Сочилик ҳуқуқбонлар меҳнат муҳожирлари учун эслатма чоп қилди
“Мемориал” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маркази “Миграция ва ҳуқуқ” тармоғининг Сочи қабулхонаси “Россияга визасиз ишлаш учун келган хорижий фуқароларга эслатма” брошюрасини чиқарди ва 2013 йилнинг 12 февралидан уни тарқата бошлади.
Сўнгги йилларда ўтказилиши режалаштирилган йирик халқаро тадбирлар билан боғлиқ объектлар қурилишида ишлаш учун чет эллик фуқаролар Сочи шаҳрига кўп келаяпти. Биргина “Сочи-2014” дастури бўйича олимпиада объектлари қурилиш ишларига камида 20 минг хорижлик фуқаро жалб қилинган. Улардан қарийб 80 фоизини Марказий Осиё мамлакатларидан келганлар ташкил қилади.
Ҳюман Райтс Вотчнинг 6 февраль куни чоп қилинган “Олимпия аксилрекордлари” ҳисоботига кўра (http://www.hrw.org/sites/default/files/reports/russia0213ruwebwcover.pdf), Марказий Осиёдан келган ишчилар энг заиф қатлам ҳисобланади, шунинг учун Сочи шаҳрида уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари МДҲнинг бошқа мамлакатларидан келган ишчиларнинг ҳуқуқларига кўра кўпроқ бузилади. Улар меҳнат шартномаларини расмийлаштиришда қонунбузарликларга тез-тез дуч келиб турадилар.
Хорижлик фуқароларни уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, иш берувчилар ва полициячиларнинг мажбуриятларидан хабардор қилиш мақсадида брошюрада меҳнат шартномасини легаллаштириш, расмийлаштириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан муомала қилиш ҳамда Сочи шаҳрининг чегара режими ўрнатилган мавзеларида яшаш ва ишлаш қонун-қоидалари қисқа ва лўнда келтириб ўтилган.
Брошюра 4000 нусхада чоп этилган. Брошюрадан русча матндан ташқари, бу матннинг ўзбек, тожик ва қирғиз тилларига қилинган таржимаси ҳам жой олган.
Яқин орада шаҳардаги кўплаб иш берувчилар, давлат идоралари ва жамоатчилик бирлашмалари Сочи шаҳрига ишлаш учун келаётган чет элликлар орасида тарқатиш учун мазкур брошюра нусхаларини оладилар.
Fikr bildirish