Алматида декрет пулларининг қисқаришига қарши пикет бўлиб ўтди

“Туғишни хоҳлайман, лекин ҳукумат қўймаяпти”, “Бутун Қозоғистон оналарига муносиб декрет пули” каби шиорларни кўтариб ва футболкасига ёзиб олган бир гуруҳ аёллар Алмати шаҳрида намойишга чиқишди.

Шаҳардаги меҳнат ва ижтимоий ҳимоя департаменти олдида пикет қилган аёллар декрет пулларининг қисқаришига ўз муносабатини шу тарзда билдиришди. Йиғилганлар меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Серик Абденовга болалар ўйинчоғи ва “Ҳомиладорликка қарши 2013 йилдаги энг зўр восита” дипломини почта орқали юборишди.

“Асосий талабимиз – Қозоғистондаги ҳамма аёлларга муносиб декрет пули берилиши. Биз бу ерга фақат яхшигина маош олувчи аёлларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиб чиққанимиз йўқ.

Биз декретга чиқиб, тийинни ҳисоблаб кун кечиришга мажбур аёллар учун ҳам чиқдик.

Булар ўқитувчи ва ҳар қандай бюджет ташкилотларида ишловчи аёллардир. Бу аёлларнинг “Қазақтелеком” раиси ёки Миллий компания раислариники каби катта даромадлари йўқ”, – дейди акция иштирокчиларидан бири Александра Алехова.

Аёлларнинг норозилигига 2013 йил 17 февралидан кучга кирган “Ижтимоий таъминлаш масалалари бўйича Қозоғистон Республикасининг айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун сабаб бўлган.

Қонун Қозоғистонда энг кам иш ҳақининг 10 баробаридан кўп ойлик олувчи аёлларнинг декрет пулларини қисқартиришни кўзда тутади.

Ўзгартиришлар ойига 186 минг тангадан (1240 доллар) кўп маош олувчи ҳомиладор аёллар ва декрет таътилидан олдин 12 ойдан камроқ ишлаган аёлларга тааллуқли.

Энди аёллар декрет таътилидан олдин қанчалик кўп даромад кўришидан қатъий назар, ҳомидорлик ва туққандан кейинги вақтдаги оладиган пуллари 186 минг тангага нисбатан ўлчаб чиқарилади.

Қозоғистон расмийларига кўра, мамлакатда 1250 доллардан кўпроқ маош олувчи аёллар атиги 1,2 фоизни ташкил қилади.

Ҳукумат ушбу ўзгартиришлар ижтимоий тенгликни таъминлаш ва декрет таътилига чиқишдан олдин йўл қўйилаётган фирибгарликнинг олдини олиш учун чиқарилганини таъкидлайди.

Қозоғистон президенти қошидаги Марказий коммуникация хизмати сайтида саволларга жавоб берган Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Серик Абденов ўзгартиришларни қуйидагича изоҳлаган.

“Амалдаги тартибни ўзгартиришга асосий сабаблардан бири ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ижтимоий тўловларни олиш жараёнида фирибгарлик фактлари сабаб бўлди. Фирибгарлар давлат ижтимоий суғурта жамғармасига “фиктив даромадлар” орқали ижтимоий тўловларни тўлаб келган”.

Расмийларга кўра, ўзининг ҳомиладорлигини билган аёл раҳбар билан келишган ҳолда маошини қоғозда уч баробар кўп қилиб кўрсатишга ҳаракат қилган ва натижада одатдагидан кўпроқ декрет пули олган.

Аммо, мазкур қонунга қарши кишиларнинг айтишича, ҳукумат уларни ўзлари ҳалол ишлаб топган пулдан мосуво қилмоқда.

Норозилар Фэйсбук ижтимоий тармоғида “Декрет пулини қисқартиришга қаршилар” гуруҳини ташкил қилишди ва шу пайтгача унга 6000 чоғли хайрихоҳ қўшилди.

Гуруҳ иштирокчилари масалага мамлакат президенти Нурсултон Назаробоевнинг эътиборини тортиш учун унга очиқ хат ёзишган ва ҳозир имзо йиғиш жараёни давом этмоқда. Мактубда ушбу қонунни бекор қилиш сўралган.

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.