинг столим. Ўртада эса меҳмонлар учун қўйилган узун стол. Тойиба ана шу узун столнинг бир четида  ўтирарди.

Эркин ака Олий Кенгаш раиси Мирзаолим Иброҳимовга иш шароити ҳақида гапирса, у “Ислом аканинг олдидан ўтишимиз керак” дебди. Эркин ака жуда эҳтиёткор одам эди. Бу масалани қайтиб кўтармади.

Жойи келиб қолганда Каримовга иш шароити ҳақида гапирдим.

– Биринчи сессияда ўзингиз имтиёзларни бекор қилиш керак, деган эдингиз, энди имтиёз излаяпсизларми?, – деди Каримов киноя билан.

– Имтиёз эмас, оддий меҳнат шароити излаяпмиз. Тойибага ҳеч бўлмаса битта стол қўйиб беришни ҳам президентдан сўраш керакми?, – дедим.

У кимдан нима сўраш кераклиги ҳақида анча гапириб:

– Тойибани кўп ҳам қўмитага яқин йўлатманглар. Ундан ташқари, жой бўлмаса нима қилиш керак? Қандай таклифингиз бор, президентнинг хонасини бўшатиб берайми? Ёки вице-президентнинг хонаси бўш ётибди, шу ерга келиб ишлай қолсин, – деб  Тойибанинг номини эшитганда вужуди зирқирашини росманасига ошкор қилди.

Ҳа, Каримов биринчи сессиядаёқнинг бўлажак президентнинг кимлигини “расшифровка” қилган Тойибанинг номини эшитиб жаҳлга минганди:

– Эркин акангизни хотини шикоят қилиб юрибди, уйига бормай қўйган эмиш, сиз ҳам шу аёлни деб…

Авзойим бузилганини кўрдими ёки ўзи ҳаддидан ошаётганини сездими, Каримов давомини гапирмади. Аммо кейинчлик унинг эркакларни аёллар билан гаплашганларини ҳужжатлаштириб, тилларини қисиқ қилиб қўядиган одати борлигини кўп эшитдим. У жуда кўп раҳбарларни шу йўл билан тузоққа илдирганини эшитганимда ҳеч ажабланмадим.

Каримов Тойибани ҳам ёмонотлиқ қилишга анча уринди. Ҳатто, Қаҳрамон Сотиболдиев деган прокурорга  махсус топшириқ ҳам бергани ва унинг антиқа таклифлар билан борганини Тойиба бир мажлисда очиқ айтиб, йиғлаганди. Каримовнинг бундай ифлос ўйинлари Тойибани йиғлатди, аммо синдира олмади.

Каримов шундан кейин очиқ ҳужумга ўтди.

Ошкоралик қўмитаси фаолияти тафтиш қилинди. Бир куни сессияларда “бақир-чақир” қиладиган камина ва Тойибани муҳокама этишди. Биз Ислом Каримовни ҳурмат қилмас эканмиз. Бутун  масала мана шу.

Мажлисда Компартиянинг идеология бўйича котиби Жаҳонгир Ҳамидов тинмай шу ҳақда сўз юритди. Ўзбеккомсомолнинг “отаси” Азиз Носиров, Тошлоқ туман прокурори, шу мажлисдан кейин кўп ўтмай Тошлоқ туман ҳокими бўлган Қаҳрамон Сотиболдиев ҳам бунга алоҳида урғу беришди.

Охирида “Қўмита раисининг ўринбосари ва қўмита котибини бўшатиш керак”, деган масала овозга қўйилди. Мен битта овоз кўп олганим учун қолдим.Чунки Эркин ака қарши овоз беришга ўзида куч тополмади. Навбат Тойибага келганда ҳам қўмита иккига бўлинди. Олий Кенгаш раисининг биринчи ўринбосари Бугров Эркин акага:

– Агар буларни бўшатмасак, қўмитани ёпамиз, – деди. – Топшириқ шунақа!

Бунга Тойиба дарҳол жавоб қилди:

– Топшириқ қаердан? Яна ўша коммунистик идораданми? Ўлган ўликдан қандай қилиб садо чиқди экан?

Эркин ака шартта ўрнидан турди-да русчалаб:

– Биз учун муқаддас бўлган идорани ҳақорат қилишга ҳеч кимннинг ҳаққи йўқ, -деди. Кейин ўзбекчалаб:

– Мен Тойибахоннинг бундай ҳақоратини қабул қила олмайман ва унга қарши овоз бераман, – деб “ҳукм” ўқиди.

 

Муҳокама

Қўмита котибалигидан бўшатилгани билан қўмита аъзолигидан чиқариш сессия ваколатига кирарди. Шунинг учун сессияга қадар Тойиба ишга келаверди.

Бир куни у:

– Бугун мени маҳаллада муҳокама қилишар экан. Эркин ака сиз раисимиз ва Жаҳонгир ака, сиз раис ўринбосари сифатида бориб, бир нарса демайсизларми? -деди.

– Борамиз, – дедик.

Кечга бориб, Эркин акани тополмай қолдим. Ҳар доимгидек, қандайдир “шошилинч иши” чиқиб қолган эмиш. Олий Кенгашда ишлаётган депутатлардан бир-икки нафарини олиб, Тойибанинг маҳалласига бордик. Мажлис мактабнинг залида экан. Асосан чол-кампирлар чақирилган ва ҳаммаси хафақон. Телевидениеда чиқиб юрганим учун баъзилари таниди ва салом-алик қилган бўлдик.

Мажлисни туман раҳбарларидан бири очди ва кекса одамга сўз берди. У Тойибани Президентга қарши чиқиш учун сайламаганлари, балки ўзларининг муаммоларини ҳал қилиб бериш учун сайлаганларини айтди. Қолганлар ҳам айни гапни такрорлаб, сўзни “бунақа депутат керак эмас”, деганга олиб келишди.

Сўз сўрадим. Қабристон ҳақида бир ривоятни айтиб бердим:

– Қадимда бир шоҳ яшаган экан. У қабристонга боришни ёмон кўрар экан. Яқинлари ўлганда ҳам бормас экан. Бир кун ундан бунинг сабаби сўрашганда у:

– Мен умр бўйи ёлғон гапирдим ва ёлғон эшитдим. Отам қабристонга ёлғон билан кириб бўлмайди, кирсанг қабр азобига дучор бўласан, дердилар, – дебди…

Чол-кампирлар бу ривоятдан сергак тортиб қолдилар. Кейин мен гапни соддалаштириб׃

– Яқинда маошлар оширилди. Унга президент қўл қўйди. Орқасидан нархлар ҳам ошди. Унга президент ўзи қўл қўймай, Бош вазирга қўл қўйдирди. Ўшанда Тойиба: “Бунақа ўйинлар қилиб юрмасдан маошларни бозор нархига боғлаб қўяйлик, айниқса, пенсионерларнинг маоши шундай қилиниши керак, бозор нархи кўтарилса, маош ҳам кўтарилсин” деб айтгани учун президентдан дашном эшитди. Кейин Тойиба׃ “Ҳукуматнинг бюджети шаффоф бўлсин, пул қаерга кетмоқда? Нега йўлларни таъмирлашга, мана бу мактабларни таъмирлашга пул йўқ”, деб сўраганди яна президент унга дашном берди. Сўнг Тойиба׃ “Милиция, суд қачон адолатли идора бўлади? Одамларнинг умри шу идораларнинг эшигида ўтиб кетмоқда”, деганди, Президент׃ “Сиз депутатсиз, бизнинг ижро ҳукумати назоратидаги бундай ишларга аралашманг”,- деб унга дакки берди. Яна бир кун Тойиба озиқ-овқат талонлари ҳақида гапирди:
“Халқни озиқ-овқат талонларига боғлаб қўйдингиз. Лекин одамларнинг қўлида талон бор, магазинда эса ёғ йўқ, пахтани ўзимиз экамиз, ёғи қаерга кетмоқда?”, деб сўраганди, президентга ёқмади. Бошқа бир кун Тойиба президентдан׃ “Сиз ҳам бир кун автобусда юриб кўринг, бир марта қассобдан гўшт сотиб олинг, қишнинг совуғида оддий одамлар яшаётган домга кириб кўринг”, деганди Президент уни ҳақорат қилди. Кейин мана бу- менинг ёнимда ўтирган раҳбарларни сизларнинг уйингизга юбориб, Тойибани муҳокама қилиш керак, деб буюрди. Бор гап шу, дедим.

Залда ғала-ғавур бошланди.

“Нега ҳақорат қилади?”

“Бизнинг депутатимиз бизнинг дардимизни айтибди, раҳмат унга!”

“Тўғри гап, президентни ўзи мана бу ерга келиб, жавоб берсин!..”

Туман раҳбарлари шошиб қолишди ва мажлис депутатнинг сайловчилар билан учрашуви деб эълон қилиниб, Тойибанинг фаолиятини қониқарли, деб баҳолаш билан тугади.

Икки кундан кейин Каримовнинг топшириғи билан Олий Кенгаш раиси қонунларга хилоф равишда Ошкоралик қўмитасини ёпиб қўйди…

Бу орада Тойибанинг ТошДУдаги ишини ҳам олиб қўйишди. У Ислом Каримов қабулига кирибди. Гаплашганимизда:

– ТошДУдаги ишимни сўрадим,-деди.-Агар сиёсатга аралашмай юрсам ишлашим мумкин экан.

– Аралашсангиз нима бўлар экан, – деб сўрадим ундан.

-Сизга, Самандар Қўқоновга, Мурод Жўраевга “қамоқда чиритаман” деганларини эслатдилар…

– Сизга ҳам “қаматаман” деб пўписа қилибди-да.

– Йўқ, “Чумчуқдек жонингиз бор, нима қиласиз сиёсат билан шуғулланиб, эрингиз, болаларингиз билан шуғулланинг” деди. Шунинг учун энди сиёсатни ташлaмоқчиман.

У жилмайиб қўйди. Бу жилмайиш ортида “Жуда кўп гаплар бўлди, лекин айтолмайман” деган каби бир маъно бор эди. Шу билан уни қайта кўрмадим. Ўзим ҳам қора булутлар остида қолгандим.

Хорижда эканлигимда Тойибанинг сирли равишда оламдан ўтганини эшитдим. Хаёлимга илк келган фикр “Сиёсатни ташламабдида” деган фикр бўлди…

 Жаҳонгир Муҳаммад.

Суратда: 1990 йил, Ўзбекистон Халқ депутатлари Воҳид Аъзамов, Тойиба Тўлаганова ва Жаҳонгир Муҳаммад. (Сурат Ж. Муҳаммаднинг шахсий архивидан)

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.